1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

ЯККА МУАЛЛИФЛАРНИНГ ЗАМОНАВИЙ КИТОБЛАРИ

05:00 / 18.01.2017 3420 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Замонавий фиқҳга оид китобларнинг якка муаллифлар томонидан ёзилганлари бир қанча. Уларнинг баъзилари ила танишиб чиқамиз

1. «Фиқҳус Сунна».
Бу китобнинг муаллифи бир вақтлар Мисрдаги ихвонул муслимийн ташкилотининг аъзоси бўлган Саййид Собиқдир. Кўпчилик уни бу ташкилотдан ажраб чиққунча ихвонларнинг муфтийси бўлган дейишади.
Саййид Собиқнинг бу китобнинг биринчи нашрига ёзган кириш сўзи 1365 ҳижрий сана, 15 Шаъбон куни эканлигидан китобнинг бошланғич тарихини билиб олса бўлади. «Фиқҳус Сунна»нинг муқаддимасида фиқҳнинг аҳамияти ҳақидаги сўзлар билан бирга фиқҳий мазҳабларга қарши қаттиқ ҳужумлар бор. Унда фиқҳий мазҳаблар тарихида бўлган нодир ҳолатлар умумий бало офат шаклида талқин қилинган ва бу нарса умматнинг ҳидоятдан мосуво бўлишига сабаб бўлганлиги айтилган.
Жумладан қуйидагиларни ўқиш мумкин.
«Мазҳабларга тақлид ва таассуб қилиш оқибатида уммат Китоб ва Суннат ҳадоятини йўқотди. Ижтиҳод эшиги беркилганлиги ҳақида сўз пайдо бўлди. Шариат фақиҳларнинг гапидан иборат бўлиб қолди. Фақиҳларнинг гапи шариат бўлиб қолди».
«Бунинг оқибатида уммат турли фирқа ва ҳизбларга бўлиниб кетди…». Шунингдек, бунинг оқибатида бидъатлар тарқалди, суннатнинг белгилари йўқолди».
Энг қизиғи «Фиқҳус Сунна»га тақриз ёзган Ихвонул муслимийн ташкилотининг асосчиси Ҳасан Банно Саййид Собиқни ва унинг «Фиқҳус Сунна»сини мадҳ қилгани билан фиқҳга ва ўтган фуқаҳоларга бир оғиз ҳам сўз тегизмаган.
«Фиқҳус Сунна» уч жуздан иборат. Муаллиф олдин масалани ва унинг ҳукмини зикр қилиб туриб унга Қуръон ва Суннатдан далил келтиради. Кўпчилик жойларда уламоларнинг қавлини келтирса ҳам кимники эканини айтмайди. баъзи жойларда уламолар айтишича, кўпчилик уламолар иттифоқ қилишча каби сўзларни ишлатади. Мужтаҳид уламоларнинг номлари ҳам аҳёнда зикр қилинади.
«Фиқҳус Сунна»нинг тартиби жуда ҳам яхши, сўзлари енгил кўп томондан ўқувчи учун осон бўлиши кўзда тутилган. Китоб ёзилган пайтда кўпчилик истаб турган нарсаларга катта аҳамият берилган. Шунинг учун бўлса керак «Фиқҳус Сунна» кўпчиликда, айниқса араб зиёлилари ичида катта шуҳрат топган. Уни қайта – қайта чоп қилинган. Ҳатто 1995 йилги «Дорул Фикр» нашри нусхасида «Фиқҳус Сунна»нинг шуҳратини «Тафсири Жалолайни» ва «Риёзус Солиҳийн»га тенглаштирилган.
Шу билан бирга бу китобни танқид қилувчилар ҳам оз эмас. Айниқса фиқҳий китобларни қайта ёзиш кўпайганидан, фиқҳнинг қадри қиммати кишиларга англатилганидан, кўпчиликнинг кўзи очилиб орадаги фарқни тушуниб боргандан ва мазҳабсизлик оқибатлари янгитдан аён бўлганидан кейин танқид яна ҳам кучаймоқда.
