1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ижмоъ қилинган фиқҳий масалалар рўйхати (китоб)

05:00 / 19.01.2017 9999 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бани Одамни мукаррам айлаб, хоссатан бизни жаноб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга уммат қилган Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин. Шариъат аҳкомларини Аллоҳ таолодан қабул қилиб, умматга еказиб беришлик, вазифасини зиммасига олган, таблиғ ишини бекаму кўст камолига етказган Пайғамбаримизга чексиз саловат ва саломлар бўлсин. Шариатни бидъат ва ҳурофотлардан асраб, тўғри ва асил ҳолида кейинги умматга узатган, Росулуллоҳ тарафдан "ҳидоят юлдузлари", деб мақтаб ўтилган, илм-маърифат булоғи—саҳобаи киромлардан Аллоҳ рози бўлсин. Саҳобалардан таълим олиш бахтига муясар бўлган, уларга эргашиб, ижтиҳод сирларини ўзлаштирган мужтаҳидларимиз—тобеъинлар ва табаъа тобеъинларки, фуруъот бобида жуда кўп муаммолар ечимини топиб берган эдилар ул зотларни ҳам Аллоҳ таоло муносиб тақдирласин. Уммат бирдамлигини таъминлаб келаётган "Аҳли суннат ақоъид қоидалари"ни, фиқҳий илм ва ҳукмларни, хусусан, ижмоъ низомини саҳоба ва тобеъинлар таълимоти асосида шакллантириб, ҳар хил масалаларда якдиллик ва бирдамлик ила қарор қилиб, мусулмонлар бирдамлигини сақлаб келаётган уламоларимизга омонлик ва шон-шарафлар бўлсин! 



Ислом фиқҳида ижмоъ ҳар бир маҳоратли фақиҳ, ҳар бир мусулмон олим ва барча аҳли илмлар билиши зарур бўлган муҳим манбалардан бири бўлиб, мусулмон умматининг ҳужжатларидан бири ҳисобланади. Зотан, ижмоъга қарши чиқиш, уни инкор қилиш, унга хилоф равишда фатво бериш аксар ҳолда бидъатчиликка, баъзи ўринларда эса, ҳатто куфрга сабаб бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Айниқса, ихтилофларга бой, мусулмонлар жамоъасидан ҳар-хил номлар билан ажраб чиққан тоифалар кўпайган бугунги кун учун, ижмоъ ва ижмоъ қилинган масалаларни пухта билиб олиш айни муддао бўларди.


ИСЛОМ УЗ сайтида бундан олдин "Ижмоъ уммати муҳаммадиянинг бирдамлигини таъминловчи омилдир", деган сарлавҳа остида бир мақоламиз берилган эди. Унда ижмоънинг мавқейи, унинг таърифи, шаръий ҳужжат мақомини олиши учун керакли шартлар, сабаби, санади ва унга айрим мисоллар, ижмоънинг турлари, шаръий ҳужжат экани, мартаба ва ҳукмлари, ижмоъга қарши чиқишнинг ёмон оқибати ва шариъатимизда ижмоънинг муҳимлигига оид маълумотлар қатор келтириб ўтилган.


Бу мақолада эса, шариъатимизда қадимдан бирдамлик ила қабул қилиниб келган, салафи солиҳларимиз, тўрт фиқҳий мазҳаб мужтаҳидлари ижмоъ қилган фиқҳий масалаларни жойлаштирилди. Масалалар жойлашув ўрнини диёримизда қадимдан дарслик сифатида ўқитилиб келинган фиқҳий манбалар тартибига мос равишда тузишга ҳаракат қилинди. Аввалда, таҳорат ва ғусл ҳақидаги боб, кейин намоз, рўза ва ҳоказо то Фароиз—мерос масалаларига доир бўлимгача бўлган масалаларни тартиб билан жойлаштирилди.


Масалаларни танлашда, аҳли суннат ақидавий жамоъаси ва тўрт фиқҳий мазҳаб—ҳанафийлик, шофеъийлик, моликийлик ва ҳанбалийлик мазҳаб уламоларининг қарашларига мос келишига жиддий аҳамият берилди. Мўтазила, Хавориж ва ҳокази аҳли суннадан айро фирқаларнинг фикрлари асло эътиборга олинмади. Уларда ижмоъ деб қабул қилинмаган масалалар агар, тўрт мазҳабда иттифоқий бўлса уни рўйҳатга қўшилаверди. Фақиҳларнинг наздида ижмоъ шаръий ҳужжат бўлиши учун аср мужтаҳидларининг кўп қисми иттифоқ қилиши лозим, бир ё икки кишининг жамоъат фикрига қўшилмаслиги аҳамсиятсиз, эканини эътиборга олган ҳолда, бир ёки икки фақиҳ олимнинг жумҳурга хилоф қилган масалаларни ҳам ижмоъ рўйҳатига қўшилди ва хилоф томон шахсини кўрсатиб ўтилди.


Шунингдек яна, масалаларни жамлашда мўътабар манбалар, Қуръони карим тафсирлари ва ҳадис тўпламларига битилган шарҳ ва ҳошиялар, усули фиқҳ китоблари, "Тўҳфатул фуқаҳо", "Бадойеус санойе", "Ҳидоя" каби аждодларимиз қаламига мансуб фиқҳий матн ва шарҳлардан кенг фойдаланилди. "بإجماع الأمة уммат ижмоъси билан..." " بإجماع الصحابة саҳобалар ижмоъси билан..." " دليله الإجماع унинг далили ижмоъдир." " و أجمعوا على ان... Уламолар шунга ижмоъ қилганларки..." каби иборалар билан келтирилган масалаларни танлаб-танлаб ажратиб олинди.


Тариҳда ижмоъий масалаларни жамлаб битилган асарлардан ҳам унумли фойдаланилди. Айниқаса, Ибн ал-Мунзир куняси билан танилган Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳим ибн ал-Мунзир ан-Нисобурий ҳазратларига мансуб "ал-Ижмоъ" асаридан кенг истифода қилинди. Шунингдек ибн Ҳазм Зоҳирийнинг "Маротибу-л-ижмоъ фи-л-ибадат ва ал-муъамалат ва ал-этиқодат" номли асарларидан ҳам қисман фойдаланилди. Ўз навбатида, бу икки олимнинг тўрт фиқҳий мазҳабдан бирортасига мансуб бўлмагани, фиқҳ майдонида ўз қарашларига эга эканини эътибордан қочирмаган ҳолда, улар келтирган масалаларни тўрт фиқҳий мазҳаб андозаси билан текшириб чиқилди. Масала манбаларини имкон қадар, бир-бир назардан ўтказиб таҳқиқ қилинди. 


Ва яна, Алий ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Умайрий ар-Рошидий тарафидан жамланган имом Нававий ҳазратларининг "саҳиҳи Муслим"ни шарҳлаш жараёнида нақл қилган ижмоъий масалалари тўпламидан ҳам фойдаланилди. Шундай қилиб, илмий изланишлар натижасида жамланган фиқҳий ижмоъ масалаларинг адади 1068 тага етди.


ТАҲОРАТ, ПОКЛИК ВА СУВЛАР ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ


1. Таҳоратда тўрт фарз борлигига – қўлни ювиш, юзни ювиш, бошга масҳ тортиш ва оёқни ювишнинг фарз эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Таҳоратга ният қилиш, тартиб билан ювиш, пайдар-пай ювишнинг фарзлиги борасида эса аҳли илмлар ихтилоф қилганлар.


2. Таҳоратда ҳар бир аъзони ювиш ўнгдан бошланиши, соқолга хилол қилиш, бармоқлар орасини хилол қилиш, мисвок ишлатиш каби амаллар суннат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


3. Ҳар бир намоз учун янги таҳорат олиш мустаҳаб, эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


4. Таҳоратда сувни кўп қуйиб ишлатиш, ғуслда бир соъ сув ишлатиш шарт эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


5. Ғуслда ҳам, таҳоратда ҳам сувни исроф қилишдан наҳй қилингани, ҳақида ижмоъ қилинган.


6. Таҳоратда чап аъзодан бошлаб ювган кишига қайта таҳорат олиш лозим эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


7. Таҳоратда аъзоларни бир мартадан ювган киши агар аъзоларини мукаммал ювса, бир мартаси ҳам таҳоратга кифоя қилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


8. Оёқда маҳсиси йўқ кишига таҳоратда қадамларни тўпиқларигача ювиш фарз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


9. Мукаммал таҳорат олиб, сўнгра маҳси кийган киши кейинги таҳорат олишида маҳсиларига масҳ қилиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


10. Таҳорат олувчи киши бир оёғини ювгач, бир маҳсисини кийса, сўнгра кейинги оёқни ювиб иккинчи маҳсисини кийса, у киши таҳоратлидир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


11. Маҳсига масҳ тортиш муддати муқим одамга бир кеча-кундуз, мусофир одамга эса уч кеча-кундуз эканига, ана шу муддат ўтганидан сўнг маҳсини ечиб, оёқларни ювиш лозим эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


12. Халога киришда "Аъувзу биллаҳи мина-л-хубси ва-л-хобааис" дейишлик мустаҳаб эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


13. Ўнг қўл билан истинжо қилишдан танзиҳан қайтарилган, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


14. Истинжо қилишда аввал тош сўнгра сув ишлатишлик афзалдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


15. Таҳорат қилишнинг имкони бор бўла туриб, таҳоратсиз адо қилинган намоз жоиз бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


16. Муайян намоз учун таҳорат қилган киши, айни таҳорати билан, таҳорати сингунича ҳохлаганча намоз ўқийди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


17. Кофир киши Исломга кирса дарҳол таҳорат олиши лозим бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


18. Орқа пешобдан ахлат чиқишлиги, эр ва аёлнинг сийдиги, маний чиқишлиги, ел келишлиги ва беҳуш бўлиб ақлдан ажрашлик – буларнинг бари таҳоратни синдирувчи ҳадаслардир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


19. Истиҳоза қони таҳоратни синдиради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


20. Муломаса, яъни яланғоч ҳолда эр-хотиннинг бир-бирига суйкалишлари таҳоратни синдиради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


21. Намоздан ташқаридаги кулги таҳоратни синдирмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


22. Намоздан ташқаридаги тиловат саждасини адо қилиш жараёнидаги кулги саждани ҳам, бузмайди, таҳоратни ҳам синдирмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


23. Инсон бир аёлга уйланса, аёлини кўпчилик олдида ушласа ёки ўпса, лекин у билан «хилвати саҳиҳа»да ёлғиз қолишидан олдин талоқ қилса, аёлига никоҳ жараёнида белгиланган маҳрнинг ярмини бериш вожиб бўлади. Агар маҳр белгиланмаган бўлса, мутъа – бош-оёқ сарпо бериш вожиб бўлади. Бу ҳолатларда аёлга идда сақлаш лозим эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


24. Биров ўз онасини, опа-синглисини ёки қизларини меҳр-шафқат юзасидан, масалан, сафардан келганда ўпса ёки бирор ҳаракат жараёнида баданининг бир аъзоси унинг бирорта аъзосига тегса, таҳорат синмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


25. Аёл кўкрагидан келган сут, оғиздан чиққан тупук, кўздан оққан ёш, бурун суви, оғиздан келган балғам, бурундан чиққан нафас, бадандан оққан тер ва ярадан тушган қурт – буларнинг биронтаси таҳоратни синдирмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


26. Инсон баданидан чиққан, таҳоратни синдирувчи ҳар бир нарса нажасдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Манийдан ташқари. Чунки, маний Имом Шофеъий (р.ҳ.)нинг фатвосига кўра нажас эмас.


27. Таҳоратсиз одам мусҳафи шарифни, шунингдек, тафсир ва фиқҳ китобларини ушлаши макруҳдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


28. Ҳайз ва нифос кўрган аёл то поклангунча Қуръони каримдан тўлиқ оятларни қироат ва тиловат қила олмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Шунингдек, жунуб одам ҳам Қуръон оятларини тўлиқ қироат қила олмайди. Имом Молик (р.ҳ.) бир ривоятда зарурат вақтида ҳайз кўрган аёл муаллима бўлса, қироат қилиши мумкин, деган.


29. Покланиш учун ҳар қандай сув кифоя қилади, сув билан таҳорат қилиш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Денгиз сувини покланиш учун ишлатиш мумкин эканлиги ёки мумкин эмаслиги борасида аҳли илмлар ихтилоф қилганлар.


30. Гулнинг суви, дарахтнинг суви ва сабзавотлардан сиқиб олинган сув билан таҳорат қилинмайди. Таҳорат фақатгина мутлақ «сув» атамасини қўллаш мумкин бўлган суюқлик билангина олинади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


31. Гулнинг суви, дарахтнинг суви ва сабзавотлардан сиқиб олинган сув каби ичимликлар билан ғусл олишлик ва таҳорат олишлик жоиз эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


32. Туриб қолган кўлмак сувга нажосат тушмаган бўлса, у билан таҳорат олиш жоиз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ибн Сирин (р.ҳ.) ёлғиз ўзи, жоиз эмас, деган.


33. Озми кўпми сувга нажосат тушса-ю, унинг таъми ё ранги ёки ҳиди ўзгарса, у шу ҳолида нажосатдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


34. Кўп сувга – анҳор ё кўл кабиларга нажосат тушса-ю, унинг таъми, ранги ва ҳиди ўзгармаса у покдир; у билан покланса бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


35. Агар ҳайвон қудуққа тушиб ўлса-ю, сасиб титилиб кетишгача етиб бормасдан аниқланса, сичқон ва у каби жуссали жониворларда қудуқни поклаш учун 20 дан 30 челаккача сув олиб ташланади, товуқ ва у кабиларда 40 дан 50 гача, одамга ўхшаш жуссалиларда эса сувнинг ҳаммаси олиб ташланади. Ушбу тартиб саҳобалар ижмоъси билан собит бўлганлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


36. Оғиздан чиққан балғам нажас эмас. Аммо, таом аралаш балғамнинг нажас эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


37. Гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг қолдиғи покдир. Уни ичиш ва у билан покланиш жоиз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


38. Мусофирнинг суви бор-у аммо чанқоқ хавфи бор бўлса, сувни асраб таяммум қилиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


39. Тупроқ билан таяммум қилиш жоиз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


40. Таяммумда дилдан ният қилиш фарз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Имом Зуфар (р.ҳ.) бунга хилоф фикр айтган.


41. Таяммумда юз учун бир зарб, икки қўл учун бир зарб урмоқ фарз эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


42. Намоз вақти киришидан илгари таҳорат олган кишининг таҳорати комилдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


43. Таяммум билан намоз ўқиган киши намоз вақти чиқққанидан кейин сув топса, намозини қайтариб ўқимайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


44. Таяммум қилган киши намоз ўқишидан олдин сувга эга бўлса, унинг таяммуми синади ва янги таҳорат олиб намоз ўқийди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


45. Сув билан таҳорат олган киши таямум қилганларга имом бўла олади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


46. Намоз вақтининг аввалида, сув қидириб топа олмай таяммум қилган киши кейинроқ сувга етиб борса, унинг таяммуми синади ва таҳорат лозим бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


47. Тушида жинсий алоқа қилса ёки тушида эҳтилом бўлиб бўшанса, уйғонганида кийимида намлик кўрмаса, унга ғусл вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


48. Мазий—эркак кишининг шаҳвати уйғонганда келадиган рангсиз сув ғуслни вожиб қилмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


49. Балоғатга етган ва ақли-ҳуши жойида бўлган кишидан шаҳват билан отилиб чиққан маний, сабабидан қатъий назар яъни, қандай сабаб билан чиқишидан қатъий назар ғуслни вожиб қилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


50. Бир неча марта жинсий алоқа қилган эр хотинга бир марта ғусл қилиш кифоя қилаверади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилган.


51. Эр хотин иккиси ҳам бир идишдаги сув билан покланиши жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


52. Эркак кишидан ортиб қолган сув билан аёл киши покланиши жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар


53. Жумъа ва икки ҳайит учун ғусл қилиш суннат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


54. Ароқнинг нажосат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Магар Довуд Зоҳирий пок деган.


55. Бавл (сийдик)нинг нажосат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


56. Жунуб кишининг, шунингдек, ҳайз кўрган аёлнинг баданидан оққан тер покдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


57. Аёл киши ҳайзидан пок бўлганидан сўнг ғусл қилиши вожиб, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


58. Нифосли аёл ҳам нифосидан пок бўлганидан сўнг ғусл қилиши вожиб, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


59. Қўй, туя ва сигирнинг бирорта аъзоси кесиб олинса-ю, жонивор тирик қолса, кесиб олинган аъзо нажосатдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


60. Тирик жониворларнинг ёли, жуни ва юнгларидан фойдаланиш жоиз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


61. Сув билан истинжо қилиш саҳобалар ижмоъси билан суннат, дея аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


62. Чўчқа (тўнғиз)дан бошқа "бисмиллоҳ" айтиб сўйилган ҳайвонларнинг териси ошлашлик билан покиза бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Имом Молик (р.ҳ.) ҳаром ўлган ҳайвон териси пок бўлмайди, деган. Имом аш-Шофеъий (р.ҳ.) ва Имом Муҳаммад (р.ҳ.) ит ва фил териси ҳам пок бўлмайди, деганлар.




НАМОЗГА ТАЪАЛЛУҚЛИ БЎЛИМ




63. Беш вақт намоз – бомдод, пешин, аср, шом ва хуфтон ҳамда жумъа намози балоғатга етган, ақли-ҳуши жойида ҳар бир мусулмонга фарзи айндир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


64. Фарз намозларни адо қилишда тартибга амал қилиш уламолар ижмоъси билан фарздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


65. Намозга қалбдан ният қилиш фарз эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Тил билан ният қилиш жоиз бўлиб, мажбурий эмас.


66. Намоз учун таҳорат, пок жой, қибла ва сатри аврат, намозда эса такбири таҳрима, қиём, қироат, рукуъ, сажда кабилар фарз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 


67. Пешин намозининг тўрт ракъат экани, қироъати махфийлиги, икки қаъдаси борлиги ва ҳар икки ракъатда ташаҳҳуд учун қаъда қилинишига, ижмоъ қилдилар. Шунингдек, аср намозининг ҳам тўрт ракъат экани, махфий қироат қилиниши, икки қаъдаси борлигига; шом намозининг ҳам уч ракъат эканига, аввалги икки ракъатида жаҳрий (ошкора) қироат ва кейинги бир ракъатида махфий қироат қилинишига, аввалги икки ракъатдан сўнг ташаҳҳуд учун бир қаъда ва охирида яна бир қаъдаси бор эканига; хуфтон намозининг ҳам тўрт ракъатлигига, аввалги икки ракъатида жаҳрий (ошкора), кейинги икки ракъатда эса махфий қироат қилинишига, икки қаъдаси борлигига ва ҳар иккинчи ракъатдан сўнг қаъда қилинишига; бомдод намозининг ҳам икки ракъат эканига ва ҳар икки ракъатида жаҳрий (ошкора) қироат қилинишига, охирида бир бор қаъда қилинишига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


68. Пешин намози вақтининг аввали, қуёш заволидан, яъни қуёш тиккадан оғган вақтдан бошланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Пешин намозининг охирги вақти ихтилофлидир.


69. Шом намози қуёш батамом ботгач вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Шом намозининг охирги вақти ихтилофлидир.


70. Шафақ йўқолгач хуфтон намозининг аввалги вақти киради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат шозз (озгина) мухолифлар бор.


71. Тонг отиши билан бомдод намози вақти киради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


72. Тонг отгач, қуёш чиқишидан илгари бомдод ўқиган киши ўз вақтида ўқиди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


73. Бомдод намозини ўқиб турган намозхон, вақтни чиқиб кетган ё чиқмагани хусусида шакка бориб қолса унинг намози саҳиҳ эмасдир, деб ижмоъ қилганлар.


74. Аср намозини ўқиб турган ҳолида намоз вақти чиқиб кетса-ю бироқ намозҳон намозда давом этиб тамомига етказса, унинг аср намози саҳиҳдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


75. Шом намозини аввалги вақтида ўқиб олиш, охирги вақтига суриб ўқишдан афзал эканига, шунингдек, пешин намозини баланд ҳароратли кунлардан ташқари кунларда, аввалги вақтида ўқиб олиш афзал эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


76. Шом намозини таъжийли, яъни тезроқ ўқиб олиш афзал эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


77. Фақат ҳаж айёмида арафа кунида Арафот майдонида пешин ва аср намозларини, Муздалифада эса шом ва хуфтонни жамлаб ўқилишига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


78. Беш вақт фарз намозлари ва жумъа фарзи учун азон айтиш суннат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


79. Сафарга чиққан мусофирдан намозларга азон айтиш суннатлиги соқит бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, сафарда ҳам фарз намозлар учун азон айтиш суннатдир.


80. Азон жараёнида қиблага юзланиш суннат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


81. Муаззин тик туриб азон айтиши суннат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


82. Намозларга вақти кирганидан сўнг азон айтиш суннат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат бомдод бундан мустасно.


83. Аёлларнинг азон айтиши макруҳ, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


84. Жунуб ва эҳтилом бўлган кимсанинг азон ва иқомат айтиши макруҳ, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


85. Намоз фақат ният билан дуруст бўлишига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


86. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни бошлашларида қўлларини кўтарар эдилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


87. Кимки намоз ўқиш учун такбири таҳрима айтса, у киши намозга кирган ҳисобланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


88. Бир салом билан намозни тугатган кишининг намози жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


89. Қўйлар қўрасида намоз ўқиш жоиз эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Имом Шофеъий (р.ҳ.) кийимга қўй сийдиги сачрамаслик кераклиги шартини қўйган.


90. Ҳайз кўрган аёлдан намознинг фарзи соқит бўлади, у намознинг адосини ўқимайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


91. Аёл киши ҳайзли ҳолида қолдирган намозларини кейинчалик қазо қилиб ўқиши вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


92. Аёл киши ҳайзли ҳолида қолдирган рўзаларини кейин қазо қилиб тутиб бериши вожиб, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


93. Намозда қасддан гапирган намозҳоннинг намози фосид бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Шунингдек, намоз ишларидан бирортасини ислоҳ қилиш нияти билан зикрлардан бирортасини айтиш билан намоз бузилмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 


94. Намозҳонга ейиш ва ичиш ман қилинган, асло мумкин эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


95. Намозида қасддан бирор нарса еган ё ичган намозхонга қайта намоз ўқиш вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


96. Намозда табассум қилиш намозни бузмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


97. Намоз ичидаги кулги намозни бузади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


98. Намозда қасддан таҳоратни синдириш намозни бузади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


99. Имом намоз аввавлида жамоъатга: сафларингизни тўғри қилинглар, деб амр қилиши мандуб—мустаҳаб амалдир, деб ижмоъ қилдилар.


100. Намозхон имомнинг адашганига ишора қилиб, унга билдириб қўйиш мақсадида “Субҳаналлоҳ” ёки “Аллоҳу акбар” деб гапирса намози бузилмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


101. Ёлғиз муқтадий имомнинг ўнг тарафида туради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


102. Имомга эргашган муқтадий, намозда фотиҳа сурасини қироъат қилса, унинг намози фосид бўлмайди, қайтариб ўқиш лозим эмас, деб уламолар ижмоъ қилган.


103. Агар имом намозни таҳоратсиз бошладим, деб гумонга тушса ёки либосида нажосат бор эканини гумон қилса, ё таяммум билан намоз бошлаганини гумон қилса-ю қибладан юз буриб ортга қайрилса, агарчи масжиддан ташқари чиқмаган бўлса ҳам унинг намози фосид бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


104. Имомга иқтидо қилган намозҳонга ўзининг саҳви сабабли саждаи саҳв вожиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


105. Имом саҳв саждасини қилса, унга иқтидо қилганлар ҳам саждаи саҳв қиладилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


106. Масжидга кирганда икки ракъат "таҳияту-л-масжид" намозини ўқишлик мустаҳабдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


107. Масжидларда жамоат бўлиб намоз ўқишнинг машруъ ва савобли амал эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


108. Имом ортида бир ракъат намоз ўқишга улгурган киши намозни жамоъат билан ўқиган ҳисобланмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


109. Узр туфайли жамоъат намозига бормасликка рухсат этилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


110. Йўл бўйида бино қилинган масжидларда йўловчиларнинг қайта-қайта азонлар билан такрор-такрор жамоат бўлиб намоз ўқишлари макруҳ эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


111. Балоғат ёшига етмаганларга жумъа намози вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


112. Аёлларга жумъа намози вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


113. Агар аёллар жумъа намозига келсалар ва имомга иқтидо қилиб жумъа ўқисалар, бу улардан пешин ўрнида қабул қилинади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


114. Ўз юртида муқим бўлган, ҳур, оқил ва болиғ (озод, ақли-ҳуши жойида ва балоғатга етган ) шахсларга жумъа намози вожиб, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


115. Кўзи ожиз кишининг етакловчиси бўлмаса, жумъа намози унга вожиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


116. Жумъа намозини икки ракъат, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


117. Ўз юртида муқим бўлганлар жумъа намозини ўқий олмасдан қолдирсалар, унинг ўрнига тўрт ракат пешин намозини ўқийдилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


118. Саҳобалар ижмоъсига биноан жумъадан олдинги хутба фарз, ийд – ҳайит намозидан кейинги хутба эса суннатдир.


119. Саҳобалар ижмоъсига биноан ҳайит намозининг хутбаси намоздан кейин ўқилади.


120. Ташриқ кунларида такбир айтишни аҳли илмлар вожиб, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


121. Кўзи ожизнинг имомлиги кўзи соғломнинг имомлиги билан баробардир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Имом Молик (р.ҳ) рухсат бермаган.


122. Шаръий сафар масофасини кўзлаб сафарга чиққан мусофирлар пешин, аср ва хуфтонни қаср қилиб икки ракъатдан ўқийдилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


123. Шом ва бомдод намози ҳеч қачон қаср қилинмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


124. Мусофирлар мусофирликлари давомида тўрт ракъатлик намозларини қаср қиладилар деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат мусофирлик муддатини аниқлашда ихтилоф бор.


125. Сафарга чиққан кимса ўз қишлоғининг уйлари кўринмай қолган жойдан бошлаб тўрт ракъатлик намозларини қаср қилишни бошлайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


126. Муқим киши мусофир шахсга иқтидо қилса, имом бўлган мусофир икки ракъатдан сўнг салом беради, муқим эса намозини тўлиқ қилиб тамомлайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


127. Намозда қиём қилишга қодир бўлмаган кимсага ўтириб намоз ўқиш фарз бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


128. Рукуъ ва саждага қодир бўлган намозхон рукуъ ва саждани тўлиқ қилмаса, намози жоиз бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


129. Узрли кимса сажда қилишда ерга фақат бурнини қўйса, саждаси жоиз бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


130. Ҳайз кўрган аёлга намоз фарз бўлмайди, унинг қазоси ҳам фарз бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


131. Намозни адосидан ожиз бўлгудек даражада оғир (фалаж, оёқ-қўлини ҳам қимирлата олмайдиган шол) бемор олти ва ундан юқори намозларни қолдириб сўнгра тузалиб кетса, қолдирган намозларнинг қазосини ўқимайди, агар олти вақтдан озроқ намозни қолдириб сўнгра тузалса, аввал тартибга амал қилган ҳолда қолдирилган намозлар қазосини ўқийди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


132. Имомга иқтидо қилган одам намозда тиловат саждасини вожиб қилувчи оятни эшитса, унга сажда қилиш вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 


133. Аёл кишига ҳайз кўрганидан бошлаб шариат фарзлари юкланади, яъни балоғатга етган мукаллафа бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


134. Сафарда юрган мусофир, муқимлик чоғида қолдирган намозини тўлиқ ҳолда қазо қилиб ўқийди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.) қаср қилган ҳолда қазо қилиб ўқийди деган.


135. Маст ҳолда ўқилган намозни қайта ўқиш вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


136. Душмандан қочиб хавфда юрган киши уловининг устида намоз ўқийверади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


137. Олди ва орқа авратларни намозда яшириш эркакларга вожиб бўлган амаллардандир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


138. Балоғат ёшидаги ҳур аёл, модомики намозда экан, унинг боши ўралган ҳолда бўлиши лозим, агар бошяланг намоз ўқиган бўлса, уни қайта ўқиши вожиб, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


139. Ҳур аёлга юзи очиқ ҳолда намоз ўқиши жоиз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Шунингдек, ҳаж мавсумида эҳром ҳолида ҳам шундайин юришлари жоиз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


140. Чўри аёл намозда бошини ўраб олиши лозим эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.) чўрига бошни ўраш лозим, деган.


141. Хуфтон намозидан кейин то тонгга қадар витр намозининг вақтидир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


142. Витр намозида уч ракатининг ҳаммасида қироат қилинади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


143. Фарз намозлар ёнида таъкидланган суннат намозлари борлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат уларнинг сони ва қай ҳолатда ўқилиши борасида ихтилоф бор.


144. Рамазон ойида таровеҳ намози суннат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


145. Таровеҳ намозининг йигирма ракъат ўқилишига ҳам аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


146. Рамазон ойида тунлари қойим бўлмоқ мустаҳабдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


147. Тунда туриб намоз ўқишлик уммат учун ихтиёрийдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


148. Уч вақтда – субҳдан сўнг то қуёш чиққунча, қуёш чиққач то кўтарилиб бўлгунча ва аср намозидан кейин то қуёш ботгунча намоз ўқишлик макруҳ эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


149. Намоз ўқишлик макруҳ бўлган уч вақтда жаноза намозини ўқишлик макруҳ эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


150. Қиблага юзлана олмайдиган одам, юзланиш имконияти бор тарафга қараб намоз ўқиши кераклиги борасида аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


151. Икки ҳайит кунида, намозга боришда, имом минбарга чиққунча ва намоздан кейин такбир айтилиши мустаҳабдир, деб ижмоъ қилдилар.


152. Икки ҳайит намозида ортиқча такбирлар борлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат уларнинг сони борасида ихтилофлар бор.


153. Фарз намозларни қолдирган одамга қазосини ўқиш фарз, бомдод суннатини қолдирган одамга эса суннатни қазо қилиш суннат, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


154. Сажда оятлари ўн тўртта эканига: “Аъроф”нинг охирида, “Раъд”, “Наҳл”, “Бани Исроил”, “Марям” сураларида, “Ҳаж” сурасининг эса икки сажда оятидан аввалгисида, “Фурқон”, “Намл”, “Алиф-лом-мим, сажда”, “Сод”, “Ҳа-мим-сажда”, “Нажм”, “Иза-с-самааун шаққот” ва “Иқроъ” сураларида сажда оятлари борлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Шулардан охирги учтасида, яъни, “Нажм”, “Иза-с-самааун шаққот” ва “Иқроъ” сураларидаги оятларда Имом Молик (р.ҳ.) сажда вожиб эмас, деган. Имом Шофеъий (р.ҳ.) эса, “Сод” сурасидаги оятда тиловат саждаси эмас, балки, шукр саждаси қилинади, деган. Қолганларининг барида фуқаҳолар ижмоъан тиловат саждаси қилинади, деганлар.


155. Ҳаж сурасидаги иккита сажда оятидан биринчисида тиловат саждасини адо қилиш вожиб эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Иккинчисида ихтилоф бор.


156. Кусуф—ой, қуёш тутилганда ўқиладиган намоз суннат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


157. Кусуф намозида азон ва иқомат айтиш йўқдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


158. Истисқо—ёмғир талабида ўқиладиган намоз суннатдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилдилар.


159. Истисқо намозида азон ва иқомат йўқдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилдилар.


160. Истисқо намози икки ракъатдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилдилар.


161. Истисқо намозида қироъатни жаҳрий қилиш мустаҳабдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилдилар.


162. “Хавф намози” саҳобаларнинг ижмоъси билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин машруъ бўлган, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


163. Каъбанинг ичида нафл намози ўқиш иттифоқан жоиз эканлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фарз намозини ўқиш жоиз эканида эса ихтилоф бор.


164. Маййитни ювиш – ғусл қилдириш вожиби кифоядир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


165. Эр вафот қилганида, ўлим иддасини бошлаган аёл эрининг жасадини ювиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Талоқи боин иддасидаги аёл мустасно. Чунки талоқи боин никоҳни кўтариб юборади.


166. Балоғатга етмаган гўдакларни, ёш болаларни ўлганида аёл киши ювиши – ғусл қилдириши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


167. Маййитни ювиш худди жанобатдан ғусл олган каби ювилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


168. Маййитни ювиб бўлгандан сўнг камида уч қават мато билан кафанлаш фарзи кифоя эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


169. Ҳарир мато (ипак) билан эркак маййитни кафанланмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


170. Маййитнинг кафанини ижмор қилиш – хушбўйлантириш мустаҳаб эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


171. Маййитнинг кетидан – тобут орқасидан ёки дафндан кейин қабрга шам (олов) олиб бориш макруҳдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


172. Туғилган чақалоқнинг ҳаёти маълум бўлса, яъни тирик туғилгани билинса, унга жаноза намози ўқилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


173. Агар икки маййит бўлиб, бири қул ва иккинчиси ҳур бўлса, уларга жаноза ўқишликда, ҳурни имомга яқин қўйилади, қул ҳурдан кейин қўйилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


174. Жаноза намозини ўқувчи аввалги такбирдагина қўлларини кўтаради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


175. Жаноза намозининг фарзи кифоя эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Шунингдек, жаноза намозининг тўрт такбир билан адо қилинишига ҳам ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу халифалик чоғида ижмоъ қилинган.


176. Одил ҳукмдорга қарши чиққан боғийларга жаноза ўқилмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Имом Шофеъий (р.ҳ.)нинг хилофи бор.


177. Маййитнинг жанозасини ўқиб беришга маҳалла имомидан кейин унинг яқин қариндошлари ҳақли бўладилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


178. Маййитни дафн қилиш барча мўъминларга вожибдир. Уни тарк қилиш асло мумкин эмас. Баъзи мусулмонлар маййитни дафн киришадиган бўлсалар, бошқаларнинг зиммасидан дафн этиш вожиблиги соқит бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


179. Зарурат бўлмаган вақтда бир қабрга бир маййит дафн этилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.




ЗАКОТ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




180. Закот китоб (Қуръон), суннат ва ижмоъ билан фарздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


181. Закотда ният фарз эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Закот бериш асносида қалбдан ният қилиш лозим.


