1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Духон сурасининг тафсири

05:00 / 23.01.2017 12736 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маккада нозил бўлган. 59 оятдан иборат.

«Духон» сўзи бизнинг тилимизда тутун маъносини англатади. Сура тутун бўладиган кун ҳақида ҳам сўзлагани учун «Духон» номини олган.

Бошқа маккий суралар қатори Духон сураси ҳам тавҳид, Пайғамбарлик, ўлгандан сўнг қайта тирилиш каби масалалардан сўз юритиб, иймон ва ақидани мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Сура Қуръони Карим билан қасам ичиб бошланади, унинг ишларни фарқлаш учун Аллоҳ томонидан бандаларга раҳмат ва огоҳлантириш бўлиб, муборак кечада тушганини баён қилади. Сўнгра Аллоҳ таолони таърифлаб, унинг ваҳдониятини исбот этади ва бошқа баркамол сифатлари ҳақида сўз юритади.

Кейин эса, мушрикларнинг Қуръони Каримга бўлган муносабатлари, унга келтирган шак-шубҳалари ва бунинг оқибати нима бўлиши ҳақида сўз кетади. Бу сўзларнинг жонли тасдиғи сифатида, Фиръавн қавмининг қиссаси келтирилади. Уларга туғёнлари ва гуноҳкорликлари туфайли қандай азоб етгани баён этилади. Ортларидан қасрлари, ҳовли-жойлари, боғу роғлари, анҳору булоқлари қолганлиги ҳикоя қилинади. Уларга меросхўр бўлган Бани Исроил ҳақида ҳам сўз юритилиб, Аллоҳнинг амрига хилоф қилганлари учун уларнинг бошига қанақа кунлар тушганлиги васф этилади.

Суранинг охирида эса, яхшиларнинг оқибати нима бўлишию ёмонларнинг аҳволи нима бўлиши муқояса қилинади.


БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ


1. Ҳа-а. Мийм.

2. Очиқ-ойдин Китобга қасам.

Аллоҳ таоло Қуръони Карим билан қасам ичмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Қуръон Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалик улуғ мақомга эга эканини кўрсатади. Кейинги оятларда Қуръон ҳақида маълумот берилади:


3. Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Албатта, Биз огоҳлантиргувчи бўлдик.

Ушбу оятда зикр этилаётган, Қуръон нозил қилинган кеча муборак Рамазон ойининг кечаларидан бири бўлмиш «Лайлатул қадр»дир. Бу кеча, дунё тарихидаги энг муборак кечадир. Чунки, бу кечада Аллоҳ таолонинг охирги, баркамол ва бутун инсониятга қиёмат кунигача саодат йўлини кўрсатиб берувчи китоби туша бошлаган.

«Албатта, Биз огоҳлантиргувчи бўлдик».

Ушбу муборак кечада Қуръонни нозил қилиш билан бандаларни куфр, исён ва туғённинг оқибати ёмон бўлишидан огоҳлантирувчи бўлдик.


4. Ўша(кеча)да ҳар бир ҳикматли иш ажратилиб, ҳал қилинур.

Бу муборак кечада ҳамма нарса ажратилиб жой-жойига қўйилади. Бу муборак кечада ҳақни ботилдан, яхшини ёмондан, савобни гуноҳдан ажратувчи Қуръон нозил бўлган экан, барча ишлар ажратилиб, ҳал қилиниши ҳам турган гап.


5. Биз томонимиздан бўлган амрга биноан. Албатта, Биз Пайғамбар юборгувчи бўлдик.

Юқорида зикр қилинган ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг амрига биноан, У зотнинг иродаси ила бўлади.

«Албатта, Биз Пайғамбар юборгувчи бўлдик».

Яъни, Аллоҳ таоло Ўз ирода ва хоҳиши ила одамларга Пайғамбар юборувчи бўлди. Пайғамбар юбориш эса:


6. Бу Роббинг томонидан 
(кўрсатилган) раҳматдир. Албатта, Унинг Ўзи ўта эшитгувчи, ўта билгувчи зотдир.

