1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Оли Имрон сураси, 133-139

05:00 / 23.01.2017 19486 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

133. Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг.


Демак, Аллоҳ таолонинг мағфирати ва кенглиги осмонлару ерча бўлган жаннати тақводорлар учун экан.

Келаси оятда мазкур мағфират ва жаннатнинг ҳақдорлари бўлган тақводорларнинг сифатлари зикр қилинади:


134. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир.

Аллоҳдан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерчалик бўлган жаннатга сазовор бўлган тақводорларнинг сифатларидан бири:

«...енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар».

Яъни, улар яхшилик қилишда собитқадам одамлардир. Ҳаётлари енгиллашиб, ҳамма нарсалари сероб бўлиб кетса ҳам, ҳовлиқиб, ҳаддиларидан ошиб, фисқ-фасодга берилиб кетмайдилар. Балки ўзларини босиб, хайр-эҳсон, нафақа қилишда бардавом бўладилар. Шунингдек, бошларига оғирчилик кунлари тушса ҳам, сиқилиб, ўзларини ноқулай сезиб, бахиллик йўлига ўтиб олмайдилар. Балки нафақа қилишда  бардавом бўладилар. Уларнинг тақволари доимо эҳсонга чорлаб туради. Бахиллик ва қизғанчиқликдан қайтаради.

Тақводорларнинг сифатларидан яна бири:

«...ғазабини ютганлар...»

Ғазабини ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланади. Ғазаб инсонда турли муносабатлар ила қўзғалиб туради, уни жиловлаб олиш ҳар кишининг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин бу оғир ишни тақводор киши эплаши мумкин. Яъни, қалбида тақводорлик мавжуд бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади.

 Исломда ғазабни ютиш улуғ ахлоқлардан ҳисобланади. Қуръони Карим оятларидан ташқари бу олий сифатнинг мақтови Пайғамбаримизнинг ҳадисларида, салафи солиҳларимизнинг ишлари ва сўзларида ўз аксини топган.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда келишича, бир киши Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг», деди. У зоти бобаракот: «Ғазаб қилма», дедилар. Сўраган одам кейинчалик  эътироф этиб, бундай дейди: «Расуллуллоҳ алайҳиссалом шу гапни айтганларида, ўйлаб кўрсам, ғазаб ҳамма ёмонликни ўзида жамлаган экан».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Ким (жазо беришга) қодир бўлиб туриб, ғазабини ютса, қиёмат куни Аллоҳ уни халойиқ олдида чақириб туриб, ҳурлардан  хоҳлаганини танлаб олишга имкон беради», деганлар.  

Мазкур тақводорларнинг яна бир сифатлари:

«...ва одамларни афв қиладиганлардир».

 Бу сифат ғазабни ютиш сифатини тўлдириб келади. Чунки ишнинг чиройли ҳол бўлиши учун ғазабни ютиб қўйишнинг ўзи кифоя эмас. Олижаноблик кўрсатиб ғазабини ютган одам бу олижаноблигини тугал қилайин деса, айбдорни афв қила олиши, кечира билиши ҳам керак. 

Имом Ҳоким ривоят қилган ҳадисда, «Кимки унинг учун жаннатда бинолар қурилишини ва даражалари кўтарилишини хоҳласа, зулм қилганни авф этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин», дейилади.

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда  Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Қиёмат куни бир жарчи, одамларни афв қилганлар қани!  Роббингиз ҳузурига ажрингизни олгани келинг, деб чақиради. Афв қилган ҳар бир мусулмон жаннатга киришга ҳақлидир», деганлар.

«Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир».

Юқорида зикр қилинган сифатнинг соҳиблари яхшилик қилувчи саналадилар. Демак, уларни Аллоҳ яхши кўрар экан. 

Кейинги ояти каримада мазкур тақводорлар сифатларининг зикри яна давом этади:


135. Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрарлар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар, билиб туриб, қилган гуноҳларида  бардавом бўлмаслар.

