1440 йил 18 жумадис сони | 2019 йил 23 февраль, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Сийрат

Нубувват хонадони туҳфалари (3)

19:55 / 28.04.2017 975 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

27. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига нисбатан ва уларнинг ўртасида ўта адолатли эдилар. 

У зотнинг адолатлари масъулиятни ҳис қилганларидан эди. Зотан, Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломни ҳақ ва адолат узра яратиб, шу икки тушунча билан пайғамбар қилиб юборган эди. 

У зотнинг аёлларига нисбатан адолатли бўлганларига ушбу саҳифада келтирилаётган барча маълумотлар ёрқин далилдир. Энди у зотнинг аёллари ўртасидаги адолатлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак.

Оиша розияллоҳу анҳо айтади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримизда бўлганларида тақсимда бизни бир­биримиздан устун кўрмасдилар. Бирор кун йўқ эдики, ҳар бир аёлга яқин бўлиб, бироқ, тегинмай, барчамизни айланиб чиқмасалар. Ниҳоят, навбати бўлган аёлга етиб бориб, унинг ҳузурида тунардилар». 

Абу Довуд ривояти. 


Набий соллалоҳу алайҳи ва салламнинг адолатлари сафарда ҳам, ҳазарда ҳам бирдек эди. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар қилмоқчи бўлсалар, аёлларининг ўртасида қуръа ташлар эдилар. Қайси бирларининг чекига чиқса, уни ўзлари билан олиб кетар эдилар. Уларнинг ҳар бирига ўзига хос кун ва кечани тақсим қилардилар».

Бухорий ривояти.


Набий алайҳиссаломнинг аёлларига бўлган адолатларининг яна бир кўриниши шу эдики, у зот янги уйланган аёллари киришиб олиши учун унинг ҳузурида уч кун турардилар. Кейин бошқа аёллар қатори унга ҳам бир кун тақсимлар эдилар. 

Имом Муслим Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қиладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга уйланганларида унинг ҳузурида уч кун турадилар. Кейин: «Сени пастга уриш эмас. Агар хоҳласанг, сенга етти кун ажратаман, бироқ, сенга етти кун ажратсам, (бошқа) аёлларимга ҳам етти кун ажратаман», дейдилар. Умму Салама: «Уч кун ажратинг», дейди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу адолат тарозисини бир зум ҳам қўлдан қўймадилар. Ҳатто ҳаётларининг сўнги кунларида касалликлари кучайиб, аҳволлари ёмонлашганда Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурида бўлишни истаб қолдилар. Шунда у зот бошқа аёлларидан ўзлари истаган уйларида бўлиш учун изн сўрадилар. Улар рухсат беришди. 

Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишдан олдинги беморликларида менинг кунимни ирода қилиб: «Мен эртага қаердаман? Мен эртага қаердаман?» деб сўрар эдилар. Завжалари у зотга истаган жойларида бўлишга изн беришди. Вафот этгунча менинг уйимда, менинг ҳузуримда бўлдилар. Навбатимга кирадиган кунлари менинг уйимда вафот этдилар. Аллоҳ у зотни бошлари менинг қучоғимда турган, тупуклари тупугим билан аралашган ҳолда қабз қилди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар ишлари очиқ­ойдин, самимий эди. У зот ўз қўлларида бўлган ишларда сўзсиз адолат қилганларини айтиш билан бирга, ихтиёрларидан ташқари бўлган қалбнинг мойиллиги борасида ҳисобга тутмаслигини сўраб, Аллоҳга ёлворардилар. Зеро, қалбдаги муҳаббат киши ўзи бошқарадиган нарса эмас, балки у табиий равишда ўзгарадиган туйғудир.

Оиша розияллоҳу анҳо айтади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тақсимлар ва адолат қилар эдилар ҳамда: «Аллоҳим! Бу ўзим эга бўлган нарсадаги тақсимимдир. Ўзинг эга бўлиб, мен эга бўлмаган нарсада мени айблама!» дердилар». 

Абу Довуд ривояти. 


Имом Абу Довуд ва Абу Ийсо Термизийлар ҳадисдаги «Ўзинг эга бўлиб, мен эга бўлмаган нарса» деган жумлада севги­муҳаббат назарда тутилганини айтадилар. Зотан, муҳаббат қалбнинг иши, инсон эса қалбига ҳукмрон бўла олмайди, у ҳамиша Аллоҳнинг қўлидадир. Лекин бу ҳол тасарруфда адолатсизлик қилишга асос бўла олмаслигини ҳадисдан тушуниш мумкин.


28. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларининг дугоналарини, қадрдон ва қариндошларини ҳам эъзозлар, қадрлар эдилар. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўй сўйсалар, «Хадижанинг дугоналарига ҳам юборинглар», дердилар».

Имом Муслим ривояти.


29. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларини мақтар ва уларга миннаддорлик билдирардилар.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «(Дунё) аёлларининг энг яхшиси Марямдир, (умматим) аёлларининг энг яхшиси эса Хадичадир», деяётганларини эшитдим».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Оишанинг бошқа аёллардан афзаллиги сариднинг бошқа таомлардан афзаллиги кабидир», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривояти.