182. Туя, сигир ва қўйлардан закот вожиб эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


183. Адади бештадан кам бўлган туяларда закот вожиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


184. Бешта туяда бир қўйни закот қилиш вожибдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


185. Қирқтадан оз қўйларда закот вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


186. Қирқта қўйда токи бир юз йигирматагача бир қўй вожиб бўлади. Бир юз йигирмадан ортса, то икки юзтагача иккита қўй вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


187. Қари моллар сигир ҳукмидадир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


188. Нисобда қўй ва эчкилар бирлаштириб ҳисоб қилинади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


189. Нисобда туяни қўй ва сигирга бирлаштирилмайди, шунингдек, сигирни ҳам туя ва қўй билан бирлаштириб, нисоб ҳисоб қилинмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яна, бу жониворларнинг ҳар бирида то ўз нисобига етмагунларига қадар, закот соқит бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


190. Нисоб миқдорича туялар эгаси ўз туяларини олти ой боқиб, сўнгра уларни мол-сигирларга алмашса, йил айланиши кесилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, юқоридаги сувратда мол-сигирларга эга бўлган кундан бошлаб бир йил ўтиши билан ҳайвонлар закоти вожиб бўлади. Туялар билан ўтган олти ой туяларни сотган вақтида бекор бўлган.


191. Йил айланиб тўлди-ю, закотни адо қилишдан олдин нисобга талофат етиб мол ҳалок бўлса, яъни, агар нисоб эгасида, закотни адо қилишга имкон пайдо бўлишидан олдин мол ҳалок бўлган бўлса, бу ҳолда закот соқит бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


192. Мевани шохида турган ҳолида қуритиб қоқи қилувчи деҳқон, бирон мевани, масалан узумни шоҳи билан, дарахтидан синдириб олмай туриб, жойида турган ҳолида қоқи қилса-ю, унга бирон офат келиб меваларига талофат етса, бу ҳолда деҳқонга бирон нима вожиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


193. Икки юз дирҳамдан беш дирҳам закот берилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


194. Агар тилло йигирма мисқол вазнича бўлиб, унинг қиймати икки юз дирҳамга тенг бўлса, ундан закот вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.) қирқ динордан озида закот вожиб эмас, деган.


195. Агар тиллонинг вазни йигирма мисқолдан кам бўлса, шунингдек, унинг қиймати ҳам икки юз динорга етмаса, ундан закот вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


196. Кумуш ёки тиллода нисобни тўла қилиш мақсадида қиймат эътиборга олинмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, бир кишининг кумушдан ясалган товоғи бор. Товоқнинг вазни юз дирҳам. Аммо, қиймати унинг бўёқ ва безакларининг эътибори билан икки юз дирҳамдан ошади. Шу ҳолатда товоқнинг эгасига кумушдан закот вожиб бўлмайди.


197. Топиб олинган хазинадан бешдан бирини давлат хазинаси (байт ал-мол)га топшириш топиб олувчига вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


198. Эгасининг қўлида мол бир йил турмас экан, яъни бир йил бўлмагунча ундан закот бериш вожиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


199. Бир йил тўлиқ ўтиши билан мол эгасига закот вожиб бўлади, бир йилдан кейин закот берган кишининг закоти дуруст бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


200. Мукотаб – яни, хўжаси билан озод бўлиши учун шартнома тузган қул то озод бўлгунига қадар, унинг молидан закот вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Абу Савр (р.ҳ.) мукотабга ҳам закот вожиб бўлади, деган.


201. Фитр садақасининг ҳукми фарз эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


202. Киши ўзининг номидан, шунингдек, фақир гўдакларининг номидан фитр садақасини адо қилиш имконига эга бўлса, унга фитр садақаси вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


203. Мусулмон бой кимса ўз қулининг номидан ҳам фитр садақасини адо қилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


204. Зиммийлар модомики муқим экан, уларнинг молидан закот вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Улар тижорат ниятида чегарадан ўтсалар, уларнинг молларидан бож олинади.


205. Зиммийга, яъни мусулмонлар юртида яшаётган ғайридинга мусулмон қулининг номидан фитр садақасини бериш вожиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


206. Аёл киши эрга тегишидан олдин, ўзи учун ўз мол-мулкидан фитр садақасини бериши вожиб, деб ижмоъ қилдилар.


207. Онасининг қорнидаги ҳомилага фитр садақаси вожиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.) ҳомила номидан фитр беришлик вожиб эмас, аммо мустаҳаб деган.


208. Аҳли зиммадан бирортасига закот молидан берилмайди, кофирларга закот садақаси берилмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


209. Тижорат учун олинган моллардан бир йил ўтиши билан закот вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


210. Тижорат учун олинган ҳайвонларда ҳайвон закоти эмас, балки, тижорат закоти вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни ҳайвон агар тижорат мақсадида сотиб олинган бўлса, унинг сони қанча бўлишидан қатъи назар қиймати ҳисоб-китоб қилинади.


211. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам даврларида ул зоти шарифнинг ўзларига, ул зотнинг элчиларига, закот ишига мутасадди бўлган ходимларга ва уларга элтиб бериш буюрилган кишиларга закот берилар эди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Бу масалада кўрсатилганлар закотни еювчилар эмас, балки асл масрифига етказиб берувчилардир.


212. Закотни ундириш вазифаси Ҳазрати Усмон (р.а.)нинг даврларига қадар айнан султоннинг зиммасида эди. У кишининг замонасига келиб саҳобалар ижмоъ билан закотни ундириш вазифасини султоннинг вакилларига топширдилар. Шу-шу қарзларни ундириш султон вакилларига ўтди, ҳатто энди султоннинг шахсан ўзи фуқародан закот қарзларини униришга ҳаққи йўқ, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


213. Кўмиб қўйилган моллар унутилиб, бир қанча йиллардан кейин топилса, шунингдек, бировга омонат қўйилган мол унутилиб, бир қанча йиллардан кейин ёдга тушса, орада қолган йиллар учун ҳам закот вожиб бўлади, аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


214. Шахсий ҳовлиси, улови, ходимлари бор киши модомики уларга муҳтож экан, закот олишлиги мумкин. Шунингдек, бойларнинг бу ҳолдаги кишиларга закот бериши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


215. Саҳобалар ижмоъсига кўра, қуръони каримда закот олишга ҳақли масрифлар ичида "ал-муъаллафту қулубуҳам" деб санаб ўтилган қисм закот олувчилар рўйҳатидан ўчирилгандир. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу даврининг аввалида саҳобалар ижмоъсига кўра "ал-муъаллафту қулубуҳум"га мансублар рўйҳатдан ўчирилган.


216. Инсон ўз ота-онасига закот бермайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Чунки, ота-онасининг нафақа-таминоти фарзандлар зиммасидир.


217. Эр киши ўз аёлига закот бера олмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Чунки, ҳотиннинг нафақаси эрининг зиммасидадир. Эрнинг бойлиги хотиннинг ҳам бойлигидир.


218. Масриф аз-закотнинг, яъни закот олиш мумкин бўлганлар мусулмон бўлишлари шарт, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, ушр ва закот садақаси фақат мусулмонлардан иборат масрифга берилади.




РЎЗА ВА ЭЪТИКОФ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




219. Рамазони шариф ойининг аввалида "Шу ой рўза тутаман", деб умумий ният қилган кишининг рўзаси жоиздир. Ҳар саҳарликда алоҳида ният қилмаса ҳам, рўзаси дуруст бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


220. Рўзада ният фарз эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Рўза тутиш аввалида қалбдан ният қилиш лозим.


221. Саҳарлик мандуб-мустаҳаб амалдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, саҳарликка туриш вожиб эмас. Саҳарликка турмасдан рамазон рўзасини тутишга ният қилган кимса гуноҳкор бўлмайди.


222. Рўзадорга емоқ, ичмоқ ва жимоъ қилмоқни Аллоҳ таоло ҳаром қилган, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


223. Рўзанинг саҳиҳ бўлиши учун аёллар нифос ва ҳайз қонидан пок ҳолда бўлишлари шарт, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


224. Ҳайз кўрган аёллар Рамазон ойида қолдирган рўзаларининг қазосини адо қиладилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


225. Шак кунида рўза тутиш макруҳдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат бундан одатий рўза тутиб юрганлар мустаснодир.


226. Рўза тутиш учун ҳилолни кўриш вожибдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Нечта одам кўриши лозимлиги борасида ихтилоф бор.


227. Рўзадорга қусқи ғолиб бўлиб қусиб – қайт қилиб юборса, унинг рўзасига путур етмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.) бир ривоятда ижмоъга мувофиқ фикр билдирган, бошқа ривоятда эса: рўзаси бузилади, деган.


228. Қасддан қайт қилган кишининг рўзаси ботил бўлганига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


229. Рўзадорнинг ичидан бир нима чиқиб келса-ю, аммо, оғзидан ташқарига чиқмасдан яна ичига қайтса, қайтган таом оғизни тўлдиргудек бўлмаса, демак, у рўзани бузмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


230. Оғизни тўлдириб келган қайт – қусқи рўзани бузади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


231. Рўзадорнинг тишлари орасида қолган таом қолдиқлари, унинг сўлаги билан ичига ютилса, бунинг рўзага зарари йўқ, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


232. Икки ой кетма-кет каффорат рўзасини тутиши лозим бўлган аёл рўза тутиш жараёнида ҳайз кўрса, пок бўлган кунидан каффоратни давом эттириб кетаверади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


233. Ёши улуғ қариялар рўза тутишдан ожиз бўлсалар, уларга рўза тутмасликларига рухсат берилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


234. Икки байрам – рўза ва қурбон ҳайитлари куни рўза тутишликдан қайтарилган, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Шунингдек, ташриқ кунлари ҳам рўза тутилмаслик кераклигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


235. Эътикоф инсонларга фарз эмас, балки суннатдир. Назр қилиш йўли билан ўзига вожиб қилганларга эътикоф вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


236. Масжид ул-ҳаромда, Масжид ун-набавийда ва Масжид ул-ақсода эътикоф ўтириш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Шунингдек, барча масжиди жомеъларда эътикоф ўтириш мумкинлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


237. Эътикоф ўтирувчи кимса эътикоф ўтирган жойидан қазои ҳожати учун чиқиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


238. Эътикоф ўтирган кимса аҳли аёли билан яқинлик қилишдан ман қилинган, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


239. Эътикоф ўтирган киши аёлига қасддан яқинлик қилса, у эътикофини бузган ҳисобланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


240. “Фалончи келадиган кунда мен рўза тутаман!” деб қасам ичган киши саҳар вақтидан кейин таомланиб олганидан сўнг айтилган кимса келса, қасам ичувчига куннинг қолган қисмида ўзини таомдан тийиб юриши вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.




ҲАЖ МАСАЛАЛАРИ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




241. Ҳаж мусулмон, балоғатга етган, соғлом кимсага умрида бир марта фарз эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


242. Ҳаж ибодати фақат Макка шаҳрида адо этилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


243. Ҳаж турлари учталиги: муфрид, таматтуъ ва қирон эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


244. Умра амалининг ҳукми ҳаж каби машруъ эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Унинг фарз, вожиб ёки суннат амал экани борасида ихтилоф бор.


245. Эр ўз аёлини нафл ҳаждан ман қилиш ҳуқуқига эга, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


246. Кимки ҳажни ўзига назр қилса, унга вафо қилиши лозим бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


247. Ҳаж учун эҳром кийиладиган мийқотлар масаласида, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган ҳадисга мувофиқ аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳадисда мадиналиклар учун “зул ҳулайфа”, шомликлар учун эса “Жўҳфа”, Нажд аҳли учун эса “Қарни манозил” ва яманликлар учун “Яламлам” мийқот қилиб белгиланган. Шунингдек, бу мийқотлар айни шаҳар аҳолиси ва у тарафдан келган бошқалар учун ҳам мийқот экани айтилган.


248. Ҳожи бўлиш учун эҳром боғлаш шартлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


249. Мийқотдан олдин эҳром боғлаган кимса эҳром боғлаган ҳожи, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


250. Ғусл қилмасдан эҳром боғлаш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


251. Эҳром учун ғусл олиш вожиб эмас, балки суннат дея аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.) ва Ато (р.ҳ.) иккиси вожиб деганлар.


252. Қалбида ҳажга талбия айтмоқчи бўлган кимса адашиб умрага талбия айтиб юборса ёки унинг акси ўлароқ, умрага талбия айтмоқчи бўлган кимса ҳажга талбия айтиб юборса, унга ният қилган амалида давом этиш лозим бўлади. Адашиб тилида айтиб юборганига эътибор қилинмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


253. Ҳаж ойларида ҳаж амалини ният қилиб талбия айтган кимсанинг амали ҳаж ибодати ўлароқ баҳоланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


254. Ҳажни ният қилган муҳрим – эҳром боғлаган мусулмон жимоъ қилишдан, ов қилишдан, ҳушбўйланишдан, маълум либосларни кийишдан, соч олдириш ва тирноқ олишдан ман қилингандир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


255. Эҳром боғлаган ҳожи қон олдириши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


256. Эҳромдаги ҳожи ман қилинган амалларни қилса ҳажи бузилмайди. Фақат жимоъ – жинсий яқинлик бундан мустасно, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


257. Ҳажда ким қасддан жимоъ қилса, унга келаси йил қайта ҳаж қилиш ва қурбонлик этиш вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ато ва Қатоданинг фикри бошқачароқ бўлган.


258. Эҳромдаги ҳожи сочини қирдиришдан, қайчи ёки бошқа тиғли нарсалар билан кесишдан ман қилинган, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳаж амалиётларини тугатиш мақсадидагина ҳожи сочини олдириши мумкин.


259. Эҳромдаги ҳожига касаллик зарурати туфайли сочини олдириши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


260. Заруратсиз сочини олдирган эҳромдаги ҳожига фидя (жарима) вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


261. Эҳромдаги ҳожи тирноқ олдиришдан ман қилинган, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


262. Эҳромдаги ҳожига синиб, илиниб турган тирноқларини узиб ташлаш мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


263. Ҳаж учун эҳром боғлаган кимсага кўйлак, салла, шим, маҳси ва телпак кийиш мумкин эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


264. Эҳром боғлаган аёл кўйлак, иштон, рўмол ва маҳси кийиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 


265. Эҳром боғлаган эркак бошини ўраб олишдан ман қилинган, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


266. Эҳромдаги ҳожи заъфарон кабилар билан бўялган кийимларни кийишдан қайтарилган, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


267. Муҳрим эр таъқиқланган нарсалардан муҳрима аёл ҳам таъқиқланган. Магар айрим либослар (масалан, тикилган кийимлар) мустасно, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


268. Ҳожи эҳромда эканини била туриб, қасддан бирор жониворни овласа, унга жазо (жонлиқ сўйиш) вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Мужоҳид (р.ҳ.) бу ҳолатда ҳожининг зарарига ҳукм қилинмайди, деган.


269. Эҳромдаги ҳожи овлаган овнинг жаримаси бир қўйдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Унинг ўзини садақа қилиниши ёки қийматини садақа қилиш мумкинлиги борасида ихтилоф бор.


270. Ҳарамнинг каптарини овлаган ҳожига бир қўй вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) унинг қиймати вожиб бўлади, деган. Абу Юсуф (р.ҳ.) бу фикрни Абу Ҳанифа (р.ҳ.)дан нақл қилган ва "Шу сўзни оламиз", деган.


271. Денгиз жониворларини овламоқ, емоқ, сотмоқ ва сотиб олмоқ эҳромдаги ҳожи учун жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


272. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлдиришнинг зарари йўқ, деб санаб ўтган беш жониворни ўлдириш эҳромдаги ҳожи учун мубоҳ (жоиз), деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳадисда қарға, калхат, сичқон, чаён ва қопағон ит санаб ўтилган. Фақат Иброҳим Нахаъий (р.ҳ.) сичқонни ўлдириш мумкин эмас, деган.


273. Йиртқич ҳайвон эҳромдаги ҳожига озор берса, уни ўлдириш мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


274. Эҳромдаги ҳожи бўрини ўлдириши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


275. Эҳромдаги ҳожи жанобатдан покланиб ғусл қилиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Имом Молик (р.ҳ.) ҳожининг сув ичига шўнғишини макруҳ, деган.


276. Эҳром боғлаган ҳожи мисвок ишлатиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


277. Эҳром боғлаган ҳожи ўсимлик ёғи, сарёғ ва жониворлар ёғини ейиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


278. Эҳромдаги ҳожи баданининг бирон жойига хушбўйлик суртиши, атир сепиши мумкин эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


279. Эҳромдаги ҳожига ҳаммомга кириши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Имом Молик (р.ҳ.) агар ҳожи кир чиқариш мақсадида ҳаммомга кирса фидя лозим бўлади, деган.


280. Қора тош (Ҳажар ул-асвад) устига сажда қилиш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Имом Молик (р.ҳ.) ҳажар ул-асвад устига сажда қилишни бидъат, деган. Ҳанафийлардан Қивомиддин ал-Кокий (р.ҳ.) машҳур ривоятларда келмагани боис қора тошга сажда қилмаган авло, деган.


281. Аёллар Байтуллоҳ атрофида – Каъбани тавоф қилиш жараёнида ва Сафо-Марва оралиғида рамл қилмайдилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


282. Тавоф жараёнида сув ичиш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


283. Тавофнинг ададида, яъни Каъба атрофида неча марта айланганига шубҳа қилган кимса гумони ғолиб тарафини ҳисобга олиб, тавофни давом эттиради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


284. Етти бор айланишнинг баъзини бажарганидан сўнг фарз намозга такбир айтилиб қолса, тавофни тўхтатиб намозни ўқийди. Намоздан кейин тавофни келган жойидан давом қилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.) тавофни янгидан бошлайди, деган.


285. Етти бор Каъба атрофини айланиб икки ракат намоз ўқиган ҳаж қилувчи ёки умра этувчи тавофни тўғри бажарган ҳисобланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


286. Касал кимса тавофга ярамаса, уни кўтариб тавоф қилдирадилар ва бу ўзи тавоф қилганнинг ўрнига ўтади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Ато (р.ҳ.) бирор кишини ёллайди ва ёлланган кимса касал ҳожининг номидан тавоф қилади, деган.


287. Мустақил тавоф қилишга кучи етмайдиган ёш болаларни тавоф қилдириб қўядилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


288. Масжиднинг ташқарисида қилинган тавоф тавоф ҳисобига ўтмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


289. Замзам булоғининг ташқи тарафидан тавоф қилиш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


290. Тавофни тугатган кимса тавофдан кейинги икки ракъат намозни Масжид ал-ҳаромнинг хоҳлаган ерида ўқиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Имом Молик (р.ҳ.) ҳажар ул-асваднинг ёнида ўқиши жоиз эмас, деган.


291. Тавофдан сўнг, Мақоми Иброҳим ортида икки ракъат намоз ўқиб бўлиб, кейин Рукни Яманийни силаб ўпиш ҳақида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган ҳадис ҳукмига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


292. Сафо-Марва оралиғида саъйни, Сафодан бошлаб Марвада еттитага етказиб тамомлаган кимса саъйни бажарибди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


293. Сафо-Марва оралиғида таҳоратсиз саъй қилган кишининг саъйи жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.) агар саъй қилувчи соч олдиришдан илгари таҳоратсиз саъй қилганини эслаб қолса, тавофни қайтаради, деган.


294. Ҳарам ҳудудидан бўлмаган офоқий киши – маккалик бўлмаган кимса ҳаж ойларида умра нияти билан Маккага келса ва умра арконларидан фориғ бўлиб, Маккада муқим қолса ва айни йил ҳаж амалини бажарса, бас у таматтуъ ҳажини бажарувчидир. У ҳаж амалиётларини ўташ имконини топса, қурбонлик вожиб бўлади. Акс ҳолда рўза тутади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


295. Кимки ҳаж ойларида, ҳарамга умра нияти билан кирар экан, модомики умра тавофини бошламагунча, у ҳаж учун келган ҳисобланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


296. Арафа куни Арафот майдонида туриш ҳажнинг энг асосий рукни эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


297. Арафа тунини Минода ухлаб қолиб ўтказган кимса арафа куни вожиб фурсатни қўлдан чиқармай Арафот тоғида турган бўлса, унга ҳеч қандай жарима лозим бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


298. Ҳожилар Минонинг хоҳлаган ерини манзил қилишлари мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


299. Имом жамоат билан арафа куни Арафот майдонида пешин ва асрни жамлаб ўқийди, деб ижмоъ қилдилар.


300. Арафот тоғида пешин ва асрни жамъ қилиб адо қилиш жараёнида имом қироатни махфий қилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


301. Арафот майдонида туришлик фарз, унда турмаганнинг ҳажи ҳаж эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


302. Арафа куни заволдан кейин, тундами ё кундуздами, арафот майдонида турган ҳожи ҳажни топган ҳисобланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Бироқ, Имом Молик (р.ҳ) унга келаси йил ҳаж вожиб бўлади, деган.


303. Арафотда таҳоратсиз турган ҳожи фарзни бажарган ҳисобланади ва унга бу хусусда биронта жарима вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


304. Муздалифада шом ва ҳуфтонни жамлаб ўқиш суннатдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


305. Икки намозни жамлаб ўқувчилар, орада нафл ўқимайдилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


306. Муздалифанинг қайси еридан тош олсалар ҳам бўлаверади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, шайтонга отиш учун олинадиган тошнинг махсус жойи йўқ. Муздалифадан олинса кифоя.


307. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шайтонга отиладиган “Ақаба тоши”ни қурбон ҳайити куни тонг отганидан кейин отганлар. Ҳодилар ҳам шундай қилишлари керак, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


308. Қурбон ҳайити куни “Ақаба тоши”дан бошқа шайтонга тош отилмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


309. Қурбон ҳайити куни “Ақаба тоши”ни тонг отганидан сўнг қуёш чиқишидан олдин отган бўлса кифоя, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


310. Тош отиш ҳолати қандай бўлишидан қатъи назар белгиланган нишонга отилса кифоя, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Тошни отиш ҳолати борасида ҳар хил фикрлар бор.


311. Ташриқ кунлари тошларни заволдан кейин отса ҳам кифоя қилаверади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


312. Ҳожи биринчи тошни отганидан кейин бироз тўхташ қилади ва дуога қўл очади, иккинчи тошни отганидан кейин ҳам шундай қилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


313. Калбошлар соч олдириш вақти келганида, бошига устарани юргизиб ва теккизиб қўядилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


314. Аёллар сочларини қирдирмайдилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


315. Вожиб тавоф бу – “Тавофи ифоза”дир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


316. Тавофни ҳайит кунидан ортга суриб юборган кимса ташриқ кунлари тавоф қилиб олса, у фарзни адо қилган ҳисобида бўлади ва унга ҳеч қандай жарима вожиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


317. Тош отишга кучи етмайдиган ёш болаларнинг номидан шайтонга тош отилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


318. Соғлом, айбсиз ҳайвонни қурбонликка етаклаб бориб, уни қурбонлик тариқасида сўйса, бу унинг қурбонлиги сифатида ҳисоб қилинади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


319. Сочни қисқартиш уни қирдириш ўрнига ўтади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


320. Ҳаж ойларидан бошқа пайтда Минога борган киши намозни қаср қилмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳаж ойларида Минога борган кимсанинг намозларни қаср ўқиши борасида ҳар хил фикрлар мавжуд.


321. Ташриқ кунларининг иккинчисида Маккада муқим қолмай, ҳарамдан ташқарида бўлганлар – Минодан чиқиб кетмоқчи бўлган ҳожилар, иккинчи куни заволдан кейин кетишлари мумкин. Шарти шуки, кетмоқчи бўлган кунидан олдинги кун шайтонга тош отган бўлишлари керак, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.) ва Иброҳим ан-Нахаъий (р.ҳ.) иккинчи кун аср намози ўқилгунга қадар Минода қолиб кетган бўлсалар, учинчи кунгача Минода қолишлари лозим бўлади, деганлар.


322. Кимки тавоф ва саъйдан олдин жинсий муносабатда бўлса ҳажи ва умраси фосид бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


323. Ҳарамдан ташқарида умра учун ният қилган кимса умра учун эҳром боғлаган ҳисобланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳарам ҳудудида умра учун эҳром боғланмайди.


324. Байтуллоҳга етиб боришдан умидини узган кимса йўлда эҳромдан чиқиши мумкин. Агар эҳромдан чиқмаса, шу орада йўлдаги тўсиқ бартараф бўлиб Байтуллоҳга етиб олишга кўзи етса, йўлида давом этади ва ҳаж амалларини ниҳоясига етказади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


325. Қулнинг ҳожаси уни ҳаждан ман қилиш ҳуқуқига эга, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Бунга қарши ўта шозз ривоятлар мавжуд.


326. Ҳажга боришга қодир шахс ўзи учун шахсан ўзи ҳаж қилади. Унинг номидан бошқанинг ҳаж қилиши мумкин эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


327. Аёл ҳаж қилишга қодир бўлмаган эркак киши номидан, эркак эса ҳаж қилишга қодир бўлмаган аёл номидан ҳаж қилиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Ҳасан ибн Солиҳ (р.ҳ.) бу хилдаги ҳажни макруҳ, деган.


328. Балоғатга етмаган ёш болага ҳаж фарз эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


329. Мажнун ёки ёш бола ҳаж қилсалар, сўнгра жинни тузалса, бола балоғатга етган ҳолатда улар қайтадан ҳаж қилишлари лозим бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


330. Ёш болаларнинг ҳаждаги жиноятлари учун жарима уларнинг шахсий молларидан ундирилиши лозим бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, ҳаж қилиш жараёнида бирор балоғатга етмаган бола ҳажда таъқиқланган ишга қўл урса, бунинг жазоси унинг ўз шахсий молидан тўланади.


331. Ҳарам ҳудудида яшовчи жониворларни овлаш эҳромдаги кимсага ҳам бошқаларга ҳам ҳаромдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


332. Ҳарам ҳудудида ўсиб турган дарахтларни кесиш барчага ҳаром, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


333. Ҳарам ҳудудида кишилар ўзлари ўстирган, масалан, бақлажон, райҳон каби экин ва кўкатларни юлиш мубоҳ, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.






НИКОҲ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




334. Никоҳ китоб (Қуръон), суннат (ҳадис) асосидаги машруъ (савобли) амал эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


335. Қиз томон биринчи совчига ижобий жавоб берганини билган ҳолда, биринчи совчидан изн олмасдан шунингдек, биринчи совчи совчиликни тўхтатмагунча унинг устига совчи юбориш ҳаромдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилдилар.


336. Никоҳ риштаси "никоҳимга олдим" ёки "хотинликка олдим" каби "никоҳ" ва "тазвиж" лафзлари билан боғланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


337. "Унга ҳалол бўлдим", "Унга мубоҳ бўлдим" каби гаплар билан никоҳ боғланмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


338. Бирор вақтга боғланган (изофа) никоҳ, шунингдек, бирор шартга боғлиқ қилинган, масалан: "Сенга келаси йил рамазон ойида никоҳланаман", деб никоҳни маълум бир вақтга боғласа ёки "Агар ҳовлига кирсанг, сенга никоҳландим", деса, эр ёки хотин "Қабул қилдим", деганга ўхшаш никоҳни дуруст эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


339. Эркак бирор қизни никоҳига олиб, у билан жинсий яқинлик қилса, шу билан қизнинг бокиралиги кетса, уни эр кўрган жувон (саййиба) бўлди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Аммо бокиралигини зино билан йўқотган қизларнинг "саййиба"лигида ихтилоф бор.


340. Никоҳда никоҳ қилинмиш келиннинг валийси бўлиши, яъни валийлик ҳолати бўлиши мумкинлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


341. Ота-она эр кўрган қизини унинг розилигисиз эрга бериб юбориши жоиз бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


342. Ота-она балоғатга етмаган ёш (бола) қизини валий сифатида, унинг розилигисиз эрга бериб юбориши жоиз бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


343. Ота-она балоғатга етмаган ёш (бола) ўғлини валий сифатида, унинг розилигисиз уйлантириб қўйиши жоиз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


344. Кофир ота-она муслима қизига никоҳда валий бўла олмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


345. Маҳрнинг кўп миқдори шариатда чегараланмаган ва у маълум нарса бўлиши керак, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


346. Аёл маҳрини олмагунича, эрини ўзига яқинлаштирмаслик ҳуқуқига эга, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


347. Никоҳ вақтида "маҳрнинг бир қисми нақд, яна бир қисми насия", деб келишилган бўлса, нақд қисмини олгандан кейин, то эр насия қисмини бергунича, келиннинг эрини ўзига яқинлаштирмасликка ҳаққи йўқ, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


348. Қўй боқиб беришлик эвазига уйланишлик жоиздир, деб ижмоъ қилдилар. Яъни, маҳр ўрнида келин тарафнинг қўйларини боқиш.


349. Эркак кишидаги жинсий ожизлик "хилвати саҳиҳа"га, яъни, эр-хотин жинсий яқинлик қилишларига монеълик қилинмайдиган даражада ёлғиз қолганлар, деб ҳукм қилинишига монеъ бўла олмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 


350. Ота-она қизини ўз тенггига турмушга беришдан бош тортган ҳолда, ҳоким ва унинг расмий вакиллари никоҳ ишига валий бўлиб, қизни ўз тенггига узатиб юбориши жоиз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


351. "Шиғор" никоҳи, яъни бировнинг қизини никоҳига олиб, унинг эвазига ўз қизини унга маҳрсиз турмушга узатиш никоҳи шаръан ҳаром, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


352. Озод қилинган қул бировнинг чўрисига уйланса ва ундан фарзанд дунёга келтирса, туғилган фарзандлар қул бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


353. Қулнинг никоҳида бўлган чўри озод қилинса, эри билан яшаш ё яшамаслик ишида ихтиёрли бўлади. Хоҳласа никоҳини сақлаб қолади, хоҳламаса никоҳни бузади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


354. Чўрининг (барча турдаги чўриларнинг) никоҳи хўжасининг изнига боғлиқ, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


355. Хўжа ўз қули ёки чўрисини мажбурий равишда уйлантириши ёки турмушга бериши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 


356. Ахта қилинган ва дабба бўлган эркаклар намоздаги сатри авратнинг фарз бўлиши, имомлик қилиш, эҳром либосини кийиш, ғанимат ва мерос тақсимотида улуш олиш масалаларида соғлом эркаклар каби ҳукм қилинади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


357. Ахтанинг бичилганидан бехабар ҳолда турмушга чиққан аёл, никоҳдан кейин эрининг ахта эканини билса, никоҳни сақлаб қолиш ё бузишда ихтиёрли бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


358. Киши никоҳ риштасини боғлагани билан аёлига етишиб у билан жинсий алоқада бўлмагунича уни шаръан никоҳ кўрган эркак (муҳсин) дейилмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


359. Келин-куёв ораларида жинсий алоқа бўлганига иқрор бўлсалар ва уларнинг иқрорига гувоҳлар шоҳидлик берса, уларни турмуш қурганлар (муҳсин) дейилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


360. Келин-куёв жуда оз муддат бирга яшадилар, ораларида жимоъ ҳам бўлиб ўтди. Бироқ, бир неча кун ўтар-ўтмасдан иккисидан бири вафот этди. Шундан кейин тирик қолгани зинога қўл урса, у турмуш ўртоғи билан жимоъ қилганига иқрор бўлмагунича уни тошбўрон қилинмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Чунки, шариат қонунига кўра зинокорлар оилали бўлиб турмуш ўртоғи билан жинсий алоқа қилган бўлсагина тошбўрон қилиш жазоси қўлланади. Никоҳли ҳолда жинсий алоқа қилмаганларга зино жинояти учун дарра урилади.


361. Мушрика аёлларга уйланиш жоиз эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


362. Ҳар қандай аёлнинг бир эрнинг никоҳида бўлгани ҳолда, бошқа эрга тегиш ҳаром эканлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Шунингдек, бир эрдан талоқ олиб идда сақлаб турган аёлга ҳам идда муддати ўтиб кетмагунча янги эрга никоҳланиши ҳаром, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


363. Уммуҳоту-л-мўминин яъни, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли аёллари (улардан Аллоҳ рози бўлсин) билан турмуш қуриш уммат учун ҳаромдир, деб ижмоъ қилдилар.


364. Уммуҳоту-л-мўмининга берилган бу эҳтиром уммат аёлларидан бошқа ҳеч кимга берилмаган. Яъни, эри ўлган аёлга шариъатга мувофиқ тарзда уйланиш мумкин, деб ижмоъ қилдилар.


365. Инсон ўз онасини никоҳига олиши ҳаром эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Она қанча юқори бўлса ҳам, яъни онаси, момоси ва ҳоказолар билан турмуш қуриши ҳам ҳаром.


366. Инсон ўз зурриёдига уйланиши ҳаром эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фарзандлар қанча қуйи бўлса ҳам, яъни қизи, набираси ва ҳоказолар билан турмуш қуриши ҳам ҳаром.


367. Инсон ўз опаси ё синглисига уйланиши ҳаром эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Инсоннинг опа-сингиллари ўз ота-онасиданми ёки отаси бошқа ёхуд онаси бошқами, бунинг фарқи йўқ. Буларнинг бари бирдек никоҳи ҳаромдир.


368. Инсон ўз аммаси ё холасига уйланиши ҳаром эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Уларнинг ота-онаси бирми ёки фақат ота бирми ёхуд фақат онабир амма-холаларими, буларнинг бари бирдек никоҳи ҳаромдир.


369. Инсон никоҳидаги хотинига яқинлик қиларкан, шу билан унинг онасига яъни, ўзининг қайинонасига уйланиши ҳаром бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Жинсий яқинлик қилинмаган хотиннинг онасида ихтилоф бор. Яъни, никоҳига олган, лекин ҳали яқинлик қилмаган хотинини талоқ қилгандан сўнг унинг онасига уйлана олиш-олмаслик борасида уламолар ҳар хил фикр билдирганлар.


370. Инсон ўз отасининг хотинларига, яъни ўгай оналарига уйланиши ҳаром бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Шунингдек, отаси никоҳсиз жинсий яқинлик қилган аёлларга уйланиш ҳам ҳаромдир.


371. Инсон ўз фарзандининг хотинига, яъни келинига уйланиши ҳаром бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Аммо асранди боласининг хотини маҳрам эмас, яъни шаръан унга уйланиш мумкин.


372. Бошқа эрдан қизи бор аёлга уйланган инсон хотинига жинсий яқинлик қилар экан, шу билан унинг қизига уйланиши ҳаром бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


373. Инсон бирор аёлга уйланса-ю, у билан жинсий алоқа қилишдан олдин уни талоқ қилса ёки аёл ўлиб қолса, ўша аёлнинг бошқа эрдан бўлган қизига уйланиш ҳалол, деб саҳобалар ижмоъ қилганлар. Бироқ, Ҳазрати Али (р.а.) омманинг қарорига хилоф ўлароқ: "Қиз онасининг эри қарамоғида бўлмаса, ундан бошқа жойда истиқомат қилган бўлса, уйланиш жоиздир", деган. Ҳазрати Али (р.а.)нинг фикрича, қиз ўгай отанинг уйида истиқомат қилиши, унинг онаси ўгай отаси билан жинсий алоқа қилганининг белгисидир.


