1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Сувларнинг ҳукми

05:00 / 18.01.2017 7316 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, сувсиз поклаш ҳам, покланиш ҳам мумкин эмас! Шунинг учун ҳам ҳамма ҳадис ва фиқҳ китобларимизда сувларнинг ҳукми ҳақида алоҳида боблар бор. Одатда бу бобларда қандай сувлар тоза, қандай сувлар поклаш хусусиятига эга, покланиш учун қайси турдаги сувлар билан таҳорат ёки ғусл қилса бўлади каби бир қанча масалалар муолажа қилинади.

Аллоҳ жалла шаънуҳу:

«Ва сизларга осмондан у билан сизни поклаш учун сув туширур», деган. (Анфол сураси, 11-оят)

Шарҳ: Ушбу оятда Аллоҳ таоло осмондан ёмғир ва қор шаклида туширган сув кишиларни поклаш учун ишлатиладиган сув эканлиги тўғрисида хабар бермоқда. Шундан ёмғир ёки қор суви ила таҳорат ва ғусл қилса мумкинлиги аён кўринмоқда.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, биз денгиз (кемаси)га минамиз. Ўзимиз билан озгина сув оламиз. Агар у билан таҳорат қилсак, чанқаймиз. Денгизнинг сувидан таҳорат қилаверайликми?» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У суви пок, ўлимтиги ҳалол нарсадир», дедилар
».

«Сунан» китоблари эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саволга жавоб бера туриб, денгиз сувининг ҳукми ва ўзи ўлиб қолган денгиз ҳайвонларининг ҳукмини баён қилмоқдалар.

Саҳобаи киромлар иштибоҳли нарсаларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраш одатлари бор эди. Денгиз сафарига тез-тез чиқиб турадиган бир одам денгиз суви ила таҳорат қилса бўладими-йўқми, билгиси келди. Денгиз сувини ичиб бўлмаслигидан унинг таъми, ранги, ҳиди бошқачароқлигидан кўнглига шубҳа тушган бўлса керак.

У киши ниҳоят:

«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, биз денгиз (кемаси)га минамиз. Ўзимиз билан озгина сув оламиз. Агар у билан таҳорат қилсак, чанқаймиз. Денгизнинг сувидан таҳорат қилаверайликми?» деб сўради.

Савол жуда ўринли эди. Денгизда юрган одам одатда ичимлик сувдан ва таҳорат қилинадиган сувдан узоқда бўлади. Ўзи билан олган суви эса, ичишга зўрға етади. Шу билан бирга, у мусулмон, ибодат қилиши фарз. Ибодат учун эса, таҳорат шарт. Шунинг учун у киши Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Денгиз сувидан таҳорат қилса бўладими?» деб сўрамоқда. 

Бу саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа ва лўнда жавоб бердилар: 

«У суви пок, ўлимтиги ҳалол нарсадир», дедилар. Яъни, денгизнинг суви – пок, ундаги ҳайвонларнинг ўзи ўлгани ҳалол. Кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз жавобни икки ҳисса қилиб берганлар. Савол фақат денгиз суви ҳақида эди. Жавоб эса ҳам сув, ҳам ўлимтик ҳақида бўлди. Ана шундан келиб чиқиб, уламоларимиз саволга керагидан ҳам ортиқ жавоб бериш мумкин, деган хулоса чиқарганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Иштибоҳли масалаларни ҳеч тортинмай биладиган кишилардан сўраб олиш зарурлиги.

2. Денгиз сувининг поклиги, яъни у билан таҳорат қилиш, ғусл қилиш, нопок нарса теккан жойларни ювиб ташлаш ва уни ичадиган ҳолга келтириб истеъмол қилиш мумкинлиги.

3. Сув ҳайвонлари ўлимтиги ҳалоллиги. Чунки уларда қон бўлмайди. Қони бор ҳалол ҳайвонларни шаръий йўл билан сўйиш шарт. Сув ҳайвонларида қон бўлмагани туфайли уларнинг ўлимтиги ҳам ҳалол бўлаверади. 

