1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Анфол, 25-38

05:00 / 23.01.2017 3227 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

25. Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир.


Ушбу ояти каримадаги «фитна» сўзи бошқа оятлардаги каби синов ва бало маъноларини англатади. Қайси бир жамоада золимлар зулм қилганда бошқалар қараб турса, ҳамма–зулм қилганлар ҳам, қараб турганлар ҳам баробар балога гирифтор бўладилар. «Зулм» деганда бир шахснинг иккинчи шахсга тажовуз қилишигина англанмайди, балки бу сўзнинг маъно қамрови кенг бўлиб, ҳамма ноҳақликлар, гуноҳлар ичига киради. Хусусан, динни тарк этиш, Аллоҳнинг амрига юрмаслик катта зулм ҳисобланади. Қайси бир жамиятда ана шундоқ зулмлар содир этилса, ўша жамиятнинг барча аъзолари; зулм ишларни қилганларию, уларга бефарқ қараб турганлари биргаликда фитнага-оммавий бало-офатга гирифтор бўладилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзига иймон келтирган бандаларини бундан огоҳлантириб, ушбу хитобни қилмоқда:

«Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг».

Яна, эй зулм қилаётганлар ва уларга жим қараб турганлар:

«...билгинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир».

Албатта, зулмга қарши курашиш осон эмас. Лекин мусулмон одам, қийинчиликлар олдида тушкунликка тушмаслиги керак. Ихлос билан харакат қилса, Аллоҳнинг Ўзи ёрдам беради.


26. Сиз ер юзида оз сонли, заифҳол бўлиб, одамлар сизни тутиб олишидан қўрқиб юрган ҳолингизни эсланг. Бас, У зот сизга жой берди, Ўз нусрати ила қўллади ва сизларга пок нарсаларни ризқ қилиб берди. Шоядки шукр қилсангиз.

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларга жуда қийин пайтларида ҳам Ўзи ёрдам берганини эслатмоқда. Эй мўминлар,

«Сиз ер юзида оз сонли, заифҳол бўлиб, одамлар сизни тутиб олишидан қўрқиб юрган ҳолингизни эсланг».

Исломий даъватнинг бошланишида мусулмонлар оз сонли, заифҳол эдилар. Маккада қўрқиб бекиниб юрардилар. Мушриклар тутиб олса, азоб беришади, ўлдиришади, деб кечалари яширинча Қуръон ўқишар, яширинча ибодат қилишар эди. Уларда ҳеч қандай моддий куч-қудрат йўқ эди. Аммо Аллоҳга иймонлари мустақийм ва ихлослари кучли эди.

«Бас, У зот сизга жой берди, Ўз нусрати ила қўллади ва сизларга пок нарсаларни ризқ қилиб берди».

Яъни, Аллоҳ мусулмонларни Маккадан ҳижрат қилдириб, уларга Мадинадан жой берди. Оз сонли, кучсиз бўлсалар ҳам, Бадр урушида уларни Ўз нусрати ила қўллади–ғолиб қилди. Маккада оч-наҳор юрар эдилар, энди уларга пок нарсаларни ризқ қилиб берди.

«Шоядки шукр қилсангиз».

Шукр қилишнинг энг каттаси Аллоҳ ва Расулининг чақириғига жавоб беришдир.


27. Эй иймон келтирганлар, билиб туриб, Аллоҳга, Пайғамбарга ва омонатларингизга хиёнат қилманг.

Аллоҳга хиёнат–«Ла илаҳа илаллоҳ», деб иймонга келган шахснинг ана ўша «Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ» шиорига хилоф қилишидир. Аллоҳдан ўзганинг йўлига юриш, Аллоҳ фарз қилган амалларни тарк этиш, қайтарганларидан қайтмаслик ва бошқа гуноҳлар Аллоҳга хийнат қилиш бўлади.

Пайғамбарга хиёнат қилиш эса, «Муҳаммадун Расулуллоҳ»га хилоф қилишдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига юрмаслик, суннатларига амал қилмасликдир.

«...ва омонатларингизга хиёнат қилманг».

Яъни, кишилар орасида бўладиган муомалалардаги омонатларга. Муомалалар шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқача бўлиши мумкин. Уларнинг ҳаммасида ҳам бировга  бир нима ишониб топширилса, омонат бўлади. Уни ўз ўрнига қўя олмаслик хиёнат ҳисобланади. Омонатга хиёнат қилиш мўмин-мусулмонларга бегона хислатдир. Хиёнаткорлик мунофиқларнинг, иймонсиз ва динсиз кишиларнинг сифати. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Ибн Ҳиббон ал-Бустийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Омонати йўқ кишининг иймони йўқ, аҳди йўқ кишининг дини йўқ», деган ҳадисларини ривоят қилишган.

