1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Қабасотун мин ҳаётир Росул (4-қисм)

20:24 / 28.04.2017 3920 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қабасотун мин ҳаётир Росул (4-қисм)

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

ҳаётларини ўрганиш)

 

САБР

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اصْبِرُواْ وَصَابِرُواْ وَرَابِطُواْ وَاتَّقُواْ اللّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

“Эй иймон келтирганлар! Сабр қилинг. Сабр ила ғолиб келинг. Курашга бел боғлаб туринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки, ютуққа эришсангиз”.

         Имон инсонда ирода қувватини пайдо қилади. Сабр эса уни қалбларда сайқаллайди ва нафсда хотиржамликни ҳосил қилади. Қўрқинч ва безовталикдан бемор бўлиб, асари нафсдан жисмгача етиб борган ва жасадни ҳам ҳаёт сўқмоқларининг ташвишларидан иллат ва касалликларга мубтало қилган қалб хасталикларини даволайди.

         Аллоҳ таоло ишларнинг зоҳиригина эътиборли бўлавермаслиги, балки, Аллоҳ таолонинг иродаси гоҳо бизларга манфаати кўринмай турган бўлса-да, яхшиликларда бўлишини баён қилиб:

وَعَسَى أَن تَكْرَهُواْ شَيْئاً وَهُوَ خَيْرٌ لَّكُمْ وَعَسَى أَن تُحِبُّواْ شَيْئاً وَهُوَ شَرٌّ لَّكُمْ وَاللّهُ يَعْلَمُ وَأَنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ

Шоядки ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз билмайсиз”, деган (Бақара сураси, 216-оят). Мўминларни тасарруфотда мўътадилликка, фойдали ва зарарли ҳолатларда сабрга чорлаган. Торчилик ва машаққат сўнггида албатта, енгиллик бўлажагини баён қилган:

فَإِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْراً إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْراً

“Бас, албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир. Албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир” (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).

Сабр фаришталар ва тилсиз ҳайвонлардан фарқли ўлароқ инсонларгагина хос бўлган сифат эрур. Негаки, Аллоҳ таоло ҳайвонларга шаҳватни ато қилди, лекин майл ва истакларни жиловловчи ақл бермади. Фаришталарга эса ақл берди, бироқ Аллоҳнинг тоатидан чиқаргувчи шаҳватни бермади.

Инсонни яратишда эса ақлни ҳам унга қўшиб шаҳватни ҳам берди. Кимнинг ақли шаҳватининг устидан ғолиб бўлса, нафсининг майл ва истакларини жиловласа, демак, у – ерда юрган фариштадир. Аксинча, кимнинг шаҳвати ақлидан ғолиб келиб нафси ва ҳавосига тобеъ бўлса, демак, у ҳайвон кабидир, балки ундан ҳам адашганроқдир.

Аллоҳ таоло айтади:

وَالَّذِينَ صَبَرُواْ ابْتِغَاء وَجْهِ رَبِّهِمْ وَأَقَامُواْ الصَّلاَةَ وَأَنفَقُواْ مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرّاً وَعَلاَنِيَةً وَيَدْرَؤُونَ بِالْحَسَنَةِ السَّيِّئَةَ أُوْلَئِكَ لَهُمْ عُقْبَى الدَّارِ * جَنَّاتُ عَدْنٍ يَدْخُلُونَهَا وَمَنْ صَلَحَ مِنْ آبَائِهِمْ وَأَزْوَاجِهِمْ وَذُرِّيَّاتِهِمْ وَالمَلاَئِكَةُ يَدْخُلُونَ عَلَيْهِم مِّن كُلِّ بَابٍ   * سَلاَمٌ عَلَيْكُم بِمَا صَبَرْتُمْ فَنِعْمَ عُقْبَى الدَّارِ *

“Улар Роббилари юзини кўзлаб, сабр қилурлар. Намозни тўкис адо этурлар, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсадан махфий ва ошкора инфоқ қилурлар ва ёмонликни яхшилик ила қайтарурлар. Ана ўшаларга оқибат диёри бордир. Адн жаннатларидир. Унга улар ва уларнинг оталари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан солиҳ бўлганлари кирурлар. Сўнгра уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: «Сабр қилганингиз учун сизларга Салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай ҳам яхши!!!» (дерлар)” (Роъд 23, 23, 24 оятлар).

Сабрнинг навлари бор:

-         тоат ва вожиботларни адо қилишликка сабр қилиш;

-                     дунёнинг ҳаром лаззатлари ва кўнгил хоҳишларининг муҳаббатига сабр қилиш;

-                     ҳаёт мусибатлари ва кўргуликларининг нохушлигига, Аллоҳ таолонинг қазо ва тақдирига рози бўлиб, қаноат билан сабр қилиш;

-                     Аллоҳ йўлида ва ҳақ йўлда жаҳд қилишга сабр қилиш.

