1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳаж қилувчи кишидан дуо сўраш

19:09 / 09.08.2017 4336 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаж сафарига жўнаётган кишидан «Бизни ҳам хос дуоларингизда эслаб, ҳаққимизга дуо қилиб қўйинг», деб илтимос қилиш жоиз ва ҳадислар билан собит бўлгандир.

Сафвон ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Дардонинг қизи никоҳимда эди. Унинг олдига келиб, Умму Дардони топдим-у, Абу Дардони топмадим. Шунда (Умму Дардо): «Бу йил ҳаж қиласанми?» деди. Мен: «Ҳа» дедим. У (Умму Дардо): «Бизнинг ҳаққимизга ҳам Аллоҳ таолодан яхшилик тилаб дуо қилгин. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг ғойибдаги иниси ҳаққига қилган дуоси ижобатдир. Бир фаришта боши устида туриб, қилган дуосига «омин» деб туради. Унга яхшилик тилаб дуо қилганида: «Омин, сенга ҳам ўшанинг мисли», дейди», дер эдилар. Сўнг бозорга чиқиб, Абу Дардони учратдим. Шунда у менга шунга ўхшаш ҳадисни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан айтиб берди».

Ибн Можа ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Умар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан умра қилишга изн сўради. Унга изн бериб: «Эй биродарим! Ўзингнинг солих дуоингда бизни ҳам шерик қилгин ва бизни унутиб қўймагин», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳожи ва умра қилувчи Аллоҳнинг меҳмонидир. Агар Аллоҳга дуо қилишса, дуоларини ижобат қилади. Агар Ундан мағфират сўрашса, уларни мағфират қилади», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Юқорида келган ҳадислардан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобий розияллоҳу анҳумларнинг замоналарида ҳаж ва умра қилувчилардан дуо сўраб, илтимос қилиш собитлиги маълум бўлади. Шунинг учун ҳаж ёки умрага кетувчилардан дуо қилишларини илтимос қилиш жоиз ва дурустдир.

Лекин ҳажга кетувчи ҳаж сафари олдидан издиҳом қилиб, одамларни чақириши ёки туҳфа улашиши ёки ҳожини аэропортгача қўш-қўш машиналар билан кузатиб қўйиш ва шу каби бошқа ишларнинг барчаси жоиз эмас. Буларнинг ҳаммаси исроф ва ҳаж амалига нуқсон етказадиган ишлардандир. Аммо зарурат юзасидан бир-икки киши ҳожини аэропортгача кузатиб қўйиши ва кутиб олишининг зарари йўқ.

УЛОВГА ЧИҚҚАНДА ЎҚИЛАДИГАН ДУО

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловларига минишда уч бор такбир айтиб: «Субҳаналлази саххоро ланаа ҳаза ва маа куннаа лаҳу муқринина ва иннаа илаа Роббинаа ламунқолибуун», дер эдилар».

Термизий ривоят қилган.

Маъноси: «Бизларга бу (маркаб)ни бўйсундириб қўйган Зот айбу нуқсондан покдир. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Шак-шубҳасиз, барчамиз Роббимизга қайтувчидирмиз» (Зухруф сураси, 13-14-оятлар).

БИРОР ЖОЙГА ТУШГАНДА ЎҚИЛАДИГАН ДУО

«Эй Роббим, мени муборак манзилга туширгин, Ўзинг манзилга туширувчиларнинг энг яхшисисан» (Муъминун, 29-оят).

ДЕНГИЗДАН САМОЛЁТДА ЁКИ КЕМАДА ЎТИБ КЕТАЁТГАНДА ЎҚИЛАДИГАН ДУО

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматим кемага минганларида чўкиб кетишдан омонда бўлишларига сабаб бўлувчи нарса: «Бисмиллаҳил малики» ва «Вамаа қодаруллоҳа ҳаққо қодриҳи вал арзу жамиъан қабзатуҳу явмал қиямати вас-самаваату матвийяаатун биямийниҳи субҳаанаҳу ватаъалаа аммаа юшрикуун» ва «Бисмиллаҳи мажреҳаа ва мурсааҳаа инна Роббий лағофурур-роҳийм»дир», дедилар».

Табароний «Муъжамул-кабир»да ривоят қилган.

Маъноси: «Улар Аллоҳнинг қадрини тўғри тақдирламадилар. Ҳолбуки, ер борлигича Унинг сиқимидадир. Осмонлар эса, Унинг қўлига йиғилгандир. У Зот улар ширк келтираётган нарсалардан пок ва юксакдир» (Зумар, 67- оят); «Кемага мининглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми билан бўлур. Албатта, Роббим мағфиратли ва раҳмлидир» (Ҳуд, 41-оят).

САФАР ДАВОМИДА ЎҚИЛАДИГАН ДУО

Аллоҳумма ҳаввин алайнаа сафаранаа ҳазаа ватви аннаа буъдаҳ. Аллоҳумма антас-соҳибу фис-сафар вал халифату фил аҳл. Аллоҳумма инни аъузу бика мин ваъсаис-сафар ва каабатил манзар ва суъил мунқолаби фил моли вал аҳл.

Маъноси: Эй Аллоҳим, бу сафаримизни бизга енгил қилиб, узоғимизи яқин қил. Аллоҳим, сафардаги соҳибим фақат Сенсан ва сафардалигимда аҳлимни, молимни ва фарзандларимни ҳифзу ҳимояга олувчим фақат Сенсан. Аллоҳим, сафарнинг машаққатидан, ғамга солувчи манзара(га дучор бўлиш)дан, уйга – ўз аҳлимга, молимга ва фарзандларимга қайтиб келганимда ёмон ҳолатга дучор бўлишдан Ўзингдан паноҳ сўрайман.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мўминнинг умр сафари китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зулҳижжанинг 8кунидан 13кунигача давом этади. 1. 8 зулҳижжада ҳаж нияти билан эҳромга кирилади. Бу ҳажнинг муҳим 1 фарзидир.2. 8 зулҳижжада Минода биринчи туриш ва ўша давоми...

2458 15:00 / 08.07.2022
.Ташриқ кунлари, луғатда .офтобда қуритиш кунлари, деган маънони билдиради. Истилоҳда Қурбон ҳайитидан кейинги уч кун .ташриқ кунлари, саналади. Илгари ўша кунлари давоми...

6345 16:54 / 25.08.2017
Ҳoжилaр Aқaбa тошини отганларидан сўнг агар қирон ёки таматтуъ ҳажи қилувчи бўлсалар, шукр қурбoнлигини ҳам сўйганларидан кейин ёки умра қилувчилар умрa aркoнларини давоми...

4640 05:00 / 16.01.2017
Талбия биз томонларда .лаббайка айтиш, номи билан машҳур. Ушбу сарлавҳа остида келадиган ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида талбиянинг лафзлари, унинг фазли ва давоми...

71413 20:28 / 01.08.2020