1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Таяммум таърифи ва унинг ҳукмлари

05:00 / 19.01.2017 31003 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳадиси шарифда “Жаннатнинг калити намоз, намознинг калити таҳоратдир”, дейилган. Таҳорат деганда эса шариат тайин қилган аъзоларни сув билан поклаш тушунилади. Аммо сув топа олмаган ёки уни топса ҳам ишлатиш имкони бўлмаган киши сув ишлатмасдан ҳам покланиши мумкинми? Шариатда ана шундай ҳолатларда таяммум билан покланиш имконияти жорий қилган. Қуйида ана шу покланиш воситасининг таърифи ва унинг ҳукмлари билан батафсил танишиб чиқамиз:


Таяммум луғатда “мақсад қилиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса “покланиш мақсадида пок ер жинси билан юзга ва икки қўлга тирсаклари билан қўшиб масҳ тортиш таяммум деб аталади”.


Таяммумнинг ҳикмати бандалардан покланишдаги машаққатларни аритиб уларга енгиллик яратишдир.


Таяммум ҳақида Қуръон каримда Нисо сурасининг 43 ҳамда Моида сурасининг 6 оятларида бир хил лафздаги қуйидаги буйруқ келган:


وَإِنْ كُنْتُمْ مَرْضَى أَوْ عَلَى سَفَرٍ أَوْ جَاءَ أَحَدٌ مِنْكُمْ مِنَ الْغَائِطِ أَوْ لَامَسْتُمُ النِّسَاءَ فَلَمْ تَجِدُوا مَاءً فَتَيَمَّمُوا صَعِيدًا طَيِّبًا


Агар бемор бўлсаларингиз ёки сафарда бўлсаларингиз ё бирорталарингиз таҳоратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилса-ю, сув топа олмасаларингиз, покиза тупроқ билан таяммум қилинглар.


Шунга кўра таяммум ушбу сураларнинг қайси биридаги оятлар билан билан жорий қилинган деган савол туғилиши табийдир. Имом Суютий роҳматуллоҳи алайҳ таяммум Моида сурасидаги оят билан жорий қилингани ҳадислар билан исботланганини айтган.


Таяммум ҳақида Имом Абу Довуд Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:


التَّيَمُّمُ كَافِيكَ وَلَوْ إِلَى عَشْرِ حِجَجٍ مَا لَمْ تَجِدِ الْمَاءَ


“Мадомики сув топа олмас экансан ўн йилгача бўлса ҳам таяммум сенга кифоя қилаверади”.


Демак,мазкур далилларга кўра сув билан ҳақиқий покланиш имкони йўқ бўлиб қолган пайтда, покиза ер жинси билан ҳукмий покланиш мумкин  ҳисобланади.


Шунга кўра ҳукмий покланиш тўғри бўлиши учун яъни, халқимиз ибораси билан айтганда “сув бўлмаса, таяммум” бўлиши учун тўртта асосий шарт топилиши лозимдир:


1.     Ният;


2.     Пок ер жинси;


3.     Пок ер жинсига икки марта қўлни уриш;


4.     Сув ишлатишдан узрли бўлиш.


Ушбу тўртта шартни алоҳида-алоҳида ўрганиб чиқиш таяммум масаласини тўлиқ тушунишга сабаб бўлади:


1.     Ният


Уламоларимиз таяммумда ният фарз бўлишининг иккита сабабини баён қилганлар:


1.  Таяммум луғавий жиҳатдан “мақсад қилиш” маъносидан келиб чиққан. Шунга кўра “ният қилмасдан туриб таяммум қилиш мумкин” дейиш, “фикр юритмасдан туриб тафаккур қилиш мумкин” дейиш каби маъносиз бўлиб қолади.  Шунинг учун таяммум ниятсиз бўлмайди.


