1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фароиз илми

05:00 / 18.01.2017 8459 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Фароиз» сўзи фарз сўзининг жамъидир. Фарз эса луғатда, ўлчов, кесиш ва баён қилиш маъноларини билдиради. Шариятдаги фарз амаллар ҳам ўлчоғлик, кесиб айтилган ва баён қилинган амаллар бўлгани учун фарз, деб аталган.

Меросни «фарз» деб айтилиши эса, меросни ўлчаш, шарият томонидан кесилган иш, баён қилиниб, ҳар бир меросхўрнинг ҳаққи аниқ кўрсатилгани учун бўлган.
Яъни: меросдан тегадиган маълум насибага ҳам «фарз», дейилади.
Мерос деганда луғатда ўлган одамнинг ортидан ундан қолган нарсани олишга бирор шахснинг қолиши тушунилади.
Фиқҳий тушунча бўйича маййитнинг ортидан шаръий ворисга қолган мол ва ҳуқуқларга мерос дейилади.
Мерос илми эса ҳар бир меросхўрнинг қолган меросдаги мол ва ҳуқуқлардан тегадиган насибасини аниқлаб берадиган фиқҳий ва ҳисобий қоидалардир.
Ҳанафий уламолардан Дуррул Мухтор китобининг соҳиблари илми меросни қуйидагича таърифлайдилар:
«Меросхўрлардан ҳар бирининг тарика ва ҳуқуқлардаги ҳаққини аниқлаб берадиган фиқҳ ва ҳисоб усулларини ўз ичига олган илм мерос илмидир».
Мерос илмининг асосий далил ва ҳужжатлари Қуръони Карим, Суннат ва Ижмоъдан олингандир. Бу илмда қиёсга ўрин қолмаган.
«Мерос» сўзининг луғатдаги яна бир маъноси, бир нарсанинг бир шахсдан иккинчи шахсга, бир қавмдан иккинчи қавмга ўтишни англатади.
Бу нарса фақат молга-мулкка тегишли бўлмай, илм, шону-шараф ва бошқа маъноларни ҳам ўз ичига олади.
Шаръий истилоҳда эса, «мерос» мулкиятни вафот этган шахсдан унинг тирик меросхўрларига ўтишини билдиради.
Мулкият - мол, кўчмас мулк ва шаръий ҳақ-ҳуқуқлар бўлиши мумкин.
Шаръий истилоҳда аввал ҳам айтилганидек ўлган кишининг ортидан қолган мерос – тарика – тарк қилинган нарса, дейилади.
Бунда, ўлган кишидан кейин қолган молу-мулк, кўчмас мулк, шаръий ҳуқуқлар, унинг қарзи каби нарсалар кўзда тутилади.
Ўлган кишидан қолган тарикага бир неча ҳақлар боғлиқ бўлади ва улар қуйидаги тартиб ила адо этилади:
1. Бир мусулмон одам вафот этганидан сўнг унинг тарикаси ҳисоб қилиниб биринчи уни кафанлаб кўмиш учун кетадиган сарфлар ажратилади.
Бунда унинг кафанлашга, ювишга, гўрини қазишга, олиб бориб кўмишга кетадиган харажатлар ўртача ҳисоб билан чиқарилади. Бу харажатлар учун кетадиган молда меросхўрларнинг ҳақи бўлмайди.
2. Ундан кейин одамлардан қарзи бўлса, ўша қарз учун бериладиган маблағ ажратилади.
Бу ҳам меросхўрларнинг ҳақидан устун ҳақ ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда:
«Мўминнинг руҳи то адо этилмагунча, қарзига боғлиқ бўлиб туради», деганлар.
Бошқа ҳадисларда айтилишича ҳатто маййит шаҳид бўлса ҳам қарзи туфайли ўз даражасига эриша олмай туради. Фақат, яқинлари унинг қарзини адо этганларидан кейингина шаҳидларга ваъда қилинган мартабаларга эришади. Шунинг учун ҳам қарз меросхўрлар ҳақидан устун қўйилади.
Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки. Қарз икки хил бўлади;
1. Бандалардан бўлган қарз.
Бунга олдин айтиб ўтган қарзлар киради.
2. Аллоҳдан бўлган қарз.
Аллоҳдан бўлган қарзга, берилмай қолган закот, каффорот ва назрларга ўхшаш нарсалар киради.
Агар тарика қолдирувчи ўлимидан олдин Аллоҳдан бўлган қарзларини ҳам адо қилиш ҳақида васият қилган бўлса, уларни ҳам адо этилади. Меросхўрларнинг бунда ҳам ҳаққи бўлмайди.
Агар маййит Аллоҳдан бўлган қарзларини ўташ ҳақида васият қилмаса нима бўлади? деган саволга ҳанафий мазҳаби уламолари, у қарзлар берилмайди. Чунки, улар молиявий ибодат эди. Ўлим ила ибодатлар соқит бўлади. Уларни ўз вақтида адо этмагани учун маййит гуноҳкор бўлади. Унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилинади. Хоҳласа азоблайди, хоҳласа кечиб юборади, дейдилар.
Бошқа мазҳаблар эса мазкур қарзлар ҳам тарикадан адо этилади. Чунки, бу қарзлар молга боғлиқ қарзларир, модомики мол бор эканми ундан адо этилиши керак, дейдилар.
3. Маййитнинг молиявий васиятларга сарф қилинади.
Агар васият қилинган мол миқдори меросга қолган мол миқдорининг учдан бирига ёки ундан оз миқдорига тенг бўлса.
Учдан бирдан кўп миқдорга васият ўтмайди. Қолган мероснинг учдан бир қисмигача миқдоридаги васиятни ҳеч кимдан сўрамай берилаверади. Аммо, учдан бирдан ортиғи меросхўрларнинг ҳаққи бўлади. Агар меросхўрлар рози бўлса васият қилинган хайрли ишга сарф қилинади, улар рози бўлмасалар сарф қилинмайди.
Бунга далил Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан олинган. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўз молларининг ҳаммасини садақа қилиш ҳақида васият қилмоқчи эканларини айтганларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат бермаганлар. Яриминичи? деб сўраганларида ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам изн бермаганлар. Учдан бириничи? деганларида:
«Учдан бири майли. Учдан бири ҳам кўп. Сен меросхўрларингни бой ҳолларида қолдириб кетмоғинг, уларни одамлардан тиланиб юрадиган ҳолларида қолдириб келтмоғингдан яхшидир», деганлар.
Ўлаётган одам, ўлим олдидан кўзига ҳеч нарса кўринмай, охиратни ўйлаб бору будурини садақа қилиб юборишга тайёр туради. Агар унинг васияти ўтадиган бўлиб қолса, меросхўрларга ҳеч нарса қолмаслиги аниқ бўлиб қолади. Бунда меросхўрларга зулм бўлади.
Бу ҳукм ила меросхўрларнинг ҳақлари ҳимоя қилинган. Шу билан бирга, молни топган шахснинг ўз ўлимидан олдин хайри-эҳсон қилиш ниятини бутунлай тўсмаслик мақсадида, тариканинг учдан бирига тенг миқдоридаги васияти амалга ошадиган қилиб қўйилган.
Тушуниш учун мисол келтирадиган бўлсак, бир одам вафотидан олдин мендан қоладиган ҳамма пулга масжид қурилсин, деб васият қилган бўлса, пули ўттиз минг чиқса, ўн минги масжидга ишлатилади, йигирма минги меросхўрларга бўлиб берилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида:
«Албатта, Аллоҳ таоло сизларга вафотларингиздан олдин, амалларингиз зиёда бўлиши учун, молларингизнинг учдан бирини садақа қилиб берди», деганлар.
4. Маййитнинг кўмиш харажатлари, қарзи ва васиятидан ортиб қолган молини меросхўрларига бўлиб берилади.
Бунинг учун кимлар мерос олиш ҳаққига эга ва меросхўр-лиги қай даражада эканини билиб олишимиз керак бўлади.

