1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ейиладиган ҳайвонлар ҳақида

05:00 / 18.01.2017 4737 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолимизда ана ўша муҳим масалаларни ўрганишга киришамиз.

Аллоҳ таоло: «Эй, иймон келтирганлар! Аҳдномаларга вафо қилинг! Сизга, кейин тиловат қилинадиганларидан бошқа, чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди», деган (Моида, 1).

Шарҳ: Ояти каримадаги «аҳдномалар» сўзидан икки томон ўзаро келишиб тузадиган ва имзолаб тасдиқлайдиган ҳозирги урфдаги аҳдномаларни тушунмаслик керак. Бу ерда кенг маънодаги аҳдномалар назарда тутилган. Аввало, бу аҳдномалар инсоннинг банда сифатида Аллоҳ таоло ҳузуридаги аҳдномаларидир. 

Аллоҳга берилган иймон аҳдида ҳалол ва ҳаромнинг ҳукмини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидан олиш шарти ҳам мавжуд. Ўша аҳдга мувофиқ, Аллоҳ таоло нима ҳалолу нима ҳаромлигини Ўзи белгиламоқда.

«Сизга, кейин тиловат қилинадиганлардан бош-қа, чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди».

Биз «чорва ҳайвонлари» деб таржима қилган сўз Қуръони Карим матнида «ал-Анъом» деб келган. Бу сўз араб тилида туя, қорамол ва қўй-эчкиларга нисбатан ишлатилади. Бунда хонакилари ҳам, ёввойилари ҳам баробардир. Демак, мазкур ҳайвонлар аслида ҳалолдир. Аммо баъзи мустасно ҳолларда ҳаром бўлиши ҳам мумкин. Ундай ҳоллар оз бўлгани учун уларни алоҳида, бошқа оятларда кўрсатилади.


Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг товуқ тановул қилаётганларини кўрдим».

Бухорий, Термизий Насаий ривоят қилганлар. 

Шарҳ: Албатта, ушбу ривоятдан товуқ ҳалол эканлиги яққол билинади. Бу ҳамма учун маълум ва машҳур. Уламоларимиз баъзи нопок нарсаларни ейишга одатланиб қолган товуқлар бўлса, уч кун боғлаб, тозалангандан кейин сўйилса, яхши бўлади, деганлар.


Ибн Абу Авфаа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан еттита ёки олтита ғазотда иштирок этдик. У зот билан чигирткани ер эдик».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан чигиртка ҳалол экани, уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, саҳобаи киромлар ҳам тановул қилганлари келиб чиқади. Бу масалага оид ҳадислар, иншааллоҳ, яна келади.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Марриз-Заҳрондалигимизда бир қуённи чўчитиб юбордик. Одамлар уни қувлаб чарчашди. Мен уни тутиб, Абу Толҳага келтириб бердим. У уни сўйиб, икки сонини  Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга юборди. Бас, У зот қабул қилдилар».

Шарҳ: «Марриз-Заҳрон» Маккаи мукаррамадан пиёда юрганда бир кунлик йўл узоқликдаги жойнинг номи. Бу жой ҳозир ҳам шундоқ номланиб келмоқда.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қуённи овлаш мумкинлиги.

2. Овланган ҳайвонни шариатга мувофиқ сўйиш зарурлиги.

3. Овланган ҳайвон гўштини ҳадя қилиш мумкинлиги. 

Абу Толҳа ва Анас розияллоҳу анҳуларнинг Пай-ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга овланган қуённинг икки сонини юборишлари саҳобаларнинг У зотга бўлган муҳаббатларини кўрсатади. Бундан раҳбар, устоз ва олим кишилар ана шундоқ эҳтиромга сазовор эканликлари келиб чиқади.

4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадяларни қабул қилишлари ва қуён гўшти еганлари.


Холид ибн Валид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Маймунанинг уйига кирган экан. Қовурилган «Зобб»ни келтирилди. Бас, У зот унга қўл узатдилар. Шунда аёллардан баъзилари:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нимани емоқчи эканликлари ҳақида хабар беринглар!» деди. 

Бас, улар:

«Бу Зоббдир. Эй Аллоҳнинг Расули», дедилар. 

Шунда У зот қўлларини тортдилар. 

«У ҳаромми? Эй Аллоҳнинг Расули?» дедим.

«Йўқ. Лекин, менинг қавмим ерида бўлмагани учун, кўнглим тортмайди», дедилар У зот. Холид айтди:

«Бас, уни ўзимга яқинлаштириб олиб, едим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам назар солиб турдилар».

Шарҳ: «Зобб»–Арабистонда бўладиган, судралиб юрувчилар оиласига мансуб ҳайвонлардан бири. Баъзи билмаган таржимонлар уни «калтакесак» деб таржима қилиб, катта хатога йўл қўйганлар. Бу билан улар ҳаром нарсани ҳалол деб англашга ҳисса қўшган бўладилар.

