1445 йил 27 шаввол | 2024 йил 06 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Яхши исм баракотидан умидвор бўлиш

20:46 / 14.07.2017 3662 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

915. Абдуллоҳ ибн Соибдан ривоят қилинади:

«Ҳудайбия йилида Усмон ибн Аффон зикр қилинганида ва Суҳайлнинг қавми у зотнинг ҳузурларига (Суҳайлни) юборганида, у зот ўша йили қайтиб кетишлари ва улар Маккани уларга келаси йили уч кун холи қўйишлари ҳақида сулҳ тузилган. Шунда Суҳайл келиб, «Суҳайл келди», дейилганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ишингизни осон қилди», дедилар.

Абдуллоҳ ибн Соиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган эди».

Шарҳ: Ҳудайбия воқеаси шундай бўлган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан Мадинадан чиқиб, умра қилиш ниятида Маккаи Мукаррамага яқинлашиб, Ҳудайбия деган жойга келганларида, Макка кофирлари: «Сизлар Маккага кирмайсизлар, бўлмаса уруш қиламиз», деб йўлларини тўсиб чиққанлар.

Ўша ерда тўхтаб, музокаралар бошланган. Музокаралар бошланганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни Маккага элчи қилиб юборганлар. Бир мунча вақт ўтгандан кейин «Аҳли Макка Усмонни ўлдирибди» деган хабар келган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан байъат олганлар.

Лекин қурайшликлар ҳам ўзларининг элчиларини юборишни бошлаганлар. Шунда бир неча музокарачи келиб, иш битмагандан кейин, Суҳайл ибн Амр деган одам келган.

Аввал бир киши келган, музокара битмагач, қайтиб кетган эди. Кейин иккинчи киши ҳам келиб кетгач, учинчи бўлиб Суҳайл келган.

Шунда одамлар: «Ана, Суҳайл келяпти», де­йишган. «Суҳайл» сўзининг маъноси «осон»дир. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Суҳайл келаётган бўлса, Аллоҳ ишингларни осон қилибди», деганлар, яъни келаётган кишининг исмининг маъносидан бир яхшиликнинг башоратини сездилар.

Дарҳақиқат, Суҳайл келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сулҳ тузди. Сулҳга икки тараф рози бўлди. Сулҳ ёзилди, имзо чекилди. Ҳамма нарса осонлик билан тугади.

Демак, мана шундай гўзал исмлардан, хайрли сўзлардан бир яхшиликни умид қилиш бор гап экан. Мана, ҳадисдан маълум бўлишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай гапни айтган эканлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дарс Аллоҳга ҳамду сано ва Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар айтишдан бошланди. Сўнгра ота деди .Сизларга бугун қиладиган давоми...

3630 13:39 / 28.12.2017
ЎН ТЎРТИНЧИ САБОҚҲАЛОЛ, ПОК БЎЛИНГАссалому алайкум, кўзимнинг нури, қалбимнинг сурури азиз болакайларим Бугунги дарсимиз ҳалол, пок бўлиш ҳақида. .Ҳалол, дегани давоми...

2522 05:00 / 15.02.2017
Совуқ қиш куни эди. Мактабга кетаётган Ийсо йўлда бир камбағал болани учратиб қолди. Бу бечора боланинг устида пальтоси йўқ эди. Йиртиқ этигидан сув ўтиб кетгани давоми...

3404 05:00 / 16.02.2017
Ушбу китоб долзарб масалалардан бири ndash бола ҳуқуқ ларига бағишланган. Маълумки, мамлакатимиз Бутунжаҳон бола ҳуқуқлари конвенциясига аъзо бўлган ва унда давоми...

13347 05:00 / 15.02.2017