1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳарбийлар ҳамда ҳомиладор ва эмизиклиларга (зарурат юзасидан) рўза тутмасликка рухсат берилган

17:57 / 06.06.2017 3910 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ йили Рамазонда жангчи саҳобаларга оғизларини очишга рухсат бердилар. Бундан мақсад душман билан тўқнаш келганда қувватлироқ бўлишдир. Кейин, жанг ҳолати тугагач, қазосини тутиб беришади, каффорат ўташмайди.

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда Макка томон йўлга чиқдилар. Рўза тутиб олдилар. Кадидга етганларида оғизларини очиб юбордилар. Қолганлар ҳам оғизларини очиб юборишди».

Абу Абдуллоҳ айтади: «Кадид – Усфон ва Қудайд* орасидаги сув (ҳавзаси)».

 

* Усфон – Макка билан Мадина орасини боғлаб турадиган қишлоқлардан бири. Қудайд Маккадан 42 мил (бир мил – 1848 м) узоқликда жойлашган қишлоқ. Кадид иккала қишлоқ орасидаги серсув жой бўлиб, ўша ердаги сувнинг номи билан аталган. Ҳадисдаги оғиз очиш аср пайтидан кейинроқ бўлган. Бундан мусофир одам қийналиб қолса, рўзасини очиб юбориши жоизлиги келиб чиқади. «Олтин силсила».

 

Абу Довуд Қазаъадан ривоят қилади:

«Абу Саъид Худрийникига келсам, одамларга фатво бераётган экан. Одамлар уни ўраб олишибди. Мен унинг ёлғиз қолишини кутдим. У ёлғиз қолгач, сафарда Рамазон рўзасини тутиш ҳақида сўрадим. У шундай деди: «Фатҳ йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан йўлга чиқдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутаётган эдилар, биз ҳам рўза тутаётган эдик. Манзиллардан бирига етганимизда у зот: «Душманга яқинлашиб қолдик. Оғзимиз очиқ бўлса, қуватлироқ бўламиз», дедилар. Тонг отганда орамизда рўза тутганлар ҳам, оғзи очиқлар ҳам бор эди. Кейин яна йўл юриб, бир манзилга тушдик. Шунда у зот: «Эрталаб душманга дуч келамиз. Оғзимиз очиқ бўлса, қуватлироқ бўламиз. Оғзингизни очинглар», дедилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан азиймат (қатъий буйруқ) эди».

Абу Саъид айтади«Ундан олдин ҳам, ундан кейин ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ‎ рўза тутдим».

Абдуллоҳ ибн Каъбнинг болаларидан биридан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ мусофирдан намознинг ярмини, ҳомиладор ёки эмизикли аёлдан эса рўзани кечиб юборди», деганлар». 

Аллоҳга қасамки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу иккисини ёки икковидан бирини айтганлар».

Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис деган.

Ҳанафий мазҳабига кўра ҳомиладор ва эмизикли аёллар рўза тутишмайди, фидя тўлашмайди, аммо қазосини тутиб беришади. Моликий, Шофеъий ва Аҳмад роҳимаҳумуллоҳларнинг мазҳабларига кўра эса рўза тутишмайди, қазосини тутиб беришади ҳамда ҳар бир кун учун бир мудд* буғдой фидя тўлашади.

* Мудд – ҳажмда 0,6875 литр (≈ 0,688 литр), оғирликда 0,544 килограммга тенг ўлчов бирлиги. «Олтин силсила».

Бунда эмизаётган аёл боланинг ўз онасими ёки ёлланган эмизувчи аёлми, фарқи йўқ. Болани эмизиш ёлланган эмизувчи аёлга шартномага кўра вожибдир. Боланинг ўз онасига эса диёнат нуқтаи назаридан мутлақ вожибдир. Агар ота камбағал бўлса ёки бола ундан бошқасини эммаса, уни эмизиш онага ҳукм нуқтаи назаридан вожибдир.

Рамазонда узрсиз оғиз очиб юборишнинг ҳукми

Имом Бухорий муъаллақ ҳолда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ арзда ривоят қилади:

«Ким бирор узрсиз, беморликсиз Рамазонда бир кун оғзи очиқ юрса, йил бўйи рўза тутса ҳам уни қазосини ўтай олмайди»

Термизий мавсул тарзда Абу Ҳурайрадан ривоят қилган.

*  Имом Бухорий бу ҳадисда ўзидан Абу Ҳурайрагача бўлган санадни айтмай ривоят қилгани учун «муъаллақ» дейилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар дейилмагани учун «марфуъ» дейилган. Имом Термизий ўзидан Абу Ҳурайрагача бўлган санадни келтиргани учун «мавсул» дейилган.

Бир кун оғзини очиб юборган одамга ўша кун учун бошқа бир кун рўза тутиб бериш ҳамда каффоротини ўташ вожиб бўлади.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Бир киши у зотнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Уйим куйди!» деди. «Нима бўлди?» дедилар. У: «Рўзадор ҳолимда аёлимга яқинлик қилиб қўйдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қул озод қилишга имконинг борми?» дедилар. У: «Йўқ», деди. «Кетма-кет икки ой рўза тута оласанми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Олтмишта мискинни таомлантиришга имконинг борми?» дедилар. «Йўқ», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам индамай туриб қолдилар. Ўша аснода Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир саватда хурмо келтириб қолишди. «Ҳалиги савол сўраган одам қани?» дедилар. У: «Мен», деди. «Мана буни ол-да, садақа қил», дедилар. Ҳалиги киши: «Ўзимдан ҳам фақирроққами, эй Аллоҳнинг Расули? Аллоҳга қасамки, икки тошлоқ – яъни, икки ҳарра* – орасида менинг оиламдан фақирроқ оила йўқ», деган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб юбордилар, ҳатто озиқ тишлари кўриниб кетди. Сўнгра у зот: «Уни аҳлингга едиргин», дедилар».

 

* «Ҳарра» сўзи аслида қотиб қолган вулқон лавасидан ҳосил бўлган қора тошли жойни англатади. Мадина ана шундай икки тошлоқ орасида жойлашган эди. «Икки тошлоқ орасида» дегани Мадинанинг у чеккаси билан бу чеккаси орасида деганидир. «Олтин силсила»).

 

Таржимон Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. У зот бир юмушлари билан кетдилар. Шу пайт иккита давоми...

1733 08:00 / 17.01.2021
Кези келганда дам солиш ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтишга тўғри келади. Бу борадаги асосий гаплар сеҳрнинг муолажаси борасидаги мавзуда эслаб ўтилди. .Дам солиш, давоми...

4569 08:08 / 09.12.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Лайлатул Қадрни иймон ва савоб умидида қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган давоми...

2009 17:25 / 17.05.2020
Имом Тобарий ва Ибн Касирлар заиф санад билан ривоят қилганлар .Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига, Мадинага келганда қизи, давоми...

1214 11:00 / 02.11.2020