Сарид – таом тури. Уни ўзбек тилида «тўғрамча» дейиш мумкин. У арабларнинг энг ёқимли ва фойдали таомларидан ҳисобланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳони ана шундай энг тансиқ, фойдали ва ёқимли таомга ўхшатмоқдалар.


30. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига камоли вафодорликларидан, улар ўтиб кетгандан кейин ҳам яхшиликларини эслаб, қадрлардилар. Уларнинг яқинларига ўзгача илтифот кўрсатардилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирорта аёлларидан Хадижадан рашк қилганчалик рашк қилмаганман. Уни кўрмаганман, лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп эслар эдилар. Баъзан қўй сўйиб, бўлак-бўлак қилиб, кейин уларни Хадижанинг дугоналарига юборар эдилар. Баъзида у зотга: «Худди дунёда Хадижадан бошқа аёл бўлмагандек...», десам, «У бундай эди.., ундай эди.., ундан фарзандларим бор», дер эдилар».

Бухорий ривояти.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Хадижанинг синглиси Ҳола бинт Хувайлид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришга изн сўради. У зот Хадижанинг изн сўрашини эслаб, алланечук бўлиб кетдилар-да, «Аллоҳим! Ҳола бўлсайди-я!» дедилар».


31. Сўнги пайтларда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларининг адади кўпайгани билан уларга бўлган эҳтиромлари, эътиборлари ўзгармади. 

Уларнинг барчасига эътибор қилиб, ҳаммаларини тенг кўриб, тарбияларини ўтаб, кўнгилларини олдилар. Аллоҳ у зотга, агар аёллари итоатсизлик қилса, улардан кўра яхшироқ, мўмина, тақводор ва итоатгўй жувону бокираларни насиб этишини ваъда қилди. Айрим аёллар у зотга ўзини бахшида ҳам қиларди. Шунда ҳам у зот  алайҳиссаломнинг аёлларига бўлган эътиборлари сусаймади, оилаларини мустаҳкам сақладилар. 


32. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳлу аёлларининг нафақасини ҳамиша таъминлаб турганлар. 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қанчадир арпа эвазига совутларини гаровга қўйганлар. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига арпа нон ва сал ҳидланган эритилган ёғ олиб келганман. У зотнинг «Муҳаммаднинг – соллаллоҳу алайҳи васаллам – оиласида эрталаб ҳам, кечки пайт ҳам бир соъдан ортиқ нарса бўлмайди», деяётганларини эшитганман. Ҳолбуки, улар тўққизта хонадон эдилар».

Ушбу ҳадисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳлу аёлларини нафақа билан таъминлаб қўйганлари маълум бўлади. Шу билан бирга, у зот оилалари учун ҳам зуҳдни ихтиёр қилганлари тушунилади. Бироқ баъзан оилавий йиллик таъминотни қилиб қўйган ҳолатлари ҳам бўлган. Имом Бухорий Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Назирнинг хурмосини сотар ва ўз аҳлларига бир йиллик озиқ овқатни ғамлаб қўяр эканлар.


33. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига мушфиқ­меҳрибон бўлиш билан бирга, уларнинг тарбияларига, хатоларини тузатишга ҳам қаттиқ эътибор берганлар. 

Тарбияткунандалик ҳам оила раҳбарига зарур бўлган хислатлардан бири саналади. Бундаги баркамоллик оила барқарорлигининг гаровидир.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлиш билан бирга оддий инсон эдилар, бинобарин, оилалари ҳам оддий инсоний оила бўлиши табиий эди. Зеро, одамларга оилавий намуна кўрсатиш шуни тақозо қиларди. Пайғамбарнинг бани одамдан бўлишининг ҳикмати ҳам шунда эди. Бошқа даҳо ва етакчилардан фарқли равишда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий ҳаётлари ҳам икир­чикиригача очиқ­ойдин, тўла­тўкис ўрганилиб, ҳаммага намойиш этилиши эса пайғамбарликнинг мўъжизаларидан бири бўлди. У зотнинг аёллари ҳам инсоний хусусиятларидан келиб чиқиб, айрим хатоларга йўл қўйишлари табиий ҳол. Ана ўша камчиликларни нубувват ҳипчиси билан ислоҳ қилинишида эса буюк таълим акс этди. Бу ишга баъзан самовий ваҳийнинг аралашуви ҳам бўлиши оила тарбияси қанчалар муҳимлигини кўрсатар эди. Ана шундай олий мақом тарбия намуналаридан айримларини мисол тариқасида келтирамиз.