374. Инсон бирор аёлга уйланишининг ўзи билан, яъни никоҳ битими тузилиши биланоқ, аёл эрнинг ота-боболарига, шунингдек, эрининг ўғли ва набираларига маҳрам бўлади, яъни, улар билан никоҳи ҳаром бўлади. Бу борада эр аёлга жинсий яқинлик қилган-қилмаганининг, набиралар қиз тарафидан ёки ўғил тарафидан бўлиш-бўмаслигининг фарқи йўқ. Шунингдек, ота ва фарзандлар насаб ёки эмикдошлик жиҳатидан қариндош бўлишининг ҳам фарқи йўқ, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


375. Бегона аёлни эмишлик билан эмизувчи аёл ва уни эмувчи чақалоқ орасида эмишганлик маҳрамлиги (разоъий) собит бўлишига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Сут эгаси бўлган ота тарафида ихтилоф бор. 


376. Бегона аёлнинг сутини дори ёки ёғ каби нарсалар билан аралаштириб чақалоққа ичирсалар, эмишганлик маҳрамилиги (разоъий) собит бўлиши учун сут ва аралашманинг миқдорига қаралади. Сут кўп бўлса, маҳрамлик собит бўлади, оз бўлса маҳрамлик юз бермайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


377. Инсон бирор чўри сотиб олса-ю, уни ўпса ёки баданидан бирор аъзосини шаҳват билан ушласа, ўша чўри бу инсоннинг ўғлига маҳрам бўлиб қолади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


378. Никоҳ ақдининг ўзи билан аёл эрининг отаси ва ўғлига маҳрам бўлади, аммо, сотиб олишнинг ўзи билан чўри хўжайинининг ўғли ва отасига маҳрам бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


379. Инсон бирор аёлга фосид никоҳ билан ҳам жинсий яқинлик қилса, аёл унинг ўғил ва оталарига маҳрам бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


380. Бир никоҳда опа-сингилларни жамлаш, яъни инсон бир вақтнинг ўзида опа-сингилни хотин қилиб юриши жоиз эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


381. Опа-сингил чўриларни сотиб олиш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


382. Опа-сингил чўрилардан бири билан жинсий яқинлик қилса, иккинчиси билан алоқа қилиш йўли бекилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


383. Аёлнинг аммасини ёки холасини унинг устига хотин қилиб олиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


384. Инсон ўз хотинини ражъий талоқ қилса, иддаси тугагунига қадар унинг опаси ё синглисига уйлана олмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Хотинининг талоқ иддаси ўтганидан кейин унинг опаси ёки синглисига уйланиши мумкин. Боин талоқнинг иддасида ўтирган аёл масаласида ихтилоф бор. 


385. Инсон тўртинчи хотинининг ражъий талоғида иддаси ўтмагунча бешинчи хотинга уйлана олмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Бу иш идда чиқса, кейингина мумкин бўлади. Боин талоқнинг иддасида ўтирган аёл масаласида ихтилоф бор.


386. Эри дом-дараксиз кетган аёл ана ўша эрининг ўлганлиги аниқ бўлгунча ёки қози уни ўлган деб ҳукм қилгунча бошқа эрга чиқа олмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Қозининг дом-дараксиз кетган одамни ўлган деб ҳукм қилиш муддати борасида уламолар ҳар хил фикр билдирганлар.


387. Эри дом-дараксиз кетган аёл, бошқа турмуш қилиб фарзандли бўлса, унинг фарзанди кейинги эридан, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) ушбу фикрдан бошқача қарашда бўлган.


388. Мусулмон асирнинг ўлгани аниқ бўлмагунча хотинини никоҳга олиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


389. Насабий жиҳатдан маҳрам бўлганлар разоъий (эмишганлик) жиҳатдан ҳам маҳрам бўладилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


390. Эрга тегмаган бокира қиз мабодо бирор чақалоқни эмизса, чақалоқ унинг эмизган (разоъий) боласи бўлади. Чақалоқ разоъан отасиз дейилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


391. Икки чақалоқ бирор чарпо ҳайвоннинг сутини ичсалар, ораларида эмишганлик – ака-укалиги ёки опа-сингиллиги собит бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


392. Биринчи эрдан бўлган сутнинг ҳукми иккинчи эр билан кесилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Масалан: ҳомиладор аёл эридан ажраса, ҳомиласини қўйгунча идда сақлаб фарзандли бўлгач, бошқа эрга тегса, унинг сути биринчи эрдан, яъни, боласининг отасидан, деб олинади. Аммо шундай бўлса-да, у аёл бирор бегона чақалоқни эмизса, у чақалоқнинг отаси сут эгаси бўлган эр эмас, балки, аёлнинг иккинчи, айни дамдаги эридир, деб ҳукм олинади.


393. Инсон бир пайтнинг (ақднинг) ўзида, бирданига ҳур ва чўри аёлга уйланса, ҳур билан никоҳ дуруст бўлади-ю, аммо, чўри билан ботил бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Имом Молик (р.ҳ.) ҳур бу ҳолатдан хабардор бўлмаса, никоҳдан кейин ихтиёрли бўлади, хохласа никоҳни сақлаб қолади, хохламаса йўқ, деган.


394. Аҳли китоб жориялар билан мулкдорлик сабабли жинсий алоқа қилиш мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳасан Басрий (р.ҳ.) жоиз эмас, деган. Аҳли китоб аёлларни никоҳга олиш эса ихтилофли бўлиб, бу масалада ижмоъ собит бўлмаган.


395. Икки кишининг орасида шерикли жория хўжайинларидан бирига никоҳланиши жоиз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 


396. Қул хўжайинининг изнисиз уйланса, унинг никоҳи жоиз эмас, рухсат билан бўлса жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 


397. Уйланишига рухсат берилган қул, бирор ҳур аёлга, ўзининг қул эканини яшириб уйланиб олса, унинг хотини эрининг қул эканини билган вақтда никоҳни бузиш ё сақлаб қолиш ишида ихтиёрли бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 


398. Аёл ўзининг қўл остидаги қулига эрга тегиши дуруст эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


399. Озод инсон тўрт нафар аёлга уйланиши мумкинлигига, қул эса фақат икки хотинга уйлана олиши мумкинлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


400. Салафи солиҳлар ижмоъсига кўра кўп хотинли эркакларга хотинлари орасида адолат қилиши вожибдир. 


401. Мусулмон ва аҳли китоб бўлган хотинларнинг орасида кун тақсимоти адолат юзасидан теппа-тенгдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


402. Узоқ вақт сафарда юрган эрга, уйда муқим қолган хотинлари учун сафар муддатининг қазоси вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, кўп хотинли эр кун тақсимотига амал қилиши вожиб. Аммо узоқ муддатли сафарга бир хотинини олиб кетиб, бошқалари уйда қолса, сафардан қайтгач уйдаги аёллари билан сафар вақтида қолган кунларини қазоси сифатида кўпроқ тунаши вожиб эмас.


403. Кўп хотинли эркаклар барча хотинларига теппа-тенг муҳаббат қилишга шаръан мажбур эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилдилар. Яъни, инсон бир неча аёлни бил хилда яхши кўра олишдан ожиз бўлгани учун бу масалада шариъатнинг мажбурияти йўқ.


404. Аёл эридан урф-одатга мувофиқ озиқ-овқат ва кийим-кечак таъминотини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 


405. Инсон бирор аёлга уйланса-ю, унга ҳали яқинлик қилмаган бўлса, яқинлик монеъси аёл тарафдан бўлса, аёлнинг нафақаси эрга вожиб эмас. Мабодо эр тарафдан бўлса, эр аёлининг нафақа билан таъминлаши вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳасан Басрий (р.ҳ.) то яқинлик қилмагунча нафақа асло вожиб эмас, деган.


406. Эрига итоат қилмай уйдан чиқиб кетган итоатсиз жанжалкаш (ношиза) аёлни нафақа билан таъминлаш унинг эрига вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳакам ибн Утайба (р.ҳ.) унга нафақа берилади, деган.


407. Қул эрга ўз никоҳидаги аёлининг нафақасини таъминлаши вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 


408. Касб қила олмай қолган муҳтож ота-онанинг нафақа таъминоти уларнинг фарзанди зиммасига юкланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


409. Инсонга маҳрам бўлмаган қариндошларининг нафақаси вожиб эмаслигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


410. Мол-дунёси йўқ балоғатга етмаган ёш болаларнинг нафақа-таъминоти уларнинг отаси зиммасига юкланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


411. Отаси вафот этган балоғатга етмаган ёш боланинг нафақаси отаси қолдирган молдан ажратилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Иброҳим ан-Нахаъий (р.ҳ.)нинг фикрича, қолдирилган мол оз бўлса, нафақа болага мерос тариқасида ажратилган улушдан тайинланади. Агар мерос кўп бўлса, у ҳолда молнинг ҳаммасидан нафақа ажратилади.


412. Эр-хотин ажрашсалар, уларнинг орасида балоғатга етмаган фарзанд бўлса, она модомики эрга тегмаса болани ўзи билан олишга ҳақли бўлади. Агар она эрга тегса, болага отаси ҳақли бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


413. Эр-хотин бир вақтда тенг муртад бўлсалар, сўнг қайта мусулмон бўлсалар, никоҳлари ўз ҳолича қолади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Имом Зуфар (р.ҳ.) бузилади, деган.


414. Никоҳ тўйи ўтказиш суннат эканига ва тўйга таклиф қилинган кимса узрсиз ҳолатда унга бориши лозимлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


415. Никоҳ тўйининг муайян миқдори йўқди, ҳар ким ўз имкониятидан келиб чиқиб тўй қилиши мумкиндир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилдилар.


416. "Азил" қилиш, яъни эр манийни хотинининг фаржидан ташқарига тўкиши фақат хотинининг розилиги билангина жоиз бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 




ТАЛОҚҚА ТАЪАЛЛУҚЛИ БЎЛИМ




417. Талоқ қилиш шаръан мубоҳ амалдир, бироқ, уни Аллоҳ таоло ёқтирмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


418. Талоқ юзага чиқиши учун мулк, яъни хотин эрнинг никоҳида бўлмоғи шартдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


419. Аёли ҳайз кўраётган вақтида уни талоқ қилиш ҳаром ва бидъат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 


420. Қон кўрмайдиган ёш қизалоқлар ҳамда ёши ўтган қари кампирларда сунний талоқ уч талоқни уч ойда бўлиб-бўлиб бериш билан бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


421. Ҳайз кўрадиган аёлнинг поклик вақтида, унга яқинлик қилмасдан, поклик муддатини охиригача сабр қилиб, ҳайз кўришидан бироз олдин қўйилган талоқ сунний талоқдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


422. Бир киши хотинининг поклик муддатида унга жинсий яқинлик қилмасдан бир боин талоқ қилса-ю, сўнгра қайтариб ўзига никоҳласа, у кимса айни покликнинг ўзида хотинини яна бир талоқ қўйиш билан сунний талоқни топа олади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


423. Эр хотинига талоқ беришда масдар лафзини қўлласа, яъни, انت الطلاق – ("Анти ат-талоқ") – "Сен талоқсан!", деса ва бу сўзида уч талоқни ният қилган бўлса, унинг нияти дуруст бўлиб, хотини уч талоқ бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


424. Боин талоқни ифода қилувчи киноявий лафзлар билан "уч талоқ" ният қилинса, ният дуруст бўлиб, хотини уч талоқ бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Бироқ, боин талоқни ифода қилувчи киноявий лафзларнинг қандайлиги ва қайсилиги борасида ихтилоф бор.


425. Ражъий талоқ қилинган хотинини, идда ичида, унинг розилигисиз, маҳрсиз, никоҳни янгиламасдан "сени қайтариб олдим" ёки шунга ўхшаш сўзлар билан ўз хотинини қайтариб олиш мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


426. Ражъий талоқ қилинган аёл иддасини ўтаб учинчи ҳайздан пок бўлса, унинг ҳайз муддати ўн кун бўлса, пок бўлиши биланоқ аёл бошқа эрга турмушга чиқиши ҳалол бўлади ва талоқ қилган эри уни никоҳни янгиламасдан "сени қайтариб олдим" ёки шунга ўхшаш сўзлар билан қайтариб ололмайди. Агар аёлнинг ҳайз муддати ўн кундан оз бўлса, бу ҳолда у ҳайздан пок бўлиб ҳали ғусл қилишга улгурмаган бўлса, эри уни қайтариб олиши мумкин. Агар ғусл қилиб улгурган бўлса, бу ҳолда ҳам эри уни қайтариб ололмайди. Чунки аёлнинг иддаси тамом бўлди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


427. Эр хотинига бирор марта ҳам жинсий яқинлик қилмай туриб уни бир талоқ қилса, хотини эридан боин талоқ билан ажрайди ва эрига янги никоҳ билангина ҳалол бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Бу ҳолатда хотинга идда лозим бўлмайди.


428. Эр хотинини бир сўз билан учтадан кўп талоқ қилса, хотин эридан уч талоқ билан ажрайди ва эрига ҳаром бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


429. Ажам ҳалқлар ўз тилларида хотинига талоқ берса ва шу билан "талоқ"ни мақсад қилсалар, талоқ юз беради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


430. Эр тўрт хотинидан бирини талоқ қилиб, иддаси чиққунча унга уйидан жой бермасдан, уни ҳайдаб юбориб, дарҳол бешинчи хотинга уйланиб олса, сўнгра, талоқ қилинган ҳотиннинг иддаси чиқиб бўлгунича эрнинг ўзи вафот этса, охирги олган хотинига саккиздан тўрт улуш мерос тегади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


431. Эр касалми ё соғлом эканидан қатъи назар жинсий алоқа қилинган хотинини ражъий талоқ қилса, сўнгра эр-хотиндан бири идда тамом бўлгунича вафот этса, улар бир-бирларидан мерос оладилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


432. Эр соғлом чоғида хотинини уч покликда уч талоқ қилса-ю, сўнгра иккисидан бири вафот этса, тирик қолгани ўлгандан мерос ололмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


433. Эр соғлом ё касал бўлишидан қатъи назар, хотинини уч талоқ қилган бўлса, ушбу хотинидан, унинг иддасида ҳам, иддасидан кейин ҳам мерос ололмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


434. Жинни ва ақли ноқиснинг талоғи талоқ ўрнига ўтмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


435. Уйқуда айтилган талоқ ҳисобга олинмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


436. Талоқ сўзини жиддий айтадими ёки ҳазил қилиб айтадими, бари бирдек никоҳни бузади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


437. Абадий маҳрамлик туфайли ўртаси ажратиб юборилган эр-хотин орасида талоқи боин эмас, балки "фасх" – қозининг никоҳни бузиши юз беради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Масалан, биров ўзи билмаган ҳолда эмишган синглисига уйланиб олса, ҳолат маълум бўлган заҳоти уларнинг ораси ажратиб юборилади. Бу ажрашув талоқ эмас, фасх бўлди, деб ҳукм қилинади.


438. Боин талоқ қилинган аёлнинг, шунингдек, хулуъ йўли билан эридан ажраган аёлнинг талоғига идда вақтида киноий лафзлар билан айтилган талоқ қўшилмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


439. Ўлим тўшагида ётган киши хотинини талоқ қилса, идда тамомига етгунча эр вафот этса, хотин эридан мерос олади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Имом Шофеъий (р.ҳ.) олмайди, деган.


440. Эрнинг ўз никоҳидаги хотинининг талоғини бирор феълга боғлиқ ҳолда қилиши саҳиҳдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Масалан: "Ҳовлига кирсанг талоқсан", деса, хотин ҳовлига кирса талоқ юз беради.


441. Эр хотинига қарата: "Ҳайз кўрган чоғинг талоқсан", деса, хотин ўз одатига кўра қон кўрса, воқеълик (муддат) ҳам унинг ҳайз қони бўлишини тасдиқласа, ҳайз кўрган заҳоти талоқ юз беради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ўша ҳайз вақтидан идда ҳам бошланади.


442. Эр хотинига: "Агар бир ҳайз кўрсанг талоқсан", деса, хотин қон кўриб, ҳайз муддати тамом бўлиб пок бўлган вақтида талоқ бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Имом Молик (р.ҳ.) ҳайз бошланган вақтнинг ўзидаёқ талоқ юз беради, деган. Ўша ҳайз тугагандан кейин идда бошланади, яъни эр айтган ҳайз идда муддатига қўшилмайди. Имом Молик (р.ҳ.) фикрича эса бу ҳайз идда муддатига қўшилади. 


443. Эр хотинига қарата, Аллоҳнинг хоҳишини муқаддам қилиб, "Аллоҳ хоҳласа талоқсан!" деса, талоқ бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


444. Эр хотинига: "Агар шу ҳовлига кирсанг уч талоқсан!" деб айтган бўлса, кейин шарт топилишини кутиб ўтирмай, бирданига уч талоқ қилса, хотин иддани тамомлаб бошқа турмушга чиқиб, ундан ҳам ажраб, яна аввалги эрига қайтиб тегса ва у эри уч талоқ бўлиш шарти билан таъқиқлаган ҳовлига кирса, энди уч талоқ бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


445. Эр хотинига: "Агар хоҳласанг талоқсан" деди. Хотин эса: "Фалончи хоҳласа, мен ҳам хоҳладим", деди. Хотиннинг бу гапини рад деб баҳоланади ва фалончи хоҳлаган бўлса ҳам талоқ бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


446. Эр хотинига қарата: "Сен яримта талоқсан ёки учдан бир талоқсан, ё тўртдан бир талоқсан!" деганга ўхшаган сўзларни айтса, бир талоқ бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


447. Эр хотинини уч талоқ қилиб сўнгра унга жинсий яқинлик қилса, талоқ қилганига шоҳидлар бўлса-ю, аммо эр буни инкор қилиб турган бўлса, эрнинг инкорига қаралмайди, балки шоҳидларнинг сўзига биноан эр-хотин орасини ажратиб юбориш вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Бироқ, эрни зинода айблаб жазога тортилмайди.


448. Аҳмоқ (сафиҳ) эрнинг талоғи ўтади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ато ибн Абу Раббоҳ (р.ҳ.) сафиҳнинг талоғи ҳам, никоҳи ҳам ўтмайди, деган.


449. Эр наша ёки қандайдир дорилар истеъмоли билан маст бўлиб ҳушини йўқотса ва шу ҳолида талоқ деса, унинг талоғи ҳисобга олинмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳанафийларнинг кейинги давр фақиҳлари наша истеъмоли сабабли хотинини талоқ қилса, талоғи талоқ бўлади, деганлар.


450. Бир лафзда айтилган "уч талоқ" сўзи билан бир эмас, айнан уч талоқ юз беради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Бироқ, бирданига уч талоқ дейишнинг ҳаром, макруҳ ё мубоҳми ёхуд бидъат эканлиги борасида ихтилоф бор.


451. Эр хотинини уч талоқ қилганидан кейин, хотин эрига ҳаром бўлади, бошқа эрга тегиб қайтса шундагина аввалги эрига ҳалол бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


452. Хотин эрига: "Мен бошқа эрга тегиб чиқдим, у эрим менга яқинлик қилди", деса, эр хотиннинг сўзига ишониб тасдиқласа, у аёл аввалги эрига ҳалол бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


453. Ҳур-озод эр, ҳур-озод хотинни уч талоқ қилса, хотин иддасини тамомлаб, бошқа эрга тегиб чиқиб, унинг ҳам иддасини тугатиб яна аввалги эрига қайтса, аввалги эрда яна уч марта талоқ қилиш имкони вужудга келади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


454. Эр хотинига қарата, "Сен уч талоқсан, шундан иккитаси мустасно" мазмунида гап айтса, бир талоқ бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


455. Уч талоқдан бир талоқни истисно қилса, икки талоқ бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


456. Уч талоқдан уч талоқни истисно қилса, уч талоқ бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, "Сен уч талоқсан, шундан уч талоқ мустасно" деса, бу ҳолда дарҳол уч талоқ юз беради.


457. Аҳли китоб бўлган эр-хотиндан эри биринчи бўлиб исломга кирса, уларнинг никоҳи ўз кучида қолади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


458. Аҳли китоб бўлган эр-хотинлар бир вақтда тенг мусулмон бўлсалар, уларнинг никоҳи ўз кучида қолади. Эр-хотин жинсий алоқа қилган-қилмаганларининг аҳамияти йўқ, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


459. Бутпараст эр-хотиндан бирлари иккинчисидан олдин мусулмон бўлса, эри унга дахл қилмаган бўлса, бирининг исломи сабаб оралари ажратиб юборилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


460. Бутпараст эр-хотин икковлари бирдан исломга киришса, уларнинг никоҳи ўз кучида қолади. Эр-хотин жинсий алоқа қилган-қилмаганларининг аҳамияти йўқ, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


461. Ғайридин кимса бир аёл ва унинг қизини бир вақтнинг ўзида хотин қилиб юрган ҳамда уларга дахл қилган бўлса, сўнгра учови исломга кирсалар, эрни хотинларидан дарҳол ажратиб юборилади, иккисидан бирортасига ҳам қайта никоҳлана олмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


462. "Хулуъ" – хотиннинг ўз талоғини эридан сотиб олиши расмий раҳбарлар (ҳоким, қози)нинг иштирокисиз ҳам жоиз бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳасан Басрий (р.ҳ.) ва Ибн Сирин (р.ҳ.) фақат қозининг ҳузуридагина жоиз бўлади, деганлар.


463. Жимоъ – жинсий яқинликдан ман қилувчи ҳар бир қасам, "ийло"дир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


464. Эр агар қуйидагича қасам ичса: "Агар хотинимга яқинлик қилсам, қулларим озод бўлсин!", деса, сўнгра қулларини сотиб юборса, ийло соқит бўлади, хотинига яқинлик қилаверади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


465. Ийло қилувчи эр ўз ийлосидан қайтиши, узри бўлмаган ҳолатда хотинига жинсий яқинлик қилиш билангина бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


466. Аллоҳ номи ила қасам ичиб ийло қилган эр, қасамини бузса каффорат вожиб бўлади. Аллоҳ номи билан қасам ичмасдан бирон шартга боғлаб қасам ичган бўлса-ю қасамни бузса, бу ҳолда шартнинг жазоси лозим бўлади, ийло соқит бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


467. Зиммий эр хотинига "ийло" қилса, масалан: "Сенга тўрт ой яқинлик қилмасам, сен талоқсан!" ёки "Қулим озод бўлсин", деб қасам ичса, унинг ийлоси эътиборга олинади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


468. Агар зиммий ийлосида ибодат амалларни ўртага қўйса, масалан: "Сенга тўрт ой яқинлик қилмасам, ўн кун рўза тутаман!" ёки "минг динор садақа улашаман!", деса, бу ҳолларда зиммийнинг ийлоси эътиборга олинмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


469. "Зиҳор" сўзлари ичида, " انت علىّ كظهر أمّى " яъни, "Сен менга худди онамнинг орқаси каби (ҳаром)сан!", деган ибора зиҳорнинг сариҳ (аниқ) сийғасидир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


470. Қулнинг зиҳори ҳам ҳурнинг зиҳори кабидир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


471. Зиҳор каффоратида бир қулни озод қилиш каффоратдан ҳисобга ўтади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


472. Зиҳор каффоратида умму валад жорияни озод қилиш каффоратдан ҳисобга ўтмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Усмон ал-Баттий (р.ҳ.) ва Товус (р.ҳ.) умму валад каффоратга ярайди, деганлар.


473. Зиҳор каффоратида озод қилинмиш қул айбли бўлса, унинг айбига эътибор берилади. Чунки, баъзи айблар каффоратнинг дуруст бўлмай қолишига таъсир қилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Агар қулнинг кўзи ожиз, юра олмайдиган даражада кекса, қўллари кесилган, оёғи ё қўли шол бўлса, ундай қул каффорат учун озод қилишга ярамайди. Агар қул букри ё чўлоқ бўлса, каффоратга яроқли бўлади. Имом Молик (р.ҳ.) чўлоқнинг чўлоқлиги кучли бўлса ярамайди, деган. 


474. Хотинига "зиҳор" қилувчи эр сўзидан қайтиб, зиҳор каффорати ўлароқ икки ой рўза тутиш жараёнида, хотинига яқинлик қилиб қўйса, икки ой каффорат рўзасини янгидан бошлайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Имом Абу Юсуф (р.ҳ.) узрли ҳолда, (масалан, уйқуда яқинлик қилиб қўйса), каффарот рўзасини келган жойидан давом қилдиради, деган.


475. Рўза тутиш билан зиҳор каффоратини адо қилаётган эр муддат тамомига етгунга қадар, рўзани узрсиз тўхтатиб қўйса, каффоратни янгидан рўза тутиш билан бажаради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


476. "Зиҳор" қилувчи зиҳор каффоратини мискинларга таом едириш йўли билан адо қилиш асносида хотинига яқинлик қилиб қўйса, каффоратни янгидан бошламайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


477. Хотинига дахл қилишдан яъни, биринчи бор яқинлик қилишдан олдин, уни зино билан ҳақорат қилган эрнинг жазоси, лион билан бўлишига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, эр-хотин ўзларининг ҳақликларини исботлаш учун, ёлғончи бўлса ўзларига, бўлмаса қарши тарафга лаънат бўлишини сўрайдилар.


478. Бегона аёлни зино билан ҳақоратлаб, сўнгра унга уйланган эрга жазо тариқасида аввал дарра урилади, кейин хотини билан лион айтишади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


479. Эр хотинига, "Сен қиз чиқмадинг", деса, эрга ҳад урилмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ибн ал-Мусайяб (р.ҳ.) дарра урилади, деган.


480. Балоғатга етмаган норасида эр хотинини ҳақорат қилса, унга дарра ҳам урилмайди, лион ҳам вожиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


481. Ахталик ва жинсий ожизлик эркак кишининг айбидир. Никоҳдан кейин бу айблар ошкор бўлса, хотин никоҳни бузиш ё сақлаб қолишда ихтиёрли бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


482. Эри вафот этган аёл ҳомиладор бўлмаса, тўрт ой ва ўн кун идда сақлайди. Эри унга дахл қилган-қилмаганининг эътибори йўқ. Шунингдек, эр сағир бўладими ёки балоғатга етган кабир бўладими, бунинг ҳам аҳамияти йўқ, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


483. Аёлини ражъий талоқ қилган эрга уни нафақа ва уй-жой билан таъминлаш вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


484. Уч талоқ қилинган аёл ҳомиладор бўлса, идда давомида унинг нафақа ва уй-жойини эрнинг зиммасида вожибдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


485. Аёл никоҳ кунидан олти ойга етмасдан фарзанд туғса, бола никоҳидаги эрдан деб ҳисобланмайди. Аммо, олти ойдан ортиқроқ муддатда туғилган боланинг насаби онанинг айни дамда никоҳда бўлган эридан ҳисобланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


486. Ҳомиладор аёл қайси табақага мансуб бўлишидан қатъи назар, ҳурми, чўрими, мукотабами ё мудаббарами – бари бирдек ҳомиласини туққунича идда ўтиради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


487. Эри вафот этган ҳомиладор аёл ҳомиласини табиий вақтидан олдин тушириб қўйса ҳам, иддаси тамомига етган ҳисобланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


488. Ҳомиладор аёлнинг эри вафот этса ёки эри уни талоқ қилса, бироқ, бундан хотиннинг хабари бўлмаса ҳам у аёл туққан вақт иддаси тамомига етган бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


489. Балоғатга етмаган ёш аёл ёки ҳайз кўрмайдиган катта ёшли аёл уч ой талоқ иддасини ўташ даврида ҳайз кўриб қолсалар, иддани қайтадан ҳайз хисобида бошлайдилар. Агарчи уч ойга ярим кун қолганда ҳайз кўрса ҳам, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


490. Нифосли аёл талоқ қилинса, унинг иддаси нифос қони билан эмас, балки, нифос қони тамом бўлгач ҳайз билан идда бошлайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


491. Ражъий талоқнинг иддасида ўтирган аёлнинг эри вафот этса, унга янгидан ўлим иддаси лозим бўлади ва эридан мерос олади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 


492. Иддада аёл тараф эътиборга олинади, эр тараф эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Масалан, вафот этган ҳур кимсанинг хотини чўри бўлса, унинг иддаси икки ой ва беш кун, вафот этган киши қул бўлиб, унинг хотини ҳур аёл бўлса, унинг иддаси тўрт ой ва ўн кундир.


493. Уч талоқнинг иддасида ўтирган аёл вафот этса, унинг эри бу аёлга меросхўр бўла олмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


494. Эри мусулмон бўлган зиммий аёлнинг иддаси худди ҳур аёлнинг иддаси кабидир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


495. Киши ўз умму валад аёлини бошқа эрга никоҳлаб берса, у эрининг ҳузурида эканида асл хўжайини вафот этса, бу умму валад аёлга идда лозим эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


496. Ҳайз кўрадиган канизакнинг иддаси икки ҳайз муддатичадир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


497. Эри вафот этган канизакнинг иддаси икки ой ва беш кундир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ибн Сирин (р.ҳ.) унга ҳам идда муддати тўрт ой ва ўн кун, деган.


498. Маййитга уч кундан ортиқ аза очиш ҳалол эмаслигига, фақат эри ўлган аёл эри учун тўрт ой ва ўн кун аза очиши кераклигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳасан Басрий (р.ҳ.) азани раво кўрмасдилар.


499. Эри вафот этиб идда сақлаётган аёл аза очиб, мотамсаро кийимлар кийиб, эрининг ўлганидан надоматда эканини изҳор қилиб идда ўтириши лозим, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


500. Азадор аёл сариқ рангли, умуман тўёна либос киймасин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳасан Басрий (р.ҳ.) бу хилда аза тутиш мумкин эмас, деган. Урва ибн Зубайр (р.ҳ.), Молик ибн Анас (р.ҳ.) ва Имом Шофеий (р.ҳ.) азадор аёл қора либос кийсин, деганлар.


501. Азадор аёлга зеб-зийнат ва тақинчоқлар, шунингдек, хушбўй атир-упалар мумкин эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


502. Рожъий талоқ иддасидаги аёлга аза очиш вожиб эмас, балки, чиройли либосларни кийиб, зеб-зийнатга бурканиб идда ўтириши лозим, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


503. Идда сақлаётган аёл: "Идда муддатим тамом бўлди", деса, унинг ушбу даъвоси воқеликка тўғри келиш эҳтимоли ҳам мавжуд бўлса, бу ҳолда аёлнинг сўзи тасдиқланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


504. Эр хотинини ражъий талоқ қилган бўлса, унда ўз хотинини қайтариб олиш ҳуқуқи бор, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, ҳур эркак ҳур аёлини унинг иддаси ичида қайтариб олиши мумкин. Шарти шуки, аёл эр томонидан уч талоқ ва боин талоқ ҳамда бадал (хулуъ) эвазига талоқ қилинмаган бўлсин, шунингдек, аёл эр томонидан жинсий яқинлик қилинган бўлсин.


505. Ражъий талоқ қилинган аёлга қайтишда гувоҳ бўлиши лозимлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, эр аёлига қайтганини гувоҳларга билдириб қўйиши керак.


506. Ражъий талоқ қилинган аёл эри билан қайта ярашишни хоҳламаган тақдирда ҳам эр унинг иддаси давомида аёлига қайтиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


507. Ражъий талоқ қилинган аёлга қайтиш маҳрсиз бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


508. Идда чиққанидан сўнг, эр: "Мен идда ичида аёлимга қайтганман" деса, аёл буни инкор этса, эрнинг гувоҳи йўқ бўлиб, аёл ўз сўзини қасам ичиб тасдиқласа, аёлнинг сўзи сўздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) "Никоҳ, "ражъат" масалаларида қасам ичирилмасдан, аёлнинг сўзи олинаверади", деган.


509. Аёл иддаси чиққанини даъво қилса-ю, аммо вақт буни тасдиқламаса, яъни, аёл ўн кун ичида иддаси чиққанини иддао қилса, унинг сўзи олинмайди. Бироқ, аъзолари шаклланиб қолган ҳомиласини чала тушириб қўйганини даъво қилса, у ҳолда аёлнинг сўзига эътибор қилинади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


510. Қўлга киритилган чўри агар ҳомиладор бўлса, то ҳомиласини туққунича унга жинсий яқинлик қилиш мумкин эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


511. "Истибро", яъни, чўрининг бачадони ҳомиладан тоза ёки тоза эмаслигини аниқлаш мақсадида ҳайз кўргунига қадар бошқа одамга беришлик жоиз эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Имом Молик (р.ҳ.): "Агар эркак кишининг олдида қолдирса макруҳ, аёл киши олдида қолдирса мандуб", деган.


512. Асир тушган аёлнинг эри ўз юртида қолган бўлса-ю, ўзи бирор мусулмоннинг қўлига тушиб қолса, унинг никоҳи бузилади ва у аёлнинг хўжайини истибродан кейин яқинлик қилиши ҳалолдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.




ҚУРБОНЛИК ВА ЖОНЛИҚ СЎЙИШ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




513. Қурбон ҳайити куни тонг отгунига қадар, жонлиқ сўйиш жоиз эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


514. Қўй-қўчқор битта одамнинг номидан қурбонлик қилиб сўйилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


515. Қурбонлик гўштларини фақирларга едирмоқ мустаҳаб эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 


516. Сўйиш мумкин бўлган жониворни танлаб, уни сўйишда Аллоҳнинг номини айтса, ҳалқумини кесиб қон томирларини узиб, қонини оқизса, унинг гўштини емоқ ҳалолдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


517. Соқовнинг сўйган жонлиғини емоқ мубоҳдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


518. Жонлиқ сўяётганда, "бисмиллоҳ..."ни қасддан тарк қилса, сўйилган ҳайвоннинг гўшти ҳанафийларда ҳаром, шофеъийларда ҳалол. Аммо, унутиб тарк қилса, барча мазҳабларда ҳалол деб, аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


519. Зарурат вақтида ҳайвоннинг тўғри келган ерига тиғ санчиб қон чиқариб ўлдирилса, гўшти ҳалол бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


520. Жонлиқ сўяётганда, жониворга заруратсиз азоб бериш, ҳали бадани совуб улгурмасдан теридан чиқара бошлаш, кўз олдида пичоқни ўткирлаш, уриб ерга ётқизиш каби азоб бериш макруҳ, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


521. Норасида бола ва аёл киши жонлиқ сўйиш амалини шариъатга мувофиқ тарзда уддалай олсалар, уларнинг сўйган жонлиқларининг гўшти ҳалолдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


522. Аҳли китобнинг жонлиқлари Аллоҳ номи ила сўйилган бўлса, биз учун ҳалолдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Имом Молик (р.ҳ.) аҳли китобнинг сўйган жонлиғи ҳалол, аммо уларнинг овлари, яъни, овлаш жараёнида ўлган ҳайвонлари ҳаромдир, деган. 


