1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Оламда Аллоҳнинг дини биттадир

17:05 / 01.12.2016 5784 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

     Осмону ерда Аллоҳнинг дини биттадир. У Ислом динидир. Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир», (Оли Имрон сураси, 19-оят)деган. Ва яна «Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим», (Моида сураси, 3-оят)деган. У ҳаддан ошиш ва камчиликка йўл қўйиш ўртасидадир. Ташбеҳ (ўхшатиш) ва таътийл (амалдан қолдириш) ўртасидадир. Жабр ва қадар ўртасидадир. Хотиржамлик ва умидсизлик ўртасидадир.

     Шарҳ: Яъни Аллоҳга ибодат қилиш йўли, дастури ва низоми еру осмонда бирдир. Аллоҳнинг ерда шериги йўқ бўлганидек, осмонда ҳам шериги йўқдир. У ерда ҳам, осмонда ҳам Ўзидан бошқага ибодат этишни жоиз қилмас. Шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ерда набийларнинг хотами бўлганларидек, осмонда ҳам набийларнинг хотамидирлар.

«Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» калимаси ила таъбир қилинадиган Ислом динининг асоси шудир.

Имом Таҳовий Оли Имрон ва Моида сураларидан биттадан оятни далил қилиб келтирадилар. Сўнгра Исломнинг хусусияти ва фазлини баён қилиб: «У ҳаддан ошиш ва камчиликка йўл қўйиш ўртасидадир», деб айтиб ўтадилар.

 

Дин битта, шариатлар турлидир 

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда собит бўлишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Биз – анбиёлар жамоасининг динимиз бирдир», деганлар.

(Аҳмад ривоят қилган).

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

 

«Ким Исломдан бошқа динни истаса, бас, ундан ҳаргиз қабул қилинмас», деган(Оли Имрон сураси, 85-оят).

Шунга биноан, ҳамма замонларда дин битта – Ислом дини бўлган, лекин шариатлар турлича бўлган.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти бунга далилдир:

    «Сизлардан ҳар бирингизга алоҳида шариат ва маслак қилиб қўйдик»(Моида сураси, 48-оят).

Дин аслий нарсалардан иборат бўлиб, у биттадир. Шариат эса фаръий нарсалардан, амал қилиш йўлларидан иборат бўлиб, у турличадир.

     Ислом Аллоҳ таоло Ўз бандаларига Ўз пайғамбарлари орқали юборган кўрсатмалари тўпламидир. Бу диннинг асли ҳам, фарълари ҳам пайғамбарлар томонидан ривоят қилингандир. Дин жуда ҳам очиқ-ойдин нарсадир. Унга ҳар бир вояга етгану етмаган, каттаю кичик, фасийҳ ҳам, ажам ҳам, закий ҳам, нозакий ҳам энг қисқа муддатда кириши мумкин. Лекин бу диндан чиқиш эса киришдан ҳам тез, яъни биргина сўзни инкор қилиш билан, ёлғонга чиқариш ёки қарши туриш билан бўлиши мумкин. Шунингдек, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш, Аллоҳ таолонинг сўзига гумон билан қараш, Аллоҳ таоло нозил қилган нарсани рад қилиш, Аллоҳ шак-шубҳага ўрин қолдирмаган нарсада шаккоклик қилиш ва шунга ўхшаган диндан чиқишга сабаб бўладиган нарсалар билан бўлиши мумкин.

     Муаллифнинг «У ҳаддан ошиш ва камчиликка йўл қўйиш ўртасидадир», дегани ҳақида.

«Ҳаддан ошиш» араб тилида «ғулув» дейилиб, бу шариат қўйган чегарадан зиёда ёки нуқсон билан четга чиқишни билдиради.

«Камчиликка йўл қўйиш» эса «тақсийр» дейилиб, шариатда кўрсатилган чегарага етмасдан, буйруқларни ва қайтариқларни тарк этиш билан бўлади.

Ислом ҳаддан ошиб, чегарадан чиқишни кечирмайди ва атайлаб камчиликка йўл қўйишни афв қилмайди. Балки, ўртача йўл тутади.

Далил:

     «Эй аҳли китоблар! Динингизда ноҳақ ҳаддан ошманг...» деб айт» (Моида сураси, 77-оят).

 

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилманг. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас»(Моида сураси, 87-оят).