Аллоҳ таолонинг  бандаларига кўрсатган раҳмати чексиздир. Лекин ўша марҳаматларнинг энг улуғи Пайғамбар юборишдир. Чунки, Аллоҳ одамларга Пайғамбар юбориб, уларни иймонга, ибодатга бошламаса, бошқа раҳматлари ҳам ўрнига ўтмай қолади. Аллоҳ бандаларига Ўзи юборган Пайғамбарларининг сўнгиси Муҳаммад алайҳиссаломга бошқа бир сурада хитоб қилиб: «Сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик», дейди.

«Унинг Ўзи ўта эшитгувчи, ўта билгувчи зотдир».

Ўша Роббинг:


7. У осмонлару ернинг ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг Роббидир. Гар  ишонгувчи бўлсангиз.

У зот  фақат одамларнинг Робби бўлиб, уларнигина  тарбиятига олган  эмас, балки осмонлару ерни, уларнинг орасидаги ҳамма нарсаларни ҳам Ўз тарбиятига олган зотдир.


8. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. У тирилтирур ва ўлдирур. У сизнинг Роббингиз ва ота- боболарингизнинг Роббидир.

 Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиб бўлмайди. Аллоҳнинг ягона илоҳ эканига далиллардан бири ўлим ва ҳаёт Унинг қўлида эканлигидир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бировга жон бера олмайди, бировнинг жонини ҳам ола билмайди.

«У тирилтирур ва ўлдирур».

Аллоҳ таоло барча одамларнинг ва уларнинг ота-боболарининг ҳам Роббидир. Бас, шундай экан, одамлар ушбу ҳақиқатни қандай тушунмоқдалар?


9. Йўқ! Улар шак-шубҳада ўйнамоқдалар.

Йўқ! Одамлар ўзларини тўғри тутмаяптилар. Улар иймон келтириш керак бўлган нарсаларда шак-шубҳа қилмоқдалар. Улар ўйнамоқдалар.


10. Бас, осмон аниқ тутунни келтирадиган кунни кут.
11.У одамларни ўраб олур. Бу аламли азобдир.

Сураи кариманинг номи айнан мана шу икки оятда зикри келган духондан (тутундан) олингандир. Тафсирчи уламоларимиз бу оятнинг тафсирида икки гуруҳга бўлинганлар. Биринчи гуруҳга мансуб уламоларимиз, ушбу оятда зикри келган тутун қиёмат кунининг тутунидир, оятда унинг албатта келиши таъкидланмоқда, қиёмат кунида у одамларни ўраб олади ва аламли азоб бўлади, дерлар

Иккинчи гуруҳга мансуб уламолар эса, «Бу тутун воқеъликда бўлиб ўтган. Мушриклар Пайғамбаримиз алайҳиссаломга осий бўлганларида у зот соллалоҳу алайҳи васаллам дуо қилиб: «Эй бор Худоё! Музар(қабиласи)га босимингни шиддатли қил, уларга Юсуфнинг йилларидек (қаҳатчилик) йилларини юбор», деб дуо қилдилар. Шунда улар очарчиликка йўлиқиб, ўлимтикларни ҳам едилар. Кейин уларни қуюқ тутун ўраб олди, одамлар бир-бирларининг овозларини эшитишарди-ю, лекин кўришмасди. Ушбу оятдаги тутундан мурод ана ўша тутундир», дерлар

Ҳар икки тараф ҳам фикрини тасдиқлаш учун ривоятларни далил қилиб келтиради. Аммо суранинг сиёқига ва оятнинг маъносига қаралса, унда қиёмат куни тутуни ҳақида гап кетаётгани кўринади.

Шу қавлга биноан, оятларнинг маъноси қуйидагича бўлади: Эй Муҳаммад, осмон аниқ тутунни келтирадиган қиёмат кунини кут. Мушриклар ҳам кутсинлар. Ўшанда у тутун одамларни ўраб олур. Бу эса, ўта аламли азобдир.

Ўша азобда қолганлар Аллоҳга илтижо қилиб, бундай дейдилар:


12. Эй Роббимиз! Биздан азобни кушойиш қил! Албатта, биз иймон келтиргувчидирмиз.

Қиёматда азобга дучор бўлганларнинг бу гаплари фурсат ўтиб бўлгандан кейинги гаплардир. Уларнинг бу иймон келтиришлари бефойдадир. Уларнинг бу иймон келтиришлари қабул қилинмас ва азоб ҳам улардан кўтарилмас.


