1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Нисо сураси, 59-70

05:00 / 23.01.2017 8009 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нисо сураси, 59-70

59. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир.

Демак, мазкур омонатларни адо этишда, одамлар орасида адолат ила ҳукм юритишда ва бошқа ишларда, аввало Аллоҳ таллога итоат этиш керак, сўнгра Пайғамбарга соллаллоҳу алайҳи васалламга, ундан кейин мусулмонларнинг ўзларидан бўлган ишбошиларга итоат қилиш лозим. Агар бирор нарсада ихтилоф туғилиб, тортишув чиқса, Аллоҳ таолонинг ва Пайғамбарнинг ҳукмларига қайтариш лозим. Меъзон шу. Ўлчов шу. Агар бу қоидага риоя этилмаса, ҳамманинг ўзича ҳал қилишига қўйиб қўйилса, тартиб-интизом қолмайди, аксинча, одамнинг ақлий қобилияти турлича бўлганидан ихтилофлар чиқади. Ҳозиргига ўхшаб кучлилар кучсизларни, чорасини топганлар чорасизларни ўз йўлига юритишга ҳаракат қила бошлайдилар.
Мусулмонлар бундай кўнгилсиз муаммолардан холидирлар. Улар қандай қилсак, ҳақиқатга эришамиз, қандай қилсак, омонатларни ўз эгасига эриштирамиз, қандай қилсак, одамлар орасида адолат ила ҳукм юритамиз, деган саволлар устида бош қотириб ўтирмайдилар. Чунки, бу борада йўл-йўриқ берилган ва у ўзгармасдир. Аллоҳ таоло бу масалаларни Ўзи ҳал қилиб берган. Мусулмонлар Аллоҳнинг кўрсатмаларига амал қилсалар бўлди. Бир ишга қўл уришдан олдин шу иш ҳақида шариати исломиянинг ҳукми нима эканини билишга киришадилар. Ҳукмни, аввало, Қуръони Каримдан излайдилар. Агар у ишнинг ҳукми Қуръонда мавжуд бўлса, унга амал қиладилар. Чунки, аввало:
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг», дейилгандир. Аллоҳга итоат қилиш Унинг охирги илоҳий китоби Қуръони Каримга амал қилиш билан бўлади. Фараз қилайлик, бўлғуси ишнинг ҳукми Қуръони Каримда зикр қилинмаган бўлса, унда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларига мурожаат этилади. Изланган ҳукм у ердан топилса, унга амал қилинади. Чунки ояти каримада иккинчи манба сифатида Пайғамбарга итоат қилишга амр этилгандир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида бевосита у зотнинг ўзларига итоат қилинган, ҳозир эса суннатларига амал қилиш у кишининг ўзларига итоат қилиш билан баробар ҳисобланади.
«...Пайғамбарга...», итоат қилинг. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда асосий ҳукмларни баён этган ва умумий ҳукм чиқариш қоидаларига ўшаларни асос қилган. Пайғамбаримизнинг суннатларида эса, Қуръондаги умумий ҳукмлар батафсил баён қилинган ҳамда баъзи зикр этилмаганлари айтилган.
Замон, шароит ўзгариши билан ўзгариб турадиган қисм ҳукмлари эса, мусулмон жамоаси ижтиҳод қилиб ечиш учун қолдирилган. Бунинг ҳикматлари кўп. Аввало, бу ҳолат мусулмонларни доимо изланувчан, ҳаракатчан бўлишга ундайди. Иккинчидан, шариати исломиянинг ҳар замон, ҳар маконга салоҳияти борлигини таъминлайди. Агар Қуръонда ҳам, суннатда ҳам зикри келмаган масала кўндаланг бўлиб қолса, бу масаланинг ечилиши мусулмонларнинг ишбошиларига ҳавола қилинади. Ижтиҳод мақомига етган ишбошилар мазкур масалани Қуръон ва суннат қоидалари асосида ҳал этадилар. Мусулмон умматининг эътироф этгин муждаҳидлари бирликда ҳал этган ечим-қарор фиқҳда «ижмоъ» деб номланади. Бунга амал қилиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир. Чунки ушбу оятда:
«...Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг», деган амр бор. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш эса, вожибдир. Аммо ишбошиларга бўйсунишда бир неча шартлар бор. Аввало, оятда «ўзингиздан бўлган» дейиляпти. Кўпчилик «ишбоши» деганда ҳокимнигина тушунади. Бу хато. Аслида, оятда ҳамма ишбоши назарда тутилган. Фиқҳ илми уламоларимиз бу оятдаги «ишбоши»ларни шундай тушунтирганлар: фиқҳда ижтиҳод даражасига етган уламоларнинг жамланиб, бирор масала бўйича иттифоқ бўлиб қарор қилишлари, ишбошиликдир. Албатта, ҳокимлар ҳам ишбоши ҳисобланади. Аммо ҳоким билан ҳокимнинг фарқи бор. Амрига итоат қилиш вожиб бўлган ҳоким, аввало, мусулмон бўлиши, яъни, исломга эътиқоди, амали бўлиши, Ислом шариати ила ҳукм қилаётган ҳоким бўлиши керак. Қуръондаги «ўзларингиздан бўлган» деган қайд шу шартларни ифода қилади. Кейин, Қуръон тушаётган пайтларда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом замонларида ва кейинги исломий даврларда асли мусулмон бўлган оилада дунёга келиб, ўзи Исломдан бехабарлар бўлмас эди. Бўлса ҳам, ундайлар мусулмон ҳисобланмасди. Иккинчидан, ишбошининг чиқарган ҳукми Қуръон ва суннатга мувофиқ бўлиши керак. Гуноҳ иш бўлса, ҳеч кимга итоат қилиб бўлмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг машҳур ҳадисларида: «Холиққа маъсият бўладиган ишларда махлуққа итоат қилинмайди», дейилган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Аллоҳга осийлик бўладиган ишда итоат йўқдир», дейилган.
Ояти каримада:
«Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг», деган жумла шариатда ҳукм чиқариш учун Қуръон, суннат ва ижмоъдан кейинги тўртинчи масдарга–қиёсга асос бўлган. Демак, мусулмонлар ҳаётида янги бир масала пайдо бўлди. Айнан шу муаммо Қуръонда ҳам, суннатда ҳам зикр қилинмаган, аммо шунга ўхшаш бошқа бир масала бор. Уламолар ана ўша ўхшаш масала билан янги пайдо бўлган масалани таққослаб бир ҳукм чиқарадилар. Буни номи «қиёс» бўлади. Оятда мусулмонлар ўртасида тортишувга сабаб бўлган нарса Аллоҳга (яъни, Қуръонга) ва Пайғамбарга (яъни, у кишининг суннатларига) қайтаришни, «агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз», жумласи билан бирга қайд қилинмоқда. Демак, қилажак ишни шариатга мувофиқ адо этиш Аллоҳга ва охират кунига бўлган иймоннинг аломати экан. Демак, ҳукм манбаини Қуръон ва суннатдан эмас, бошқа нарсадан ахтарадиганлар ўзларининг ким эканликларини бир ўйлаб қўйсинлар.
Ҳақиқий мусулмонлар ҳар бир ишларини ушбу оятда зикр қилинган қоида асосида Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига, ўзларидан бўлган ишбошиларга итоат қилган ҳолда олиб борадилар. Баъзи ишларда фикрлари турли чиқиб қолса, у ишни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтариб, ўхшаш масалалардаги ҳукмларга солиштириб-қиёслаб оладилар.
«Ана ўшандай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир».
Кейинги оятда мўмин-мусулмонликни даъво қилиб туриб, мўминларга кўрсатилган йўлга юрмайдиганларнинг ҳоли баён қилинади:

60. Сенга нозил бўлган нарсага ва сендан олдин нозил бўлган нарсага иймон келтирганларини даъво қилаётганларни кўрмайсанми?! Тоғутдан ҳукм сўраб боришни истарлар. Ҳолбуки, унга куфр келтиришга буюрилганлар. Шайтон эса, уларни йўлдан бутунлай адаштиришни истайдир.
Ўзлари мусулмонликни даъво қилиб туриб, Аллоҳнинг ҳукмига юрмай, бошқанинг ҳукмига юришни хоҳлайдиган одамлар мунофиқ деб аталадилар. Мунофиқлар Пайғамбаримизга нозил қилинган Қуръони Каримга ҳам, Пайғамбаримиздан олдин нозил бўлган илоҳий китобларга ҳам иймон келтирганликларини даъво қиладилар.
«Сенга нозил бўлган нарсага ва сендан олдин нозил бўлган нарсага иймон келтирганларини даъво қилаётганларни кўрмайсанми?!»
Гоҳида бу даъволарида ҳаммадан олдинга ўтиб, ҳақиқий мўминларни четга сурмоқчи ҳам бўладилар. Аммо иймоннинг асосий шартига–ҳар бир нарсада Аллоҳнинг ҳукмини сўраш ва унга амал қилишга келганда, тамоман тескари иш тутадилар.
Яъни:
«Тоғутдан ҳукм сўраб беришни истарлар».
Аввал ҳам айтилганидек, тоғут–Аллоҳнинг изнсиз бўлган ҳукмдир. Мунофиқлар ҳам Аллоҳнинг ҳукмини истамайдилар, шунинг учун ҳам тоғутдан ҳукм сўраб борадилар. Нима бўлса бўлсин, Аллоҳнинг ҳукми бўлмаса, бас. Ҳар қандай тоғутнинг ҳукмини истайверадилар. Бу ишни билмасдан, кўр-кўрона қилмайдилар, балки уларга баён келган. Ахир, улар:
«Ҳолбуки, унга куфр келтиришга буюрилганлар».
Яъни, улар тоғутга куфрга келтиришга буюрилганлар. Демак, улар билиб туриб қилмоқдалар. Шунинг учун ҳам уларнинг иймон ҳақидаги даъволари ботил. Улар, аслида, шайтоннинг йўлига кирганлар.
«Шайтон эса, уларни йўлдан бутунлай адаштиришни истайдир».