Ҳатто «ал-Фиқҳул Исламию ва адиллатуҳу» китобнинг соҳиби доктор Ваҳба Зуҳайлий «Фиқҳус Сунна»нинг номи ҳам хато эканлигини фиқҳ фақат суннатдан олинмаслигига ишора қилади.
Саййид Собиқнинг бошқа китоблари ҳам бор. Жумладан, «ал-Ақоид ал-Исломия» китоби ҳам кўп тарқалган.
2.«ал-Фиқҳул Исламию ва адиллатуҳу». 
Бу китобнинг муаллифи Суриялик машҳур олим доктор Ваҳба Зуҳайлийдир. У киши Дамашқ университети шариъат куллиясида фиқҳ қисмига кўпдан буён раҳбарлик қилади. Бир неча Ислом фиқҳи академияларининг аъзоси. Катта илмий анжуманларда фаол иштирок қилади.
Доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг «ал-Фиқҳул Исламию ва адиллатуҳу»дан бошқа китоблари ҳам бор.
1. Тафсири Мунийр.
Ўттиз икки жузли бу катта асар ўн олти жилдда нашр этилди.
2. Осорул ҳарби фил фиқҳил исламий.
Бир жилдли бу асарда жуда ҳам кўп маълумотлар келтирилган.
3. Усулул фиқҳил исломий.
Икки жилдли бу китобда усулул фиқҳ илми замонавий ва осон йўл ила баён этилган.
«ал-Фиқҳул Исламию ва адиллатуҳу»ни Доктор Ваҳба Зуҳайлий Дамашқдаги «Дорул Фикри» нашриёти таклифига биноан ҳозирги замон мусулмонларига шариат аҳкомларини кенг миқёсда тушунтириш мақсадида ёзган. Унда муаййан бир мазҳабга суянилмаган. Асосан тўрт мўътабар мазҳабга асосланган.
Доктор Ваҳба Зуҳайлий «ал-Фиқҳул Исламию ва адиллатуҳу»да далилларни Қуръони Карим, Суннати набавия ва мажтаҳидларнинг ижтиҳодлари ва ақлий далилиаридан олган.
Доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг фикрича Ким ислом фиқҳини фақат Қуръонга боғлаб қўйса исломни томирини қирққан бўлади ва ундоқ шахс ислом душманларига яқин бўлади. Ким ислом фиқҳини фақат суннатга боғлаб қўйса уни нуқсонга бурган ва унга ёмонлик қилган бўлади.
Доктор Ваҳба Зуҳайлий «ал-Фиқҳул Исламию ва адиллатуҳу» фақиҳлар далил қилиб келтирган ҳадисларнинг саҳлиги ва бошқа мартабада эканлигини, кимлар ривоят қилганини ҳам айтиб ўтган.
Китобда аввал умумий тушунчалар келтирилиб кейин тўрт мазҳабдан ҳар бирининг ўзига хос қарашлари алоҳида келтирилган.
«ал-Фиқҳул Исламию ва адиллатуҳу» асосан илмий ва воқеъий масалаларга аҳамият берилган. Фаразий ва воқеъликдан йироқ масалалар четлаб ўтилган. Гоҳида муаллиф гаплардан қай бири кучли эканига ишор қилиб ҳам ўтган.
«ал-Фиқҳул Исламию ва адиллатуҳу» тартиби гўзал, боблари жойида, усулби осон, тили равон замон талабига жавоб берадиган китобдир. Дастлабки нашрларида баъзи янги пайдо бўлган масалаларга ҳам эътибор берилган.
Аммо кейинги нашрларда «ал-Фиқҳул Исламию ва адиллатуҳу»га анча ўзгаришлар киритилди. Жумладан:
Жузъий ўзгартишлар киритилди ва янги тадқиқотлар қўшилди. Ислом фиқҳи академиялари қарорлари қўшилди.