13. Уларга қаёқдан ҳам эслатма бўлсин. Ҳолбуки, уларга очиқ-ойдин Пайғамбар келган эди.
14. Сўнгра ундан юз ўгирдилар ва: «Бу ўргатилган мажнун», дедилар.

Улар бошларига мусибат тушганида, ялиниб-ёлбориб, тавба-тазарруъ қилиб, турли ваъдаларни бераверадилар. 

«Уларга қаёқдан ҳам эслатма бўлсин».

Улар қаёқдан ҳам эслатма олиб, ўзларини ўнглар эдилар. 

«Ҳолбуки, уларга очиқ-ойдин Пайғамбар келган эди».

Уларга очиқ-ойдин Пайғамбар келганида, эслатма олишнинг ўрнига, 

«Сўнгра ундан юз ўгирдилар…» 

Ва  у зотга туҳмат қилиб:

«Бу ўргатилган мажнун», дедилар»-ку! 

Ўшанда ўзига келмаган кишилар энди  келармидилар. Улар барибир эслатма олмайдилар. Шунинг учун улардан азоб ҳам кушойиш қилинмайди.


15. Албатта, Биз азобни озгина кушойиш қилгувчимиз. Албатта, сизлар қайтгувчисизлар.

Яъни, Биз сиздан азобни озгина кушойиш қиламиз. Аммо сиз бундан ибрат олмайсиз, яна куфрга қайтасиз.


16. Катта ушлаш ила ушлаганимиз куни, албатта, Биз интиқом олгувчимиз.

Бу ушлаш ва интиқом олиш куни қиёмат кунидир.

Юқорида айтилган хабарларнинг ҳаётда содир бўлганини исботлаш ва уларга жонли мисол келтириш мақсадида суранинг умумий сиёқига мос равишда Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари келтирилади:


17. Батаҳқиқ, улардан олдин Фиръавн қавмини синадик. Уларга карамли Пайғамбар келди.

Яъни, Муҳаммад алайҳиссаломнинг инкор қилаётган қавмлардан олдин Фиръавн қавмини ҳам синаган эдик.

«Уларга карамли Пайғамбар келди».

Яъни, Фиръавн қавмига Мусо алайҳиссалом келди ва уларга деди:


18. «Сизлар менга Аллоҳнинг бандаларини беринглар. Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман.
19. Ва Аллоҳга мутакаббирлик қилманг. Албатта, мен сизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирурман.
20. Ва, албатта, мен ўзимнинг Роббим ва сизнинг Роббингиздан мени тошбўрон қилишингиздан паноҳ сўрадим.
21. Ва агар менга иймон келтирмасангиз, мендан четланинг».

Мусо алайҳиссаломнинг бу сўзлари турли муносабатлар билан айтилган бўлса ҳам, бу ўринда ҳаммаси бирга зикр қилинмоқда. Сиртдан қараганда, ҳамма сўзларни бир йўла айтганга ўхшайди. Бу услуб ҳам Қуръони Каримдаги мўъжизакор жиҳатлардан биридир.

Энди Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавн қавмига айтган гапларини таҳлил қилиб чиқайлик.

«Сизлар менга Аллоҳнинг бандаларини беринглар».

Яъни, эй Фиръавн қавми, сизлар ўзингизга қул қилиб олган Аллоҳнинг бандаларини, Бани исроилликларни менга қайтариб беринглар.

«Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман».

Менга иймон келтиринг. Сизга Аллоҳнинг амри шу.

«Ва Аллоҳга мутакаббирлик қилманг».

Ўзингизни юқори тутиб, Унга осий бўлиб юрманг.

«Албатта, мен сизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирурман».

Бу ҳужжатлар менинг ҳақ Пайғамбар эканимни сизга исбот этади.

Сиз ўзингизча менга қарши ёмонликни қасд қилиб юрманг.

«Албатта, мен ўзимнинг Роббим ва сизнинг Роббингиз» бўлмиш Аллоҳ таолодан «мени тошбўрон қилишингиздан паноҳ сўрадим».

Аллоҳ менга паноҳ беради. Сиз мени тошбўрон қиламан деб овора бўласиз.

«Ва агар менга иймон келтирмасангиз, мендан четланинг».

Мен билан ишингиз бўлмасин. Менга халақит берманг.