Маълумки, тақводорлик мўминларнинг олий даражаси ҳисобланади. Ҳозир ўрганаётган ояти каримамизда тақводорларга улкан даражалар ваъда қилинмаётир. Лекин ушбу оятда фоҳиша иш ёки ўзига зулм қилган одамлар ҳам тақводорлар сафидан ўрин олиши мумкинлиги айтилмоқда. Бу нимага далолат қилади? Бу Ислом динининг бағри кенглигига далолат қилади. Бу Исломда инсоннинг табиатини ниҳоятда чуқур билиб ўзига яраша муомала қилинишидан далолат беради. Инсон, нима бўлганда ҳам, инсондир. Ҳаёти давомида турли қийинчиликларга, иғво ва чалғитишларга учрайди. Баъзи вақтларда заифлиги тутиб, ҳавою нафсининг сўзига кириб қўяди. Бундай пайтда дарҳол ўзига келиб, ояти каримада зикр этилаётгандек,

«Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар».

Хўш, буларга қандай муносабатда бўлиш керак? Сен фалон ишни қилиб қўйдинг, бўлди, энди умидингни узавер, дейиладими? Йўқ! Ислом тавба эшигини кенг очиб қўйган. Бандалик, ожизлик тутиб баъзи гуноҳларни қилган бўлса ҳам, тақводорлар сафига қўшилиш имкони бор. Фақат, бир шарти бор, у ҳам бўлса:

«Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрарлар» ва

«...билиб туриб, қилган гуноҳларида  бардавом бўлмаслар».

Ана шундагина тақводорлар сафига қўшилиш имкониятидан маҳрум бўлмайдилар. Аммо тавба қилмасалар ва билиб туриб гуноҳларида яна давом этаверсалар, бу имконият уларга ҳеч қачон берилмайди.

Демак, бир марта, билмасдан ёки заифлик тутиб, гуноҳ қилиб қўйган одам дарров тавба қилса ва гуноҳдан тўхтаса, шундагина тавбаси қабул экан. Бу қоида ва мағфират бобидаги барча оят ва ҳадисларга тегишлидир. Баъзи нафси бузуқ одамлар ўйлаганидек, оғзида тавба қилдим деб қўйиб, қайта-қайта гуноҳ қилаверадиганлар бу ҳукмга кирмайдилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу  ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Гуноҳ қилган ҳар бир мусулмон яхшилаб таҳорат қилиб, икки ракъат намоз ўқиб, сўнгра истиғфор айтса, албатта, Аллоҳ уни кечиради», деганлар. 

Келаси оятда мазкур тақводорлик сифатига эга бўлганларнинг мукофотлари зикр қилинади:


136. Ана ўшаларнинг мукофотлари, Роббиларидан бўлган мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бўлиб, улар унда абадий қолурлар. Амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!

Бандаларнинг тақводорлиги, оғир ва енгил пайтларда баб-баробар нафақа қилишлари, ғазабни ютишлари, одамларга нисбатан кечиримли бўлишлари, гуноҳ қилсалар ёки ўзларига зулм этсалар, дарров ўнгланиб мағфират сўрашлари, гуноҳда давом этмасликлари–ушбу сифатларнинг мукофоти Аллоҳнинг мағфиратидир. Бунинг устига, қиёмат кунида:

«Остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бўлиб, улар унда абадий қолурлар».

Ояти карима сўнгида келган:

«Амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!», деган жумладан билиниб турибдики, мазкур олимақом мукофотларга сазовор бўлган кишилар амал-иш қилганлар. Қуруқ гап ёки рамзий ишлар билан кифояланиб қолмаганлардир.

Келаси оят Уҳуд ғазотининг тафсилотидан олдинги муқаддима ҳисобланади:


137. Сиздан олдин суннатлар қолган. Бас, ер юзида юриб ёлғонга чиқарувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинглар.

Такрор бўлавериб, доимий одатга айланиб қолган ишларга ҳам араб тилида «суннат» дейилади. Бу оятда гап Ислом умматидан олдинги умматлар даврида суннатга айланиб қолган ишлар борлигига ишора этиляпти. Яъни, сиздан олдин ўтган умматлардан айрим суннатлар қолган. Лекин у суннатлар қандай суннатлардир? Буни келаси жумладан билиб оламиз:

«...Бас, ер юзида юриб ёлғонга чиқарувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинглар».