Бировни яҳудийлиги билан таҳқирлашнинг жазоси

Сафийя бинт Ҳуяй розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари билан ҳаж қилдилар. Улар юриб кетишар экан, Сафийянинг бўраси чўкиб олди. У (Сафийя аёллар ичида) улови энг чиройлиги эди. Йиғлашга тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан хабар топганлари заҳоти келиб, қўллари билан унинг кўз ёшларини арта бошладилар. Бироқ қайтаришларига қарамай, Сафийянинг йиғиси ортаверди. Ўта кўпайтириб юборгач, у зот унга дўқ қилиб, уни койиб бердилар ва одамларни тушишга буюрдилар. У зот ўзлари тушмоқчи эмасдилар... Жўнаш пайти у зот Зайнаб бинт Жаҳшга: «Синглинг Сафийяни бирорта бўрага миндириб юбор», дедилар. У уларнинг (аёлларнинг) ичида туяси энг кўпи эди. У: «Яҳудийя аёлингизга мен улов миндирайинми?» деб юборди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан буни эшитиб, ғазабландилар ва уни ҳижронга қўйдилар. Сафарлари асносида то Маккага келгунча ҳам, Мино кунларида ҳам унга гапирмадилар. Мадинага қайтгач ҳам, муҳаррам ва сафарда ҳам унинг олдига бормадилар, унга (кун) тақсим ҳам қилмадилар. У эса у зотдан умидини узди. Рабиулаввал ойи бўлганда унинг ҳузурига кирдилар. У эса у зотнинг сояларини кўриб, «Бу эркак кишининг сояси, бироқ, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг ҳузуримга кирмаётган эдилар­ку. Ким бу?» деди. Шу пайт Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар...»

Зайнаб розияллоҳу анҳонинг гаплари нотўғри бўлган эди. У киши беихтиёр сўзлаб қўйиб, кейин қаттиқ афсус қилдилар. Лекин ўша ҳолат руҳий нуқсон сабабли воқе бўлган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, одатда, аёлларининг у зотнинг шахсларига қилган анча­мунча гапларини, эркаликларини кўтарар, камчиликларини кечирардилар. Аммо бу ерда хато қалбдаги нуқсон, хулқий камчиликдан келиб чиққани, бу ҳол нубувват бекасига муносиб эмаслиги эътиборидан, бу ҳасталикни даволаш учун мазкур чорани кўриш раво кўрилди. 


Аллоҳ ва Унинг Расули ҳақида ёмон гумон қилиб бўлмайди




Имом Муслим ўз «Саҳиҳ»ида шундай нақл қилади: 

«Абдуллоҳдан ривоят қилинади: 

«Муҳаммад ибн Қайс ибн Махрама ибн Мутталиб бир куни: «Сизларга ўзим ва онам ҳақида сўзлаб бермайинми?» деди. Биз уни ўз онасини назарда тутяпти, деб гумон қилиб эдик, у эса бундай деди:

«Оиша: «Сизларга ўзим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўзлаб бермайинми?» деди. «Оре», дедик. У шундай деди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримда бўладиган кеча қайтиб келиб, ридоларини ечдилар. Ковушларини ечиб, оёқлари олдига қўйдилар ва изорларининг бир томонини тўшаклари устига ёзиб, ёнбошладилар. Мени ухлаб қолди деб гумон қилгунлари қадар турдилар да, оҳиста ридоларини олдилар ва оҳиста ковушларини кийдилар. Эшикни очиб, чиқдилар да, сўнг уни оҳиста беркитдилар. Мен кўйлагимни бошимдан солиб, рўмол қилиб, изоримни тўсдим да, кейин изларидан чиқдим. У зот Бақиъга келиб, тик турдилар ва узоқ турдилар. Кейин уч марта қўлларини кўтардилар. Кейин бурилдилар, мен ҳам бурилдим. Тезлагандилар, тезладим. Йўртгандилар, йўртдим. Йўрғалагандилар, йўрғаладим. У зотдан ўзиб юриб, кирдиму, ёнбошлаб олдим. У зот кириб: «Эй Оиша, сенга нима бўлди, ҳансираяпсан?» дедилар. «Ҳеч нарса», дедим. «Ё ўзинг менга хабар беражаксан, ё Латифу Хабир Зот хабар беражак», дедилар. Мен: «Ота-онам сизга фидо бўлсин», дедим ва у зотга айтиб бердим. «Олдимдаги шарпа сенмидинг?» дедилар. «Ҳа», дедим. Шунда кўксимга оғритадиган қилиб бир шапатиладилар да, сўнг: «Аллоҳ ва Расули сенга ноҳақлик қилади деб гумон қилдингми?» дедилар. «Одамлар ҳар қанча яширмасин, Аллоҳ билади, ҳа», дедим. У зот: «Сен кўрган пайтингда ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келиб, сендан яшириб мени чақирди. Мен ҳам сендан яшириб унга жавоб қилдим. Сен кийимингни ечиб олганинг ҳолда олдингга кирса бўлмасди. Мен сени ухлаб бўлгансан деб гумон қилиб, уйғотишни истамадим. Чўчиб кетишингдан қўрқдим. У: «Роббинг сени Бақиъ аҳлига бориб, уларга мағфират сўрашга буюрмоқда», деди», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, уларга қандай сўз айтаман?» дедим. У зот: «Мўмин мусулмонлардан иборат диёр аҳлига салом! Аллоҳ бизлардан олдиндагилару кейиндагиларга раҳм қилсин! Иншоаллоҳ, албатта, биз ҳам сизларга етишгувчимиз»,  деб айт», дедилар».