МЕРОС ОЛИШ ҲАҚҚИ

Мерос олиш ҳаққи уч хил сабаб ила собит бўлади:
1. Насаб йўли билан.
Ота-она, фарзандлар, ака-ука, опа-сингил ва амакилар ва бошқа тоифалар шунга кирадилар. Бу тоифани уламолар ота-она ва уларга мансуб кишилар, деб ҳам айтадилар.
2. Никоҳ йўли билан ҳам мерос олиш ҳаққи собит бўлади.
Тўғри, шаръий йўл билан никоҳла боғланган шахслар орасида ҳам бир-биридан мерос олиш ҳаққи собит бўлади. Фосид ва ботил никоҳ туфайли мерос олиш ҳаққи собит бўл майди.
3. Қул озод қилиш туфайли.
Илгариги вақтда озод қилинган қул вафот этса-ю меросхўри бўлмаса, ундан қолган меросга уни озод қилган киши ҳақли бўлган. Чунки, бу киши яхшилик қилиб марҳумни қулликдан озод қилган эди.
Ушбу уч тоифада зикр этилган меросхўрларнинг меросхўрлик даражаси турлича бўлади.

МЕРОСХЎРЛИК ДАРАЖАЛАРИ

1. Фарз эгалари.
Қуръон, Суннат ёки Ижмоъда ҳиссаси очиқ ойдин белгилаб қўйилган меросхўрлар, фарз эгалари, деб номладилар. Меросни бўлиш айнан ушбу тоифадан бошланади.
2. Насабий асабалар.
«Асаба» деганда кишига энг яқин эркак қариндошлар тушунилади. Мерос бобида, ўзи ёлғиз бўлса фарзлардан қолганни олишга ҳақли, ўғил, ўғил невара, туғишган ака, амаки кабиларга «асаба» деб айтилади.
Мерос бўлиш қоидасида ҳам фарз эгаларига ҳақлари бериб бўлингандан кейин асабаларга берилади.
3. Эр-хотиндан бошқа, фарз эгаларига, ҳақларидан ташқари меросдан ортиб қолган молни қўшимча тақсимлаш.
Мерос фарз эгаларига тақсим қилингандан кейин ҳам ортиб қолса, асаба олишини олдин айтдик. Лекин, асаба бўлмаса, ортиб қолганни ҳам фарз эгалари яна ўз ҳиссаларига биноан бўлиб берилади. Аммо, ортиб қолганни қайтадан бўлишда эр ва хотин ҳақ олмайди. Чунки, улар орасидаги алоқа никоҳ алоқасидир.
4. Аёл томондан бўлган қариндошлар.
Бу тоифадаги қариндошларга фарз эгалари ҳам, асаба ҳам бўлмаган, тоға, хола, амма, қизнинг ўғли, қизнинг қизи кабилар кирадилар.
Вафот этган кишининг фарз эгаси бўлган ёки асаба ҳисобланган қариндошлари бўлмаса унинг меросини аёл томон қариндошлари оладилар. Бу ҳукмга Шофеъий мазҳаби мувофиқ бўлмаган.
5. Эр ва хотинга қайтариш.
Эр ёки хотин вафот этса-ю, унинг орқасидан бошқа ҳеч бир меросга ҳақдор қариндош қилмаса, мероси ортидан қолган эри ёки хотинига қайтарилади.
Мисол учун, бир эр вафот этди. Ортидан хотинидан бошқа ҳеч ким қолмади. Хотин қолган мероснинг тўртдан бирини фарз эгаси сифатида олади. Қолганини эса, бошқа меросхўрлар бўлмагани туфайли қайтариш ила олади. Шунингдек, хотин ўлиб, ортидан эридан бошқа ҳеч кими қолмаса, эр мероснинг ярмини фарз эгаси сифатида олади. Қолганини эса, бошқа меросхўр бўлмагани туфайли қайтариш ила олади.
6. Аввал қул бўлиб, кейин озод қилинган киши вафот этсаю, меросхўрлари бўлмаса, уни озод қилган киши меросини олади. Албатта, бу ҳолат ҳозир йўқ.
7. Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳаблари бўйича меросхўри йўқ одам молини бировга берилишини васият қилган бўлса, ўша кишига берилади.
8. Байтул мол.
Агар бир киши вафот этса-ю, ортидан юқорида зикр этилган меросхўрлардан ҳеч бири қолмаса, унинг қолдирган моли Байтул молга топширилади.