Сўнгра:


22. У Роббига: «Албатта, анавилар жиноятчи қавмдир», деб дуо қилди.

Яъни, Фиръавн қавми ёмон ниятларини ошкор этиб, у зотни тошбўрон қилиб ўлдирмоқчи бўлганида, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога ёлвориб:

«Албатта, анавилар жиноятчи қавмдир», деб дуо қилди».

Улар мени ўлдирмоқчилар, ўзинг қутқар, эй Роббим, дея илтижо қилди.

Шунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга деди:


23. Бас, бандаларим ила кечаси юриб кет. Албатта, сиз изингиздан қувилурсиз.

Яъни, Бани Исроилни олиб, кечаси Мисрдан чиқиб кет. Душман, албатта, сизларнинг изингиздан тушади.


24. Ва денгизни сокин ҳолида қўй, албатта, улар ғарқ қилинадиган қўшиндир.

Маълумки, Мусо алайҳиссалом Бани Исроил билан денгизга дуч келганларида, Аллоҳнинг амри ила асолари билан денгизни урганлар ва денгиз суви тўхтаб иккига бўлинган ва остидан қуруқ йўл очилган. Ушбу оятда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга:

«Ва денгизни сокин ҳолида қўй», деб ўзлари Бани Исроил билан ўтиб олганларидан кейин ҳам денгизни ўша ҳолатида қўйишларини буюрмоқда ва ортидан:

«...албатта, улар ғарқ қилинадиган қўшиндир», демоқда.

Дарҳақиқат, Фиръавн ва унинг аскарлари ҳам тўхтаб турган денгиз сари тушдилар. Ҳаммалари денгизда очилган йўлга тушиб бўлганларидан кейин шу дамгача иккига бўлиниб сокин турган сув ҳаракатга келди ва уларни ғарқ қилди.


25. Улар ортларидан қанчадан-қанча боғу роғларни ва булоқларни.
26. Экинзорларни ва яхши жойларни.
27. Ва ўзлари ичида маза қилаётган нозу неъматларни қолдирдилар.

Аллоҳ таоло уларга кўпдан-кўп боғ-роғлар, булоқлар, экинзорлар, яхши жойлар ва нозу неъматларни бериб қўйган эди. Улар бу неъматларнинг шукрини келтиришлари керак эди. Аммо улар ношукрлик қилдилар. Туғёнга кетдилар. Аллоҳнинг амрига юрмадилар. Оқибатда ҳалок бўлдилар. Бор-йўқ  нарсалари ортларида қолди.


28. Мана шундай! Биз у(нарса)ларни бошқа қавмларга мерос қилиб бердик.

Оятдаги «бошқа қавмлар»дан мурод Бани Исроилдир. Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавмидан қолган барча нарсани уларнинг қўлида узоқ муддат қул бўлиб азоб чеккан Бани Исроилга мерос қилиб берди. Фиръавн ва унинг қавмига эса, ўлгандан кейин ҳам биров қайғурмади.


29. Бас, уларга осмон ҳам, ер ҳам йиғламади ва улар муҳлат берилганлардан ҳам бўлмадилар.

Дунёда шунчалар шону шавкатга, мулку салтанатга, молу давлатга эга бўлишларига, Фиръавн ўзини худо деб даъво қилганига қарамай, улар ҳалокатга учрадилар. Осмонда ҳам, ерда ҳам, ҳеч ким, ҳеч нарса уларга қайғурмади. Чунки улар осий эдилар. Улардан ҳеч ким, ҳеч нарса яхшилик кўрмас эди. Ҳатто осмону ер ҳам яхшилик кўрмас эди. Шунинг учун уларга осмон ҳам, ер ҳам йиғламади. Шу билан бирга:

«...улар муҳлат берилганлардан ҳам бўлмадилар».

Яъни, уларнинг азоби ортга ҳам сурилмади.

Чунки улар зулмлари, туғёнлари ва исёнлари билан муҳлат берилишига лойиқ эмас эдилар.


30. Батаҳқиқ, Бани Исроилга хорловчи азобдан,
31. Фиръавндан нажот бердик. Албатта, у мутакаббир ва ҳаддидан ошганлардан эди.

