1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Туфайл ад-Давсий қиссаси

16:46 / 26.12.2017 4896 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўз қабиласида катта обрўга эга бўлган, шоирлиги ва уддабуронлиги билан шуҳрат қозонган Туфайл ибн Амр ад-Давсий Маккага келди. Қурайшликлар дарҳол унинг йўлини тўсиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашмаслик, гапига қулоқ солмаслик ҳақида қаттиқ огоҳлантирдилар. Улар унга:

«Биз ўзимизга етган мусийбат сенга ва сенинг қавмингга ҳам етиб қолишидан қўрқамиз. Сен зинҳор ва зинҳор унга гапирмагин ҳам, гапини ҳам эштимагин», дедилар.

Гапнинг қолганини Туфайлнинг ўзидан эшитинг:

«Аллоҳга қасамки, улар ҳадеб гапираверганларидан у зотдан бирор нарса эшитмасликка ва ўзим ҳам бирор нарса демасликка азму қарор қилдим. Ҳаттоки, қулоғимга пахта ҳам тиқиб олдим. Кейин ибодатхона томон бордим. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг ёнида намоз ўқиётган эканлар. У кишига яқинроқ бордим. Аллоҳ у кишининг баъзи сўзларини эшитишимни ирода қилди. Гўзал бир калом эшитдим. Сўнгра ўзимга ўзим «Онам кўкимни кийсин! Аллоҳга қасамки, мен бир ўткир ақлли ва шоир одам бўлсам. Яхши-ёмон менга махфий бўлмаса. Кел, мана шу одамнинг нима деяётганини бир эшитай. Агар у келтирган нарса яхши бўлса, қабул қиларман, ёмон бўлса, тарк этарман», дедим».

Шундай қилиб, Туфайл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан у зотнинг уйларига кирди ва бўлиб ўтган қиссани айтиб берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Исломни арз қилдилар ва Қуръон тиловат қилиб бердилар. Туфайл Исломга кирди ва ўз қавмига бориб, уларни ҳам динга даъват қилди. У ўз аҳлига «Агар Исломга кирмасангиз, сиз билан яшамайман», деди. Улар ҳаммалари Исломни қабул қилдилар. Кейин Давс қабиласининг барча аъзолари иймонга келдилар.

Бунга ўхшаш ҳодисалар ўша вақтда нодир бўлса ҳам, кофирларни жуда қаттиқ ташвишга солар эди. Улар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга қарши ўз фаолиятларини яна ҳам шиддатлатишар эдилар. Ўз яқинларини, бола-чақаларини ва бошқа томондан келган кишиларни мусулмонлар билан, хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашиш, гаплашишдан қатъиян ман қилишар эди. Кундан-кунга мусулмонлар ҳамда уларнинг сардорлари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам учун вазият оғирлашиб борар эди. Шундай бир пайтда кетма-кет икки оғир мусийбат ҳам юз берди.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сабаби нузулни ифода қилиш бўйича ишлатиладиган таъбирлар ҳам турлича бўлади.Баъзида .Фалон оятнинг сабаби нузули бундай,, дея очиқ айтилади. Унда сабаб аниқ давоми...

4306 17:00 / 26.06.2019
Бошқа набийларга келгани каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам ваҳий келган эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий тушиш ҳоллари қуйидаги давоми...

7914 11:09 / 15.10.2018
96. Одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй, Баккадаги уйдир.97.Унда очиқ аломатлар ва мақоми Иброҳим бор. Ким унга кирса, тинч бўладир. давоми...

9495 05:00 / 23.01.2017
Муташобиҳ сифатлар деганда, Аллоҳ таолони сифатлаб келган, аммо сиртдан қараганда, У Зот таолога нисбат бериб бўлмайдиган оятларнинг маъноси кўзда тутилади. давоми...

3215 13:00 / 25.08.2020