1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Фатҳ,29

05:00 / 19.01.2017 3307 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир, у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар. Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб, рукуъ ва сажда қилган ҳолларини кўрасан. Уларнинг сиймоси сажда асаридан юзларида (балқийди). Ана ўша, уларнинг Таврот ва Инжилдаги мисолларидир. Бу худди уруғини ёриб чиқариб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшар. Кофирларнинг ғазабини қўзиш учун. Аллоҳ улардан иймон келтириб ва солиҳ амалларни қилганларга мағфират ва улуғ ажрни ваъда қилди.

Бу ояти карима Муҳаммад алайҳиссаломнинг Расуллик сифатларини таъкидлаш билан бошланмоқда.
«Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир»
Маълумки, мушрик ва кофирлар бу сифатларни инкор қилган эдилар. Уларнинг вакили Суҳайл ибн Амр, қиссанинг аввалида айтилганидек, Пайғамбар алайҳиссалом сулҳ матнини имло қилаётганларида, матндан «Аллоҳнинг Расули» деган иборани ўзгартиришларини қатъий талаб қилиб туриб олган эди. «Биз сени Аллоҳнинг Расули эканингни тан олганимизда бу ишларни қилмас эдик» деган маънода гап қилган эди. Ояти карима мушрикларнинг мана шу қайсарликларига қақшатқич зарба бермоқда. Мўмин-мусулмонларнинг яхши сифатлари кўп аммо ушбу оятда уларнинг вакиллари бўлмиш саҳобаи киромларнинг баъзи сифатлари махсус васф қилинмоқда:
«... у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар». 
Саҳобаи киромларнинг фазлларини зоҳир этиш учун келтирилган ушбу сифат ҳар бир мўминнинг ҳам сифати бўлиши лозим. Саҳобалар, оталари ёки болалари кофирлар сафида бўлсалар, уларга қарши ҳам қаттиққўл бўлганлар. Аммо ким бўлишидан қатдий назар, мусулмонга меҳрибон бўлишган.
«... Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб руку ва сажда қилган ҳолларини кўрасан...» 
Уларнинг асосий сифатларидан бири-ҳамма ишни Аллоҳнинг фазли ва розилиги учун қилишлари. Бошқа бирор тараф ёки шахснинг розилиги деб Аллоҳнинг розилигини четга сурмайдилар. Шунинг учун фазли марҳаматни ҳам фақат ягона Аллоҳнинг Ўзидан кутадилар.
Яна бир сифатлари,
«рукуъ ва сажда қилган ҳолларини кўрасан».
улар доим рукуъ ва сажда ҳолатида, яъни, ибодат ҳолатида бўладилар. Мўмин-мусулмон шахснинг, ҳосатан, оятда мадҳлари келаётган саҳобаи киромларнинг барча ҳаётлари ибодатдан иборатдир. Лекин, шундай бўлса ҳам, банданинг Аллоҳга энг яқин бўладиган пайти-рукуъ ва сажда пайтининг оятда зикр қилиниши бежиз эмас. Ояти каримадаги тавсифдан улар худди доимо рукуъ ва саждада тургандек тасаввур пайдо бўлади.
«Уларнинг сиймоси сажда асаридан юзларида (балқийди)».
Яъни, ибодатнинг асари юзларидан билиниб туради. Бу оддий ҳақиқат бўлиб, ибодатли, пок, тақводор инсонларнинг юзларидан иймон нури ёғилиб туришини ҳар бир мулоҳазали кўзи очиқ киши кўра олади.
Пайғамбаримиздан қилинган ривоятлардан бирида, кимнинг кечасида намози кўпайса, кундузида юзи чиройли бўлади, дейилган. Саҳобаи киромлар бу борада ҳаммага ўрнак бўлганлар.
«Ана ўша, уларнинг Таврот ва Инжилдаги мисолларидир» 
Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, саҳобаи киромларнинг сифатлари аввалги илоҳий китоблар Таврот ва Инжилда ҳам зикр қилинган. Маълумки, ҳозирда яҳудийларнинг қўлларидаги Таврот Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таолодан туширилган ҳақиқий Таврот эмас, балки бузилиб, ростидан ёлғони, тўғрисидан но тўғриси кўп бир ҳолатга келган бир китобдир. Инжил ҳақида ҳам худди шу нарсани айтиш мумкин. Шундай бўлса-да, уламоларимиз бу икки китобнинг ҳозирги нусхаларидан ҳам мазкур ояти каримани тасдиқловчи матнларни топишган. Биз ўрганаётган ояти каримада эса, ҳақиқий, ҳеч бузилмаган илоҳий васф келган, у ҳам бўлса:
«Худди бир экинга ўхшайдики, уруғини ёриб чиқиб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирганидек...»
Ушбу зарбулмасал ила Аллоҳ таоло Ислом динининг бошланиши, ўсиши, улғайишини баён қилмоқда. Чунки, Муҳаммад алайҳиссалом ёлғиз ўзлари бошлаган даъватни саҳобаи киромлар қўллаб-қувватладилар ва шу тарз худди қобиғини ёриб чиққан уруғ аста-секин ривожланиб, деҳқоннинг кўзини қувонтирадиган ўсимликка айлангани сингари Ислом ҳам Пайғамбаримиз бошчиликларидаги саҳобалар жамиятида ўсиб кўзни қувонтириб борди.
Лекин бу ҳолат кофирларнинг ғазабини қўзитар эди. Шунинг учун ҳам ояти каримада,
«Кофирларнинг ғазабини қўзиш учун», деган ибора келди. Ушбу маънодан келиб чиқадики, саҳобалардан ғазаби қўзиган, уларни беҳурмат қилганлар кофирлар қаторига қўшилар эканлар. Оятдаги шунчалик иззат-икром устига Аллоҳ таоло саҳобаи киромларга яна мағфират ва улуғ ажрларни ҳам ваъда қилмоқда:
«Аллоҳ улардан иймон келтириб ва солиҳ амалларни қилганларга мағфират ва улуғ ажрларни ваъда қилди».
Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ, У зот Ўз ваъдасига асло хилоф қилмайди. Саҳобалар-улуғ инсонлар. Пайғамбаримизнинг суҳбатларини топишдан ҳам улуғроқ бахт борми дунёда?! Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон саҳобаи киромларнинг ҳурматларини ўрнига қўйиши лозим. Уларга нисбатан беодоблик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадиси шарифларидан бирида: «Саҳобаларимни сўкманглар, менинг нафсим қудрат қўлида бўлган зот билан қасамки, агар бирортангиз Уҳуд тоғидек олтин нафақа қилсангиз ҳам, уларнинг биттасининг бир муддига (оғирлик ўлчови) тўғри келмайди», деганлар.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчамизни саҳобаи киромлардан ўрнак олиб, уларни ҳурматлаб яшашга муяссар қилсин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Нофеъ алМаданий қироати1 Имом Нофеъ алМаданийдан Ийсо Қолун орқали келган санадУндан Ийсо Қолун қилган ривоят ҳақида бизга Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад давоми...

2905 13:30 / 19.01.2021
Қуръони Каримда нозил бўлган бир оят ҳақида икки хил ривоят келган бўлиб, иккиси ҳам икки хил сабабни очиқ баён қилган бўлса, улар алоҳида ўрганилади. Шунда давоми...

3731 16:00 / 05.07.2019
Имом Осим қироати1 Ундан Абу Бакр Шуъбанинг ривояти.Бизга уни Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Али алКотиб хабар берган. У айтади.Бизга ибн Мужоҳид хабар берган. У давоми...

1526 13:30 / 16.02.2021
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ таоло .Кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан нарсаларни сўрашдан тўсган давоми...

4759 20:49 / 02.03.2018
Аудиолар

118731 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40695 14:35 / 11.08.2021