Аслида «Зобб» бошқа ҳайвон. Уни қадимги китобларда қуйидагича таърифланади:

«Зобб» маълум кичик ҳайвондир. Урғочисини «зобба» дейилади. Етти юз йилгача яшайди. Сув ичмайди. Қирқ кунда бир марта сияди. Кулранг бўлади».

Ҳайвонлар ҳақидаги замонавий қомусларда эса, зобб қуйидагича таърифланади:

«Зобб» судралиб юрувчи ҳайвонлардан бўлиб, эчкиэмарга ўхшайди. Иссиқ ўлкаларда бўлади. Арабистон ярим оролида кўп учрайди. Қирқ сантиметр атрофида узунликка эга. Кўриниши ва шакли хунук. Боши кичкина. Бўйни калта. Думи узун. Ранги қорамтир кулранг. Семирса, кўкраги сарғаяди. Тухумини қумга кўяди. Тухум қўйганидан қирқ кун ўтиб бола очади. Ўсимликлар ила озуқаланади. Араблар уни овлашга ва тановул қилишга ҳарислар».

Ҳозирда Арабистон ярим оролидаги баъзи бозорларда зоббни тирик ҳолида килолаб сотилади.

Ушбу ривоятда зикр қилинган, қовурилган зобб-ни Маймуна онамиз розияллоҳу анҳонинг сингиллари Ҳафийда бинти ал-Ҳорис ўзлари оила қуриб кетган Нажд томондан ҳадя қилиб олиб келганлари бошқа ривоятларда баён қилинган.

Демак, олисдан келган меҳмоннинг ҳурматидан унинг келтирган ҳадясини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унча хуш кўрмайдиган нарса–зобб бўлса ҳам қовуриб, У зотнинг олдиларига қўйганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни емоқчи бўлиб қўл узатаётганларида эса, аёллардан баъзилари:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нимани емоқчи эканликлари ҳақида хабар беринглар!» деди. Бас, улар:

«Бу Зоббдир. Эй Аллоҳнинг Расули», дедилар. 

Шунда У зот қўлларини тортдилар».

Кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зоббни емасликларини У зотнинг оила аъзолари яхши билганлар. Шунинг учун ҳам, У зот дастурхондаги қовурилган зоббга емоқчи бўлиб, қўл узатаётганларида огоҳлантирганлар.

Бўлиб ўтган гап-сўзлар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини тортиб олганларини кўргандан кейин, У зот билан ҳамдастурхон бўлиб ўтирган Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуда ўз-ўзидан савол пайдо бўлиб:

«У ҳаромми? Эй Аллоҳнинг Расули?» деганлар. 

У кишининг бу саволларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Йўқ. Лекин, менинг қавмим ерида бўлмагани учун, кўнглим тортмайди» деб жавоб берганлар.

Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилиб ўсган Маккаи мукаррама шароитида ўша вақтда зоббни емоқ одат эмас экан. Шунинг учун У зот ҳеч зоббнинг гўштини тановул қилмаган ва кўнгиллари тортмас экан. Шу билан бирга, зоббнинг ҳаром эмаслигини ҳам таъкидлар эканлар. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан зобб-нинг ҳаром эмаслигини билиб олган Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу дастурхондаги қовурилган зоббни тановул қилибдилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Аҳли аёли билан истиқомат қиладиган хонага меҳмон бошлаб келиш дурустлиги.

2. Меҳмон келтирган ҳадя таомни дастурхонга қўйиш одобдан экани. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгиллари тортмаслигини билиб туриб, зоббни оналаримиз дастурхонга қўйганлари шуни кўрсатади.

3. Кўнгли тортмайдиган таомга билмасдан қўл узатаётган шахсни огоҳлантириб қўйиш зарурлиги. 

Чунки, билмай еб қўйса, кейин ғалати ҳолга тушиб қолади.

4. Баъзида ҳалол нарсани ҳам кўнгил тусамай қолиши мумкинлиги.

5. Инсон таъбининг шаклланишида унинг қавми ва урф-одатларининг ўзига яраша ўрни бўлиши. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавм-лари ерида бўлмагани учун зоббни кўнгиллари тусамаслиги шуни кўрсатади.

6. Зобб ҳалол эканлиги.

Жумҳур уламо ушбу ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларни далил қилиб, шаръий забҳ қилинган зобб ҳалол, дейдилар.

Ҳанафий мазҳаби уламо аҳллари эса, зобб макруҳ, дейдилар. Улар ўзларининг бу фатволарига       зоббни емасликка далолат қилувчи бир неча ҳадисларни ҳужжат қилиб келтирадилар. Ана ўша ҳадислардан бири Оиша онамиздан ривоят қилинади ва унда қуйидагилар айтилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зобб ҳадя қилинди. У зот уни емоқдан имтиноъ қилдилар. Бир тиланчи аёл келди. Оиша унга ҳалигини таом қилиб бермоқчи бўлди. Шунда У зот унга:

«Ўзинг емаган нарсани унга таом қилиб берасанми!?» дедилар».