2.  Таяммум қилинаётган тупроқнинг ўзида ҳақиқий покловчилик хусусияти йўқ. Шунинг учун унинг покловчига айланиши ниятга боғлиқ бўлади. Масалан: биров қўлини сувга тутса ният қилса ҳам, қилмаса ҳам сув унинг қўлини поклайверади. Аммо тупроқда бундай эмас. Бунинг мисоли шуки биров шаррос ёмғир остида қолиб таҳоратда ювиладиган барча аъзоларига сув етган бўлса, ният қилмаган бўлса ҳам, таҳоратли кишига айланиб қолади. Аммо бир одам чанг-тўзон ичида қолиб ҳамма ёғи чангга беланган бўлса ҳам, ният қилмаган бўлса, чанг етишининг ўзи таяммум бўлмайди. Демак тупроқ покловчи бўлиши учун у албатта таяммум нияти билан баданга етиши шарт. Шунга кўра қўлларни тупроқққа уриш олдидан покланишни ният қилиш шарт бўлади.


Таяммум қилишда нима деб ният қилинади?


Таяммум қилувчи киши айнан таҳорат учун ёки жунубликдан покланиш учун деб ният қилиши шарт эмас. Балки таҳорат билан адо этиш лозим бўлган бирорта ибодатни адо этиш нияти билан таяммум дуруст бўлаверади. Масалан: “намоз ўқиш учун таяммум қилишни ният қилдим”сингари. Шунга кўра бир киши дарс қилишни ният қилиб таяммум қилса, таяммум ҳисобланмайди. Чунки таяммум фақат таҳорат билан адо этиш лозим бўлган ибодат нияти билан дуруст бўлади.


2.     Пок ер жинси


Таяммум билан покланиш тўғри бўлиш шартларидан иккинчиси пок ер жинсига таяммум қилишдир. Ушбу шарт Қуръони каримда қуйидагича баён қилинган:


فَتَيَمَّمُوا صَعِيدًا طَيِّبًا


“Покиза тупроқ билан таяммум қилинглар”.


Ушбу оятда “покиза тупроқ” дея таржима қилинганصَعِيدًا طَيِّبًاкалималари нимани ифодалаши ҳақида бир-биридан фарқли қарашлар айтилган. Шу сабабли айнан қайси нарсага таяммум қилиш лозимлиги тўғрисида уч хил қавл ривоят қилинган:


1.     Имом Шофеъий роҳматуллоҳи айлайҳ: фақат унумдор тупроққа таяммум қилиш жоиз;


2.     Имом Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ: фақат тупроқ ва қумга таяммум қилиш жоиз. (Бу зотнинг наздларида тупроққа таяммум қилиш мазкур оят билан, қумга таяммум қилиш эса ҳадис билан собит бўлган ҳисобланади);


3.     Имом Абу Ҳанифа ва имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳимолар: Барча ер жинсларига таяммум қилиш жоиз.


Мана шу учинчи қавл бизнинг мазҳабимизда мўътабар исобланади. Чунки оятда келган صَعِيدًاкалимаси “ер юзаси” маъносини англатади. Шунга кўра ер жинсидан бўладиган барча пок нарсаларга таяммум қилиш жоиз ҳисобланади. Ер жинсидан бўлган нарсалар деганда эса қуйидаги нарсаларкўзда тутилади:


1.     Тупроқ;


2.     Қум;


3.     Шўрлаб кетган ер;


4.     Оҳак;


5.     Гипс;


6.     Сурма;


7.     Сурматош;


8.     Зирнийх (Ҳидсиз рангсиз маъдан. Тиббиётда тери кассалликларини даволашда ишлатилади);


9.     Олтингугурт;


10.                     Заж (Буёқда ишлатиладиган туз моддаси).


11.                      Кон тузи;


12.                       Дарахтлар, чунки одатда устиларида чанги бўлади;


13.                     Ўт-ўланлар, чунки буларнинг устиларида ҳам одатда чанг бўлади;


14.                     Кийимдаги ёки улов ўриндиғидаги чанг. Агар кийимда ё улов ўриндиғида мутлақо чанг бўлмаса, унга таяммум қилиб бўлмайди. Шунингдек кийимини силкитиб ҳавода тўзғиган чанг-ғуборга ҳам таяммум қилса бўлади. Чунки бунда ҳам аслида ер жинсига таяммум қилинган бўлади.