Уламолар мазкур ҳайвонларнинг сув ичида, яъни яшаш жойида ўлиб қолганлари ҳалол бўлмайди, деганлар. Чунки бирор зарарли нарса бўлмаса, сув ҳайвони сувда ўз ажалидан олдин ўлмаслиги аниқ. Шунингдек, баъзи сув ҳайвонлари, айниқса, сув чўчқаси ҳақида ихтилофлар қилишган.

4. Берилган саволга керагидан ортиқ жавоб қайтариш жоизлиги.

Демак, денгиз сувини поклаш учун ишлатишимиз, денгиз ҳайвонлари ўлимтигини тановул қилишимиз мумкин. 


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан очиқ жойдаги, турли ҳайвонлар, йиртқичлар тегиб кетган сув ҳақида сўралди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Вақтики, сув икки қуллага етса, нажас бўлмайди», дедилар
». 

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда ҳам сўз маълум васфга эга бўлган сувнинг поклиги ҳақида бормоқда. Саҳобаи киромлар ўз одатлари бўйича иштибоҳли бир масала хусусида, яъни очиқ жойда қоладиган, турли ҳайвонлар ва йиртқичлар тегиб кетиши мумкин бўлган сувнинг пок ёки нопоклиги ҳақида сўрамоқдалар. 

Унга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вақтики, сув икки қуллага етса нажас бўлмайди», деб жавоб бердилар. Бу саволнинг айни ўзига эмас, балки умумий қоида бўладиган жавоб эди. Яъни нима бўлишидан қатъи назар, сув икки қулла миқдорига етса, нажас бўлмайди, дегани эди.

«Қулла» катта сув меши бўлиб, унинг биттасига ўша даврнинг ўлчови билан бағдодий ҳажмда 250 ратл сув сиғган. Бир ратл бағдодий 408 грамм бўлиб, икки қулла сув 204 килограммга етган. Ана шу миқдордаги сув очиқ жойда бўлсаю унга турли ҳайвон ва йиртқичлар тегиб кетса ҳам унда таҳорат қилса, бўлаверади.

Аммо сув икки қулла ёки ундан ортиқ бўлсаю, рангими, ҳидими, таъмими, бирортаси ўзгариб қолса, поклиги йўқолади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Иштибоҳли масалани биладиган одамдан сўраб олиш зарурлиги.

2. Муайян бир нарса сўралганда умумий қоида бўладиган жавоб беришнинг яхшилиги.

3. Икки қулла миқдоридаги сувга турли ҳайвон, йиртқич, нажас нарса теккани билан нопок бўлиб қолмаслиги (асосий сифатларидан бири ўзгармаса).

4. Икки қулла миқдоридан оз сувга нажас нарса тегса, нопок бўлиб қолиши.

Шу ўринда эътиборингизни бир нарсага қаратмоқчиман. Ҳанбалий ва Шофеъий мазҳаблари бу ҳадисга амал қилиб, нажас нарса тегса нопок бўлмайдиган сувнинг энг оз миқдори – икки қулла, деб белгилашган.

Аммо Ҳанафий мазҳаби уламолари бошқача йўл тутишган. Улар бу ҳадиси шарифни ҳукм учун қабул қила олмасликларига узр айтганлар. 

Аввало, бу ҳадис изтиробли ҳадис. Чунки бир ривоятда «икки қулла», иккинчи ривоятда «бир қулла», учинчи ривоятда эса «уч қулла», деб келган. Қайси бири ҳақиқий экани номаълум. 

