1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Садақани ошкор ва махфий қилиш

17:00 / 17.07.2021 4965 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши! Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан ёмонликларингизни кетказадир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир.

Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб, ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, «Садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига итоат ошкора кўринади ва мазкур садақадан унга ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам тушиб қолиши мумкинлигининг олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, у махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади». Ояти каримада:

«Садақаларни ошкора қилсангиз, бу қандай ҳам яхши!» – дейилганида фарз садақалар кўзда тутилган.

«Агар уларни махфий қилсангиз…» – дейилганида ихтиёрий садақалар кўзда тутилган.

«... ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир».

Яъни садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.

Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳлари ювилишига сабаб бўлади:

«Сиздан ёмонликларингизни кетказадир».

Бу ваъда ўз навбатида кишиларнинг қалбини ларзага солади, улардаги тақво ҳиссини орттиради.

«Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир».

Ҳар бир амалингизга ўзига яраша мукофот ёки жазо беради.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ушбу ояти кариманинг тафсирида қилинган ривоятда у киши айтадиларки:

«Аллоҳ таоло ихтиёрий садақада махфийликни жорий қилган. Бу борада махфийси ошкорасидан етмиш марта кўп савобга эга бўлади. Фарз садақанинг ошкорасини махфийсидан йигирма беш марта афзал қилган».

Маълумки, инсон ўзи топган мол-мулкидан ўз ихтиёри билан бошқа кишиларга садақа қилиши осон эмас. Бунинг учун доимий равишда тарғибот олиб бориб, одамлар қалбидаги бахиллик, молга бўлган ҳирс туйғуларини йўқотиш керак бўлади. Иккинчидан, сахийлик даражасига етганларида риёкорликни йўқотиш учун ҳаракат қилмоқ лозим бўлади. Ҳаётий тажрибада ҳам мол сарфлашни йўлга қўйишдан кўра, риёдан қочишни йўлга қўйиш қийин экани кўрилган. Кишиларда қилган садақасини, яхшилигини одамлар билишини хоҳлаш табиати кучлидир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Фарзанд ва она ўртасидаги муносабатларнинг бардавом бўлиши учун нима тавсиялар бера оласизndash Бардавом муносабатга эришишнинг бир неча йўллари борndash Фарзанд давоми...

1932 09:00 / 28.05.2021
Абу Тийб Табарий роҳимаҳуллоҳ оёқ кийимини тузатиш учун этикдўзга берди. Этикдўзнинг иши ниҳоятда кўп бўлиб, доимо баҳона қилиб узр айтаверар эди. Абу Тийбнинг давоми...

1358 21:00 / 03.11.2022
Милоддан аввалги учинчи асрда яшаб ўтган Хитойлик файласуф Хан Фей Цзи айтади.Сонгда бир деҳқон бўлиб, у ўзининг даласида ер ҳайдаб деҳқончилик қилар эди. Унинг давоми...

2487 09:00 / 28.05.2022
Бутун оламлар Холиқи бўлмиш Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни инсоният ичидан ўз рисолатига танлаб олди. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ давоми...

1984 14:52 / 27 январь