1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Барча залолат дўзахдадир

10:00 / 16.08.2017 7200 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дедилар».

Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар. Лафз Насаийники.

Шарҳ: Муаллифнинг бу ҳадисни «Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш ҳақида» номли бобда келтиришдан кўзлаган мақсадлари аниқ.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида бир неча ҳақиқатни баён қилмоқдалар:

1. «Энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир».

Шундай бўлганидан кейин Аллоҳнинг Китобини ўқиш-ўрганиш ва унга амал қилиш керак. Ким Қуръондан бошқани ундан устун қўйса, катта хато қилган бўлади. Ҳадисдаги бу жумла Китобни маҳкам тутиш зарурлигини кўрсатади.

2. «Энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир».

«Ҳидоят» сўзи луғатда бир нарсага лутф билан йўллаб қўйишни ифода этади. Дунёда одамларни ҳидоят қилишни даъво қиладиганлар кўп. Лекин энг яхши ҳидоят – охирги ва энг афзал Пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларидир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари ўзларининг Суннатларида баён қилинган. Ким ҳақиқий ҳидоятни топаман деса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларини маҳкам тутсин! Ким ҳақиқий тўғри йўлда юраман деса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларида юрсин!

3. «Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир».

Аввал айтганимиздек, бу гап Ислом янгиликка қарши деган маънони билдирмайди. Бу ерда Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган нарсалар тўғрисида гап кетмоқда. Дарҳақиқат, Китоб ва Суннатга хилоф равишда янги пайдо бўлган ҳар бир иш энг ёмон ишдир. Ана шундай шароитда пайдо бўлган

«Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир». 

«Бидъат» сўзи луғатда янгидан ўйлаб чиқарилган нарсани англатади. Шариатда эса бидъат деб Қуръон ва Суннатда зикри келмаган нарсаларнинг янгидан пайдо бўлишига айтилади. Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган ҳар бир нарса бидъатдир.

«Ҳар бир бидъат залолатдир».

Қуръон ва Суннатга хилоф нарса залолат бўлмай, нима ҳам залолат бўлар эди.

«Барча залолат дўзахдадир».

Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган иш ҳам, унинг қилувчиси ҳам дўзахга тушади. Шунинг учун ҳам Қуръон ва Суннатни маҳкам тутиш лозим. Бунинг учун эса аввало уларни яхшилаб ўрганиш керак. Ҳақиқий исломий иш нима, ҳақиқий бидъат нима эканини яхши ажрата билиш керак. Ушбу ҳадиси шарифни суистеъмол қилиб, ҳамма нарсани бидъатга чиқариб, ҳаммани дўзахга маҳкум қилиб юбормаслик ҳам зурур. Бу маъно аввалги ҳадиснинг шарҳида батафсил баён қилиб ўтилди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳнинг Китоби энг содиқ каломлиги.

2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари энг яхши ҳидоятлиги.

3. Қуръон ва Суннатга хилоф нарсалар бидъат экани.

4. Ҳар бир бидъат ўз эгаси билан дўзахда экани.

Биз мусулмонлар бугунги кунда ушбу ҳадисни ҳаётга татбиқ қилишга жуда муҳтожмиз. Аллоҳнинг каломини яхши ўрганиб, унга амал қилишимиз лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари – Суннатларини яхши ўрганиб, унга амал қилишимиз керак. Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушламоғимиз, уларга хилоф бўлган барча бидъатлардан халос бўлмоғимиз лозим.

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кимки одамлардан моли кўпайиш учун тиланчилик қилса, у одам ўзи учун чўғни давоми...

2478 06:00 / 19.09.2018
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Мен набийларингиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринларини тўйдириш учун ёмон хурмони ҳам топа олмаганларини кўрдим,, деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.

2805 06:00 / 17.08.2018
Ибн Умарга .Биз томонларда бир тоифа одамлар чиқди Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар,, дейилди. Ва гапирувчи уларнинг қадар йўқлигини, ишлар ўз давоми...

2463 17:06 / 28.07.2017
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр олдида йиғлаётган бир аёлни кўриб, .Аллоҳдан қўрқ ва сабр қил,, дедилар. Шунда у аёл давоми...

3087 09:15 / 16.11.2017