МЕРОСНИНГ АРКОНЛАРИ

Мероснинг арконлари учтадир:
1. Мерос қолдирувчи.
2. Меросхўр.
3. Мерос

МЕРОСНИНГ ШАРТЛАРИ

Мероснинг шартлари учтадир:
1. Мерос қолдирувчининг ҳақиқатда ўлиши ёки ўлими ҳақида ҳукм чиқиши.
Инсон тирик бўлган чоғида ўз молида ўзи тасарруф қилади. Шунинг учун унинг моли бировга ўтиши мумкин эмас. Фалончи ўлим тўшагида ётибди, бари-бир ўлади, келинглар меросини ҳозироқ бўлиб қўяйлик, деб бўлмайди. Ҳақиқатда вафот этганидан сўнггина меросини бўлиш мумкин, фақат ўшандагина мулк мерос қолдирувчидан меросхўрларга ўтади.
«Ўлими ҳақида ҳукм чиқиши» бир одам ўлгани ҳақида гумон бору, ўлигини биров кўрмаган, бу ишни маҳкамада кўриб чиқилади, агар қози барча маълумотларни ўрганиб чиқиб, бу одам ўлган бўлиши керак, деб ҳукм чиқарса, унинг моли мерос тариқасида бўлинади.
2. Мерос қолдирувчи ўлган пайтда, меросхўрлар тирик бўлиши. Бу дегани, икки бир-биридан мерос олишга ҳақли киши бир вақтда вафот этсалар, бир-бирларидан мерос олиши мумкин эмас, деганидир.
Бундоқ ҳолатлар, одатда фожиали ҳодисалар пайтида бўлади. Уй босиб қолиши, сувга ғарқ бўлиш ва бошқа фалокатларда бир оиладан, бир уруғдан бир неча киши бирданига вафот этиши мумкин. Ана ўша кишиларда бир-биридан мерос олиш имкони йўқ бўлади. Агар бир одам вафот этса, отанинг меросидан олиб ундан кейин ўлган ўғлининг молига қўшилади ва меросхўрларга бўлиб берилади.
Шунингдек, жон кирган ҳомиладаги бола туғулгунича кутиб турилади, чунки, унинг жони бўлгани учун меросда ҳаққи бор. Мисол учун, бир киши вафот этди. Унинг хотини ҳомиладор. Ўша ҳомила туғилгунча кутиб турилади. У туғилганидан кейин ўғил ёки қизлигига қараб туриб мерос бўлинади.
3. Қариндошлик ва мерос олиш ҳаққи билиниши.
Мерос бўлувчи киши меросхўрларнинг ҳар бирини мерос қолдирувчи учун қандоқ қариндош эканини аниқ билиб олиши лозим. Меросга ҳақли қариндошми, йўқми эканини билиб, меросга ҳақлиларни ажратиб олади. Кейин, қариндошлик даражасини ўрганади. Мисол учун, туғишган аками, ота бирми ёки она бирми эканини билиши зарур. Бунга ўхшаш маълумотлар мерос бўлиш учун жуда ҳам зурур.
Мазкур маълумотлар тўплаганидан кейин, меросхўрликка даъвогарларни саралаш бошланади. Чунки, қариндошлардан баъзилари мерос олиш ҳаққи ман қилинган бўлишлари ҳам мумкин бўлади.

