1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Расулуллоҳ (c.а.в) қай тарзда мисвок ишлатганлар

05:00 / 18.01.2017 3264 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мисвок ишлатиш фақат таҳорат ва намоз билан боғлиқ эмас. Балки яна кўп ҳолатларда мисвок ишлатиш мустаҳабдир[1]. “Қўҳистоний”да айтилишича, мисвок таҳоратга хос нарса эмас. Балки, алоҳида суннатдир. “Ҳидоя”нинг ҳошиясида эса мисвок ишлатиш ҳамма вақтда мустаҳабдир, деб келтирилган. Бироқ мисвокнинг суннат экани таҳорат пайтида янада таъкидлироқ бўлади.


Жобир розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Худди котиб қулоғига қалам қистириб оладиганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам қулоқларига мисвок қистириб олар эдилар” (Байҳақий “Ас-сунанул-кубро”да ривоят қилган).


Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мисвокка қанчалик аҳамият берганларини кўрсатади. У зот умматга мисвокни тарғиб қилгач, энг аввало уни ўзлари амалда кўрсатганлар. Саҳобалар ҳам у зотдан ўрнак олиб, мисвокка жиддий муносабатда бўлишган. Бошқа ривоятларда Зайд ибн Холид, Убода ибн Сомит ва яна кўплаб саҳобалар[2] ҳам қулоқларига мисвок қистириб олиб, ҳар намоздан олдин мисвок ишлатганлари айтилган.


Миқдом ибн Шурайҳ ибн Ҳониъ ал-Ҳорисий отасидан ривоят қилади: “Мен Оиша розийаллоҳу анҳодан: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйга кирсалар, ишни нимадан бошлар эдилар?” деб сўраганимда, у: “Мисвок (ишлатиш) билан”, деб жавоб берди” (Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).


Бу ривоятдан мисвок фақат таҳорат ва намоз вақтига боғлиқ эмаслигини билиб оламиз.


Қуртубий айтади: “Эҳтимол, у зот нафл намозлари учун алоҳида мисвок қилгандирлар. Камдан-кам ҳолларда нафлларни мажидда ўқиганлар”, деган.


Эҳтимол, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ташқарида одамлар билан суҳбатлашгач, муборак оғизларининг ҳиди ўзгаргани боис ва оила аъзоларига чиройли суратда юзланиш учун уйга киришлари билан мисвок қилгандирлар. Аллома Муновий бунга сабаб қилиб қуйидаги далилни келтиради: “Мусулмон киши уйга кирганида аҳлига салом бериши керак. Саломда Аллоҳнинг исми бор. Аллоҳнинг исми эса, фақат покиза оғиз билан талаффуз қилинади”.


Нима бўлганда ҳам ушбу ҳадисга кўра, уйга кираётганда мисвок қилиш мустаҳабдир.


Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мисвок қилмасдан туриб, намоз ўқиш учун ташқарига (яъни, масжидга) чиқмасдилар” (Табароний ҳасан санади билан ривоят қилган).


Баъзи уламолар ушбу ҳадисни далил қилиб: “Уйда ёки масжидга кирмасдан олдин мисвок қилиб олингани маъқул”, дейишган.


Ҳузайфа розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси уйқудан уйғонсалар, оғизларини мисвок билан тозалар эдилар” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).


Ибн Дақийқ ал-Ийд айтади: “Ушбу ҳадис уйқудан уйғонгандан сўнг мисвок қилиш мустаҳаб эканига далилдир. Чунки ошқозондаги овқат ҳазм бўлиб, у ердан буғ кўтарилгач, оғизнинг ҳиди ўзгаради. Бу нарса, айниқса уйқудан сўнг билинади”.


Ҳузайфа розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Биз кечаси уйқудан турганимизда мисвок ишлатишга буюрилар эдик” (Насоий “Сунан”да ва Баззор “Муснад”да ривоят қилган).


Тунги уйқудан таҳажжуд ёки бомдод намозларига турганда мисвок қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқдир. Гарчи ҳадисда тунги уйқу назарда тутилган бўлса-да, умуман кундузги уйқу бўлмиш қайлуладан сўнг ҳам мисвок қилиш яхшидир.


Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси икки ракъат-икки ракъатдан намоз ўқир, сўнгра бориб мисвок қилар эдилар” (Насоий, Ибн Можа, Аҳмад, Ҳоким “Мустадрак”да ва Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).


