1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Зоҳидликнинг фойдаларидан

14:26 / 04.10.2017 3744 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Зоҳидлик Аллоҳ таолога тугал таваккулнинг намунасидир.

«Таваккул» луғатда «вакил қилиш» сўзидан олинган бўлиб, бир ишда бошқага суянишга далолат қилади. Яъни ўша ишда ўзи ожиз қолиб, бошқага эътимод қилиш таваккул қилишдир.

Аллоҳ таолога таваккул қилиш «Аллоҳ менинг ризқим ва ишимга Ўзи кафилдир», деб қаттиқ ишониш ва Ундан бошқани бунга вакил қилмасликдан иборатдир.

Таваккулни Ибн Ражаб «Жомеъул улум вал ҳикам» китобида қуйидагича таърифлайди:

«Таваккул дунё ва охират ишларида фойдани жалб ва зарарни даф қилиш бўйича Аллоҳ азза ва жаллага сидқидилдан суянишдир. Ишларнинг барчасини Унга ҳавола қилишдир. Ундан ўзгаси бирор нарсани бера олмаслигига, ман қила олмаслигига, зарар етказа олмаслигига ва фойда бера олмаслигига бўлган иймонни рўёбга чиқаришдир» (409-бет).

Журжоний «Таърифот»да:

«Таваккул Аллоҳнинг ҳузуридагига ишониш ва одамлар қўлидагидан ноумид бўлишдир», деган (74-бет).

Шу билан бирга, Аллоҳ таоло бандаларига амр қилган ва одат бўлиб қолган сабабларни ишга солишдир. Бунга: оч қолганда таом тановул қилиш, совуққотганда кийим кийиш, чанқаганда сув ичиш, бола кўришни истаганда оила қуриш, ҳосил истаганда уруғ сепиб, экин экиш, дарахт ва мева истаганда кўчат экиш каби нарсалар мисол бўлади.

Банда бу ишларни фақат Аллоҳ таолога суянган ҳолда қилади. Бошқа фикрга кетса, Аллоҳ таолога таваккул қилмаган бўлади.

Зуҳд айнан ушбу гўзал сифат – таваккулнинг тўлиқ юзага чиқиши васитасидир.

2. Зоҳидлик қалбда қаноатни ўстиради.

Оз насибага сабр қилиш «қаноат» дейилади.

Қаноат шубҳали ва ортиқча нарсаларга сабр қилишдан иборат бўлиб, охиратда савобга сабаб ҳам бўлади. Аллоҳ таоло тақсим қилган нарсага рози бўлган одам қаноат номли улкан сифат соҳиби бўлади. Қаноатли одам эса одамларнинг энг бойи бўлади.

Ушбу қаноат деб номланган олиймақом сифатнинг инсонда шаклланишига ва ўсишига айнан зуҳд сифати ёрдам беради.

3. Зоҳидлик мусулмонни вақтинчалик лаззатлардан доимий неъматлар томон буради.

Зоҳидлик деб аталган буюк сифатдан бебаҳра одамлар бу дунё ҳою ҳавасларига берилиб, шаҳват ва лаззат ортидан қувиб, ҳаётларини гуноҳ қилиш билан ўтказадилар ва жаҳаннамда ўша гуноҳларига яраша азоб чекадилар. Уларнинг фикри-зикри беш кунлик дунё ва унинг лаззатидадир. Шу билан овуниб, хотиржам бўлиб қоладилар.

Зоҳидлик сифати ила сифатланган зоҳид гуноҳ ишдан қўрқиб, ўзини четга олади, охират азобидан қўрқиб, ўзининг оний лаззатидан воз кечади. Бу эса мислсиз катта жасоратдир.

Аллоҳ таоло Ўзи учун кечилган оний ҳаром лаззатни жаннатдаги доимий ҳалол лаззатга алмаштиради. Мазкур қаҳрамонликни қилган одамни қиёмат куни Ўз соясига олади.

