1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Зулм қиёмат кунининг зулматларидандир

19:22 / 22.01.2018 3699 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ана у! Бизларга Аллоҳнинг марҳамати Унинг осмонидан тўкилмоқда. Ана у! Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг саховати ва ёрдами билан Унинг фазлу карами ва эҳтироми бизларга яқинлашмоқда. 
Аллоҳ азза ва жалланинг бизларга юбораётган неъматларини асрашга ҳаракат қилайлик. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизларни иззат-икром қилиб бераётган марҳаматларига шукр келтириб, уни ҳимоя қилишга интилайлик. 
Шукр гоҳида тилларда такрорланадиган инсоннинг хаёлидаги сиз биладиган сўзлардангина иборат эмас. Балки Аллоҳ таоло бизларга буюрган ҳақиқий шукр, Аллоҳни бизга бераётган неъматларини Унинг розилигини амалга оширадиган ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло буюрган нарсалар учун хизмат қилдиришимиздир. 
Бизларга келаётган илоҳий марҳаматларни ҳимоя қиладиган биринчи нарса бир-биримизга раҳм-шафқатли бўлишимиздир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзини рост айтган: Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди.

Аллоҳ азза ва жалла бизларга муҳтож эмас. Банданинг раҳм-шафқатли бўлиши яратган Мавлосига ҳеч нарса бермайди, балки банданинг ўзи доим Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг раҳмат эҳсонига мунтазир бўлади. 
Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган раҳм қилишдан мурод инсонларнинг бир-бирларига кўрсатадиган меҳрибончиликларидир. 
У зот: Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди”,  деганларида ана шуни назарда тутганлар.
Яъни уммат орасида зулм, нафрат ва бир-бирини ёмон кўриш ўрнига ўзаро меҳрибонлик тарқалмаса, бу умматдан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг марҳаматлари ҳам қисқаради.
Агар бу неъматнинг бардавом бўлишини хоҳласангиз, уни Аллоҳнинг шукри билан ҳимоя қилинглар, бир-бирингизга раҳм-шафқатли бўлиш билан уни асрашга ҳаракат қилинглар. 
Ўзаро меҳрибонлик йўлига ўтиш учун энг муҳим бўлган биринчи қадам зулмдан узоқ юришдир. Миллат ичида зулм тарқалган бўлса, уларнинг бир-бирларига раҳм-шафқат кўрсатишлари имкони бўлмайди.
Кишилар бир-бирларини хафа қилиб, бошқаларга зулм ўтказишларидан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Китоби бизларни жуда чиройли услубда огоҳлантирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу нарсани бизларга гўзал тарзда етказганлар.

Аллоҳ таолонинг шариати ушбу масалада икки ҳақ борлигини бизларга хабар қилган: 1) Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи; 2) бандаларнинг бандалардаги ҳаққи. 

Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи марҳамат кўрсатиш, кечириш ва афв қилиш устига бино қилинган (хоҳлаган вақтда кечиб юборади). Бандаларнинг ҳақлари эса даъволашув устига бино қилинган. Бандалар ҳаққида мутлақо илтифот кўрсатиш йўқдир.
Шунинг учун барча табақадаги кишиларга тааллуқли бўлган вазифа шуки, Аллоҳ таолонинг раҳматига пешвоз чиқаётган вақтимизда бир-биримизга раҳм-шафқатли бўлишимиз муҳим эканини унутмаслигимиз лозим.
Бировларни хафа қилиб, уларга зулм ўтказишнинг хатарли оқибатлари ҳақида гапириб берайми?! Ўйлайманки, ораларингизда Аллоҳнинг Китоби ва Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳдидларини эшитмаган одам бўлмаса керак. У зот алайҳиссалом айтдилар:
“Зулмдан қўрқинглар! Чунки зулм қиёмат кунининг зулматларидандир”. 
Агар яна эшитишни хоҳласанглар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари сизларга етарли кифоя қилади;
“Огоҳ бўлинглар! Ушбу кунингиз, мана шу шаҳрингиз ва бу ойингизда (қон тўкиш) ҳаром қилгани каби бир-бирларингизни қонларингиз, молларингиз ва обрўларингизга тажовуз қилишни ҳам ҳаром қилган. Огоҳ бўлинглар! Етказдимми? Огоҳ бўлинглар, яна мендан кейин баъзиларингиз баъзиларингизнинг гарданига уриб кофир бўлиб кетмасин!” – дедилар.
Имом Муслим ўзларининг саҳиҳларида Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Кимки кишининг ҳаққини қасам ичиб еб кетса (кишининг” дедилар, “мусулмоннинг” демадилар), Аллоҳ таоло унга дўзахни вожиб, жаннатни ҳаром қилади”, – дедилар.
Шунда бир киши: “Эй Аллоҳнинг расули, озгина нарса бўлса ҳамми?” – деб сўради.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: ˝Агар (мисвок учун ишлатиладиган) ароқ дарахтининг шохи бўлса ҳам” – дедилар.
Эҳтимол, сизлар Имом Муслим ўзларининг саҳиҳларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини билсангиз керак;
“Синган киши кимлигини биласизларми?” – дедилар. 
Саҳобалар: Бизда пули, динори ва матоси йўқ кимсани синган киши дейилади, – дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
Менинг умматим орасидаги синган киши Қиёмат куни намоз, рўза ва закот билан келгани-да, у сўккан, зинода айблаган, молини еган, қонини тўккан ҳамда урган (яъни, ана шу мазлумларнинг барчасига) унинг яхшиликлари олиб берилади. Агар яхшилиги тугаб қолса, у ҳолда ҳақдорларнинг ёмонликларидан олиниб унинг устига ташланади, кейин жаҳаннамга улоқтирилади” – дедилар.
Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмонларни зулмдан огоҳлантириб айтган ҳадисларидан айримлари, холос.
Ким бировнинг молини ноҳақ еган бўлса, ким бошқаларни ноҳақ хафа қилган бўлса, ким қўшнисининг еридан ноҳақ бир қарич ерни ўзлаштириб олган бўлса, агар Аллоҳ ўз раҳматини биздан тўхтатиб қўймасин десак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ўша нарсаларни эслайлик. 
Умматнинг етакчилари Аллоҳ ва Унинг Расули огоҳлантирган бу нарсалар олдида тўхталишлари лозим. Умматнинг турли соҳа вакиллари, дурадгор ишчиси бўлсин, хизматчилари ва дехқон фермерлари бўлсин, қўйингки, ҳаммамиз зулмдан узоқ бўлишимиз лозим. Зулм, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, зулматлардир.