Инсоният ўз тарихи давомида кўплаб Пайғамбарларни ва турфа умматларни кўрган. Ҳар бир Пайғамбар келганида, унга иймон келтирганлар билан бирга, уни ва унга келган ваҳийни ёлғонга чиқарувчилар ҳам бўлган. Иймон келтирганлар барчаси нажот топиб, бахт-саодатга эришганлар, Пайғамбарларни ёлғонга чиқарувчилар эса, истисносиз ҳаммасининг оқибати ёмонлик билан тугаган. Бу дунёю у дунёлари хароб бўлган. Мўминлар доим ғолиб чиқиб, кофирлар мағлуб бўлганлар. Айни шу нарса олдин ўтганлардан қолган суннатдир. Яъни, Уҳуд урушида мағлуб бўлдик, деб руҳий азият чекаётган мусулмонларга дейилмоқдаки, хафа бўлманглар, бирибир оқибатда сизлар ғолиб чиқасизлар. Қурайш мушрикларининг бир жангда қўли баланд келганидан тушкунликка тушманглар, барибир улар узоққа бора олмайдилар. Улар Пайғамбарни, Қуръонни, Аллоҳнинг динини ёлғонга чиқаряптилар, барибир нажот топмайдилар. Кўнглингиз хотиржам бўлсин:

«... ер юзида юриб ёлғонга чиқарувчиларнинг оқибати қандоқ бўлганига назар солинглар»,


138. Бу одамлар учун баён ва тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир. 

Яъни, бу Қуръон ҳамма учун баёнотдир. Қуръони Карим ўтмишни ҳозир, ҳозирни келажак билан боғлаб турувчи, ҳамма нарсани баён қилувчидир. Шу билан бирга, «тақводорлар учун ҳидоят ва мавиъзадир». 

Қуръони Карим ҳамма одамларга баёнот бўлиб келаверади, аммо ундан фойда олиш тақводорларгагина насиб этади. Мўминлар ва тақводорларгина ундан ҳидоят топадилар ва мавъиза-ибрат оладилар. Маълумки, иймон билан тақво бир-бирига боғлиқ нарсалардир.

Ушбу умумий баёндан кейин келгуси оятда мусулмонлар дадил ва собитқадам бўлишга чақириладилар:


139. Бўшашманглар! Хафа бўлманглар! Сизлар, агар мўмин бўлсаларингиз, устунсизлар.

Эй мусулмонлар! Ҳеч бўшашманглар, заифлашманглар, сизга етган мусибатларга, бошингизга тушган оғирликларга хафа бўлманглар:

«Сизлар, агар мўмин бўлсаларингиз, устунсизлар».

Чунки ақидаларингиз устун, пок, олий. Ягона Аллоҳга ишонасизлар ва Унга бандалик қиласизлар. Улар эса, турли-туман бут-санамларга, урф-одатларга, ўзларига ўхшаган одамларга эътиқод этадилар ва уларнинг розилигини топиш илинжида ибодат қиладилар. Сизларнинг ҳаёт йўлланмангиз Аллоҳ таолонинг ҳузуридандир. Улар эса, ўзлари тузиб олган ёки ўзларига ўхшаган одамлардан олинган «йўлланма»га амал қиладилар. Сизлар Аллоҳнинг ер юзидаги халифаларисиз. Улар ҳаётининг мазмуни еб-ичишдан иборат бўлган ҳайвон мисолидирлар. Сизлар дунёда ҳаммани ҳидоятга даъват қилувчиларсиз. Улар зулматга, залолатга чақирувчилардир. Сизлар икки  дунё саодатига эгасиз. Улар икки дунё бадбахтлигига эгадирлар.  

Агар сизлар ҳақиқий иймонли бўлсангиз, доимо устунсиз. Агар сиз ҳақиқий мўмин бўлсангиз, бўшашманг ва хафа бўлманг.  