523. Ўз юртида яшаётган ғайридин аҳли китобларнинг сўйган жонлиқлари худди мусулмонлар юртида яшаётганларининг сўйган жонлиқлари каби ҳалолдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Имом Молик (р.ҳ.) яҳудийлар сўйган жонлиқнинг ёғи ҳаром, деган.


524. Мажусийларнинг сўйган жонлиқлари ҳаромдир, ейилмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Саид ибн ал-Мусайяб (р.ҳ.) ҳалол, деган.


525. Аҳли китобнинг ёш болалари ва аёллари Аллоҳнинг номини айтиб сўйган жонлиқларни ейиш мубоҳдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.




ЕГУЛИК ВА ИЧИМЛИКЛАР ҲУКМИ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




526. Ов қилишга ўргатилган тўнғизнинг ови ҳалол эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


527. Ов қилишга ўргатилган ҳайвоннинг ови ҳалол бўлиши учун, у овлаган овининг гўштидан емасдан эгасига бутун олиб келиши шарт. Агар овчи ҳайвон маълум муддат овнинг гўштига тегмасдан эгасига элтиб бериб, кейин гўштдан ейдиган одат чиқарса, унинг ови қайта ўргатилгунига қадар ҳалол эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


528. Овчи итларни овга қўйиш олдидан Аллоҳнинг исми зикр қилинган бўлса ва ит ўргатувчи мусулмон бўлса, у итлар жароҳатлаб тутиб келтирган овни емоқ жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат бутунлай қоп-қора итнинг ови борасида ихтилоф бор.


529. Товуқ, ўрдак, ғоз каби хонаки паррандаларнинг гўшти ҳалол, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


530. Ҳашоратлардан чигирткани ҳалол, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


531. Чигирткадан ташқари ҳашоратлар, шунингдек ер остида уя қилувчи жониворлар, сичқон, каламуш, юмронқозиқ кабиларнинг бари иттифоқан ҳаром, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат "зобб" дейилган (калтакесакка ўхшаш ҳайвон)ни Имом Шофеъий (р.ҳ.) ҳалол, деган.


532. Денгиз жониворларидан балиқ ва балиқсимон сув жониворларининг бари ҳалол, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


533. Балиқнинг ўлиги ҳалол, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Уни биров овлаган ёки кўл суви қуриб ўлган ёки уни сув қирғоққа улоқтирган бўлса ҳам фарқи йўқ. Аммо сув юзасига чиқиб, тескари (қорни осмонда) бўлиб қолган балиқлар борасида ихтилоф бор.


534. Илонбалиқнинг гўшти ҳалол, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


535. Ўзи ўлган (ўлимтик), баланддан тушиб кетиб ўлган, бир-бирини сузиш орқали ўлган ҳалол жониворларни емоқ шаръан ҳаром, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


536. Бақа ва қурбақа гўшти ҳаром, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


537. Темир ва ўткир тиғли нарсалар билан "бисмиллоҳ" айтиб сўйилган жониворлар ҳалол, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


538. Жойида турган тиш ёки тирноқ ёрдамида боши узилган жониворлар ҳалол эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


539. Хонаки эшакнинг гўшти ҳаром эканлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Хачир ҳукмда унга ўхшайди. Фақат Оиша (р.а.) ва Абдуллоҳ ибн Аббос (р.ҳ.) хонаки эшакни ейишнинг зарари йўқ, деганлар.


540. Ҳар бир йиртқич ҳайвонлар ва йиртқич қушларнинг гўшти ҳаром эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


541. Қуён гўшти ҳалол эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


542. Аҳли илмлар ва оммаи аҳли ислом чўчқанинг ҳаром эканига иттифоқ қилдилар. Чўчқа китоб, суннат ва ижмоъ билан ҳаромдир.


543. Аҳли илмлар ит, бўри, тулки, йўлбарс ва ҳоказо қозиқ тишлари билан ов қилиб кун кўрувчи йиртқич ҳайвонларнинг ҳаром эканига ижмоъ қилдилар.


544. Аҳли илмлар тирик ҳайвонлардан кесиб олинган аъзоларини тановули ҳаром эканига ижмоъ қилдилар. Яъни, тирик ҳайвондан бирон парча гўшт ёки ёғ кесиб олинса-ю ҳайвон тириклигича қолса, ундан кесиб олинган нарса ейишга ярамайди.


545. Моида сурасининг биринчи оятида зикр этилган Анъом—чорва ҳайвонларининг ҳалол эканига ижмоъ қилинган.


546. Кийик—ғизолнинг гўшти ҳалол эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


547. Денгиз жониворларини овлашлик ҳаж-умра сафарига отланган муҳримлар учун ҳам, улардан бошқаси учун ҳам мубоҳдир, деб ижмоъ қилдилар.


548. Зарурат юзасидан, ўлакса гўштини тановул қилиш мубоҳдир, деб ижмоъ қилдилар.


549. Мусулмонларнинг моли ва жонига қасд қилмоқ ҳаромдир, деб ижмоъ қилдилар. Яъни, мусулмон шахснинг молини ўғирлаб, тортиб олиб ва ҳоказо ноҳақ йўл билан олиш ва тановул қилиш, шунингдек унинг жонига ноҳақ қасд қилишлик уммат ижмоъси билан ҳаромдир.


550. Нажосат нарсаларни емоқ ва ичмоқ ҳаромдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилдилар.


551. Уммат ижмоъси билан ароқ нажас ва истеъмоли ҳаромдир.


552. Қон аҳли илмлар ижмоъси билан нажас ва ҳаромдир.


553. "Ат-талоъ" ичимлигининг ҳалол эканига ижмоъ қилдилар. Ат-талоъ—узумнинг сиқиб чиқарилган сувини то учдан бир қисми қолгунга қадар қайнатиш йўли билан тайёрланадиган ичимлик.




САВДО—СОТИҚ БЎЛИМИ




554. Байъ, яъни, савдо-сотиқ иши китоб (Қуръон), суннат (ҳадис) ва уммат ижмоъси билан машруъ – шариатда жоиз ва савоб олиш мумкин бўлган амал эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


555. Савдогарга вазн ва кайл ишида ҳалол бўлиши вожибдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилган. Яъни, тарозудан уриб қолмаслик, идишни тўлдирмасдан камтик қилиб беришлик ҳаромдир.


556. Байъ сўроқ маносидаги сўзлар билан амалга ошмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни бир киши: "Шу молни ўн дирҳамга сотасанми?", деб сўраса, унга жавобан: "Ҳа, сотдим", деса бу ҳолатда байъ бўлмаган ҳисобланади.


557. Бир буйруқ ва икки ўтган замон феъли билан байъ боғланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, "Шу молни ўн динорга сот", деса, унга жавобан: "Сотдим", деса ва харидор: "Олдим", деса, шу ҳолатда байъ боғланади.


558. Байънинг икки лафзидан бири таваққуф қилиб, тўхтаб турмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, бир киши: "Молимни фалон қишлоқдаги фалончига ўн динорга сотдим", деса ва бу хабар ўша кишига етиб борганда, "Мен сотиб олдим", деса, бу ҳолатда байъ боғланмайди. Лекин, сотувчи бирон кишига: "Фалончига етказгин, мен унга молимни ўн динорга сотдим", деса, у эса эшитган заҳотиёқ йўлга чиқиб, сотиб олувчига хабарни етказса ва у ҳам ўйланиб ўтирмасдан дарҳол: "Мен сотиб олдим", деса, бу ҳолатда байъ боғланади.


559. Ақл-ҳуши жойида, балоғатга етган икки кишининг орасида маълум молни маълум нарх (саман) эвазига савдо қилинса, байъ дуруст бўлади. Мол харидорнинг, пул эса сотувчининг мулкига айланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


560. Васий гўдакнинг молини ундан сотиб олса ёки ўзининг шахсий молини гўдакка сотса ва бу савдода гўдакка фойда бўлса, бу байъ, агарчи бир тараф балоғатга етган бўлмаса ҳам дуруст бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


561. Васий билан унга васият қилинган гўдакнинг орасидаги савдода гўдакка зиён бўлса, байъ жоиз бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


562. Савдо-сотиқда мол ёки нарх-пулнинг аниқ бўлмаслиги савдони фосид қилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


563. Агар савдо айни дамда муомалада бўлган пул билан эмас, балки, икки молни айирбошлаш йўли билан бўлса, бу ҳолатда харидор сотиб олаётган мол эвазига бераётган пул-нархнинг миқдорини аниқ айтиши шарт эмас. Фақат, "Молнинг эвазига шуни бераман", деб ишора қилса кифоя, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


564. Ҳур-озод инсонни сотишлик ботилдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


565. Шариатда гўштини ейишдан қайтарилган, аммо ишлатиш мумкин бўлган нарсалар яъни, қул, хонаки эшак ва хачир кабиларнинг савдоси дурустдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


566. Аллоҳ таоло "Моида сураси"нинг учинчи оятида, истеъмоли ҳаром деб эълон қилган нарсаларнинг байъи, яъни, сотиш ва сотиб олиш ҳам ҳаром, деб билиш лозим эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, ўлимтик ҳайвон гўшти, оққувчи қон, чўчқа гўшти, "бисмиллоҳ"дан бошқа исм айтилиб сўйилган ҳайвон гўшти, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич ҳайвон еб кетгандан қолган жониворларнинг гўштларини ейиш билан бирга, уларнинг савдо-сотиғи ҳам ҳаромдир.


567. Ароқни сотиш асло жоиз эмасдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


568. Уйда мушукни сақлаш (сотиб олиш йўли билан бўлса ҳам) мубоҳдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


569. Онаси қорнидаги ҳомила ҳайвонни, шунингдек, елинидаги сутни ва жониворнинг устидан олинмаган жунларини сотишлик шаръан фасод эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


570. Осмонда эркин учиб юрган қушларни сотиш жоиз эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


571. Ҳайвон уруғини сотиш, яъни пул эвазига эркак жониворни урғочисига чоптириш шаръан фасод эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


572. Дарахтда турган, ҳали етилмаган хом мевани дарахтдан дарҳол узиб олиш шарти билан сотиш дурустлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


573. Дарахтда турган, ҳали етилмаган хом мевани то пишиб етилгунга қадар дарахтда қолдириш шарти билан сотиш дуруст эмаслигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


574. Ҳали пишиб етилмаган ва қотмаган буғдойни бошоғида турган ҳолида сотиш дуруст эмаслигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


575. Пишиб етилиб қотган буғдойни бошоғидаги ҳолича сотиш дуруст эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Имом Шофеъий (р.ҳ.) кейинги гапида дуруст эмас, деган.


576. Бир неча йиллик ҳосилнинг савдоси дуруст эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, шу боғдан беш йил ҳосил оласиз, ҳар йилига шунчадан ҳақ тўлайсиз", деб савдо қилиш дуруст эмас.


577. "Музобана" савдоси, яъни, териб олинган хурмони дарахтида турган хурмога, тахминий ўлчов билан айирбошлаш дуруст эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


578. "Мухобара" савдоси, яъни, "Ернинг маълум (масалан, сувга яқинроқ) қисмида етилган ҳосил менга, қолган қисмида етилгани эса сенга", деб ерни ижарага беришлик жоиз эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Мазкур масалада фақат Ибн Аббос (р.а.) бошқача фикр билдирган.


579. "Муҳоқала" савдоси, яъни, бошоғидаги буғдойни бошоғидан ажратилган буғдой билан тахминий ўлчам асосида айирбошлаш дуруст эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


580. Меваси пишиб етилмаган дарахтни сотилганда мева ҳам сотиб олувчининг мулкига ўтиб кетади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


581. Бозорга олиб боришдан аввал елини катта кўринсин учун сутини махсус соғилмаган жонивор (мусаррот)нинг сутини соғиб олса, сутни ўзида қолдириш ёки харидорга беришда ихтиёрли бўлади. Хоҳласа ўзида қолдиради, хоҳласа уни сотиб олувчига қайтаради. Агар сутни истеъмол қилиб қўйган бўлса, бадалига бир соъ (тўрт килоча) хурмо беради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ибн Абу Лайло (р.ҳ.) ва Имом Абу Юсуф (р.ҳ.) сутни харидорга унинг қиймати билан бирга қайтаради, деганлар.


582. Шаҳарга кириб келаётган савдогарлар йўлига пешвоз чиқиб, молларини бозорга киришидан олдин сотиб олмоқ жоиз эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳанафий мазҳабида бу иш шаҳар аҳолисига зарар қилмаса, дуруст дейилган.


583. Қарзни қарз эвазига сотиш жоиз эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.

Масалан, бир кишининг бир ой муддатда адо қилиши белгиланган 10 дирҳам қарзи бор. Қарз берган кимса унга: "Хоҳласанг, шу бир ойда адо қилишинг керак бўлган 10 дирҳам қарзингни сени ўзингга 15 дирҳамга сотаман, уни икки ойда адо қиласан", деб келишилган савдо дуруст эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


584. Ҳайвонни ҳайвонга нақдма-нақд айирбошлаш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


585. Маълум дарёнинг сувидан савдо қилиш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Масалан, "Амударёдан сув ташиб сотаман, ҳар литри шунчадан", деган тарздаги савдо дурустдир.


586. Бирон таомни сотиб олувчи, молини қўлига олмай туриб, (қабз қилмасдан), сотиб юбориши мумкин эмас, деб ижмоъ қилдилар. Таомдан бошқа моллар савдосида қабз масаласи ихтилофли.


587. Чўри ёки қул сотиб олувчи харидор уни қўлга олишдан олдин озод қилса, чўри ёки қул озод бўлиб кетади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


588. Она-бола чўри сотиб олганда, онани ёш боласидан алоҳида ажратиб, бошқа-бошқа бировга сотиш дуруст эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳанафий мазҳабида бу хилдаги савдо макруҳи таҳримий бўлади, дейилган.


589. Ҳадиси шарифда зикр қилинган айнан олти хил нарсани айирбошлаш агар нақдма-нақд бўлса, бирини бошқасидан кўпроқ бўлиши, шунингдек, теппа-тенг бўлган тақдирда бирининг нақд, бошқасининг эса насия бўлиши савдонинг жоизлигига монеъ бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳадисда тилло, кумуш, буғдой, хурмо, арпа ва тузнинг савдосида нақдма-нақд ва теппа-тенг қилиб айирбошлаш лозимлигини таъкидланган.


590. Ҳадиси шарифда зикр қилинмаган, тарозида тортилиб ё идиш ўлчами билан ўлчаниб сотиладиган егулик ва ичимликлар, масалан, гуруч ва ёғларнинг ҳукми ҳам юқоридаги буғдой, хурмо, арпа ва тузларнинг ҳукми кабидир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 


591. Пулни пулга айирбошловчилар, яъни, саррофлар нархни ва пулни нақд олмай бир-бирларидан ажралса, байълари фосиддир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


592. Хўжайин билан қул орасида рибо бўлмайди, бинобарин, хўжайин қулига бир динор бериб, эвазига икки динор олиши мумкин. Шунингдек, қулининг қўлидаги молини олиб қўйиши ҳам мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


593. Бир ғарам гуручни бошқанинг бир ғарам гуручига рибо шубҳаси борлиги учун айирбошлаш жоиз эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


594. Жинси бошқа-бошқа нарсаларни ғарам-ғарам ҳолича айирбошлаш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


595. Бир киши канизак сотиб олди. Канизакнинг эри бор эди-ю, бироқ, бундан харидорнинг хабари йўқ эди. Унинг оилали экани билингач, бу ҳолати айб деб ҳисобланади ва харидор бу савдони бузиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


596. "Салам савдоси"нинг, яъни, савдода пулни нақд тўланиб, молни эса маълум вақтдан кейин етказиб беришга келишилган савдонинг дурустлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


597. "Салам савдоси"да: 1) молнинг сифатлари, нима экани ва қандайлигини очиқ-ойдин баён қилиниши; 2) молнинг вазни ёки миқдорини аниқ айтилиши; 3) мол қачон топширилиши муддати аниқ белгиланиши; 4) молнинг қаерда топширилиши ҳам аниқ айтилиши; 5) пулни сотувчига келишилган савдо вақтининг ўзидаёқ тўлиқ берилиши лозимлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Демак, "салам савдоси"нинг мана шу бешта шартидан бирортаси топилмаса, савдо жоиз эмас. 


598. Сотувчининг зиммасидаги қарз "салам савдоси"нинг пули бўла олмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Чунки, бу ҳолатда бешинчи шарт топилмаган бўлади.


599. "Салам савдоси"да "хиёри шарт" – савдонинг бўлиш-бўлмаслиги борасида уч кунлик ихтиёр берилиши шарти бўлмайди. Агар салам савдосини амалга оширувчилар ихтиёрни шарт қилсалар, байъ ботил бўлади. "Хиёр шарти" билан "салам савдоси"ни қилувчилар бир-бирларидан ажралишларидан олдин "хиёри шарт"ни бекор қилсалар ва тўланган пул сотувчининг қўлида саломат турган бўлса, байъ қайта тикланади. Мабодо "хиёри шарт"ни бекор қилган вақтларида пул ҳалок бўлган бўлса, бу ҳолатда салам ботиллигича қолади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Масалан, "Харидор: "Менга ўн динор эвазига бир ойдан кейин фалон жойда юз кило буғдой берасиз. Мана сизга ўн динор, аммо, уч кун ихтиёрлиман, байъни бузишим ҳам мумкин", деб савдо қилса, байъ ботил бўлади. Бироқ байъ қилувчилар бир-биридан ажрашдан олдин ихтиёрни бекор қилсалар, байъ қайта тикланади. Бу учун берилган пул сотувчининг қўлида саломат турган бўлиши шарт.


600. Нонни салам бай билан сотиш жоиз эмас, деб ижмоъ қилдилар.


601. Муддатли савдо жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, маълум молни маълум миқдор пул эвазига, ҳар ойда бўлиб-бўлиб маълум миқдордан тўлашга келишган ҳолда савдо қилиш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


602. Сотилган ҳар турли молларда иқола қилишлик, яъни, тамом бўлган савдони бир муддатдан сўнг бузиб, бирорта айби бўлмаса ҳам молни қайтариб бериб, пулни қайтиб олиш жоиздир, вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


603. Саррофлик савдосида иқола қилинса, айирбошланган пуллар ўрнига бошқа пул бериб, савдони бузиш мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 


604. Саррофлик савдосида пуллар нақдма-нақд тўланиши шарт бўлганидек, унинг иқоласида ҳам, пуллар иқола қилинган вақтнинг ўзидаёқ нақд қайтарилиши лозимдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


605. "Салам савдоси"нинг дуруст бўлиши учун савдо вақтининг ўзидаёқ пулни тўлиқ топшириш шарт бўларди, бироқ, унда иқола қилинса, салам пулини иқола келишилаётган жойнинг ўзидаёқ нақд қайтарилиши шарт эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


606. Бир насроний бошқа бир насронийга ароқ олиб келиб беришни буюртма қилди ва шу тарзда ораларида "салам савдоси" қилинди. Мол келишидан олдин буюртмачи мусулмон бўлса, исломда ароқ савдоси жоиз бўлмагани учун сотувчидан пулни қайтариб олади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


607. Савдода молнинг эвазига тўланаётган пул аниқ бўлса, унинг икки хил бўлишининг фарқи йўқдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, шу молнинг нархи ўн динор ва икки дирҳам, деб савдо қилса жоиздир.


608. Зиммий кофирнинг қўл остидаги қули исломга кирса, зиммийга у қулни бошқа мусулмонга сотиб юбориш вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, шаръий қонунга кўра зиммий кофирга мусулмон бўлган қулини бошқа мусулмонга сотишини талаб қилинади.


609. Таом ва ичимликларни қарзга олиш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


610. Қарздор ҳақдорга қарзга олинган нарсанинг айнан ўзини эмас, балки унинг мисли - ўхшашини қайтариши жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


611. Аҳли илмлар ижмоъси билан рибо (судхўрлик) ҳаромдир.


612. қарз олди-бердиси уммат ижмоъси билан дурустдир.


613. Қарз бериш вақтида қарз олувчига қарзни бирон қўшимча билан қайтариш шарт қилинса, ўша қўшимча рибодир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


614. Икки кишининг орасида бай бўлди. Олувчи молнинг пулини нақд бермасдан туриб сотувчининг ўзига қайтадан сотди. Шу ҳолатда агар иккинчи савдо биринчи савдо баҳоси билан тенг нарҳ эвазига бўлса, ёки биринчи савдоникидан қимматроқ баҳога савдо қилинса бу савдо жоиздир, деб ижмоъ қилинган. Агар иккинчи савдо биринчисидан озроқ баҳо билан қилинса бу ҳолатда рибо шубҳаси борлиги учун Ҳанафий мазҳабида бу савдо дуруст эмас.


615. "Хиёри шарт", яъни, савдо қилувчиларнинг ҳар иккисига, байъни амалда қолдириш ё уни бузиш ихтиёри шарт қилиб белгиланиши дурустдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 


616. "Хиёри айб", яъни, молнинг эски айби савдо вақтида айтилмай кейин ошкор бўлса, харидорга айб туфайли молни эгасига қайтариб бериш ихтиёри дурустдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


617. "Хиёри айб" мерос бўлиб ўтади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, харидор ўлган бўлса-ю, у сотиб олган молда эски эгаси қўлида вақтида бўлган, харидор сотиб олаётганда айтилмаган айби чиқиб қолса, шу айби сабабли меросхўрлар молни эски эгасига қайтариб беришлари жоиздир.


618. "Хиёри шарт" мерос бўлиб ўтмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, уч кун ичида сотиб олиш-олмасликни келишиб, мол олиб кетилган бўлса, шу давр ичида харидор ўлса, унинг уч кунлик ихтиёри меросхўрларга ўтмайди.


619. "Агар шу қулни сотиб олсам, у ҳур бўлади", деб қасам ичса ва ўша қулни "хиёри шарт" билан сотиб олса, савдо келишилган вақтдаёқ қул барибир озод бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


620. Ҳовли сотилганда сотувчига "хиёр шарти" берилса, қўшни шуфъат ҳаққини талаб қила олмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


621. Ҳовли сотилганда харидорга "хиёр шарти" берилса, қўшни шуфъат ҳаққини талаб қила олади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


622. "Хиёри шарт" билан мол сотиб олган харидор байъни ўз кучида қолдириши учун сотувчининг ҳузурига бориб, унга очиқ-ойдин: "Мен байъга розиман ва савдо ўз кучида қолди", деб айтиши шарт эмас. Шундай бўлса-да, тилида: "Мен байъга розиман", деб айтиб қўйиши лозим. Қалбидан ўтказиб қўйса, "хиёр" соқит бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


623. "Хиёри шарт" эгаси шеригининг олдига бориб, қалбида рози бўлиб турса-да тили билан: "Мен байъга рози эмасман", деса, байъ бузилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 


624. Мол сотиб олувчи молнинг айби туфайли эгасига қайтариб бериш ниятида байъни бузмоқчи бўлса, албатта, сотувчининг ҳузурига бориб байъни бузиши лозим, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


625. Сотиб олинган молдан фойдаланиш, уни ишлатиш "хиёри айб" билан байъни бузишга монеъ бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


626. Молни қўлга олиш (қабз)дан олдинги "завоиди мунфасила"лар "хиёри айб" билан савдони бузишга монеъ бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, сотиб олинган сигир харидор қабул қилиб олишидан олдин болаласа, бу ҳолат уни ошкор бўлиб қолган айби туфайли байъни бузишига моне бўлолмайди. Қабул қилиб олгандан кейин сигир болалаган бўлса, бу ҳолатда "хиёри айб" билан қайтариш дуруст ё дуруст эмаслиги ихтилофлидир.




ИЖАРА БЎЛИМИ




627. Ижара шариатда жоиз амал эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


628. Маълум ҳовлини муайян муддат ва маълум ҳақ эвазига ижарага бериш дурустдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


629. Бир нарсани икки кишига, навбат-навбат ишлатиш шарти билан ижарага бериш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


630. Ижарага олинган нарса, ижарага олувчининг айбисиз ҳалок бўлса, бунинг зарари ижарага берувчига тушади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Масалан, бир аравани 50 кг юк ортишга ижарага олинди. Ижарага берувчи шунга рози бўлиб аравани топширди. Бироқ арава 50 кг юкни ортилганда кўтара олмай синиб қолди. Уни тузатиш харажати ижарага олувчининг эмас, балки, ижрага берувчининг ўзига тушади.


631. Чақалоқни эмизиб бериши учун эмизувчи аёлни ижарага олиш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Бу ҳолатда аёлнинг тураржой, кийим-кечак ва озиқ-овқат таъминоти унинг ўз зиммасида бўлади, ижарага олувчи зиммасида эмас. Бироқ, келишувда сут эмизувчи аёл тураржой, кийим-кечак ва озиқ-овқат таъминотини ҳам ижарага олувчи тарафдан бўлишини шарт қилинса, у ҳолда ижарага олувчи гарданига юкланади.


632. Киши ўзининг онасини, синглиси ё опасини, қизини ёки холасини боласини эмизиб беришлари учун ижарага олиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


633. Ишлатиладиган ҳайвонларни ижарага олишда, иш ва ишлаш муддати, шунингдек, хизмат ҳаққи аниқ белгиланиши ва икки томон ҳам келишув шартларидан тўла хабардор бўлиши лозим, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


634. Кийим-кечак, тўшак-гилам, идиш-товоқ ва чодирларнинг ижараси дурустдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


635. Қудуқдан сув чиқарувчи мослама (масалан, чархпалак)ни маълум муддат ва муайян ҳақ эвазига ижарага олиш дурустдир, агарчи қанча сув чиқариш номаълум бўлса ҳам, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


636. Ҳақ эвазига ҳаммомга кириш, агарчи унда истеъмол қилинадиган сувнинг миқдори ноаниқ бўлса ҳам дурустдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


637. Мусиқачи, маййитхонада йиғлаб берувчиларни ижарага олиш ботилдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.




ШУФЪА ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




638. Икки кишининг орасида шерикли бўлган ҳовли, ер ёки бирон кўчмас мулкда, шериклардан бири ўз насибасини сотмоқчи бўлса, албатта, уни сотиб олишга биринчи навбатда шериги шуфъат ҳаққи билан ҳақли бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


639. Шуфъат ҳаққи билан талабгор бўлган киши, талаб қилинаётган мулкни ё ҳаммасини олади ёки буткул тарк қилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Масалан, икки кишининг ҳар бирига 5 танобдан шерикли 10 таноб ерлари бор. Шериклардан бири ўз насибаси бўлмиш 5 танобни сотмоқчи бўлганда, иккинчи шерик "Мен шуфъат ҳаққи билан ҳақдорман, мендан ортса, бошқага сотасан. Бироқ, мен 3 танобини оламан, 2 танобини бошқага сотавер", деса, мулкдор шуфъатчига 3 таноб ерни сотмасдан, бошқа харидорга 5 танобнинг ҳаммасини сотиб юбриш ҳуқуқига эга.


640. Васий унга топширилган гўдакнинг номидан шуфъат ҳаққини талаб қила олади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, бирон балоғатга етмаган ёш боланинг қўшниси ҳовлисини сотмоқчи бўлса, унинг васийси агарчи бошқа маҳалладан бўлса ҳам боланинг номидан шуфъат ҳаққини талаб қилиши мумкин.




ШЕРИКЛИК ҲУКМЛАРИГА ДОИР БЎЛИМ




641. Икки киши ўртага тенг миқдорда пул қўйиб, пулларини бир қилиб, тижорат бошласалар, тижоратдан олинган фойда ўртада, шунингдек, зиён ҳам ўртада бўлишини келишсалар, буни саҳиҳ бўлган ширкатдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


642. Биринчи шахсдан нақд, иккинчи шахсдан қарз бўлган пуллар билан шериклик тузилмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, ҳақдор қарздорга: "Сенинг зиммангда бўлган менинг ҳаққим янги ишимизда шериклик учун менинг ҳиссам бўлади", деб шериклик битимини туза олмайди.


643. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, шерикликда ўртага қўйилган дастмоя муомалотда мавжуд пуллар бўлиши лозим, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Идиш билан, тарози билан ҳамда саноқ билан ўлчанадиган моллар билан шериклик тузилмайди.


644. Шериклардан бири бошқасининг насибасида унинг изнисиз тасарруф қила олмайди. Аммо бир-бирлари номидан иш олиб боришга келишиб олсалар мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Масалан, икки кишининг ўртада 10 динор пули бор. Ҳар бир шерик 5 динорни мустақил ишлатиши мумкин, аммо иккинчи 5 динорни шеригининг рухсатисиз ишлата олмайди. Бир-бирларига изн берсалар, у ҳолда, ўз ҳиссасида асил молик бўлиб, шеригининг ҳиссасида эса вакил бўлиб иш олиб боради.


645. Икки шерикнинг дастмоядаги ҳиссаси тенгдан бўлса, фойдани ҳам теппа-тенг тақсим қилишлари жоиз, гарчи иш юритиш келишувда бир кишига юкланган бўлса ҳам, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


646. Шериклардан бири вафот этса, шериклик тамомига етади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.




ҚИСМАТ—ШЕРИКЛИК МОЛЛАРНИ ТАҚСИМЛАШ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ



647. Аҳли илмлар шундай ижмоъ қилдиларки, бир неча киши ўртасида шериклик бўлган ер парчасини шериклардан биронтаси бўлиб олишни истаса, ерни тақсимлаш шериклардан ҳеч бирига зарар келтирмаса, масалан, бировининг биносини бузишга мажбур бўлмайдиган ҳолда бўлса, тақсимга шериклар рози бўлса ва уларнинг ҳар бирида ердан насибадор эканини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлса ер шериклар ўртасида бўлиниб олинади. Тақсимот ишини мутасадди ходимлар, масалан ҳоким, қози кабилар амалга оширади ёки шерикларнинг ўз-аро келишуви асосида амалга оширалади.


648. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, қимматбоҳо тош бер неча киши ўртасида шериклик бўлса-ю, улардан бири тошни синдириб ўз улушини ажратиб олмоқчи бўлса унинг талаби қондирилмайди. Чунки, тошни синдириш билан унинг қийматига зарар етади. Шу нуқтаи назардан ҳар қандай нарсаки уни шериклар синдириб, кесиб ё парчалаб тақсимлашлдарида унинг қийматига зарар етса ёки яроқлилик сифатини йўқотгудек бўлса, масалан, кемага ўхшаш. У молларни айни ўзини бўлиб тақсим қилинмайди.


649. Шериклик ҳовлики, унинг эгалари тақсимлаб олишни истасалар ва уни тақсимлашда шериклардан бирортаси зиён кўрмаса бу ҳовлини тақсимлаб бўлиш вожиб бўлади, деб ижмоъ қилдилар. Агар ҳокимдан талаб қилсалар, ҳокимга уни тақсимлаб бериш вожиб бўлади.




РАҲН—ГАРОВ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ



650. Гаровга қўйиш ва гаровга олиш сафарда ҳам ҳазар (муқимлик)да ҳам жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Мужоҳид (р.ҳ.) ҳазарда мумкин эмас, деган. Масалан, бир киши бошқа бировдан: "Менга 10 динор қарз беринг, бир ойда қайтараман", деб қарз сўради. Қарз берувчи эса: "Менга бирон нимани гаров сифатида қолдиринг", деди. Шу ҳолатда қарз олувчи хоҳ ўз юртида иш қилсин, хоҳ пулни олиб сафарга чиқсин, бундан қатъи назар қарз берувчига гаров олиш дуруст.


651. Қарз маълум муддатга белгиланмаган бўлса, ҳақдор агарчи унинг қўлида гаров бўлса ҳам хоҳлаган вақтида ўз ҳаққини талаб қилиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


652. Қарз белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда, ҳақдор гаров молини қарздорнинг рухсати билан, унинг номидан вакил сифатида сотиб юбориши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


653. Гаровга қўювчининг: "Агар фалон муддатда қарзимни тўламасам, гаров моли сизники бўлади", деган сўзи аҳамиятсиздир. Шарт бажарилмаган тақдирда гаров ҳақдорнинг мулкига ўтиб кетмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


654. Қарз тўланмаган тақдирда гаровни пуллаб қарзнинг ўрни тўлдирилиши кўзлангани боис гаровга фақатгина қиймати бор моллар ярайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳур-озод инсон, умму валад чўри, мудаббар ва мукотоб қуллар, шунингдек, ўлакса, қон, ароқ ва чўчқа асло гаров бўла олмайди.


655. Икки зиммий орасида ароқ ва чўчқа гаров моли бўлиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Чунки, булар аҳли зимма орасида қиймати бор мол саналади.


656. Қарз берувчининг қарз олувчидан қарзи бўлса, ўша қарз унинг қарзга бераётган молига гаров бўлиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


657. Гаровга қўйилган мол агар тирик ҳайвон бўлса, унинг озиқ-овқат харажати гаровга қўювчининг ҳисобидан бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


658. Гаров молини жой билан таъминлаш, шунингдек, уни омон сақлаш учун қилинадиган харажатлар, масалан, қоровул ҳақи гаровга олувчининг ҳисобидан бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


659. Гаров моли муомала вақтининг ўзидаёқ олинган бўлиши лозим, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Демак, қарз олувчи: "Менга шунча қарз бериб туринг, сизга эртага гаров қўйиб кетаман", демоғи дуруст эмас.


660. Гаровга қўйувчи киши гаровдаги молини то қарзидан халос бўлгунига қадар сотиб юбориши, ҳадя қилиб юбориши ва гаровга олувчининг қўлидан чиқариб юбориши мумкин эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


661. Ҳақдор ўз ҳузуридаги гаровга қўйилган чўрини асл эгаси, яъни, гаровга қўйувчи томонидан жинсий яқинлик қилинишига монеъ бўла олади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.




МУЗОРАБА ИШИ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




662. Аҳли илмлар ижмоъсига биноан, музораба ширкати жоиздир. Музораба ширкати деб қуйидагича шерикликка айтилади, икки кишидан бири сармоя қўяди, иккинчиси эса, тижорат ишини юргизади. Топилган фойда ораларидаги келишув битимига мувофиқ тақсимланади, тенгма-тенг ёки учдан бирга учдан икки ва ҳоказо. Мабодо савдодан зарар кўрсалар бу фақат сармоя эгасига бўлади. Иш юргизучининг эса меҳнати беҳуда бўлади холос.


