1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Каъбани қайта қуриш

20:49 / 26.11.2017 4885 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўттиз беш ёшга кирганларида қурайшликлар Каъбани қайта қуришга киришдилар. Замон ўтиши, хусусан, сел келиши оқибатида қайта қуриш зарурати туғилиб қолган эди.

Қурилишни бошлаб, ҳамжиҳатлик ила иш олиб бордилар. Аммо Ҳажарул асвадни жойига қўйиш вақти келганда ихтилоф чиқди. Ҳар бир қабила бу шарафли иш ўзига бўлишини хоҳлар эди. Хилоф кучайиб, уруш чиқиш хавфи туғилди.

Баъзилар жангга ҳозирлана бошладилар. Бану Абдуддорликлар бир тоғорада қон олиб келдилар. Улар Бану Адийликлар билан келишиб, қўлларини тоғарадаги қонга солиб туриб, ўлимга тайёр эканликларини эълон қилдилар. Бу ҳол «Уруш бўлади», дегани эди.

Шу ҳолатда бир неча кун туриб қолдилар. Узоқ баҳслашувлардан кейин ишни уларнинг олдига биринчи бўлиб кириб келган кишига ҳавола қилишга келишдилар. 

Уларнинг олдига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи бўлиб кириб келдилар. У зотни кўришлари билан ҳаммалари хурсанд бўлиб: «Ана, Муҳаммад келди! Ана, Амин келди! Рози бўлдик! Ишни унга ҳавола қилишга розимиз!» дедилар. 

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан бир ридо келтиришларини сўрадилар. Уни олиб келиб, ерга ёздилар. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажарул асвадни олиб, ридонинг ўртасига қўйдилар ва ҳар қабиладан биттадан вакил келиб, ридонинг турли жойларидан тутиб, кўтаришини таклиф қилдилар. Вакиллар кўтариб олиб келганларидан сўнг ўзлари Ҳажарул асвадни олиб, жойига қўйдилар. Шундай қилиб, у зот ўзларининг беқиёс ҳикматлари ила урушнинг олдини олиб қолдилар. 

Бу у зот алайҳиссаломнинг бутун дунё халқларини сулҳга ва тинчликка бошлашларининг муқаддимаси эди.

 

Фузул шартномасида иштирок этишлари

 

Ўша пайтларда Зубайд қабиласидан бир киши сотиш учун Маккага нарса олиб келди. Унинг нарсасини Қурайшнинг зодагонларидан Осс ибн Воил сотиб олди. Аммо ҳаққини бермади. Зубайдлик киши Қурайшнинг бошлиқларига бу ҳақда арз қилиб, ёрдам сўради. Улар Осс ибн Воилдан ҳайиқиб, мазлумга ёрдам беришдан бош тортдилар. 

Шунда зубайдлик киши «Макка аҳлининг йигитлиги ва муруввати борларидан ёрдам сўрайман!» деб дод солди.

Макка аҳлидан ўзини эр санаб, мурувватлиман, деб юрганлари Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйига тўпландилар. Уй эгаси улар учун таом тайёрлади. Таомдан кейин мажлис қуриб, аҳдлашиб, Аллоҳнинг номи ила шартнома туздилар. Улар «Ҳаммамиз мазлумнинг ҳаққини золимдан олиб бергунимизча, албатта, бир жон, бир тан бўламиз», дедилар. 

Бу иш фазилатли иш бўлгани учун қурайшликлар уни «фузул шартномаси» деб атадилар. Сўнгра шартномачилар Осс ибн Воилнинг олдига бориб, мазлумнинг ҳаққини олиб бердилар.

Кейинчалик ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу шартномада иштирок этганларидан қувониб юрар эдилар. У зот ҳадиси шарифларидан бирида қуйидагиларни айтганлар:

«Мен Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида бир шартномага қатнашганман. Агар Исломда ҳам ўшандоқ шартномага даъват қилинсам, албатта, жавоб берар эдим».

Ана шундай тарзда Аллоҳ таоло Ўзининг бўлажак пайғамбарининг ҳамма тарафдан етук бўлишини таъминлаб келди. 

У зотнинг насаблари пок насаб бўлишини таъминлади. 

У зотнинг жасадлари пок ва мукаммал жасад бўлишини таъминлади. 

У зотнинг халқ қилинишлари бекаму кўст бўлишини таъминлади. 

У зотнинг хулқлари бекаму кўст бўлишини таъминлади.

Шу жойга келганда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамма тарафдан етукликларига оид баъзи ривоятларни батафсил ўрганиб чиқишимиз мақсадга мувофиқдир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳабибим Нeча йиллар ўтса ҳам орадан, гўё озгина аввал ташриф буюргандeксиз дунёга. Ҳалиҳамон хушбўй исингиз дунёимизни тарк этмади.Боғчалардаги гулларнинг давоми...

3768 16:48 / 08.12.2017
Ассалому алайкум, .Islom.uz, портали масъул ходимлари. Анчадан бери ўйлаб юрган ниятимни амалга ошириш мақсадида дил изхоримни ёзишга қарор қилдим.Пайғамбаримиз давоми...

2058 11:30 / 28.10.2019
Чексиз ҳамду сано бирла каломлар,Бўлсин раҳмон ва раҳмли Раббим учунМукаммал, тугал салоту саломлар,Бўлсин суюклигим ndash Ҳабибим учун.Оламлар сарвари Расулим давоми...

2198 18:05 / 04.11.2019
196Шундоқ қилиб орадан, ўтди ойлар ва йиллар,Унут бўлди заҳматлар, бир оз хотиржам диллар,Кўркам йигит бўлдилар, фақат мақтайди тиллар,Нечун гўзал бўлмаслар, танлаб давоми...

5026 10:19 / 13.12.2017
Аудиолар

120470 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42092 14:35 / 11.08.2021