1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Мўминун 1-11

05:00 / 23.01.2017 3179 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар.

Ушбу оят ила Аллоҳ таоло мўминларнинг нажот топишларига очиқ-ойдин, таъкидланган ваъда бермоқда. Аввалида «Батаҳқиқ»-ҳақиқатан-сўзи билан бошланган жумла шунга далолат қилади. Қолаверса, жумланинг охирида «нажот топдилар» деб нажот бўлишига ҳеч шубҳа қўймаяпти. Аслида, «нажот топадилар» дейилиши керак эди. Аммо «нажот топдилар» дейишлик, албатта, «нажот топадилар» маъносидан ҳам кучлидир.

Бу таъкиддан кейин ўша нажот топган мўминларнинг сифатларини зикр қилади:


2. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир.

Хушуъ-қўрқув билан сукунатнинг бирга қўшилганидир. Мазкур нажотга эришувчи мўминларнинг сифатларидан бири-намоз ўқиганларида Аллоҳ таоло мақоми ҳузурида қалбларини, вужудларини, ҳаракату саканотларини қўрқинч ва сокинлик ўраб олишидир. Бу ҳолат эса, фақат намозни олий даражада қоил мақом қилиб адо этадиган мўминлардагина бўлади. Ўша мақомга етган мўмин нажотдан умид этишнинг битта сабабини ўзида мужассам қилган бўлади. Намозни хушуъ билан ўқимайдиган, қалбида, вужудида, ҳаракату саканотида Аллоҳдан ҳайиқиш ва сокинлик ёғилиб турмайдиган одам намоздаги ҳолатини ўйлаб кўрсин, тезда ўзини ўнглаб олсин.


3. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир.

Беҳуда сўз, беҳуда иш, беҳуда тафаккур, беҳуда ҳис-туйғу, умуман, беҳуда нарса учун мўмин кишининг қалбида жой йўқдир. Чунки мўмин инсоннинг қалби иймон билан тўла бўлади. Унинг қалби Аллоҳнинг муҳаббати, зикри, фикри ва Аллоҳнинг амрларини тафаккур этиш билан банд бўлади. Мўмин кишининг қалбида бошқа нарсага жой йўқдир. Шунинг учун у беҳуда нарсаларга умуман тоқат қила олмайди, улардан юз ўгиради.

Ана ўша даражага етган мўмингина нажотдан умид қилса бўлади.


4. Улар закотни адо қилгувчилардир.

Мўминлар ўз шахслари, ибодатлари ва қалбларинигина эмас, молларини ҳам поклаб юрадилар. Мазкур иш молдан закот чиқариб ҳақдорларга бериш билан бўлади. Зотан, «закот» сўзи ҳам поклаш маъносини билдиради. Мўмин инсон ҳалолдан топган молини поклаш учун закот беради. Аллоҳ таолога молиявий ибодат қилади. Ана ўшандагина нажотга эришишнинг шартларидан бирига амал этган бўлади. Молидан ҳақдорларга закот чиқариб бермаган одам бу мартабани умид қила олмайди.


5. Улар фаржларини сақловчилардир.

6. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилингувчи эмаслар.

Мўмин кишилар ўз қалблари, шахслари, ибодатлари, сўзлари ва ишлари ҳамда молларини покиза тутишлари билан бирга, жинсий ҳаётларини ҳам пок юритадилар. Бу эса, ўз навбатида, инсоннинг руҳи, оиласи ва жамияти поклигига далолат қилади. Мўмин кишилар фақат ўз жуфти ҳалоллари ва мулк бўлиб тушган чўрилари билангина алоқа қиладилар. Бошқа жинсий алоқалар мўминлар учун ҳаромдир. Бу поклик бошқалари қатори ниҳоятда зарур покликдир. Шу туфайли, аввал айтилганидек, инсоннинг руҳи, оиласи ва жамияти покланади. Шу туфайли инсоннинг насли пок бўлади. Зинодан сақланиш мўминларни мазкур нажотга элтувчи асосий сифатлардан биридир. Бусиз ул нажотдан умид қилмаса ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам келгуси оятда айтиладики:


7. Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир.

Яъни, кимки жуфти ҳалоли ва чўрисидан бошқа билан жинсий алоқани талаб қилса, тажовузкор бўлади, ҳаддидан ошган бўлади, гуноҳкори азим бўлади.


8. Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир.

Мўминлар якка ҳолларида ҳам, жамоат ҳолларида ҳам омонатларига ва аҳдларига риоя қиладилар. Ўзлари билан Аллоҳнинг орасидаги омонатларга ва аҳдларга риоя этадилар.

