1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Аъроф сураси, 172-173

05:00 / 19.01.2017 7322 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

7-172. Роббинг Бани Одамнинг умуртқа поғанасидан, қиёмат куни, бундан ғофил эдик, демасликларингиз учун, зурриётларини олиб, ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб: «Роббингиз эмасманми?» деганида; «Худди шундай! Гувоҳ бўлдик!» деганларини эсла.

Бу ояти каримада ғаройиб бир ҳолат таъриф этилмоқда. Аллоҳ таоло Ўзига маълум бўлган бир пайтда, даври қиёматгача дунёга келадиган барча одамларни оталарининг сулбидан уруғликларни чиқариб олган ва ўша уруғликларга:
«Роббингиз эмасманми?!» деб савол берган.
Бу саволни беришдан биринчи мақсад уларни ўзларига гувоҳ қилиш бўлса; иккинчи мақсад, қиёмат куни бундан ғофил эдик, демасликлари учундир. Мазкур илоҳий саволга ҳамма зурриётлар:
«Худди шундай», яъни, албатта, Сен Роббимизсан, «гувоҳ бўлдик», деб жавоб беришган. Шунга биноан инсон уруғлик пайтида, яъни, она қорнига ўтганда ва инсон бўлиб яралганда, Аллоҳнинг Робб эканлигини эътироф этгувчи табиат соҳиби бўлади. Яъни, Аллоҳ таоло уни шу ҳолда яратади. Қисқаси, одам боласи онадан Аллоҳ тавҳидини тан оладиган соф табиат билан дунёга келади. Чунки унинг ўзи уруғлик ҳолидаёқ Аллоҳга ал-мийсоқ–аҳду паймон бериб қўйган. Инсоннинг ушбу ал-мийсоқга–аҳду паймонга содиқ қолиши ёки хиёнат қилиши кейинги омилларга боғлиқ.
Имом Бухорий, имом Муслим ва бошқа ҳадис илми имомлари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир гўдак соф табиат ила туғилади. Бас, ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий қилади», деганлар. Яъни, тарбия қилишда шундай йўл тутадилар.
Демак, Аллоҳ таоло инсон табиатини тавҳидга мос равишда бунёд этган. Қай бир инсон ўзининг азалий соф табиатини асраб қола олган бўлса, мўмин-мусулмон бўлади. Кимки ўз табиатини соф ҳолда сақлай олмаган бўлса, кофир, мушрик, худосизга айланади. Чунки аслида кофирлик, мушриклик ва худосизлик инсон табиатига терс нарсалардандир.
Аллоҳ таоло ушбу мийсоқни ва гувоҳликни Бани Одам зурриётидан талаб қилишининг асосий сабабларидан бири, аввал айтиб ўтганимиздек, қиёмат куни биз бундан ғофил эдик, демасликлари учундир. Қиёмат куни ҳақиқатда ҳам мазкур даъвони қилмасликлари ҳақидаги ҳақиқатни имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа имомлар Анас ибн Моликдан розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифдан англаб оламиз. Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат кунида дўзах аҳлидан бўлган ҳар бир кишига: «Айт-чи, агар ер юзидаги ҳамма нарса сеники бўлса, қутулиш учун тўловга берармидинг?» дейилади. У: «Ҳа», дейди. Аллоҳ: «Мен сендан бундан кўра осон нарсани хоҳлаган эдим. Одамнинг сулбида турганингда менга ҳеч бир нарсани ширк келтирмаслигингга аҳду паймон олган эдим. Сен эса, фақат ширк келтиришни хоҳладинг», дейди.
Кейинги оятда Бани Одам зурриётини ўзини ўзига гувоҳ қилиб, аҳд олишдан кўзланган яна бир мақсад баён этилади:


173. Ёки: «Ҳақиқатда, ширк келтирганлар олдинги ота-боболаримиз, биз, уларнинг кейинги зурриётимиз. Ботил иш қилувчиларнинг қилмиши туфайли бизларни ҳалок этасанми?» демаслигингиз учун.

(Бани Одамнинг умуртқа поғонасидан зурриётларини олиб, ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб, «Роббингиз эмасманми?» дедик).
Яъни, айбни ота-бобога ағдариб, қутулиб кетишга ҳаракат қилмасликлари учун оталари сулбида турганларидаёқ ҳар бирларидан алоҳида-алоҳида ал-мийсоқ–аҳду паймон олинган. Аллоҳ таолонинг ана шу аҳду паймонга биноан сўроқ-савол қилишга ҳаққи бор. Зеро, Аллоҳ бандаларига ақл берди ва ақлсизларни сўроқ-саволдан озод этди. Ана ўша ал-мийсоқ ва ақл асосида бандаларни сўроқ-савол қилиб, жазолаверса ҳам бўлар эди. Аммо яна меҳрибонлик қилиб, ал-мийсоқни–аҳду паймонни эслашлари ва ақлни пешлашлари учун Пайғамбарлар юборди. Бандаларнинг ақллиларини ва Пайғамбар даъватига эришганларини сўроқ-савол қилишга қарор қилди.
Аммо Бани Одамдан кўплари ҳам ал-мийсоқни–аҳду паймонни, ҳам ақлни ва ҳам Пайғамбарлар даъватини унутиб, Аллоҳга куфр ва ширк келтирдилар. Баъзилари эса, ширкка ўзимиз айбдор эмасмиз, балки ота-боболаримиз гуноҳкордирлар, аслида, ширк келтирганлар улар, биз улардан кейин келган зурриётлармиз, уларнинг ортидан эргашганмиз, холос, бизни ҳалок этма,
«Ботил иш қилувчиларнинг қилмиши туфайли бизларни ҳалок этасанми?» дейдилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
33.Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва .Албатта, мен мусулмонларданман, деган, кишидан ҳам гўзал сўзли ким борДунёдаги энг гўзал сўз, Аллоҳ таоло йўлига давоми...

5631 05:00 / 23.01.2017
Сабаби нузулни билишнинг саҳиҳ нақлдан бошқа йўли йўқдир. . ,. Воҳидий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади.Расулуллоҳ давоми...

4560 15:50 / 18.06.2019
106. Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса,ndashқалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно,ndashким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб давоми...

3254 05:00 / 23.01.2017
биринчи мақолаЗамон ўтиши билан яна янги муаммолар пайдо бўла бошлади. Араб тилини яхши билмайдиган мусулмонлар кўпайиши билан Қуръони Каримни ўқишда муаммо ҳам давоми...

3987 15:50 / 25.02.2020
Аудиолар

120038 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41710 14:35 / 11.08.2021