Таяммум қилинмайдиган нарсалар:


Ер жинсидан бўлмаган нарсаларга таяммум қилиб бўлмайди. Шунинг учун қуйидаги нарсаларга таяммум қилиб бўлмайди:


1.     Ун;


2.     Талқон;


3.     Кул;


4.     Сувли туз;


5.     Мушк;


6.     Шакар;


7.     Анбар (хушбўй модда);


8.     Заъфарон;


9.     Кафур (хушбўй модда);


10.                      Хина;


11.                      Лой. Лой деганда унинг суюқ бўлиб турган пайти назарда тутилган. Аммо қотиб устига чанг ўтирадиган бўлса унга таяммум қилиш жоиз бўлиб қолади. Зеро юқоридаги нарсаларга ҳам агар чанг ўрнашадиган бўлса таяммум қилиш мумкин бўлиб қолади. Чунки бунда аслида ер жинсидан бўлган чангга таяммум қилинаётган бўлади.


- нажосат тегиб сўнгра қуриб нажосат асари кетган ерга ҳам таяммум қилиб бўлмайди. Чунки нажосатнинг асари кетгани сабабли тупроққа поклик ҳукми собит бўлса ҳам, покловчилик ҳукми собит бўлмайди. Таяммум қилинадиган тупроқда эса покловчилик сифати бўлиши шартдир.


- Таяммум қилинган жой “мустаъмал” (истеъмол қилинган)га айланиб қолмаслиги сабабли таяммум қилинган жойга яна қайта таяммум қилиш жоиз бўлади. Чунки таяммумда зарба урилган жой эмас, масҳ қилганидан кейин қўлидан тушган тупроқлар “мустаъмал” саналади.




3.Пок ер жинсига икки марта қўлни уриш


Таяммум покловчи бўлишининг учинчи шарти қўлларини икки марта ер жинсига уриб, биринчиси билан юзга, иккинчиси билан икки қўлга тирсаклари билан қўшиб масҳ тортишдир. Шунга кўра таяммум қилмоқчи бўлган одам аввало узук, соат каби масҳ тортишга халал берадиган нарсаларни ечиб, енгларини тирсакларидан юқоригача шимариб сўнгра таяммум қилишга киришади. Дастлаб иккала кафти билан ер жинсига бир зарба уради. Агар кафтларига кўп тупроқ ёпишиб қолса, бош бармоқларининг ёнбошларини бир-бирига оҳиста уриб ёпишган тупроқларини қоқади, сўнгра кафтлари билан юзига масҳ тортади.  Ушбу одобга риоя қилиш туфайли юзни “бўяб қўйиш” нинг олди олинган бўлади.Кейин иккинчи бор зарба уриб аввал чап қўлининг учта кичкина бармоқлари билан ўнг кафтининг орқасидан бошлаб тирсакка қараб қараб масҳ тортади. Тирсакни ҳам қўшиб масҳ тортганидан сўнг бош бармоқ ва кўрсаткич бармоқлари ҳамда уларнинг оралари билан иккинчи тарафидан кафтга қараб тушади. Иккинчи қўлга ҳам худди шу тарзда масҳ тортилади. Юз ва қўлларнинг бирор жойини қолдирмасдан масҳ тортишга имкон қадар ҳаракат қилинади. Зеро бу амал таҳорат ўрнига баданни поклаш воситасидир.


4.     Сув ишлатишдан узрли бўлиш


Сув ишлатишдан узрли ҳисобланиш шарти таяммум бобида энг кўп баҳс қилинган шарт ҳисобланади. Қуйида ушбу баҳсларнинг хулосаларини жамлашга ҳаракат қиламиз: Сув ишлатишдан узрли бўлиш икки турли бўлади:


1.     Сувни топа олмагани сабабли узрли бўлиш;


2.     Сувдан фойдалана олмаслиги сабабли узрли бўлиш.