Фиръавн ва унинг қавмини ҳалок қилиш билан Биз Бани Исроилни азобдан-Фиръавндан озод этдик. Улар Фиръавн ва унинг қавми қўл остида хорланиб, азоб чекар эдилар.

«Албатта, у мутакаббир ва ҳаддидан ошганлардан эди».

Бўлмаса, худолик даъвосини қилармиди?!


32. Батаҳқиқ, Биз уларни билиб туриб, оламлар ичидан танлаб олдик.

Яъни, Биз Бани Исроилнинг барча ҳолатини билиб туриб, ўша вақтдаги оламлар ичидан уларни танлаб олдик. Ўша пайтда улардан афзал қавм йўқ эканини яхши билар эдик.


33. Ва уларга оят-мўъзижалардан ичида очиқ-ойдин синов бор нарсаларни бердик.

Яъни, Аллоҳ таоло Бани Исроилга турли оят-мўъжизалар юборди. У оят-мўъжизаларда синов бор эди.

Шу билан Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн қиссаси ниҳоясига етади. Сўз яна диннинг ҳақлигига шак-шубҳа қилаётган мушрикларга қайтади:


34. Албатта, анавилар дерлар:
35. «Биринчи ўлимимиздан бошқа ҳеч қандай ўлим йўқ ва биз қайта тирилтирилувчи эмасмиз.
36. Агар ростгўй бўлсангиз, ота-боболаримизни келтиринглар».

Оятдаги «анавилар»дан мурод араб мушриклардир. Улар ўлгандан сўнг қайта тирилишни инкор этардилар. Шунинг учун ҳам:

«Биринчи ўлимимиздан бошқа ҳеч қандай ўлим йўқ», дер эдилар. 

Яъни, бир марта ўламиз, иш битади. Шундан бошқа ҳеч нарса йўқ.

«...ва биз қайта тирилтирилувчи эмасмиз», дер эдилар.

Улар бу гапларига далил қилиб, ўлгандан кейин қайта тирилиш бор, деганларга раддия билдириб:

«Агар ростгўй бўлсангиз, ота-боболаримизни келтиринглар», дер эдилар.

Агар ўлган одам қайта тирилади, деган гапингиз рост бўлса, эй Муҳаммад ва эй унга эргашганлар, ўлиб кетган ота-боболаримизни тирилтириб олиб келинглар-чи, кўрайлик, дер эдилар.

 Тафсирчи уламоларимиз таъкидлашларича, Макка мушриклари шунга ўхшаш гапларни айтишган.

Уларнинг бу талабига жавоб беришдан олдин ўзлари ким эканликларини бир ўйлаб кўриш таклиф этилади. Бу мушриклар ким бўлибдиларки, бунчалик ҳадларидан ошадилар?!


37.Улар яхшироқми ёки Туббаъ қавмию улардан олдин ўтганларми?! Биз уларни ҳалок қилдик. Албатта, улар жиноятчи бўлган эдилар.

«Туббаъ» Яман подшоҳларининг лақабидир. Улар кучли ва тараққий этган давлатга эга бўлганлар. Араблар ичида уларнинг довруғи кенг тарқалган эди. Оятда ана ўшалар Қурайш мушрикларининг ёдига солинмоқда.

Қурайш мушриклари нега бунча ўзларидан кетиб, ҳадларидан ошадилар,     ховлиқадилар?! Нима учун ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор қилиб, ўзларича турли гапларни тарқатадилар?! Улар ким бўлибдилар ўзи?! Бир ўйлаб кўрсинлар!

«Улар яхшироқми ёки Туббаъ қавмию улардан олдин ўтганларми?!»

Туббаъ қавми қурайшликлардан яхшироқ эди. Улардан олдин ўтган Од, Самуд ва Лут қавмлари ҳам яхшироқ эди. Аммо туғёнлари, гуноҳлари сабабли:

«Биз уларни ҳалок қилдик. Албатта, улар жиноятчи бўлган эдилар».

Ана ўшаларни-ки ҳалок қилганимиздан кейин, қурайшликларни ҳалок қилиш нима бўлибди. Улар жиноятчи бўлган эдилар, булар ҳам жиноятчилик қилмоқдалар.