МАВОНИЪУЛ ИРС – МЕРОСДАН ТЎСУВЧИ НАРСАЛАР

Ҳанафий уламоларимиз меросдан ман қилиниш ҳақидаги барча ҳужжат ва далилларни диққат билан ўрганиб чиққанларидан кейин меросдан ман қиладиган нарсалар қуйидагилардан иборат эканини баён қилганлар;
1. Қатл.
Мукаллаф – шаръий амалларни бажариши лозим бўлган оқил болиғ ва ҳур кишининг мерос қолдирувчини ноҳақдан ва узрсиз қасддан ўлдириши бу мавзуда қўзда тутилган қатл бўлади. Бунда шахсан ўзи ўлдирган бўлса ҳам, бировга шерик бўлиб ўлдиришда қатнашса ҳам бари бир. Ота боласини ўлдирса ҳам меросдан ман қилинади. Гарчи боласини ўлдирган отани қасос учун ўлдирилмаса ҳам.
Агар меросхўр ўзига мерос қолдирувчи шахсни ўлдиришни бошқа одамга амр қилса ҳам, тарғиб қилса ҳам, ёрдам берса ҳам, ёлғон гувоҳлик бериб мерос қолдирувчи устидан ўлим ҳукмининг чиқишига сабаб бўлса ҳам меросдан ман қилинади.
Агар балоғатга етмаган ёш бола, мажнун шахс ва эси паст одам ўз меросхўрининг ўлимига сабаб бўлсалар меросдан ман қилинмайдилар. Чунки улар мукаллаф эмаслар.
Ўз меросхўрини ҳақ ила қатл қилган қотил меросдан ман қилинмайди. Мисол учун шаръий маҳкама қарорига биноан қасос учун – бировнинг ўлдиргани учун қатл қилиш. Шунингдек ўзини ҳимоя қилароқ қатл қилиш каби ҳолатларда қотил меросдан ман қилинмайди.
2. Мерос қолдирувчи билан меросхўрнинг дини икки хил бўлиши.
Мусулмон одамдан мусулмонмас одам мерос олмайди. Шунингдек, мусулмон одам мусулмонмас одамдан мерос олмайди.
Муртад – Исломдан чиққан одам мусулмондан мерос ола билмайди. Мусулмон кишининг ўзининг муртад бўлган яқинидан мерос олиши ҳақида уламоларимиз бироз тафсилотларни баён қилганлар.
Агар муртад эркак киши бўлса, унинг мусулмонлик ҳолида топган молларини мусулмон меросхўрлари тақсимлаб олсалар бўлади. Муртадлик ҳолида топган моллари эса байтул молган қолган.
Агар муртад аёл киши бўлса, унингмеросини мусулмон қариндошлари тақсимлар оласалар бўлади.
Зиндиқ – сиртидан мусулмон бўлиб кўринса ҳам ичида Исломга қарши бўлган, унга қарши иш олиб борадиган одамнинг мероси бобидаги масаласи худди муртаднинг масаласига ўхшайди.
3. Қуллик.
Қул бўлган эркак ва аёллар бировдан мерос олмаганлар ва уларнинг мероси ҳам бўлмаган. Чунки ўша вақтнинг таомулига кўра уларнинг моли мулки бўлмаган. Аксинча уларнинг ўзлари бировнинг мулки бўлганлар.
4. Ватаннинг икки хил бўлиши.
Бу масала асосан мусулмон диёрда яшайдиган ғайримусулмонларга оид бўлгандир.
5. Мерос қолдирувчи ва меросхўрнинг қай бири олдин ўлганини билиб бўлмаган ҳолда. Мисол учун мерос қолдирувчи билан меросхўр бирданига сувга оқиб, том босиб ёки шунга ўхшаш ҳолатда ҳалок бўлдилар. Улардан қай бири олдин ўлгани маълум эмас. Шунда улар орасида мерос олди бердиси бўлмайди. Аммо иккисидан бири кейин ўлгани маълум бўлса, олдин ўлганидан қоладиган меросдан бўладиган ҳақини кейингисининг меросига қўшиб меросхўрларига тақсимланади.
6. Меросхўрни аниқлаб бўлмаганда.
Бу ҳол бир неча кўринишда бўлиши мумкин;
- Бир аёл ўз боласи билан бошқа бировнинг боласини ҳам эмизар эди. Аёл вафот этиб икки гўдакдан қай бири ўзиники, қай биров бошқа одамники эканлигини билинмай қолди. Шунда икки бола ҳам мазкура аёлдан мерос олмайди.
- Бир аёл иккита болани эмизган. Улардан бири мусулмоннинг боласи, иккинчиси ғайримусулмоннинг боласи. Кейинчалик улардан қай бири мусулмоннинг боласи, қай бири ғайримусулмоннинг боласи эканлиги номаълум бўлиб қолса меросдан ман қилинадилар.
7. Пайғамбарлик.
Пағамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларига биноан у зотдан мерос қолмаган.
8. Лиъон.
Бир одам зино қилганидан шубҳа қилиб ўз хотини билан қозининг олдида лиъон – лаънат айтишиб ажрашган бўлса ва унинг ҳомласи ўзидан эмаслигини айтган бўлса, туғилган бола ҳалиги одамдан мерос олишдан ман қилинади. Чунки эркак уни менинг болам эмас демоқда.
9. Зино.
Зинокор экак ўзидан бўлган болани тан олса ҳам, бола ундан мерос олмайди.