 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир нечта асҳоблари у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларидан у зотнинг ошкор бўлмаган амаллари ҳақида сўрадилар. Улардан бири: «Аёлларга уйланмайман», деди. Бошқа бири: «Гўшт емайман», деди. Яна бири: «Кўрпада ухламайман», деди. Шунда у зот: «Одамларга нима бўлдики, бундоқ, бундоқ, дейишибди?! Лекин мен (тунда) намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, (нафл) рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам юраман, аёлларга уйланаман ҳам. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар» (Муслим ривоят қилган).

Аллоҳ таоло:

 «Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки… улар намозларини унутувчилардир», деган (Моъун сураси, ­4-5-оятлар).

Яъни намоз ҳақида бепарволик қилиб, камчиликка йўл қўйиб, уни эсдан чиқарадиганлар ҳалок бўлсин, ҳолига вой бўлсин.

Муаллифнинг «Ташбеҳ (ўхшатиш) ва таътийл (амалдан қолдириш) ўртасидадир», деган сўзи ҳақида.

«Ташбеҳ» – махлуқнинг сифатларидан бирини Холиққа исбот қилишдир.

«Таътийл» – Аллоҳ таолонинг Ўзи ва Унинг Расули У Зоти таолога нисбат берган сифатлардан бирортасини манфий (рад) қилишдир.

Аввал айтиб ўтилганидек, Аллоҳ таоло Ўзини Ўзи ёки Расули васф қилганидек, ўхшатмасдан васф қилинишини яхши кўради. «У бизга ўхшаб эшитади, бизга ўхшаб кўради», каби гаплар айтилиши жоиз эмас. Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўзини Ўзи ёки Расули васф қилганидек, таътийл қилмасдан васф қилинишни яхши кўради. У Зот Ўзини Ўзи ёки У Зотни энг яхши биладиган зот –  Пайғамбари васф қилган сифатлардан бирортасини инкор қилиб бўлмайди. Чунки бу таътийлдир.

Аллоҳ таолонинг Ўзи:

     «У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У ўта эшитувчидир, кўриб турвчидир», деган (Шуро сураси, 11-оят).

«У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» деган сўзи  мушаббиҳа мазҳабига раддиядир.

«У ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир», дегани муъаттила мазҳабига раддиядир.

Муаллифнинг «Жабр ва қадар ўртасидадир» деган сўзи ҳақида.

Бу маъно ҳақида ҳам олдин гапириб ўтилган. Банда ўз иш-ҳаракатлари ва гапларига мажбур қилинмас. Албатта, унинг гаплари ва иш-ҳаракатлари титроқ босгандаги ҳаракатга ёки шамол эсгандаги дарахтнинг ҳаракатига ўхшаган эмасдир. Шунингдек, унинг гаплари ва иш-ҳаракатлари унинг ўзи томонидан халқ қилинган ҳам эмасдир. Балки улар баданнинг иш-ҳаракатлари ва касби бўлиб, Аллоҳнинг яратганидир. Яратиш ва касб қилиш орасидаги фарқ олдин айтиб ўтилди.

Муаллифнинг «Хотиржамлик ва умидсизлик ўртасидадир», дегани ҳақида.

Бу маъно тўғрисида ҳам олдин айтиб ўтилган. Банда доимо ўз Роббининг азобидан қўрқиб, раҳматидан умидвор бўлиб туриши лозим. Хавф билан умидворлик банданинг Аллоҳ томон юришида икки қанот вазифасини ўтайди. Банда Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлмайди. Шунингдек, Унинг раҳматидан ноумид ҳам бўлмайди.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(«Ақийдатут-Таҳовия» шарҳинингталхийси китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Байъат, сўзи луғатда .олдисотди,ни англатади. Шариатда эса, байъат кишиларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат ҳақида берган аҳдномаларини ифода давоми...

12228 22:47 / 02.12.2016
Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва сифатларини яхшилаб таниб олинганидан кейин ўша олиймақом исм ва сифатларга боғлиқ бир неча масалаларни ҳам батафсил тушуниб давоми...

3446 13:50 / 19.04.2021
Ўтган пайғамбарлар ўзларига берилган мазкур моддий мўъжизаларни ўз ўрнида ишлатганлар. Лекин уларнинг вафотлари билан барча мўъжизалар ҳам амалдан қолган. Чунки давоми...

2181 14:20 / 25.10.2018
islom.uz middot 010 Илм нима Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, ақийда ўта ишончли илмга асосланган бўлиши керак. Хурофот, хаёл, илҳом, оддий шаклдаги илм билан исломий ақийда давоми...

5943 13:02 / 21.09.2020
Аудиолар

120158 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41819 14:35 / 11.08.2021