1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Дунё ва унинг матоҳлари

23:16 / 19.02.2018 4187 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дунёнинг мазаммати ҳақидаги матнларга алоҳида эътибор бермоқ керак. Бу ерда катта илоҳий ҳикмат бор. Дунёни ва ундаги барча нарсани, жумладан, инсонни ҳам яратган Ҳолиқ уларнинг сир-асрорларини тўла-тўкис билади.

Шунинг учун уларга Ўзи билиб амрлар қилади. Аллоҳ таоло инсонни яратганда уни бу дунёга қизиқадиган қилиб яратган. Агар инсон табиатида бу дунёга қизиқиш бўлмаганида дунё обод бўлмас эди.

Аллоҳ таоло инсонни бу дунё ва унинг матоҳларига қизиқадиган қилиб яратгани бўйича тек қўйиб қўйганида у дунёдан бошқа нарсани демай қўяр эди. Шунинг учун дин юбориб, унинг нафсини жиловлаб туришни ҳам йўлга қўйди. Нафс инсонни дунёга тортади, дин эса уни дунёга қизиқмасликка чорлайди. Оқибатда ўртача ҳолат пайдо бўлади.

Бу улкан ҳақиқатни ва илоҳий ҳикматни қуйидаги оятларнинг тафсирини ўрганиш орқали яна ҳам яхшироқ тушуниб олишимиз мумкин.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. Булар дунё ҳаётининг матоҳидир. Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал қайтар жой бор Зотдир» (14-оят).

«Шаҳват» сўзи ўзбек тилида одатда «жинсий майл» маъносида ишлатиб келинади. Аслида эса бу сўз «иштаҳа» сўзидан олинган бўлиб, кўнгилнинг бирон нарсани тусаши, хоҳлашини англатади. Ушбу ояти каримада одамларнинг кўнглига муҳаббати зийнатланган, иштаҳалари доим тортиб турадиган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда.

«Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди».

Мазкур нарсалар рўйхатининг бошида аёллар турибди. Эркак кишида аёлга бўлган хоҳиш-истак бошқа зикр қилинган нарсаларга қараганда кўпроқ ва кучлироқдир. У ўша бошқа нарсаларни ҳам аёл йўлида сарфлайди.

Кейин аёлидан туғиладиган болалар зикр қилинмоқда. Ўзини билган ҳар бир инсон учун фарзанд жигарбанд, кўзининг қорачиғи, дилининг пораси ҳисобланади.

Сўнгра тўп-тўп тилла ва кумушнинг зикри келмоқда. Мол-дунё шаҳвати, муҳаббати ҳам жуда кучли шаҳват. Инсон фақат молга эга бўлишнигина эмас, балки ана шу моли тўп-тўп бўлишини хоҳлайди. Молни кўпайтиришнинг ўзи кучли ҳирс-шаҳватдандир. Шунинг учун ҳам моли кўплар молсизлардан кўра кўпроқ бойлик тўплашга уринаётганини кўрамиз. Молга бўлган кучли шаҳватнинг сабаби у бошқа шаҳватларга ҳам эриштирувчи восита эканлигидадир.

Ундан кейин гўзал отларнинг зикри келмоқда. От ўзида муҳаббатга сабаб бўлувчи кўпгина сифатларни жамлаган ҳайвондир. Жуда кўп кишилар яхши отга эга бўлишни ўзлари учун обрў деб билганлар. Ҳатто ҳозирги техника замонида ҳам миллионлаб долларга баҳоланаётган отлар бор. Аммо бу ерда умуман, улов маъноси ҳам тушунилади. Атрофимизга назар соладиган бўлсак, биронта уловга эга бўлиш мақсадида инсон нималар қилмаётганига гувоҳ бўламиз.

Шунингдек, одамларда туя, сигир, қўй каби чорва ҳайвонлари ва экин-тикинларга ҳам қизиқиш катта бўлиб, уларни ўзлари учун мулк қилишга доимо интилиб келишади.

Ояти каримада ушбу нарсаларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди, дейилмоқда. Демак, бу муҳаббат инсоннинг асл табиатида бор экан. Бундай ҳолатнинг бўлиши табиий бир ҳол экан. Модомики, ушбу рағбатлар инсон табиатида бор экан, Аллоҳнинг Ўзи инсонни шундай яратган экан, бу нарсалар инсон ҳаётини муҳофаза қилишда, унинг гўзал ва завқли кечишида хизмат қилмоғи лозим. Шунинг учун Ислом дини мазкур нарсаларни ҳаром қилган эмас, балки мубоҳ қилган. Бу нарсаларни ман қилишни эмас, тартибга солишни йўлга қўйган. Ислом кишиларни тарбия қилиб, шаҳват дарёсида ҳалок бўлмасликка чақиради. Инсон мазкур шаҳватларнинг қули бўлиб қолмаслиги керак. Балки у уларнинг хожаси бўлиб, ўз тасарруфига олиши даркор.