Иккинчидан, «қулла»ларнинг ҳажми бир хил эмас. Улар доимо катта-кичик ва ҳар хил бўлади», деганлар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари нажас нарса тегиши ёки тушиши билан нопок бўлиб қолмайдиган сувнинг энг оз миқдори – эни ўн аршин, бўйи ўн аршинли ҳовузнинг сувига тенг, деганлар. Аршин деганда ўртача одамнинг панжаси учидан тирсагигача бўлган узунлик тушунилади. Бу 61,2 см деб олинган. Демак, эни ва бўйи 6 метр 12 смдан бўлган ҳовузнинг суви Ҳанафий мазҳаби бўйича нажас нарса тушса, нопок бўлмайдиган энг оз сув ҳисобланган.

Кўриниб турибдики, ҳар бир мазҳаб ўз шароитидан келиб чиққан. Ҳанбалий ва Шофеъий мазҳаби уламолари яшаган саҳро шароити бошқа, Ҳанафий уламолари яшаган серсув жойларнинг шароити бошқача бўлган. Шу билан бирга, ҳайвонлару йиртқичлар ва бошқа нарсалар ҳам албатта, эътиборга олинган. Ҳозирги шароит тамоман бошқача бўлиб кетди. Бу масала ҳаётда учраши қийин, учраганда ҳам жуда нодир бўлади.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир идишда сув келтиришни сўрадилар. Унча катта бўлмаган кенг оғизли қадаҳда сув келтирилди. Унда озгина сув бор эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам панжаларини унинг ичига солдилар. Анас розияллоҳу анҳу айтдиларки, «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг панжалари орасидан сув отилиб чиқишига қараб турар эдим. (Ўша сувдан) таҳорат қилганларни чамалаб кўрсам, етмиш билан саксоннинг орасида эдилар». 

Икки Шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ва шунга ўхшаш бошқа ҳадислар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари бобида кўпроқ келтирилади. Лекин бу ерда сув ва таҳорат қилиш маънолари борлиги учун бу бобда ҳам келтирилмоқда.

Сув етишмай қолган пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари ила озгина сув кўпайиб кетгани бир неча бор такрорланган. Ҳудайбия ҳодисасида ҳам бир жойга тўпланиб қолган озгина кўлмак сувга камон ўқини суқиб қўйганларида ҳамма аскарнинг ичишига, таҳорат қилишига, уловларни суғоришга ва идишларни тўлатиб олишга етиб-ортадиган миқдорда сув отилиб чиққан. 

Бу ҳадисдаги ҳодиса эса аср намози вақти кириб, кишилар таҳорат қилишга сув топа олмай қолганларида бўлган. 

Буни Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қиладилар: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни аср намози вақти бўлиб, одамлар таҳоратга сув топа олмай қолганларида кўрдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга таҳорат суви келтирилди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша идишга қўлларини қўйдилар ва одамларни ундан таҳорат қилишга амр қилдилар. Мен у кишининг панжалари остидан сувнинг отилиб чиқаётганини кўрдим. Одамлар ҳаммалари, ҳеч ким қолмасдан, таҳорат қилиб олдилар».

Бу ерда мўъжиза орқали кўпайтирилган сув билан таҳорат қилиш содир бўлгани айтилмоқда. Албатта, бу нарса Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларига хос. Пайғамбарлардан бошқа ҳеч кимга мўъжиза берилмайди. Ўтган пайғамбарлардан Мусо алайҳиссаломга мўъжиза қилиб берилган асони Аллоҳнинг амри билан тошга урганларида ўн иккита булоқ отилиб чиққан. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари Мусо алайҳиссаломникидан устундир. Чунки тошдан сув чиқиши доимо бўлиб келган нарса, инсон панжаси орасидан сув отилиб чиқиши эса ҳеч кўрилмаган. Бу мўъжизани ўшанда кўплаб одамлар, жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманлари ҳам кўрганлар, аммо инкор қила олмаганлар. Саҳобалар учун бўлса, бундоқ ишлар оддий нарса эди. Чунки улар бунга ўхшаш нарсаларни деярли ҳар куни кўрар эдилар. Шунинг учун бундай ҳодисаларни шов-шув қилиб, кўтариб ҳам юрмас эдилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Намоз вақти кирганда таҳорат учун сув ахтариш вожиблиги.