ҲАЖБ – МЕРОСНИ ТЎСУВЧИ НАРСАЛАР

Меросдан тўсилиш арабчасига – ҳажб – деб, мерос олишдан тўсилган шахс эса – маҳжуб – деб номланади.
«Ҳажб» деб мерос қолдирувчига яқинроқ бўлган меросхўр борлиги туфайли ундан узоқроқ меросхўр мерос ола билмай қолишига айтилади.
Мисол учун, бобо меросхўрдир, аммо у ота бўлмаган ҳолдагина мерос олиш ҳақига эга. Агар маййитнинг отаси бўлса, у мерос олади ва бобоси мерос ола билмайди. Шунингдек, туғишган ака бўлса ота бир ака мерос ола билмайди.
Ушбу зикр қилинаётган дақиқ нарсалар мерос бўлиш ишига ўз таъсирини кўрсатиши турган гап.
Уламоларимиз бу масалани тушунтириш учун баъзи бир мисоллар ҳам келтирадилар.
1. Бир киши вафот этди. Ортидан хотини, туғишган акаси ва уни ўлдирган ўғли қолди.
Қотил ўғил меросдан маҳрум қилинади.
Хотин худди ўғил йўқлигидагидек тўртдан бирни олади.
Туғишган ака эса, мероснинг қолганини олади.
Агар худди шу ҳолда ўғил қотил бўлмаса, хотин саккиздан бир олади, қолганни ўғил олади, туғишган ака ҳеч нарса олмайди.
Ўғил туғишган акани тўсади ва хотиннинг улушини тўртдан бирдан, саккиздан бирга туширади.
2. Бир одам вафот этди. Ортидан ота-онаси ва туғишган ака-укалари қолдилар.
Она мероснинг олтидан бирини олади.
Ота мероснинг қолганини олади.
Туғишган ака-укалар ота тўсиқ бўлгани учун ҳеч нарса ола билмайдилар. Шу билан бирга туғишган ака-укалар онанинг ҳаққини қисман тўсадилар. Агар туғишган ака-укалар бўлмаганларида она учдан бирни олар эди. Улар бўлгани учун ҳаққи қисман тўсилиб олтидан бир олди.
Ҳажб ман қилиш эмаслигини тушунишимиз лозим. Ман қилишда меросхўр меросдан тамоман ман қилинади. Буни аввалги сатрларда ўргандик. Ҳажбда эса ўртаган бирор бошқа меросхўр тушиб қолгани сабабли тўсилиб қолади.
Шунинг учун ҳам уламоларимиз ҳажбни меросхўрни монеъ сабабидан эмас, ўртага ундан кўра маййитга яқинроқ меросхўрни тушиб қолиши сабабидан меросдан тўсилишидир, деб таърифлаганлар.
Ҳажб иккига; ҳажби нуқсон ва ҳажби ҳирмонга бўлинади.
Ҳажби нуқсон – камайтириш тўсишида меросдан тегадиган кўп улуш озга айланиб қолади.
Мисол учун эр хотиннинг боласи бўлмаса, унинг меросининг яримини олади. Аммо хотиннинг боласи бўладиган бўлса, эрга мероснинг тўртдан бири тегади. Бундан хотиннинг боласи эрни ҳажби нуқсон билан тўсган ва меросдаги улушини камайтирган бўлади.
Ҳажби нуқсон фарз эгаларидан беш тоифада бўлади;
1. Эр хотиннинг ўша эрдан ёки бошқа эридан бўлган боласи туфайли яримдан чоракка тўсилади.
2. Хотин эрнинг ўша хотиндан ёки бошқа хотинидан бўлган боласи туфайли чоракдан саккиздан бирга тўсилади. Яъни, хотин ўлган эрининг боласи бўлмаса, мероснинг чорагини, боласи бўлса саккиздан бирини олади.
3. Ўғилнинг қизи маййитнинг ўз қизи туфайли яримдан олтидан бирга тўсилади. Маййитнинг бошқа меросхўрлари бўлмай ўғлининг қизи бўлса, у мероснинг ярмини олади. Агар маййитнинг ўз қизи ҳам бўлса, ўғлининг қизи мероснинг олтидан бири тегади.
4. Ота бир сингил туғишган сингил туфайли яримдан олтидан бирга тўсилади. Маййитнинг бошқа меросхўрлари бўлмай ота бир синглиси бўлса, у мероснинг ярмини олади. Агар маййитнинг ота ва она бир синглиси ҳам бўлса, ота бир синглиси мероснинг олтидан бири тегади.
5. Она мерос қолдирувчининг фарзандлари ва ака-ука ҳамда опа сингиллари туфайли учдан бирдан олтидан бирга тўсилади. Маййитнинг фарз соҳиби бўлган меросхўрларидан фақат онаси бўлса, унга меросдан учдан бир тегади. Агар она билан бирга маййитнинг фарзандлари ёки ака-ука ҳамда опа сингиллари бўлса, она учдан бир эмас олтидан бирни олади.
Ҳажби ҳирмон-маҳрум қилувчи ҳажбда меросхўр меросдан бирйўла маҳрум бўлади.
Мисол учун бобони ота, набирани ўғил, она бир акани ота бир ака ҳажби ҳирмон қилади. Унда ота борлиги учун бобо, ўғил борлиги учун набира ва ота бир ака борлиги учун она бир ака меросдан маҳрум бўладилар. Биринчилар бўлмаганида иккинчилар мерос олишлари мумкин эди.
Меросхўрлар ҳажби ҳирмонга нисбатан икки турга бўлинадилар;
Биринчилари ҳеч қачон ҳажби ҳирмонга йўлиқмайдиганлар. Буларга ота-она, ўғил-қиз ва эр-хотинлар киради. Булардан баъзилари ҳажби нуқсонга учрашлари мумкин, аммо ҳажби ҳирмонга учрамайдилар. Улар, албатта, мерос оладилар.
Иккинчилари ҳажби ҳирмон бўладиганлар.
Мазкурлар етти хил меросхўрлардир;
1. Бобо.
У ота билан ҳажби ҳирмонга учрайди.
2. Момо.
У она билан ҳажби ҳирмонга учрайди.
3. Ота бир она бир опа сингиллар.
Улар ўғил, ўғилнинг ўғли ва ота билан ҳажби ҳирмонга учрайдилар.
4. Ота бир опа сингиллар.
Улар ота бир она бир ака укалар ва икки ота бир она бир опа сингиллар билан ҳажби ҳирмонга учрайдилар.
5. Она бир ака укалар.
Улар ота, бобо, ўғил, қиз, ўғилнинг ўғли ва ўғилнинг қизи билан ҳажби ҳирмонга учрайдилар.
6. Ўғилнинг қизлари.
Улар ўғил, икки қиз ва улардан кўплар билан асабалари бўлмаса, ҳажби ҳирмонга учрайдилар.
7. Ўғилнинг ўғли.
У ўғил билан ҳажби ҳирмонга учрайди.