Сувни топа олмагани сабабли узрлилар:


Сувни топа олмагани сабабли узрли бўлган кишилар албатта икки ҳолатдан бирида яъни ё мусофир ёки муқим бўладилар. Уларнинг мусофир ё муқимликларига кўра баъзи ҳукмларда бир-бирларидан фарқланадилар. Демак сув топа олмагани сабабли таяммум қилиши жоиз бўлган кишилар қуйидагилардир:


-         Агар мусофир сувдан узоқлиги сабабли уни топа олмаётган бўлса, унга билиттифоқ таяммум қилиш жоиз ҳисобланади;


-         Яшаш жойидан бошқа жойда муқим бўлиб турган киши Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳнинг қавлларига кўра сувдан бир мил (1848 метр) узоқликда бўлса таяммум қилиши жоиз ҳисобланади. Аммо уламолар ҳозирга кунда икки километр эмас балки ундан кўп масофага ҳам тезда осонлик етиб олиш мумкин экани эътиборидан мазкур масофада таяммум қилиш эҳтиётан жоиз бўлмайди, балки сувга бориши лозим бўлади, деганлар.


-         Жунуб киши фақат таҳоратга етадиган сувни топса таҳорат қилиши вожиб бўлмайди. Аммо таяммум қилганидан сўнг таҳорат синдирган бўлса у ҳолда ўша сув билан таҳорат қилиши вожиб бўлиб қолади. Чунки у таҳоратга етадиган сувни топган бетаҳорат кишига айланиб қолган бўлади. Унга иккинчи марта таяммум қилиши вожиб бўлмайди. Чунки у биринчи таяммуми билан  то ғусл қилишга етадиган сувни топгунича жунубликдан чиққан ҳукмда бўлади.




Сувдан фойдалана олмаслик сабабли узрлилар:


Сувдан фойдалана олмаслик сабабли узрли бўлиш бирор касаллик туфайли ёки совуқлик туфайли бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда узрли ҳисобланиш қуйидаги нарсалар орқали собит бўлади:


1.     Бирор аломат ё тажирбага кўра сув ишлатса зарар кўриш эҳтимоли устун бўлиши;


2.     Соҳа мутахасиси бўлган мусулмон табиб сув ишлатиш зарарли эканини айтган бўлиши.


Бирор касаллик туфайли сувдан фойдалана олмайдиган кишиларни қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:


1.     Таҳоратда ювиладиган барча аъзоларига сув ишлатишдан узрли бўлган кишилар. Бундай кишиларнинг таяммум қилишлари билиттифоқ жоиз саналади;


2.     Таҳоратда ювиладиган аксар аъзоларга сув ишлатишдан узрли бўлган кишилар. Масалан бир кишининг бошида, юзида ва икки қўлида сув ишлатишдан тўсадиган жароҳати бўлса таяммум қилади, яъни оёқларини ювмайди.


3.     Таҳоратда ювиладиган аксар аъзоларига сув ишлатишдан узрли бўлмаган кишилар. Масалан бир кишининг фақат оёқларига сув ишлатишдан тўсадиган жароҳати бўлса, таяммум қилиши жоиз эмас. Бу одам соғлом аъзоларини ювиб жароҳатига масҳ тортиши лозим бўлади.


4.     Ғусл қилишда ҳам худди шундай жароҳатнинг қанчалигига қаралади. Агар баданнинг аксарида сув етказиш узрли бўладиган жароҳат бўлса, таяммум қилинади. Бунинг аксида эса яъни, баданнинг аксар қисми соғлом, баъзиси жароҳатли бўлганда, соғлом жойлар ювилади, жароҳатга масҳ тортилади. Бу ҳукмда жароҳатга сув теккизмасдан ювиш мумкинлиги ҳам эътиборга олинади. Масалан бир кишининг орқасида жароҳати бўлиб, унга сув теккизмасдан бошини ювиш иложи бўлмаса ўша жароҳатдан юқори жойлар ҳам жароҳатнинг ҳукмида бўлади.