Ислом дини мусулмонларни ҳар бир ҳолат учун сабр қилишга буюради. Чунки сабр вазминлик ва чидамлиликнинг интиҳосидир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизларни муқаддас динимиз юксаклиги учун қийинчиликларга сабр қилиб, машаққатларни енгиб ўтган солиҳ зотлар каби фоний дунё муҳаббатидан халос бўлган, ҳақ ва иззат йўлида, каромат йўлида фидойи бўлган сабрли мўминлардан қилсин.

 

ҚУРАЙШНИНГ РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА ЕТКАЗГАН ОЗОРЛАРИ

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Байтул Ҳарамда Абу Жаҳл ва унинг асҳоби ўтирган, бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиётган эдик. Бир кун аввал ҳайвон сўйилган эди. Абу Жаҳл:

– Ким фалончи сўйган ҳайвоннинг ичак-чавоғини олиб келиб Муҳаммад сажда қилганда унинг елкасига ташлаб қўя олади? – деди.

Одамлар ичидан бир бадбахт кимса ўрнидан туриб, ичак-чавоқни олиб келди. Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саждага борганларида муборак елкаларига ташлаб қўйди. Сўнг бир-бирига ишора қилиб кулиша бошлади. Мен кўриб турдим, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак бошларини саждадан кўтармай, туриб қолдилар. Кимдир Фотима розияллоҳу анҳога бориб хабар берди. Фотима розияллоҳу анҳо шошилиб келиб ичак-чавоқни олиб ташладилар. Уларга қарадилар ва урушдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларини адо қилиб бўлгач, овозларини кўтариб уларни дуо қилдилар. Одатларига кўра дуо қилсалар, уч марта дуо қилар, сўрасалар уч марта сўрар эдилар. Бу сафар ҳам уч бора:

– Эй Аллоҳ, Қурайшни Ўзингга топширдим! – дедилар.

Дуони эшитиб қўрқиб кетганларидан кулгиларидан тўхтаб қолишди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Эй Аллоҳ, Абу жаҳл ибн Ҳишом, Уқба ибн Робиъа, Шайба ибн Робиъа, Валид ибн Уқба, Умайя ибн Халаф ва Уқба ибн Абу Муъитни Ўзингга топширдим! – дедилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақлик билан жўнатган Зотга қасамки, ўша номи айтилганлар Бадрда ҳалок бўлишгани ва Бадрдаги чоҳга ташланганларини кўрдим”.

 

ТОИФ ВОҚЕАСИ

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиси Абу Толиб вафот этиб, мушрикларнинг озор ва жафолари яна ҳам ортиб кетгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёрдам ва ҳимоя илинжида Макканинг шарқий томонидаги Тоифга бордилар. Бироқ тоифликлар биратўла рад қилиб, инкор қилдилар. Барча озор ва жафоларга Аллоҳ йўлида сабр қилиб, уйларига қайтгунича ўн кун туриб қолдилар. Уларнинг рисолатни инкор қилишдан қайтмасликлари ва азиятни яна ҳам зиёда қилишларини кўриб, йўлга отландилар ва Маккага бу хабар етиб борса, улардан келадиган фитна яна ҳам ортмасин деган хавфда уларга:

– Агар сизлар бош тортсангиз ҳам, менинг келганимини ҳеч кимга билдирмай туринглар, – деб илтимос қилдилар. Бироқ улар кўнмадилар, балки ўз ораларидаги аҳмоқ кимсалрга буюришиб, йўлларини тўсиб сўкинтирдилар ва тошлар оттирдилар.

Ҳамроҳ бўлиб келган Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу бундай оғир вазиятда қанчалар мудофаа қилмасин, улардан анча талофат етиб келди. Зайд розияллоҳу анҳунинг боши ёрилди, Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оёқларидан ерга қонлар оқиб тушди.

Ниҳоят улардан узоқлашиб тўхтаганларидан сўнг Роббигагина шикоят қилиб: “Эй Аллоҳ! Сенга мадорим қуригани, чорасиз қолганим ва одамлар орасида обрўсиз бўлганимдан шикоят қиламан. Эй меҳрибонларнинг меҳрибони бўлган Зот! Сен заифларнинг Тангрисисан. Сен менинг Тангримсан. Мени кимларга ташлаб қўйдинг? Менга қарши тургувчиларгами ёки амримни етаказа олмаган душманларимгами? Агар менга Сенинг ғазабинг бўлмаса, булар менга писанд эмас! Лекин офият ва кенглик сўрайман. Зулумотларни ёритган, дунё ишларини ислоҳ қилган важҳинг нурлари ҳурматидан Сендан паноҳ сўрайман – менга ғазабингни нозил қилмагин, қаҳрингни юбормагин! Сен нимага рози бўлсанг, мен ҳам ўшанга рози бўлдим. Ла ҳавла ва ла қуввата илла бика” деб дуо қилдилар.