7. Ўз дастурхонида, ўз меҳмони ҳузурида кўнгли тусамайдиган таомни емай ўтириш жоизлиги.

8. Мезбон қараб туриб, меҳмон таом тановул қилишлиги дурустлиги.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни хонаки эшакларнинг гўштидан наҳйи қилдилар ва йилқининг гўштига изн бердилар».

Ушбу тўрт ҳадис беш асл китобда ривоят қилинган.

Шарҳ: «Хайбар куни»дан мурод, Мадийнаи мунавварага яқин Хайбар номли жойда ўша ерда яшовчи яҳудийлар ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар орасида уруш бўлган кундир.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Хонаки эшакларнинг гўшти ҳаром эканлиги.

2. Йилқининг гўшти ҳалол эканлиги.


Асмаа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давр-ларида от сўйдик ва уни едик».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоят ўзидан олдинги ривоятдаги отнинг ҳалол ҳайвон эканлиги ҳақидаги маънони таъкидлаб келмоқда.

Ушбулар ва яна шунга ўхшаш баъзи ривоятларга асосланиб жумҳур уламо отнинг ҳалоллиги ҳақида иттифоқ қилишган.

Аммо, имом Абу Ҳанифа ва имом Молик розияллоҳу анҳумо макруҳ деганлар. Улар ўзларининг бу фатволарига «Наҳл» сурасидаги:

«Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратур», оятини далил қиладилар. 

Уларнинг фикрларича, ушбу ояти каримада зикр қилинган ҳайвонлар ейиш учун эмас, миниш ва зийнат учундир.  

Шунингдек, мазкур имомларимиз баъзи бир ҳадиси шарифларда ҳам отнинг гўштини тановул қилишга изн берилмаганлигини эслатиб ўтадилар.

Имом Абу Довуд ва имом Насаийлар Холид ибн Валид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам от, хачир ва хонаки эшакларнинг гўштини емоқдан қайтардилар», дейилган.

Ал-Миқдом ибн Адий розияллоҳу анҳудан ҳам шу маънода ривоят келган.

Жумҳури уламо, жумладан, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг бош шогирдлари: имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимо ҳам от гўшти ҳеч кароҳатсиз ҳалолдир, деганлар.

От гўштининг ҳалоллиги ҳақида қаттиқ турган уламо аҳлларимиз, мазкур гўштни емаслик ҳақида келган ҳадисларни, вақтинчалик, жиҳод учун минишга ҳожат кучайганда айтилган гаплар бўлиб, кейинчалик насх қилинган, дейдилар.

Энг қизиғи, амалга келганда Ҳанафийлар Имом Шофеъий, имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад  раҳматуллоҳи алайҳимларнинг фатволарига амал қилганлар. Шофеъийлар эса, имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг фатволарига амал қилганлар. Бу шариатимиздаги ҳурфикрлик ва кенгчиликнинг бир намунасидир.


Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«У киши ёввойи эшакни тутиб олди, у эҳромда эмас эди. Бас, уни эҳромдаги оғайниларига олиб келди. Улар ундан едилар. Шунда баъзилари, бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрасак бўларди, деди. Бас, у зотдан сўрадилар. У зот:
«Яхши қилибсизлар. Сизларда ундан яна борми?» дедилар.
«Ҳа!» дедик.
«Бизга ҳам ҳадя қилинглар!» дедилар. Биз У зотга ундан бердик ва У зот эҳромдалик ҳолларида уни едилар
».

Насаий ва Бухорий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобалар баъзилари эҳромда, баъзилари эҳромда бўлмаган ҳолда сафарда бўлганлар. 

Бошқа ривоятларда айтилишича, бу ҳодиса Мадийнаи мунаввара билан Маккаи мукаррама орасида, тоғли жойда  бўлган. Ровий Абу Қатода розияллоҳу анҳу отлиқ бўлиб, эҳромда бўлмаганлар, яъни, ҳаж ёки умра нияти-ла эҳром боғламаган ҳолда бўлганлар. Шунинг учун ёввойи эшакни овлаш имконлари бўлган. Эҳромдаги инсон қуруқлик ҳайвонларини овлаши мумкин эмас.

Абу Қатода розияллоҳу анҳу одамлар тўпланиб олиб бир нарсани кузатишаётганини кўриб қолиб, уларнинг олдиларига бориб, бу нима, деганлар. Улар билмадик, дейишган. Бу ёввойи эшак-ку, десалар, улар ўзинг кўриб турган нарса, деганлар. Яъни, эҳромда бўлганлари учун овланадиган нарсани овчига кўрсатишдан четда бўлишга ҳаракат қилганлар. 

Абу Қатода розияллоҳу анҳу қамчимни олиб юборинглар, деса ҳам олиб бермаганлар. У киши отдан тушиб, қамчиларини олиб, ёввойи эшакни овлашга киришганлар.