АСАБА

Мерос аввало Қуръонда келган фарз эгаларига бўлинади. Улардан ортиб қолгани энг яқин эркак қариндошга берилади.
Ана ўша эркак қариндош ёки қариндошларни «асаба» дейилади.
«Асаба» сўзи луғатда яқин турган, ёпишган, деган маънони англатади. Киши бошини маҳкам боғлаб олишига ишлатган боғичга ҳам шу сўз ишлатилади.
Шу маънода кишининг яқин эркак қариндошлари ҳам «асаба» дейилади. Чунки, унга нисбатан бирор хавф-хатар туғилганда ўша қариндошлар келиб уни ўраб туриб ҳимоя қиладилар. Ундан душманни даф қиладилар. Ўзларининг ҳаётларини хавф остига қўядилар. Шунингдек, молиявий тўловларга ожиз бўлиб қолса ҳам, ўшалар тўлайдилар. Шунинг учун ҳам улар меросга ҳақли бўлганлар.
Асабага ўғил, ўғилнинг ўғли, туғишган ака-ука, ота бир ака-ука ва туғишган амакилар киради.
Фароиз илми уламолари, асабани:
«Ўзи ёлғиз бўлса мероснинг ҳаммасини оладиган, фарз эгалари билан бўлса, қолганини оладиганлар», деб таърифлайдилар.
Асабанинг меросга ҳақдор эканлигига ушбу ҳадиси шарифдан ташқари ояти каримадан ҳам далил бор:
1. «Агар унинг боласи бўлса, у тарк қилган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмаса ва ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир».
Ушбу ояти каримада маййитнинг боласи бўлмай, унинг меросхўрлари фақат ота-онасидан иборат бўлганда онаси мероснинг учдан бирини олиши зикр қилинмоқда. Отанинг насибаси эса зикр қилинмаяпти. Демак, ота онадан қолганини ҳаммасини олади, бу–асаба, демакдир.
2. «Агар бир одам ўлса-ю, унинг боласи бўлмаса, сингилиси бўлса, бас у(сингил)га у тарк қилган нарсанинг ярими. Агар у (сингил)нинг боласи бўлмаса у (ака) унинг меросини олади».
Бу ояти каримада бир сингил вафот этиб ортидан ёлғиз акасигина қолса мероснинг ҳаммасини олиши айтилмоқда. Бу ҳам асаба, демакдир.
Асабалар уч хил бўлади:
1. Ўзи асаба.
Маййитга аёл орқали насаби қўшилмаган шахс.
2. Бошқанинг сабабидан асаба.
3. Бошқа билан бирга асаба.
Ўзи асаба бўлганлар тўрт жиҳатдан бўлади:
1. Ўғиллик жиҳатидан.
Бунга маййитнинг ўғиллари ва ўғилларининг ўғиллари киради.
2. Оталик жиҳатидан.
Бунга маййитнинг отаси ва отасининг отаси киради.
3. Ака-укалик жиҳатидан.
Бунга туғишган ака-укалар, ота бир ака-укалар, туғишган ака-укаларнинг ўғиллари, ота бир ака-укаларнинг ўғиллари киради.
Она бир ака-укалар ва уларнинг ўғиллари кирмайди. Чунки улар маййитга она томондан улашгандирлар.
4. Амакилик жиҳатидан.
Бунга ўз амаки, ота бир амаки, ўз амакининг ўғли ва ота бир амакининг ўғиллари киради.
Ўзи асаба бўлганлар юқорида зикр қилинган тартибда меросга даъвогар бўладилар. Улардан бирортаси бўлса фарз эгалари бўлмаса мероснинг ҳаммасини олади. Агар меросга қолган мол фарз эгаларидан ортмаса, асаба ҳеч нарса олмайди.
Мисол учун: «Бир аёл вафот этди. Орқасидан эри, туғишган синглиси ва ота бир акаси қолди. Унинг қолдирган мероснинг яримини эри, яримини туғишган синглиси олади. Ота бир акага ҳеч нарса тегмайди. Чунки, фарз эгаларидан ҳеч нарса ортиб қолмади.
Агар маййитнинг ортидан бир нечта ўзи асаба бўлган қариндошлар қолса уларни бир-биридан устунлигини ажратишнинг ўзига хос услуби бор.
Биринчи: Маййитга асабалик жиҳатидан устунлигини аниқлаш.
Бунда олдин ўғиллик, кейин оталик, ундан сўнг ака-укалик ва ниҳоят амакилик жиҳатлари туради.
Мисол учун маййитнинг ортидан ўғли, отаси, туғишган укаси ва амакиси қолди. Бу ҳолатда ўғил асаба бўлади. Ота фарз эгаси сифатида олтидан бир олади. Ўғил асаба сифатида қолганини олади. Туғишган ука ва амакига ҳеч нарса тегмайди.
Иккинчи: Асабаликни даражага қараб аниқлаш.
Агар маййитнинг асабалари кўп бўлса, бир жиҳатдан бўлганлар ҳам бир нечта бўлиб қолса, уларни даражасига қараб устунлиги аниқланади.
Мисол учун маййитнинг ортидан ўғли ва ўғлининг ўғли қолса, ўғил яқин бўлгани учун асаба бўлади.
Учинчи: қариндошлик қуввати ила устун қўйиш.
Маййитнинг қариндошлари ҳар томонлама тенг бўлиб қолса яқинлиги қувватлироқ бўлгани асаба ҳисобланади.
Мисол учун, бир киши вафот этди. Ортидан туғишган, ота бир, она бир укаси ва ота бир она бошқа укаси қолди. Булар иккови ҳам асаба, асабалик жиҳати ҳам бир ака-укалик. Аммо, мероснинг ҳаммасини туғишган ука олади. Чунки, унинг яқинлиги ота-бир, она бошқа укадан кўра кучли. Бундай солиштириш, фақат ака-укалик ва амакилик жиҳатларида бўлади, холос.
Оталик ва ўғилликда бу маъно бўлмайди.

БОШҚАНИНГ САБАБИДАН АСАБА БЎЛИШ

Бундоқ асаба тўрт хил бўлиб ҳаммалари аёллардир:
1. Сулбдан бўлган қиз, ўз акаси сабабидан асаба бўлади.
2. Ўғилнинг қизи, ўз акаси ёки амакисининг ўғли сабабидан асаба бўлади.
3. Туғишган синглиси, ўз туғишган акаси сабабидан асаба бўлади.
4. Ота бир синглиси, ота бир ака-укаси сабабидан асаба бўлади.
Ушбу тўрт тоифа аёл меросхўрлар ўз ака ёки укаларига қўшилиб асаба бўладилар ва улар билан биргаликда меросни бир эркакка икки аёл ҳиссаси, қоидасига биноан бўлишиб оладилар.
Бу асабадаги аёлларнинг бошқанинг сабабидан асаба, дейилиши, улар маййитга яқинликлари сабабидан эмас, балки бошқа, ўзи асаба бўлган шахснинг сабабидан асаба бўлганларидандир.

БОШҚА БИЛАН БИРГА АСАБА БЎЛИШ

Бундоқ асаба бўлиш фақат туғишган ва ота бир опа-сингилларга хос. Мерос қолдирувчининг туғишган ва ота бир опа-сингиллари, қизлари билан бирга асаба бўладилар, холос.
Бунга мисол Абу Мусо ал-Ашъарий ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳулар орасида бўлиб ўтган ўликнинг орқасидан бир қиз, бир сингил ва бир ўғилнинг қизи қолгандаги мерос бўлиш ҳодисаси. Ўшанда қизга ярим, ўғилнинг қизига учдан иккини тўлдириш учун олтидан бир берилган ва қолгани сингилга, дейилган эди. Мана шу асаба ҳисобланади.

ЗАВИЛ – АРҲОМ

Аёл томонидан бўлган яқинларни араб тилида завил- арҳом - раҳим эгалари, қўполроқ қилиб айтганда, бачадон эгалари, дейилади.
Бизда бу иборага қариндош, қорин орқали, яъни, она орқали яқин бўлган, маъноси тўғри келади. Лекин, ҳам ота, ҳам она томонидан бўлган яқинларга, қариндош деб, ўрганиб қолганмиз.