Робиъанинг ўғиллари Утба ва Шайбанинг кўнгилларида меҳрибонлик туйғулари пайдо бўлиб, Уддос исмли насроний хизматкорларига бир шингил узум бериб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига жўнатишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам узумга қўл узатар экан “Бисмиллаҳ” дедилар ва тановул қилишни бошладилар. Бу ҳолатни кўриб турган Уддос ҳайрон бўлиб:

– Бу юрт аҳолиси бу каломни айтишмас эди? – деди.

– Сен қайси юртдансан, қайси диндасан? – сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

–  Насроний динидаман, Найнаводанман, – жавоб берди Уддос.

– Солиҳ инсон Юнус ибн Мутонинг қишлоғиданмисан? – дедилар.

– Юнус ибн Мутони қаёқдан биласиз? – деди.

– У киши менинг биродарим бўлади. Пайғамбар эди, мен ҳам пайғамбарман, – дедилар.

         Уддос яқин келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқ ва қўлларини ўпди. Робиъанинг ўғиллари бири иккинчисига:

– Хизматкоринг аҳмоқлик қилди-да! – деди. Уддос уларнинг ёнига келгач:

–       Ҳой шўринг қурғур, нима қилиб қўйдинг?! – дейишди.

Уддос:

– Ер юзида бу кишидан кўра яхшироқ киши йўқ, – деди.

         Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса билан отланиб, Макка томон йўлга тушдилар.

 

МАШАҚҚАТГА САБР

         Кунлардан бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотимайи Заҳро розияллоҳу анҳонинг уйларига келдилар ва:

– Ўғилчаларим қани? – деб Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларни сўрадилар. Фотима розияллоҳу анҳо жавоб бердилар:

– Эрталаб турсак, уйимизда егулик нарса қолмабди. Аллоҳ таолога ҳамдлар айтдик. Али менга: “Мен уларни олиб кетаман. Уйда ҳеч нарса қолмабди, тағин сенга ғалва қилиб қолишмасин”, деб иккаласини олиб яҳудийникига кетди.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша томонга юзландилар. Борсалар набиралари ҳовуз бўйида ўйнаб ўтиришибди. Ёнларида бир қанча хурмо. Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Эй Али, кун қиздирмасдан туриб буларни олиб уйга қайтмайсанми? – дедилар.

– Эрталаб турсак, уйда ҳеч нарса қолмаган экан. Эй Аллоҳнинг Расули! Бир оз ўтириб турсалар, Фотимага ҳам хурмо тўплаб олардим, – деди Али розияллоҳу анҳу.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтириб турдилар. Али розияллоҳу анҳу яҳудийнинг хурмосини териб берар ва бир пақир хурмога бир дона хурмо ҳақ олар эди. Бир қанча хурмо териб олгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга хурмоларни кўтариб Ҳасан  ва Ҳусайнлар билан уйга қайтдилар.

Фотима розияллоҳу анҳо мана шундай машаққатли ҳаётга чидамли бўлиб, чиройли сабр қилар эди. Аллоҳ таолога кўплаб ҳамдлар айтар эди. Ҳаётидан мамнун, турмушидан рози эдилар.

 

АЛЛОҲДАН ЎЗГАГА ШИКОЯТ ҚИЛМА

         Аҳнаф ибн Қайснинг жияни келиб, бошига етган кулфатдан шикоят қила бошлади. Аҳнаф юз ўгириб олди. У яна бир неча бор шикоятини бошлади, ҳар сафар юз ўгириб олаверди. Ниҳоят жиянига қараб:

– Эй жияним, қачон сенга бир мусибат етса, шикоятингни ҳожатингни чиқаришга молик бўлган Зотгагина айтгин. Бандасига шикоят қилма! Чунки инсонлар сен учун икки тоифа бўлади – ё дўстинг бўлади, унинг дилини оғритасан. Ёхуд душманинг бўлса, димоғини чоғ қиласан, – деди. Сўнг  одамларга юзланиб: – Аллоҳга қасамки, қирқ йилдан буён шу икки кўзимнинг биттаси умуман кўрмайди, аммо шунча йилдан бери буни хотиним ҳам оила аъзоларим ҳам билишмайди, – деди.

 

МЎМИННИНГ САБРИ

         Урва ибн Зубайрнинг оёғи саратон касалига дучор бўлди. Касаллик тананинг бошқа аъзоларига ҳам жиддий зарар етказиш хавфининг олдини олиш учун оёғини кесишга тўғри келиб қолди.

– Сизга уйқу дори берамиз. Жарроҳлик пайтида оғриқнинг зўридан қўлимиздан чиқиб кетмаслигингиз учун манави кишилар Сизни ушлаб туришади, – дейишди жарроҳлар.