Энди эса, мушриклар инкор этаётган қайта тирилишнинг маълум мақсад ва ҳикматлари борлигини баён қилишга киришилади. Буни англаш учун атроф-жавонибга, борлиққа, осмонлару ерга эътибор билан назар солишга даъват этилади:


38. Осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб яратганимиз йўқ!

Осмонларга назар солинг! Шунча нарсалар нима учун яратилди? Шунчаки ўйин билан, беҳудага яратилдими?! Ерга назар солинг! Шунча мавжудот нима учун яратилди? Ўйин учун, бекордан-бекорга яратилдими?! Ёки уларни яратишдан бирор мақсад, ҳикмат бордир? Энди осмонлару ернинг орасидаги сонсиз-саноқсиз мавжудотларга назар солинг! Улар нима учун яратилди?! Ўйин учун, ҳеч бир мақсадсиз, бекорга яратилдими?! Балки уларни яратишдан бирор мақсад, ҳикмат бордир?!  Ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор қилаётган инсоннинг ўзи-чи? У нима учун яратилди? Ўйин учунми? Бу дунёда ҳайвондан баттар ҳолда еб-ичиб, ўтиб кетиши учунми?! Агар шундай бўлса, инсонни яратишнинг нима кераги бор эди? Инсоннинг фойдаси учун борлиқни ва ундаги нарсаларни яратишнинг нима кераги бор?! Уларнинг барчасини инсон  учун хизматкор қилиб қўйишнинг нима фойдаси бор?!

Йўқ! Бу ишларнинг ҳаммасида ҳикмат бор. Аллоҳ таоло осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни, жумладан, инсонни ўйнаб яратгани йўқ.


39. Биз уларни фақат ҳақ ила яратдик, лекин кўплари билмаслар.

Шунинг учун куфр келтирадилар, қайта тирилишни инкор этадилар. Ҳолбуки, ўлгандан кейин қайта тирилиш мантиқ тақозосидир, ақл тақозосидир. Чунки бу дунё инсон ҳаётининг маълум бир босқичи, холос. Бу дунё охиратнинг экинзори холос. Охират ҳаётига ҳар бир банда қанча ва қандай ҳосил билан боришини аниқлаб олиш бекати, холос. Жаннатга ким кирадию дўзахга ким кириши ажратиб олинадиган жой, холос. Бандаларга бу дунёдаги амалларининг мукофот ёки жазосини бермаса, яхши билан ёмоннинг фарқи қолмайди. Адолат бўлмайди. Илоҳий адолат юзага чиқиши учун, ҳар ким ўз қилмишига яраша мукофот ёки жазо олиш учун қайта тирилиш бўлмоғи зарур. Мушриклар ўзларича, ўлганимиздан кейин қайта тирилмаймиз, деб овора бўладилар.


40. Албатта, ажратиш куни барчалари учун белгиланган вақтдир.

Ушбу ояти каримада зикр қилинаётган

«Ажратиш куни» қиёматнинг номларидан бири. У кунда ҳақ ботилдан, мўминни кофирдан, яхши ёмондан ажратилади. Шунинг учун ҳам « ажратиш куни « деб номланган. Ана ўша кун ҳамманинг қайта тирилиши ва тўпланиши учун,

«…барчалари учун белгиланган вақтдир».


41. У кунда дўст дўстга бирон нарсада асқотмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас.

Мазкур ажратиш кунида ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Ҳеч кимга ҳеч қандай ёрдам берилмайди.


42. Магар кимга Аллоҳ раҳм қилсагина (ёрдам берилур). Албатта, у азиз ва ўта раҳмли зотдир.

Азиз ва раҳимли сифати ила мўмин-мусулмон, тақводор бандаларига раҳм қилади, ёрдам беради.


43.  Албатта, Заққум дарахти,
44. Гуноҳкорнинг таомидир.
45. У худди эритилган маъдандек қоринларда қайнар.
46. Қайноқ сувнинг қайнаши каби.

Дўзахиларнинг биргина шу жиҳатдан чекадиган азоблари ҳам уларнинг ҳоллари нақадар оғир бўлишни кўрсатади.

Дўзахилар қоринлари очса, нима ейишади? 

«Албатта, Заққум дарахти, Гуноҳкорнинг таомидир».

Унгга қорини очганида таом учун Заққум дарахтининг меваси берилади. Заққум аччиқлиги ва заҳарлилиги билан оғизларда зарбулмасал бўлиб кетган. Ана ўша захар гуноҳкорларга таом бўлади.