663. Аҳли илмлар ижмоъсига биноан, иш юргизувчи ўз меҳнатини ҳисобидан келиб чиқиб, фойдани ярмини ёки учдан иккисини, ёки тўртдан уч қисмини олишни шарт қилиши дурустдир.


664. Аҳли илмлар ижмоъсига биноан, музорабачилардан бири ўзи учун муайяан суммани тайинлаб олиши дуруст эмасдир. Масалан, сармоячи айтади: Мен топилган фойдадан ўн минг сўм оламан ундан сўнг қолганини бўламиз. Шу каби белгилашлар музорабани ботил қилади.


665. Аҳли илмлар ижмоъсига биноан, Сармоячи, иш юритувчини малум шаҳар ёки малум бозордагина тижорат қилишини шарт қилиши мумкиндир. Бу ҳолатда иш юритувчи шартни бузса зарар унинг зиммасига тушади.


666. Аҳли илмлар ижмоъсига биноан, бир кишининг зиммасидаги қарзни музораба сармояси қилиш мумкин эмасдир. Яни, бир кишининг иккинчи кишидан 100.000 минг сўм қарзи бор. Қарз эгаси, қарздордан ҳақини талаб қилди. Қарздор эса, "ўша пулни менга музораба моли сифатида қолдиринг, ҳар топилган фойдадан фалон қисми сизга бўлади" деди. Музораба бунақанги суратда тузилмайди. Балки, аввал қарзни қайтариб сўнгра музораба учун қайтадан олсагина жоиз бўлади.


667. Икки шерик ихтилоф қилиб қолди. Иш юритувчи 200 минг сўм олиб келиб 100 минг сўми фойда 100 минг сўми сармоя тан пули, деди. Сармоячи эса: мен 200 минг сўм берган эдим, деди. Шу ҳолатда сармоячининг гувоҳи йўқ бўлса иш юритувчининг сўзи ҳақ бўлади, деб ижмоъ қилганлар. Демак, сармоячининг гувоҳи бўлса унинг сўзи ҳақ бўлади, гувоҳ келтира олмаса иш юритувчининг фойдасига ҳукм қилинади.


668. Аҳли илмлар ижмоъсига биноан, фойда тан пулини яни, сармояни ажратиб, сармоячига топширилганидан кейингина тақсимланади. Агар, сармояни ажратиб чиқарилмаган ҳолда фойдани тақсимланса ва бу тақсимотдан кейинги ишда зарар кўрилса, аввалда тақсимланган фойда пуллар тан пулдан ҳисобланади. Ортиб қолса фойда бўлади, ортмаса сармоячининг ҳисобидан кетади.


669. Сармоячи тан пулини аввалроқ олиб, сўнгра, фойдани тақсим қилишса, жоиздир, деб ижмоъ қилдилар. Масалан, икки киши музораба битимида, бир йилдан кейин, фойдани тенгдан тақсим қилишга келишиб олдилар. Орадан олти ой ўтгач сармоя эгаси орадан тан пулини чиқариб олди. Шу ҳолатда ҳам, фойда, келишувга кўра, бир йилдан кейин, тақсимланса жоиз бўлади.


670. Сармоячи иш юритувчини насиа савдодан тақиқлаган бўлса, иш юритувчи бунга хилофан, насиага сотса ва зиён кўрса бу зиённинг барини иш юрутувчи кўтаради, деб ижмоъ қилдилар.


671. Сармоячи иш юрутувчига ўз ихтиёри билан тижорат ишида ёрдамлашиб турса жоиздир, аммо сармоячини ҳам ишлаб ёрдамлашуви шарт қилинса музораба фосиддир, деб ижмоъ қилдилар.


672. Аҳли илмлар ижмоъсига биноан, музораба ширкатида тақсимланадиган фойданинг миқдори номалум қолиши музорабани фосид қилади.


673. Фосид музорабада, топилган фойданинг бари сармоячига, иш юритувчига эса, ҳизмат ҳақи берилади.




КАФОЛАТ ВА ҲАВОЛА ҲУКМЛАРИГА ДОИР БЎЛИМ




674. Саҳиҳ, шаръий дайнларга кафил бўлишлик уламолар ижмоъси ила жоиз ва савоблик амалдир. Ҳақдор ҳохласа кафилдан, ҳохласа асил (қарздор)дан ҳақини талаб қилади. Ибн Аби Лайло (р.а.) фақат кафилдан талаб қилади, деган.


675. Аҳли илмлар ижмоъси билан кафолатда муҳлат белгилаш жоиздир. Яни, қарз берувчи кафилга муҳлат қўйиши жоиз, ва бу муҳлат қонуний кучга эгадир.


676. Аҳли илмлар ижмоъси билан ҳақдор кафилга ё асилга "қарзингни тўлаб бўлдинг" деса, унинг бу сўзи, ҳақини олганига иқрор ўлароқ, қабул қилинади ва кафил билан асилдан ҳақ талаб қилишлик ҳуқуқи бекор бўлади.


677. Аҳли илмлар ижмоъси билан малум ҳақ эвазига кафил бўлишлик ҳаром бўлади. Яни, бир киши иккинчи кишидан қарз сўради. Қарз бермоқчи бўлган киши қарз сўровчидан кафил талаб қилди, у эса учинчи кишини ҳақ эвазига кафилликка ёллади. Шу ҳолатда, пул учун кафил бўлган кишининг кафиллиги ўтмайди ҳам, олган пули ҳалол ҳам бўлмайди.


678. Аҳли илмлар ижмоъси билан, маййитнинг бошқалар зиммасида бўлган, муҳлатли дайнлари (ҳақлари) унинг ўлими сабабли муҳлати тамом бўлиб, қарзларини дарҳол тўлаш вожиб бўлиб қолмайди балки, муҳлат ўз кучида қолади. Қарздорлар белгиланган муддатда маййитнинг меросхўрларига қарзларини тўлайди.


679. Аҳли илмлар ижмоъси билан, бир киши ўз зиммасидаги қарзини бошқа бировга ҳавола қилса, у бу ҳаволани қабул қилиб унинг қарзини адо қилишни ўз зиммасига олса, унинг зиммасига қарзни тўлаш лозим бўлади.




ВАКОЛАТ МАСАЛАЛАРИГА ДОИР БЎЛИМ




680. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, беморлиги туфайли ёки бошқа сабаб билан маҳкамага кела олмайдиган киши ўз ўрнига вакил юбориши мумкиндир. Вакил унинг номидан гапиради, ҳақини талаб қилади. Шунингдек, савдо-сотиқ ва бошқа муомалаларда ҳам вакиллик дуруст бўлади.


681. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, муваккил—вакил тайинловчи шахс вафот этса, унинг вакилидаги ваколат ҳуқуқи бекор бўлади.


682. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, ваколат икки томондан бирининг афсус надомати билан бузилмайди. Яъни, муваккил ёки вакил ваколат ишидан надомат қилса-ю лекин "ваколатни бузаман" деган сўзни айтмаса вакилда вакиллик ҳуқуқи қолаверади.


683. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, вакилнинг иқрори қонуний деб қабул қилинади. Яъни, бирон келишмовчилик ишида хусуматчи ўзи бора олмасдан вакил юборса, маҳкамада вакил муваккил томондан унинг айбига иқрор бўлса, ёки бирон тўловни зиммасига олса унинг бу ишлари қонуний ва бу иқрор айнан муваккилнинг иқрори деб қабул қилинади.


684. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, муваккил вакилга ваколат беришда иқрорни истисно қилган бўлса, вакилнинг иқрори қонунан иқрор, деб қабул қилинмайди.


685. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, ота, васий ва қози тарафдан тайинланган амийн шахс ёш сағирнинг зарарига иқрор бўлсалар, бу иқрор қонуний деб қабул қилинмайди.


686. Бирон нарсани олиб келишга вакил қилинган шахс, молни талаб қилиб борганда қарши томон муваккилдан қарздор эканини инкор қилса, вакил уни маҳкамага бериши ва у билан хусумат қилишга ҳаққи бўлмайди, деб ижмоъ қилдилар.


687. "Мулозамат" ишига вакил қилинган шахс, муваккилга тегишли нарсани қабул қилиб олишга ҳақли эмас, деб ижмоъ қилдилар. Яъни, ҳақдор қарздорни кузатиб юриш учун бир кишини таъйинлаб вакил қилса, унинг вазифаси фақат кузатишлик холос. Қарзни қабул қилиб орлишга ҳаққи йўқ.


688. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, вакилнинг муваккили унга "бошқа бировга ҳам ваколат ҳуқуқини бериш"га рухсат берган бўлса, шу рухсат асосида вакил бошқа бир вакил тайинлаши ҳам мумкиндир.


689. Савдо ишидаги вакилга маълум нарҳ белгилаб берилган бўлса-ю вакил унга хилоф қилса, унинг бу хилоф иш қилиши дуруст эмас, деб ижмоъ қилганлар. Масалан, бемор ўз молини сотиб келишни бир вакилга топширди ва 100 сўмга сотишни тайинлади. Вакил эса молни 90 сўмга сотиб келди. Бу ҳолатда вакил қолган 10 сўмни тўлайди ёки савдо бузилиб мол қайтариб олинади.


690. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, савдо ишидаги вакил, айни юртда муомалада бўлган икки хил пул бирлигидан қайси бири билан савдо қилса ҳам дурустдир. Масалан, шаҳарда тилло ва кумуш тангалар тан олинади. Вакил кумуш тангага сотса ҳам, тилло тангага сотса ҳам дуруст. Аммо, муомаладан чиқиб кетган танга ё қимматли қоғоз эвазига бай қилса дуруст эмас.


691. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, вакил сотилаётган молнинг айбини яшириб сотган бўлса-ю, сотиб олувчи ҳушёр тортиб айбни билиб қолса ва қозига арз қилса, қозининг ҳукми билан савдо бекор қилинади ва вакил қилувчига мол қайтариб берилиб ундан пулни тортиб олинади.


692. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, бирон киши бошқасини зиммасидаги ҳақини ундириш учун вакил тайинласа-ю аммо, вакил қарзни ундириш ўрнига уни кечиб юборса, унинг бу иши қонуний деб қабул қилинмайди. Қарздор қарздан халос бўлмайди.


693. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, ота сағир фарзандининг молиявий ишларини юритиш учун вакил тайин қилса ва маълум вақтдан кейин ота вафот этса, унинг ўлими билан ваколат бекор бўлади.


694. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, киши ўз қулини сотиш учун вакил тайин қилса. Вакил қулни хоҳлаган кишисига сотиши мумкин. Ҳатто, муваккилнинг ўғли ё отаси, хотини ё онаси, ака-ука ё набираларига ҳам сотиши дурустдир.


695. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, сарф байи—пулфуруштликда ҳам вакил қилиш мумкиндир.




ТАФЛИС—КАСОДГА УЧРАГАНЛАРГА ТЕГИШЛИ БЎЛИМ




696. "Муфлислар"—банкрот бўлганлар, касодга учрагани аниқлангунга қадар ҳибс қилинади, деб ижмоъ қилдилар. Умар ибн Адулазиз ҳибс қилинмасдан қолган мол-мулкни ҳақдорларга тақсимлаб берилади, деган. Яъни, жумҳурнинг қавлига кўра, бировлардан қарз олиб тадбиркорлик қилмоқчи бўлганлар ўзларини банкрот бўлганини эълон қилса, уларнинг сўзи рост экани аниқлангунга қадар ҳибс қилинади. Қачонки ҳоллари аниқланиб сўзлари тасдиқланса озод қилинади ва қўлида қолган бор мол-мулкни ҳақдорлар орасида тақсимлаб берилади.


697. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, муфлисларнинг бошқалар зиммасида бўлган ҳақлари, белгиланган муддатда талаб қилинади. Уларнинг иши ортга кетиб, касодга учрашлари муҳлати етмаган ҳақларини олдиндан талаб қилишга асос бўла олмайди.




ОМОНАТ ВА ОРИЯТ ҲУКМЛАРИ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




698. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, омонат ҳизмати шариатимизда машруъ ва мандуб амалдир.


699. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, омонатлар эгаларига қайтарилади. Ҳох, улар солиҳ кишилар бўлсин, ёки, фосиқ кишилар бўлсин, бундан қатъий назар. Яни, бир кишидан омонат ўлароқ мол олинди. У молини қайтаришни талаб қилганда, унинг диний салоҳияти этиборга олинмайди. Балки, унинг ҳаққига хиёнат қилмасдан қайтариб бериш вожиб бўлади.


700. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, омонатдор (молни омонатга олган шахс)га омонат молни сақлаш, қўриқлаш вожиб бўлади. Агар, бепарволик қилса, унинг айби билан молга талофат етса, ҳам гуноҳкор бўлади, ҳам пулига зомин бўлади.


701. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, омонат моли омонатдорнинг айбисиз ҳалок бўлса, омонат эгасига молни тўлаб беришлик вожиб бўлмайди.


702. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, молни ёш, балоғатга етмаган сабийга омонат қўйган киши моли ҳалок бўлгани чоғда сабийни зомин қила олмайди.


703. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, тасарруф қилишига изн берилган маъзун қул омонатни ҳалок қилса зомин бўлади ва эгасига тўлаб бериши вожиб бўлади.


704. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, тасарруфдан ман қилинган маҳжур қул хожасининг изни билан омонат молини қабул қилса-ю молни ҳалок қилса молга зомин бўлади.


705. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, омонатдор ва омонат эгаси молга талофат етганидан кейин, тортишиб қолсалар, маҳкамада омонатдорнинг сўзи унинг қасами билан қабул қилинади. Яни, омонат молига талофат етиб, омонтачи омонатдорга, сенинг бепарволигинг билан, молга талофат етди, деб даъво қилса. Шу ҳолда омонатдор, мол менинг айбимсиз ҳалок бўлди, деб қасам ичса унинг сўзи – сўз деб олинади ва унинг фойдасига ҳукм қилинади. Ҳазрат Умар (р.а.) Анас ибн Моликка, унинг ҳузурида ҳалок бўлган молни тўлаб беришни амр қилганлар. Уламолар бу воқеанинг изоҳида айтадиларки: Мумкин, Анас ибн Моликнинг хизматчилари қўриқчилик ишида сусткашлик қилган бўлсалар керак. Умар ибн Ҳаттоб шу сабаб Анас ибн Моликни зомин қилганлар.


706. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, омонатдор омонатни ўз ёнида ёки, сандиғида ёки, уйида сақлади. Шунга қарамасдан бирор сабаб бўлиб, мол ҳалокатга учраса, омонатдорга уни тўлаб беришлик вожиб эмас.


707. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, Молни омонат тарзида бирор шахсга қўйилди, малум вақтдан кейин омонатдор мол ҳалок бўлганини омонат эгасига қасам ичиб билдирди. Шу ҳолда омонатдорнинг сўзига ишонилади ва уни зомин қилинмайди.


708. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, ҳалок бўлди, деб айтилган омонатни, эгаси кейинроқ учратиб қолса ва унинг сифатларини айтиб ўз моли эканини исботласа, мол унинг ҳаққи сифатида қайтариб берилади. Масалан, бир кишига омонат қўйдингиз у эса, сизга молингиз ҳалок бўлди, деб қасам ичди. Сиз унинг қасами бўйича, молдан воз кечдингиз лекин, малум вақтдан кейин, айни ўша молни омонатдорда ё бошқа бировда учратиб қолдингиз, шу ҳолатда молнинг белгиларини айтиб, ўзингизники эканини исботлай олсангиз мол сизники бўлади ва уни олишга ҳақлисиз.


709. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, омонатга қўйилган молни ишлатиш мумкин эмас. Шундай бўлсада, омонатдор омонат пулларини ишлатиб, кейинроқ ўрнига бошқасини қўйган тақдирда, омонатчига айни ўзи қўйган пулни топиб беришга мажбур қилинмайди.


710. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, омонат эгасининг изни билан, уни ишлатиш мумкиндир.


711. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, бир киши икки шахсга, тақсимлаш мумкин бўлмаган молни омонат қўйса-ю мол уларнинг бирида талофатга учраса уларнинг иккиси ҳам молга зомин бўлмайди.


712. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, омонат эгаси молни омонатга қўйишда, махсус жойда сақлашни қайдламаса, омонатдор сафарга чиқмоқчи бўлиб, омонат молини ўзи билан олиб кетса-ю молга йўлда талофат етса, бу ҳолда агар йўлда молга ҳавф-хатар мавжуд лигини билгани ҳолда молни ўзи билан ола кетган бўлса омонатдор молга зомин бўлади. Агар, йўлда молга ҳавф-хатар бўлмаган ҳолда молни ўзи билан ола кетган бўлса молга зомин бўлмайди.


713. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, омонатдор сафарга чиқмоқчи аммо, омонат молини қолдириб кетишни иложи йўқ. Омонат молини эса сафарда бирга олиб кетиш учун жиддий сарф-харажат қилиш керак. Шу ҳолда омонатни ўзи билан олиб кетса-ю, молга йўлда талофат етса, омонатдор молга зомин бўлмайди.


714. Уммат ижмоъси билан, орият иқди (бирон нарсани ишлатиб туришга бериб турмоқ) машруъ ва савоблик ишдир.


715. Уммат ижмоъси билан, қарз иқди (олди-бердиси) шариъати исломияда машруъдир. Шунингдек, муҳтожга қарз беришлик савоблик амалдир.


716. Уммат ижмоъси билан, бирон нарсани орият йўли билан олувчи шахс олган нарсасининг айни ўзига эгадор бўлмайди балки, уни истемолига эга бўлади холос.


717. Уммат ижмоъси билан, ориятан олинган нарсани унинг эгаси изн берган ишдагина истемол қилиш мумкин холос.


718. Уммат ижмоъси билан, бирор шахс ориятга олинган молни қасддан ҳалок қилса, унинг зиммасига бадалини тўлаш вожиб бўлади.




ҲИБА ВА ҲАДЯЛАР ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




719. Мўминлар бир-бирларига холисона ҳадялар бериши машруъ ва савоблик ишдир, деб ижмоъ қилдилар.


720. Бир киши иккинчи кишига, ўз розилиги билан, эвазсиз бирор нарсани ҳиба қилса ва топширса, олувчи ҳибани қабул қилиб олса, шу билан ораларида том манода ҳиба иқди бўлган ҳисобланади, деб ижмоъ қилдилар.


721. Ҳиба фосид шартлар билан ботил бўлмайди, деб ижмоъ қилдилар. Яни, ҳиба қилувчи ҳиба қилишда ўртага бирор шарт қўйса, масалан, "фалон ишимни қилиб берасан" деганга ўхшаш, бу билан ҳиба саҳиҳлигича қолаверади. Ҳиба қилинган мол олувчининг мулкига айланади.


722. Ақлли, болиғ киши, кичик ёшли гўдак фарзандига бирон ҳовлини ҳиба қилса ва ўша ҳовлини фарзанди номидан ўзи қабз қилса, ва бу ишни гувоҳларга ошкор қилиб, амалга оширса, унинг ҳибаси саҳиҳ бўлади, ҳовли гўдакнинг мулкига айланади, деб ижмоъ қилдилар.


723. Дайн эгаси дайн ҳаққини дайндорга (қарздор) ўз розилиги билан ҳиба қилса (яни, қарзидан кечиб юборса) унинг бу ҳибаси саҳиҳ бўлади. Дайндор зиммасида тўлаши лозим бўлган ҳақдан озод бўлади, деб ижмоъ қилдилар.


724. Бир киши бошқа кишига: мендаги барча ҳақларингни ҳалол қил, деса. Яни, менинг зиммамдаги ҳақларингдан кечиб юбор, деса. Ҳақдор унинг зиммасидаги ҳақларини билгани ҳолда, кечдим ё ҳалол қилдим, деб айтса, қарздор қарзлардан мутлақо озод бўлади, деб ижмоъ қилдилар.


725. Юқоридаги ҳолатда агар, ҳақдор қарздорнинг зиммасдига ҳақларини аниқ билмаган ҳолда, кечдим ё ҳалол қилдим, деб айтса бу вазиятда қарздор қарзларидан ҳукман озод бўлади, деб ижмоъ қилдилар. Диёнатан озод бўлишида ихтилоф бор. 


726. Ўлим тўшагида ётган касалнинг ҳибаси васият ҳисобида қабул қилинади ва у вафот қилганидан кейин, қолдирилган молнинг учдан биридан амалга оширилади, деб ижмоъ қилдилар.


727. Мусулмон кишининг зиммийга берган ҳадяси саҳиҳ бўлади. Шунингдек, зиммийнинг мусулмонга, шаръан мол, деб баҳоланган нарсаларни ҳадя қилиши саҳиҳдир, деб ижмоъ қилдилар. 


728. Бир қулни икки кишига ҳиба қилса, ёки, тақсим қилишни иложи йўқ нарсани икки кишига "шу нарсани иккингизга ҳиба қилдим", деб ҳиба қилса саҳиҳ бўлади, деб ижмоъ қилдилар.


729. Бир нарсани "бунинг ярми сенга иккинчи ярми сенга" деб ҳиба қилса, бу ҳибаси саҳиҳ бўлмайди, деб ижмоъ қилдилар.


730. Икки киши бир ҳовлини бир кишига ҳиба қилса, бу ҳиба саҳиҳ бўлади, деб ижмоъ қилдилар.




ҲАЖР—ТАСАРРУФДАН МАН ҚИЛИШГА ДОИР БЎЛИМ




731. "Ҳажр" деб махсус шахсларни олди-сотди, ижара, қарз бериш каби тасарруфлардан ман қилишга айтилади. Фуқаҳолар ижмоъсига биноъан, ҳажрни вожиб қилувчи сабаблар учтадир. 1- сағирлик. Яни, балоғат ёшига етмаган гўдаклик. 2- жиннилик. Яни, балоғат ёшида бўлсада, ақли расо бўлмаслик. 3- қуллик. Яни, эрки ўз қўлида бўлмаслик.


732. Етимнинг молини у никоҳ ёшига етиб, ақл-ҳушини топган вақтда унга қайтариб берилади, деб ижмоъ қилдилар. Яни, ота-она вафот қилиб улардан гўдак фарзанд қолса, у гўдакни ва унинг ота-онасидан қолган мерос молини бирор кишининг қарамоғига топширилади. Қачонки бола балоғатга етиб оилалик бўлишга тайёр бўлганда унга ғамхўрлик қилган киши гўдакка тегишли молни унга қайтаради.


733. Сағир балоғат ёшига етди. Бироқ, ўз мулкини тўғри тасарруф қилар даражада ақли расо бўлмади. Бундай ҳолда унга ўз молдида тасарруф қилишга рухсат берилмайди, деб ижмоъ қилдилар.


734. Бозорда олди-сотди қилиб юрган маъзун (савдо қилишига рухсат берилган) қулнинг хожаси ҳажр қилса. Икки эркак ё бир эркак ва икки аёл, улар одил бўладими ёки йўқ бу аҳамиятсиз, ёки бир одил эркак ва бир одил аёл ўша қулнинг ҳажр қилингани ҳақида ҳабар келтирса у қул маҳжур бўлади, деб ижмоъ қилдилар.


735. Бировнинг қарамоғидаги маҳжур, ўз ихтиёри билан, зино, ўғирлик, ароқхўрлик, ҳақорат ё қотиллик жиноятларига иқрор бўлса унинг бу иқрори қонунан қабул қилинади ва унга шаръий жазо берилади, деб ижмоъ қилдилар.




ДАЪВО ВА ҲУЖЖАТЛАР ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




736. Ҳар қандай келишмовчиликларда “Даъвогарга ҳужжат, мункирга қасам лозимдир” деб ижмоъ қилдилар. Яни, икки киши бирор масалада тортишиб маҳкамага арз қилсалар, ҳоким даъвогардан, ўз иддаосининг исботи учун, ҳужжат яни, гувоҳ талаб қилади. Агар, у гувоҳ келтира олса, ҳоким гувоҳлар сўзи билан қарор қабул қилади. Даъвогарнинг гувоҳи йўқ бўлса, у ҳолда ҳоким “даъвогарнинг даъвоси ёлғон” деб инкор қилиб турган мункирга сўзини тасдиқлаши учун қасам ичиради. Агар, у қасам ичиб ўзини рост эканини айтса, қасами асосида унинг фойдасига ҳукм қилинади.


737. Маҳкамада даъвогар, менинг ҳужжатим бор аммо, шундай бўлсада, мункир қасам ичишини талаб қиламан, деб қозидан сўраса, бу ҳолда, мункирга сўзининг исботи учун қасам ичирилмайди балки, даъвогарнинг гувоҳлари асосида иш кўрилади, деб ижмоъ қилдилар. 


738. Қарз ишида даъво саҳиҳ бўлиши учун, даъвогар қабзни яни, қарз сўровчи молни қўлига олгани ва ўз ҳожатига ишлатиб бўлганини айтиб ўтиши лозим, деб ижмоъ қилдилар.


739. Ҳад (дарра уриш) ишларида мункир қасам ичишдан бош тортса, бу бош тортиши сабабли унинг зиёнига ҳукм чиқарилмайди яни, дарра урилмайди, деб ижмоъ қилдилар.


740. Икки киши учинчи шахс қўлидаги нарса, ўзларига тегишли эканини иддао қилиб, бир-бирлари билан хусумат қилса, ҳар иккови ҳам, молга эга бўлиш вақтида воқеа тафсилотини гувоҳлар билан қоғозга туширган бўлса, қайси бирининг қоғозда белгиланган санаси муқаддамроқ бўлса, ўшанинг фойдасига ҳукм қилинади, деб ижмоъ қилдилар.


741. Уламолар қуйидаги масалага ижмоъ қилдилар, агар, бир кишининг қўлида бир жория бўлиб, иккинчи киши, “у жория отасига тегишли экани, ҳозирда отаси вафот этган-у, отасининг ундан бошқа меросхўри йўқлиги”ни айтиб, жория унга тегишли эканини иддао қилса. Нариги томон эса, бу жорияни давогарнинг отасидан сотиб олгани ва унга пулни ўз вақтида тўлаб ҳам қўйганини ҳужжат билан исботлай олса, жория шу кишининг мулки бўлади.


742. Юқоридаги масала каби, садақа, ҳиба, ҳадя, маҳр ва умро тариқасида олинган нарсаларга давогар чиқиб қолса ва икки томоннинг ҳам гувоҳлари бўлса, зул-яд (яни,уларга айни дамда эгалик қилиб турган шахс)нинг ҳужжати унинг фойдасига ҳукм чиқарилишини таминлайди, деб ижмоъ қилдилар. (Умро- бир киши бирор мулкидан, умр бўйи фойдаланиш ҳуқуқини бошқа бировга берса, унинг бу яхшилигига “умро” дейилади.)


743. Уламолар қуйидагича ижмоъ қилдилар, аёл: “эрим мени талоқ қилди ва ҳали-хозирга қадар иддам тамом бўлмади” деса, шу орада унинг эри вафот топса, марҳумнинг меросхўрлари: “аёлнинг иддаси тамом бўлган” деб даъво қилсалар, ҳоким аёлнинг фойдасига ҳукм қилади.


744. Уламолар қуйидагича ижмоъ қилдилар, Бир кишининг жорияси бор. У билан жинсий алоқада бўлиши кўпчиликка малум ва буни ўзи ҳам тан олади. Шу жорияни сотса-ю ҳаридорнинг қўлида жориянинг ҳомиладор экани ошкор бўлиб, савдо кунидан олти ойдан озроқ муддатда фарзанд туғилса, шундан сўнг жорияни сотиб юборган аввалги эгаси, туғилган боланинг отаси эканини, даъво қилса, бола унга лоҳиқ бўлади. Яни, жориянинг аввалги эгаси, боланинг отаси, деб тан олинади.




ҚОЗИЛИК ОДОБИ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




745. Халифа, подшоҳ каби салтанат эгаларига, мазлумларнинг ҳаққини золимлардан ундириб, адолат қарор топтириш ишига мутасадди бўлган, қозилик маҳкамаларини ташкил қилиш вожибдир, деб ижмоъ қилдилар.


746. Уламолар ижмоъси бўйича, ҳалқ орасида қозилик шартларини ўзида жамлай олган, бирор олимга қозилик вазифаси таклиф қилинса, таклифни қабул қилиб, қозилик қилиши вожиб бўлади. Магар, у каби илмли шахслар кўп бўлса, ўзини четга олиб, узр айтиши жоиз. Агар, ҳалқ ичидан фақат икки кишида қозилик шартлари тўлиқ топилса, улардан тақволироғи қозиликка тайин қилинади.


747. Қози бирор ишни кўраркан, кўнглида "шу Аллоҳнинг ҳукмидир" деб ишонч ҳосил қилгандан кейин, ҳукм ўқийди. Бунда энг аввало, Аллоҳнинг китобини, ундан топа билмаса суннати набавияни, ундан кейин фуқаҳолар ижмоъсини асос қилади. Фуқаҳолар ижмоъси йўқ бўлган масалаларда эса, китоб ва суннатдан иборат насснинг зоҳири ва қиёс асосида иш кўради, деб ижмоъ қилдилар.


748. Уламолар ижмоъси бўйича, ихтилофли масалаларда, олдинги асрларда содир бўлмаган, янги воқеаларда, ёки, илгари содир бўлган-у аммо, унинг жавоби етиб келмаган ишларда, қозининг ўзи ижтиҳод аҳлидан бўлса ўз райи (мустақил фикр мулоҳазаси) билан ҳукм қилади. Ижтиҳодга салоҳияти йўқ бўлса, мужтаҳидлардан энг фақиҳларининг сўзини ихтиёр қилади.


749. Қози, ўз атрофига ҳукм чиқаришда маслаҳат, машварат қилиш учун олим ва фақиҳлардан иборат гуруҳни тайин қилиши жоиздир, деб ижмоъ қилдилар.


750. Қози, зоҳирий ҳужжат-далил асосида, бирор нарсани ҳаром, деб ҳукм қилса у ҳаром деб қабул қилинади, ёки, бирор молни икки кишидан бирига ҳукм қилса, ҳукм зоҳирий далил билан бўлса, қозининг ҳукми ҳукмдир. Шунингдек, бирор киши ҳужжат-далиллар билан иккинчи кишининг қул эканини, даъво қилса, қози унинг далилларга биноан уни “қул”деб ҳукм қилса, у киши қулдир, деб ижмоъ қилдилар. Хулласи калом, шариъат қозисининг зоҳирий далилларга асосан, чиқарган ҳар бир ҳукми фуқаро тарафидан қабул қилиниши лозим.


751. Салафлар қуйидагича ижмоъ қилдилар, бир қози, ҳужжат билан чиқарган қарорини қоғозга туширса ва мактуб ичидаги сўзларни икки кишига ўқиб эшиттириб, уларга мактубда дарҳақиқат, айни сўзлар ёзилган эканини исботласа, сўнгра бу мактубни бошқа қозига юборса, мактуб кейинги қозига етиб бориб, уни ичидаги сўзларга икки киши шоҳид бўлса, мактубдаги ҳукмни қабул қилишлик кейинги қозига жоиз бўлади.Бу ҳукм, фақат молиявий масалалар ечимида холос. Аммо, қасос, дарра уриш каби жиддий ишларда кейинги қози бошқа ҳудуд қозисининг ҳукми бўйича иш кўрмасдан ишни ўз ҳудудида қайта кўриб чиқиши мумкин. Яни, бир мамлакатда мусофир бўлган, шахслар ўз-аро тортишув туфайли, маҳкамага мурожаат қилсалар, маҳкама ходимлари уларнинг ишини ўрганиб чиқиб, шариат қодалари бўйича қарор қилган ҳукмларини қоғозга тушириб, ватанига қайтгач, ўз қозиларига мазкур қарорни берсалар, ўша давлат қозиси ҳам, қоғозда ёзилган ҳукм бўйича қарор қилиши жоиз бўлади.


752. Салафлар қуйидагича ижмоъ қилдилар, расмий қози бўлмаган шахснинг икки киши орасида чиқарган ҳукми улар орасида ҳукм деб олинади ва у иккисига, ўша ҳукм бўйича иш кўриш лозим бўлади. Модомики, ўша иш мустақил ҳукм қилса бўладиган ишлар туркумидан бўлса. Масалан, икки киши бир ерни талашиб қолдилар. Бири: менинг отамнинг ери, деса иккинчиси, ўзининг отасига тегишли эканини айтяпти ва ҳоланки иккисининг ҳам, отаси вафот қилган, қўлларида ҳужжати ҳам йўқ. Улар шу ҳолда, бирорта ёши улуғроқ, икковининг ҳам отасини яқиндан билган, айни талашиниб турган ер ҳақида ҳақиқатни биладиган инсон олдига бориб, масалани ҳал қилиб беришини сўраса, у шахснинг адолат билан чиқарган ҳукми бу икки киши учун шаръий ҳукм деб ҳисобланади ва унинг қарорига мувофиқ иш кўриш вожиб бўлади. Зино, қасос каби жиддий ишларда фақат расмий қозининг ҳукми билан иш кўрилади.


753. Уламолар ижмоъси бўйича, қозининг ришва яни, пора олиши ҳаромдир. Шунингдек, маҳкамада иши кўрилиб турган шахсларнинг, тор доирада ташкил қилган зиёфатларига қатнашиши ҳам мумкин эмасдир. Аммо, никоҳ тўйи, хатна тўйи каби оммавий зиёфатларига бориши мумкин. Шунда ҳам ришва шубҳасини уйғотадиган ҳадяларни олмайди.


754. Уламолар ижмоъси бўйича, қози жанжаллашиб қолганлар орасида ҳукм чиқаришдан олдин, уларни ўз-аро келишиб олишларига чақриши мумкиндир.


755. Ҳадларда яни, жиноятга жазо бериш ишларида, иш имомга етиб борганидан кейин ўртага тушиб, шафоъатчилик қилиш ҳаромдир, деб ижмоъ қилдилар. Яни, бирор жиноят иши маҳкамага етказилганидан сўнг, жиноятчини жазодан халос қилиш мақсадида, ўртага тушиб шафоъатчилик мумкин эмас, шафоъатчининг шафоъатини этиборга олишлик ҳам мумкин эмас.