Омонатга хиёнат рўй берса, кўпроқ бола-чақа ва дунё ишларини баҳона қилиб кўрсатадилар. Аслида эса:


28. Ва билингки, молларингиз ва фарзандларингиз фитнадан ўзга нарса эмас ва, албатта, Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бордир.

Молу дунё ва фарзандлар омонатга хиёнат қилишга сабаб бўлиши учун эмас, синов учун берилади. Ҳар бир инсонда молу дунёга, фарзандга муҳаббат бор. Булар ҳам Аллоҳнинг неъматлари. Синаш учун берилган неъматлар. Қани, банда буларга шукр қиладими, йўқми? Уларни Аллоҳнинг розилигини қозониш учун ишлатадими ёки йўқми? Кимки молу дунё ва фарзандлар синовидан муваффақиятли ўтса, улар учун:

«...албатта, Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бор».


29. Эй иймон келтирганлар, агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон беради, сизнинг гуноҳларингизни ювиб, мағфират қилади. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.

Юқоридаги ишларни тўғри амалга ошириш учун тақво керак. Балки ўша таълимотларга амал қилишнинг ўзи тақводир.

«Эй иймон келтирганлар,агар Аллога тақво қилсангиз, сизга фурқон беради».

Яъни тақводор кишига Аллоҳ таоло ҳақдан ботилни, яхшидан ёмонни ажратадиган, фарқлайдиган ҳидоят ва нур бериб қўяди. «Фурқон» дегани ажратувчи-фарқловчи деганидир. Ана ўша ҳидоят ва нур ила тўғри йўлдан юриб борилади. Тақводорларнинг гуноҳлари ҳам ювилади, ҳам мағфират қилинади. Бу катта бахтдир. Аммо Аллоҳ таоло бу билан кифояланиб қолмайди. Тақводорларга яна бошқа мукофтлар беради.

«Аллоҳ улуғ фазл эгасидир».

Келаси оятда Аллоҳнинг мусулмонларга берган фазлини эслатиш учун уларнинг ўтмиши ёдга солинади:


30. Куфр келтирганлар сени ушлаш, ўлдириш ёки чиқариб юбориш учун макр қилганларини эсла. Улар макр қилдилар ва Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳ «макр» қилгувчиларнинг устасидир.

Уламоларимиз Аллоҳга «маккор» сифатини беришдан қайтарганлар. Шунинг учун ҳам Қуръон ёки ҳадисда Аллоҳ таолога нисбатан «макр» лафзи ишлатилса, уни бандаларга нисбатан қўлланилгани каби тушунмаслик керак. Кофирлар ўзларича макр қилишга уринадилар, аммо Аллоҳ таоло уларнинг макрини йўққа чиқаради, макрларининг жазосини беради.

Ушбу ояти каримадаги хитоб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилгандир:

«Куфр келтирганлар сени ушлаш, ўлдириш ёки чиқариб юбориш учун макр қилганларини эсла», деб ёдга солинаётган ҳодиса эса, Маккада бўлиб ўтгандир.

Бу ҳақда имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар: «Қурайш бир кеча Маккада машварат қилди. Кимдир эрталаб уни (Муҳаммадни) ушлаб, боғлаб қўйинглар, деди. Бошқалари эса, йўқ, уни ўлдириш керак дейишди. Баъзилари, Маккадан чиқариб юборинглар, деди.

Аллоҳ таоло Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга буни билдирди. Ҳазрати Али Расулуллоҳнинг тўшакларига кириб ётди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, Маккадан чиқиб ғоргача етиб олдилар. Мушриклар Али розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деб ўйлаб, кечаси билан пойлаб чиқдилар. Эрталаб ёпирилиб кириб, Алини кўрганларида, Аллоҳ уларнинг макрларини ўзларига қайтарди. Улар: «Оғайнинг қани»? деб  сўрадилар. Али: «Билмайман», деди. Улар Расулуллоҳнинг изларидан ахтариб кетдилар. Тоққа етганларида, адаштириб юбордилар. Тоғ тепасига чиқиб, ғор ёнидан ўтдилар. Ғорнинг оғзида ўргамчик уясини кўриб: «Агар у бу ерга кирганида, ўргимчак уяси бўлмас эди», деб ўтиб кетдилар. Ўша жойда (Расулуллоҳ) уч кун қолдилар».