4. Зоҳидлик нафснинг шаҳватга интилишини жиловлайди.

Шаҳват нафснинг ўз табиатига ёққан нарсага интилишидир.

Шаҳватга берилиш қалбни бузадиган нарсаларнинг энг катталаридан биридир. Айнан шаҳватга асир бўлиш туфайли инсоннинг қалбига мавжудотларнинг сурати тамғаланиб қолади. Бунинг оқибатида қалбини моғор босиб, иши расво бўлади. Шаҳватлар қалбни кишанлаб қўяди. Шаҳватларга берилган шахснинг қалби улар билан кишанланиб қолиб, Аллоҳ таоло томон сафар қилишга тура олмай қолади. Агар бир иложини топиб, турса ҳам, юра олмайди.

Банданинг шаҳватга интилишини жиловлаш учун албатта зоҳидлик зарурдир.

5. Зоҳидлик мўминларга иффат ва поклик беради.

«Иффат» сўзи луғатда «қабиҳ нарсадан тийилиш» деган маънони англатади.

Ибн Манзур: «Иффат аслида қолдиқнинг ўрнига ўтадиган нарсани тановул қилиш ила кифояланишдир. Иффат ҳалол ва гўзал бўлмаган нарсадан ўзини тийишдир. Иффат ўта покликдир», деган.

Уламолар иффат ҳақида бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар:

Роғиб: «Иффат нафсда бир ҳолатнинг ҳосил бўлиши бўлиб, у ила шаҳватнинг ғалабасидан четланилади.

Иффат нафсни ҳайвоний лаззатлардан тийиб туришдир. У ҳаддан ошган нафси бузуқлик билан нуқсон ҳисобланган шаҳватсизлик орасидаги ўртача ҳолатдир», деган.

Жоҳиз: «Иффат нафсни шаҳватлардан жиловлаш, уни қаддини тутиб юришга ва соғлиқни муҳофаза қилишга етадиган нарса билан кифоялашдир. Барча лаззатли нарсаларда исрофдан четда бўлиб, мўътадиллик йўлини тутишдир. Кифояланган шаҳват ҳам мустаҳаб равишда ва уни қондиришга иттифоқ қилинган ҳамда ҳожат тушган вақтдагина бўлиши керак. Шу билан бирга, ундан кўпга ҳожат тушмайдиган миқдорда бўлиши лозим», деган.

Журжоний: «Иффат шаҳвоний қувватга оид ҳайъат бўлиб, у мазкур қувватнинг ҳаддан ошган ҳолатидаги фужур ва нуқсонга учраган ҳолатидаги турғунлик орасидаги ўртача ҳолатдир. Иффатли киши ишларни шариат ва мурувват асосида олиб борадиган одамдир», деган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Зуҳд ва ҳаё китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўн биринчи сабаб мусулмонни хорлаш нияти.Баъзи ярамас ва бадбахт одамларда мусулмонни хорлаш, унинг биродарлари қошидаги обрўсини камайтириш ва бадном қилишдек давоми...

3104 15:17 / 06.06.2018
Кирим инсоннинг ихтиёридаги нарса эмас. Аллоҳ ҳамманинг ризқини белгилаб қўйган. Чиқим эса банданинг ихтиёридаги нарсадир. Бир ҳунарманд шаҳар айланиб юрганида давоми...

5435 13:45 / 19.01.2018
.Тақво, луғатда .Аллоҳдан қўрқиш,, .буйруқларига бўйсуниш, ва .қайтариқларидан сақланиш, дейилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади .Албатта, Аллоҳ ҳузурида энг давоми...

3613 12:46 / 13.02.2018
У Зот сенга ўзинг сазовор бўлмаган мақтовни жорий қилса, сен У Зотни Ўзи сазовор бўлган нарса билан мақтагин.Ушбу ҳикматда одамларнинг мақтовига қандай давоми...

3258 16:57 / 06.05.2018