Юқорида зикр этилган нарсалар ояти карима нозил бўлган вақт ва муҳитнинг шаҳватларидан намуналар, холос. Улардан бошқа яна кўп нарсалар бор. Лекин қанча бўлса ҳам,

«Булар дунё ҳаётининг матоҳидир».

Охиратники эмас, абадий ҳаётники эмас, дунёники.

«Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал қайтар жой бор Зотдир».

Бу жой жаннати наъимдир. Унда киши нимани хоҳласа, ўша муҳайёдир.

Шунинг учун охиратни дунёдан устун қўйиш керак.  Аксарият одамлар эса дунё зийнати ортидан тушишади, холос. Ким дунё зийнатига берилган бўлса, уни огоҳлантириш лозим.

Шунинг учун Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида:

 

«Сен: «Сизларга ана шулардан ҳам яхшироғининг хабарини берайми?! Тақво қилганларга Робблари ҳузурида остларидан анҳорлар оқиб турган, улар у ерларда мангу қоладиган жаннатлар бор. Шунингдек, покиза жуфтлар ва Аллоҳ томонидан розилик бор. Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир», деб айт», деган (15-оят).

Ҳамма бу дунёнинг матоҳига ўзини уради. Ўшани деб кўплар гуноҳга ботади, динидан чиқади. Ҳолбуки, бу нарсалар шунчалик уринишга арзимайдиган нарсалардир. Балки беш кунлик дунёнинг ўткинчи орзу-­­ҳаваси, холос. Лекин бошқа тарафда ундан яхши, абадий неъматлар бор. Аллоҳ таоло ушбу оятда Набий алайҳиссаломга хитобан:

«Сен: «Сизларга ана шулардан ҳам яхшироғининг хабарини берайми?!..» – деб айт», – деб буюрмоқда.

Охират неъматлари бу дунё матоҳидан нақадар устун экани шак-шубҳасиз ҳақиқатдир. Аммо охират неъматларининг яна бир ўзига хос имтиёзи бор. У ҳам бўлса, уларнинг тақводор бандаларга хос эканидир, бошқаларга насиб қилмаслигидир.

«Тақво қилганларга Робблари ҳузурида остларидан анҳорлар оқиб турган… жаннатлар бор».

Бу дунёда экин-тикинларга, далаларидан чиқадиган маҳсулотларга рағбат, хоҳиш-иштаҳа бўлган бўлса, у дунёда остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. У ерда истиқомат қилувчи қайси мева ёки маҳсулотни хоҳласа, ўша ҳозир бўлади. Бу дунёнинг экин-тикинлари вақтинчалик бўлса, у дунёники абадийдир.

«улар у ерларда мангу қоладиган…»

Бу дунёнинг матоҳлари ичида энг иштаҳа уйғотадигани аёллар бўлса, у дунёнинг абадий неъматлари ичида

«Покиза жуфтлар» бор.

Жаннат аҳлларига насиб этадиган бу жуфтлар турли ҳиссий ва маънавий нопокликлардан холидирлар. Аллоҳ таоло уларни аслида пок қилиб яратган. Уларнинг шу покликларининг ўзи ҳар қанча ҳавасга арзийди.

Бу дунё матоҳлари ичидаги чиройли отлар, чорва ва тўп-тўп тилла-кумушлар бошқа шаҳватларга етишишга восита ҳисобланар эди. Жаннатда воситага ҳожат йўқ. Аҳли жаннат нимани хоҳласа, ўша онда муҳайё бўлади.

Охират неъматлари ичида ҳамма матоҳдан, орзу-ҳавас қилинган барча нарсадан устун турадиган яна бир нарса бор. У ҳам бўлса:

«…Аллоҳ томонидан розилик бор».

Аллоҳнинг розилиги бу дунёнинг матоҳларию у ­дунёнинг неъматларини қўшганда ҳам улардан устун туради.

«Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир».

Уларнинг қандай яратилганликларини, нималарни хоҳлашларини, уларга қандай муомала қилишни яхши билади.

Юқорида зикр этилган инсондаги мол-дунёга нисбатан унга қўшиб, Аллоҳ таоло томонидан яратилган табиий майл ва ўша майлни жиловлаб, тўғри йўлга солишга йўналтирилган диний таълимотлар орасидаги мутаносибликни тўғри тушунмаслик оқибатида турли ноқулайликлар юзага келади.

Дунёнинг мазаммати – ёмонланиши ҳақидаги оят ва ҳадиси шарифлардан хабардор бўлган баъзи кишилар дунёдан бутунлай юз ўгириш зарур экан, деган хулосага келганлар. Улар ўзлари учун фойдали бўлган таом, либос ва бошқа нарсалардан ҳам воз кечганлар.