5.     Танада жароҳатли жой билан соғлом жой тенг бўлиб қолса, нима қилиниши ҳақида бирорта ривоят келмаган. Шунинг учун учун бу масалада ихтилоф қилинган. Баъзи уламолар таяммум қилиши вожиб, чунки таяммум билан комил поклик ҳосил бўлади, деганлар. Баъзи уламолар эса соғлом жой ювилади, агар зарар бермаса жароҳатга масҳ тортиш лозим бўлади, деганлар. Аммо кўпчилик уламолар биринчи қавлни маъқуллаганлар.


Совуқлик туфайли сувдан фойдалана олмайдиган кишилар ҳақида эса қуйидагича баҳслар қилинган: Муқим киши қаттиқ совуқ пайтда жунуб бўлиб қолса, ғусл қилишга илиқ жой ва илиқ сув топиш имкони бўлмаса таяммум қилиши жоиз ҳисобланади.


Аммо қаттиқ совуқ пайтида муқим киши бетаҳорат бўлиб қолса, сувни иситишга имкони ҳам бўлмаса, бундай ҳолда таҳорат ўрнига таяммум қилиши жоиз бўлиши ҳақида ихтилоф қилинган:


А) Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг қавлларига кўра таяммум қилиш жоиз.


Б)Имомайн роҳматуллоҳи алайҳимоларнинг қавлларига кўра таяммум қилиши жоиз эмас.


“Хулоса” ва “Фатавои Қозихон” сингари ҳанафия мазҳабидаги энг мўътабар фатво китобларида бундай ҳолатда ғусл ўрнига таяммум қилиш жоизлигига аммо таҳорат ўрнига таяммум қилиш жоиз эмаслигига фатво берилган.


Таяммум қилиш жоиз бўлган кишилар:


Юқоридаги баҳслардан қуйидаги кишилар таяммум қилишлари жоизлиги келиб чиқади:


1.     Сув топа олмаганкиши;


2.     Яқинида сув бўлган аммо уни билмасдан таяммум қилиб намоз ўқиб қўйган мусофирнинг таяммуми Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳимолар наздида жоиз ҳисобланади;


3.     Ёнида таҳоратга етадиган суви бор, аммо ўзи ёки шерикларининг чанқаб қолишларидан қўрққан киши;


4.     Агар таҳорат қилса жароҳатларига зарар етиш хавфи бўлган киши;


5.     Сувчечак чиққан киши. Агар сувнинг зарар қилишидан хавфи бўлса;


6.     Сув сотиб олишга маблағи йўқ киши;


7.     Сув сотиб олишга маблағи бор, аммо сув одатий нархидан ўта қиммат нархда сотилаётган бўлса кўпчилик уламолар наздида таяммум қилиш жоиз;


8.     Яқинида сув бор, бироқ унинг ёнидаги душманнинг уни ҳалок қилиш хавфи бўлса;


9.     Қудуқ каби суви бор жойнинг ёнида турган бўлса ҳам, ундан сув олишнинг иложини топа олмаган киши;


10.                        Музнинг ёнида турган киши ҳам уни эритиб таҳорат қилиш имконини топа олмаса таяммум қилиши жоиз саналади;


11.                        Бир кишининг қўлида бировнинг омонати турган бўлса, агар таҳорат қилиш учун сувга кетса, омонатнинг зое бўлиш хавфи бўлса, таяммум қилиш жоиз саналади;