Тарих давомида мусулмонлар ҳақиқий иймонли бўлган чоғларида ва бу ҳақиқатни ўзлари тушуниб етган даврларида доимо устун бўлганлар. Агарчи ҳарбий жиҳатдан, куч-қувват бобида мағлубиятга учраб турган бўлсалар ҳам.

Ислом олами бошига мусибатлар кўп тушган. Масалан, мўғуллар Ислом оламининг кўп қисмини босиб олиб, узоқ муддат ўз ҳукмларини ўтказдилар. Мусулмонлар ҳарбий жиҳатдан мағлуб бўлган бўлсалар ҳам, аслида, ғолиб мўғулларга нисбатан ўзларини устун ҳис қилардилар. Ўзларини ҳақиқий мўминлар, деб билиб, мўғулларни кофир-мушрик, ҳеч нарсага арзимайдиган бир паст халқ деб тушунишар эди. Ақида, ахлоқ, одоб, инсоний муомалалар, ибодат ва бошқа кўпгина масалаларда ўзларида илоҳий кўрсатмалар борлиги ила фахрланишар ва душманларига юқоридан қарашар эди. Айни чоқда, ўзларидан ўтган баъзи камчиликлар учун бошларига мусибат етганини, мўғуллардан шу боис мағлуб бўлганликларини тушуниб, ўша камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилганлар. Бунга юз йиллаб вақт керак бўлган. Охири мусулмонлар мўғулларни енгиб, ўз ҳукмларини қайта тикладилар. Ғолиб халқ дунё тарихида биринчи бор мағлуб халқнинг динига кирди.

Худди шунга ўхшаш ҳодиса салбчилар устида ҳам бўлди. Оврупалик масиҳий босқинчилар катта куч билан Ислом оламининг қалбини босиб олдилар. Улар ер юзида битта ҳам мусулмон  қўймасликни ўзларининг мақсади қилиб олган эдилар. Ҳарбий жиҳатдан ғолиб чиққан тараф сифатида юз йиллар давомида мазкур мақсадларини амалга ошириш учун қаттиқ тиришдилар.

Мусулмонлар эса уларга юқоридан қарар эдилар. Ўзларини устун сезардилар. Уларга залолатга кетган кофирлар, иймондан бебаҳра бечоралар деб қарардилар. Оқибатда     мусулмонлар ўз ҳукмларини қайта тикладилар ва, аксинча, босқинчиларнинг кўплари Исломни қабул қилиб, мусулмон бўлдилар.

Ҳозирги кун мусулмонлари айнан ушбу ҳис-туйғуга, ҳақиқий мўминликни ва шу туфайли бошқалардан устун эканликларини тушуниб етишга муҳтождирлар.

Эй мусулмонлар! Агар ҳақиқий мўмин бўлсангиз, бўшашманг, хафа бўлманг, дунёнинг иши ўзи шундай...


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
учинчи мақолаАраблар Қурайш лаҳжасини танлаб олиб, уни ўзларининг адабий тилларига айлантиришди. Айни пайтда, ўзлари бу лаҳжадан таъсирланганларидек, Қурайш давоми...

5270 13:40 / 18.02.2020
биринчи мақола.Қуръони Каримни жамлаш, иборасини уни ёдлаш ва қалбнинг лавҳига ўрнашиши маъносида тушунадиган бўлсак, дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бу шарафни ҳаммадан давоми...

4319 14:05 / 27.08.2019
63. Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозеъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганларида, .Салом,, дейдиганлардир.Роҳман васфли Аллоҳ таолонинг суюкли бандаси бўлиш давоми...

7018 16:43 / 07.09.2017
.Сура, сўзи луғатда .қўрғон,, .манзил, ва .шараф, деган маъноларни англатади.Уламоларимиз истилоҳида эса .Сура Қуръон оятларининг бошланиши ва тугаши белгиланган давоми...

6282 14:05 / 07.01.2020
Аудиолар

118749 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40708 14:35 / 11.08.2021