2. Имкони бор одам суви йўқларга таҳорат учун сув топишга ёрдам бериши кераклиги.

3. Пайғамбар алайҳиссалом мўъжизалари ҳақлиги.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз зинҳор оқмай турадиган сувга сиймасин. Сўнгра унда ғусл қилади», дедилар».
Бир ривоятда: «Сўнгра ундан таҳорат қилади» ва яна бошқа бир ривоятда: «Оқмас сувга сийишдан қайтардилар
», дейилган экан.

Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда катта ва муҳим масала кўтарилмоқда. 

Ўша замонда ҳеч кимнинг эсига келмаган тиббий эҳтиёткорлик чоралари кўрилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор киши ҳам оқмай турган сувга сийиши мумкин эмаслигини қаттиқ тайинлаб айтмоқдалар. 

Замон ўтиши билан илм-фан, хусусан, тиббиёт ривожланиб, одамлар бу таъкид маъносини энди тушундилар. Инсон сийдигида турли зарарли моддалар бўлар экан. Ана ўша сийдик орқали сувга аралашиб қолган зарарли моддалар бу сувни истеъмол қилган, ундан таҳорат ёки ғусл қилган кишиларга зарар етказиши мумкин экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Оқмай турган сувга сийиб бўлмаслиги.

2. Оқмай турган сувга сийилса ёки нажосат тушса, ундан таҳорат қилиб бўлмаслиги.

3. Нопок сув ила таҳорат ёки ғусл қилиб бўлмаслиги.

4. Сийдик нажас ва зарарли нарса эканлиги.

Уламоларимиз ҳар қандай сувга сийиш яхши эмас, балки ҳаром эканини қаттиқ тайинлаганлар. Чунки сийдик нажас ва зарарли нарса. Ундан доимо эҳтиёт бўлиш керак. Ҳадиси шарифда эса Арабистон ярим ороли шароитидан келиб чиқиб айтилган. У ерларда оқар сувнинг ўзи йўқ.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«У киши: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга «фарақ» деб аталадиган мис идишдан ғусл қилар эдим», деганлар.
Яна бир ривоятда: «Икковимиз ҳам жунуб эдик
», дейилган. 

Икки ҳадисни бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Оиша онамиз васф қилган «фарақ» деб аталувчи мис идишга ўн олти ратл сув сиғар экан (олти ярим литрдан кўпроқ). 

Фарақ маълум бир идишга қўйилган ном бўлмай, ўн олти ратл сув сиғадиган мис идиш Ҳижозда шу ном билан юритилади. 

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинаётган бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинларидан бошқа киши била олмайдиган нарса – жунуб ҳолидаги эр-хотин бир идишдан ғусл қилишлари жоизлиги масаласи ривоят қилинмоқда. Мўминлар оналарининг асосий хизматларидан бири ҳам шу. Эр-хотин орасида бўладиган шариат ишларини Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўриб-билиб, Ислом умматига ривоят қилиб бериш ҳам катта хизмат саналади. Ҳадисдан олинадиган фойда очиқ-ойдин кўриниб турибди.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«У киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида эркак ва аёллар – ҳамма бир идишдан таҳорат қилар эди. Унга қўлимизни солиб олар эдик», дедилар». 

Бухорий, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида кўрган нарсаларидан бирини ривоят қилмоқдалар. Унда айтилишича, эркак ва аёллар аралаш бир идишдан таҳорат қилишар экан. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бу иш шариатимизда аёлларга ҳижоб фарз қилинишидан олдин бўлган. Ҳижоб фарз бўлганидан кейин эса, номаҳрам эркак ва аёллар аралашиб бир идишдан таҳорат қилишлари мумкин бўлмай қолган. Маҳрамлар бўлса, бўлаверади.