Абу Қатода розияллоҳу анҳу ўзлари овлаган ёввойи эшакнинг гўштини пишириб, эҳромдаги ўртоқларига тақдим қилибдилар. Бундан, авваллари ёввойи эшакнинг гўштини бемалол тановул қилиб юрганлари англанади. Акс ҳолда, Абу Қатода розияллоҳу анҳу бундоқ қилмаган бўлар эдилар.

Эҳромдаги кишиларнинг баъзилари ҳалиги гўштдан едилар, баъзилари емадилар.

«Шунда баъзилари бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрасак бўларди, деди. Бас, У зотдан сўрадилар».

Уламо аҳлларимизнинг таъкидлашларича, савол эҳром ҳолида, эҳромда бўлмаган киши томонидан овланган ҳайвон гўштини еса бўладими, маъносида экан. Саҳобаларни ўйлантирган масала шу бўлган.

«У зот: «Яхши қилибсизлар. Сизларда ундан яна борми?» дедилар».

Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларининг эҳром ҳолларида, эҳромда бўлмаган Абу Қатода розияллоҳу анҳу овлаб келган ёввойи эшак гўштидан еганларини маъқуллаганлар. Шу билан бирга, уларнинг кўнгилларига яна ҳам ёруғлик тушириш мақсадида мазкур ҳайвоннинг гўштидан қолган-қолмаганини сўраганлар. Саҳобаи киромлардан ижобий жавоб олганларидан кейин эса:

«Бизга ҳам ҳадя қилинглар!» дедилар».

Саҳобаи киромлар хурсанд бўлиб, қолган гўштдан олиб келдилар ва:

«У зот эҳромдалик ҳолларида уни едилар».

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Эҳромдаги кишилар билан бирга эҳромсиз киши ҳамсафар бўлиши жоиз экани.

2. Эҳромдаги кишилар билан ҳамсафар бўлган эҳромсиз одам қуруқлик ҳайвонларини овлаши мумкинлиги. Фақат, эҳромдаги кишилар овчига ҳеч қандай ёрдам бермасликлари шарт.

3. Ёввойи эшакнинг гўшти, агар у шаръий йўл сўйилган бўлса, ҳалол экани.

4. Эҳромда бўлмаган киши овлаган ҳайвон гўштини эҳромдаги кишилар тановул қилса жоиз.

5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта тавозуъли зот эканликлари ушбу воқеада яна бир карра намоён бўлмоқда.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан чия-бўри ҳақида сўрадим. Бас, У зот:
«У овдир. Агар уни эҳромдаги киши овласа, бир қўчқор сўйиши лозим бўлади», дедилар
».

Сунан эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятни далил қилиб, баъзилар чиябўрини ҳалол ҳисоблайдилар. Аммо жумҳур уламо: «Чиябўри ҳаромдир. Шариатимизда ҳар бир йиртқич ҳайвон ҳаромлигига заррача шубҳа йўқ. Шунингдек, чиябўрининг йиртқич эканлигига ҳам заррача шубҳа йўқ», дейдилар.


Умар ибн Сафийна розияллоҳу анҳудан, у киши отасидан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳубароонинг гўштини едим».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Ҳубароо» бўйни йўғон, тез учадиган, кулранг, гўшти товуқ ва ўрдак гўштига ўхшаш қушдир. Араблар уни жуда ҳам яхши кўрадилар. Бу қуш бизда тўғалоқ деб номланади.


Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир инсон чумчуқни ёки ундан каттароқ нарсани ноҳақдан қатл этса, албатта, Аллоҳ таоло ундан у ҳақида сўрайдир», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, унинг ҳақи недир?» де-йилди.
«Уни сўйиб, емоғидир. Бошини кесиб отиб юбормас!» дедилар
».

Насаий, Шофеъий ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифни «Ейиладиган ҳайвонлар ҳақида» бобида келтиришдан асосий мақсад чумчуқ ҳалол қуш эканини билдиришдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Уни сўйиб, емоғидир» дейишлари шуни анг-латади.

Аммо, бу ҳадисда шу билан бирга, бир оламга татигулик улкан маъно ётибди. Худди ана шу маънога инсоният ўзининг узун тарихи давомида доимо муҳтож бўлиб келган ва ҳозирги кунда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож бўлиб турибди.

Ана ўша улкан маъно ҳаётга доимо жиддият билан қараш, инсон ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилиши ҳақиқатидир. Ислом ҳаётга доимо тўлиқ жиддият билан қарашни талаб қилади. Инсоннинг заррача қилган яхшилиги ҳам, ёмонлиги ҳам охиратда ҳисоб-китоб қилинишига алоҳида урғу беради.

Эътибор берайлик-а, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда нима демоқдалар:

«Қай бир инсон чумчуқни ёки ундан каттароқ нарсани ноҳақдан қатл этса, албатта, Аллоҳ таоло ундан у ҳақида сўрайдир».