Юқорида «кўйлак» деб ўгирилган сўз арабчада «диръун» бўлиб, аёллар кийими, товонгача тушадиган узун кўйлакни билдиради. 

Латиф – нарсаларни энг нозик жойларигача билиб турадиган, қалблардаги туйғуларни, хаёлдаги ўйларни­да сарҳисоб қилиб турадиган Зот.

Хабир – барча катта­ю кичик иш нарсалардан, иш­ҳаракатлардан бохабар Зот.

Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бошқа аёлларининг ҳузурига чиқиб кетяптилармикин деган гумонда ортларидан чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «ноҳақлик қилади деб гумон қилдингми?» деганда шуни назарда тутганлар ва Аллоҳнинг Расули ҳақида бундай гумон қилиш нодуруст эканини уқтириш учун қаттиқ танбеҳ берганлар.

Бу ҳадис нубувват хонадонларидан бирида тунларнинг бирида кечган бир ҳодиса ҳақида бизга маълумот бермоқда. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларини қанчалар эҳтиётлашлари, ҳатто уйқусини бузмасликка ҳаракат қилишлари, шу билан бирга, улардан бирор хато содир бўлса, уни вақтида тузатганлари ва танбеҳ берганда ҳам гўзал йўл тутишлари намоён бўлган.


Асал воқеаси



Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларимиз ўзларининг саҳиҳ ҳадисларни жамлаган тўпламларида биз сўз юритмоқчи бўлган мавзуга доир ҳадисларни ўрганар эканмиз, қуйидагича хулоса келиб чиқади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асални, ширинликни яхши кўрар эдилар. У зот аёллари билан суҳбатлашиб, улардан хабар олиб, кўнгилларини кўтариш учун куннинг маълум вақтини тайин қилиб олган эдилар. Уларнинг ҳузурларига кириб, гаплашиб, уларни эркалаб, хушнуд қилар эдилар. Буни одатда аср намозидан қайтишда қилардилар. Бир­икки гал аёлларидан бирининг ҳузурида кўпроқ қолиб кетадилар. Оиша розияллоҳу анҳо аёлларча рашк қилиб, бунинг сабабини аниқлайди ва кейинги сафарларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша аёлнинг олдида кўп қолиб кетмаслиги учун бир ҳийла ўйлаб топди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларида нохуш ҳид бўлишини сира хушламас, доимо бунинг олдини олиб юрардилар. Буни яхши билган Оиша розияллоҳу анҳо у зотдан нохуш ҳид келаётганини ва бунинг сабаби ўша асалдан ичганлари эканини у зотга сингдирмоқчи бўлади ва бунинг уддасидан чиқади ҳам. Бунинг учун кундошларига: «У зот сенга яқин келганларида: «Урфут ширасидан едингизми?» дейсан. Аниқки, у зот сенга: «Йўқ», дейдилар. Сен у зотга: «Сиздан келаётган манави ҳид нима?» дейсан. У зот сенга: «Асал ичгандим», дейдилар. Шунда сен у зотга: «Асалариси урфут еган экан да», дейсан. Мен ҳам шундай дейман. Сен ҳам шундай дегин, эй Сафийя», дейди. 

Кундошлар келишувга кўра иш қилишади. Шунда у зот: «Энди ўша асалдан қайтиб ичмайман, онт ичаман», дейдилар. Шу билан бирга, бу гапни сир тутишни тайинлайдилар. Аммо оналаримиз ўзаро суҳбатда бу сирни фош қилишади.

Бу ерда зикр қилинган урфут – унча баланд бўлмаган, тиканли, бутасимон дарахт. Унинг шираси бадбўй бўлади. Асалари ундан еб қўйса, ўша ёқимсиз ҳид асалга ҳам уриб қолади. Оналаримиз мана шундан келиб чиқиб, мазкур гапни айтишган.

Бир ривоятда асал берган аёл Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳо экани, бошқасида эса Ҳафса розияллоҳу анҳо экани айтилади. Муҳаққиқ уламоларимиз, хусусан, Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашича, ҳодиса икки марта содир бўлган. Ҳафса розияллоҳу анҳо ҳақидагиси олдин ва Зайнаб онамиз ҳақидагиси кейин бўлган. Шу иккинчисидан сўнг оналаримизга танбеҳ ўлароқ бир сура – Таҳрим сураси нозил қилинади. 

Суранинг аввали Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб билан бошланади. У зот аёлларининг розилигини ўйлаб, ҳалол бўлган нарсани ўзларига ҳаром қилиб олган эдилар. Дастлабки оятлар шу иш тўғри бўлмаганини уқтиради. Кейинги оятларда оилавий сирни очиш танқид қилинади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари ўртасида бўлиб ўтган келишув, уларнинг бир­бирларига рашк қилиб, Аллоҳнинг Расулини ташвишга солишлари нодуруст экани бевосита оналаримизга хитоб шаклида уқтирилади. Сура сўнгида эса мўмин эр қошидаги кофир хотин ва кофир эр ҳузуридаги мўмина аёл мисоллари келтирилади.