«ал-Фиқҳул Исламию ва адиллатуҳу»нинг Янги нашрларидан бирига ёзилган муқаддимада Доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг ўзи китобнинг самараси ҳақида қуйидагиларни ёзади:
«Аллоҳга ҳамд бўлсинки, Ушбу китобим ўзининг Аниқлиги, ишончлилиги ва воқеълиги ила икки асосий ишга ўз ҳиссасини қўшди:
Биринчиси:
Мусулмонларни тўғри йўлга йўналтириш ва уларга Аллоҳнинг дин ива шариати аҳкомларини ўргатиш. Хусусан, илмлар аралаш – қуралаш бўлиб кетган, мутахассислик озайган, шаръий аҳкомлардага фатволар аниқ бўлмай қолган бир пайтда…
Бу китоб мазҳаблар сиртдан Исломга мансуб бўлган, аммо ўзлари ундан узоқ бўлган кишилар ҳамда ижтиҳод ва янгилашни даъво қилиб шаръий ҳукмларни тўғридан тўғри Қуръон ва Сунннатдан олишга уринаётганлар томонидан қаттиқ ҳужумга учраб турган бир пайтда фиқҳий мазҳабларга ёрдамчи бўлди. Ҳолбуки, мазкур кишилар далиллардан ҳуки чиқаришнинг энг бошланғич қоидаларини ҳам билмайдилар. Балки илмдан, шариат аслларидан ва араб тилидан мутлақо бегона кишилардир. Улар мазҳабларнинг фиқҳи жуда ҳам метин ва чуқур фиқҳ эканини билмайдилар ёки билишни истамайдилар.
Доктор Ваҳба Зуҳайлий «ал-Фиқҳул Исламию ва адиллатуҳу»нинг аввалида биринчи қисмни бошлашдан олдин икки юз саҳифалик фиқҳ ҳақидаги зарурий муқаддималарни келтирган.
«ал-Фиқҳул Исламию ва адиллатуҳу» китоби ҳақиқатдан ҳам таҳсинга сазовор китобдир. Аммо бир киши бир неча мазҳабни худди ўзидек қилиб баён этиши мушкул. Ҳозирги замон моликий фиқҳининг кўзга кўринган уламоларидан бири устозимиз шайх Тоййиб Абдулваҳҳоб Наъоснинг таъкидлашларича Доктор Ваҳба Зуҳайлий «ал-Фиқҳул Исламию ва адиллатуҳу»да моликий мазҳаби далилларини келтиришда нуқсонларга йўл қўйган. Гоҳида уларнинг далилларини тўлиғича келтирмаган.
3. «Эълоус Сунан».
Бу китобнинг муаллфи Зафар Аҳмад Усмоний бўлиб у киши Ҳиндистоннинг Дуюбанд шаҳрида ҳижрий сананинг 1310 да Робийъул Аввал ойининг 13 да туғилган. Диний илмларни ўша вақт ва ернинг кўзга кўринган уламоларидан, жумладан тоғаси Ҳакиймул Умма Муҳаммад Ашраф Али Таҳонавийдан олган. Турли илмлардан дарс берган.
Сўнгра тоғаси Ҳакиймул Умма Муҳаммад Ашраф Али Таҳонавий унга фатво ва дарсни топширган ҳамда «Эълоус Сунан» китобини ёзишни амр қилган. Зафар Аҳмад Усмоний «Эълоус Сунан»ни йигирма йил давомида ёзган. Бу китоб иккита муқаддимаси ила йигирма жуз бўлган.
Зафар Аҳмад Усмоний бошқа китобларни ҳам кўплаб ёзган. Баъзиларини эслаб ўтишимиз мумкин:
1. «Инжоул ватан анил издирои би имамиз заман».
Бу китобда Зафар Аҳмад Усмоний имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи, у кишининг шогирдлари ва издошларидан бўлган катта муҳаддис фуқаҳоларнинг таржимаи ҳолларини кенг равишда келтирган.