12.                        Қамоқда ўтирган маҳбус ҳам агар сув билан таҳорат қилишдан тўсилса, таяммум билан намоз ўқийди. Фақат кейин таҳорат қилишга имкони бўлганда таяммум билан ўқиганларини қайтариб ўқийди. Аммо қамоқ сувдан узоқ жойда бўлса қайтариб ўқимайди;


13.                        Таҳорат қилса жаноза намозига улгура олмай қолиш хавфи бўлса. (Бу ҳукм маййит эгаларидан бошқаларга тааллуқлидир);


14.                       Таҳорат қилса ҳайит намозига улгура олмай қолиш хавфи бўлса;


15.                       Эшак ё хачир ичганидан ортиб қолган сувдан бошқа сув топа олмаган киши ўша сув билан таҳорат қилади, унинг поклигида шак бўлгани учун таяммум ҳам қилади.


Таяммумнинг суннатлари:


1.     Таяммумга киришишдан олдин “Бисмиллаҳ”ни айтиш;


2.     Тартиб, яъни аввал юзига сўнгра икки қўлига масҳ тортиш;


3.     Юзга масҳ тортиш билан қўлларга масҳ тортиш орасига бошқа иш қўшмасдан кетма-кет қилиш;


4.     Кафтларининг ич тарафларини тупроққа уриб масҳ қилиш;


5.     Кафтларини тупроққа урган вақтида урган жойидан озгина олдинга ва орқага силжитиш;


6.     Кафтларини тупроққа ургандан сўнг агар кўп тупроқ ёпишиб қолган бўлса, бошбармоқларнинг ён тарафларини бир-бирига оҳиста уриб уларни қоқиб ташлаш;


7.      Тупроққа уриш пайтида бармоқлари ораси очиқ бўлиши;


8.     Аввал ўнг қўлга масҳ тортиш.


Таяммумни бузувчи нарсалар:


1.     Таҳоратни бузадиган барча нарсалар. Яъни, таҳортани бузадиган ишлардан бирортаси содир бўлса, таяммум бузилиб қайтадан таяммум қилиш лозим бўлиб қолади.


2.     Таяммум қилишга сабаб бўлган узрнинг йўқолиши. Масалан бир киши сув топа олмагани сабабли таяммум билан покланган бўлса, сув топган пайтда ундан поклик ҳукми кетган ҳисобланади;


Таҳорат қилишга ҳам, таяммум қилишга ҳам имкон топа олмай нопок бўлиб турган киши намоз вақти чиқиб кетаётган бўлса, ният ва қироат қилмасдан намоз ўқиётган кишига ўхшаб ҳатти-ҳаракат қилиб қўяди, покланганидан сўнг намозининг қазосини ўқийди, дейилган.


Уламоларимизнинг ушбу сўзларидан намознинг нақадар аҳамиятли экани ҳамда унда пок бўлиш қанчалар муҳим экани яққол намоён бўлади.


Аллоҳ таоло барчаларимизни “жаннат калити” бўлган ушбу ибодатни Ўзига мақбул бўладиган ҳолатда адо этиш бахтига муваффақ қилсин.


Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.


Абдулқодир Абдур Раҳим

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Улар қуйидагилардан иборат 1. Таом ейиш. . . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир давоми...

839 19:00 / 30.11.2023
биринчи мақолаБизда таҳоратни бузувчи нарсаларни .Таҳоратни синдирувчилар, ҳам дейилади. .Мухтасар,нинг соҳиби қуйидаги нарсаларни .Таҳоратни бузувчи, деб атайди давоми...

4439 13:00 / 30.07.2020
Ҳанафий уламоларимиз меросдан ман қилиниш ҳақидаги барча ҳужжат ва далилларни диққат билан ўрганиб чиққанларидан кейин меросдан ман қиладиган нарсалар давоми...

2738 05:00 / 19.01.2017
Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида намознинг қуйидаги одоблари мавжуд 1. Такбири таҳрима вақтида эркак киши қўлларини енгидан чиқариши. 2. Қиёмда саждагоҳга, давоми...

2927 19:00 / 27.01.2022