1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Каъбанинг хазинаси

08:59 / 04.08.2020 7317 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Каъбанинг хазинаси» деганда жоҳилият даврида Каъбага ишлатиш учун тўланган ва ҳожат бўлмаганлиги учун унинг ичига кўмиб қўйилган мол тушунилади. 

1585. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар қавмингнинг жоҳилиятга ёки куфрга яқинлиги бўлмаганида, албатта, Каъбанинг хазинасини Аллоҳнинг йўлида нафақа қилар, унинг эшигини ердан қилар ва унга ҳижрни киритар эдим», деганларини эшитдим».

Муслим ривоят қилган.

1586. Шақийқ розияллоҳу анҳу:

«Шайба ибн Усмон билан ўтирган эдим. Шунда у:

«Умар сен турган жойда ўтириб:

«Каъбанинг молини тақсимламагунимча чиқмайман», деди.

«Сен буни қила олмайсан», дедим.

«Йўқ! Албатта, қиламан», деди.

«Сен буни қила олмайсан», дедим.

«Нима учун?» деди.

«Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр унинг маконини кўрганлар. Икковлари молга сендан кўра муҳтож бўлганлар. Аммо уни қимирлатмаганлар», дедим.

У туриб чиқиб кетди», деди».

Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилганлар.

Бухорийнинг лафзида:

«Батаҳқиқ, унда сариқ (тилла)ни ҳам, оқ (кумуш)ни ҳам қолдирмасликка қасд қилдим», деди.

«Икки соҳибинг буни қилмаганлар», дедим.

«Иккови эркак эдилар. Уларга эргашаман», деди», дейилган.

Шарҳ: Шайба ибн Усмон – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги содин (ходим) Усмон ибн Талҳанинг ўғли. 

Баъзи уламолар «Каъбанинг хазинасидан омма манфаати учун ишлатса бўлади», деганлар. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хазинани ўша пайтдаги одамларнинг ҳали куфрга яқинлигини мулоҳаза қилиб, ишлатмаганлар, холос.

Улар бу фикрни қувватлаш учун Каъбанинг янги пўшиши келганда эскисининг улашиб юборилишини далил қилиб келтирадилар.

Жоҳилият даврида Каъбага пўшиш ёпилар эди. Жоҳилиятда Каъбаи муаззамага биринчи бўлиб пўшиш ёпган киши Яманнинг ҳокими Асъад Карб исмли киши бўлган.

Каъбаи муаззамага биринчи бўлиб пўшиш ёпган аёл киши Аббос ибн Абдулмутталибнинг оналари Натийла бўлган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбага яманий матолардан тикилган пўшиш ёпганлар. Шунингдек, ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Умар ва ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳумлар ҳам Каъбага «Қиботий» деб аталган матодан пўшиш ёпганлар. Ҳазрати Умар Каъбанинг пўшишини ҳар йили ҳожиларга тақсимлаб берар эдилар.

Муовия розияллоҳу анҳу Каъбага дебождан пўшиш ёпган эканлар. У киши Ашуро куни дебождан, Рамазонда қиботийдан пўшиш ёпган эканлар.

Шунингдек, халифалар Маъмун, Мутаваккил, Носир кабилар ҳам Каъбага пўшиш ёпганлар. Бу иш бошқа ҳукмдорлар тарафидан давом эттирилган.

Аббосийлар Каъбаи муаззамага Мисрнинг Танийс шаҳрида тўқилган матодан пўшиш ёпганлар. Аббосийлардан кейин ҳижрий 659 санада Яман подшоҳи Музаффар, ундан кейин Зоҳир Бийбарс Каъбаи муаззамага пўшиш ёпганлар.

Саккизинчи ҳижрий асрда Солиҳ ибн Носир Муҳаммад ибн Қолавун Мисрдаги Бийсус номли қишлоқни бу иш учун вақф қилди. 

Кейинроқ Мисрнинг амираси Шажаратуд Дур хоним кўп вақфлар қилди. 