«Эй Набий! Нима учун завжаларинг розилигини истаб,

Аллоҳ сенга ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиб оласан? Аллоҳ кечирувчи, раҳмлидир. Батаҳқиқ, Аллоҳ сизлар учун қасамларингизни бўшатишни шариатга киритди. Аллоҳ сизнинг хожангиздир ва У билувчи ва ҳикматлидир. Эсла, Набий хотинларидан бирига сир гап айтган эди. Бас, у(сир)дан хабар берди ва Аллоҳ у(иш)ни у(Набий)га билдирди. У баъзисини билдирди ва баъзисини қолдирди. Қачон у (Набий) унга (аёлга) буни маълум қилганида, у: «Буни сизга ким маълум қилди?» деди. У: «Менга билувчи, хабардор маълум қилди», деди. у зотнинг «Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз, батаҳқиқ, қалбларингиз (ҳаққа) мойил бўлибди. У зотнинг «У сизларни талоқ қилса, ажаб эмаски, Робби сиздан яхшироқ, муслима, мўмина, ўта итоатли, сертавба, ибодатли, рўзадор жувон ва қизларни ўрнингизга жуфти ҳалол қилиб берса» (Таҳрим сураси, 1–5­оятлар).


Нубувват хонадони юз берган бу ҳодиса билан яқиндан танишиш, тафсилотини билиш учун имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган бир ҳадисни ўрганайлик.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттобдан Аллоҳ таоло «Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз, батаҳқиқ, қалбларингиз (ҳаққа) мойил бўлибди», деб айтган икки аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайси завжалари эканини сўрашга қаттиқ иштиёқманд бўлиб юрардим. Ниҳоят, Умар ҳажга чиқиб, мен ҳам у билан бирга ҳажга чиқиб қолдим. (У йўлда кетаётиб) четга чиққан эди, мен ҳам чарм обдастани олиб, у билан четга чиқдим. У қазои ҳожат қилди. Кейин келган эди, қўлига ўшандан сув қуйдим. У таҳорат қилди. Шунда мен унга: «Эй мўминлар амири, Аллоҳ таоло «Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз, батаҳқиқ, қалбларингиз (ҳаққа) мойил бўлибди», деган икки аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайси завжалари?» дедим. У: «Ажойибсан да, эй Ибн Аббос! Улар Ҳафса билан Оиша да», деди. Сўнгра Умар воқеани айтиб бера бошлади:

«Жоҳилиятда аёлларни одам санамас эдик. Ислом келиб, Аллоҳ уларни зикр қилгач, шу билан зиммамизда уларнинг ҳаққи борлигини билдик, лекин бошқа бирор нарсада уларни ишларимизга аралаштирмас эдик. (Бир куни) хотиним билан орамизда гап ўтиб, у менга қўполлик қилди. Унга: «Ҳали сен шунақамисан?!» дедим. У: «Менга шундай деяпсиз, ўзингизнинг қизингиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга озор беради!» деди. Ҳафсанинг олдига бориб: «Мен сени огоҳлантириб қўяй, яна Аллоҳ ва Унинг Расулига осий бўлиб қолма!» дедим. (У зотга бераётган) озорлари хусусида, дастлаб унинг олдига кирдим, сўнг Умму Саламанинг олдига бориб, унга ҳам айтдим. У: «Сенга ҳайронман, эй Умар, бизнинг ишларимизга ку, аралашиб бўлгансан, энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан завжалари орасига тушишинг қолувди», деб айтди.

Ансорийлардан бир киши бор эди, агар у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлмай, мен у зот билан бирга бўлсам, нималар бўлганини унга айтиб келардим. Агар мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлмай, у бирга бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида нималар бўлганини у менга айтиб келарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларидаги (қабила)лар у зотга бўйсунган бўлиб, фақат Шомдаги Ғассон подшоҳи қолган эди. Биз унинг (бостириб) келиб қолишидан қўрқиб турар эдик. Кутилмаганда бояги ансорий «Бир иш юз берди», деб келиб қолди. Мен унга: «Нима бўлди, ғассонлик келдими?» дедим. У: «Ундан ҳам каттароқ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларини талоқ қилдилар!» деди. 

Кийимимни кийдим да, бомдод намозини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўқидим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чордоқларига кириб, алоҳида бўлиб олибдилар. 

Ҳафсаникига кирдим. Қарасам, йиғлаётган экан. «Нега йиғлаяпсан? Сени бундан огоҳлантирмаганмидим?! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларни талоқ қилдиларми?» дедим. У: «Билмайман, у зот ана, чордоқда алоҳида бўлиб олганлар», деди. 