Бундан ортиқ ҳимоя бўладими? Ана шундай қийин ҳолатларда сақлаган Аллоҳ таоло бундан кейин ҳам сақлайди.

Ўша кофирлар бошқа гуноҳларни ҳам қиладилар. Масалан:


31. Уларга оятларимиз тиловат қилинса: «Батаҳқиқ, эшитдик, агар ҳоҳласак, бунга ўхшашни ўзимиз ҳам айтамиз. Бу аввалгиларнинг афсонасидан ўзга нарса эмас», дейдилар.

Гарчи ушбу ояти кариманинг маъноси умумий бўлиб, ҳамма кофирларга тегишли саналса-да, аслида унинг нозил бўлишига Назр ибн Ҳорис исмли кофир сабабчи эди.

Машҳур тафсир олими Ҳофиз Имодиддин ибн Касир ўз тафсирларида Саъид ибн Жубайр, ибн Журайж ва бошқалардан қуйидаги ривоятни келтирадилар: «Назр ибн Ҳорис, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, форсларнинг юртига бориб, уларнинг подшоҳи Рустам ва Асфандиёр кабиларнинг афсоналарини ўрганган эди. Қайтиб келганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбар бўлиб, одамларга Қуръон ўқиб бераётганларини кўрди. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор мажлисдан туриб кетсалар, у кишининг ўринларига ўтириб, форсларнинг ҳикоясини гапириб берар эди. Сўнгра эса: «Аллоҳга қасамки, айтинглар-чи, қайси биримиз қиссани яхши айтдик? Менми ёки Муҳаммадми?» дер эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Бадр куни уни аср олишга имкон берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида унинг бошини танасидан жудо этишга амр қилдилар. Алҳамдулиллаҳ, шундай бўлди ҳам. Уни Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳу асирга олган эди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Назрни ўлдиришга амр қилганларида Миқдод розияллоҳу анҳу: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, бу менинг асирим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бу Аллоҳнинг китоби ҳақида оғзига келганини айтиб юрарди», дедилар. Яна ўлдиришга буюрдилар. Шунда Миқдод розияллоҳу анҳу яна: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, бу менинг асирим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Эй бор Худоё, Миқдодни Ўз фазлинг билан бой қилгин!» дея марҳамат этдилар. Миқдод:

«Шуни ҳоҳлаган эдим», деди.

Бас, Назр ибн Ҳорис ҳақида: «Уларга оятларимиз тиловат қилинса: «Батҳқиқ эшитдик, агар ҳоҳласак, бунга ўхшашни ўзимиз ҳам айтамиз. Бу аввалгиларнинг афсонасидан ўзга нарса эмас», дейдилар» ояти нозил бўлди. 

Маълумки, афсона асли йўқ, хом хаёл билан тўқилган, хурофий қиссадир. Унда ўлган кишиларнинг ҳаёти таги йўқ сифатлар ила васф қилинади. Одатда бундай афсоналар бекорчилик вақтида бир-бирига айтиб, вақт ўтказиш учун тўқилади. Унинг сафсата, гап ўйини эканлиги ҳаммага маълум. Бу тингловчилар учун мароқ, тасалли бўлса, сўзловчилар учун сўз ўйини, мусобақа бўлади. 

Кофирлар Қуръони Каримда келган аввалги умматларнинг қиссаларини, гўзал лавҳалар ва мўъжизаларини афсона деб баҳолайдилар. Бу ҳолат ҳозир ҳам давом этмоқда. Ҳатто баъзи бир ўзини мусулмон ҳиоблайдиган шахслар ҳам Қуръонга маданий мерос сифатида қарайдилар. Худойиларда тиловат қилиш ва яна шунга ўхшаш маросимларга боғлаб, унга амал қилишни эскилик сарқити, қолоқлик деб биладилар.

Кофирлар Қуръонни афсона дейиши билан кифояланиб қолмаганлар, балки ундан ҳам илгари кетганлар:


32. «Эй бор Худоё, агар мана шу сенинг ҳузурингдан келган ҳақ бўлса, устимизга осмондан тош ёғдиргин ёки бизга аламли азоб юборгин», деганларини эсла.

Имом Бухорий ривоят қилишларича, бу гапни Абу Жаҳл айтган экан. Баъзи ривоятларда ундан бошқа кофирлар ҳам худди шу гапни айтганликлари таъкидланади. Бундай дейиш Қуръони Каримни инкор қилишнинг энг мункар кўринишларидан биридир. Сўзнинг совуқлигини қаранг! Агар шу яъни, Қуръон ҳақ бўлса, устимиздан тош ёғдир ёки бошқа аламли азоб бер, эмиш. Ҳаққа нисбатан бундай гапни инсонлик табиатини буткул йўқотган одамгина айтиши мумкин. Хўш, уларнинг бу ноўрин талабларига Аллоҳ таоло қандай жавоб берди?

