1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Аллоҳга гўзал исмлари ила дуо қилиш

23:16 / 01.05.2017 11269 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло «Исро» сурасида:

«Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир», деган (110-оят).

Ривоятларда келишича, бир куни мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ё Аллоҳ! Ё Роҳман!» деб дуо қилаётганларини эшитиб қолишибди ва дарҳол:

«Муҳаммад якка худоликка чақирар эди, ўзи бўлса иккита худога дуо қилмоқда», деб гап тарқатишибди.

Уларнинг бу жоҳилона тушунчалари ва тасарруфларининг жавобига ушбу оят тушган экан. Бу оятда мазкур нотўғри тушунча ва тасарруф тўғриланмоқда.

«Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир».

«Аллоҳ», «Роҳман» исмлари икки хил бўлгани билан Зот бир. Исм кўпайгани билан Зот кўпайиб қолмайди.

«Гўзал исмлар Уникидир».

Дунёдаги энг гўзал исмлар Аллоҳникидир. Шундан тўқсон тўққизтаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисларида келган.

4520. Абу Ҳурайра розиялоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни ёд олса, жаннатга киради. Албатта, Аллоҳ тоқдир ва тоқни яхши кўради», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аллоҳ тоқ бўлгани ва тоқни яхши кўргани учун ҳам Унинг гўзал исмлари тўқсон тўққизта бўлган. Ким ўша тўқсон тўққиз исмни ёд олса, жаннатга киради. Чунки бу гўзал исмларни ёд олган киши Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини доимо зикр қилиб юрадиган банда бўлади.

Аммо бундан Аллоҳ таолонинг фақат тўқсон тўққизта исми бор, деган хулоса келиб чиқмаслиги керак. Албатта, Аллоҳ таолонинг исмлари ниҳоятда кўп.

Кейинги ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг машҳур бўлган тўқсон тўққизта гўзал исмларининг зикри келади.

4521. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни тўлиқ билиб олса, жаннатга киради. У Ундан ўзга илоҳу маъбуд йўқ Аллоҳдир. Роҳман, Роҳийм, Малик, Қуддус, Салом, Муъмин, Муҳаймин, Азийз, Жаббор, Мутакаббир, Холиқ, Бориъ, Мусоввир, Ғоффор, Қаҳҳор, Ваҳҳоб, Раззоқ, Фаттоҳ, Алийм, Қобиз, Босит, Хофиз, Рофеъ, Муъизз, Музилл, Самийъ, Басийр, Ҳакам, Адл, Латийф, Хобийр, Ҳалийм, Азийм, Ғофур, Шакур, Алий, Кабийр, Ҳафийз, Муқийт, Ҳасийб, Жалийл, Карийм, Роқийб, Мужийб, Восиъ, Ҳакийм, Вадуд, Мажийд, Боъис, Шаҳийд, Ҳаққ, Вакийл, Қовий, Матийн, Валий, Ҳамийд, Муҳсий, Мубдиъ, Муъийд, Муҳъйи, Мумийт, Ҳайй, Қойюм, Вожид, Можид, Воҳид, Сомад, Қодир, Муқтадир, Муқаддим, Муъаххир, Аввал, Охир, Зоҳир, Ботин, Волий, Мутаъолий, Барр, Таввоб, Мунтақим, Афувв, Раъуф, Моликул Мулк, Зул Жалали вал Икром, Муқсит, Жомиъ, Ғаний, Муғний, Мониъ, Зорр, Нофиъ, Нур, Ҳодий, Бадийъ, Боқий, Ворис, Рошийд ва Собур», дедилар».

Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилганлар.

  Асмоул ҳусна, яъни гўзал исмлар тўғрисидаги оят ва ҳадислар мусулмонларнинг катта эҳтимомларига сазовор бўлган. Айниқса, тасаввуф аҳллари бу нарсага катта эътибор қаратганлар. Улар Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан ҳар бирини алоҳида ўрганганлар ва уларнинг хосиятларини тажриба орқали аниқлаб, зикр ва дуоларида уларни ишлатганлар. Тасаввуф аҳлидан бўлган муфассир Исмоил Ҳаққий «Руҳул Баён» номли тафсирида Асмоул ҳусна – гўзал исмларнинг ҳар бирининг хосиятига алоҳида тўхталиб ўтган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қўшничилик ҳақҳуқуқлари деганда шариат ва диёнат юзасидан қўшниларнинг бирбирларига нисбатан риоя қилишлари лозим бўлган вожиблар ва мажбуриятлар тушунилади. давоми...

3602 15:11 / 25.05.2018
Мўмин Аллоҳ таолодан бир нима сўраётганда, чин дилдан дуоси ижобат бўлишини хоҳлайди. Ихлос дуо ижобат бўлишининг асосий шарти. Аллоҳнинг изни билан дуо тезроқ давоми...

26931 20:05 / 20.09.2017
Бирор нарсага қарши чиқиш ёки уни қабул қилишдан аввал ўша нарса билан танишиб чиқиш кераклиги ҳамма билган ва амал қилиб келган ҳақиқатлардан биридир. Акс ҳолда давоми...

4146 23:07 / 26.04.2017
Бизнинг кунларда бошқа, янада оддий рибонинг таснифлари кенг тарқалган ссуда рибоси рибо алдуйун ва савдо рибоси рибо албуйу.Ссуда рибоси насия рибосининг икки давоми...

3170 11:00 / 21.11.2021