Чиқиб, минбарнинг олдига бордим. Қарасам, унинг атрофида бир тўп одам, баъзилари йиғлашяпти. Улар билан бир оз ўтирдим. Кейин мени ташвишга солган нарса устун келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам турган чордоққа бориб, қоратанли ғуломларига: «Умар учун изн сўраб кўр», дедим. У кириб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашди. Кейин чиқиб: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга сени айтдим, индамадилар», деди. Қайтиб, минбар олдида ўтирган гуруҳ билан ўтирдим. Кейин мени ташвишга солган нарса устун келиб, яна келдим. Ғуломларига: «Умар учун изн сўраб кўр», дедим. У кириб, қайтиб чиқди ва: «У зотга сени айтдим, индамадилар», деди. Қайтиб, яна минбар олдидаги тўп билан ўтирдим. Кейин мени ташвишга солган нарса устун келиб, яна ғуломнинг олдига келдим да: «Умар учун изн сўраб кўр», дедим. У кириб, кейин олдимга чиқиб: «У зотга сени айтдим, индамадилар», деди. Қайтиб, орқага бурилган эдим ҳамки, бирдан ғулом мени чақириб қолди. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга изн бердилар», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдим. Қарасам, тўқима бўйрага ёнбошлаб олган эканлар, тагларида тўшак ҳам йўқ. Ёнбошларига тўқиманинг изи тушиб қолибди. У зот ошланган теридан қилинган, ичига хурмо пўстлоғи солинган ёстиққа суяниб олган эдилар. У зотга салом бердим. Кейин тик турганимча: «Аёлларингизни талоқ қилдингизми, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим. Менга нигоҳ ташладилар-да: «Йўқ», дедилар. «Аллоҳу акбар!» дедим. Сўнгра тик турганимча шундай дедим: «Бир гап, эй Аллоҳнинг Расули! Биласиз, биз қурайшликлар аёллардан устун келар эдик. Мадинага келсак, улар аёллари устун келадиган қавм экан». Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар. Кейин: «Эй Аллоҳнинг Расули, биласизми... Ҳафсанинг олдига кириб, унга: «Қўшнингнинг, яъни Оишанинг сендан кўра хушрўйлиги, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга суюклироқлиги сени алдаб қўймасин», деб айтдим», дедим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир табассум қилдилар. У зотнинг табассум қилганларини кўргач, ўтирдим. Уйларига кўз ташладим. Аллоҳга қасамки, уйларида учта ошланмаган теридан бошқа кўзга илингудек нарса кўрмадим. «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, умматингизга кенглик берсин. Форс ва Румга кенглик берилган, дунё ато қилинган. Ҳолбуки, улар Аллоҳга ибодат қилишмайди», дедим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам суянган ҳолда ўтирган эдилар, ўтириб олдилар ва: «Сен ҳам шундаймисан, эй Ибн Хаттоб? Улар ҳузур ҳаловати бу дунё ҳаётидаёқ бериб қўйилган қавмдир», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, мен учун мағфират сўранг», дедим. 

Хуллас, Ҳафса Оишага сирни фош қилиб қўйгач, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ҳодиса туфайли аёлларидан йигирма тўққиз кун алоҳида бўлиб олдилар. Аллоҳ у зотни итоб қилганда, улардан қаттиқ аччиқланганларидан: «Уларнинг олдига бир ой кирмайман», деган эдилар. Йигирма тўққиз кеча ўтгач, Оишанинг олдига кирдилар, ундан бошладилар. 

Оиша айтади: «Сўнгра Аллоҳ таоло «ихтиёр бериш» оятини нозил қилди. Аёллари орасидан биринчи бўлиб мендан бошладилар. Мен у зотни ихтиёр қилдим».

Сўнгра аёлларининг ҳаммасига ихтиёр бердилар. Улар ҳам худди Оишанинг айтганини айтишди».

Нақадар гўзал ҳаёт! Нақадар бахтиёр оила! Бошқалар учун оддий саналган бир хато учун осмондан ваҳий тушиб, камчиликни вақтида ислоҳ қилмоқда. Зотан, бу оилада бундай хатокорлик бўлмаслиги керак, чунки у бутун инсоният учун ўрнак бўлиши лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуфти ҳалолларининг келишув асосида қилган мазкур тасарруфлари натижасида илоҳий итоб олгач, аёлларини тарбия қилиш учун улардан узлат қилишни лозим топдилар. Бу узлатга иккинчи бир сабаб ҳам бор эди. У ҳақда юқоридаги ҳадиснинг охирида сўз юритилган бўлиб, батафсил маълумот қуйида келади.