Демак, ушбу ривоятни ўқиб олиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида эркак ва аёллар аралаш ҳолда бир идишдан таҳорат қилган эканлар, нима учун биз қилмаймиз, дейишимиз тўғри бўлмайди.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинларидан бирлари бир катта тоғорада ғусл қилди. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшандан таҳорат ёки ғусл қилиш учун келдилар. У:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен жунуб эдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, сув жунуб бўлмайди», дедилар
». 

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда аёл киши ғусл учун фойдаланган сувдан қолган сув билан эркак киши таҳорат ёки ғусл қилса бўлиши ҳақида сўз бормоқда. Ҳадиснинг лафзидан, зикр қилинган онамиз тоғоранинг ичига тушиб ғусл қилганлару, кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша сувни ишлатмоқчи бўлганлар, деб тушунмаслик кераклигини жумҳур уламолари таъкидлаганлар. Онамиз тоғорадаги сувдан олиб, ғуслга ишлатганлар. Албатта, шу аснода қўллари идишдаги сувга теккан бўлиши керак. Шу ва шунга ўхшаш бошқа омилларга кўра энди қолган сувни ишлатиб бўлмаса керак, деган фикр туғилгани учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сувни ишлатмоқчи бўлганларида: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен жунуб эдим», деганлар. Ана шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, сув жунуб бўлмайди», деб ҳукмни баён қилганлар. Демак, жунуб одам теккан ёки олиб ишлатганидан қолган сув нопок бўлиб қолмайди.

Баъзи кишилар бу ҳукмни тушунмай, жунуб одам ҳеч нарсага яқин келиб бўлмайди, деб ўйлайдилар. Ўзларича турли қийинчиликлар келтириб чиқарадилар. Бундай ишлар тўғри эмаслигини бу ривоятдан кўриб турибмиз. 


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз жунуб ҳолида оқмас сувда ғусл қилмасин», дедилар. Биров:
«Эй Абу Ҳурайра, қандоқ қилади?» деди. У:
«Ундан қўли билан олади», деди
». 

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан оқмас сувга тушиб, ғусл қилиш мумкин эмаслиги маълум бўляпти. Чунки оқмас сув ичида туриб жунуб ҳолидаги одам ғусл қилса, у сувни таҳоратга ва ғуслга ишлатиб бўлмай қолади. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шу ҳадисни ривоят қилганларида бир киши: 

«Эй Абу Ҳурайра, қандоқ қилади?» деб сўрабди. Яъни жунуб киши оқмас сувдан ғусл қилмоқчи бўлса, нима қилади, демоқчи. Шунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: 

«Ундан қўли билан олади», дебдилар.

Албатта, бу ўша вақтнинг тушунчаси ва шароитидан келиб чиққан гап. Ҳозир ғусл қилмоқчи бўлган кишига турли қулайликлар мавжуд. Ақалли сув оладиган идиши бўлади. Лекин барибир ҳукм ўрганилаверади. Чунки у ҳеч қачон фойдадан холи эмас.

Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Оқмас сувда жунуб одамнинг ғусл қилиши мумкин эмаслиги (Шариат кўрсатганидан катта оқмас сувлар бундан мустасно).

2. Бир одам маълум ҳукмни баён қилгач, савол пайдо бўлиб қолса, сўраши лозим.

3. Оқмас сувда жунуб одам ғусл қилса, уни таҳорат ёки ғуслга ишлатиб бўлмай қолиши.

4. Жунуб одам оқмас сувдан олиб, бошқа жойда ғусл қилмоғи жоиз.

Бу ўринда жунубни зикр қилишдан мурод унинг иши қаттиқ бўлганидан. Аслида эса, оқмас сувда жунуб бўлмаган одам ҳам ғусл қилиши мумкин эмас. Чунки ғусл қилиш билан сувнинг ифлосланиши турган гап.


