1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг рухсат этилган турлари (5-қисм)

17:05 / 17.02.2018 4117 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4. Фатво сўраш мақсадида ғийбат қилиш. Олим ёки муфтийдан масала сўраётиб, бир кишининг айбини баён қилишда ҳеч қандай зарар йўқ. Масалан, «Фалончи менга нафақа бермаяпти; ёки отам вафот этди, фалончи эса бор мол-мулкни ўз тасарруфига олиб, менга битта дон ҳам бермади; ёки фалончи уйини сотди, мен унга шафе[1] бўлиб, талаб қилишимга қарамай, менга уни бермаяпти» ва ҳоказо гапларни фатво олиш мақсадида муфтий ёки олим ҳузурида айтиш дуруст ғийбат саналади.

Ҳикоя. Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг аёли Пайғамбар алайҳиссаломдан: «Абу Суфён бахил одам, нафақа беришда зиқналик қилади, шунинг учун мен унинг молидан яширинча олиб ишлатсам, гуноҳкор бўлмайманми?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен ҳам, фарзандларинг ҳам ўзингизга кифоя қилгудек нарсани урфга мувофиқ қилиб олаверинглар», деб марҳамат қилдилар.[2]

Ҳикоя. Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, эри унга шапалоқ урганини айтиб, ёрдам сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қасос ол (сен ҳам бир шапалоқ ур)», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Эркаклар аёллар устидан ҳокимдирлар, Аллоҳ баъзиларини (эркакларни) баъзилардан (аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар молларидан нафақа берганлари учун»[3] оятини нозил қилди. Оқибатда ўша аёл қасос ололмайдиган бўлиб қайтиб кетди.[4]

Ҳикоя. Бир неча киши Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг олдиларига келиб, шундай дейишди: «Биз ҳаж ниятида уйимиздан чиқдик. Зотус-сифоҳ деган жойга етиб борганимизда бир ҳамроҳимиз вафот этди. Қабр кавлаб, уни дафн қилмоқчи эдик, қабрда каттакон илонни кўрдик. Биз у қабрни қўйиб, бошқа жойдан қабр кавладик. Иккинчи қабрда ҳам ўшандай илон кўринди. Учинчи қабрни кавлаган эдик, унда ҳам ўша ҳолат такрорланди. Энди нима қиламиз? У кишини қаерга дафн қилайлик?» Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бу илон илоҳий ғазаб эканини, уни Аллоҳ таоло мазкур кишига гуноҳи туфайли юборганини сездилар. Келганларга: «Бу илон Аллоҳ таолодандир, ер юзининг қаерини кавласангиз ҳам, ўша илонни топасиз. Шунинг учун у кишини бирор қабрга дафн қилиб, ҳаққига дуои хайр қилишингиз керак», дедилар.[5]

Эслатма. Бир киши ҳақида фатво сўраётганда унинг ҳақиқий номини айтиш жоиз бўлса ҳам, бошқа ном билан савол қилиш яхшироқдир.

Ҳикоя. Уваймир розияллоҳу анҳу аёлини зино устида ушлаб олди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фатво сўрашда аёлини ғийбат қилмади. Балки: «Агар бир киши хотини бегона эркак билан зино қилаётганини кўрса, нима қилади?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу воқеа Уваймирнинг аёлига тегишли эканини англаб: «Сен ва аёлинг ҳақида оят нозил қилинди. Бор, аёлингни олиб кел», дедилар. У аёлини олиб келди, иккови лиъон[6] қилишди. Бу воқеанинг тафсилоти ҳадис ва фиқҳ китобларимизда кўп келган.[7]


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] Қўшни бўлгани учун сотиб олинган ер ёки иморатни ўша нархга мажбурлаб бўлса ҳам олиб қўйишга ҳақдор киши.

[2] «Саҳиҳи Бухорий», 2211-ҳадис.

[3] Нисо сураси, 34-оят.

[4] Суютий «Ад-Дуррул мансур»да Ибн Абу Ҳотимдан нақл қилган.

[5] «Танбеҳул ғофилин», «Қабр азоби» боби.

[6] «Лиъон» сўзи «лаънат» сўзидан олинган бўлиб, «лаънатлашиш» маъносини англатади. Шариат истилоҳида лиъон деб хотинини зинода айблаб, гувоҳ келтира олмаган эрнинг ва зино қилганини рад этган хотиннинг қози олдида гувоҳлик беришига айтилади. Бунда эркак гувоҳлик бериш билан бирга ўзига лаънат ҳам тилайди, аёл эса ўзига Аллоҳнинг ғазабини сўрайди. Бу гувоҳликлар эркак учун қазф ҳадди (туҳмат жазоси), аёл учун эса зино жазоси ўрнига ўтади.

[7] Бу қиссани имом Молик «Муватто»нинг «Лиъон боби»да баён қилган, 1154-ҳадис.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаёнинг биринчи хили ndash инсон яратилганда унинг асл табиатига қўшиб яратилган, касб қилинмаган ахлоқдир. Бу ахлоқларнинг энг улуғидир. Уни бандага Аллоҳ давоми...

4369 18:31 / 24.10.2017
13. Ибрат мақсадида ғийбат қилиш. Одамларга ибрат бўлиши учун бирор тирик ёки ўлган кишига берилган жазони гапириб ғийбат қилиш мумкин. Масалан, одамлар бахиллик давоми...

4423 16:10 / 06.03.2018
Худди зулмат нафснинг лашкари бўлгани каби, нур ҳам қалбнинг лашкаридир. Қачон Аллоҳ бандасига нусрат беришни ирода қилса, унга нурлар лашкарлари ила мадад беради давоми...

2870 16:09 / 11.03.2018
Кимга ибора айтишга изн берилган бўлса, унинг иборалари махлуқотларнинг қулоғида фаҳмланади ва ишоралари улар учун равшанлашади.Аллоҳ таоло Ўз бандаларидан давоми...

3107 17:23 / 04.02.2018
Аудиолар

120134 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41797 14:35 / 11.08.2021