Дунё муҳаббатига қарши муолажа



Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари бўлмиш буюк оналаримизнинг ҳаётлари билан танишар эканмиз, уларнинг жуда кўп хислатларда муштарак эканларини кўрамиз. Масалан, серибодат, сернамоз, зокирлик, кўп рўза тутиш, саҳоват, олийжаноблик ва бошқа ҳислатларни уларнинг ҳар бирининг тавсифида учратамиз. Ҳақиқатан ҳам улар энг улуғ, баркамол аёллар эдилар. Уларнинг нубувват хонадонига бека бўлишлари ҳам бежиз эмас эди, албатта, улардаги буюклик боис Аллоҳ уларни охир замон Пайғамбарига жуфти ҳалол этиб сайлаган эди. Шу билан бирга, улар ҳам инсон, бошқалар қатори бу дунё зеб­зийнатларига ҳавас қилиб қолишлари мумкин. Даставвал мусулмонлар ўта камбағал эди, оналаримиз ҳам йўқлик ҳаётига кўниккан эди. Аста­секин жамият тараққий топиб, мусулмонлар бойиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларига ҳам мол­мулк келиб тушгач, оналаримизга, биз ҳам бошқалар қатори дунё матоҳларидан фойдалансак­чи, деган ҳаёл келди шекилли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шу маънода мурожаат қилдилар. Исломда ҳалол мол­дунёдан қайтарилмаган бўлса­да, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уммат учун ўрнак бўлган ўз оилаларининг дунё билан банд бўлишини истамасдилар. У зот йўқликдан эмас, балки ўз ихтиёрлари билан бойликдан, дунёнинг ҳойу ҳавасларидан зуҳд қилгандилар. Шу боис, ҳожатдан ташқари нафақага ўтмасдилар. Бироқ оналаримиз аёлликларига бориб, динда рухсатли иш экани эътиборидан, бир овоздан мазкур талабда бироз қатъийроқ туриб олдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарбия мақсадида барча аёлларидан узлат қилдилар. Кейин ишга бевосита илоҳий ваҳий аралашиб, қатъий ечим тақдим этди.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: 

«Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун келганида, одамлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшиклари олдида туришган эди. У зот ичкарида ўтирган эдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳуга изн берилмади. Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу келди. Изн сўради, унга ҳам изн берилмади. Кейин Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларга изн берилди, улар ичкарига кирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жим ўтирардилар. Умар розияллоҳу анҳу (ўзича) бир гап қилай, шояд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлсалар, деб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Зайднинг қизи (Ҳазрат Умарнинг хотини) ҳозиргина мендан нафақа сўраган эди, бўйнига боплаб туширдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб юбордилар, ҳатто тишлари кўриниб кетди. Сўнг: «Манавилар ҳам атрофимни ўраб олиб, нафақа сўрашмоқда», дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Оишани ургани турди. Умар розияллоҳу анҳу Ҳафсани ургани турди. Икковлари ҳам: «Расулуллоҳдан у кишининг ҳузурларида йўқ нарсани талаб қиласизларми?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни тўхтатдилар. Шундан сўнг «ихтиёр бериш оятлари» деб номланган қуйидаги ояти карималар нозил бўлди:

«Эй Набий, жуфти ҳалолларингга айтгин: «Агар бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини истасангиз, келинглар, сизларни баҳраманд қилай ва чиройлилик билан бўшатиб қўяй. Агар Аллоҳни ва Унинг Расулини ҳамда охират диёрини истасангиз, у ҳолда, Аллоҳ сизлардан яхшилик қилгувчиларга улуғ ажрни тайёрлаб қўйган» (Аҳзоб сураси, 28–29­оят).

Ушбу икки оятдаги буйруққа биноан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир аёлларига ё бу дунё ҳаёти ва унинг зеб­зийнатини ёки Аллоҳ, Унинг Расули ва охиратни ихтиёр қилишини сўраб чиқишлари керак эди. Ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳонинг ёшликлари эътиборидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиёр беришни у кишидан бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга:

«Мен сенга бир ишни айтаман. Шошилмасдан, ота-онанг билан маслаҳат қилиб жавоб бергин», дедилар. Оиша онамиз: «Нима экан у?» деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Набий, жуфти ҳалолларингга айтгин...» оятини ўқиб бердилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: «Ота-онам билан шуни маслаҳат қиламанми?! Йўқ! Мен Аллоҳни ва Унинг Расулини ихтиёр қиламан», дейди. У киши ёш бўлганидан доимо биринчи бўлишга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳаммадан ҳам суюкли бўлишга интилар эди. Шу боис, гапининг охирида: «Фақат, сиздан илтимос, нимани ихтиёр қилганимни бошқа хотинларингизга айтмасангиз», дея қўшимча қилиб қўйди. Шунда ҳар ишда адолатни шиор қила билган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ мени қўполлик қилувчи, қийинчилик туғдирувчи қилиб эмас, муаллим ва енгиллатувчи қилиб юборган. Улардан ким сенинг нимани ихтиёр қилганингни сўраса, айтиб бераман», деб жавоб бердилар.

Демак, эркак киши еталов бўлмай, ўз фикрига эга бўлиши, аёлини севиш, унга яхши муносабатда бўлиш билан бирга, шариатга амал қилишда, адолатда қатъий бўлиши лозим.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қолган аёлларига ҳам мазкур танловни таклиф қилдилар, ҳаммалари бир овоздан, ҳеч иккиланмай Аллоҳ ва Унинг Расулини, охират неъматини танлашди. Бу ҳам бўлса, уларнинг нубувват чироғи билан диллари мунаввар бўлганини, набавий ахлоқни ўзлаштира билганларини, чиндан ҳам ушбу муборак хонадонга муносиб бека бўлганларини кўрсатар эди.