Бошқа бир ривоятда ўша ноҳақ ўлдирилган чумчуқ қиёматда даъво қилиб: «Эй Роббим, манави мени манфаат учун эмас, ўйнаб ўлдирди» дейиши айтилган.

Исломдан узоқлашиш оқибатида ҳаётнинг ҳамма соҳаларида инсоният бошига тушган сон-саноқсиз мусийбатларни бир томон қўйиб турайлик-да, бизга аҳамияти йўқ бўлиб кўринган чумчуқни беҳуда ўлдириш масаласини олиб кўрайлик. 

Худди ана ўша масъулиятсизлик оқибатида ҳозирги кунимизга келиб дунёдаги кўплаб ҳайвонлар қирилиб битмадими?! 

Қиёматни, ундаги савол-сўроқни, ҳисоб-китобни унутган инсоният ваҳшийлашиб, қанчадан-қанча ҳайвон турларини йўқ қилиб юбормадими?! 

Яна қанчадан-қанчаси йўқ бўлиш арафасида турмаяптими?!

Бугунги кунда табиатни муҳофаза қилиш энг долзарб масала бўлиб қолмаяптими?!

Шунинг ўзидан инсоният Исломга қанчалар муҳтож эканини билиб олсак бўлаверади.

Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз:

1. Каттаю кичик ҳар бир ишга жиддият билан қараш зарурлиги.

2. Арзимаган ҳайвонни овлашда ҳам фақат зарур манфаат юзасидан ов қилиш кераклиги.

3. Банда кичик бир ҳайвонга қилган ноҳақлиги учун ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб бериши борлиги.

4. Чумчуқнинг ҳалоллиги.

5. Чумчуқ бўлса ҳам ҳайвонни овлагандан ке-йин сўйиб емоқ лозимлиги.

6. Овланган ҳайвоннинг бошини ёки бошқа бирор жойини узиб, отиб юбормаслик лозимлиги. 


 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуюқ ёғ, пишлоқ ва ёввойи эшак ҳақида сўралди. Бас, У зот:

«Ҳалол – Аллоҳ китобида ҳалол қилган нарсадир. Ҳаром – Аллоҳ китобида ҳаром қилган нарсадир. Нима ҳақида сукут қилса, ўша нарса афв қилган нарсасидир», дедилар».

Шарҳ: Албатта, саҳобаи киромлар ҳалол ёки ҳалол эмаслиги ҳақида сўраган уч нарсанинг барчаси ҳалоллиги ҳақида далиллар келган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу саволга жавоблари бевосита жавоб эмас, балки умумий қоида шаклида келган.

«Ҳалол – Аллоҳ китобида ҳалол қилган нарсадир».

Аслида Аллоҳнинг китоби, деганда Қуръони Карим тушунилади, аммо, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, бунга ўхшаш жойларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳам қўшилиб кетади. Чунки, шаръий ҳукмлар борасида суннат ҳам Аллоҳнинг ваҳийи бўлиб, фақатгина иборалари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламники бўлади.

Демак, қайси нарса ҳалоллигини белгилаш ҳуқуқига фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзигина ҳақли. Бошқа ҳеч ким, ҳеч қандай тараф бу ишга аралаша олмайди.

«Ҳаром – Аллоҳ китобида ҳаром қилган нарсадир».

Демак, қайси нарса ҳаром эканини ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръон ёки ҳадис орқали белгилаб беради. Бошқанинг бу ишга аралашишга ҳеч ҳаққи йўқ. Агар ким бу ишга аралашмоқчи бўлса, Аллоҳ таоло билан ҳақ талашган бўлади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани ҳалол деган ёки аксинча, Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсани ҳаром деган киши, шубҳасиз, кофир бўлади.

«Нима ҳақида сукут қилса, ўша нарса афв қилган нарсасидир».

Яъни, Аллоҳ таоло қайси бир нарса ҳақида унинг ҳалол ёки ҳаромлигини баён қилмай, сукут сақлаган бўлса, у нарса Аллоҳ таоло афв қилган, уни ҳалол санаса бўлаверадиган нарсадир.

Бинобарин, ундоқ нарсалар ҳақида ҳадеб сўрайвериш керак эмас.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмон киши нарсаларнинг шариатдаги ҳукмини билмаса, биладиган кишилардан сўраши лозимлиги.

2. Қотган ёғ ҳалоллиги.

3. Пишлоқ ҳалоллиги. 

4. Ёввойи эшак ҳалоллиги.

5. Нима ҳалоллигини белгилаш фақатгина Аллоҳ таолонинг ҳаққи эканлиги.

6. Нима ҳаромлигини белгилаш фақатгина Аллоҳ таолонинг ҳаққи эканлиги.