АВЛ МАСАЛАСИ

Мерос илмида авл тушунчаси ўзига хос аҳамиятга эга.
Авл сўзи луғатда ҳаддан ошиш маъносини англатади.
Мерос илм истилоҳида авл мерос тақсимланганда ҳақ эгалари улуши аслда бор улушлардан ошиб кетади.
Мисол учун бир аёл вафот этиб ортидан эри ва икки туғишган синглиси қолди.
Эрга мероснинг ярими тегади.
Икки туғишган синглисига мероснинг учдан иккиси тегади.
Бунда масаланинг асли олти улуш бўлади.
Эрга олтининг ярими-уч улуш тегиши лозим.
Икки туғушган сингилга олтининг учдан иккиси тўрт улуш тегиши лозим.
Эрнинг улуши учга, икки туғушган сингилларининг улуши тўртни қўшсак етти бўлади. Бошқача бўлиш мумкин эмас. Демак, бу масалада асл олти улушдан меросхўрларнинг ҳиссаси бир улушга ортиб кетди. Бу ҳолатда аслни ташлаб авлга ўтилади. Қолган меросни олти улушга эмас, етти улушга тақсимланади.
Авл масаласи бўйича биринчи бор ҳукм чиқарган шахс Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бўлганлар. У кишига эр ва икки туғушган сингил ҳамда эр, она ва туғушган сингил ораларида мерос тақсимлаш бўйича иккита масалар ориз келган. Шунда у киши бу масалани ечиш бўйича саҳобаларга маслаҳат қилганлар. Аббос ибн Абдулмуттолиб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумолар авл қилишга оид гапни айтганлар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу буни қабул қилиб, ҳукм чиқарганлар. Қолган саҳобалар бу ишни маъқуллаганлар. Фақат Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг вафотларидан кейин бошқача фикр айтдилар. У кишининг фикрича меросхўрларнинг энг заифи ҳақидан етмай қолган ҳисса олиб ташаланади.
Авл бўладиган ва бўлмайдиган масалалар
Масалаларнинг асли еттита бўлиб, улар; икки, уч, тўрт, олти, саккиз, ўн икки ва йигирма тўртдан иборатдир.
Мазкур етти масаладан тўрттаси; икки, уч, тўрт ва саккиз авл бўлмайди.
Авл бўлмайдиган масалалар
Асли икки бўлганда авл бўлмаслигига мисоллар;
- Аёл кишининг ортидан эри ва туғушган синглиси қолди.
Бунда масаланинг асли икки бўлади. Эрига бир, туғушган синглисига бир улуш тегади. Яъни, эрига ярим ва туғушган синглисига ярим.
- Аёл кишининг ортидан эри ва ота бир синглиси қолди.
Бунда масаланинг асли ҳам икки бўлади. Эрига бир, ота бир синглисига бир улуш тегади. Яъни, эрига ярим ва ота бир синглисига ярим.
Бу масалаларни мерос илм уламолари истилоҳида икки етим масала деб номланади. Чунки ушбу икки масаладан бошқа масалада фарз эгалари меросни тенг бўлиб олишлари учрамайди.
- Эр кишининг ортидан қизи ва асабалари қолди.
Бунда ҳам масаланинг асли икки бўлади. Қизга бир улуш-мероснинг ярими ва асабаларга бир улуш-мероснинг ярими тегади.
Асли уч улуш бўлган, авлсиз масалаларга мисоллар;
- Эр кишининг ортидан икки она бир биродари ва бир туғушган биродари қолди. Масаланинг асли учдан иборат бўлади. Икки она бир биродарга учдан бир ва туғушган биродарга қолган учдан икки тегади.
- Аёл кишининг ортидан икки туғушган сингил ва ота бир биродар қолди. Масаланинг асли учдан иборат бўлади. Бунда икки туғушган сингилга учдан икки ва ота бир биродарга учдан бир тегади.
- Эр кишининг ортидан икки туғушган сингил ва икки она бир сингил қолди. Масаланинг асли уч улушдан иборат бўлади. Бунда икки туғушган сингилга учдан икки ва икки она бир сингилга учдан бир тегади.
Асли тўрт улуш бўлган, авлсиз масалаларга мисоллар;
- Аёл кишининг ортидан эри, қизи ва асабалари қолди. Масланинг асли тўрт улушдан иборат.
Эрига тўртдан бир. Қизига ярим. Асабаларига қолгани. Эрга бир улуш, қизга икки улуш ва асабаларга бир улуш.
Асли саккиз улуш бўлган, авлсиз масалаларга мисоллар;
- Эр кишининг ортидан хотини, қизи ва асабалари қолди.
Хотинга саккиздан бир. Қизига ярим. Асабаларига қолгани. Масаланинг асли саккиз улушдан иборат. Хотинга бир улуш, қизга тўрт улуш ва асабаларга уч улуш.
- Эр кишининг ортидан хотини ва ўғли қолди.
Хотинга саккиздан бир. Ўғилга қолгани. Масаланинг асли саккиз улушдан иборат. Хотинга бир улуш. Ўғилга етти улуш.
Авл бўлмайдиган масалалар
Асли олти улушдан иборат масалаларга мисоллар;
- Эр кишининг ортидан момоси, она бир синглиси, туғушган синглиси ва ота бир синглиси қолди.
Момога олтидан бир. Она бир сингилга олтидан бир. Туғушган сингилга ярим. Ота бир сингилга олтидан бир.
Масаланинг асли олти улушдан иборат бўлади. Момога бир улуш. Она бир сингилга бир улуш. Туғушган сингилга уч улуш. Ота бир сингилга бир улуш. Авл йўқ.
- Эр кишининг ортидан момоси, икки она бир синглиси, туғушган синглиси ва ота бир синглиси қолди.
Момога олтидан бир. Икки она бир сингилга учдан бир. Туғушган сингилга ярим. Ота бир сингилга олтидан бир.
Масаланинг асли олти улушдан иборат бўлади. Момога бир улуш. Икки она бир сингилга икки улуш. Туғушган сингилга уч улуш. Ота бир сингилга бир улуш. Ҳаммаси бўлиб етти улуш. Авл бўлиб қолди.
Шунинг учун момога еттидан бир. Икки она бир сингилга еттидан икки, туғушган сингилга еттидан уч ва ота бир сингилга еттидан бир тегади.
Бу мисол асли олти бўлган масаланинг еттига авл бўлиши қандоқ эканлигини кўрсатди.
Асли олти бўлган масала саккизга ҳам авл бўлади.
Аёл кишининг ортидан эри, икки туғушган синглиси ва онаси қолди.
Эрига ярим.
Икки туғушган синглисига учдан икки.
Онага олтидан бир.
Масаланинг асли олти. Эрга уч улуш. Икки туғушган сингилга тўрт улуш. Онага бир улуш. Ҳаммаси саккиз. Бу ерда олтидан саккизга авл бўлди. Энди эрга саккиздан уч, икки туғушган сингилга саккиздан тўрт ва онага саккиздан бир.
Асли олти бўлган масала тўққизга ҳам авл бўлади.
Аёл ортидан эри, икки туғушган синглиси ва икки она бир синглиси қолди.
Эрига ярим.
Икки туғушган синглисига учдан икки.
Икки она бир синглисига учдан бир.
Масаланинг асли олти улуш. Эрга уч, икки туғушган сингилга тўрт ва икки она бир сингилга икки улуш тегиши лозим. Бунда ҳаммаси тўққиз улуш бўлади. Демак масала олтидан тўққизга авл бўлди.
Эрга тўққиздан уч, икки туғушган сингилга тўққиздан тўрт ва она бир сингилга тўққиздан икки улуш тегади.
Гоҳида асли олтидан бўлган масала ўнга авл бўлади.
Аёл кишининг ортидан эри, икки туғушган синглиси, икки она бир синглиси ва онаси қолди.
Эрига ярим.
Икки туғушган синглисига учдан икки.
Икки она бир синглисига учдан бир.
Онасига олтидан бир.
Эрга уч, икки туғушган сингилга тўрт, икки она бир сингилга икки ва онага бир улуш тегиши лозим.
Бунда улушлар сони ўнтага етади. Масала олтидан ўнга авл бўлди. Эрга ўндан уч, икки туғушган сингилга ўндан тўрт, икки она бир сингилга ўндан икки ва онага ўндан бир улуш тегади.
Бу масала мерос илмида «Шурайҳия масаласи» номи ила машҳурдир. Чунки бу масалани машҳур қози Шарайҳ ечганида қизиқ ҳодиса бўлган. Ўшанда ўндан уч улушни олган эр турли диёрларга бориб боласи йўқ хотин ўлиб ортидан эри қолса, меросдан қанча олади деб сўрай бошлади. Барча унга ярим деб жавоб берар эди. Эр эса Шурайҳ менга яримни ҳам, учдан бирни ҳам бермади, дер эди. Қози Шурайҳ уни ушлатиб келиб таъзирини берди ва унга «Нотўғри гап айтибсан. Авлни беркитибсан. Бу масалани мендан олдин одил имом Умар ибн Хаттоб ҳам ечган эди» деган.
Асли ўн икки бўлган масала ўн учга авл бўлади.
Эр кишининг ортидан хотини, икки туғушган синглиси ва она бир синглиси қолди.
Хотинига тўртдан бир.
Икки туғушган синглисига учдан икки.
Она бир синглисига олтидан бир.
Масаланинг асли ўн икки. Онага уч, икки туғушган сингилга саккиз ва она бир сингилга икки улуш тегиши лозим. Ҳаммаси ўн уч бўлади. Масала ўн иккидан ўн учга авл бўлди.
Онага ўн учдан уч, икки туғушган сингилга ўн учдан саккиз ва она бир сингилга ўн учдан икки улуш тегади.
Гоҳида масала асли ўн иккидан ўн бешга авл бўлади.
Аёл кишининг ортидан эри, икки қизи, онаси ва отаси қолди.
Эрига тўртдан бир (3).
Икки қизига учдан икки (8).
Онасига олтидан бир (2).
Отасига олтидан бир (2).
Масаланинг асли ўн икки эди. Аммо бу ҳолатда ўн бешга авл бўлди.
Гоҳида масала асли ўн иккидан ўн еттига авл бўлади.
Эр кишининг ортидан хотини, икки туғушган синглиси, икки она бир синглиси ва онаси қолди.
Хотинига тўртдан бир (3).
Икки туғушган синглисига учдан икки (8).
Икки она бир синглисига удан бир (4).
Онасига олтидан бир (2).
Масаланинг асли ўн икки эди. Аммо бу ҳолатда ўн еттига авл бўлди.
Асли йигирма тўрт бўлган масала йигирма еттига авл бўлади.

