1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Муҳаммад сураси 1-3

05:00 / 23.01.2017 3638 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларнинг амалларини У зот ботил қилди. 

Иймонсиз, динсиз ва Аллоҳнинг йўлидан юз ўгирган ҳамда одамларни бу йўлдан тўсган шахсларнинг амалларини Аллоҳ таолонинг Ўзи бекор-ботил қилади. Кофирлар ва динсизлар Аллоҳнинг динига қарши қанча ҳаракат қилишмасин ҳаракатлари барибир бекорга кетади. Аллоҳ таоло Исломни қиёмат кунигача ҳимоя қилишни Ўз зиммасига олган, дунёда қанчадан-қанча кучли, қудратли, имкониятли, макр-ҳийлалилар Исломга қарши уришдилар. Аммо бирин-кетин ҳаммасининг амаллари ботил бўлиб, ўзлари эса хор бўлдилар. Иншаоллоҳ бундан кейин ҳам шундай бўлиши муқаррар. Зотан Аллоҳ таоло ваъдасига ҳеч хилоф қилмайди.

Иймонсизларнинг қилган яхшиликлари ҳам ажр-савобсиз бўлади. Аллоҳ уларнинг бу амалларини ҳам ботил қилади. Ақлни ишлатиб кўрадиган бўлсак, хайру эҳсон қиладиган инсон ажру савобни кўзлайди. Ажру савобни эса фақат Аллоҳ таоло беради. Ажру савобдан умидвор инсон Аллоҳга ишонмаса, кофир бўлса, Аллоҳ унга қандоқ қилиб савоб адо этади. Чунки ҳар бир иш ниятга қараб эътиборга олинади.

Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларнинг оқибати бундоқ бўлса,


2. Иймон келтирган, солиҳ амалларни қилган ва Муҳаммадга нозил қилинган нарса(Қуръон)га-ҳолбуки у (Қуръон) Роббиларидан келган ҳақдир-иймон келтирганларнинг айбларини беркитар ва аҳволларини яхшилар.

Иймон ҳақиқий бўлса эгасини солиҳ амалларга ундайди, шунинг учун ҳам Қуръони Каримда кўпинча «иймон»дан кейин «амали солиҳ» зикр этилади. 

«Иймон келтирган, солиҳ амалларни қилган…»

Аслида, иймоннинг ичида Муҳаммад алайҳисаломга нозил қилинган Қуръони Каримга иймон ҳам бор, лекин бу ерда Қуръон Парвардигори олам томонидан келган ҳақ нарса эканлигини яна бир бор бўртириб кўрсатиш учун алоҳида таъкидланаяпти. 

«…ва Муҳаммадга нозил қилинган нарса(Қуръон)га-ҳолбуки у (Қуръон) Роббиларидан келган ҳақдир…»

Айб ёки гуноҳ ишларни агар улар иймонга келишдан аввал содир этган бўлсалар, Иймонга келишнинг ўзи барчасини ювиб юборади. Иймондан кейин содир этилган бўлса, ҳақиқий иймон гуноҳкорни тавбага чорлайди. Тавба қилган иймонли бандасининг гуноҳини эса, Аллоҳ таоло албатта мағфират қилади.

«…иймон келтирганларнинг айбларини беркитади ва аҳволларини яхшилар».

Аллоҳ таоло иймонли кишиларнинг «аҳволларини яхшилар». 

Яъни, иймонли инсоннинг ҳамма тарафдан кўнгли тўқ бўлади. Бундай инсон хотиржам, қалби сокин, тани соғ, шончи комил, виждони пок, ҳаёти тинч, оиласи саодатли бўлади, хуллас, Аллоҳ ҳамма жиҳатдан унинг «аҳволларни яхшилайди». Бу эса улкан бахт бўлиб, бундай бахтга фақат иймонли кишиларгина муяссар бўладилар.

Юқоридаги икки оятда келган икки хил ҳолат ўз-ўзидан бўлавермайди, балки собит асосга суянган ҳолда бўлаётган ҳақиқатдир. Бу асосни кейинги оят баён қилади.


3. Ундоқ бўлишига, албатта, куфр келтирганларнинг ботилга эргашганлари ва иймон келтирганларнинг Роббиларидан бўлган ҳаққа эргашганликлари сабабдир. Аллоҳ кишиларга ўзларининг мисолларини шундай келтирар.

Ушбу ояти карима кофирларнинг азоб-уқубатга учрашлари сабабини баён қилиб:

«Ундоқ бўлишига, албатта, куфр келтирганларнинг ботилга эргашганлари…» сабабдир, демоқда.

Чунки ботил таги пуч нарса, унинг асоси ҳам, пойдевори ҳам йўқдир. Шунинг учун ҳам унга эргашганлар залолат ва азоб-уқубатдан бошқа ҳеч нарсага эриша олмайдилар. 

Иймонлиларнинг гуноҳлари мағфират қилиниб, аҳволларининг яхшиланишига эса,

«…иймон келтирганларнинг Роббиларидан бўлган ҳаққа эргашганликлари сабабдир».

Иймонлилар эргашган ҳақ-Аллоҳ таоло томонидан юборилгандир. Унинг асоси, пойдевори ва илдизи оламларнинг Роббисига бориб тақалади. Осмонлару ерни туиб турган нарса ҳам шу эмасми?! Мадомики, мўминлар Аллоҳдан бўлган ҳаққа эргашар эканлар, уларнинг гуноҳлари ювилиши ва «аҳволлари яхшиланиши» турган гап, бунга ажабланмаса ҳам бўлади.

Худди юқоридаги мисоллар каби Аллоҳ таоло инсонлар адашиб кетмасликлари учун мисолларни уларнинг ҳаётидан келтириб қўяди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор. Бас, бир бандаларимга хушхабар берки,улар гапни эшитиб, энг гўзалига давоми...

3492 22:23 / 20.04.2018
учинчи қисмАллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади.Унга хуш каломлар юксалур ва солиҳ амал кўтарур уни, 10оят.Ушбу жумланинг таржимасида унинг уч хил давоми...

4073 14:00 / 28.07.2020
2. .Қуръонни Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзи тўқиб олган,, деган даъво.Мушриклар Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончиликда айблар, .Қуръонни ўзи тўқиб олган, .Аллоҳдан давоми...

5246 16:40 / 21.01.2019
.Улум, калимаси .илм, сўзининг кўплик шакли бўлиб, .Улуми Қуръон, бирикмасининг сўзмасўз таржимаси .Қуръон илмлари, деган маънони билдиради. Бундан .Улуми Қуръон, давоми...

25495 12:19 / 15.08.2018
Аудиолар

118738 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40700 14:35 / 11.08.2021