Урва ибн Зубайр эса ҳақиқий сабрли мўминлик забони билан:

– Бу кишилар мени ушлаб туришларининг ҳожати йўқ. Мен ўзим бир амаллайман, – деб оёғини узатди. Табиб жарроҳликни бошлаб фасод бўлган аъзони кесиб, арра суягига етгунича ҳам Урва сабот билан қимир этмай турди. Сўнг зайтун мойини қиздириб кесилган жойга суртиб қўйдилар. Урва ибн Зубайрнинг юзларида ва чеҳраларида оғриқ аломатлари сезилмади. Бирор марта ҳам “оҳ” деб қўймади.

         Табиб ишини энди тамомлай деб турган эди ҳамки, бир киши келиб унга бардош изҳор қилди.

– Оёғим учун бардош тилаётган бўлсанг, енгилгина қутулиб олдим, – деди Урва.

– Йўқ, оёғингиз учун эмас, ўғлингиз учун бардош тиламоқдаман. Ўғлингиз ҳозиргина тепаликдан йиқилиб тушди. Сўнг ҳайвонлар унга ҳамла қилиб, ҳалок қилишди, – деди кирган киши. Урва эса бунга жавобан:

– Эй Аллоҳ! Дардга мубтало қилган эдинг, мана шифо топдим. Фарзандимни олган бўлсанг ҳам, мени қолдирдинг, – деб қўйди, холос.

 

САБР – МУШКУЛОТЛАР КАЛИТИ

         Абу Салама розияллоҳу анҳу маккадан Мадинага ҳижрат қилишга азм қилганида турмуш йўлдоши Умму Саламага туясини тайёрлади ва унга миндириб, ўғиллари Саламани қўлига тутқазиб қўйди. Кейин туяни етаклаб йўлга чиқди. Йўлда учраган Умму Салама розияллоҳу анҳонинг қавмидан бўлган бани Муғира кишилари Абу Саламага:

– Бу бизга оғир ботяпти. Биз қизимизни шаҳарма-шаҳар саргардон бўлиб кезиб юрсин, деб берганмидик?! – деб қўлидан тизгинни тортиб олишди ва Умму Саламани олиб қолишди.

Умму Салама айтади:

         “Бу ҳолатдан ғазабланган Абу Саламанинг қариндошлари бани Абдул Асад:

– Аллоҳга қасамки, аёлларини биздан тортиб олибдими, биз ҳам болани уларнинг қўлида қолдирмаймиз! – дейишди. Кичкина Саламани отасидан тортиб оламиз, деб ҳатто қўлини ҳам чиқариб олишди. Мени эса бани Муғира қавми олиб қолди. Эрим Мадинага ҳижрат қилиб кетди. У бир томонда, мен бир томонда, ўғлимиз бошқа бир томонда фироқда қолдик”.

Умму Салама ҳар куни эрталаб чиқиб, то кеч киргунча йиғлар эди. Орадан бир йилга яқин вақт ўтди. Ниҳоят амакисининг фарзандларидан бирининг кўнгли эриб, шафқат қилди ва қавмга бориб:

– Манави бечора мискин аёлни чиқариб юбормайсизларми? Ахир боласидан ва эридан айириб қўйдиларингиз? – деди. Шунда Умму Саламага:

– Майли, агар хоҳласанг, эрингнинг олдига боравер, – дейишди. Бани Абдул Асаднинг қавми ҳам инсофга келиб, боласини қайтариб берди.

Умму Салама розияллоҳу анҳо ўғилчаси билан бирга Мадинага ҳижрат қилди. Умр йўлдоши Абу Салама розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўз никоҳига олдилар. Натижада шунча машаққатлардан сўнг мўминларнинг онаси бўлишдек улуғ мартабага мушарраф бўлди.

        

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг

“Қабасотун мин ҳаётир-Росул” китобидан

Асака туман бош имом-хатиби

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ таржимаси.

 

سنة 1435 من الهجرة* المحرم – 15 يوم الإثنين

الحمد لله رب العالمين* الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على إله و أصحابه أجمعين* لا حول ولا قوة إلا بالله

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у зотнинг сафарларидан бирига чиқдик. Байдаа ёки Зотул Жайшда давоми...

3087 14:08 / 29.03.2020
. . .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кечки таом қўйилсаю, намозга иқомат айтилса, кечки таомдан давоми...

4685 13:00 / 20.12.2020
830. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, баъзи шеърда ҳикмат бор,, дедилар,.Бухорий ривоят қилган. 831. Оиша давоми...

1507 19:00 / 21.01.2023
391. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Жаноза тобутга қўйилиб, уни эркаклар елкаларига кўтарганларида, давоми...

484 19:00 / 23 март
Аудиолар

120118 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар