1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Маййитни дафнга тайёрлаш (3)

05:00 / 18.01.2017 4588 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Барча мавжудотларни йўқдан бор қилган, ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ таолога беадад ҳам-санолар бўлсин.

Умматларига ҳар бир ишнинг энг нозик нукталаригача билдириб, ўргатиб кетган икки олам сарвари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин.

Расулуллоҳдан ўрганиб, ўзидан кейингиларга ўргатган саҳобаи киромларга Аллоҳнинг розилиги бўлсин.

Динимизда инсон ҳуқуқлари жуда ҳам мукаммал даражада белгилаб қўйилган. Барча йўл-йўриқлар батафсил, гўзал услубда баён қилинган. Исломда инсон ҳуқуқлари нафақат ижтимоий ҳаётда, балки вафотидан кейин ҳам ҳимоя қилинади. Вафот этган инсоннинг ҳам ўзига яраша ҳақ-ҳуқуқлари бўлади. Мазкур ҳуқуқларнинг асосийлари маййитнинг тириклар зиммасидаги ҳақлари ҳисобланади. Биз қуйида ана ўша ҳақлардан бири жаноза намози хусусида суҳбатлашамиз.


Ҳукми

Жаноза намози фарзи кифоя бўлиб, ҳанафий мазҳаби бўйича дуо ҳисобланади. 

Аллоҳ таоло айтади:

خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلَاتَكَ سَكَنٌ لَهُمْ وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ

“Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг ва улар (ҳаққи) га дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)дир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир”. 

Тавба сураси 103-оят.

Уламолар “Бу ўринда дуодан мурод жаноза намози”, деб айтганлар. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ اتَّبَعَ جَنَازَةَ مُسْلِمٍ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا وَكَانَ مَعَهُ حَتَّى يُصَلَّى عَلَيْهَا وَيَفْرُغَ مِنْ دَفْنِهَا فَإِنَّه يَرْجِعُ مِنْ الْأَجْرِ بِقِيرَاطَيْنِ كُلُّ قِيرَاطٍ مِثْلُ أُحُدٍ وَمَنْ صَلَّى عَلَيْهَا ثُمَّ رَجَعَ قَبْلَ أَنْ تُدْفَنَ فَإِنَّهُ يَرْجِعُ بِقِيرَاطٍ  رواه البخاري

Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким иймон ва савоб умиди ила бир мусулмоннинг жанозасига қатнашса, жанозаси ўқилиб дафнидан фориғ бўлингунча турса, икки қийрот ажр билан қайтади. Ҳар бир қийрот Уҳуд тоғичадир. Ким жанозани ўқиса ва дафн қилинмай туриб қайтса, бир қийрот билан қайтади”, деб айтдилар” .

Бухорий ривояти.

Жаноза намозининг ҳикмати маййитга дуо ва шафоат қилишдир, албатта, бу ихлос билан бўлади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: إِذَا صَلَّيْتُمْ عَلَى الْمَيِّتِ فَأَخْلِصُوا لَهُ الدُّعَاءَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ حِبَّانَ .

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Қачон маййитга намоз ўқисангиз, унга дуони ихлос ила қилингиз”, дедилар”. 

Абу Довуд ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

Тўрт тоифа инсонларга жаноза ўқилмайди:

    Боғийлар (қарши чиқаётган урушларида вафот этсалар).

    Йўл тўсарлар (йўл тўсарлик қилаётганларида қаршиликка учраб вафот этсалар).

    Тарафкашлар (тарафкашлик қилиб урушётган чоғларида вафот этсалар).

    Зўравонлар (қурол-яроқ ёки бўғиш билан зулм ўтказаётган чоғларида қаршиликка учраб вафот топсалар).


Жаноза намозига имом бўлишга ким ҳақли?

Бу борада ҳанафий уламолар “Энг ҳақли киши подшоҳ ёки ноиби, улар бўлмаган чоғда қози, у ҳам бўлмаса, маҳалла масжидининг имоми”, деганлар.  Бироқ, бизнинг ҳозирги давримизда аввал диний идора бошлиғи, сўнг унинг ноиби ёки диний идора юборган вакил десак, хато қилмаган бўламиз. Улар бўлмаса, маййит яшаган мавзе жомеъ масжидининг имоми ҳақли бўлади. Сўнгра никоҳ асабалари тартиби бўйича мукаллаф эркак валий имомликка ҳақли. Лекин ота ҳурмат юзасидан ўғилдан муқаддам қўйилади. Агар ўғил илмли, ота илмсиз бўлса, бундан мустасно. Сўнг ака ва укаси каби валийлари, кейин қариндош-уруғлари ҳақлидирлар. 

Валийлар тартибининг қисқача  тафсили қуйидагича: 

1.    ота; 

2.    ўғил;

3.    ўғилнинг ўғли, қанча пастласа ҳам; 

4.    бобоси, қанча юқори бўлса ҳам;

5.    ака-укаси;

6.    ота бир ака-укаси;

7.    ака-укасининг ўғли, ҳудди шу тарзда, яқиндан яқинроғи имом бўлишга ҳақли бўлади.

Жаноза ўқишга ҳақли киши ўз ҳаққини бировга тақдим этиши ҳам мумкин. Жаноза ўқишга ҳақли киши маййитнинг “жанозамни фалончи ўқисин”, деб васият қилган кишисидан ҳам ҳақлироқдир. Яъни, жаноза ўқишга ҳақли киши турганда унинг  васияти бекор бўлади.

Ўлим сабабли боғлиқлик узилгани учун эр хотинига  валий бўлмайди. Аммо хотиннинг валийси бўлмаса, эри жаноза намозини ўқишга ҳақлироқдир, сўнгра қўшниси бошқадан кўра яхшироқдир.


Бир нечта маййитга жаноза ўқиш

Барча мазҳаб уламолари бир нечта маййитга бирданига, бир марта намоз ўқиш мумкинлигига ҳам, ҳар бирига алоҳида-алоҳида намоз ўқиш афзаллигига ҳам иттифоқ қилганлар. Иккинчи кўринишда маййитларнинг афзал бўлгани бошқаларига муқаддам қилинади. 

Ҳанафий уламолар шундай дейдилар: 

“Бир нечта маййитни тўплаб бирданига намоз ўқилганда 

    маййитлар теккис, бир саф қилиб қўйилади. Имом эса афзалини олдида туриб намоз ўқийди.  

    маййитлар имомдан қибла тарафга қараб кетма-кет, ёнма-ён қўйилади.  Имом уларни кўкраклари рўпарасида туради. Агар маййитлар эркак, аёл ва бола бўлса, жамоат намозидаги саф тортиш тартибида, яъни имомнинг олдига биринчи бўлиб эркак, сўнг бола, сўнг аёл қўйилади.


Жаноза намозининг шарт, рукн ва суннатлари.


Шартлари:

Жаноза намози дуруст бўлиши учун олтита шарт лозим бўлади:

1.    Маййит мусулмон бўлиши;

2.    Пок бўлиши;

3.    Аврати ёпилган бўлиши;

4.    Маййитнинг ҳозир бўлиши (бошқа жойдаги, ғоиб маййитга намоз ўқилмайди);

5.    Маййит бутун бўлиши ёки жасадининг ярмидан кўпи мавжуд бўлиши (ярмидан озроғи бўлса ёки ярми бошсиз бўлса жоиз эмас);

6.    Маййит жаноза ўқувчининг олдига қўйилган бўлиши (жаноза ўқувчининг ортида ёки ёнида бўлса, шунингдек, от- эшакка ўхшаш улов устида ёки осиб қўйилган бўлса жоиз эмас);

Жаноза ўқувчига тааллуқли шартлар эса бошқа намозлардаги шартлар кабидир, яъни бадани, кийими, макони пок бўлиши, сатри аврат, ният, қиблага юзланиш. Лекин жанозанинг вақти бўлмайди.


Рукнлари иккита:

1.    Тўртта такбир (ҳар бир такбир бир ракъат ўрнига ўтади);  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги ўқиган жанозалари тўрт такбир ила бўлганига саҳобийлар иттифоқ қилишган.

2.   Тик туриш (узрсиз ўтириб ёки улов миниб намоз ўқиш жоиз эмас);

Охирида, тўртинчи такбирдан сўнг икки тарафга салом бериш эса жанозанинг вожиби ҳисобланади. 


Суннатлари

Жаноза намозининг суннатлари учта:

1.    Аллоҳга ҳамд айтиш:

سُبحَانَكَ اللهم وبحمدك ، وتبارك اسمُكَ ، وتَعَالى جَدُّكَ ، ولا إله غيرك

Аллоҳим! Сенга ҳамд айтган ҳолда Сени пок деб ёд этаман. Исминг муборакдир. Улуғлигинг юксакдир. Сендан ўзга илоҳ йўқдир!


عن عائشة رضي الله عنها : قالت :كانَ رسولُ الله صلى الله عليه وسلم إذا افْتَتَحَ الصَّلاةَ قال : سُبحَانَكَ اللهم وبحمدك ، وتبارك اسمُكَ ، وتَعَالى جَدُّكَ ، ولا إله غيرك» أخرجه الترمذي، وأبو داود


Оиша розиаллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга киришганда: “Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва ла илаҳа ғойрук”, дер эдилар”. 

Термизий ва Абу Довуд ривояти.

2.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш:

اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ اللَّهُمَّ بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ

Аллоҳим! Иброҳим ва унинг оиласига салавот йўллаганингдек Муҳаммад ва унинг оиласига салавот йўллагин! Албатта, Сен Ҳамийд (барча мақтовлар ила мақталган), Мажийд (шоншарафи ва қадри баландлиги чексиз) зотсан. Аллоҳим! Иброҳим ва унинг оиласига баракот берганингдек Муҳаммад ва унинг оиласига баракот бергин!  


حَدَّثَنَا قَيْسُ بْنُ حَفْصٍ وَمُوسَى بْنُ إِسْمَاعِيلَ قَالَا حَدَّثَنَا عَبْدُ الْوَاحِدِ بْنُ زِيَادٍ حَدَّثَنَا أَبُو فَرْوَةَ مُسْلِمُ بْنُ سَالِمٍ الْهَمْدَانِيُّ قَالَ حَدَّثَنِي عَبْدُ اللَّهِ بْنُ عِيسَى سَمِعَ عَبْدَ الرَّحْمَنِ بْنَ أَبِي لَيْلَى قَالَ لَقِيَنِي كَعْبُ بْنُ عُجْرَةَ فَقَالَ أَلَا أُهْدِي لَكَ هَدِيَّةً سَمِعْتُهَا مِنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقُلْتُ بَلَى فَأَهْدِهَا لِي فَقَالَ سَأَلْنَا رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقُلْنَا يَا رَسُولَ اللَّهِ كَيْفَ الصَّلَاةُ عَلَيْكُمْ أَهْلَ الْبَيْتِ فَإِنَّ اللَّهَ قَدْ عَلَّمَنَا كَيْفَ نُسَلِّمُ عَلَيْكُمْ قَالَ قُولُوا اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ اللَّهُمَّ بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ  رواه البخاري 

Абдурраҳмон ибн Лайло айтадилар:

Каъб ибн Ужра менга йўлиқиб: “Сенга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганим бир нарсани ҳадя қилайми?” деди. Мен: “Ҳа, ҳадя қил”, дедим. Шунда у биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ, сизларга, яъни аҳли байтга салавот айтиш қандай бўлади? Зотан, Аллоҳ сизларга қандай салом беришимизни ўргатган”, деб сўрадик. У зот:  “Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва ала али Муҳаммадин кама соллайта ала Иброҳима ва ала али Иброҳима иннака Ҳамийдун Мажийд. Аллоҳумма барик ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммадин кама барокта ала Иброҳима ва ала оли Иброҳима иннака Ҳамидун Мажид” денглар”, дедилар”.  

Бухорий ривояти.


3.    Дуо айтиш:

اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِحَيِّنَا وَمَيِّتِنَا ، وَشَاهِدِنَا وَغَائِبِنَا ، وَصَغِيرِنَا وَكَبِيرِنَا ، وَذَكَرِنَا وَأُنْثَانَا اللَّهُمَّ مَنْ أَحْيَيْتَهُ مِنَّا فَأَحْيِهِ عَلَى الإِسْلاَمِ ، وَمَنْ تَوَفَّيْتَهُ مِنَّا فَتَوَفَّهُ عَلَى الإِيمَانِ

Эй бор Худоё! Тиригимизни ва ўлигимизни, ҳозиримизни ва ғойибимизни, кичигимизни ва каттамизни, эркагимизни ва аёлимизни мағфират қилгин. Эй бор Худоё! Биздан кимни яшатсанг, Исломда яшатгин. Биздан кимни вафот эттирсанг, иймонда вафот эттиргин.


عَنْ أَبُي إِبْرَاهِيم الأَشْهَلِيّ ، عَنْ أَبِيهِ ، قَالَ : كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا صَلَّى عَلَى الجَنَازَةِ ، قَالَ : اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِحَيِّنَا وَمَيِّتِنَا ، وَشَاهِدِنَا وَغَائِبِنَا ، وَصَغِيرِنَا وَكَبِيرِنَا ، وَذَكَرِنَا وَأُنْثَانَا. قَالَ يَحْيَى : وَحَدَّثَنِي أَبُو سَلَمَةَ بْنُ عَبْدِ الرَّحْمَنِ ، عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِثْلَ ذَلِكَ ، وَزَادَ فِيهِ : اللَّهُمَّ مَنْ أَحْيَيْتَهُ مِنَّا فَأَحْيِهِ عَلَى الإِسْلاَمِ ، وَمَنْ تَوَفَّيْتَهُ مِنَّا فَتَوَفَّهُ عَلَى الإِيمَانِ


Абу Иброҳим Ашҳалий отасидан ривоят қилади:

 “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маййитга жаноза намоз ўқисалар “Аллоҳуммағфир лиҳаййина ва маййитина ва шаҳидина ва ғоибина ва соғирина ва кабирина ва закарина ва унсана”, дер эдилар.

Яҳё айтади: “Менга Абу Салама ибн Абдурраҳмон Абу Ҳурайрадан, у эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шунга ўхшашини ривоят қилиб айтиб берган. Унда “Аллоҳумма ман аҳяйтаҳу минна фааҳйиҳи алал ислам ва ман таваффайтаҳу минна фатаваффаҳу алал ийман”ни зиёда қилган”.

Термизий ривояти. 

Агар маййит балоғатга етмаган бола ёки мажнун бўлса юқоридаги, катталарга айтилган дуо ўрнига ушбу дуо айтилади:

اللَّهُمَّ اجْعَلْهُ لَنَا فَرَطًا وَاجْعَلْهُ ذُخْرًا وَشَافِعًا مُشَفَّعًا

Аллоҳим! Уни бизни боришимизга фарат (ҳавз кавсар сувини тайёрлаб кутиб олгувчи), захира қилгин. Шафоатчи ва шафоати қабул қилинувчилардан қилгин!


Тартиби

Юқорида айтиб ўтганимиздек жаноза намози тўрт такбирдан иборат ва улар тўрт ракъат ҳисобидадир. Шу нарсани унутмаслик керакки, такбирлар рукн бўлгани учун уларни ҳамма айтиши шарт. Имом бўлса жаҳрий, ёлғиз ўқувчи ёки имомга эргашувчи бўлса, ўзи эшитадиган даражадаги овоз билан айтади. Зотан, такбирсиз жаноза намози ракъатсиз намоз сингари фосид бўлади. Жаноза намози қуйидаги тартибда ўқилади:

1.    Ният қилинади;

2.    Фақат биринчи такбирдагина қулоқ қоқилади (الله اكبر) ;

3.    Ҳамд-сано айтилади (...سُبحَانَكَ اللهم وبحمدك);

4.    Иккинчи бор такбир айтилади (الله اكبر);

5.    Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилади

 (...اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ );

6.    Учинчи бор такбир айтилади (الله اكبر);

7.    Дуо айтилади (...اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِحَيِّنَا وَمَيِّتِنَا);

8.    Тўртинчи марта такбир айтилади (الله اكبر);

9.    Иккала тарафга салом берилади (السَلام عليكم و رحمة الله);

Жаноза намозида қироат ҳам, ташаҳҳуд ҳам бўлмайди. Имом адашиб, бешинчи такбирни айтиб юборса, унга эргашмай, салом бергунча кутиб турилади ва бирга салом берилади.


Жанозада имом қаерда туради?

Маййитни жаноза учун чалқанчасига, ўнг тарафини қибла томонга қилиб ётқизилади. Жаноза ўқувчи эса маййит ҳох эркак, ҳох аёл бўлсин, кўкси рўпарасида, қиблага юзланган ҳолда туради. Зеро, кўкс қалб ўрни бўлиб, иймон нури ўша қалбда бўлади. Бинобарин, қалб олдида туриш маййитга иймони туфайли шафоатчилик қилинаётганига ишорадир. 


islom.uzМасбуқнинг ҳолати

Жанозани имомга эргашиб ўқувчилар имомнинг ортида саф тортиб турадилар. Таъкидлаш лозимки, саф қанча кўп бўлса, шунча яхши, ҳамда қабулига умид каттароқ бўлади.

عَنْ مَالِكِ ابْنِ هُبَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَمُوتُ فَيُصَلِّي عَلَيْهِ ثَلاَثَةُ صُفُوفٍ مِنَ الْمُسْلِمِينَ إِلاَّ أَوْجَبَ. رَوَاهُ أحمد و أَبُو دَاوُدَ  والطبرانى

Молик ибн ҳубайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Қайси бир мусулмон ўлганидан кейин унга мусулмонлардан уч саф (киши) намоз ўқиса, албатта, (Аллоҳ жаннатни) вожиб қилади”, дедилар”.

Аҳмад, Абу Довуд ва Табароний ривоят қилишган.

Бу ривоятда маълум бўладики, мусулмон одамнинг жаноза намозида қанча кўп саф бўлса, уларнинг маййитга ўқийдиган намозлари, қиладиган шафоатлари қабул бўлиш эҳтимоли шунча купаяр экан. Бошқа ҳадисларда эса қанча кўп одам бўлса, яъни юзта, қирқта, деб айтиб ўтилган. Бунда ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Бу кўпгина амалларда ишлатилган услуб. Аввал юзта шарт бўлса, кейин қирқта бўлиб енгиллаштирилган бўлиши мумкин.

Ушбу ривоятлардан оладиган хулосамиз иложи борича жаноза намозида ихлосли, тақводор мўмин-мусулмонларнинг кўпроқ иштирок этишларига, жанозани ихлос билан адо қилишларига эришиш кераклигидир. 

Имом билан жамоат биргаликда намоз ўқиб турган ҳолатда кеч қолиб бир ёки бир неча такбирга улгурмай қолган киши, яъни масбуқ биринчи такбирини, яъни  таҳрима такбирини имомнинг энди айтадиган такбирига эргашиб айтади ва қулоқ қоқади.  Мисол учун: имом иккинчи такбирни айтиб бўлганидан сўнг, салавот айтаётганида бир киши кеч қолиб келди. У ният қилиб имомга қўшилишга тайёр бўлиб, такбир айтилишини кутиб туради. Имом учиинчи такбирни айтганда масбуқ ҳам такбир айтиб, қулоқ қоқиб, намозга киришади.  

Имомнинг саломидан сўнг, масбуқ такбирларни кетма-кет айтиб, салом бериб намозни тугатади. Агар тобутни елкага кўтариш хавфи бўлмаса, масбуқ қолдирган такбирлар ва улар орасидаги зикрларни айтиб олади. 

Агар масбуқ имом тўртинчи такбирни ҳам айтиб бўлганидан сўнг салом беришидан олдин келса, жамоатга қўшилиб, саломдан сўнг уч такбирни айтиб олади.  


Жаноза намози вақти

Жаноза намозини қуйида келтириладиган вақтлардан бошқа вақтда ўқиш жоиз.

Уч вақтда ўқиш макруҳ ҳисобланади:

    Қуёш чиқаётганда;

    Кун ярми, қуёш тик келган чоғда;

    Қуёш ботаётганда;


عَنْ مُوسَى بْنِ عَلِيٍّ عَنْ أَبِيهِ قَالَ سَمِعْتُ عُقْبَةَ بْنَ عَامِرٍ الْجُهَنِيَّ يَقُولُ ثَلَاثُ سَاعَاتٍ كَانَ يَنْهَانَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ نُصَلِّيَ فِيهِنَّ أَوْ أَنْ نَقْبُرَ فِيهِنَّ مَوْتَانَا حِينَ تَطْلُعُ الشَّمْسُ بَازِغَةً حَتَّى تَرْتَفِعَ وَحِينَ يَقُومُ قَائِمُ الظَّهِيرَةِ حَتَّى تَمِيلَ الشَّمْسُ وَحِينَ تَضَيَّفُ لِلْغُرُوبِ حَتَّى تَغْرُبَ

Мусо бин Али отасидан ривоят қилиб айтади:

“Уқба ибн Омирни Жуҳанийнинг

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни уч вақтда намоз ўқишдан ёки ўлик кўмишдан қайтарар эдилар: қуёш чиқишни бошлагандан кўтарилиб олгунгача, туш пайтида тик келгандан то қуёш оғгунча, қуёш бота бошлагандан то ботгунча”, деган гапини эшитдим”.

“Бадоиъус-Саноиъ” китобининг муаллифлари Аллома Алоуддин Косоний роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

“Ўлик кўмиш” дан мурод дафн эмас, жаноза ўқишдир. Чунки бу вақтларда дафн қилишнинг зарари йўқ”. 


Дафндан сўнг жаноза ўқиш ҳукми

Маййит қабрга қўйилиб, тупроқ тортилгач  унга намоз ўқилмагани маълум бўлиб қолса ёки бир неча кун ўтиб, аксар гумони маййитнинг жасадини “чирий бошламаган”, деб ҳисобласа, қабрини устида жаноза намози ўқилади. Тупроқ тортилишидан олдин эсга тушса, олиб жаноза ўқиб, дафн қилинади. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уҳуд шаҳидлари қабри устида, дафнларидан анча кейин жаноза ўқишлари бунга яққол далил бўлади. Зотан, уларга ҳали жаноза намози ўқилмаган эди. 


Ғоиб (жасади ҳозир бўлмаган инсон)га намоз ўқишликнинг ҳукми

Ҳанафий мазҳаби уламолари ғоибга жаноза ўқиш жоиз эмас, деб айтадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳабашистон подшоси Нажошийга ўқиган намозларини эса, фақатгина у зотга хос, дейдилар.


Чақалоқларга  намоз ўқиш.

Маййит тирик туғилган бўлса, ювилади, унга жаноза ўқилади, марос олади ва қолдиради. Тириклик аломати овоз чиқариш, акса уриш, йиғлаш ёки бир марта бўлса ҳам қўл оёғини қимирлатиш бўлиши мумкин. Айрим ривоятларда гўдак ўлик туғилса, аммо ҳамма аъзолари бутун бўлса, ҳаётдан ҳеч бир аломат бўлмаса ҳам, ювилади ва унга исм қўйилади, дейилган. Лекин ҳам ўлик ҳам чала туғилган бўлса, ювилмайди. Устидан бир марта сув қуйиб, латтага ўраб, исм қўйиб, дафн қилинади. Чунки Имом Термизий Жобир розиаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

عن جابر عن النبي صلى الله عليه وسلم قال الطفل لا يصلى عليه ولا يرث ولا يورث حتى يستهل

Яъни, “Токи овоз чиқармагунча гўдакка намоз ўқилмайди, мерос ҳам олмайди, (ундан) мерос олинмайди ҳам”, деганлар. 


