1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Бақара, 214

05:00 / 19.01.2017 3286 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

214. Сиздан аввал ўтганларга келганга ўхшаш нарса сизларга келмасдан туриб, жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми? Уларни бало ва мусибатлар тутган ва ларзага туширилганлар. Ҳаттоки, Пайғамбар ва у билан иймон келтирганлар: «Аллоҳнинг нусрати қачон бўлади?» деганлар. Огоҳ бўлинглар, албатта, Аллоҳнинг нусрати яқиндир.

Ушбу ояти каримадаги савол Пайғамбар алайҳиссалом ва мусулмон кишиларга қаратилган. Улар Исломга тўлиғича киришга, Аллоҳ туширган ҳақ китобга амал қилиб тўғри йўл-сироти мустақийимда собит қадам бўлишга ҳаракат қилиб туришганда, аввал ўтган мўминларнинг тажрибасига ишора қилиб, улар тортган қийинчиликларни булар ҳам тортиши шартлиги ва усиз жаннатга кириб бўлмаслиги ишора қилинмоқда.
«Сиздан аввал ўтганларга келганга ўхшаш нарса сизларга келмасдан туриб, жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми?»
Демак, жаннатга кириш осон эмас, иймон, Исломни оғизда эълон қилиб қўйиш билангина бўлавермайди. Жаннатга киришнинг бир шарти–аввалги умматлардан унга киришга ҳақдор бўлганларга юборилган оғир синовларни бошдан ўтказиш зарур.
Хўш, аввал ўтган умматлар нималарга дучор бўлибдилар?
«Уларни бало ва мусибатлар тутган».
Ҳақни юзага чиқариш йўлида улар турли синовлардан, имтиҳонлардан ўтганлар, душманларнинг тажовузига, уруш-сўкишига, озорларига чидаганлар, очлик, қийноқ ва муҳтожликларга учраганлар. Улар тортган қийинчиликлар шу даражага етганки, иймонли бўлишларига, бу синовлар уларга обрў келтиришини аввалдан билишларига қарамасдан, ҳаттоки
Ҳаттоки, Пайғамбар ва у билан иймон келтирганлар: «Аллоҳнинг нусрати қачон бўлади?» деганлар.
Азоб-уқубатнинг ҳаддан ошиб кетганидан, улар шундай дейишга мажбур бўлганлар. Қалбларни ларзага солувчи синовлар пайтида ҳам иймонида собит қолувчилар,
«Огоҳ бўлинглар, албатта, Аллоҳнинг нусрати яқиндир».
Демак, банда ўз амали, сабри, матонати билан ҳақдор даражасига етганда, Аллоҳ унга Ўз нусратини беради.
Хаббоб ибн ал-Арт розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда у киши дейдилар» «Эй Аллоҳнинг Расули, бизга нусрат сўрасангиз-чи, Аллоҳга дуо қилсангиз-чи», дедик. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Сизлардан олдин ўтганларнинг баъзиларини бошининг қоқ ўртасидан арра солиб, оёғидан арралаб чиқиб кетсалар ҳам, динларидан қайтмаган эди. Гўштларини темир тароқ билан тараб, суякларидан ажратиб олсалар ҳам, динларидан қайтмаган эди. Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг Ўзи бу ишни батамом қилади. Ҳали улов минган одам Санъодан Ҳазирмавтгача ҳеч нарсадан қўрқмай, Аллоҳдан ва қўйини бўри еб қўйишидангина қўрқиб борадиган ҳам бўлади. Лекин сизлар шошқалоқлик қиляпсизлар», дедилар».
Рум подшоси Ҳерақл Абу Суфёндан Пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида сўраган саволлари ичида: «У билан уруш қилдиларингизми?» деган савол ҳам бор эди. Абу Суфён, ҳа, деди. Ҳерақил: «Ораларингиздаги уруш қандай кечди?» деди. Абу Суфён: «Гоҳ ундай-гоҳ бундай, баъзида у енгди, баъзида биз енгдик», деди. Ҳерақил: «Ўзи ҳақиқий Пайғамбарларнинг иши шунақа бўлади: синалиб-синалиб оқибатда ғолиб келадилар», деди.
Демак, сабр қилиш, ҳаракат қилиш керак экан.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримни араб ҳарфлардан бошқа алифбода ёзиш ҳақидаМазкур мусҳаф Абу Бакр розиллоҳу анҳунинг вафотларидан кейин Халифа Умар розияллоҳу анҳунинг давоми...

3303 12:30 / 17.11.2021
Аллоҳ ndash Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қойюмдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат давоми...

25977 19:48 / 04.04.2018
Ваҳий илоҳий ҳикмат ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шароитга мувофиқ, тарқоқ ҳолда нозил бўлиб борди. Аллоҳ таоло ваҳий орқали у зот алайҳиссаломга давоми...

5177 21:10 / 25.03.2019
Албатта, молу жонда синовга учрайсиз. Албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк келтирганлардан кўплаб озор эшитасиз. Агар сабр қилсангиз ва тақво давоми...

4807 05:00 / 19.01.2017
Аудиолар

118797 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40747 14:35 / 11.08.2021