1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Тавба ва истиғфор (1-қисм)

10:56 / 15.03.2018 4933 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло гуноҳкор бандаларининг тавбасини қабул қилиши У Зотнинг уларга раҳматидандир. Ваҳоланки, бирор кишига нисбатан хато қилиб қўйсак, ўша одам биздан ҳеч бир узр қабул қилмайди.

Кўп одамлар «Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир» деган жумланинг маъносини нотўғри талқин қилиб олиб, У Зотнинг мағфиратидан умид қилади, аммо маъсиятда бардавом бўлаверади. Бунинг тўғри маъноси шуки, Аллоҳ таоло истиғфор айтиб, тавба қилганлар, хатоларини ислоҳ қилганлар учун мағфиратли, раҳмли Зотдир.

Гуноҳлар икки хил бўлади: сағира – кичик гуноҳлар ва кабира – катта гуноҳлар.

Кичик гуноҳлар истиғфор айтиш, катта гуноҳлардан четланиш, таҳорат, намоз, масжидлар сари қадам ташлаш, ҳаж, умра, Рамазон рўзасини тутиш, таровеҳ намозини ўқиш, Қуръон қироати каби солиҳ амаллар билан мағфират қилинади. Бу ҳақда оят ва ҳадисларда шундай дейилган:

«Агар қайтарилган нарсаларнинг катталаридан (гуноҳи кабиралардан) четда бўлсангиз, ёмонликларингизни ўчирурмиз ва сизларни карамли манзилга киритурмиз» (Нисо сураси, 31-оят).

«Куннинг икки тарафидаги ва кечанинг бир қисмидаги намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса эсловчиларга эслатмадир» (Ҳуд сураси, 114-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёмонлик ортидан яхшилик қил. Бу уни ўчиради», деганлар (Термизий ривоят қилган).

Кўп ҳадисларда «Ким фалон ишни қилса, мағфират қилинади» дейилган бўлиб, уларда солиҳ амаллар кичик гуноҳларни ўчириб юбориши айтилган.

Гуноҳи кабираларга келсак, солиҳ амаллар қилиш билан бирга насуҳ тавба – ҳақиқий, рост, чин дилдан тавба қилиш орқали кечирилади. Насуҳ тавбанинг учта шарти бор: 

1. Қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиш, надомат чекиш.

2. Аллоҳдан қўрққанидан гуноҳдан тийилиш.

3. Ўша гуноҳга қайтмасликка чинакам азму қарор қилиш.

Агар тавба қилинаётган гуноҳ-маъсиятлар бандаларнинг ҳақ-ҳуқуқига тегишли бўлса, у ҳолда насуҳ тавбанинг шартларига тўртинчи шарт ҳам қўшилади: 

4. Уларнинг ҳақларини адо қилиш. Масалан, молни эгасига қайтариш ёки ҳаққини кечиб юборишини сўраш. Бирор кишига нисбатан хатога йўл қўйган бўлса, ундан узр сўраш, ёмонлаган бўлса, уни одамлар ораси мақташ, ёмонлик қилган бўлса, яхшилик қилиш ва ҳоказо.

Агар тавбадан кейин гуноҳ яна такрорлангудек бўлса, тавбани ҳам янгилаш керак, чунки гуноҳ қанчалар такрорланмасин, шундан кейин қилинган тавбани Аллоҳ таоло қабул қилади. Бу хусусда «Аллоҳни ғазаблантирдинг, энди сени ҳеч қачон кечирмайди» деган шайтон васвасасидан ҳазир бўлиш керак. Айниқса бир гуноҳдан тавба қилиб, кейин яна ўша гуноҳни қилиб қўйган одам бундай васвасадан эҳтиёт бўлсин, чунки шайтон Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилиб қўйиши турган гап.

Аллоҳим, барчамизни мағфират қил, гуноҳларимизни кечир!

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг амрини ақл ишлатиб тушунадиган оқил ҳақида сўрадинг.Албатта, ақл1 мўминга унинг қалбида тоатларни зийнатлаш ва маъсиятларнинг қабоҳатини кўриш учун давоми...

3554 17:21 / 25.09.2017
Бу дунёда ажойиботлар кўп, лекин кўз кўриши мумкин бўлган энг ажойиб ва ҳайратланарли нарса одамлар орасида ўзларини Аллоҳнинг қўл остида ҳаёт кечираётганларига, давоми...

3741 18:47 / 27.02.2018
У Зотдан талаб қилишинг Унга туҳмат қилишингдир. Уни талаб қилишинг сени Ундан ғойиблигингдир. Ундан ўзгани талаб қилишинг Ундан ҳаё қилишинг озлигидир. Ундан давоми...

3616 15:42 / 29.09.2017
Сатр икки қисмдир маъсиятдан сатр қилиш вамаъсиятни сатр қилиш. Авомлар мартабалари махлуқотнинг назаридан тушишидан қўрқиб Аллоҳдан маъсиятни сатр қилишини давоми...

3189 17:29 / 15.04.2018