ГУВОҲЛИК ВА УНГА ДОИР ҲУКМЛАР БЎЛИМИ




756. Қуйидаги масалага уламолар ижмоъ қилдилар, агар икки эркак киши, ёки, бир эркак ва икки аёл бирор маҳкамада гувоҳликка келтирилсалар, вақтики, уларда қуйида санаб ўтилажак сифатлар мавжуд бўлса, уларнинг гувоҳлиги жоиздир ва ҳокимга уларнинг шаҳодатини сўзсиз қабул қилмоқ вожиб бўлади. Гувоҳлик сиҳҳатини таминловчи сифатлар ушбулардир: 1-мусулмон бўлса, 2-балоғат ёшида бўлса, 3- ақлли бўлса, 4-ҳур-озод бўлса, 5-нотиқ яни, тил-зувонли бўлса, 6-насаби тайинли бўлса, 7- кўзи кўрадиган басир бўлса, 8-"машҳудун-лаҳ"нинг отаси бўлмаса. Яни, Ота фарзанди тарафдори сифатида, унга гувоҳлик бераётган бўлмаса, 9-"Машҳудун-лаҳ"нинг боласи бўлмаса, 10- акаси ё укаси бўлмаса, 11-"ажийри" бўлмаса, яни, ижарачиси бўлмаса, 12-жуфти ҳалоли бўлмаса, 13-дўсти бўлмаса, 14-душмани бўлмаса, 15-хусуматчиси бўлмаса, 16-бирон ишда ҳамкори яни шериги бўлмаса, 17-вакили бўлмаса, 18-гувоҳлик беришида, унга бирор манфаат йўқ бўлса, 19-аҳли бидъат бўлмаса, 20-инсонларга азият етказишлиги билан танилган, ҳажвчи шоир бўлмаса, 21-намозни қўйиб, вақтини шаҳмат ўйинига сарф қилувчи бўлмаса, 22-ароқхўр бўлмаса, 23-мусулмонларни ҳақорат қилувчи фосиқ бўлмаса, 24-кичикми ё катта гуноҳни бардавом қилувчи бўлмаса, 25-фарзларни адо қилувчи бўлса, 26-ҳаромлардан ҳазар қилувчи бўлса. Шу йигирма олти сифат, агар, гувоҳларда топилар экан уларнинг гувоҳлиги жоиздир ва албатта, қабул қилинади. Масалан бир киши бошқа бир кишидаги, малум молни, ўзига тегишли эканини иддао қилса унинг бу даъвосига юқорида санаб ўтилганидек, икки эркак ё бир эр ва икки аёлдан иборат гувоҳлари бўлса, бу ҳолатда мол даъвогарнинг фойдасига ҳукм қилинади.


757. Гувоҳ бўлмиш киши, агар, одил бўлса, акаси ё укасининг фойдасига гувоҳлик бериши жоиздир, деб ижмоъ қилдилар.


758. Гувоҳларга маҳкамада айнан "шаҳодат" лафзларини айтиб гувоҳлик бериш шарт эмас, балки, бошқа лафзлар билан ҳам гувоҳлик берсалар жоиз бўлади, деб ижмоъ қилдилар.


759. Хусумат-низо агар, гувоҳ ва хасм орасида бўлса, бу ҳолатда хусуматчи гувоҳнинг гувоҳлиги ўтмайди, деб ижмоъ қилдилар.


760. Ароқхўрликни одат қилган киши, тавба қилиб бу одатини тарк этса ва, одил бўлса, унинг шаҳодати сўзсиз қабул этилиши вожиб бўлади, деб ижмоъ қилдилар.


761. Маст кишининг шаҳодати қабул қилинмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.


762. Уламолар қуйидагидек ижмоъ қилдилар, Бирор жиноятчига шаръий жазо ижро қилинса, сўнгра, у тавба қилиб ҳаётини салоҳият билан давом эттирса, унинг шаҳодати қабул қилинади. Аммо, қозиф яни, ҳақорат сўз айтгани учун ҳад урилган киши бундан мустасно.


763. Мажнуннинг жиннилик ҳолатида шаҳодати ўтмайди, деб ижмоъ қилдилар.


764. Гоҳо жиннилик ҳолига тушиб, гоҳо соғайиб турувчи киши эс-ҳуши жойида бўлган вақтида гувоҳлик берса, адолат шарти билан, унинг гувоҳлиги мақбулдир, деб ижмоъ қилдилар.


765. Агар, бир киши ўзининг бошқа бировдан қарздор эканини тан олиб шу иқрорига икки кишининг гувоҳ бўлишларини сўраса, у иккисини шу иқрор асосида шоҳид бўлишлари жоиздир, деб ижмоъ қилдилар.


766. Зино ишида тўртта одил эркак кишининг гувоҳлиги шарт, деб ижмоъ қилдилар.


767. Тўрт киши зино ишига гувоҳлик берса, уларнинг гувоҳлиги асосида зинокор, деб топилган шахсга тошбўрон ҳукми ўқилса-ю бироқ, ҳукм ижро қилинишидан олдин тўрт гувоҳдан бири сўзидан қайтса, уларнинг тўрттовига ҳам зино сўзи билан ҳақорат қилганлик, жинояти қўйилади ва дарра урилади, деб ижмоъ қилдилар.




ҒАСБ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




768. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, Аллоҳ таоло мусулмонларнинг молларини, шунингдек, мусулмонлар билан аҳдномаси бор ғайри динларнинг молларини ноҳақ йўл билан ғасб қилиш—тортиб олишни ҳаром қилди.


769. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, кимки бирор мусулмоннинг молини яширинча олса, бас, у ўғридир. Яни, унга ўғрининг ҳукми ижро қилинади.


770. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, кимки, мусулмонларнинг саҳро йўлларидаги молини очиқчасига йўлтўсарлик билан олса, бас у муҳорибдир. Яни, мусулмонларга қарши уруш очган душман, деб ҳисобланади ва уларга душманга қилинган муомала қилинади.


771. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, ғосиб (молни тортиб олувчи) нинг қўлида баҳоси ошиб қолган мол шу ҳолича эгасига қайтарилади. Ғасб қилувчининг нафақаси эвазига мол эгаси ғосибга ҳеч нарса бермайди. Масалан, кимки бировнинг касал жориясини тортиб олса ва унинг қарамоғида жория шифо топса, ёки, озғин, арзон нарҳли жория ғосибнинг нафақаси билан семириб баҳоси ошиб қолса, малум вақтдан кейин, молнинг эгаси ғосибдан молни қайтариб олишга эришганида, мол айни ҳолича қайтарилади. Уни даволаш учун ёки озиқ-овқати учун сарф қилинган ҳаражатлар ғосибга берилмайди.


772. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, мол эгаси келиб ғосибдан молни ва унга қўшилган зоидаларни (масалан ғосибнинг қўлида туғилган боласини) талаб қилса, шунда, ғосиб молни бериб зоидани олиб қолса, молнинг зоидасига зомин бўлади.


773. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, орада баҳоси кўтарилиб сўнгра яна жойига қайтган молнинг эгаси ғосибдан молини шундайича қабул қилади, ортиқча нарса талаб қилмайди. Яни, минг дирҳам турадиган молни ғасб қилинди. Бозорда нарҳ-наво кўтарилиб молнинг нарҳи икки минг дирҳамга чиқди. Бир-оз вақтдан кейин эса, нарҳ-наво изига тушди ва шу вақтда молнинг эгаси ғосибдан молини қайтиб олишга мушарраф бўлди. Бу ҳолда мол эгаси молни шу ҳолича олади ортиқча нарса талаб қилмайди.


774. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, Молнинг нарҳини тушириб юборган ғосиб, мол эгасига етказилган зарар миқдорини тўлайди. Агар, мислий бўлса яни, ўхшаши бор нарса бўлса ҳудди ўшанинг мислини олиб беради, мабодо мисли йўқ бўлса, қийматини тўлайди.


775. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, киши фақат ўз ҳохиш-истаги, розилиги билангина мулкдор бўлиши мумкин. Бировнинг мажбурияти билан эмас. Магар, меросда ўзи ҳохламаган тақдирда ҳам мулк эгаси бўлади.


776. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, инсонларнинг молларига етказилган зарарда, хато ёки қасддан қилинган ишлар бари бирдир. Яни, бировнинг молига қасддан зарар етказса ҳам тўлайди. Хатоан зарар етказиб қўйса ҳам тўлайди.


777. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, ўлаксанинг терисини ғасб қилиб шаръан мол бўлмаган нарсалар (масалан туфроқ, қуёш) билан ошласа, терининг эгаси ошланган ҳолида олиб кетади.


778. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, агар, мазкур терини шаръан қиймати бор нарсалар (масалан кимёвий дорилар) воситасида ошласа, терининг эгаси ғосибнинг сарф ҳаражатини тўлайди.


779. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилдиларки, ўлаксанинг терисини ошлаш жараёнида ғосиб терини яроқсиз қилиб қўйса, терининг эгасига ҳеч нарса тўламайди.




АЙМАН—ҚАСАМ ИЧИШ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




780. Кимки агар "валлоҳи" "таллоҳи" "биллаҳи" деган сўзлари билан қасам ичиб, сўнгра сўзидан чиқмаса шунингдек, Аллоҳ таолонинг исмларидан қай бири билан бўлсин қасам ичса-ю қасамида содиқ бўлмаса унга қасам каффорати вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилдилар.


781. Эркак киши аёлининг талоқ бўлишини унинг бирор иш қилишига боғлиқ қилиб қасам ичса масалан, "фалон ишни қилсанг талоқсан" га ўхшаш сўз айтса, аёл айтилган ишни қилса унга талоқ воқе бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилдилар.


782. Ёлғондан қасам ичса, масалан ўзи шоҳид бўлмаган ишга "валлоҳи мен бўлиб ўтган ишга шоҳидман" деса, агарча гуноҳкор бўлсада, унга каффорат эмас балки, тавба қилиши вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилдилар. Масалада ёлғиз имом Шофеъийнинг хилофи бор.


783. Қасамида содиқ бўлиб сўзидан чиқа олмаган (ҳонис бўлган) киши каффоратда ихтиёрлидир. Ҳохласа ўнта мискинни таомлантиради, ҳохласа кийинтиради ёки бир қулни озод қилади. Агар буларга қурби етмаса уч кун рўза тутади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилдилар.


784. Каффорат тўловчи мўмин қулни озод қилса, унинг бу иши каффоратдан ўтади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилдилар. Аммо, ғайри дин қулларни озод қилишлик каффоратдан ўтиш-ўтмаслики борасида аҳли илмлар орасида ихтилоф бор.


785. Мукотаб қул белгиланган бадалдан бир қисмини тўлаб қўйган бўлса, ундайин қулни каффоратдан озод қилинмайди, деб ижмоъ қилдилар.


786. Бир қулни озод қилишга ёки, ўнта мискинни тўйдириш ё кийинтиришга қурби етган киши қасам каффоратини уч кун рўза тутиш билан ўтаб қўйса, унинг бу иши каффоратдан ўтмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилдилар.


787. "Тўшак устида ухламайман" деб қасам ичган киши, тўшак устига чойшаб ёки унга ўхшаш нарса тушаб ухлса, қасамини бузган ҳисобланади, деб ижмоъ қилдилар.


788. Бирон таомни емасликка ёки, бирон ичимликни ичмасликка қасам ичган киши, ўша нарсани ҳалқумига ўтказмаган ҳолда тамини тотиб кўрса, қасамини бузган ҳисобланмайди, деб ижмоъ қилдилар.


789. "Асло гапирмайман" деб қасам ичган киши қайси луғатда бўлса ҳам бирон сўзни талаффуз қилса, қасамини бузган ҳисобланади, деб ижмоъ қилдилар.


790. Агар, "Аллоҳ дардимга шифо берса шунча кун рўза тутиб бераман" деб ёки масалан, "сафардаги ўғлим келса шунча ракат нафл намоз ўқийман" деб назр қилган кишининг муроди ҳосил бўлса, унга, зиммасига олган шартни бажариши вожиб бўлади, деб ижмоъ қилдилар.


791. Икки ой каффорат рўзасини тутиши лозим бўлган киши, агар икки ой рўза тутса, у каффоратни бажарган ҳисоб бўлади. Икки ой ҳох 58 кун ёки 59 кун бўлсин, буни аҳамияти йўқ, деб ижмоъ қилдилар.


792. Икки ой рўза каффоратига қарздор шахс, рўзани ой бошидан бошламаган бўлса олтмиш кун рўза тутиши билан каффоратдан халос бўлади, деб ижмоъ қилдилар.


793. Вожиб рўза тутаётган аёл, муддат тамомига етгунига қадар орада ҳайзли бўлиб қолса, ҳайздан пок бўгунга қадар рўза тутмайди. қолдирилган рўзани пок бўлган вақтида тутиб беради, деб ижмоъ қилдилар.


794. Бирон ишни "фалон куни қиламан" деб қасам ичган киши, белгиланган кун келишидан олдин вафот этса, қасамини бузган ҳиобланмайди, деб ижмоъ қилдилар.


795. "Аллоҳга қасамки, фалончини ўлдираман" деб қасам ичган шахс, кўзда тутилган кишини ўлган эканлигини билиб туриб қасам ичган бўлса, унинг қасами қасам деб ҳисобланади ва ўликни қайта ўлдириш имкони бўлмагани туфайли дарҳол ҳонис бўлади, деб ижмоъ қилдилар.






МУЗАРОЪА ВА МУСАҚОТ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




Музароъа—бир киши ўз қарамоғидаги ерни бошқа бировга беради. Келишув эса, қуйидагича, ер мендан ҳизмат сендан, олинган ҳосил ўртада тенг тақсимланади, ёки 60%-40% ҳисобида ва ҳоказо. Мусақот—бир кишининг боғи бор. Уни ичида турли-туман дараҳлар мавжуд. Бир кишини ҳизматга ёллади ва айтдики: манашу дараҳтларни суғорасан, парваришлайсан қисқаси боғбонлик қиласан. Ҳизматинг эвазига меваларнинг тўртдан бири сенга бўлади. Ёки, шунга ўҳшаш келишув билан амалга оширилган муомала тури.




796. Имом ибн ал-Мунзир (р.а.) нақл қилишича, аҳли илмлар ижмоъси билан, музораъа ва мусақот муомаласи шаръан жоиздир. Бу иккисининг жоизлигида Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг хилофи бор. У кишининг машҳур икки талабаси, имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад эса, музораъа ва мусақотни жоиз деганлар. Ҳанафий мазҳабида шу икки имомнинг сўзига фатво берилган.(Али ал-қори. )




ИТОҚ—ҚУЛ ОЗОД ҚИЛИШ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




797. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, бирон киши бой ва соғлом бўлгани ҳолда ўз мулкидаги қулга "сен озодсан" ва ё шу манодаги сўзлар билан унга эркинлик берса, у қул шаръан озод ва ҳур инсонга айланади.


798. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, сени Аллоҳ розилиги учун, ёки, Аллоҳ йўлида озод қилдим, деган сўзлар билан қул озод бўлади.


799. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, киши ўз қулини озод қилганидан сўнг, бу сўзидан қайта олмайди. Яни, хўжайин озод қилган қулига "мен сўзимдан қайтдим. Сен қайтадан қулимсан" деган сўз билан, собиқ қулига қайта молик бўла олмайди.


800. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, киши ўзининг отаси ё онасига молик бўлса, улар дарҳол ўз-ўзидан озод инсонга айланадилар. Яни, бирон кишининг отаси ё онаси ва ё икковлари ҳам кимнингдир қўл остида қул бўлса. Фарзанд ўз ота онасини уларнинг хўжасидан сотиб олса, ота-она фарзанднинг мулкига ўтган заҳоти озод бўлишади. Фарзанднинг "Сизлар ҳурсиз" деган сўзига ҳожат йўқ. Чунки шариатимиз фарзандар ўз ота-оналарига хўжайин бўлишига йўл қўймайди.


801. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, киши ўз фарзандига молик бўлса, у ҳам шариъат бўйича отаси ё онасининг "сени озод қилдим" деган сўзига қарамасдан озод инсонга айланади.


802. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, киши ўз холаси, аммаси, тоғаси, амакиси ва ака ё укасига молик бўлса, моликнинг "сени озод қилидим" деган сўзисиз озод бўлишади.


803. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, кишининг ота-онаси каби унинг бобоси ва момоси, ҳар қанча юқори бўлса ҳам, улар ота тарафданми, ё она тарафдан, бундан қатъий назар уларга молик бўлиши билан қариндошлик туфайли озод бўлиб кетишади. (Сўнгги тўрт масалада Имом Моликнинг хилофи бор.)


804. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, никоҳи ҳаром бўлмаган қариндошларга эгадор бўлса, улар қариндошлик туфайли озод бўлишмайди.


805. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, киши жориясининг қорнидаги ҳомилани озод қилса, чақалоқ ҳур бўлиб дунёга келади. Онаси эса жориялигича қолади.


806. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, киши ўз жориясига, "сен туққан болаларнинг ҳар бири озоддир" деса. Жория бер неча бола туғса уларнинг ҳаммаси озод ҳисобланади.


807. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, гўдакнинг озод қилиши ҳисоб қилинмайди. Яни, бирон балоғатга етмаган шахснинг қўл остида қуллари бўлиб, улардан бирортасини озод қилса, у қул гўдакнинг сўзи билан озод бўлиб қолмайди.


808. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, киши бировнинг қулини унинг номидан, унинг изнисиз озод қилиб юборса, валийлик озод қилувчига берилади. Яни, масалан, бировнинг зиммасида, қасам каффорати учун, бир қул озод қилиш мажбуияти бор. Унинг дўсти ўша каффорат ҳисобига унинг қулларидан бир қулни, ундан изн олмаган ҳолда озод қилиб юборса, дўстининг озод қилиши ҳисобга ўтади ва у каффоратни адо қилган ўрнида бўлади. Шу билан бирга, валийлик яни қулга меросхўрлик ҳуқуқи, никоҳ ишларига бош бўлиш, қулнинг асл эгасига эмас, балки, уни озод қилувчига берилади.


809. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, ўлим тўшагида ётган кишининг садақалари, ҳибалари ва қул озод қилишлари унинг қолдириб кетаётган молининг учдан биридан ажратилади. Агар учдан бир ҳиссаси унинг айтганларига тўғри келса, унинг айтганлари амалга оширилади. Тўғри келмаса, учдан бир ҳиссадан зиёдаси меросхўрларга қайтарилади.


810. Мукотоб қул ўз бадалидан бир қисмини тўлаган бўлса, унинг қолган қисмини каффоратдан озод қилиб бўлмайди, деб ижмоъ қилдилар.


811. Қочоқ қулни эгаси озод қилса, у ҳур инсонга айланади, деб ижмоъ қилдилар.


812. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, туғилган фарзанд ўз ҳурлиги масаласида онага тобе бўлади. Яни, бирон қул, ёки ҳур, ёки мукотоб киши бирон кишининг жориясига уйланиб ундан фарзанд кўрса, туғилган бола онасининг хожаси мулкида бўлади


813. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, агар, мукотоб қул ҳур аёлга уйланиб ундан фарзанд кўрса унинг фарзанди ҳур бўлиб дунёга келади.



МУКОТАБ ҚУЛЛАРГА ТЕГИШЛИ БЎЛИМ




814. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, биронбир қул, белгиланган муддатда, малум миқдор мол эвазига озод бўлишини, хожаси билан келишиб битим тузса ва уни қоғозга туширсалар, уларнинг бу битими саҳиҳдир, қул шартномага мувофиқ, молни адо қилса озод бўлади. Мукотабнинг озод бўлишлигида, хожасининг "сени озод қилдим" деган сўзи шарт эмас балки, келишилган молнинг сўннги қисмини тўлаши биланоқ озод бўлиб кетади.


815. Мукотаб қул, озодлиги бадалини тўлаш йўлида, шариъатга мувофиқ тарзда, олди-сотди ишлари билан шуғулланиши жоиздир, деб ижмоъ қилдилар.


816. Мукотаб қул бадалини тўлаш ниятида жамғарган молидан, ўзи муҳтож бўлгани ҳолда садақа қила олмайди. Магар, хожасининг изни билан садақа қилиши мумкин, деб ижмоъ қилдилар.


817. Мукотаб қулнинг, хожасидан рухсатсиз уйланишлиги жоиз эмас, деб ижмоъ қилдилар.


818. Ўз озодлиги йўлида ҳаракатда бўлган, келишилган молни тўлаб бораётган мукотаб қулни сотишлик жоиз эмасдир, деб ижмоъ қилдилар.


819. Ҳурлик бадалини ойма-ой, бўлиб-бўлиб беришга битим тузган мукотаб, малум миқдорни тўлаб, орада бир ё икки ойлик бадални олмаса, унинг хожаси мукотабни қайта қулликка тушира олмайди. Балки, унга муҳлат беради, деб ижмоъ қилдилар.


820. Насроний динига мансуб қулни унга диндош бўлган хожаси, мусулмончилик низомига асосан мукотаб қилса, уларнинг бу шартномаси саҳиҳдир, деб ижмоъ қилдилар.


821. Аҳли илмлар шундай ижмоъ қилдиларки, хўжайин қўл остидаги қулини шариъатга мувофиқ тарзда шартнома тузиб, мукотаб қилса, уни ишлатиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади, лекин мукотабнинг розилиги билан олиши мумкин.


822. Аҳли илмлар шундай ижмоъ қилдиларки, шаръий мукотаб қулнинг топган молидан унинг хўжайини бесўроқ ололмайди. Аммо қуллик бадалини тўлов муддати келганда ўзига тегишли миқдорни олиши мумкин.




МУДАББАР ҚУЛЛАРГА ТЕГИШЛИ БЎЛИМ




823. Шаръий тасарруфларга ҳақли бўлган киши, бирон қулига "мен вафот этганимдан сўнг озод бўласан" деб айтган бўлса ва бу сўзидан то ўлгунича қайтмаса, унинг қули шаръан мудаббар бўлади. Мудаббар қул хожаси вафот этганидан кейин, у қолдирган мерос молнинг учдан биридан ҳисобланган ҳолда ҳурликка эришади, деб ижмоъ қилдилар. Яни, масалан, марҳумнинг умумий қолдирган моли 90 сўмга баҳоланди. Буни учга тақсим қилинса 30 сўмдан 3 қисм бўлади. Энди, қулнинг қиймати шу бир қисм бўлган 30 сўм ичида бўлса у озод бўлиб кетади. Агар қулнинг қиймати 30 сўмдан ортиқроқ бўлса, 30 сўмдан ортиғини меросхўрларга тўлайди ва озодликка эришади.


824. Хожа қулига қарата, "шу касаллигимда вафот топсам, ёки, шу йил ўлсам, сен ҳурликка чиқасан" деб айтса, унинг бу сўзлари тадбир эмас, балки, назр ҳисобланади. Агар хожа ўзи айтганидек ўша касаллик билан, ёки айни ўзи айтган йилда вафот этса, унинг сўзи тадбир эмас, назр бўлишига қарамасдан, унинг қули молнинг учдан биридан озодликка чиқади, деб ижмоъ қилдилар.


825. Мудаббар қул фақат хожасининг вафотидан сўнггина ҳурликка чиқиши мумкин, деб ижмоъ қилдилар.


826. Хожа мудаббар қилган жориясига жинсий муносабатда бўлиши мумкин, деб ижмоъ қилдилар.




УММУ ВАЛАД ЖОРИЯ—БОЛАНИНГ ОНАСИГА ТЕГИШЛИ БЎЛИМ




827. Киши бирон жорияни саҳиҳ савдо билан сотиб олса, унга яқинлик қилиб ундан фарзандли бўлса, у аёл шаръан "Умму валад" дейилади. Унинг аксар ҳукмлари, агарча, ҳурдан фарзанди бўлсада, ғирт чўриларнинг ҳукми кабидир, деб ижмоъ қилдилар.


828. Умму валаднинг хожасидан туққан боласи ҳур-озод инсондир, деб ижмоъ қилдилар.


829. Жориянинг, хожасидан бошқа бировдан туққан фарзандлари қулдир, деб ижмоъ қилдилар. Яни, Бирор чўри эрга тегса ва фарзандли бўлса, унинг бу фарзанди қул ҳисобланади ва хожасининг мулкида бўлади. Агар хожасидан фарзанд кўрса юқорида айтилганидек, ҳур бўлади, деб ижмоъ қилдилар.


830. Киши касаллик чоғида, умму валад аёлини озод қилса, у қолдирмиш молнинг учдан биридан эмас, балки ҳаммасидан ҳисобланган ҳолда озод бўлади, деб ижмоъ қилдилар.




ЎҒРИЛИК ҲУКМЛАРИ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




831. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, агар, бирон киши эгасининг қўриғида бўлган молни ўғирласа, унинг бу ишига икки одил, мусулмон, ҳур шахслар гувоҳлик беришса ва у ўғирлаган мол миқдорини сифатлаб, айтиб берсалар, ўғри шу жиноятни иккинчи бора яна такрорласа, бу ҳолатда уни қўлини кесишлик вожиб бўлади. (Ўғрилик жиноятини биринчи бор содир қилган шахснинг қўлини кесиш масаласида ижмоъ собит бўлмаган. Бу ҳолатда қози ҳолатдан келиб чиқиб бошқа жазо қўллайди. Қачонки, жиноят такрор қайтарилса, шундагина қўл кесиш билан жазоланади, деб ижмоъ қилинган.)


832. Балоғатга етмаган, бировнинг хифзида бўлган, қулваччани ўғирлаган кишининг қўли кесилади, деб ижмоъ қилдилар.


833. Нисоб миқдорича бўлган, бировнинг қўриғидаги молни ўғирлашлик билангина қўлни кесиш вожиб бўлади, деб ижмоъ қилдилар. (Қўлни кесишда белгиланган нисоб миқдори—Ҳанафийларда ўн дирҳам, Шофеъийларда бир динорнинг тўртдан бири, Моликийларда уч дирҳам билан белгиланган. Ўғрининг қўлини кесиш учун икки шарт бўлиши лозим. Ўғирланмиш молнинг нисоб миқдорича бўлиши ва эгасининг қўриғида бўлиши. Агар нисобдан оз бўлса, ёки эгас уни қўриқламай қўйган бўлса, у молни ўғирлаганинг қўли кесилмайди.)


834. Чодир ичидан, нисоб миқдорича ёки, ундан зиёд молни ўғирлаган кишининг ҳам қўли кесилади, деб ижмоъ қилдилар. Яни, чодирнинг эшигига агарча қулф солинмасада, у уйнинг ҳукмидадир. Ундан ўғирланган мол ҳудди эшиги берк уйдан ўғирланган билан бирдекдир.


835. Бировнинг молини орият йўли билан олган шахс, олган молидан тониб, "мен олмаганман" деб инкор қилса, унинг қўли кесилмайди, деб ижмоъ қилдилар. Масалада имом Аҳмад ва Исҳоқ роҳимаҳумаллоҳнинг хилофи бор.


836. Хоиннинг қўли кесилмайди, деб ижмоъ қилдилар. Яни, омонат молни эгасига қайтармаса, ёки, савдо ишидаги вакил, вакил қилувчининг молидан ўмариб қолса, уларнинг қўли кесилмайди. Балки, қозининг ҳукми бўйича тазир берилади.


837. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, бир неча марта ўғирлик қилган кишини, охирги ўғирлигида маҳкамага топширсалар, унинг бир қўли кесилади ва бу унинг барча ўғирлик жиноятлари учун жазо ўрнига ўтади.


838. Икки гувоҳнинг сўзи билан бировнинг қўли кесилди. Малум вақтдан сўнг ўша икки гувоҳ, "авввалги шоҳидлигимиз хато бўлган экан, асл ўғри у эмас балки, мана бу шахсдир" деб маҳкамага келсалар, шариъат ҳукми бўйича, аввал қўли кесилган кишининг қўл ҳунини бу икки гувоҳ тўлайди. Кейинги шахснинг ўғри эканига берган гувоҳликлари қабул қилинмайди, деб ижмоъ қилдилар.


839. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, қул хожасининг молидан ўғирласа унинг қўли кесилмайди.


840. Ўғрини қўлга туширилгач, унинг қўлини кессалар ва унда ўғирланган молни топсалар, молни эгасига қайтариб берилади, деб ижмоъ қилдилар.


841. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, мусулмон киши бошқа мусулмонга тегишли хамр (маст қилувчи ичимлик. Ароқ.)ни ўғирласа, бундайин ўғрининг қўли кесилмайди.




ШАРЪИЙ ҲАД—ЖАЗОЛАР ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




842. Зино китоб, суннат ва уммат ижмоъси билан ҳаром, деб тан олинган.


843. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, оила қурмаган яни, муҳсан бўлмаган зинокорлар, юз дарра савалаб жазоланади.


844. Эркига эга бўлган ҳур шахс, шаръий никоҳ билан оила қурса ва эр-хотинлик муносабатида бўлса, уларни истилоҳда "муҳсан" дейилади. Агар муҳсанлар зино қилса, тошбўрон билан жазоланадилар, деб ижмоъ қилинган.


845. Бир шахс бирданига, ҳам савалаб, ҳам тошбўрон билан жазоланмайди, деб ижмоъ қилдилар.


846. Ҳали турмуш қурмаган бокира қиз, агар, зино қилса, уни саваланади ва юртдан бадарға қилинади, деб ижмоъ қилдилар. Масалада имом Абу Ҳанифа (р.а)нинг хилофи бор.


847. Муҳсан бўлиш учун никоҳ ақдининг ўзи етарли эмас. Балки, жинсий яқинлик ҳам шартдир, деб ижмоъ қилинган.


848. Тошбўрон усули билан жазоланмиш жиноятчини, то ўлгунига қадар, тошбўрон қилинади, деб ижмоъ қилинган.


849. Ҳомиладор аёл, зино қилганини этироф қилса, то ҳамлини туққунга қадар тошбўрон қилинмайди, деб ижмоъ қилинган.


850. Зинокорни савалашда ўта қаттиқ ва ўта юмшоқ бўлмаган, балки, ўртача қамчи танланади, деб ижмоъ қилинган.


851. Ўз холаси, ёки, қайнонаси билан зино қилган шахс, шунингдек бошқа маҳрам қариндошлари билан зино қилган шахс, шаръан зинокор, дейилади ва уларга шаръий жазо қўлланади, деб ижмоъ қилинган.


852. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, айбдорнинг айби тўла тасдиқлангандан кейингина жазо ижро қилинади. Шубҳалар жазо қўлланишига моне бўлади.


853. Агар қул бўлган шахс зино қилганини тан олиб айбига иқрор бўлса-ю бирқ, унинг хожаси буи инкор қилиб турибди. Бу ҳолатда қулнинг иқрори бўйича унга жазо қўлланади, мавлонинг сўзига этибор қилинмайди, деб ижмоъ қилдилар.


854. Насроний киши бирор мусулмонни ҳақорат қилса, мусулмонлар каби жазоланади, деб ижмоъ қилдилар.


855. Ҳур киши қулни ҳақоратласа унга ҳад урилмайди, балки, қози ҳолатни ўз фикри билан баҳолаган ҳолда, жазо чорасини қўллайди, деб ижмоъ қилдилар.


856. Ота-онаси мўмин бўлиб вафот этган кишини, биров, "Эй кофирнинг боласи" деб ҳақорат қилса, унга қазф дарраси (ҳақорат учун белгиланган савалаш) урилади, деб ижмоъ қилдилар.


857. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, бирон кишини "Эй яҳудий" ёки, "эй насроний" деб сўккан кишини савалаш билан жазоланмайди, балки, қози ўз райи билан эсини киргизиб қўяди. Масалан қамаб қўйиш билан.


858. Инсон ўз ота-онаси ёки бобо ва момоларидан биронтасини зино сўзи билан ҳақорат қилса, уни шариъатга мувофиқ саваланади, деб ижмоъ қилдилар.


859. Инсон ўз хотинини "эй зония" деб сўкса, унга ҳад урилади, деб ижмоъ қилдилар.


860. Ҳақорат, сўкиниш жиноятига саксон дарра саваланади, деб ижмоъ қилинган.


861. Ҳақорат қилинган киши ҳақорат қилувчидан айтган сўзини исботлаб беришини талаб қилишга ҳақли. Агар, исбот қила олмаса унинг устидан маҳкамага арз қилишга ва ҳақоратчига жазо талаб қилиш ҳуқуқига эга, деб ижмоъ қилдилар.


862. Ҳақорат қилинган шахс тирик, бироқ, ғоибда бўлса. Унинг ота-оналари ҳақорат қилувчига жазо беришини сўраб маҳкамага арз қила олмайдилар, деб ижмоъ қилинган.


863. Ҳадлар ижро қилинадиган вақтда, жабрланувчининг шахсан ўзи ҳукм ижро қилинмиш жойда хозир бўлиши шарт, аммо, касал бўлса ёки, кўнгли жазо ижро қилиниш манзарасига чидай олмас даражада бўш бўлса, уни иштирокисиз ҳукм ижро қилинади, деб ижмоъ қилинган.


864. Ҳадларда кафиллик ўтмайди, деб ижмоъ қилдилар. Яни, қозига бориб, "жиноятчи фалон ишларини қилиб олишига изн беринг. У жазодан қочиб кетмайди. Мабодо, қочиб кетса ўрнига мени жазолайсизз" деб кафил бўлиши қабул қилинмайди, деб ижмоъ қилдилар.


865. Бир гувоҳ ва унинг қасами билан, шаръий жазо қўлланмайди. Балки икки гувоҳ бўлиши шарт, деб ижмоъ қилдилар.


866. "Эй фосиқ, эй ифлос" деган сўзлар билан савланмайди, балки тазир берилади. Яни, эсини киргизиб қўйиш учун қози ўз ихтиёри билан чора кўради.




ҚАСОС ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




867. Ҳур инсон учун ҳур инсондан қасос олинади. Агарча, ўлдирилган шахс ногирон, қотил эса, соғлом бўлса ҳам. Яъни, бутун азолари соғлом киши бирон ногирон, ишга яроқсиз кишини ўлдирса, ўша ногироннинг қасоси учун бу соғлом кишини қатл этилади, деб ижмоъ қилинган.


868. Қул агар, ҳур инсонни ёки, хўжайинидан бошқасига тегишли бўлган қулни қасддан ўлдирса, қасос учун уни ҳам қатл қилинади, деб ижмоъ қилдилар.


869. Саҳобалар ижмоъси кўра, қул агар, бирор шахсни ўзи ҳохламасдан, хатокорлик сабаб ўлдириб қўйса ёки, унга тан жароҳат етказиб мажруҳ қилиб қўйса бунинг жавобгарлиги қулнинг ўзига юклатилади. Хўжайинига эмас. Хўжайини ҳохласа қулни жабрланган томонга топшириб юборади, ёки фидя бериб халос қилади.


870. Эркак киши қасддан аёл кишини ўлдирса, уни эркак экани-ю мақтулнинг аёл эканига қаралмайди, балки, бир жон қасоси учун уни ҳам қатл этилади, деб ижмоъ қилинган.


871. Бир неча кишидан иборат гуруҳ, келишган ҳолда қасддан бир одамни ўлдирса, гуруҳ аъзоларининг ҳаммасини қасос учун ўлдирилади, деб ижмоъ қилдилар.