7. Аллоҳ таоло ҳалол ёки ҳаромлигини баён қилмай сукут қилган нарсалар У зот томонидан афв қилинган нарсалар эканлиги.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Жоҳилият аҳли баъзи нарсаларни ер эдилар. Баъзи нарсаларни эса, ифлос санаб, тарк қилар эдилар. Бас, Аллоҳ Ўз Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламни юборди. Ўз китобини нозил қилди. Ҳалолини ҳалол қилди. Ҳаромини ҳаром қилди. У Зот нимани ҳалол қилса, ўша ҳалолдир. Нимани ҳаром қилса, ўша ҳаромдир. Нимадан сукут қилса, ўша афвдир», дедилар ва:
«Менга ваҳий қилинган нарсада таомланувчи учун ҳаром қилинган нарсани топмаяпман. Магар ўлимтик ёки оқизилган қон ёки тўнғиз гўшти бўлса, албатта, у ифлос, ҳаромдир. Ёхуд фосиқлик ила Аллоҳдан ўзганинг номига сўйилган бўлса (ҳаромдир)»ни тиловат қилди
».

Ушбу иккисини Термизий, Абу Довуд ва ал-Ҳоким ривоят қилганлар.

Шарҳ: Улкан саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Исломдан олдинги Жоҳилият жамиятида ҳалол-ҳаром масаласи қандоқ бўлганини, Ислом келгандан кейин бу масала қандоқ ўзгарганини баён қилиб бермоқдалар.

«Жоҳилият аҳли баъзи нарсаларни ер эдилар. Баъзи нарсаларни эса, ифлос санаб, тарк қилар эдилар».

Жоҳилият ўз номи билан жоҳилият, ўз тасарруфотларининг барчасини жоҳиллик билан қилади. Жумладан, еб-ичадиган нарсаларини ҳам.

Жоҳилият аҳли, Аллоҳ таолонинг таълимотлари асосида яшаш бахтидан маҳрум бўлган бадбахтлар ўзларича, тахмин билан ушбу нарсаларни еса бўлаверса керак, деб баъзи нарсаларини ейдилар. Бошқалар баъзи нарсаларни емайдилар, биз ҳам шундоқ қилишимиз керак, деб баъзи нарсаларни истеъмол қилмасликлари ҳам мумкин. Баъзи нарсаларни эса, бугун емасалар, эртага еяверишлари ҳеч гап эмас.

Ёки ҳозирги жоҳилиятдагиларга ўхшаб, нима дуч келса, фарқига бормай, ямлаб ютавериши ҳам мумкин. Чунки, Аллоҳ таолонинг таълимоти билан иш кўрмагандан кейин, хаёлига нима келса, шуни қилади.

Исломдан олдинги араб жоҳилиятида ҳам шу ҳолат ҳукм сурган экан. Улар баъзи нарсаларни ер эканлар, баъзи нарсаларни эса, ифлос санаб, емас эканлар.

«Бас, Аллоҳ Ўз Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламни юборди».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларига Аллоҳ таоло томонидан юклатилган масъулият инсониятни жоҳилият зулматларидан Ислом нурига олиб чиқиш эди.

Жумладан, ҳалол-ҳаром масаласида ҳам, У зот алайҳиссалом инсонларни жоҳилиятнинг зулматли, тахминий, асоссиз ҳукмларидан Исломнинг ёрқин, нурли, фойдали ҳукмларига олиб чиқдилар.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги васфларида:

«Улар ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган уммий Набий — Пайғамбарга эргашурлар», деган.

Демак, Аллоҳнинг раҳмати ёзиладиган одамлар қуйидаги сифатларга эга Пайғамбарга эргашадилар:

«Ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган».

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ҳақиқий Таврот ва ҳақиқий Инжилда ёзилган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифати ҳамидаларидан яна бири:

«уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган» Пайғамбар эканликларидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нимага буюрган бўлсалар, ўша нарса бандаларнинг икки дунёси учун ҳам яхшилик бўлади.

Бу барча учун умумий бўлган қоидани ҳеч унутмаслик керак. Баъзи вақтларда инсонга буюрилган нарсадан келиб чиқадиган яхшилик сезилмаслиги мумкин. Аммо, бу, ўша буюрилган нарсада яхшилик йўқлигидан эмас, балки кўзланган яхшиликни инсон англаб етмаганидадир. Тажрибанинг кўрсатишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ишларнинг натижаси ўша ишни бажарувчи шахснинг набираси ёки ундан кейинги авлодида зоҳир бўлиши ҳам мумкин экан.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нимадан қайтарган бўлсалар, ўша нарса, албатта, ёмон бўлади. Бу ҳам барча учун умумий қоидадир.

Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна бир сифатлари:

«Уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган» Пайғамбар эканликларидир.

Бу ҳам барча учун умумий қоида. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам нимани ҳалол қилган бўлсалар ўша нарса покдир. Пок нарса эса, шубҳасиз, фойдалидир. 