Жаноза намозни қаерда ўқилади?

Жаноза намозгоҳда ўқилиши афзалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳабашистон подшоси Нажошийга жаноза намоз ўқигани намозгоҳга чиққани бунга яққол намунадир. 

Қабристонда намоз ўқиш борасида:

Қабристонда намоз ўқишлик ҳанафийлар наздида макруҳ саналади. Бу ҳақида бир қанча қайтарувлар ворид бўлган. 

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ : نَهَى رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- عَنِ الصَّلاَةِ فِى سَبْعَةِ مَوَاطِنَ : الْمَقْبُرَةِ وَالْمَجْزَرَةِ ، وَالْمَزْبَلَةِ وَالْحَمَّامِ ، وَمَحَجَّةِ الطَّرِيقِ ، وَظَهْرِ بَيْتِ اللَّهِ تَعَالَى ، وَمَعَاطِنِ الإِبِلِ

Абдуллоҳ ибн Умар розиаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етти ўриндаги намоздан қайтардилар: ”

Қабристон,  қушхона, аҳлатхона, ҳаммом, йўлнинг ўртаси, Аллоҳ уйи устида ва туяхонада”.  

“Роддул-Муҳтор” соҳиблари Ибн Обидин роҳматуллоҳи алайҳ китобининг “Намозни бузадиган ва унда макруҳ амаллар” бобида қуйидагича келтирганлар:

“Қабристон ва ҳаммомга ўхшаш жойларда намоз ўқиш ҳам макруҳ ишлар жумласидан.., лекин, қабристонда намоз ўқишга тайёрланган жой бўлса, у ерда қабр ёки нажосат бўлмаса макруҳ эмас”. 

Масжидда жаноза ўқиш борасида:

Масжидда жаноза ўқишлик ҳанафий ва моликий мазҳаблари наздида макруҳдир. 

عن أبي هريرة: أنّ النبيّ صلى الله عليه وسلم قال: من صَلَّى عَلى جِنَازة فِي مَسْجِدٍ فَلا شيء لَهُ. أَخْرَجَه الطَّحاوِي

Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ким масжидда жаноза ўқиса, унга ҳеч нарса (ажр) йўқ”, дедилар. 

Таховий ривояти.

Маййит, имом ва қавмдан бироз одам ташқарида туриб қавм масжид ичида бўлган кўринишда уламолар турли ҳил фикрлар айтишган. Жумладан: 

Баъзилар макруҳ эмас, чунки масжидни ифлос қилиш эҳтимоли йўқ,  дейишган.

Бошқалар эса макруҳ, чунки у мактубот (вақтли фарз) ибодатларни адо қилиш учун мўлжалланган. Ундан бошқаларини эса узр эътибодан адо қилса бўлади, дейишган. 

Фатво биринчисига, зеро масжидда турли хил тоат, дуолардан иборат нафл ва бошқа ибодатларни бажаришлик макруҳ саналмайди. 

Бизнинг диёримизда ҳам ушбу фатвога амал қилинади.


Юсуфжон Жўрабоев Исроилжон ўғли



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Ҳайвоннинг сўйиш пайтидаги қаршилигини синдириш учун сўйишдан олдин уни баъзи бир кимёвий моддаларни бериб хушидан кетказиш жоиз. Бу ишда ҳайвонга азоб бериш давоми...

5627 05:00 / 18.01.2017
Маълумки, ҳанафий мазҳабига оид китоблар бир хил мартабада эмас. Балки бу китоблар уч даражага бўлинади.Биринчи даража.Бу даражадаги китоблар .Усул, деб давоми...

3753 13:40 / 30.05.2019
иккинчи мақолаТолҳа ибн Мусаррифдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар. Оғизларини ва бурунларини давоми...

3830 15:13 / 25.06.2020
. .Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг видолашув ҳажидаги давоми...

2057 18:03 / 18.08.2020