Тунги намоз икки ракъат-икки ракъатдан ўқилиши ҳаммамизга маълум. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳажжуд намозларининг ҳар икки ракъатидан сўнг мисвок ишлатар эканлар. Сабаби у зот тунги намозларда жуда узоқ тиловат қилардилар. Ҳатто бир ракъатда Бақара ва Оли Имрон каби узун сураларни ўқиганлар. Киши кўп гапирса оғзининг ҳиди ўзгаради. Шу сабаб бўлса керак у зот ҳар икки ракъат намоз ўқигач, оғизларини мисвок билан тозалаганлар.


Аллома Айний “Ал-Бинайа”да айтади: “Таҳажжуд намозларининг ҳар икки ракъатидан сўнг мисвок қилиш мустаҳабдир. Шунингдек, жума куни, уйқудан олдин, витр намозидан сўнг ва тонгда уйқудан тургач ҳам (мисвок ишлатиш мустаҳабдир)”.


Оиша розийаллоҳу анҳо айтади: “У зот учун таҳорат суви ва мисвоклари тайёрлаб қўйилар эди. Тунда уйқудан уйғонганларида, аввал ҳожатга бориб, сўнгра мисвок ишлатар эдилар” (Абу Довуд ривояти).


Бу ривоятда ҳам уйқудан уйғонгач, мисвок қилиш ҳақида сўз бормоқда.


Ибн Умар розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мисвокни ёнларига ҳозирлаб қўйган ҳолда уйқуга кетардилар. Уйқудан уйғонганларида ишни мисвок қилишдан бошлар эдилар” (Аҳмад, Абу Яъло ва Табароний заиф санад билан ривоят қилган).


Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кундузи мисвокни қулоқларига қистириб олар, вақти келганида мисвок қилардилар. Уйқуга ётишдан олдин ҳам мисвокни ёнларига қўярдилар. Уйғонсалар, ишни мисвок қилишдан бошлардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эртаю кеч жиддий аҳамият берган нарсага бизлар ҳам эътибор қаратишимиз лозим.


Имом Ғаззолий “Иҳё”да айтади: “Киши кечаси уйқуга ётишдан олдин ёнига сув ва мисвокни тайёрлаб қўйсин. Тунда уйқудан уйғонгач, сув ва мисвок қўллаб, дарров Аллоҳнинг зикрига киришади”.


Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тундами ёки кундуз куними, агар уйқудан уйғонсалар, таҳорат қилишдан олдин, албатта мисвок ишлатар эдилар (Абу Довуд ривояти. Ривоят санади ҳасан).


Ушбу ривоятдан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги уйқу ёки кундузги қайлуладан уйғонганларидан сўнг таҳорат қилиш одатлари борлигини билиб оламиз. Шунингдек, кундузги уйқудан уйғонгач ҳам мисвок қилиш яхши экани ушбу ривоятда таъкидланмоқда.


Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар умматимга қийин қилиб қўй(ишни ўйла)маганимда, уларни саҳарларда мисвок қилишга, албатта, буюрган бўлардим!” (Абу Нуайм “Китабус сивак”да ҳасан санад билан ривоят қилган).


Саҳар чоғида мисвок қилишга алоҳида тарғиб қилиниши бу пайтда тиш тозалаш ўта фазилатли амал эканига ишорадир.


Жума куни мисвок ишлатиш ҳақида ҳам алоҳида таъкидланган. Сабаби бу кунда мўмин-мусулмонлар жума намозига тўпланади ва ҳар бир банда жамоат ичига покиза ҳолда кириши керак. Оғиздан бадбўй ҳид чиқиб туриши яхши эмас.


Тошкент шаҳари "Шайх Зайниддин" жомеъ
масжиди имоми хотиби Одилхон Исмоилов




[1] Дайламий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда: “Мисвок суннатдир. Хоҳлаган пайтингизда мисвок қилинглар!” дейилган.

[2] Баъзи саҳобалар мисвокни саллаларига қистириб юрганлари ҳақида ривоятлар бор.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. У Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан, удинни барча динлардан устун қилиш учун юборган зотдир. Аллоҳ гувоҳликка кифоя қилувчидир. Муҳаммад давоми...

11275 05:00 / 19.01.2017
иккинчи мақола2. Йиртқич ҳайвонларники нажасдир.Шер, қоплон, йўлбарс, бўри, тулки, чиябўри, ит, чўчқа, фил, маймун каби ҳайвонлардан ортиб қолган сув ва бошқа давоми...

3187 13:00 / 12.11.2020
Фарз намозлардан бомдоднинг икки ракатида ҳам, шом ва хуфтоннинг биринчи икки ракатида, жума ва икки ийд намозларида қироатни овоз чиқариб қилиш вожибдир. Пешин давоми...

2786 17:00 / 13.01.2022
. ,. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким намозда қайт қилса ёки бурни қонаса, бурилиб чиқсин, давоми...

1831 00:00 / 11.11.2022