61. Агар уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ва Пайғамбар ҳузурига келинглар», дейилса, мунофиқлар сендан тамоман юз ўгирганларини кўрурсан.
Одатда, инсон ўзи иймон келтирган нарса йўлида, ақидаси, эътиқоди йўлида ҳар нарсага, ҳатто жонини фидо қилишга ҳам тайёр туради. Аммо, мунофиқларни қарангки, ўзинг иймон келтирган зотнинг кўрсатмаси ила яшагин, ҳаётингдаги амалларингни унинг ҳукмига мос қилгин, деб Аллоҳ туширган Қуръонга ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига чақирилсалар, юз ўгирадилар, келмайдилар.
Табиийки, Аллоҳнинг айтганини қилмагандан кейин, Унинг йўлидан юрмагандан кейин, Аллоҳнинг ҳукмини истамай, тоғутнинг ҳукмини истагандан кейин мушкулотлар, мусибатлар келиб чиқади.

62. Энди қилган нарсалари туфайли уларга мусибат етгандан сўнг сенга келиб, Аллоҳ ила қасам ичиб: «Биз фақат яхшилик ва тавфиқни хоҳлаган эдик», дейишлари қандай бўлди?
Демак, уларнинг бошига мусибат етса, бунга ўзлари айбдор, чунки улар Аллоҳнинг йўлидан юрмадилар, ҳукмни ҳам Аллоҳдан эмас, бошқадан истадилар. Аммо мунофиқлар барибир мунофиқликларини қилдилар: бошларига мусибат етса, дарҳол банда эканликларини эслаб қолдилар. Аммо шунда ҳам, қилмишимга яраша тортмоқдаман, демайдилар. Худди тил учида иймон калимасини айтиб қўйиб, мўминликни даъво қилиб юрганларидек, бошларига мусибат етганда ҳам, ўзларини айбдан олиб қочадилар, нимага энди бизга мусибат етар экан, деган даъвони қиладилар. Аллоҳнинг амрини қўйиб, тоғутнинг ҳукмини истаганларини ҳаспўшлашга ўтадилар. Одатларича, гапларини кучли чиқариш мақсадида:
«Аллоҳ ила қасам ичиб: «Биз фақат яхшилик ва тавфиқни хоҳлаган эдик», дейдилар.
Гапни қаранг, Аллоҳнинг йўлига юрмай, шайтоннинг йўлига юриш яхшилик эмиш, Аллоҳнинг ҳукмини қилмай, тоғутнинг ҳукмига бўйсуниш тавфиқ эмиш. Мунофиқлик шундай ёмон нарса: иймон даъвосида бўлади-ю, аммо ўзи куфрнинг ишини қилади. Аллоҳнинг айтганига эмас, шайтоннинг айтганига юради. Боз устига, яхши иш қилмоқдаман, деган даъвода ҳам бўлади.
Ушбу ояти карима нозил бўлган пайтлари бунақа мунофиқлар жуда ҳам оз бўлган. Аммо ҳозир-чи? Ҳозир қай томонга қарасанг, бунга ўхшашлар тўлиб ётибди. Иймоннинг ва мусулмонликнинг даъвосини қиладилар, аммо Исломга амал этишни ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Ҳар бир ишда Аллоҳнинг ҳукмини исташ у ёқда турсин, ўзига фарзи айн қилинган ибодатларни ҳам бажармайдилар. Аллоҳнинг ҳукмини юритиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ояти кариманинг мўъжизалигини қарангки, бугунги мунофиқлар ҳам қадимги мунофиқлар каби, бошига мусибат етганда айбни ўзларидан қочириб, Исломга, мусулмонларга ағдармоқчи бўладилар. Бу билан улар ўз айбларини яширишга уринадилар. Лекин яширишнинг иложи бормикан?

63. Ана ўшаларнинг қалбларидагини Аллоҳ биладир. Бас, уларнинг қилганидан юз ўгир! Уларга ваъз қил! Ёлғиз ўзларига етказиб сўзла!
Мунофиқликнинг асл сабаби–Аллоҳ таллонинг ҳамма нарсани, жумладан, қалблардаги сир тутилган нарсаларни ҳам билиб туришидан ғофилликдир. Мунофиқ ўзича иймон ва Исломга тегишли гапларни гапириб, баъзи амалларни ҳам бажариб, одамларга ўзини мўмин-мусулмон қилиб кўрсатишга уринади. Улар, аслида, иймонсизлардир, одамларни алдаганлари билан Аллоҳ уларнинг қалбларидаги нарсаларини билиб туришини унутадилар.
Ояти карима тушаётган даврдаги ҳолатларни ҳисобга олиб, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини яна ҳам кечиримли бўлишга чақиради ва:
«Бас, уларнинг қилганларидан юз ўгир!» дейди.
Яъни, қалбларида тутган нифоқлари учун уларни итоб қилма, дейди.
«Уларга ваъз қил», ажаб эмас, бу сафар уларга ваъзу насиҳат фойда қилиб қолса. Эҳтимол, тавба қилиб йўлга тушарлар.
«Ёлғиз ўзларига етказиб сўзла!»
Одамларнинг ҳузурида сўзланса, саркашликлари тутиб, ор-номус қилиб, ўз айтганларида туриб олишлари мумкин. Ёлғиз ўзларига етказиб сўзланса, таъсир қилса, ажаб эмас.
Ваъз-насиҳат фойда қилиб қолса, яхши, аммо билиб қўйиш керакки, одатда Пайғамбарларни фақат ваъз-насиҳат қилиш учун юборилмайди. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло келаси оятда баён қилади.