872. Мусулмон киши "мустаъмин" мақомидаги шахсни ўлдирса, унинг қасоси учун мусулмон қотилни ўлдирилмайди, деб ижмоъ қилдилар. Мустаъмин—бу мусулмонлар ўлкасида омонлик олиб юрган ғайри мусулмон шахсдир.


873. Салафи-солиҳлар "Нисо" сурасининг ушбу оятида билдирилган ҳукмга ижмоъ қилдилар: Аллоҳ таоло айтади: "Мўмин мўминни ўлдирмас. Магар билмасдан қилиши мумкин. Кимки мўминни билмасдан ўлдириб қўйса, бас, унга мўмин қулни озод қилиш ва (ўлганнинг) аҳли кечирмасалар, хун бериш вожиб бўлур." (Нисо- 92.) Яъни, киши бирон мўмин шахсни хатодан ўлдириб қўйса, бу вазиятда икки ҳақ бўлади. Аллоҳнинг ҳаққи ва ўлик эгаларининг ҳаққи. Аллоҳнинг ҳаққи—бу бир мўмин қулни озод этиш билан, ёки икки ой кетма-кет рўза тутиш билан адо қилинади. Ўлик эгаларининг ҳаққи эса, хун тўлаш билан адо қилинади.


874. Каффорат учун озод қилинмиш қулнинг мўмин бўлиши шартдир, деб ижмоъ қилдилар. Кофир қулларни каффоратдан озод қилинмайди.


875. Каффорат жаримасидан бошқа ниятларда кофир қулларни ҳам озод қилиш жоиздир, деб ижмоъ қилдилар.


876. Агар бирон шахсни, қилич, пичоқ ёки, шулар каби тиғли нарса билан ўлдирса, қотилнинг бу ҳаракати қасддан қилинган деб баҳоланади ва ундан қасос олинади, деб ижмоъ қилдилар.


877. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, хатолик билан ўлдириш деб, бирон нарсани нишонга олиб ўқ отган-у бироқ, ўқ бошқа томонга кетиб бирон инсонни ҳалок қилган, мана шу ҳолатга айтилади.


878. Қотилликнинг "қасддан қилинганга ўхшаши" бор, деб ижмоъ қилдилар. Имом Молик бу турни инкор қилганлар ва уни ҳам қасддан қилинган қотиллик деб ҳукм қилганлар. (Яни, қотиллик уч турга бўлинади. 1-қасддан қилинган қотиллик, бу қотил томондан қасддан амалга оширилган қотиллик бўлиб, унинг жазоси қасос учун ўлдиришдир. 2-қасддан қилинганга ўхшаш қотиллик, бу масалан, бировни таёқ билан савалаб ўлдириб қўйганга ўхшаш. Бунинг жазоси бир қул озод қилиш ёки маййитнинг эгалари талаб қилса хун тўлаш. 3- хатолик билан ўлдиб қўйиш. Масалан ов қилиш жараёнида отилган ўқ бирор инсонга тегиб кетганга ўхшаш. Бунинг жазоси ҳам, бир қул озод қилиш ёки маййит эгаларининг талабига биноъан хун тўлаш.)


879. Жазо ижросида Умар ибн Ҳаттоб (р.а.)нинг одатларига ижмоъ қилинган. Ул зот ҳад ва қасосларни амалга ошириш вазифасига фақат эркакларни тайин қилар эдилар. Демак, уммат ижмоъси билан, шаръий жазоларни ижроси учун эркаклар ёлланади. 


880. Аҳли илмлар ижмоъси билан, ҳукумат тарафдан шаръий ҳадларни ижро қилувчи ходимлар, хизмат юзасидан бирор жиноятчига жазо берсалар, масалан: қасос учун қотилни ўлдирса ёки ўғрининг қўлини кесса уларни шаръан жавобгар қилинмайди. Демак, қасос жазосини ижро қилувчи шахс бирор жиноятчи-қотилни ўлдирса, қатл этилганнинг эгалари маҳкама ходимини қасос учун ўлдира олмайдилар.


881. Ҳоким ёки раҳбар, айбдорларни таъзирини бериб, эсини киритиб қўйишга ҳақлидир, деб ижмоъ қилдилар.


882. Аҳли илмлар ижмоъсига биноъан, оилалик чўри, шунингдек мудаббара, мукотоба, қисман озод қилинган чўри аёллар зино қилса, уларни тошбўрон қилинмайди. Балки, савалаб жазоланади.


883. Аҳли илмлар ижмоъсига биноъан, чўри аёл зино қилса ва сўнгра озод қилинса унинг жазоси чўриларники каби савалаш билан бўлади. Аммо, ўз озодлигидан беҳабар чўри зино қилса ва унга чўриларникидек жазо берилса-ю сўнгра озод эканлиги малум бўлса, унга қайтадан ҳурларники каби жазо берилади. Яъни, то ўлгунича тошбўрон қилинади.


884. Аҳли илмлар ижмоъсига биноъан, мукотаб, мудаббар ва қисман озод қилинган қулларни ҳақорат қилувчиларга ҳад урилмайди. Балки, қози ўз ҳукми билан таъзир бериб эсини киритиб қўяди.


885. Аҳли илмлар ижмоъсига биноъан, ароқхўр агарча, тўртинчи марта ароқ ичса ҳам қатл қилинмайди. Балки, саваланади. Росулуллоҳ (с.а.в.) жанобларининг "ароқхўр тўртинчи бора ароқ ичса қатл қилинглар.." деган мазмунли ҳадислари мансухдир. Яъни ҳукми бекор қилинган.


886. Аҳли илмлар ижмоъсига биноъан, агар бир киши бировнинг ўнг қўлини кесиб ташласа, орадан анча вақт ўтказиб чап қўлини ҳам кесиб ташласа ва шунда уни қўлга олишиб маҳкамага келтирилса, қасос учун унинг ҳам, иккала қўли кесиб юборилади.


887. Аҳли илмлар ижмоъсига биноъан, жабрланувчининг жароҳати тузалгунча ё бир тўхтамга келгунича, жиноятчига жазо берилмасдан кутиб турилади. Масалан, бир киши бировнинг оёғига жароҳат етказди. Уни тутиб маҳкамага олиб борган заҳоти уни ҳам оёғига ҳудди шунингдек жароҳат етказилмайди. Балки, кутилади. Агар жабрланувчи тузалиб кетса жиноятчига ҳудди унинг жиноятига ўхшаш жазо берилади. Мабодо жабрланувчи тузалмасдан, жароҳат туфайли шол бўлиб қолса, жиноятчидан бир жоннинг ярмича хун ундирилади.


888. Аҳли илмлар ижмоъсига биноъан, боғлаб қўйилган ҳайвонлар ипини узиб, бировнинг экинини пайҳон қилса, унинг эгаларига жазо берилмайди.




ДИЯ—ХУН ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




889. Эркак кишининг хуни 100 нафар туя, аёл кишининг хуни унинг ярмича яъни эллик нафар туя, деб ижмоъ қилдилар. Яъни, бирон эркак кишини хато йўл билан ўлдириб қўйилса унинг эгаларига 100 та туя хун сифатида тўланади. Қатл қилинган аёл киши бўлса унинг эгаларига 50 нафар туя хун тариқасида тўланади.


890. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, нарҳи тўлиқ хундан яъни, юз туядан арзон бўлган қул шахсни хатога йўл қўйиб ўлдириб қўйилса, унинг қийматини тўлаш вожиб бўлади. Нарҳи баланд қулда ихтилоф бор.


891. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, қулларнинг нарҳи уларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, ҳар-хил бўлади.


892. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, ҳур-озод шахсларнинг ижтимоъий келиб чиқиши, салоҳияти ва ёшидан қатъий назар хунлари тенгдир. Яъни, эркакларга юз туя. Аёлларга эллик туя.


893. "Мавзаҳа"нинг хуни бешта туядир, деб ижмоъ қилдилар. Мавзаҳа—бу бирон кишининг боши ёки юзига суяги кўриниб тургудек даражада жароҳат етказмоқлигидир.


894. "Мавзаҳа" фақатгина бош ва юз қисмига етказилган жароҳатлардагина бўлади, деб ижмоъ қилинган. Яъни, кишининг юз ва бошидан бошқа аъзоларига суяги кўрингудек жароҳат етказса ҳам, буни "мавзаҳа" дейилмайди ва унга бешта туя хун тўланмайди.


895. "Манқала"нинг хуни ўн бешта туядир, деб ижмоъ қилдилар.


896. Манқала—бу фиқҳий истилоҳда инсон суягини ўрнидан жилдириб қўйишликка айтилади, деб ижмоъ қилдилар. Масалан: қўл, оёқ кабиларни чиқариб қўйишга ўхшаш жароҳатлар.


897. "Манқала" жароҳатида фақат хун олиш билан ҳақ ундирилади. Асло қасос олинмайди, деб ижмоъ қилдилар. Яъни, бошқанинг зарби туфайли қўли чиқиб қолган киши жароҳат етказувчидан унинг қўлини чиқариб қасос олишни талаб қилишга ҳаққи йўқ.


898. "Маъмума" жароҳатининг хуни диянинг учдан биридир, деб ижмоъ қилдилар. Маъмума—бу инсон бошига тиғли нарса билан уриб, унинг миясини очиб қўйишликка айтилади. Бу жароҳатниинг хуни агар, эркак кишини урган бўлса юз туянинг учдан бирини тўлайди. Агар аёл кишига жароҳат етказилса эллик туянинг учдан бирини хун сифатида тўлайдилар.


899. "Маъмума" жароҳатида қасос олиш ҳаққи йўқдир, деб ижмоъ қилганлар. Унинг ҳаққи фақат хун олиш билан ундирилади холос. Жароҳат еказувчининг ҳам бошини ёриб, қасос олишга йўл қўйилмайди.


900. Ақлнинг хуни тўлиқ диядир, деб ижмоъ қилдилар. Яъни, бирон киши бошқасини уриб унинг ақлидан айриб қўйса ва ҳаётининг кейинги ҳоли мажнунликда қолса, жароҳатланмишнинг эгаларига тўлиқ дия тўланади. Эркак киши бўлса юз, аёл бўлса эллик туя.


901. Икки қулоқни кесиб юборишда тўлиқ дия тўланади, деб ижмоъ қилдилар.Аммо, Молик ибн Анас р.а. эшитиш қобиляти кетказилсагина дия тўланади, деганлар. Яъни, жумҳурнинг қавлига кўра кишининг бир қулоғи кесиб юборилса тўлиқ диянинг ярми, агар икки қулоқ кесиб юборилса тўлиқ дия тўланади. Унинг эшитиш қобиляти йўқоладими ёки йўқ, бу аҳамиятсиз. Лекин, имом Моликнинг наздида қачонки эшитиш йўқолсагина дия вожиб бўлади аксинча бўлса йўқ.


902. Аҳли илмлар ижмоъси билан, эшитиш қобиляти кетказилса тўлиқ хун тўланади. Унинг қулоқлари агарча жойида қолса ҳам.


903. Аҳли илмлар ижмоъси билан, агар, икки кўзга хатоъан жароҳат етказиб кўриш қобиляти кетказилса тўлиқ хун вожиб бўлади. Бир кўзда эса тўлиқ хуннинг ярми.


904. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, кўзга қисман шикаст етказилган ҳолатда қасос вожиб бўлмайди. Яъни, бир киши боровни кўзига уриб унга шикаст етказди. Аммо унинг кўзи буткул кўр бўлгани йўқ, балки маълум даражада кўриш қобиляти сусайди. Бу ҳолатда мутахасисларнинг хулосаси билан, етказилган зарар миқдорича хун тўланади. Жароҳат етказувчининг ҳам кўзига айни даражада шикаст етказиш йўли билан қасос олинмайди.


905. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, бурун кесиб ташланган ҳолда тўлиқ хун тўлаш вожиб бўлади. эркак киши бўлса юз туя. Аёл бўлса эллик туя.


906. Тилни кесиб ташланса тўлиқ хун вожиб бўлади, деб ижмоъ қилинган.


907. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, соқовнинг тилини кесиб ташланса, "ҳукумату-л-адл" билан хун тўлаш вожиб бўлади. Масалан: баъзи инсонлар мутлақо гапиришга қодир эмас. Баъзилар эллик фоиз, баъзилар қирқ фоиз ва ҳоказо соқовлик даражалари бор. Мабодо, соқовнинг тилини кесиб юборилса, мутахасислар унинг гапириш қобиляти ва етказилган жароҳат асарини таққослаб, тўланиши керак бўлган хун миқдорини аниқлаб берадилар. 50% гапиришга имкони бор соқовнинг тилига жароҳат етказиб гапириш имкониятини 10% фоизга тушириб қўйса бу ҳолатда 40% фоиз хун тўлайди. Яъни қирқ туя.


908. Фуқаҳолар ижмоъси билан фиқҳий истилоҳда "ҳукумату-л-адл" атамасидан мутахасисларнинг ҳисоб-китоби асосида иш кўриб, қарор қилиш тушунилади.


909. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, инсон тишларининг ҳаммасини синдириб юборганга қасос вожиб бўлади. баъзисини синдирган жиноятчида хилоф бор.


910. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, кишининг товуш чиқариш қобиляти кетказилса, тўлиқ хун тўлаш вожиб бўлади. Масалан, бировнинг ҳалқумига зарба тушириб унинг товуш чиқаришини йўқ қилса, натижада у гапира олмай қолса, бу ҳолда тўлиқ хун яъни юз туя вожиб бўлади.


911. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, танага етказилган зарарни қоплашда, жиноятчининг мукаллаф бўлиши шарт эмас. Балоғатга етмаган болалар бировга жароҳат етказса, шаръан жавобгар бўлади.


912. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, ақлсиз мажнун, уйқудаги киши ва маст ҳолдаги кишининг ҳам етказган жароҳати жавобгарлиги уларнинг зиммасига тушади. Уларнинг ақлсизлиги, мастлиги ва уйқуда экани эътиборсиздир.


913. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, бир қўлни кесиб юборилганда тўлиқ хуннинг ярми яъни, эллик туя вожиб бўлади. Аёлларда эса 25 туя.


914. Аҳли илмларнинг аксар қисми бармоқлар тенгдир, баъзиси баъзисидан афзал ва қийматлироқ эмас, деб ижмоъ қилганлар. Умар ибн Ҳаттоб р.а. нинг бир ривоятда жумҳурга мувофиқлиги, бошқасида эса мухолифлиги келтирилган. Яъни, баомоқларнинг хуни 10 туядир. 10 та бармоқнинг умумий ҳуни юзта туя бўлади. Бу ҳукмда бош бармоқ ҳам синчалоқ ҳам тенгдир. Демак, бош бармоқни кесиб юборса ҳам, синчалоқни кесиб юборса ҳам 10 та туяни хун сифатида тўлайди.


915. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, бармоқ бўғинларининг ҳар бирида, бармоқ диясининг учдан бири вожиб бўлади. Яъни, юқорида айтиб ўтилганидек ҳар бир бир бармоқнинг дияси 10 туядир. Биламизки, бош бармоқдан ташқари ҳар бир бармоқда учтадан бўғин бор. Шундай экан бармоқнинг дияси ҳам унинг бўғинларига қараб тақсимланади. Масалан: бирор кишининг бармоғидан уч қисми кесиб юборилса ўн туянинг учдан бирини хун сифатида ундирилади. Агар бармоқнинг икки бўғини кесилса, 10 туянинг учдан иккиси вожиб бўлади. Аммо бош бармоқ икки бўғиндан иборат бўлгани туфайли унинг дияси ҳам иккига бўлинади. Демак, бош бармоқнинг учини кесиб юборилса беш туя хун вожиб бўлади.


916. Аҳли илмларнинг аксари инсон бармоқлари ичида фақат бош бармоқ икки бўғинлидир, деб ижмоъ қилдилар. Аммо, Молик ибн Анас р.а икки қавлининг кейингисида жумҳурга мувофиқ бўлган.


917. Соғлом қўлга зарба бериб уни ишламайдиган, шол қилиб қўйилса бу ҳолда тўлиқ дия яъни, бир қўлнинг дияси—эллик туя вожиб бўлади, деб ижмоъ қилдилар.


918. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, аёлларнинг икки кўкраги тўлиқ хун билан баҳоланади. Бир кўкрак эса, ярим хун. Демак, икки аёл урушиб бири иккинчисининг бир кўкрагини кесиб юборса 25 туя хун тўланади, агар иккисини ҳам кесиб юборса эллик туя.


919. Инсоннинг тик юришлигини тамъминловчи умуртқа суякнинг хуни тўлиқ диядир, деб ижмоъ қилдилар. Ёлғиз ибн зубайр р.а. диянинг учдан иккиси вожиб бўлади, деган. Яъни, бирор инсоннинг орқасидан зарба тушириб, унинг бел—умуртқа поғонасига жароҳат етказса ва натижада у тик юра олмас, ногиронга айланса жароҳатловчи шахс томондан юз туя тўлиқ ундирилади. Аёлларда эллик туя.


920. "Жоъифа" жиноятида тўлиқ диянинг учдан бири вожиб бўлади, деб ижмоъ қилдилар. Ёлғиз Макҳул р.а. агар қасддан қилган бўлса диянинг учдан иккиси вожиб бўлади, деган. Жоъифа—бу инсон қорнини тешиб кирган жароҳатдир.


921. Закар—эркаклик олатини кесиб юборилганда тўлиқ юз туя вожиб бўлади, деб ижмоъ қилдилар. Ёлғиз Қатода р.а. аёлларга яқинлик қила олмайдиган заиф олатни кесиб юборилган бўлса, бу ҳолатда диянинг учдан бири вожиб бўлади, деган.


922. Эркак кишининг икки моягида, закардан бошқа аъзо ўлароқ тўлиқ дия вожиб бўлади, деб ижмоъ қилганлар. Яъни, эркак кишининг закари алоҳида, икки мояги алоҳида аъзодир. Агар моякни қолдириб фақат закарни кесиб юборса 100 туя вожиб бўлади. Шунингдек, закарни қолдириб, икки моякни кесиб юборса ҳам тўлиқ 100 туя вожиб бўлади.


923. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, инсоннинг икки думбасида тўлиқ дия, бир думбасида эса тўлиқ диянинг ярми вожиб бўлади.


924. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, бир қўлда элликта туя, бир оёқда ҳам элликта туя вожиб бўлади. Яъни, кишининг бир қўли тўлиқ диянинг ярмига тенг, бир оёғи ҳам тўлиқ диянинг ярмига тенг. Бир оёқ ва бир қўлни кесган бўлса ҳар иккисга ярим-яримдан тўлиқ юз туя вожиб бўлади. Аёл кишида эллик туя.


925. Аҳли илмлар ижмоъси билан, табиб даволаш жараёнида бирор аъзога, ўзи ҳохламаган ҳолда жароҳат етказиб қўйса, жавобгар бўлмайди.


926. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, хатна қилувчи киши, хатна қилиш жараёнида хатога йўл қўйиб закарни кесиб юборса, ёки унинг хашафа—бош қисмини кесиб юборса, унинг оқилалари зиммасига хатоси миқдорича дия тўлаш вожиб бўлади.


927. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, ёш чақалоқни унинг эгаларидан бесўроқ кўтариб, сўнра тушириб юборган киши шариъат бўйича жавобгар бўлади.


928. Саҳобалар ижмоъсига кўра, аёл кишининг қорнига уриб, унинг ҳомиласини тушириб юборган жинояти учун "ғурра" тўлаш вожиб бўлади. Ғурра—бу қиймати 500 дирҳамдан кам бўлмаган қул ёки чўридир.


929. Саҳобалар ижмоъсига кўра, ҳомиладор ҳайвоннинг қорнига уриб ҳомиласини тушириб юборган шахсга ҳеч нарса тўлаш вожиб бўлмайди.




ОҚИЛА ҚАРИНДОШЛАР ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




930. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, хато йўл билан қилинган жиноят хуни, жиноятчининг оқила қариндошлари зиммасига тушади. "оқила қариндош", деб кишининг асаба қариндошларига айтилади. Яъни, маййитнинг ака-укалари, ака-укаларининг ўғиллари, амакилари, амакисининг ўғиллари, отаси ва ўғиллари.


931. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, оқилалар ҳунни уч йил давомида учга бўлиб, тўлайдилар.


932. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, хотиннинг бошқа эрдан бўлган ўғли, айни дамдаги эридан бўлган ўғиллари билан бирга, унга оқилалик қилмайди.


933. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, кишининг фақат она бир бўлган ака-укалари унга оқилалик қила олмайдилар.


934. Аёллар, шунингдек балоғатга етмаган болалар, асло оқилалик қила олмайдилар, деб ижмоъ қилинган.


935. Жиноятчининг оқила қариндоши агар фақир ҳолда бўлса, унга оқилалик қилиш лозим бўлмайди, деб ижмоъ қилинган.


936. Дия яъни, хуннинг учдан биридан ортиқ қисмини тўлаш оқилалар зиммасига вожиб бўлади, деб ижмоъ қилинган.


937. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, оқила қариндошлар маҳри мислни тўлашда шунингдек, бошқаларнинг жонига эмас балки, молига етказилган зарарни қоплашда оқилалик қилмайдилар. Бу тўловлар эрнинг ва жиноятчининг ўз зиммасига тушади. Аммо, қуллар бу тўловларга ҳам оқилалик қилади. Яъни, инсон бирор қулни озод қилган бўлса, ўша қул собиқ хўжайинига оқила бўлади. Собиқ хўжайин хато йўл билан бировни ўлдириб қўйса, ёки бировнинг молига талофат етказиб қўйса, бу ҳолатларда қул собиқ хўжайинига зарарни қоплашда ёрдам бериб оқилалик қилаверади.


938. Оқилалар фақатгина хатолик билан содир этилган жиноятларга оқилалик қилишади холос. Қасддан қилинган жиноятга эмас, деб ижмоъ қилинган.


939. Ҳомиладиор аёлнинг қорнига уриб, жанийн—тўлиқ шаклланмаган (эмбрион ҳолидаги 22 ҳафтагача бўлган) ҳомиласини тушириб юбориш жиноятида "ғурра" билан жарима тўлашлик вожиб бўлади, деб ижмоъ қилганлар. Ғурра—қиймати беш юз дирҳамга тенг келадиган қул ёки чўри.


940. Яҳудий ёки насроний аёлнинг жанийн ҳолидаги ҳомиласини тушириб юборилса, онасининг хунидан ўндан бир қисми ҳомиланинг хуни сифатида тўланади, деб ижмоъ қилдилар.


941. Аёл кишининг қорнига урганда унинг қорнидан зарба натижасида бир неча жанийн тушса, ҳар бирига биттадан ғурра тўлаш вожиб бўлади, деб ижмоъ қилганлар.


942. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, ҳомиладор аёлнинг қорнига уриб, тўлиқ шаклланган ва тирик ҳолдаги ҳомилани тушириб юборса-ю бироз вақт ўтгач гўдак вафот этса, бу ҳолатда тўлиқ хун тўланади. Ўғил бўлса юзта, қиз бўлса элликта туя.


943. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, бировни хато йўли билан ўлдириб қўйган шахснинг зиммасига каффорат вожиб бўлади.


944. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, умму валад аёлларнинг жиноятига уларнинг хўжайинлари жавобгар бўлади.




СИЯР—ҲАРБИЙ МАСАЛАЛАР ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




945. Киши жанг майдонида мубораза—умумий жанг олдидан яккама-якка олишувга чиқиши ва бошлиқнинг изни билан, бошқаларни муборазага таклиф қилиши мумкин, деб ижмоъ қилдилар. Ёлғиз Ҳасан Басрий макруҳ деган.


946. Душманларнинг жангга қатнашмаган аёл ва болаларини ўлдирилмайди, деб ижмоъ қилдилар.


947. Душман тарафга жосуслик қилган сотқинларнинг жазоси қатлдир, деб ижмоъ қилдилар.


948. Давлат миқёсидаги ҳарбий ишларда, душман томондан қўлга олинганларни жазолаш ёки кечириб юбориш фақат султон—подшоҳнинг ҳуқуқидаги ишдир, деб ижмоъ қилдилар. Оддий аскарлар асирларга ўзича жазо ҳам бера олмайди, афу этиб озодликка ҳам чиқара олмайди.


949. Мусулмон аскарлари ўз ҳалқи ва ватанига қарши сотқинлик, хоинлик қилиши ҳаромдир, деб ижмоъ қилдилар.


950. Душман ўликларига нисбатан мусла қилишлик макруҳдир, деб ижмоъ қилдилар. Мусла—ўликни хорлаб қулоқ, бурунларини кесишлик.


951. Мусулмон аскарларига душман юртида улар тайёрлаган таъомларни тановул қилмоқ жоиздир, деб ижмоъ қилдилар.


952. Мажусийлардан жизя олишга ижмоъ қилдилар. Жизя—аҳли китоблардан, уларнинг ери, аёллари ва болаларининг ҳимояси эвазига олинадиган ўлпон. Миқдори бир киши бошига бир динордан.


953. Сабийлар ва аёллардан жизя олинмайди, деб ижмоъ қилдилар. Жизя балоғатга етган эркаклардан олинади.


954. Қуллардан жизя олинмайди, деб ижмоъ қилдилар. Зиммий қуллар хоҳ унинг хожаси мусулмон бўлсин, хоҳ ўзи каби зиммий бундан қатъи назар улардан жизя олинмайди.


955. Мусулмонга жизя вожиб эмас, деб ижмоъ қилдилар. Яъни мусулмон киши топган даромади ва олган ҳосилларидан закот бериши вожиб бўлади. Жизя эмас.


956. Зиммийларга шаръий садақалар вожиб эмас, деб ижмоъ қилдилар. Яъни, зиммийлар закот, фитр каби молиявий ибодатларни бажаришга мажбур қилинмайдилар. Закот—фақат мусулмонларнинг молини покловчи ибодатдир.


957. Салафлар шунга ижмоъ қилдилар Аҳли зимма кофирларга, модомики ўз манзилларида экан бирор садақа вожиб эмас. Аммо, Бану Тағлиб насоролари бу ҳукмдан мустасно. Уларга ҳазрат Умар ибн Ҳаттоб мусулмонларга нисбатан икки баробар ортиқ закот тўлашни юклаган.


958. Ҳар қайси ерки, унинг аҳолиси урушсиз таслим бўлиб мусулмон бўлсалар, уларнинг моли омондадир. Яъни, моллари таланмайди. Шунингдек, уларнинг ҳукми мусулмонлар кабидир, деб ижмоъ қилдилар.


959. Ғанима яъни ўлжага олинган моллар аскарлар орасида тақсимланади, деб ижмоъ қилдилар.


960. Ғанима моллардан яширинча олишлик ҳаромдир, деб ижмоъ қилдилар.


961. Ғанима молларидан яшириб олганлар, яширганларини тақсимчига қайтариб беришлари вожиб, деб ижмоъ қилдилар.


962. Ғанима молларидан, отлиқ жангчига икки ҳисса, пиёда аскарга бир ҳисса берилади, деб ижмоъ қилдилар. Ёлғиз Абу Ҳанифа р. ҳ. отлиққа ҳам бир ҳисса берилади деганлар.


963. Аскарлар бошлиғи рағбатлантириш мақсадида белгиланган улушга зиёда қилиб бериши мумкиндир, деб ижмоъ қилдилар.


964. Жангга бир неча отларни хозирлаб олиб келган кишига ҳам бир отнинг улуши берилади, деб ижмоъ қилдилар.


965. Бир отлиқ аскар, кўп отлиқ аскарларга қарши жанг қилса ҳам, унга бир отлиқнинг ҳиссаси берилади, деб ижмоъ қилдилар.


966. Эшшак, ҳачир ёки туяда жангга кирган аскарга, пиёдалар ҳиссасича улуш берилади, деб ижмоъ қилдилар.


967. Отлиқ аскар жанг давомида оти билан жанг қилса-ю жанг охирига бориб оти ҳалок бўлса, унга отлиқнинг ҳиссасича улуш ажратилади, деб ижмоъ қилдилар.


968. Отларни ҳарбий тайёргарлигини ошириш учун мусобақа ташкил қилмоқ, уларни емлаб семиртиб сўнг емдан ажратиб машқ қилдирмоқ каби ишлар жоиздир, деб ижмоъ қилдилар.


969. Отларнинг ҳар қандай турларини, (масалан ориқ от билан семиз отни, зотдор от билан ҳашаки отни) бир-бирлари билан ким ўзарга югуртирмоқ ва шу каби мусобақалар агар эвазсиз бўлса дурустдир, деб ижмоъ қилдилар.


970. Мусулмон асирлардан бирор асирни, унинг илтимосига биноан, маълум ҳақ эвазига сотиб олган киши, у учун тўлаган пулини ўша асирдан ундириб олиши мумкин, деб ижмоъ қилдилар. Яъни, бирор мусулмон кофирлар томондан асирга тушса, уни асир қилганлар маълум миқдор маблағ эвазига асирларни озод қилишларини эълон қилса, шу ҳолатда асир тушган киши бирор кишига эълон қилинган миқдорни тўлаб, ўзини озод қилиши сўраса ва у ҳам унинг сўровига биноъан айтилган пулни тўлаб уни озод қилса, асирликдан озод бўлган киши озодлик эвазига тўланган пулни озод қилувчига қайтариши вожиб бўлади.


971. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, зиммийнинг қўл остида бўлган қул агар, Исломга кирса, зиммийга у қулни сотиб юбориш вожиб бўлади. Яъни, зиммий модомики у зиммий экан унинг зиммасида мусулмонларнинг зиммасида бўлгани каби бази мажбуриятлар бўлади. Жумладан, унинг бирор қули исломга кирса, зиммий кофир мусулмон қулга хўжайинчилик қилишни бас қилиб, у қулни бошқа бир мусулмонга сотиши шарт. Агар сотмаса бу ҳукмни мусулмонлар имоми амалга оширилишини таминлайди.


972. Она-бола асирга олинса-ю, бола етти ёшга етмаган сағир бўлса уларни ораларини ажратиш жоиз эмас, деб ижмоъ қилдилар.


973. Аскарлар бошлиғининг омонлиги шунингдек жангчиларнинг омонлиги жоиздир, деб ижмоъ қилдилар. Яъни, аскар боши душман тарафидан маълум шахсларга омонлик эълон қилса, унинг омонлиги қабул қилинади ва омонликка олинган шахсларни ўлдирилмайди.


974. Жангда иштирок этаётган қулнинг омонлиги жоиздир, деб ижмоъ қилдилар.


975. Аёл кишининг омонлиги жоиздир, деб ижмоъ қилдилар. Ёлғиз Можишун р.а. жоиз эмас, деган. (Абдул Малик ибн Абдул Азиз ибн Абу Салама Можишун ал-Маданий, ўз даврида Мадина муфтийи бўлган. Моликий фақиҳларининг катталаридан. 204-ҳж да вафот этган.)


976. Зиммийнинг омонлиги жоиз эмас, деб ижмоъ қилдилар. Яъни зиммий кофир мусулмонлар тарафидан туриб жанг қилар экан, душман томондан бирортасига омонлик бера олмайди.


977. Сабий—ёш боланинг омонлиги ўтмайди, деб ижмоъ қилдилар. Балоғатга етмаган ўсмирда ихтилоф бор.


978. Душманлар юртида савдо қилиб юрган тожирнинг омонлиги ўтмайди, деб ижмоъ қилдилар.


979. Душман қўлида асир бўлиб турган мусулмоннинг шунингдек, мусулмонлар юртига кўчиб ўтмаган мусулмоннинг ҳам омонлиги ўтмайди, деб ижмоъ қилдилар.


980. “Тоиф куни мушриклар тарафидан қочиб чиқиб мусулмонлар жамоъасига қўшилган қулларни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам озод қилган экани” ҳақидаги хабар ҳукмига яъни уларнинг ҳур бўлганлигига ижмоъ қилдилар. (Машҳур саҳоба Абу Бакра розияллоҳу анҳу ҳам ўша воқеада озод бўлганлардан эди.)


981. Аҳли илмлар қуйидагича ижмоъ қилдилар: Бировнинг мулки ҳисобланган қулларнинг "ъато"да ҳаққи йўқдир, шунингдек, чўлда яшовчи аҳли садақа аъробийларнинг ҳам. ъато—жамғармадан ажратиладиган қисм. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жангда иштирок этган аёл ва ёш болаларга уларни рози қилгудек андак нарса—ъато берар эдилар.


982. Ғанима моллари ичидан, ўткир тиғли қуролларни, масалан: қилич, ҳанжар кабиларни жангчиларга тақсимлашда мусобақа уюштириб фақат ғолибларга бериши жоиздир, деб ижмоъ қилдилар. Яъни, ўлжага олинган моллар ичида қимматли қуроллар бўлиб унга талабгорлар кўп бўлса, тақсимчи мусобақа уюштирадида қуролни фақат ғолибларга беради.




БОҒИЙ—ИСЁНЧИЛАР ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




983. Одил султонга қарши бош кўтарган исёнчилар, султон аскарлари билан жангга киришдан олдин, султонни музокарага чақирсалар, бу ҳолатда султон уларнинг талабига мувофиқ тинч йўл билан музокарага киришиши керак бўлади, деб ижмоъ қилдилар.


984. Одил султонга қарши чиққан исёнчиларга қарши уруш қилиш, уларни ўлдириш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилдилар.


985. Одил султонга қарши чиққан исёнчилардан бирортасини ўлдирган шахс унинг меросидан маҳрум бўлмайди, деб ижмоъ қилдилар. Яъни, инсон ўз яқинларидан бирини ноҳақдан ўлдирса ўлганнинг қолдирган молидан мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Аммо, одил подшоҳга қарши чиққан исёнчини ўз меросхўри ўлдирса, қотил меросдан маҳрум этилмайди.




МУРТАДЛАРГА ТЕГИШЛИ БЎЛИМ




986. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, насроний динига мансуб эр хотиндан қай бири Исломга кирса, уларнинг балоғатга етган фарзандлари ота-онасидан бирортасининг Исломга кирганларига табъан мусулмон ҳисобланишмайди.


987. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра муртаднинг набираси, балоғатга етгач Исломга киришга мажбур этилмайди.


988. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, Мажнун киши касали тутган ҳолда динидан қайтса унинг бу ҳаракати чин дилдан, деб ҳисобланмайди ва аввалги ҳолидек мусулмон ҳисобланади. Уни шу ҳолда ўлдириб қўйганлардан, ўлик эгаларининг талаби билан қасос олинади.


989. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, мусулмон эр киши ўз ихтиёри билан динидан чиқса, уни тавба қилиб қайта динга киришга чақирсалар-у аммо у қулоқ тутмаса унинг бу жинояти учун қатл этилади.


990. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, диндан чиққан муртад тавба қилиб қайта мусулмон бўлса, унга ҳеч қандай жазо берилмайди.


991. Саҳобалар ижмоъсига кўра, динидан воз кечган муртадни қул қилиб ишлатилмайди.


992. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, эр-хотндан қай бири диндан чиқса уларнинг ораси ажратиб юборилади.


993. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, бировнинг диндан воз кечганига икки кишининг гувоҳлиги кифоя ва уни қабул қилиш вожиб бўлади. Икки кишининг сўзи билан унга жазо берилаверади. Аммо, Ҳасан Басрий р.а. қатл учун фақат тўрт кишининг гувоҳлиги шарт деган.


994. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақорат қилган, сўкинганларнинг жазоси қатлдир, деб ижмоъ қилинган.


995. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, динидан қайтган муртад бу иши билан мол-мулкига эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилмайди. Қачонки тавба қилиб қайта Исломга кирса мол-мулки қайтариб берилади.


996. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, динидан кечиб муртад бўлган киши ўз ватанидан ҳам чиқиб, ўзи каби ғайри динлар юртига қочқин бўлиб ўтса, мол-мулкига эгалик ҳуқуқини йўқотади.


997. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, кофир киши балоғат ёшида ва ақл-ҳуши жойида бўлган ҳолда шаҳодат калималарини айтса, уни шу иши билан мусулмон, деб ҳисобланади.




ВАСИЯТ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ




998. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, мусулмон, тақволи, солиҳ кишиларга инсон ўз мол-мулкини васият қилиши жоиз ва шаръан қонунийдир. Масалан: фалончи менинг мол-мулкимнинг ҳаммаси сенга фақат мендан сўнг менинг сағир болаларимга нафақа қилиб ҳолидан хабар оласан, деганга ўхшаш.


999. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, киши ворислик ҳаққига эга бўлмаган шахсларга ўз молидан васият қилиши жоиздир. Аммо, ўз қонуний ворисларига васият қила олмайди. Уларнинг васиятсиз ҳам мерос молидан улушлари бор. Лекин, диний ихтилофлар мавжуд оилада, улуш эгалари ғайри мусулмон бўлишса уларга мерос берилмайди. Шундай ҳолатларда, масалан, ота ўлими олдидан насроний ўғлига ўз молини васият қилиб қолдириши мумкин. Агар васият қилмаса насроний фарзандга отасидан мерос тегмайди.


1000. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, қонуний меросхўрларга васият қилиб мол қолдирилмайди. Агар, ота вафотидан олдин фарзандаларидан бирортасига хоссатан маълум бир нарсани васият қилса, марҳумнинг бу васияти шаръан қонуний кучга эга эмас. Бироқ, бошқа фарзандлар отанинг васиятига рози бўлиб, тайинланган молни васият қилинмиш иниларига берилишига рози бўлсалар отанинг васияти амалга оширилади.


1001. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, васият марҳум қолдирган молнинг учдан бир қисми билан чекланади. Яъни, киши ўз молининг ҳаммасини ёки ярмини меросхўрлардан бошқа шахсларга васият қилиши мумкин эмас. Агар шундай қилса унинг бу васияти у тайинлагандек амалга оширилмайди, балки мерос молининг учдан бир қисмидан васият қилинмиш шахсга берилади. Қолган икки қисми қонуний ворислар ичида тақсимланади. Фалон ҳовлим ёки фалон боғимнинг ҳамма ҳосилини фалон дўстимга васият қиламан, деса бу ҳолатда васият қилинган мол, умумий қолдирилган молнинг учдан бирига тенг ё ундан озроқ бўлса васият эгаси айтгандек амалга оширилади. Агар васият қилинган молнинг қиймати қолган молнинг учдан биридан зиёд бўлса, бу ҳолатда васиятни камайтирилади ва учдан бирга тенглаб берилади. қолган икки қисми ворисларга тегади.


1002. Фуқаҳолар қуйидагича ижмоъ қилдилар: беш ўринда васият қолдирилган молнинг учдан бирига камайтирилмаган ҳолда, васият қилувчининг айтганидек амалга оширилади. 1- ўлим тўшагида ётган бемор ўз қулининг озод бўлишини васият қилса. 2- васият қилувчи қулининг озодлигини ўлимига боғлиқ қилса. 3- ўлим тўшагида ётган беморнинг эҳтиёткорлик юзасидан қилган васияти. 4- васият қилувчи бирон қулига ўлганимдан кейин озодсан, деб васият қилса. 5- васияти мурсала қилса. Яъни, васият қилувчи ўз молидан бирон нарсани тайинламасдан, аниқ айтмасдан фалончига мендан кейин 100 сўмлик бирон нима беринглар, деса.


1003. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, агар бирор киши вафотидан олдин бор мол-мулкининг учдан бир қисмини бирор кимсага васият қилса, васият амалга ошгунга қадар, молнинг бир қисмига талофат етиб камайиб қолса, васият учун қолган молнинг учдан бири ажратилади. Васият қилинган вақтдаги миқдордан эмас. Масалан, бир кишининг 90 сўм пули бор. Шу пулнинг 30 сўмини бирор дўстига васият қилди. Бирор сабаб билан 90 сўм камайиб 60 сўмга тушиб қолса, васият қилувчининг дўстига 20 сўм берилади. 40 сўм эса меросхўрларга тегади.


1004. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, киши бирор дўстига муъайян нарсани васият қилса-ю ўша нарса унинг вафотидан олдин ҳалокатга учраса, васият қилинмишга васиятчининг вафотидан кейин ҳеч нарса берилмайди.


1005. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, бирон киши ҳаётлик чоғида ўз молидан маълум қисмини кимгадир васият қилиб, бу ишини қоғозга тушириб гувоҳларга ошкор қилган бўлса, унинг бу васиятномаси қонуний кучга эгадир. Вафотидан кейин белгиланган мол васият қилинмишга берилади.


1006. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, васият қилувчи киши вафотидан олдин васиятидан қайтса, унинг бу иши жоиз ва қонунийдир. Аммо, қарзни бўйнига олган киши вафотидан олдин қарздор эканидан тонса, унинг бу иши жоиз эмас ва унинг вафотидан сўнг қолдирган молидан қарзи адо қилинади.


1007. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, бирон киши вафотидан олдин айтса: фалончидан мени 10 000 минг динор қарзим бор вафотимдан кейин қолдирган молимдан уни адо қилинглар, деб. Унинг қолдирган моли ҳам 10 000 минг динор бўлса, у вафот этгач молнинг ҳаммасини ҳақдорга бериб марҳумнинг қарзи узилади. Аммо, мен бор мол-мулкимни фалончига қолишини васият қиламан, деса, у вафот этгач молнинг ҳаммасини эмас, балки учдан бирини берилади. қолгани қонуний ворисларга берилади.


1008. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, ўлим тўшагида ётган бемор: мени фалончи қўшнимдан фалонча сўм қарзим бор, деб иқрор қилса, унинг бу иқрори шаръан қонуний деб топилади, қолдирган молидан қарзи узилади. Ворисларнинг: нима учун соғлик вақтида айтмаган? Айни ўлим тўшагида бу хабарни айтяпти, бу иқрорни тан олмаймиз, мерос фақат ўзимизга қолади, деган сўзларига парво қилинмайди.


1009. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, балоғат ёшига етган йигит ёки қизнинг васияти ҳам қонунийдир. Агарча улар оилалик бўлмаса ҳам.


1010. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, зиммий кофирларнинг мусулмонлар эгалик қилиши мумкин бўлган нарсаларини, мусулмонларга васият қилиб қолдиришлари қонунийдир.


1011. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, киши васият қилган нарсасини вафотидан олдин сотиб юборса, ёки садақа қилиб юборса ва ё ҳадя қилиб юборса унинг бу ишлари васиятидан қайтиш, деб баҳоланади ва вафотидан кейин васият қилинмиш шахсга ҳеч нарса берилмайди.


1012. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, васият қилувчи шахс ҳар қандай васиятидан қайтиши мумкин аммо, қул озод этишдан эмас. Яъни, мени вафотимдан кейин фалон қулим озод бўлади, деб унга эркинликни васият қилган бўлса-ю бироқ вафотидан олдин бу сўзидан қайтса, унинг бу қайтиши шаръан жоиз эмас ва у вафот этганидан кейин қул албатта озод бўлади.


1013. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, васият қилинмиш шахс ишончли, омонатдор, солиҳ инсон бўлса васият қолдирилган молни ундан тортиб олиш жоиз эмасдир. Яъни масалан: бир киши вафотидан олдин солиҳ бир дўстини чақириб унга қуйидагича васият қилди: Дўстим сен бировнинг ҳаққига хиёнат қилмайдиган, омонатдор кишисан. Вафотимдан кейин бор мол-мулкимни сенга қолдираман, болаларим вояга етгунига қадар уларга қараб турасан. Дўсти бунга рози бўлди ва у вафот этгач унинг бор нарсасини ўз тасарруфига олди. Шу ҳолатда етим қолган болаларнинг амакиси васият қилинмишга келиб, сиз бегона одамсиз. Мен буларнинг яқин қариндошиман. Уларнинг отасидан қолган мулк менга қолиши керак, деб қолдирилган молни тортиб олиши дуруст эмас ва ноқонунийдир.


1014. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, ота вояга етмаган фарзандларининг шахсий молини, унинг эҳтиёжларини тўлдириш йўлида тасарруф қилишга ҳақли бўлади. Ҳоким уни бу ишдан ман қила олмайди. Яъни, бир аёл вафот этди, ортидан гўдак фарзанди ва эри қолди. Аёлнинг молидан гўдак фарзандига ҳам берилди. Бироқ бола ҳали ёш бўлгани туфайли ўз мулкини идора қила олмаса, бу вазиятда отаси унинг молига ҳам мутасадди бўлади ва боласининг камчиликларига унинг молидан ишлатиб туриши мумкин. Аммо ота фосиқ бўлиб, боланинг молини исроф қилиб юбориш эҳтимоли бўлса, бу ҳолатда ҳокимлик тарафидан гўдакка тегишли молни ишлатишдан отани тақиқлаб қўйилади.




ФАРОИЗ—МЕРОС ТАҚСИМОТИ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ



1015. Фуқаҳолар ижмоъси бўйича, маййитнинг қариндошлари ичида шаръий-қонуний улуш соҳиби ўз улушини олгач, қолган мол асаба қариндошларидан энг яқинига берилади. "Асаба" маййитнинг ота тарафдан бўлган қариндошларидир. Она тарафдан бўлган қариндошлари "асаба" бўла олмайди. Асабалар — маййитнинг ака-укалари, ака-укаларининг ўғиллари, амакилари, амакисининг ўғиллари, отаси ва ўғиллари бўлади.


1016. Фуқаҳолар ижмоъси бўйича, маййитнинг қолдирган мероси, унинг болалари орасида тақсим қилинади. Агар болалардан бошқа меросхўр бўлмаса, тақсим бир эркак кишига икки аёлнинг ҳиссасича улуш бериш йўли билан амалга оширилади. Агар болалар билан бирга мерос олувчи бошқа ҳақдор ҳам бўлса, у ҳолда унинг насибасини биринчи бўлиб ажратиб берилади. Сўнгра, бир эркакка икки аёлнинг ҳиссасича улуш бериш йўли билан болаларига тақсимланади. Масалан: ота вафот этди. Унинг ортидан хотини, бир ўғил ва бир қизи меросхўр сифатида қолди. Бу ҳолатда аввал, ўлувчининг хотинига мерос ҳаққи ажратиб берилади. Бу вазиятда унинг ҳаққи қолдирилган молнинг саккиздан биридир. Саккиздан бир ҳиссани унга ажратиб берилгач, қолган молни ўғил ва қиз орасида тақсимланади. Қизга бир ҳисса ўғилга эса икки ҳисса. Яъни, ўғилга учдан икки, қизга эса учдан бир.


1017. Ворислар икки қиз бўлса, уларга мероснинг учдан икки қисми берилади, деб ижмоъ қилдилар. Масалан: маййитнинг икки қизи ва бир амакиси қолди. Бу вазиятда қизларига мерос молининг учдан икки қисми, амакисига эса қолган бир қисми берилади.


1018. Вафот қилувчининг ўғли ҳаёт бўлса, унинг набиралари мерос ололмайди, деб ижмоъ қилдилар. Яъни, ўғилнинг қизлари ва ўғиллари отасининг олдида бобосидан қолган меросга ҳақли эмас.


1019. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, агар маййитнинг ўғли йўқ лекин набиралари бор. Бу суратда унинг қиз набиралари ўз қизи ўрнида, ўғил набиралари ўз ўғлининг ўрнига меросхўр деб ҳисобланадилар. Масалан: Вафот қилувчининг ўз ўғли олдинроқ оламдан ўтган. Бироқ, набиралари бор. Бу вазиятда қиз набиралар ҳудди маййитнинг ўз қизи каби, ўғил набиралар эса, маййитнинг ўз ўғли каби мерос олади. Ўғил набирага қизларга берилган улушнинг икки ҳиссаси.


1020. Аҳли илмлар ижмоъси бўйича, қизнинг боласига мерос тегмайди, бошқаларни меросдан тўсолмайди ҳам. Аммо, маййитга яқин қариндошлар билан унинг орасида диний ихтилоф бўлса, бу вазиятда қизнинг боласи исломда бўлмаган ворисларни меросдан тўсади. Шунингдек, имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг наздида маййитнинг қиз тарафидан бўлган набираларидан бошқа яқин кишиси бўлмаса, унинг меросига шу набиралари ҳақли бўлади.


1021. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, қизлар учдан икки ҳиссани тўлиқ олсалар, ўғилнинг қизларига мерос тегмайди, модомики ўғилнинг қизлари ичида ўғил йўқ бўлса. Масалан: Маййитнинг ортидан бир қизи ва ўғил тарафдан бир қиз набираси қолса, бу вазиятда ўз қизига молнинг ярми тегади, қиз набирага эса олтидан бир улуш берилади. қолган қисми акаси, амакиси каби бошқа асабаларга берилади. Аммо, маййитнинг икки нафар қизи бўлса, бу ҳолатда қизлар отасининг молидан учдан икки ҳиссасини оладилар, қиз набирага эса ҳеч нима тегмайди. Лекин, қиз набира билан бирга ўғил набира ҳам бўлса, бу ҳолатда тақсим ўзгаради. Ўғил набирага учдан икки, маййитнинг қизларига эса учдан бир улуш берилади.


1022. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, маййитнинг ортидан ворис сифатида, бир қиз ва ўғил тарафидан бир қанча қиз набиралар қолса, ўз қизига мероснинг тенг ярми, набираларга эса олтидан бир улуш берилади, шу йўл билан қизларнинг ҳиссасини учдан иккига етказилади.


1023. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, агар маййит ортидан бир қиз ва ўғил тарафидан бир ўғил набира қолса, қизга ярим ҳисса қолгани эса ўғил набирага берилади.


1024. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, агар бир кишига уч қиз набира меросхўр бўлса, набираларнинг базиси яқинроқ базилари эса узоқроқ. Яъни, бир набира ўғлининг қизи, кейингиси эса ўғил тарафдан бўлган ўғил набирасининг қизи, яъни чевараси, учинчи меросхўр қиз эса, ўғлининг ўғлининг ўғлини қизи яъни, ўғил чеварасининг қизи. Бу ҳолатда энг яқин набира қизига мероснинг ярми берилади. ундан кейинги мартабадаги набирасига олтидан бир ҳисса бериб, қизларнинг улушини учдан иккига етказилади. учинчи мартабадаги қизга эса мерос молидан улуш тегмайди. Мерос молининг қолган учдан бири эса асабалардан иборат энг яқин эркак қариндошига тегади.


1025. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, маййитнинг ортидан икки нафар қизи ва ўғил тарафдан қиз ва ўғил набиралари ворис бўлиб қолса. Бу ҳолатда икки қизига учдан икки ҳисса мерос тегади.


1026. Ота-она ўз фарзандига ворис бўлса, отага учдан икки, онага эса учдан бир ҳисса мерос тегади, деб ижмоъ қилдилар.


1027. Агар, маййитнинг отаси ҳаёт бўлса, ака-укалари асло мерос ололмайдилар. Балки, ота мероснинг барини олади, деб ижмоъ қилдилар.


1028. Маййитнинг бир акаси ва бир синглиси бўлса, бу ҳолатда, бир эркакка икки аёл ҳиссасича қабилда мерос тақсимланади. Яъни, маййитнинг акаси мерос молининг учдан иккисини, синглиси эса учдан бирини олади, деб ижмоъ қилдилар.


1029. Аёл вафот этди-ю ортидан эри қолди, агар аёлнинг боласи ё набираси йўқ бўлса, шу ҳолатда эр аёлининг молидан ярмига меросхўр бўлади, деб ижмоъ қилдилар.


1030. Агар марҳума аёлнинг ортидан эри ва фарзанд ё набираси қолса, набира қизми ё ўғил буни аҳамияти йўқ, бу ҳолатда эрга қолдирилган молнинг тўртдан бири берилади, ундан асло камайтирилмайди, деб ижмоъ қилдилар.


1031. Эр вафот этса-ю ортидан аёли қолса, эрнинг бирор фарзанди ва ўғил тарафидан набираси йўқ бўлса, бу ҳолатда аёлга эрнинг қолдирган молидан тўртдан бири мерос тариқасида берилади, деб ижмоъ қилдилар.


1032. Марҳум эрнинг ортидан хотини ва фарзандлари қолса, бу ҳолда хотинига саккиздан бир улуш мерос тегади, деб ижмоъ қилдилар.


1033. Салафлар ижмоъси бўйича, марҳум эрнинг ортидан қолган хотини биттами? иккитами? уч ё тўрттами? Ададидан қатъий назар, улар тақсимда бир аёл ҳукмидадир. Масалан: хотинга саккиздан бир улуш тегадиган ҳолатда, хотинлар тўртта бўлса тўртовлари саккиздан бир улушни ўз-аро тақсимлаб олишади.


1034. Қуръони каримнинг "Нисо" сурасида мерос тақсимотига оид ҳукмлар баён қилинган оятида келтирилган "كلالة" "калаала" сўзидан, маййитнинг ака-укалари кўзда тутилган, деб ижмоъ қилдилар.


1035. Уламолар ижмоъси бўйича, "Нисо" сурасидаги мерос оятининг аввалгисида фақат она бир опа-сингиллик ирода қилинган. Мазкур суранинг охирида келтирилган, мерос ҳукмларига оид оятда эса, отаси ҳам онаси ҳам бир бўлган опа-сингиллик кўзда тутилган. Яъни, "Нисо" сурасининг 12-оятидаги ушбу-"Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса, унинг биродари ёки синглиси бўлса, улардан ҳар бирига олтидан бир тегур." оятидаги "биродари ёки синглиси" деганда фақат она бир синглиси ирода қилинган. Мазкур суранинг 176- оятидаги ушбу - "Агар бир эркак вафот этса-ю унинг боласи (ва ота-онаси) йўқ бўлиб, синглиси (ёки опаси) бўлса, бас унга (маййит) қолдирган (мерос)нинг ярми (тега)дир." Оятидаги "сингил" сўзидан ота ва онаси бир сингил кўзда тутилган.


1036. Уламолар ижмоъси бўйича, маййитнинг фақат она бир бўлган ака-ука ё опа-синглиси, маййитнинг ўз фарзандлари олдида мерос олмайдилар. Фарзандлар ўғил ё қиз бўлишларидан қатъий назар. Демак, маййитнинг фарзандлари унинг она бир ака-укаларини меросдан тўсади.


1037. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, маййитнинг отаси шунингдек унинг бобоси қанча юқори бўлса ҳам, фақат она бир бўлган ака-ука ва опа-сингилларни меросдан тўсади. Яъни, фақат она бир бўлган қариндошлар маййитнинг ота-боболари олдида мерос ололмайдилар. Мабодо маййитнинг ортидан ота ва боболари эмас фақат она бир бўлган ака-ука ё опа-сингиллардан бир киши қолса унга мерос молининг олтидан бири ҳудди "мерос ояти"да белгилангандек берилади. Агар маййитнинг ортидан фақат она бир бўлган бир ака ва бир опа қолган бўлса, у ҳолда бу иккисига мерос молининг учдан бирини тенг тақсимлаб берилади. Эркакка аёлдан кўпроқ ҳисса берилмайди.


1038. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, маййитнинг ўғли, ўғлининг ўғли ҳар қанча қуйилашса ҳам. Яъни, набира, чабиралари шунингдек отаси, маййитнинг ота ва она бир бўлган ака-ука-ю опа сингилларини ёки фақат ота бир бўлган ака-ука ва опа-сингилларини меросдан тўсади. Демак, маййитнинг отаси бўлса ака-укалар меросдан тўсилади. Шунингдек, маййитнинг пуштидан тарқаган фарзанд-набиралари бўлса ҳам, унинг ака-ука-ю опа сингиллари меросдан тўсиладилар.


1039. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, маййитнинг ортидан қизи, ёки ўғлининг қизи ворис бўлса, шунингдек яна, маййитнинг ота бир ака-ука опа-сингиллари ва ёки ота ҳам она ҳам бир бўлган ака-ука, опа сингиллари бўлса, бу вазиятда маййитнинг қизи ёки, ўғлининг қизига мерос молининг ярми берилади. Қолган ярми эса унинг ака-ука ва опа сингиллари орасида қизга бир эркакка икки ҳисса йўли билан тақсимланади.


1040. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, икки нафар қиздан ортиқ қизлар ҳудди икки қиз каби ҳукмдадир. Яъни, икки қизга мерос молининг учдан икки қисми берилади. Агар қизлар икки нафардан кўп бўлса ҳам, қанча бўлишидан қатъий назар уларга молнинг учдан икки қисмини тенгдан тақсимлаб берилади. (учдан бири асаба қариндошларига тегади.)


1041. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, шариъатда улуш белгиланган вориси йўқ маййитнинг ота ва онаси бир иниси бўлса, барча молга шу иниси эгадор бўлади.


1042. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, фақат ота бир бўлган инилар, ота ҳам она ҳам бир бўлган инилар ўрнида бўлади.


1043. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, маййитнинг ота ҳам она ҳам бир бўлган опа-сингиллари мерос молидан учдан икки қисмини тўлиқ олсалар, маййитнинг фақат ота бир бўлган опа-сингилларига мерос тегмайди. Лекин улар ичида бирор ўғил ҳам бўлса, бу ҳолатда ота бир бўлган опа-сингилларга ҳам мерос тегади. Бу масалани мерос илмида "муборак ини" деб номланган. Яъни, бирор киши вафот этгач, унинг ворислари фақат опа-сингиллари бўлса, ота-онаси бир бўлган опалари меросни олади ва фақат ота бир бўлган қизлар эса меросдан тўсиладилар. Аммо улар ичида бирор ўғил укаси ҳам бўлса, шу ўғилнинг шарофати билан фақат ота бир бўлган опа-сингилларга ҳам меросдан берилади. Учдан икки улушни ота-онаси бир бўлган опалари олса, қолган бир улуш фақат ота бир укаси ва унинг опалари орасида, эркакка икки ҳисса аёлга бир ҳисса йўли билан тақсимланади.


1044. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, фақат ота бир бўлган ака ота ҳам она ҳам бир бўлган опалардан ортган молга ҳақдор бўлади. Опаларига учдан икки ҳисса берилади. фақат ота бир бўлган укаси ё акасига эса қолган бир улуш.


1045. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, марҳумнинг онаси йўқ лекин, онасининг онаси бор. Бу вазиятда момосига олтидан бир улуш берилади. Қолгани энг яқин асаба қариндошларга тегади. Агар она тирик бўлса, момони меросдан тўсади.


1046. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, ота маййитнинг момосини меросдан тўса олмайди. Яъни, вафот қилувчининг отаси ва онасининг онаси бор. Бу ҳолатда онасининг онасига олтидан бир қисм берилади қолган беш қисм эса отасига тегади.


1047. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, икки момо бирлашиб қолсалар, уларнинг яқинлик даражаси ҳам тенг бўлса, олтидан бир қисмни улар орасида тенг тақсимлаб берилади. Масалан: ўлувчининг икки момоси тирик. Бири отасининг онаси, иккинчиси онасининг онаси. Бу вазиятда момо учун белгиланган олтидан бир улушни иккала момо орасида тенгдан тақсимланади.


1048. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, икки момодан бири маййитга яқинроқ бўлса, олтидан бир улушни шу яқинроқ момоси олади, кейинги момосини эса меросдан тўсади. Масалан: маййитнинг отасининг онаси ва онасинининг, онсининг онаси бор. Бу вазиятда меросдан олтидан бир улушни отасининг онасига берилади, катта момоси эса мерос ололмайди.


1049. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, маййитнинг онаси унинг она тарафдан бўлган момоларини меросдан тўсади. Масалан: ўлувчининг онаси, момоси ва амакиси бор. Бу вазиятда онага учдан бир улуш берилади, қолган қисми эса амакига берилади. Момосига мерос моли тегмайди.


1050. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, отанинг онасини маййитнинг отасидан бошқа ҳеч ким меросдан тўса олмайди.


1051. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, момонинг улуши ҳамиша олтидан бир қисмдир. Ҳеч қачон унга зиёда бўлмайди.


1052. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, Бобонинг ҳукми мерос олиш борасида отанинг ҳукми билан бир ҳилдир. Отага учдан бир бериладиган вазиятларда ота йўқ бўлиб бобо бўлса, унга ҳам учдан бир улуш берилади. Олтидан бир улуш оладиган вазиятда ҳам, бобога олтидан бир берилади. Қисқаси ота йўқ бўлган вазиятда отанинг отаси бўлса, у отанинг ўрнида улуш олади.


1053. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, маййитнинг боласи ва отаси унинг фақат она бир бўлган ака-укаларини меросдан тўсади. (Бундай ака-укаларни "Калаала" дейилиши ҳақида юқорида айтиб ўтилган эди.)


1054. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, фақат она бир бўлган ака-укаларни маййитнинг отаси меросдан тўсганидек, унинг бобоси ҳам меросдан тўсади.


1055. Агар майййитнинг ортидан ўғли ва отаси ворис қолса, отага олтидан бир улуш берилади қолгани эса ўғилга тегади. Шунингдек бобо ва ўғил қолса ҳам, бобога олтидан бир қолгани ўғилга берилади, деб ижмоъ қилдилар.


1056. Маййитнинг ортидан, улуши белгиланган ворислар қолмаган бўлса, мерос молининг ҳаммаси асаба тартиби бўйича қариндошларига тегади, деб ижмоъ қилдилар.


1057. Эри билан мулоъана қилган аёлнинг ўғли вафот этса ва ортидан онаси, хотини, ўғли ва қизи қолса унинг мерос молини шулар орасида белгиланган тартибда тақсимланади, деб ижмоъ қилдилар. Яъни, бир эркак хотинининг ҳомиласини мендан эмас, деб хотинини зинода айбласа ва иш маҳкамага кўтарилиб улар орасини бир-бирларини лаънатлаш йўли билан ажратилса, вақтлар ўтиб шу ҳомила туғилиб улғайиб вафот этса унинг меросидан "отаси"га улуш берилмайди.


1058. Қотил жиноятни қасддан амалга оширган бўлса ҳам, ёки хатога йўл қўйиб ўлдириб қўйса ҳам, қатл этилганнинг молидан унга мерос тегмайди шунингдек унинг диясидан ҳам ололмайди, деб ижмоъ қилдилар. Масалан: фарзанд отасини қасддан ўлдирса отанинг молидан унга мерос берилмайди. Мабодо жинояти учун дия тўлаш билан жавоб берса, дия сифатида маййитнинг бошқа эгаларига берилган молдан ҳам ололмайди. Шунингдек фарзанд бирон овга ўқ отса-ю ўқ хато кетиб унинг ўз отасига тегса бу ҳорлатда ҳам отанинг меросидан ва дия молидан қотил фарзандга ҳеч нарса берилмайди.


1059. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, чақалоқнинг ҳукми, унинг ота-онаси кабидир. Агар ота-онаси мусулмон бўлса уни ҳам мусулмон деб ҳукм қилинади, ундан қолган молни шариъат бўйича тақсимланади. Мабодо ота-онаси исломда бўлмаса, уларнинг чақалоғи ҳам ота-онасининг динида деб ҳукм қилинади ва ундан қолган молни ўз дини таълимотига мувофиқ тақсимланади.


1060. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, она қорнидаги ҳомила тирик туғилиб сўнгра вафот этса, мерос олади ва мерос беради. Масалан: Ота вафот этди, унинг хотини ҳомиладор эди. Ҳомила дунёга келгач унга ҳам, катта акалари каби меросдан тақсимланади. Мабодо туғилибоқ вафот этса, отасидан олган мерос молини унинг вориславри орасида шаръат кўрсатмасига мувофиқ тақсимланади.


1061. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, қайсики киши бирор чақалоқни ўз фарзанди эканини даъво қилса, айни дамда чақалоқнинг тайинлик отаси бўлмаса, шариъат бўйича унинг насаби ўша даъво қилган кишига берилади. бу ҳолатда ундан ҳужжат талаб қилинмайди. Улар бир-бирларига меросхўр бўладилар. Шунингдек бу ҳолат икки катта ёшдаги шахслар орасида бўлса ҳам. Масалан, 40 ёшли киши 20 ёшли кишининг отаси эканини даъво қилса, 20 ёшли кишининг айни чоғда тайинлик отаси бўлмаса, даъвогар унинг отаси деб ҳукм қилинади. Улар ҳам бир-бирига меросхўр бўлади. Фақат катталар орасида бу ҳукм жорий бўлиши учун, даъвогар билан даъво қилинмишнинг ёши орасида ота-болаликка мос тафовут бўлиши шарт.


1062. Салафи-солиҳлар ижмоъси бўйича, қайсики аёл бирор фарзандни ўз боласи эканини даъво қилса, болани унга беришдан олдин унинг даъвосига ҳужжат талаб қилинади. Ҳужжати бўлса болани унга берилади ва бир-бирларига меросхўр бўладилар. Ҳужжати бўлмаса берилмайди.


1063. Хунасаларга мерос беришда уларнинг бавл қилиш йўли ҳисобга олинади. Агар эркаклик олатидан бавл қилсалар эркак сифатида учдан икки ҳисса улуш олади. Аёллик олатидан бавл қилса аёл сифатида учдан бир ҳисса улуш олади.


1064. Мусулмон киши бирорта мусулмон қулини озод қилса, вақтлар ўтиб қул вафот этса-ю унинг ҳеч қандай вориси йўқ бўлса, қолдирган молига унинг собиқ хўжайини эга бўлади, деб ижмоъ қилдилар.


1065. Озод қилинган қул вафот этди, унинг ҳеч бир вориси йўқ шунингдек, унинг собиқ хўжайини ҳам вафот этиб кетган. Аммо собиқ хўжайиннинг ўғил-қизлари бор. Бу вазиятда озод қилинган қулнинг молига собиқ хўжайиннинг фарзандларидан эркаклари ворис бўлади, деб ижмоъ қилдилар. Масалада Товус ибн Кайсон раҳимаҳуллоҳнинг хилофи бор. У киши: қизлар ҳам мерос олади, деган.


1066. Озод қилинган қул вафот этди, унинг бирор вориси йўқ. Шунингдек собиқ хўжайини ҳам вафот этган. Аммо унинг отаси ва ота ҳам, она ҳам бир бўлган инилар ёки фақат ота бир инилари бор. Бу вазиятда озод қилинган қулнинг молига собиқ хўжайинининг отаси ворис бўлади, деб ижмоъ қилдилар. Демак ота маййитнинг ака-укаларини меросдан тўсади.


1067. Аҳли илмлар ижмоъсига биноъан, озод қилинган қул хўжайинининг жиноятларида "оқила"ликни бўйнига олади. Масалани тўлиқ тушуниш учун аввал қуйидагиларни билиб олиш лозим. Шариъатда, бировни хато йўл билан ўлдириб қўйган кишини қасос учун ўлдирилмайди. Балки, унинг "оқила" қариндошларидан ўликнинг эгаларига дия, яъни хун ундириб берилади. Эркак кишининг хуни юзта туя. Аёл кишининг хуни элликта туядир. "оқила қариндош" деб кишининг амакиси, амакисининг ўғли ва ака-укаларининг ўғлига айтилади. Демак, қотилнинг ўзига эмас балки унинг оқила қариндошларига хун тўлаш юклатилади. Энди, бирон киши қулини озод қилгач, ўзи хато йўли билан бировни ўлдириб қўйса, унинг озод қилган қули ҳам, собиқ хўжайинининг жиноятига хун тўлашда унинг оқилаларига кўмаклашиб юборади.


1068. Топиб олинган чақалоқ шариъатда ҳурдир, деб ижмоъ қилдилар. Исҳоқ ибн Роҳавайҳ уни топиб олиб тарбия қилган шахс унга мавло бўлади, деган. Яъни, бирор мусулмон ота-онаси нотайин бўлган фарзандни топиб олсалар ва ёки етимҳонадан асраб олсалар, бола шариъат бўйича ҳур бўлади, асраб олган шахсларга насаб нисбати берилмайди, асраб олган шахсларнинг молига ворис бўлмайди, асраб олувчилар ҳам бу етимнинг молига меросхўр бўла олмайди. Бу ижмоъий ҳукмдир. Тобеъинларнинг улуғларидан Исҳоқ ибн Роҳавайҳ эса, болага уни топиб олган ва тарбиялаган шахслар мавло бўлади. Қачонки бола вафот этса унинг моли тарбиячиларга мерос қолади, деган. 


Тўпловчи: Ҳикматуллоҳ Иброҳим (Ботирали Алишер ўғли)

Илмий маслаҳатчи ва муҳаррир: Ҳамидуллоҳ Беруний



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қачон имом манбарга ўтирса, унинг олдида иккинчи азон айтилади. Одамлар унга юзланиб, қулоқ осадилар. Бу ҳукмнинг далили қуйидагича . . Абдуллоҳ давоми...

951 19:00 / 09.11.2023
Тахтакачга масҳ тортиш шариатга киритилишига далил . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

2371 13:00 / 14.01.2021
. . .Қусайба ибн Зуъайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир момо отанинг онаси Абу Бакр давоми...

1738 10:30 / 16.12.2019
Иъёш ибн Аббос алҚатбонийдан, у эса Абул Ҳасийн Ҳайсум ибн Мушфийдан, у эса Абу Омирдан, у эса Абу Райҳонадан ривоят қилиб айтди Наҳаа Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

2790 05:00 / 18.01.2017