«У худди эритилган маъдандек қоринларда қайнар».

 Ўша заққум уларнинг қоринларида эритилган маъдан, темир ёки мисдек ёхуд доғ қилинаётган ёғдек қайнаб туради. 

«Қайноқ сувнинг қайнаши каби».

У дўзахиларнинг қоринларида худди қайноқ сувдек қайнайди.

Сўнгра дўзахга вакил қилинган забония фаришталарга қуйидагича амр этилади:


47. Уни тутиб, жаҳиймнинг ўртасига судраб олиб боринглар!
48. Сўнгра боши устидан қайноқ сув азобини қуйинглар!

Бу ишлар, гуноҳкорларга кўрсатиладиган муносабатнинг бир кўриниши холос. Дўзахга вакил қилинган кучли, қўпол ва шафқатсиз фаришталарга, уларни тутиб, дўзахнинг қоқ ўртасига судраб олиб бориш, бошларидан ўта қайноқ сув қуйиб, азоблаш топширилади. Бу эса, қоринларида қайнаб турган заққум азобига қўшимча азоб бўлади.

Азоб янада шиддатли бўлиши учун уларга итоб сўзлари ҳам айтиб турилади:


49. Тотиб кўр! Албатта, сен ўзинг «азизу мукаррамсан!
50. Албатта, бу сиз (бўлишида) шубҳа қилиб юрган нарсадир!»  

Бу гаплар уларнинг дунёда «мен азизу мукаррамман»,  деб мақтаниб юрганлари учун, охират азобига шубҳа қилганлари учун итобдир.

Аммо мўмин-мусулмон тақводорларнинг ҳолати тамоман бошқача бўлади:


51. Албатта, тақводорлар омонлик жойида,
52. Боғу роғлар ва булоқларда бўлурлар.
53. Улар шойи ипак киюрлар, бир-бирларига юзма-юз ҳолда (ўлтирурлар).
54. Ана шундай! Ва Биз уларни ҳури ийнларга уйлантирдик.
55. Улар у ерда омонлик ҳолларида турли меваларни чақирурлар.
56. Улар у ерда биринчи ўлимдан бошқа ўлимни тотмаслар. У зот уларни жаҳийм азобидан сақлар.

Яъни, тақводорлар бу дунёдан у дунёга ўтишда тотган ўлимдан бошқа ўлимни тотмайдилар, жаннатда абадий тирик қоладилар. Ҳамда Аллоҳ таоло уларни дўзах азобидан сақлайди.


57. Бу Роббингдан бўлган фазлдир. Ана шу улкан ютуқдир.

Суранинг охирида яна Пайғамбарлик неъмати эслатилади ва уни инкор этишнинг оқибатидан огоҳлантирилади:


58. Бас, албатта, Биз у(Қуръон)ни сенинг тилинг ила осонлаштирдик. Шоядки эсласалар.

Эй Муҳаммад! Биз Қуръонни сенинг тилинг ила, араб тили ила осонлаштириб бердик. Шоядки одамлар эслаб, ўзларига келиб, иймон-Ислом йўлига юрсалар. Агар бундай қилмасалар:


59. Бас, кутиб тур. Улар ҳам кутгувчидирлар.

Оқибат яқинда маълум бўлади...


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримнинг сақланиши асосан унинг қалбларга муҳрланиши билан бўлган. Шу билан бирга, Қуръони Карим нозил бўлган биринчи вақтлардан бошлаб, уни ёзиб бориш давоми...

4114 14:30 / 10.09.2019
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврлари ndash саодат замонида Қуръони Каримни етарлича англаш савиясидаги кишилар кўпчиликни ташкил қилар эди. Улар давоми...

1992 18:00 / 16.03.2021
208209. Эй иймон келтирганлар Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир. Агар очиқ баёнотлар келгандан кейин ҳам давоми...

4397 05:00 / 19.01.2017
14. Ва, .Биз насоролармиз,, деганларнинг ҳам аҳдномасини олдик. Бас, улар ўзларига эслатма бўлган нарсадан кўп насибани унутдилар. Биз улар орасида адоват ва ёмон давоми...

7788 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

118741 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40701 14:35 / 11.08.2021