АСҲОБУЛ ФАРЗ - ФАРЗ ЭГАЛАРИ

Қуръон, Суннат ёки Ижмоъда ҳиссаси очиқ ойдин белгилаб қўйилган меросхўрлар, фарз эгалари, деб номладилар. Меросни бўлиш айнан ушбу тоифадан бошланади.
Мерос илмидаги ишлатиладиган қоидага биноан, меросга қолган молни тақсимлашда аввал фарз эгаларининг ҳақлари берилади. Сўнгра асабаларга берилади. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фароизларни ўз аҳлига эриштиринглар қолгани эса, эркак қариндошга», деганлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Силаи раҳмrdquo калимасини она тилимизга сўзмасўз ўгирадиган бўлсак, раҳмни боғлашrdquo деган маъно келиб чиқади. Раҳм эса қариндош дегани, она бачадонини ҳам давоми...

12437 05:00 / 17.02.2017
. ,. . . ,. . , . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Имом давоми...

2285 19:00 / 18.08.2022
. . .Ҳузайфа рукуъ ва саждаларини тугал қилмаётган бир кишини кўриб .Намоз ўқимадинг Агар ўлсанг, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни давоми...

3279 22:57 / 31.03.2022
3. Ўғилнинг қизи, ўғил набиранинг қизи ва ҳоказо.Бу бандда зикр қилинган меросхўрларнинг ҳолатлари олти хил бўладиБиринчисиМаййитнинг ортидан ўз қизи ёки ўғли давоми...

1398 11:08 / 25.02.2020