Аслини олганда эса дунё матоҳларида инсон учун фойдали нарсалар мавжудлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ким дунёдан ўзига фойдалисини шариат кўрсатган ҳалол йўл ила тановул қилса, мақтовга сазовор иш қилган бўлади. Ким дунёдан ўзига керагидан ортиғини олса ва очкўзлик қилса, мазамматга лойиқ иш қилган бўлади. Демак, бу масалада ўртача йўл тутиш матлубдир.

Энг машҳур зоҳидлардан бўлмиш Суфён Саврий вақти келганда яхши таомларни ер ва сафарга чиқса, ўша таомлардан ўзи билан бирга олиб кетар эди.

Бошқа бир машҳур зоҳид Иброҳим Адҳам раҳматуллоҳи алайҳи бўлса вақти-вақти билан яхши таомларни ер ва: «Агар топсак, эркаклар емагини еймиз. Агар топмасак, эркаклар сабридек сабр қиламиз», дер эди.

Энг муҳими, бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаи киромлари барчамиз учун ўрнак бўлишлари лозим. Улар бу масалада ўртача йўл тутганлар.

– Зоҳидликка қизиққан бир киши балиқ овлаб ҳаёт кечирар экан. Бир куни у иккита балиқ овлабди. Бирини пишириб еб, иккинчисини келажак учун асраб қўйишга қарор қилибди.

Бир оз ўтиб, бир балиқни бечораларга садақа қилмасдан, ўзи учун асраб қўйиши қалбини ром қилганидан ташвишга тушибди. Бу балиқни ўзимга олсамми, бировга берсамми, деган хаёлий тортишувда ўзини устун қўйиши қалбини беҳаловат қилибди.

Қалби нима учун тўқ бўлмаганидан ҳайрон бўлиб, бу ҳоли ўзи истаётган зоҳидлик мартабасига зид эканидан ўкинибди.

Бу камчиликни йўқотиш учун тарийқат шайхларидан маслаҳат олишга қарор қилибди. Шу мақсадда ўша вақтнинг донғи кетган машойихларидан бири билан учрашиш учун йўл олибди.

Қаҳрамонимиз шайхнинг исмини эшитган экан-у, ўзини ҳам, уйини ҳам кўрмаган экан. Одамлардан сўраб-сўраб у зотнинг уйини топиб борибди.

Топиб борибди-ю, эсанкираб қолибди. Шайхнинг қароргоҳи оддий уй эмас, кўркам қаср экан. Шайх уйда йўқ экан.

У кишини пойлаб ўтириб, қаҳрамонимизнинг кўнглидан ҳар хил гаплар ўтибди. «Мен ўзи қаерга келиб қолдим? – дея ўзига ўзи савол берибди. – Битта балиқни ортиқча кўриб келсам, бу ерда нималарни кўриб турибман?» дебди.

Шу пайт шайх келиб қолибди. Салом-аликдан сўнг у киши зиёратчига қараб: «Агар банда Аллоҳ таолонинг ибодатига бошқа нарсалардан фориғ бўлиб чиқмаган бўлса, қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила тўлиқ бўлмаган бўлса, унинг қалбига битта балиқнинг муҳаббати ҳам ўрнашиб қолаверади», дебди.

Шунда ҳалиги киши узр айтиб, мазкур шайхга шогирд тушган экан.

Демак, киши ўз қалбини Аллоҳ таолонинг муҳаббатига тўлдирса, бу дунёнинг фақирлигидан қўрқмаса ҳам бўлаверар экан.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Зуҳд ва ҳаё китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умид амал билан бирлашган нарсадир. Агар ўшандай бўлмаса, хомхаёлдир.ndash Ражо ndash умид ndash қалбнинг келажакда ҳосил бўлиши тама қилинаётган нарсага уни ҳосил давоми...

4944 19:41 / 24.07.2017
Аллоҳ таолога муҳаббат банданинг энг олижаноб хислатларидан биридир. Бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи ибодатлар эса руҳни озиқлантиради ва қалбни давоми...

5118 17:08 / 01.10.2017
У Зот сенга воридни сени ағёрлар қўлидан тортиб олиш ва асарлар қуллигидан озод қилиш учун етказди.ndash Ағёр ndash махлуқотлар, Аллоҳ таолодан бошқа нарсалар.ndash давоми...

3325 22:15 / 20.05.2017
Охирги марта Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг яқинлигини қачон ҳис қилганингизни эслай оласизми Аксарият одамлар Аллоҳ номи зикр қилинганда, ўз қобиғига ўралиб давоми...

5027 15:55 / 05.03.2018
Аудиолар

118720 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40689 14:35 / 11.08.2021