2. «Далоилул Қуръон ала масоилин Нўъмон».
Бу Жассоснинг «Аҳкомул Қуръони»га ўхшаш китобдир. Унинг номидан ҳам мақсад имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабига хизматлиги кўриниб турибди.
3. «Кашфуд дужа ан важҳир риба».
Рибо ва унга оид масалалар баёни.
4. «ал-Фатавий ал-Имдодия».
Зафар Аҳмад Усмонийнинг фатво сўраганларга берган жавоблари тўплами. Бу тўплаб етти жилдли бўлган ва тоғаси Ҳакиймул Умма Муҳаммад Ашраф Али Таҳонавий уни «Имдодул Аҳком фии масоилил Ҳалали вал Ҳаром» деб номлаган.
Зафар Аҳмад Усмоний роҳматуллоҳи алайҳи 1394 ҳ.с., Зул – Қаъда ойида вафот этган.
«Эълоус Сунан» Зафар Аҳмад Усмонийнинг бош асари ҳисобланади. Бу китобнинг учта катта муқаддимаси бўлиб уларнинг ҳар бири алоҳида катта китоб ҳисобидадир.
Биринчи муқаддиманинг номи «Қавоиду фии улумил ҳадис» бўлиб унда ҳадис илмига оид жуда ҳам кўп қоида ва фоидалар жамланган. У ўзига хос ягона турдаги китоб шаклига қалган.
Иккинчи муқаддима «Қавоиду илмил фиқҳи» деб аталади ва жуда кўп фиқҳий қоидаларни ўзига жо қилган.
Учинчи муқаддима «Абу Ҳанифа ва асҳобуҳул муҳаддисийн» деб номланган ва ҳанафий мазҳабидаги муҳаддислар ҳамда уларнинг илмий асарлари ҳақида нодир маълумотларни ўзида жамлаган.
«Эълоус Сунан»нинг ёзилиши сабаби ҳақида машҳур олим Абдулфаттоҳ Абу Ғудда роҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади:
«Ушбу улкан фойда соҳиби бўлган китобнинг ёзилиши сабаби қуйидагича. Тахминан Ушбу асрнинг ярмидан бошлаб Покистон ташкил бўлишдан олдин Ҳиндистоннинг баъзи ерларида ўзларини «аҳли ҳадис» деб атаб олган баъзи кимсалар бошлаган нағмадир. Улар ҳанафийларнинг мазҳаби – кенг ва кўп диёрларда тарқалган мусулмонлар жумҳурининг мазҳаби – кўп масалаларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига хилоф дея жар солишди. Улар яна ҳанафийлар қиёсни ҳадиси шарифдан устун қўядилар деган даъвони қилишди. шунингдек, улар мўътабар тўрт имомга тақлид қилишни инкор этдилар ва ҳанафий фиқҳига, хусусан миллатнинг имоми Абу Ҳанифанинг фиқҳига тил текказишди.
Ушбу сохта даъволарга қарши ҳинд диёрининг забардаст уламолари радия қилишга бел боғладилар. Улар ҳадис борасида ёзган китоблари орқали мазкур даъволарни парчалаб ташладилар. Ўша китобларда ҳанафий фақиҳлар ҳадиси шарифларни қандай ишлатишларини баён қилиб бердилар. Шунингдек, ҳанафий фақиҳлар ҳатто заиф ҳадисни ҳам қиёсдан устун қўйишларини исбот қилдилар.
«Эълоус Сунан»нинг муаллифи бўлса ҳанафийлар саҳобаларнинг гапларини ҳам қиёсдан устун қўйишларини ҳужжат ва далиллар ила исботлаб берди».