Султон Сулаймон ибн Султон Салимхон Мисрдаги бир неча қишлоқни ўша вақфга қўшди. Ана шу вақфлардан узоқ муддат давомида Каъбанинг пўшиши учун маблағ олиб турилди.

Кейинроқ ҳижрий 1346 санада Маккаи мукаррамада алоҳида Каъба пўшиши фабрикаси қурилди. Ҳозирги кунларда ана ўша муассаса ҳар йили битта пўшиш тайёрламоқда. 

Пўшишнинг матоси қора рангдаги соф ипакдан бўлиб, унга тилла суви юритилган кумуш иплар билан «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳи», «Жалла жалолуҳу», «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» ва «Субҳаналлоҳил азийм» иборалари нақш қилинган бўлади.

Ҳозирда Каъбаи муаззамага бир дона пўшиш ­тайёрлаш учун тўрт юз эллик килограмм соф ипак ишлатилади. Ўша ипакдан тўқилган мато олти юз эллик саккиз квадрат метр бўлади. 

Пўшиш учун тўқилган мато қирқ саккиз парчадан иборат бўлиб, ҳар бир парчанинг узунлиги ўн тўрт метр, эни тўқсон беш сантиметрга етади. 

Каъбаи муаззамага ёпиладиган пўшишнинг баландлиги ўн тўрт метр бўлиб, унинг бел қисмида тўқсон беш сантиметр қалинликда тилла иплар ила оятлар ёзилган камари бор. Камарнинг узунлиги қирқ саккиз метр. У қирқ саккизта парчадан иборат. Камарнинг Каъбаи муаззаманинг бурчакларидаги қисмларига тўрт бурчак шаклда «Ихлос» сураси ёзилган. Камарнинг пастидан унинг баландлигича тўртбурчак шаклда олтита ояти карима ёзилган. Ўша тўртбурчаклар орасидаги қандил шаклидаги бўлакларга «Йаа Ҳайю! Йаа Қайюм!» «Йаа Роҳман! Йаа Роҳийм!» деб ёзилган.

Пўшишнинг таг қисми алоҳида мато ила қопланган. Пўшишнинг Каъбаи муаззаманинг эшиги устига қилинган алоҳида безакли ва оятлар ёзилган қисми «Бурқуъ» деб аталади.

Авваллари Тарвия куни қизил ипакдан, биринчи Ражаб куни қиботийдан ва йигирма еттинчи Рамазон куни оқ ипакдан пўшиш ёпилар эди.

Каъбаи муаззамага қора рангли пўшиш ёпиш олтинчи ҳижрий асрда аббосий халифа Носир Лидийниллаҳ томонидан йўлга қўйилган. 

 

  "Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаж қилиш вожиб бўлган биринчи навдаги шартлар топилиб, ҳаж қилолмай қолган киши учун ҳажни васият қилиб қолдириши важиб бўлади. Ҳажни Адо қилиш амалга ошириш давоми...

2590 05:00 / 16.01.2017
Албатта, куфр келтирганларга ва Аллоҳнинг йўлидан ҳамда ерлик учун ҳам, четдан келган одамлар учун ҳам баробар қилиб қўйганимиз Масжидул Ҳаромдан тўсганларга ва давоми...

3271 18:20 / 07.08.2017
Эҳромгa киpишнинг тaйинли вaқти вa тaйинли мaкoни бop. Улap .мийқoт, дeйилaди. Ҳaжнинг .зaмoн мийқoти, шaввoл, зyлқaъдa oйлapи вa зyлҳижжa oйининг биpинчи ўн кyни. .Maкoн мийқoти, эca, давоми...

3629 13:00 / 07.07.2022
ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ ВАҚТИМасала Қурбонлик вақти зул ҳижжанинг ўнинчи куни ҳайт намози ўқилгандан кейин ўн иккинчи куни қуёш ботишига озгина қолгуничадир. Қуёш давоми...

6632 05:00 / 16.01.2017
Аудиолар

120101 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41769 14:35 / 11.08.2021