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ниманики ҳаром қилган бўлсалар, демак, улар Ислом шариати ҳаром қилган нарсалар бўлиб, ҳаммаси нопокдир. Нопок нарса зарарлидир. Зарари дарҳол кўриниши ёхуд бир оз фурсатдан кейин намоён бўлиши мумкин. Шунингдек, бир неча авлоддан кейин ҳам зоҳир бўлиши, эҳтимол. 

Шунинг учун турли андишаларга бормай, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаром қилган нарсалардан доимо ҳазар қилиш, улардан узоқда бўлиш шарт.

«Ўз китобини нозил қилди. Ҳалолини ҳалол қилди. Ҳаромини ҳаром қилди.»

Яъни, Аллоҳ таоло Ўз китоби Қуръони Каримни тушириб, бу масалада ҳам Ўз кўрсатмаларини берди. Ҳалол бўлиши керак нарсаларни ҳалол қилди. Ҳаром бўлиши керак нарсаларни ҳаром қилди. 

Шу жойда ҳалол ва ҳаром лафзларининг луғавий ва истилоҳий маъноларини, уларга тегишли баъзи маълумотларни яна бир эслаб олсак, айни муддао бўлур эди.

«Ҳалол» сўзи луғатда «тугунни ечиш» маъносини билдиради. 

Шариятда эса, «ҳаромлик тугуни ечилган», яъни, ҳаромлик сифати йўқ нарсага айтилади. Чунки, ҳаром нарсанинг манъ қилиш тугуни бўлади. Ҳалол нарсада ана ўша тугун бўлмайди, бўш бўлади.

Мусулмон одам учун ҳалол нарсани талаб қилиш, ҳалолдан молу мулк топиш фарздир.

Мусулмон инсон ўзи ҳалол бўлган нарсани шариатда ҳалол қилинган йўл билан топиб фойдаланиши керак. Аллоҳ таолонинг амри шу. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: 

«Эй одамлар, ер юзидаги нарсалардан ҳалол-пок ҳолида енг», деган (168-оят).

«Моида» сурасида эса: 

«Ва Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсадан ҳалол-пок ҳолида енг» дейди (88-оят).

«Анфол» сурасида эса: 

«Бас, ўлжага олган нарсангиздан ҳалол-пок ҳолида енг», дейди (69-оят).

«Наҳл» сурасида эса: 

«Бас, Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол-пок ҳолида енг ва Аллоҳнинг неъматига шукр қилинг», дейди (114-оят).

«Ҳаром» луғатда манъ қилишни англатади. 

Шариатда эса, ҳеч қандай шубҳасиз, очиқ-ойдин равишда манъ қилинган нарса ҳаромдир. 

Буни ҳам билиб олиш учун алоҳида тайёргарлик кўришнинг кераги йўқ. Ароқ, нажосат тушган сув каби ичимликлар, чўчқа гўшти, Аллоҳнинг исми айтилмай сўйилган асли ҳалол жонзотларнинг гўшти, эркак кишиларга ипак кийимлар ва никоҳида бўлмаган шахс ила жинсий алоқада бўлиш кабилар ҳаромдир.

Шу билан бирга, ўзи ҳалол бўлган нарсаларга шариатда манъ қилинган ҳаром йўл билан эга бўлса, улар ҳам ҳаромга айланиб қолади. 

Мисол учун, зулм, ўғрилик, рибохўрлик, алдамчилик, порахўрлик йўли билан топилган ҳар бир нарса, ўзи қанча пок бўлса ҳам, топувчига ҳаромдир.

Шунинг учун ҳам, уламо аҳлларимиз мутлақ ҳаромни–ўзида ҳаромлик сифати бор ёки манъ қилинган йўл билан топилган нарсадир, деб таъриф қиладилар.

Мусулмон инсон учун ҳаромдан ҳазар қилиш фарздир. 

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳаром-ботил йўл билан бировнинг молини ейишдан қатъий равишда қайтарган.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: 

«Ва молларингизни ўзаро ботил йўл билан еманг ва уларни ҳокимларга узатманг», деган (188-оят).

«Оли Имрон» сурасида эса: 

«Эй иймон келтирганлар! Рибони кўпдан-кўп қилиб еманг!», деган (130-оят).

«Нисо» сурасида эса: 

«Уларнинг молларини ўзингизнинг молларингизга қўшиб еманг. Чунки, бу катта гуноҳдир», деган (2-оят).

Яна «Нисо» сурасида: 

«Эй иймон келтирганлар, молларингизни ўз-аро ботил йўл билан еманг», деган (29-оят). Ва ҳоказолар.

Бу маънода ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўп келган. Бир луқма ҳаром таом еган одамнинг неча кунлаб дуоси қабул бўлмаслиги таъкидланган.

Мусулмон инсон ҳаром йўл билан молу дунё касб қилишдан, худди чўчқанинг гўштини ейишдан ҳазар қилгандек, ҳазар қилиши керак. Ҳаром йўл билан молу дунё топган одам икки дунёда шарманда бўлади. Бу дунёда азоб-уқубат, турли бало-офатларга йўлиқиб, у дунёда жаҳаннам ичида туриб, қорнига таом ўрнига олов ейди.