Мўмин билан мўмин орасидаги омонатларига ва аҳдларига риоя қиладилар.

Ўзлари билан ўзгалар орасидаги омонатлар ва аҳдларга ҳам риоя қиладилар. Омонатга ва аҳдга риоя қилмаслик мўминликка зиддир. Ушбу сифатни ўзида мужассам қилган мўмингина нажотга эришиш учун зарур сифатлардан бирига эга бўлган бўлади.


9. Улар намозларини муҳофаза қилгувчилардир.

Яъни, улар намозларини ўз вақтида, бекаму кўст адо қилувчилардир.

Мўминларнинг нажотга эришиш сифатларининг аввалида намозни хушуъ билан адо этиш келган эди, энди эса, ўша сифатларнинг охирида намозни муҳофаза қилиш-ўз вақтида, бекаму кўст, фарз, вожиб, суннат ва мустаҳабларини жойига қўйиб бажариш келмоқда.

Бу эса, мўмин киши ҳаётида намоз нақадар аҳамиятли эканини кўрсатади.

Мазкур сифатлар мўминларни алоҳида ажратиб кўрсатиб турувчи сифатлардир. Ўша сифатлар уларни нажотга элтади. Аслида, дунё ҳаёти инсоннинг баркамол саодатга-нажотга эришиши учун мутлақо етарли эмас. Шунинг учун нажотнинг мукаммалиги охиратда бўлади. Шунинг учун мазкур сифатларга эга бўлган мўминлар ҳам мартабаларининг ҳақиқийсини охиратда оладилар.


10. Ана ўшалар ворис бўлгувчилардир.
11. Улар (жаннати) Фирдавсни мерос олурлар, улар унда абадий қолгувчилардир.

Ана ўша, юқорида зикр қилинган сифатларга эга бўлган мўминлар иймонлари ва солиҳ амаллари учун Фирдавс жаннатига ҳақдор бўладилар.

Имом Аҳмад, имом Термизий, Имом Насаийлар Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда ушбулар айтилади: «Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлган вақтда у зотнинг юз томонларида асалари овозига ўхшаш овоз чиқар эди. (Бир куни шундай бўлди). Бир оз кутдик. Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қиблага юзландилар ва икки қўлларини кўтариб: «Эй бор Худоё! Бизни зиёда қилгин, нуқсонга учратмагин, мукаррам қилгин, хор қилмагин, атолар бергин, маҳрум қилмагин, устун қилгин, остин қилмагин, биздан рози бўлгин, бизни рози қилгин», дедилар. Сўнгра: «Батаҳқиқ, менга ўн оят нозил қилинди. Ким уларни тўлиқ адо этса, жаннатга киради», дедилар-да, «Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар»дан бошлаб ўн оятни охиригача ўқидилар».

Имом Насаий ривоят қилган ҳадисда Язид ибн Бабнус қуйидагиларни айтадилар: «Биз мўминларнинг онаси Ойиша розияллоҳу анҳога: 

«Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқлари қандай бўлган эди?» дедик. У: 

«Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқлари Қуръон бўлган эди!» деб «Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар» оятидан то «Улар намозларини муҳофаза қилурлар» оятигача тиловат қилди ва: 

«Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқлари мана шундай эди», деди».


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақола1924 йил август ойида Ислом жамияти раиси Шайх Муҳаммадхўжа, муфтий Заҳириддин Аълам, ҳукумат вакили Саидқосим Хўжаев ва бошқалар Уфа Диний давоми...

3628 17:50 / 17.12.2019
Муташобиҳ сифатлар деганда, Аллоҳ таолони сифатлаб келган, аммо сиртдан қараганда, У Зот таолога нисбат бериб бўлмайдиган оятларнинг маъноси кўзда тутилади. давоми...

3200 13:00 / 25.08.2020
....Албатта, ақл эгаларигина эслатма олурлар,.Ақл ва идрок бўлмаса, буни эслаш, тушуниб етиш қийин.Энди ўша ақл эгаларининг сифатлари зикр этиладиУлар Аллоҳнинг давоми...

5026 19:21 / 11.04.2018
ВАҲИЙ.Ваҳий, сўзининг луғавий маъноси .Ваҳий, сўзи асл луғатда тезкор ва махфий хабар йўллаш маъносини билдиради. Араб тилида бу сўз яна бир неча маъноларда ҳам давоми...

11386 10:40 / 08.10.2018
Аудиолар

120132 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41795 14:35 / 11.08.2021