1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг тақсимлари

18:26 / 15.01.2018 5003 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биринчи тақсим

Ёмонланаётган одамнинг мусулмонлиги ёки мусулмон эмаслигига қараб ғийбат уч қисмга бўлинади:

1. Мусулмон одамни ғийбат қилиш. Мусулмон одамни ғийбат қилиш қатъий ҳаромдир. Чунончи, Аллоҳ таолонинг «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин»[1] ояти мана шу ҳақда нозил бўлган. Чунки «баъзиларингиз» сўзининг охиридаги «-ингиз» қўшимчаси мусулмонларга қаратилган бўлиб, оят «Ҳеч бир мусулмон бирор мусулмонни ғийбат қилмасин» деган маънони англатади.

2. Зиммийни ғийбат қилиш. Зиммий, яъни ислом диёрида жизя (жон солиғи) тўлаб, шу юртнинг қонун-қоидаларига бўйсуниб яшайдиган кофир кишини ғийбат қилиш ҳам ҳаромдир. Зотан, кофир киши мусулмонларга тобе бўлгач, унинг жони, моли ва обрўсининг ҳимояси мусулмонларники билан тенг бўлиб қолади. Мусулмоннинг иззати ва обрўсини тўкиш ҳаром бўлганидек, зиммийга нисбатан ҳам бу ишни қилиш ҳаром ҳисобланади. Бу масала «Ад-Дуррул мухтор» ва бошқа китобларда очиқ-ойдин баён қилинган.

3. Аҳли ҳарб бўлган кофирни ғийбат қилиш. Аҳли ҳарб деб ислом диёрига тобе бўлмаган кофирга айтилади. Фиқҳий китобларда айтилишича, бундай кофирни ғийбат қилиш дуруст ҳисобланади.

Иккинчи тақсим

Ёмонланаётган одамнинг тириклиги ёки ўлганига қараб ғийбат икки қисмга бўлинади:

1.Тирик одамни ғийбат қилиш.

2. Ўлган одамни ғийбат қилиш.

Тирикларни ғийбат қилиш ҳаром бўлганидек, вафот этган инсонларни ҳам ғийбат қилиш, сўкиш, ёмонлаш ва айблаш ҳаромдир. Гарчи улар ҳаётликларида гуноҳларга шўнғиб, умрларини хатолар билан барбод қилган бўлсалар ҳам. Чунки бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан янада қаттиқ қайтариқлар келган.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлардан бирор киши (бир ривоятда «дўстингиз») вафот этса, уни ўз ҳолига қўйинглар, уни ғийбат қилманглар!»[2]

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ўлганларни сўкманглар, чунки улар қилган амаллари(нинг жазоси)га етиб бўлишган».[3]

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ўлганларингизнинг яхши сифатларини зикр қилинглар. Ёмон сифатларидан тилларингизни тийинглар».[4]

Изоҳ. Бу ҳадисдаги «зикр қилинглар» буйруғи мустаҳабликни билдиради, яъни агар уларда яхшилик бўлса, шуни зикр қилсангиз, сизларга савоб бўлади, зикр қилмасангиз ҳеч қандай гуноҳ йўқ. Лекин «тилларингизни тийинглар» буйруғи вожибликка далолат қилади, яъни уларнинг ёмонликларини гапирмасликка мажбурсизлар, деган маънони ифодалайди. Вафот этганларни ғийбат қилиш ҳақдоридан кечирим сўрашнинг имкони бўлмаган гуноҳи кабирадир. Тирик одамни ғийбат қилганда ундан кечирим сўраб, гуноҳдан қутулиш имкони бор, лекин ўлган одамни ғийбат қилган кимса ундан ўзи ўлганда ҳам узр сўрай олмайди. Мана шу жиҳатдан ҳам бу иш тирикларни ғийбат қилишдан ҳам ёмонроқдир.[5]

Муаллиф изоҳи. Фаразан, ўликларни ғийбат қилишдан қайтарувчи ҳадислар бўлмаганда ҳам, ақлнинг ўзи ўлганларни ғийбат қилиш тўрт жиҳатдан жоиз эмаслигини англаган бўлар эди.

1. Ўликлар тирикларни ғийбат қилмайдилар, шунинг учун тириклар ҳам уларни ғийбат қилмасликлари ва уларга озор етказмасликлари лозим.

Ҳикоя. Абу Дардо розияллоҳу анҳу кўпинча қабристонга бориб, қабрлар олдида ўтирар эканлар. Бунинг сабаби сўралганда у киши: «Охиратни ёдимга соладиган, олдидан кетганимда мени ғийбат қилмайдиган кишилар ёнида ўтиргим келади», дер эканлар.[6]

2. Марҳумлардан тирикларга фойда етади. Зеро, уларни зиёрат қилиш билан охират ёдга олинади, дунёнинг ўткинчилиги яна бир бор эсга тушади. Шунинг учун тириклар ҳам марҳумларга фойда етказишлари, бу яхшиликлар эвазига уларни мукофотлашлари лозим.

Ҳикоя. Али розияллоҳу анҳудан: «Қабристонга нима учун кўп борасиз?» деб сўрашди. У киши: «Қабристон аҳли охиратни ёдимга солиш билан менга фойда беради, мени ёмонлаб, устимдан шикоят қилмайди. Шунинг учун қабристонга кўп бораман, у ердагилар билан кўпроқ суҳбатлашаман», деб жавоб бердилар.