«У зот нимани ҳалол қилса, ўша ҳалолдир. Нимани ҳаром қилса, ўша ҳаромдир. Нимадан сукут қилса, ўша афвдир».

Яъни, Аллоҳ таоло нимани ҳалол қилса, ўша нарса ҳалол бўлади. Бошқа нарса ҳалол бўлиши мумкин эмас. 

Шунингдек, Аллоҳ таоло нимани ҳаром қилса, ўша нарса ҳаром бўлади. Бошқа нарса ҳаром бўлиши мумкин эмас.

Аллоҳ таоло нима ҳақида сукут қилса, у афвдир, ҳалол ҳисобланадир.

Сўнгра ҳазрати ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўз гапларининг далили сифатида қуйидаги ояти каримани тиловат қилдилар:

«Менга ваҳий қилинган нарсада таомланувчи учун ҳаром қилинган нарсани топмаяпман. Магар ўлимтик ёки оқизилган қон ёки тўнғиз гўшти бўлса, албатта, у ифлос, ҳаромдир. Ёхуд фосиқлик ила Аллоҳдан ўзганинг номига сўйилган бўлса (ҳаромдир)» (Анъом, 145)

Бу ояти каримада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб бўлмоқда. Аллоҳ таоло Ўзи яратган экинлар ва чорваларни ҳаром қилишга журъат қилганларга ушбу ҳақиқатларни айтишни У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга топширмоқда:

«Менга ваҳий қилинган нарсада таомланувчи учун ҳаром қилинган нарсани топмаяпман».

Яъни, сиз ҳаром деб атаган нарсаларнинг бирортасини ҳам Аллоҳ ҳаром қилгани йўқ. Бу нарсаларни сиз ўзингизча ҳаром деб юрибсиз. Аллоҳ таоло менга ваҳий юбориб, нима ҳалол, нима ҳаром эканини баён қилди. Менга ваҳий орқали билдирилган илоҳий баёнда истеъмолчи учун ҳаром қилинган нарса йўқ.

«Магар ўлимтик ёки оқизилган қон ёки тўнғиз гўшти бўлса, албатта, у ифлос, ҳаромдир».

Бу нарсалар бошқа оятларда ҳам батафсил баён қилинган. Ўзи ўлиб қолган ҳайвоннинг гўшти катта зарар бўлгани учун Аллоҳ таоло уни ҳаром қилган. 

Шунингдек, ҳар қандай ҳайвондан оқизилган қон ҳам зарарли бўлиб, ҳаромдир.

Тўнғиз гўшти ҳам шу маънода ҳаром қилинган.

«Ёхуд фосиқлик ила Аллоҳдан ўзганинг номига сўйилган бўлса (ҳаромдир)».

Яъни, ҳайвон Аллоҳдан ўзганинг номи билан сўйилса, фосиқлик–дин чегарасидан чиқиш бўлади, сўйилган гўшт ҳаром ҳисобланади. Шундай қилиб, ҳаром аниқ бўлди. Аллоҳнинг амрига юраман, деган банда мазкур нарсаларни зинҳор-ба-зинҳор истеъмол қилмаслиги керак. 

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Жоҳилият аҳли ўзларича, баъзи нарсаларни еб, баъзи нарсаларни ифлос санаб, емай, тарк қилиб юрганлари.

2. Исломда ҳалол-ҳаромни Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни юбориш ва Қуръони Каримни нозил қилиш орқали йўлга қўйгани.

3. Аллоҳ таоло нимани ҳалол қилса, ўша нарса ҳалол экани.

4. Аллоҳ таоло нимани ҳаром қилса, ўша нарса ҳаром экани.

5. Аллоҳ таоло сукут қилган нарса, афв, ҳалол экани.

6. Айтилган фикрни қўллаш учун оятдан далил келтириш.

7. Ўлимтик ҳаром экани.

8. Оқизилган қон ҳаром экани.

9. Тўнғиз гўшти ҳаром экани.

10. Аллоҳ таолонинг исми айтилмай сўйилган ҳайвонлар ҳаром экани.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳумайд асСоъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини давоми...

2256 20:30 / 24.02.2022
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан риовят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳомиланинг ҳомиласини сотишни ман қилдилар. Бу жоҳилиятдаги бор савдо эди. давоми...

4486 05:00 / 17.01.2017
Фарз намозлардан бомдоднинг икки ракатида ҳам, шом ва хуфтоннинг биринчи икки ракатида, жума ва икки ийд намозларида қироатни овоз чиқариб қилиш вожибдир. Пешин давоми...

2841 17:00 / 13.01.2022
Дарахт ёки мевадан сиқиб чиқарилган ва қурбатга ёки бетаҳоратликни кетказиш учун ишлатилган сув ила таҳорат қилинмайди.Демак, уч хил сув билан таҳорат ва ғусл давоми...

3108 13:25 / 01.10.2020