Кабша бинти Каъб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«У киши айтадилар:
«Абу Қатода (уйимизга) кирди. Мен унинг таҳоратига сув қуйиб бердим. Бас, бир мушук келиб, ундан ичди. У эса унга ичиб олиши учун идишни энгаштириб тутди. Бас, у ўзига назар солаётганимни кўрди ва:
«Эй биродаримнинг қизи, ажабланяпсанми?» деди. Мен:
«Ҳа», дедим. У:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, у (мушук) нажас эмас, у сизларнинг атрофингизда айланиб юрувчилардандир», деганлар, деди
».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Кабша бинти Каъб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинмоқда. Аввал у киши билан танишиб олайлик:

Кабша бинти Каъб розияллоҳу анҳо Каъб ибн Молик Ансорий Хазражий розияллоҳу анҳунинг қизлари бўладилар. Оталари Каъб розияллоҳу анҳу машҳур саҳобийлардан. Кабша розияллоҳу анҳо Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳуга турмушга чиққан эдилар. У киши ушбу ҳадислари билан машҳурдирлар.

Ривоятда исмлари келган Абу Қатода розияллоҳу анҳу Кабша розияллоҳу анҳога қайната бўладилар. Абу Қатода у кишининг куниялари бўлган, исмлари Ҳарс ибн Робъи Ансорийдирлар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг отларига қарайдиган бўлганлар.

Демак, бу ривоятда келган ҳодиса қайната билан келин орасида бўлиб ўтган. Бу ҳақда Кабша розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар: 

«Абу Қатода (уйимизга) кирди. Мен унинг таҳоратига сув қуйиб бердим». 

Арабларда қайнатам, қайнанам каби сўзлар кам ишлатилади. Улар кўпроқ исмни ёки кунияни ишлатишга одатланганлар. Кабша розияллоҳу анҳо ҳам қайноталарини кунияси ила атамоқдалар. Демак, Абу Қатода розияллоҳу анҳу уйга кириб, таҳорат қилмоқчи бўлганлар ва келинлари Кабша розияллоҳу анҳо у кишига таҳорат суви қуйиб берганлар. Бу ўша вақтдаги мўмина-муслима келинларнинг одоб-ахлоқлари, қайноталарини ҳурмат қилишлари, уларнинг хизматларини қилишларидан далолат беради.

«Бас, бир мушук келиб, ундан ичди. У эса унга ичиб олиши учун идишни энгаштириб тутди». 

Мушук келиб, таҳорат учун тайёрланган сувдан ичмоқчи бўлди. Абу Қатода розияллоҳу анҳу мушук сув ичиши осон бўлсин учун идишни энгаштириб унга тутди.

«Бас, у унга назар солаётганимни кўрди ва:

«Эй биродаримнинг қизи, ажабланяпсанми?» деди. Мен: 

«Ҳа», дедим». 

Шу ерда ҳам келиннинг одоби зоҳир бўлмоқда. Кабша бинти Каъб розияллоҳу анҳо қайноталари таҳорат сувини мушукка тутиб беришини кўриб, ҳозирги баъзи келинларга ўхшаб бидирлаб кетмадилар. Балки индамай, савол назари билан қараб турдилар. Қайнота ўз келини ажабланаётганини англаб: 

«Эй биродаримнинг қизи, ажабланяпсанми?» деди. Арабларда шунга ўхшаш «Эй биродаримнинг ўғли» истилоҳи ҳам кўп ишлатилади. Одобли келин гапни чўзмай, қисқа қилиб, «ҳа», деди. Бу ажабланишда: «Мушукка таҳорат сувини тутиб бериб, ундан қолган сув билан таҳорат қилса, бўлаверадими?» деган савол бор эди.

Абу Қатода розияллоҳу анҳу нима учун шундай қилганларини қуйидагича баён этиб бердилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, у (мушук) нажас эмас, у сизларнинг атрофингизда айланиб юрувчилардандир», деганлар», деди. 

Яъни, мушук уй ҳайвони бўлгани учун доимо атрофингизда айланиб туради, шунинг учун унинг оғзи теккан нарса нопок бўлиб қолмайди, деганидир.

Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Келинларнинг одоби ва қайнаталарига хизмат қилишлари лозимлиги.