Биз билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло марҳаматларининг давом этиши ўртасидаги ягона нарса, бир-биримизга раҳм-шафқатли бўлишимиздир. Осмондан ёмғир ёғиши, ердан гиёҳлар униб чиқиши, дарё ва анҳорларимиздан сувлар тўлиб оқиши учун бир-биримизга меҳрибон бўлишимиз лозим. 
Айтиб ўтганимдек раҳм кўрсатиш фақатгина такрорланиб айтиладиган юзаки сўзлардангина иборат эмас. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ўлчов мезонида юзакилик билан хушомад кўрсатишга ўрин йўқ.
Раҳм-шафқатлиликнинг биринчи босқичи зулмдан узоқ бўлиш, ўзгани ранжитиб хафа қилмаслик ҳамда Аллоҳ азза ва жалланинг ишбошиларга қилган хитобидир. 
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло жамиятнинг турли синф вакилларига зулмдан узоқда бўлишларини айтади. Шу сабабдан улар ўрталарида раҳм-шафқатни ёйишлари лозим. 
Ким раҳм қилса, унга Аллоҳ раҳм қилади. Ер юзидагиларга меҳрибон бўлинглар, қудрати олий бўлган зот сизларга раҳм қилади.
Расулуллоҳ ўз сўзини рост айтган;
Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди.

Бу ҳадис Аллоҳнинг бизга айтган ушбу илоҳий сўзини тафсир қилиб келади:
Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик. Сабр қиласизлармикин?! (Фурқон, 25). 
Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирлари билан имтиҳон қилиб синайди. Агар ўрталарида меҳру шафқат тарқалса, кучли ўз кучини раҳм кўрсатишга, кучсизларга ёрдам бериш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ишлатса, Аллоҳ таоло ҳаммаларига раҳм қилади. 
Агар кучли ўз кучини зулмга, бировнинг ҳаққини тортиб олишга ишлатса, Аллоҳ таоло ҳам улардан раҳматини тортиб олиб, еру осмоннинг баракасини улардан кўтаради. 
Бугун биз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг раҳматига яқинлашмоқдамиз, Аллоҳ таоло қарорни қўлимизга топширган, бу раҳмат ёки давом этади, ёки биздан тортиб олинади. Аллоҳ ишни ўз қўлимизга топширган. Агар ҳар синф вакили Аллоҳга тавба қилса, агар ҳаммамиз Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилиб зулмдан, бировни хафа қилишдан узоқлашсак, бошқалар ҳақини тортиб олишдан ўзимизни тийсак ва орамизда раҳм-шафқат тарқаса, бу илоҳий раҳмат кенгайиб кўпаяди ва яна зиёдалашиб боради. 
Агар ҳаддимиздан ошсак ва орамизда зулмнинг турли шакли тарқалса, бу неъматнинг узилишига мунтазир бўлинглар.

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.


Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан.
07 декабр 2007 йил.

Тошкент шаҳар Эшонгузар жоме масжиди имом хатиби 

Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кимнинг ибтидоси нурафшон бўлса, интиҳоси ҳам нурафшон бўлади.Ушбу ҳикмат ўзидан олдинги ҳикматни тўлдириб келгандир. Барча амал ва ишларнинг хотимаси яхши ва давоми...

3494 20:08 / 12.08.2017
У Зотдан талаб қилишинг Унга туҳмат қилишингдир. Уни талаб қилишинг сени Ундан ғойиблигингдир. Ундан ўзгани талаб қилишинг Ундан ҳаё қилишинг озлигидир. Ундан давоми...

3612 15:42 / 29.09.2017
У Зот сени вужудинг қамоғидан шуҳудинг фазосига чиқариш учун сенга воридни эриштирди.Ушбу ҳикматда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи учинчи ndash юқори давоми...

2856 18:02 / 25.02.2018
Қачон У Зотсенга умидворлик эшигини очмоғини ирода қилсанг, УЗотдан сенга бўлган нарсани мушоҳада қил. Қачон У Зотсенга хавф эшигини очмоғини ирода қилсанг, давоми...

2536 16:50 / 01.04.2018