3. Ўликлар ғийбат қилинса, уларнинг яқинларига ёки умуман тирикларга озор етади.

Тавсия. Жон бераётган кишининг юзи қорайса, тили калимага келмаса, қабрида қандайдир азоб ёки илон, чаён каби ер ҳашаротлари кўринса, бу ишни билганлар бошқа одамлар орасида уни ошкор қилмасликлари, маййит ҳақидаги бу хунук хабарни ёймасликлари лозим. Токи бу гаплар билан яқинларининг қалбига озор етмасин.

Ҳикоя. Қариндошларимдан Муҳаммад Изҳорулҳақ Лакҳнавий исмли бир авлиё зот оламдан ўтди. Жон бераётган вақтида у кишининг тили калимага келмади. У киши ювилиб, кафанланганидан сўнг, ўша ердаги кишилардан бири таъна қилиб, «Кўринишда тақводор эди, лекин ўлаётганда тили калимага келмади», деди. Бу гапдан ўша ердагилар озор топди. Шунда марҳум ҳазрат оёқларини қимирлатди ва баланд овозда калима айтди. Айтилган бу калимани эшитган одамлар таъна қилган кишининг ўзини айбладилар.

4. Агар ўлган киши жаннатий бўлса, уни ғийбат қилиш аҳмоқликдан ўзга нарса эмас. Аксинча, дўзахий бўлса, уни ғийбат қилишнинг умуман ҳожати йўқ, чунки унга турган жойининг ўзи етарлидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўзахга кириш эҳтимоли бўлган кишини ғийбат қилишдан ҳам қайтарганлар.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ўлганларингизни фақат яхшилик билан ёд қилинглар, чунки улар жаннат аҳлидан бўлса, (уларни ғийбат қилиш билан) гуноҳкор бўласизлар. Агар улар дўзах аҳлидан бўлса, турган жойларининг ўзи уларга етарлидир».[7]

Учинчи тақсим

Аксар фиқҳий китобларда ёш бола ва жиннини ғийбат қилиш ҳукми зикр қилинмаган. Шунинг учун имом Таҳтовий раҳимаҳуллоҳ каби муҳаққиқ олим ҳам бу ҳақда очиқ-ойдин бирор нарса ёзмаган. Лекин баъзи фақиҳлар буни очиқ ҳаром деб айтганлар. Чунончи, Ибн Обидин Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳдан: «Балоғатга етган кишини ғийбат қилиш ҳаром бўлганидек, ёш бола ва жиннини ғийбат қилиш ҳам ҳаром», деган гапни ривоят қилганлар. Менинг наздимда, масалани янада батафсилроқ баён қилиш керак. Умуман олганда, мақтаса хурсанд бўладиган ёки ёмонласа хафа бўладиган даражада ақли бўлган болани ҳамда маътуҳ, яъни ақли бироз камроқ одамни ғийбат қилиш дуруст эмас. Худди шунингдек, бирор қариндоши бор бўлган ақлсиз ёш бола ва жиннини ҳам ғийбат қилиш дуруст эмас. Чунки уларнинг ўзида ақл бўлмаса ҳам, уларни ғийбат қилиш билан қариндошларининг қалбига озор етади. Агар улардан (ёш бола, ақли заиф ё жиннидан) одамларга бирор зарар етиш эҳтимоли бўлса, у ҳолда уларнинг олдида ҳам, ортидан ҳам бошқаларни огоҳлантириш мақсадида айбларини айтиш жоиздир.


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] Ҳужурот сураси, 12-оят.

[2] «Сунани Абу Довуд», 4899-ҳадис.

[3] «Ат-Тарғиб ват-тарҳиб».

[4] «Сунани Абу Довуд», 4900-ҳадис.

[5] Изоҳ «Базлул мажҳуд»дан истифода қилинди. (Тарж.)

[6] «Иҳёу улумид-дин».

[7] «Иҳёу улумид-дин».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
4595. Абу Довуд ва Термизийларнинг ривоятида.Албатта, дуонинг энг тез ижобат бўладигани ғойибнинг ғойибга қиладиган дуосидир,, дейилган.Шарҳ Чунки бундай дуо риёдан давоми...

4581 20:11 / 05.03.2018
Аллоҳ таоло учун ғийбaтни тaрк этган киши улуғ мaртaбaлaргa эришaди. Қуйида ғийбaтни тaрк этиш ва тилни oдaмлaр шикoятидaн тийишдаги фойдаларни санаб ўтамиз.Биринчи фoйдa давоми...

3226 22:34 / 01.05.2018
Ўтган ҳафта сизларга муҳим бир масала ndash қалбнинг дунёга муҳаббат қўйиши ва бунинг оқибатида пайдо бўладиган ҳалокатли асоратлар ҳақида гапириб берган эдим. Ва давоми...

4184 16:42 / 02.12.2017
8. .У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин Ҳолбуки, У сенга ҳамма нарсадан яқинроқ Зотку,Аллоҳ таоло бандасига ҳаммадан кўра яқин эканини У давоми...

3614 16:46 / 08.10.2017