64. Қайси бир Пайғамбарни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни ила фақат итоат қилиниши учун юборганмиз. Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида ҳузурингга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи ва раҳмли зот эканини топган бўлур эдилар. 
Ушбу ояти каримада ҳар замонда, айниқса, ҳозирги замонда англаб етиш жуда зарур бўлган улкан бир ҳақиқатнинг баёни келмоқда. Кўплар Пайғамбар алайҳиссаломларни одамлар фақат одоб-ахлоққа, тўғриликка даъват қилувчи воизлар ва насиҳатгўйлар, деб ўйлайди. Жумладан, охирги Пайғамбар бўлмиш ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам. Ва одоб-ахлоқ ҳақидаги, маънавий қадриятлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни ўқиб-ўрганиб олиб, бу нарсалардан хабардор эканликларини бошқаларга айтиб юришни ўзларига фахр деб биладилар. Аслида, Аллоҳ Пайғамбарни юборишдан мақсади бошқадир.
«Қайси бир Пайғамбарни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни ила фақат итоат қилиниши учун юборганмиз».
Демак, Пайғамбар унинг ваъзини тингланиши, насиҳатининг англаниши, ҳадисининг ўқилиши учунгина эмас, балки амрларига итоат қилиниши учун юборилади. Пайғамбарлик ваъзхонлик ва насиҳатгўйлик эмас, балки инсон ҳаётини тамомила ўз ичига олган мукаммал ҳаёт тарзи, воқеъликдаги ҳаётни бошқарувчи тузумдир. Бу ишларни юзага чиқариш учун эса, ҳукмдорлик керак. Ўз навбатида, ҳукмдорлик итоатни талаб этади. Демак, ҳар гал Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарларини юборар экан, одамларнинг у зотларга итоат қилишларини истаган. Юқорида ўтган оятлардаги Аллоҳга итоат, Пайғамбарга итоат, ишбошиларга итоат, ўзаро ихтилофли масалаларни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтариш каби амрлар ҳам худди шу маънодадир.
Аммо мунофиқлар бу ҳақиқатни англаб етмайдилар, англашни истамайдмлар. Улар турли сўз ўйинлари қилиб, Аллоҳнинг ҳукмини эмас, тоғутнинг ҳукмини талаб этадилар. Шу қилмишлари туфайли бошларига мусибат тушгудек бўлса, биз фақат яхшиликни ва тавфиқни хоҳлаган эдик, деб яна мунофиқлик қиладилар. Бу ҳол яхши эмаслиги аввалги оятда айтиб ўтилди. Ҳолбуки:
«Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида, ҳузурингга келиб истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди».
Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб, ундан бошқанинг ҳукмига–тоғутнинг ҳукмига юришни ояти карима ўзига ўзи зулм қилиш, деб атамоқда. Инсон, айниқса, мўмин-мусулмон ўзига ўзи зулм қилиб қўйишдан сақланиши керак. Лекин инсон боласи заиф, баъзида заифлиги туфайли шундай хатога йўл қўйиши мумкин. Ана ўшандай ҳолда, ўзининг хатосини англаган заҳоти тавбага шошилиши керак бўлади.
Оят тушган пайтдаги хатокорлар ҳам Пайғамбарнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, ўзларини оқлаш, ёлғондан беҳуда узрларни айтиш ўрнига, у зотнинг ҳузурларида Аллоҳга истиғфор айтганларида–гуноҳларини кечиришни сўраганларида, Пайғамбар алайҳиссаломга илтимос қилганларида, у киши ҳам уларнинг гуноҳларини кечиришни Аллоҳдан сўраганларида, улар:
«Албатта, Аллоҳ тавбаларини қабул этувчи ва раҳмли зот эканини топган бўлур эдилар».
Аллоҳ ҳақиқатдан ҳам тавбаларни қабул этгувчилигидан сўзда иймон даъвосини қилиб, амалда тоғутнинг ҳукмини ахтариб, шайтоннинг йўлидан юрганларни ҳам дарҳол азобга гирифтор қилмаяпти; кечиримли бўлиб, яна уларга ўзларини ўнглаб олишларига имкон яратиб, тавба эшигини очиб қўйяпти. У зот ҳақиқатдан ҳам раҳмли бўлганидан гуноҳкор мунофиқларнинг айбини кечиб, уларга раҳм-шафқат кўрсатмоқчи.
Кимнинг ҳукмига бўйсуниш кераклиги ҳақидаги оятлар силсиласининг сўнгида Аллоҳ таоло қатъий услубда қасам ичиб, мўминман, деган одам, ҳар бир ишида Пайғамбар алайҳиссаломни ҳакам қилмагунча, у кишининг ҳукмига чин дилдан рози бўлиб, кўнглидан ҳеч қандай ғилли-ғишт қолмагунча, ҳақиқий мўмин бўла олмаслигини таъкидлайди.

65. Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!
Демак, иймоннинг, мўминликнинг бир шарти–ҳар бир нарсада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни, яъни, Ислом динини ҳакам қилиб олиш зарурлигидир.
«Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича», зинҳор мўмин бўла олмайдилар.
Мўмин-мусулмонман деган одам, мўмин-мусулмонмиз деган жамият ўзининг ҳар бир ишини Исломнинг ҳукми ила олиб бориши керак. Шу билан бирга, ушбу ҳукмга ҳам ичидан тўла рози, ҳам сиртидан бутунлай таслим бўлиши керак.
Бу нарса ояти каримада қаттиқ таъйинлаб айтилмоқда. Аллоҳ таоло аввал «Йўқ!», деб ҳамма эҳтимолларни рад этиб олиб, сўнгра, «Роббингга қасамки», деб Ўз зоти олийси ила қасам ичиб туриб, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича», зинҳор мўмин бўла олмайдилар, демоқда. Эътибор бериш лозимки, ояти каримада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни мўминлар орасида чиққан барча нарсаларга ҳакам этишлик зарурлиги таъкидланмоқда. Нмозда, рўзада ёки ибодатда ёҳуд диний ишларда дейилгани йўқ. Демак, мусулмон инсон ўз ҳаёётининг барча соҳасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни, яъни, Исломни ҳакам этиб олиши лозим.
«...кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмайдилар!»
Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло қасам билан таъкидлаб айтмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларидан бирида: «Менинг жоним қудрат қўлида бўлган зот билан қасамки, ҳавою нафси мен келтирган нарсага тобеъ бўлмагунча, бирорта одам мўмин бўла олмайди», деганлар. Шундан келиб чиқиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафот этганларидан кейин баъзи қабилалар, биз закотни Муҳаммадга берар эдик, энди бермаймиз, деганларида, ҳазрати Абу Бакр уларни муртад (диндан чиққан) деб эълон қилдилар ва уларга қарши жиҳод бошладилар. Иймоннинг ҳақиқий шарти бу, Исломнинг ҳақиқий чегараси бу. Афсуски, одамлар бошқа шартлар устида тортишиб, бу шартларни хаёлларига ҳам келтирмай юрибдилар.
Кейинги оятда кишиларга Аллоҳ томонидан таклиф қилинаётган тузум, юритилиши лозим бўлган ҳукмлар, берилаётган кўрсатмалар осон эканлиги, уларда оғир, бажарилиши мушкул бўлган ишлар йўқлиги баён қилинади:

66. Агар Биз уларга, ўзларингизни ўлдиринг ёки ўзингизни диёрларингиздан чиқаринг, деб фарз қилганимизда, озгиналаридан бошқаси буни қилмас эдилар. Улар ўзларига ваъз қилинган нарсаларни қилганларида эди, ўзларига яхши ва саботлари мустаҳкам бўлар эди.
67. У ҳолда, Биз ҳам уларга Ўз ҳузуримиздан улуғ ажр берган бўлур эдик.
68. Ва уларни тўғри йўлга ҳидоят қилур эдик. 

Доим таъкидланганидек, Ислом дини ҳамма одамлар, ҳамма замонлар ва ҳамма маконлар учун Аллоҳ томонидан уларни икки дунё бахт-саодатига эриштириш мақсадида юборилгандир. Шунинг учун ҳам Исломнинг ҳукмлари ҳаммабопдир. Унда инсоннинг тоқати кўтара олмайдиган бирон-бир таклиф йўқ. Инсоннинг тоқати ҳам, ҳавою нафси ҳам эътиборга олинган. Унинг бутунлай йўлдан чиқиб кетмаслиги назарда тутилган. Инсонга ҳаддан ташқари оғир фарзларни юкланганида эди, буни ҳамма ҳам кўтара олмас эди. Аллоҳ таоло буни қуйидаги мисол билан англатади:
«Агар Биз уларга, ўзларингизни ўлдирнг ёки ўзингизни диёрларингиздан чиқаринг, деб фарз қилганимизда, озгиналаридан бошқаси буни қилмас эдилар».
Дарҳақиқат, Аллоҳ бандаларини шундай бир ишга буюрганида нима қила олар эдик? Зотан, У зот ҳар қандай ишни амр этишга ҳақлидир. Чунки, еру кўкнинг, барча мавжудоту маҳлуқотларнинг яратувчиси ва ҳақиқий молики Удир: У зот истаганича тасарруф қилади, истаган юмушига буюради. Шунда жуда озгина инсонлар бу амрни адо этишлари ҳам мумкин. Аммо аксар инсонлар буни кўтара олмас эдилар ва, боз устига, ҳавою нафсининг кетидан юриб кетиши эҳтимоли кучли бўларди. Шунинг учун Ислом воқеликдан келиб чиқиб, ўз ҳукмларини кўпчиликни эътиборга олган ҳолда жорий қилади. Бинобарин, одамлар ўзларини ҳар тарафга урмасдан:
«Ўзларига ваъз қилинган нарсаларни қилганларида эди...»
Исломда кўрсатилган йўлланмаларни қўллаганларида эди, Аллоҳнинг буюрганини бажариб, қайтарганидан қайтганларида эди, ушбу–воқеъликни ҳисобга олиб ўзларини яратган зотнинг кўрсатган йўлидан юрганларида эди:
«Ўзларига яхши ва саботлари мустаҳкам бўлар эди».
Чунки, яратган Парвардигор уларга фақат яхшиликни раво кўради. Ҳеч қачон бандаларига ёмонликни соғинмайди. Бандалар унинг айтганларини қилганларида, ҳам ўзларига яхши бўлар, ҳам иймонлари собит, мустаҳкам бўлар эди. Одамлар Аллоҳнинг буйруқларига жавобан Исломга тўлиқ амал қилганларида эди, Аллоҳ таоло уларга улуғ ажрни–жаннатни берган бўлур эди. Уларни ҳидоятга бошлаган, тўғри йўлга солган бўлур эди.

69. Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!
70. Бу–Аллоҳдан бўлган фазлдир ва билгувчиликда Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур.