Аллоҳ таоло жавобни пағамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган хитоби орқали берди:


33. Модомики сен уларнинг ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламас. Модомики улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобламас.

Уларга Аллоҳ таоло ҳалок қилиб битирувчи азоб юбормаслигининг иккита сабаби бор экан. Биринчиси, Расули акрамнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам борликлари. Чунки у кишини Аллоҳ таоло барча одамларга раҳмат қилиб юборган. Ораларида шундай зот турган қавмни оммавий азобга дучор қилишни Аллоҳ ирода қилмаган.

Иккинчи сабаби эса, уларнинг истиғфор айтишлари. Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўрашларидир. Чунки истиғфор айтилса, яхшиликдан умид бор бўлади.

Кейинги оятда Аллоҳ таоло уларнинг бу дунёнинг ўзида азоблаши жуда ҳам осонлиги айтиб ўтилади:


34. Нега энди Аллоҳ уларни азобламас экан. Улар Масжидул Ҳаромдан тўсмоқдалар. Ҳолбуки, Унинг валийлари эмаслар. Унинг валийлари тақводорлардан ўзга ҳеч ким эмас. Лекин кўплари билмаслар.

Яъни, Аллоҳ уларни азобласа, ҳаққи бор, уларнинг қилмиши азобга лойиқ. Улар одамларни Масжидул Ҳаромдан тўсмоқдалар. Мусулмонларни унга яқинлаштирмаяптилар. Аслида, уларнинг бунга ҳаққи йўқ, улар Масжидул Ҳаромнинг валийлари-мутасаддилари эмаслар. Қандай қилиб Аллоҳнинг уйига кофир-мушриклар валий-мутасадди бўлар экан? Байтуллоҳга фақат бир тоифа одамларгина валий-мутасадди бўла оладилар. Улар тақводорлардир.

Лекин кўпчилик буни билмайди.

Мушриклар қандай қилиб Байтуллоҳга валий-мутасадди бўлсинлар? Улар улуғ мақомдаги ибодатни ҳам нотўғри қиладилар-ку?!


35. Уларнинг байт олдидаги намозлари ҳуштак ва қарсак чалишдан иборат эди, холос. Бас, куфр келтирганингиз туфайли азобни татиб кўринг.

Мушриклар Байтуллоҳнинг валий-мутасаддилари бўлса, ибодатлари хуштак ва чапак чалишдан иборат бўлармиди? Бу ишда на Байтуллоҳга ҳурмат-эҳтиром бор ва на Аллоҳга ибодат. Фақат овоз чиқариш, тўс-тўполон қилиш. Шунинг учун ҳам оятнинг сўнгида уларга хитобан:

«Бас куфр келтирганингиз туфайли азобни татиб кўринг», дейилмоқда.

Яъни, Бадр урушидаги азобни татиб туринг, қолганини қиёматда оласиз.

Юқоридаги оятда кофирларнинг жисмоний «ибодатлари» васф қилинди, келаси оятда молиявий «ибодатлари» васф этилади:


36. Албатта, куфр келтирганлар молларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун сарфларлар. Бас, уларни сарфларлар-у, сўнгра ўзларига ҳасрат бўладир, кейин мағлуб бўлурлар. Куфр келтирганлар жаҳаннамга тўпланурлар.

Ушбу сураи карима тафсири муқаддимасида келтирилган Бадр уруши ҳақидаги ривоятларда Макка мушрикларининг бойлари мусулмонларга, Пайғамбарга соллаллоҳу алайҳи васаллам қарши қанчалик молу мулк сарифлаганликларини кўриб ўтдик. 

«Албатта, куфр келтирганлар молларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун сарфларлар». 

Кофирлар одамларини Аллоҳнинг йўлидан қайтариш учун ундан кейин ҳам, ҳозир ҳам ҳисобсиз маблағларини сарфламоқдалар. Улар ўзларича, бу харажатларни эзгулик йўлида, савоб учун сарфлаяпмиз, деб ўйлайдилар. Улар хоҳлаганларича сарфлайверсинлар, лекин бир куни келиб, худди шу сарфлаган моллари ўзларига ҳасратнадомат бўлиб қайтади. 

«Бас, уларни сарфлайдилар-у, сўнгра ўзларига ҳасрат бўлади, кейин мағлуб бўлурлар». 

Бунга Бадр урушига харжланган моллар мисол бўла олади. Минг-минглаб сарф қилсалар ҳам, мақсадларига эриша олмай, мағлуб бўлдилар. Охиратда эса, жаҳаннамда тўпланадилар. Бу Аллоҳ таолонинг таъкид ила берган хабаридир:

«Куфр келтирганлар жаҳаннамга тўпланурлар».

Кейинги оятда уларни мағлуб этиш ва жаҳаннамда тўплашдан кўзланган мақсад баён қилинади:


37. Аллоҳ покдан нопокни айириши учун ва нопокнинг баъзиси устига баъзисини тахлаб, ҳаммасини жаҳаннамга ташлаши учун. Ана ўшалар зиён кўргувчилардир.

Яъни, Аллоҳ таоло покдан нопокни ажратиб олиш учун бу дунёда кофирларни мағлуб этади. Ким пок бўлса, Аллоҳнинг йўлида пок мол сарфлаган бўлса, у ғолиб бўлади. Харжлаган моли унинг учун савобга айланади. Ким нопок бўлса, кофир бўлса, мағлуб бўлади, сарфлаган нопок моли ўзига ҳасрат бўлиб қайтади.

Аллоҳ таоло кофирларни у дунёда жаҳаннамга тўплайди, уларни пок–жаннати мўминлардан ажратиб олиш учун, худди ўтинни тахлагандек, бир-бирларининг устига тахлаб туриб, дўзахга ташлаш учун тўплайди. Ҳақиқий зиён кўрувчилар ана шулар бўлади.

Келгуси оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб этиш орқали ҳали хам кофирлар тавба қилиб, иймонга келиш имконига эга эканликларини билдиради.


38. Куфр келтирганларга айт, агар тўхтасалар, ўтган нарсалар мағфират қилинур ва агар қайтадиган бўлсалар, бас, батаҳқиқ, аввалгиларнинг суннати ўтган.

Юқоридаги оятларда куфрнинг оқибати нима бўлиши батафсил баён қилинди. Ҳамма нарса аён бўлди. Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга охирги хулосани кофирларга айтиш топширилмоқда.

«Куфр келтирганларга айт, агар тўхтасалар, ўтган нарсалар мағфират қилинур».

Яъни, агар улар куфр келтиришдан, Исломга ва мусулмонларга душманлик қилишдан тўхтасалар, мўмин бўлиб, яхши амалларни қилсалар, уларнинг аввалги гуноҳлари барчаси кечирилади. Чунки Ислом ўзидан аввалги ҳамма нарсани ювади. 

Имом Бухорий ривоят қилган бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом ўзидан аввалги насани кесади, тавба ҳам ўзидан аввалги нарсани кесади», деганлар.

Шунингдек, Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Исломда яхшилик қилса, жоҳилиятда қилган амалига жавобгар бўлмайди», деганлар.

«...агар қайтадиган бўлсалар, бас, батаҳқиқ, авалгиларнинг суннати ўтган».

Яъни, улар ушбу баёндан кейин ҳам яна куфрга, Ислом ва мусулмонларга душманлик қилишга қайтсалар, аввалда уларга ўхшаганларнинг одат бўйича нима бўлганлари маълум. Улар ҳам ўшаларга ўхшаб ҳалок бўладилар.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Карим мўъжиза эканининг яна бир далили mdash унинг маъносини тушунмасада, дунёда юз минглаб кишилар ёд олганидир. У 600 саҳифадан кўп бўлиб, уни ёдлаган давоми...

15060 10:31 / 14.01.2022
55. Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек халифа қилишни, улар учун Ўзи рози давоми...

4099 05:00 / 23.01.2017
Имом Ҳамза ибн Ҳабиб ибн Аммора ибн Исмоил Зайёт Таймий. У киши ҳижрий 80 йилда туғилиб, 156 санада вафот этган.Имом Ҳамза ибн Ҳабиб раҳматуллоҳи алайҳи етти машҳур давоми...

3495 13:30 / 05.01.2021
ВАҲИЙ.Ваҳий, сўзининг луғавий маъноси .Ваҳий, сўзи асл луғатда тезкор ва махфий хабар йўллаш маъносини билдиради. Араб тилида бу сўз яна бир неча маъноларда ҳам давоми...

11293 10:40 / 08.10.2018
Аудиолар

118793 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40743 14:35 / 11.08.2021