Абдулфаттоҳ Абу Ғудда роҳматуллоҳи алайҳи Зафар Аҳмад Усмонийнинг «Эълоус Сунан»ига ёзган тақризида бу китобни юксак баҳолаб қуйидагиларни ёзади:
«Ҳақиқатда аллома Таҳонавий, Аллоҳ у кишининг савобини кўпайтириб берсин, ўзининг «Эълоус Сунан» китобида фиқҳ бобларининг барчасининг «Китоби таҳорат»дан бошлаб охирги бобларигача барча далилларини тўлиқ келтирган. Бу ишда у жуда катта меҳнат қилган ҳадис ва фиқҳга оид масалларнинг нозик ерларини очиб берган. Бу нарсалар уламоларнинг эътиборини жалб қилган ва китоб қўлма қўл бўлиб кетган. Катта уламолар ҳам ундан бирор нусха топишни ўзларидаги улкан орзулардан бирига айлантиришган».
Кўзга кўринган арбоблардан аллома Кавсарий «Эълоус Сунан»ни кўриб ундаги маълумотлар ва улкан илмий ишлардан даҳшатга тушганини муаллифга қойил қолганини айтади.
Ҳақиқатда «Эълоус Сунан» Абдулфаттоҳ Абу Ғудда роҳматуллоҳи алайҳи таъкидлаганидек, «ўн тўртинчи ҳижрий асрда ёзилган энг катта ва энг афзал китобдир».
«Эълоус Сунан» кўп марта нашр этилган уларданбаъзилари 22 жузни ташкил қилади.
4. «ал-Фиқҳул Ҳанафию ва адиллатуҳу».
Бу китобнинг муаллифи шайх Асъад Муҳаммад Саъид Соғирчидир. Унинг биринчи нашри 2000 йилда амалга оширилди. Муаллиф фиқҳий муқаддималардан кейин эски фиқҳ китоблари тартиби ила масалаларни келтириб уларнинг далилларини ҳанафий мазҳаби бўйича баён қилишга ўтган.
«ал-Фиқҳул Ҳанафию ва адиллатуҳу» уч жуздан иборатдир. Иложи борича тартибли қилишга ва далиларни батафсил келтиришга ҳаракат қилинган бўлса ҳам Яна ҳам унумлироқ ҳаракат қилиш мумкинлиги кўриниб туради.
5. «ал-Муомалот ал-Молия».
Ушбу ном ила кўпгина китоблар ёзилди. Молиявий масалалар кўп учраб мусулмонларнинг ҳожати кўп тушиб тургани учун ҳам бу иш амалга оширилганлиги кўриниб турибди. Иккинчидан молиявий муассасаларнинг имконлари яхшилиги ҳам бош омил ўлароқ бу маънодаги баҳс, тадқиқот ва китобларни юзага келишини тезлаштирди. Турли банклар ва бошқа иқтисодий муассасалар уламоларга шароит яратиб бериб улардан ўзларининг ҳожати тушиб турадиган масалалрни ёритиб беришни сўрадилар ва бу иш амалга ошди.
Бу турдаги китобларга доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг «ал-Муомалот ал-Молия» деган асарини мисол қила оламиз. муаллиф бу китобида бугунги кундаги молиявий муомалаларни осон услуб ват ил билан қисқача баён қилиб берган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Восила ибн алАсқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аёл киши учта меросни эгаллаб олади озод қилган қулининг, давоми...

1732 11:07 / 30.12.2019
Тарихутташрийъил Исламий mdash бу сарлавҳанинг таржимаси .Исломий қонунчилик тарихи, бўлади. Қадимги уламоларимиз бу мавзуда баъзи китоблари ичида қисқача сўз давоми...

1655 15:40 / 19.09.2019
. . Абу Ҳумайд асСоъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини давоми...

2180 20:30 / 24.02.2022
Интернетrdquo сўзи ажнабий тилдаги қисқартирилган жумла бўлиб, тилимизда халқаро маълумотлар тўриrdquo деган маънони англатади. Аммо бу ном ихтиёр қилинганидан давоми...

5451 05:00 / 04.03.2017