2. Бировга бошқа одам таҳорат суви қуйиб бериши жоизлиги.

3. Одоб юзасидан савол бермай, савол назари билан қараб туриш, айниқса, келинлар учун яхши экани.

4. Савол назари билан қараб турган кишига жавоб бериш кераклиги.

5. Мушукнинг нажас эмаслиги.

6. Мушук теккан сувда таҳорат қилиш мумкинлиги.

7. Исломнинг мусулмонларга енгиллик яратиши.

Шу билан бирга, бу ва бошқа ҳадисларда мушук теккан сув ҳақидаги ривоятлар маълум ҳолатларга асосланганини ва мушук сичқон ҳамда унга ўхшаш нарсаларни ейиши эътиборидан уламоларимиз мушук теккан сув макруҳ, деганлар. Яъни, мушук теккан сувдан бошқа сув бўлса, ўша бошқа сувда таҳорат қилиш яхшироқ, деганлар.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«У киши айтадилар:
«Бемор бўлиб, ҳушсиз ётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Бас, таҳорат қилдилар ҳамда таҳорат сувларидан менга сепдилар ва мен ҳушимга келдим. Сўнгра:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мерос кимга тегади? Менинг меросим «калола»га қолмоқда», дедим. Шунда мерос ояти нозил бўлди
». 

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: «Калола» бу вафот этган кишининг бола-чақаси ва ота-онаси бўлмай, фақат сингилларининг мерос олишидир.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинаётган бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мутавозеликлари ва баракалари ҳақида, ҳатто у кишининг таҳоратларидан қолган сувда ҳам хайр-барака борлиги ҳақида сўз бормоқда.

Бемор ҳолда ётган Жобир розияллоҳу анҳуни кўриш учун келишлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан лутфу карам ва ўта мутавозеликдир. У ерда таҳорат қилиб, қолган сувдан беҳуш ётган Жобир розияллоҳу анҳуга сепишлари ҳам шунга далолат қилади. 

Ундан сўнг беҳуш ётган Жобир розияллоҳу анҳунинг хушларига келишлари эса, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баракаларидандир. Ҳушига келиши билан диннинг қайғусини қилиб, ўлсам меросимни ким олиши керак, деб сўрашлик Жобир розияллоҳу анҳунинг ўта тақводорликларидан дарак беради.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Катта ва раҳбар кишиларнинг ўзларига қарашли одамларни беморлигида кўргани боришлари фазилатли экани.

2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратларидан қолган сув баракали эканлиги.

3. Мусулмон киши ҳатто ўлганидан кейин ҳам орқасидан бировнинг ҳаққи поймол бўлмаслиги учун ҳаракат қилиши лозимлиги.

4. Мерос масаласининг ўта муҳимлиги.

5. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг саволлари Қуръон ояти нозил этилишига сабаб бўлгани.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳида илм билан бирга, тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлвориш каби сифатлар ҳам мужассам эди. У кишининг шахсий фазилатлари ҳақида давоми...

3552 16:07 / 02.04.2020
биринчи мақола Албатта, жамоат намози имомсиз бўлмайди. Шунинг учун намозда имом бўладиган шахс ҳақида кўпгина шаръий ҳукмлар келган. Имомликнинг тўғри бўлиши давоми...

3586 19:00 / 31.07.2022
Мероснинг арконлари учта1. Мерос қолдирувчи.2. Меросхўр.3. Мерос.Мероснинг шартлариМероснинг шартлари учта1. Мерос қолдирувчининг ҳақиқатда ўлиши ёки ўлими ҳақида давоми...

2460 14:22 / 17.01.2019
1. Маййитнинг кўзлари юмдирилади. 2. Маййитнинг жағи юмшоқ латта билан бошига тортиб, танғиб қўйилади. Шунда унинг кўриниши қўрқинчли бўлмайди ва оғзидан бирор давоми...

1620 19:00 / 12 январь