Ушбу оятни ўқиган ҳар бир киши қалбида Аллоҳга ва Пайғамбарга соллаллоҳу алайҳи васаллам итоат қилиш истаги туғилиши ва кучайиши турган гап. Чунки ўзини билган, эси бор ҳар бир одам учун набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва омма мусулмонлар ичидан етишиб чиққан солиҳлар (яхши ишлари ила машҳур бўлган кишилар) билан бирга бўлишдан ортиқ бахт йўқ! Бу бирлик, албатта, жаннатда бўлади. Жаннатдаги мақомларда эса, мазкур бахтиёр тоифаларнинг мақоми энг юксак мақомлардир. Бу дунёда, баъзи бир солиҳлар билан бир марта кўришиб қўйган, бирорта мажлисда бирга бўлган кишилар умр бўйи ёдлаб, фахрланиб юрадилар. Бу оятда зикр қилинаётган биргалик эса, у дунёда, бир эмас, барча набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва аҳли солиҳлар билан, абадий бўлади. Бундай бир тенгсиз бахтни яхшироқ тасаввур қилиш учун, Пайғамбарларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад алайҳиссалом билан бирга бўлишга инсоният тарихидаги энг бахтли авлод–саҳобалар авлоди қандай аҳамият берганини ўрганиб чиқайлик.
Ибн Жарир Саид ибн Жубайрдан ривоят қиладилар: «Ансорийлардан бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига хафа ҳолида келди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Эй фалончи, сенга нима бўлди? хафа кўринасан?» дедилар. У Одам:
«Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, бир нарсани ўйлаб хафа бўлдим», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У нима эди?» деб сўрадилар. У киши:
«Биз эртаю кеч юзингизга назар соламиз, сиз билан бирга ўтирамиз. Эртага Пайғамбарлар ҳузурига равона бўлсангиз, сизга етиша олмай қоламиз», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарса демай, жим қолдилар. Бир оздан сўнг Жиброил: «Ким Аллоҳга ва Расулга итоат этса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар» оятини олиб келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги кишининг ортидан одам юбориб башорат бердилар.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Рабиаъ ибн Каъб ал-Асламий қуйидагиларни айтдилар:
«Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларида тунаб қолган эдим. У кишига керакли нарсаларни, таҳоратларига сувни тутдим. У зот менга:
«Сўра», дедилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, жаннатда сизнинг рафиқингиз бўлишни сўрайман», дедим. У зот:
«Бундан бошқани эмасми?» дедилар. Мен:
«Фақат шуни», дедим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу ишда менга сен, ўзинг кўп сажда қилиш ила ёрдам бер», дедилар»
Бу дунёда Пайғамбар алайҳиссалом суҳбатларининг ҳаловатини тотган саҳобалар у зот билан охиратда ҳам ҳамсуҳбат бўлишга зўр ва мислсиз иштиёқлари бор эди. Ҳар бир мўмин-мусулмон бундай мақомга эришишни хоҳласа, ҳозир биз ўрганаётган оятга амал қилиб, Аллоҳга ва Расулга сўзсиз итоат этмоғи лозим. Ана ўшанда улар яхши рафиқларга соҳиб бўладилар. Бу нарса Аллоҳнинг уларга берган фазли марҳамати бўлур.
Суранинг аввалидан буён исломий жамият қуришда қилиниши лозим бўлган турли чоралар ҳақида сўз кетди. Жумладан, жоҳилиятнинг ботил ҳукм ва одатларидан ҳалос бўлиш, душман жамиятлардан ўзини ҳимоя қилиш, ҳар бир ишда илоҳий кўрсатмаларни ўзига ҳакам қилиб олиш, Аллоҳга ва Пайғамбарига итоатда бўлиш кабилар.
Энди келадиган оятлар мажмуасида ўша орзу қилинган жамиятни барпо қилишдаги яна бир муҳим омилга–исломий жамиятнинг ўз ичини тозалаш, жамият аъзоларини сайқаллаш, чиниқтириш ишларига эътибор берилади. Одамларни синашнинг энг машҳур йўли–жиҳоддир. Чунки енгиллик, осонлик даврида ҳамма ҳам ўртага чиқиб, ўзини мусулмон қилиб кўрсатиб, обрў қозонишга ҳаракат қилаверади. Лекин сарани саракка, пучакни пучакка чиқарадиган ҳолат қийинчиликдир, дину диёнат йўлида, Аллоҳнинг йўлида молни ҳам, жонни ҳам тикиш пайтидир. Ана ўша пайтда ҳақиқий мўминлар билан мунофиқлар ажраб, ҳақиқат аён бўлади. Келинг, энди ушбу маънодаги оятлар мажмуасини ўрганишга киришайлик.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
105. Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила одамлар орасида сенга Аллоҳ кўрсатганича ҳукм қилишинг учун туширдик. Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлмаБу ва бундан кейинги давоми...

4748 05:00 / 23.01.2017
113. Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна сизни дўзах олови тутмасин. Сиз учун Аллоҳдан ўзга дўстлар йўқ. Сўнгра ёрдам берилмайсизлар.Яъни, сизлар золимларга давоми...

3650 05:00 / 23.01.2017
21. Батаҳқиқ, сизлар учун Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди.Ҳа, давоми...

4184 05:00 / 23.01.2017
ЮСУФ СУРАСИНИНГ ТАФСИРИМаккада нозил бўлган. 111 оятдан иборат.Уламоларимизнинг таъкидлашларича, бу сураи карима Ҳуд сурасидан кейин нозил бўлган.Ҳуд сураси давоми...

12721 05:00 / 19.01.2017
Аудиолар

120127 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41792 14:35 / 11.08.2021