Шундай қилиб, нубувват хонадонида мол­дунёга бўлган муносабатнинг энг олий намунаси шакллантирилди. Дунё зеб­зийнатларига нисбатан пайдо бўлган салгина рағбат ҳам бартараф этилиб, қалблар тўлалигича охират сари юзлантирилди. Уларни дунё ва унинг зийнатларидан устун тура олишга ўргатилди. Оналаримизнинг қалбларида Аллоҳ ва Унинг Расулидан бошқа нарсага ўрин қолдирилмади. Зотан, улар инсоният саййидининг ёстиқдошлари эдилар. Уларнинг хонадонларида инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи илоҳий йўриқ – Қуръони Карим нозил бўлар ва бу зиё мана шу камтарона кулбалардан бутун дунёга таралар эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу улуғ хонадон соҳибаларида дунёга мойиллик иллатидан заррача ҳам қолмаслигини истади ва уларни батамом пок ва баркамол бўлишларини ирода қилди. Ана шундай юксак масъулият ва оғирликни бўйнига олиб, Аллоҳ ва Расулини ихтиёр этган бу буюк момоларимизга Аллоҳ Ўзининг насиҳатларини, йўриқларини қуйидагича давом эттиради: 

«Эй, Набийнинг аёллари! Сиздан ким очиқ гуноҳ қилса, унга бериладиган азоб икки баробар кўпайтирилур. Бу эса Аллоҳга осондир. Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг Расулига қаттиқ итоатда бўлса ва солиҳ амал қилса, унинг ажрини икки баробар берамиз ва унинг учун шарофатли ризқни тайёрлаганмиз. 

Эй, Набийнинг аёллари! Сизлар аёллардан бирортаси каби эмассиз. Агар тақво қилсангиз, гапни нафислаштирмангки, қалбида касали бор бўлган тамаъ қилиб юрмасин ва маъруф гапни гапиринглар. 

Уйингизда қарор топинг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг. Намозни тўкис адо этинг, закот беринг, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Албатта, Аллоҳ сиздан кирликни кетказиб, бутунлай поклашни истайди, эй, аҳли байт! Шунингдек, уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматни эсланг. Албатта, Аллоҳ латиф ва бохабардир» (Аҳзоб сураси, 30–35­оят).

Аллоҳдан бундай гўзал хитобларни тинглаган бу буюк сиймолар бир умр ушбу кўрсатмаларга оғишмай амал қилдилар ва бутун умматга она бўлиб, энг гўзал намуна кўрсатдилар. 

Бу оятлардаги хитоб, гарчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига қаратилган бўлса­да, улардаги насиҳатлар, ахлоқий меъёрлар ўша улуғ оналар орқали барча муслималарга ҳам тегишлидир. Бинобарин, ҳар бир муслима гуноҳлардан четланиши, эзгу амаллар қилиши, иффатини асраши, фақат яхши сўз айтиши, заруратсиз, бўлар­бўлмасга уйдан чиқмаслиги, жоҳилиятнинг чиркин одатларидан сақланиши, авратини, гўзалликларини яшириши, намозни тўкис адо этиши ҳамда Аллоҳ ва Расулига итоат қилиши лозим. Шунингдек, ҳар бир мўмина уйида янграётган Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифлардан насҳат олиши даркор. Айни пайтда бу ишда эркаклар ўзларидаги масъулиятни чуқур ҳис эта билишлари, шунга кўра иш кўришлари ва қатъиятли бўлишлари лозиму лобуддир.


Юқоридаги сатрлардан яна шу нарса маълум бўладики, эркак киши оила таъминотида, сарф­харажатда исрофдан сақланиши лозим. Аҳли оиланинг нафақаси баҳонасида ҳойу ҳавасга, ортиқча зебу зийнатга ружу қўйиш, мол­пулни совуриш ярамайди. Агар аёллар шуни талаб қилганда ҳам эркак меъёрни ушлай билиши ва бунда қатъиятли бўлиши даркор.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло.Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот покдир. давоми...

1789 15:13 / 02.01.2018
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ривоят қилади Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига қизлари ҳазрати Зайнаб розияллоҳу анҳонинг вафот қилган ўғли жасадини давоми...

1315 18:00 / 06.12.2018
1. Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниш.2. Аллоҳ таолонинг саловотига мувофиқ иш қилиш.3. Фаришталарнинг саловотига мувофиқ иш қилиш.4. Бир саловот учун Аллоҳ таолодан ўн давоми...

2425 17:30 / 30.03.2018
3. .Хамр ароқ ичма, чунки хамр барча ёмонликларнинг калитидир,.Ароқ ичишни ўзига раво кўрган одам бошқа барча ёмонликларни ҳам тап тортмай қилаверадиган бўлади. Бу давоми...

1627 16:46 / 02.05.2018
Топ рейтинг www.uz Openstat