1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Расули акрамнинг ташхис ва дафн этилишлари

19:13 / 28.04.2017 3971 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрат Абу Бакр Мадина масжидидаги умумий байъатдан кейин Расули акрамнинг жанозаларида бўлдилар. Ҳазрат Пайғамбар олдиларидаги сўнгги вазифаларини адо этдилар.

Душанба куни пешиндан кейин вафот этган Расули акрамнинг жанозалари бир кун сўнгра - сешанба кунигина тайёрланди. Бу муҳим вазифани энг яқин ақраболари бажардилар.

Исломиятнинг илк бош шаҳри Мадинада зуҳур этган бу буюк изтироб аввалига мусулмонларни ташвишга туширган бўлса, сўнгра ихтилофга йўл очди. Кейинчалик бир келишув ҳосил бўлди; ҳазрат Абу Бакрга байъат этилди. Байъат маросимидан сўнг бутун асҳоб Расули акрам олдиларидаги сўнгги бурчларини адо этишга ошиқди. Бироқ ҳазрат Абу Бакр бунга монелик қилдилар. Ҳамма бу ишга қўшиладиган бўлса, иш тугамаслигини айтдилар. Ҳазрат Али хонанинг эшигини ёпдилар, ичкарига ҳеч кимни киритмадилар. Лекин ансор қайта-қайта талаб қилгани ва ҳазрат Алига қараб: "Аллоҳ ризолиги учун бизни Пайғамбарга хизмат қилишдан қайтарма!" дея қичқирганлари учун уларнинг номидан Ҳавло ўғли Авсга рухсат берилди.

Ғасл (ювиш) ишини ҳазрат Али бажардилар. Ҳазрат Аббос билан ўғиллари Расули акрам жасадларини бир томондан иккинчи томонга ўгириб туришди. Усома сув қуйиб турди. Ҳавло ўғли эса сув ташиди (Ибн Можа, "Асри Саодат", 6-жилд, 54-бет).

Ювиш учун кийимлари ечилди, устларида фақат кўйлаклари қолдирилди, бироқ Пайғамбаримиз таналарига ҳазрат Алининг қўллари тегмади.

Ибн Ҳишомнинг ривоятига кўра, Расули акрамни ювинтираркан, ҳазрат Али: "Ҳаётдалик пайтингизда пок эдингиз. Ўлимингизда ҳам поксиз!" деганлар.

Ғасл иши тамомлангач, аввалига ҳазрат Абу Бакрнинг ўғиллари Абдуллоҳ тайёрлаган Яман матолари билан кафанландилар. Бироқ кейин бу кафан ўзгартирилди. Унинг ўрнига уч парча пахтали мато ишлатилди (Бухорий, Муслим, Абу Довуд; "Асри Саодат", 2-жилд, 769-бет).

Ҳужранинг эшиги ҳаммага очилди. Расули акрамнинг жасадлари садр устига қўйилган эди.

Шундан сўнг Расули акрамнинг қаерга дафн этилишлари масаласи ўртага чиқди. Ҳар хил фикрлар илгари сурилди. Охирида ҳазрат Абу Бакр бир ҳадис ривоят қилдилар. Расули акрам бу ҳадисларида: "Аллоҳ ҳар пайғамбарнинг руҳини у пайғамбарнинг кўмилишини хоҳлаган ерда олади", дея марҳамат қилган эдилар ("Тажрид" таржимаси, 11-жилд, 36-бет). Бу ҳадисга кўра, Расули акрамнинг вафот этганлари жойда дафн этилишлари кераклигини айтдилар (Ибн Саъд; ривоят саҳиҳ, санади муттасил, рижол мавсук. "Асри Саодат", 6-жилд, 56-бет). Шундан сўнг Расули акрамнинг жасадлари кўтарилди. Қабрлари ҳазрат Оишанинг ҳужраларида ётиб сўнгги нафасларини берганлари тўшак тўшалган ерда қазилди.

Ҳазрат Оиша Расули акрамнинг Бақиъ қабристони каби очиқ бир жойда кўмилмаганликлари сабабини изоҳлаб: "Ҳазрат Пайғамбар очиқ бир жойда дафн этилсалар эди, у кишининг қабрларига халқ ортиқ даражада таъзим этар, бунга монелик қилиш қийин бўлар эди. Бу эса Пайғамбар қабрларининг бир ибодатгоҳ бўлиб қолишига йўл очарди", деган эдилар (Бухорий. "Асри Саодат", 2-жилд, 769-бет). 

Маккаликлардан ким ўлса, қабрини Абу Убайда, мадиналикларнинг қабрини эса Абу Талҳа қазирдилар. Шу сабабли ҳар иккисига ҳам хабар юборилди. Олдин Абу Талҳа келгани учун Расули акрамнинг қабрлари ансордан Абу Талҳа тарафидан мадиналикларнинг одатига кўра тайёрланди. Қабр тупроғи нам бўлгани учун Расули акрамнинг устида ётиб вафот этган кўрпалари қабрга тўшалди (Ибн Можа. "Асри Саодат", 6-жилд, 55-бет).

Жаноза тайёрланиб бўлингач, ҳамма жаноза намозини адо қилишга шошилди. Жаноза хонанинг ичида эди. Шу сабабли мусулмонлар кичик-кичик жамоатлар ҳолида ҳужрага киришиб, жаноза намозини ўқишди. Аввал ҳазрат Абу Бакр ҳазрат Умар ва муҳожирлар билан ичкарига кириб: "Салом сизга, эй Расули акрам! Сизга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин!" дейишди, намозларини ўқишди. Улардан кейин бошқалар навбати билан кира бошлашди; олдин эркаклар намозни ўқишди, сўнгра навбат аёлларга келди, аёллардан сўнг болалар Расули акрамнинг жаноза намозларини адо қилишди(Ибн Саъд. "Асри Саодат", 6-жилд, 56-бет). Фақат намоз асносида ҳеч кимса имомлик қилмади. Ҳазрат Али:

- У зотнинг устида ҳеч ким имомлик қилмасин. У зот сиз учун ҳаётларида ҳам, вафотларида ҳам имомингиздир! – дедилар ("Тарихи дини Ислом", 4-жилд, 569-бет).

Ҳазрат Оишанинг хоналари кичик эди. Намоз алоҳида-алоҳида ўқилди. Шунинг учун ярим кечагача давом этди, чўзилди. Намознинг тамомланиши кутилди.

Ниҳоят Расули акрамнинг муборак жасадлари ҳазрат Али, Аббос ўғли Фазл, Усома ва Авф ўғли Усома томонларидан қабрга туширилди (Абу Довуд. "Асри Саодат", 2-жилд, 770-бет). Илоҳий пайғамбарларнинг охиргиси ва оламларнинг раҳмати бўлган ҳазрат Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи вассалам сешанбанинг чоршанбага боғланган кечаси тупроққа берилдилар(Расули акрамнинг қабрларига "Ҳужраи Саодат" дейилади, лекин "Равзаи Мутаҳҳара" дейилмайди. Равзаи Мутаҳҳара масжидда, минбар билан қабр ўртасидаги муқаддас жойнинг номидир ("Қиссаси Анбиё, 4-жилд, 361-бет, изоҳ)) (ҳ. 11 й. 2-3 рабиул-аввал/м. 632 й. 28-29 май, сешанба-чоршанба).

Ҳазрат Оиша: 

- Биз Расули акрамнинг чоршанба кечаси кўмилганликларини кечанинг ярмига қадар эшитилиб турган белкурак овозларидан билдик, - деган эдилар ("Тажрид" таржимаси, 11-жилд, 37-бет.).

Расули акрамнинг қизлари ҳазрат Фотима оталарининг ўлимларидан сўнг сўзлаган дард-алам тўла машҳур марсияларида: "Менинг устимга шундай мусибат ёғилдики, агар у кундузлар устига ёғдирилганида (кундузлар) кеча бўларди", дея чуқур ва аччиқ изтиробларини ифода этмоқчи бўлган эдилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳнинг шафоати барча умматларига етишига ишора қилувчи кўринишСаййидимиз Жобир розияллоҳу анҳу уйларига бориб рўзғорида мавжуд егуликларни текшириб давоми...

4921 17:11 / 16.01.2018
345. Алий ибн Абдурроҳман Муовиййидан ривоят қилинади.Абдуллоҳ ибн Умар менинг намозда майда тошларни ўйнаётганимни кўрди. Намозни тугатганда мени бундан қайтарди давоми...

1988 13:47 / 27.03.2020
370. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Имом кафил, муаззин омонатдордир. Аллоҳим, имомларни тўғри йўлга йўлла давоми...

3307 13:00 / 05.06.2020
834. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биродарига ҳаё борасида танбеҳ бераётган ансорлардан бир давоми...

1730 19:00 / 27.01.2023
Аудиолар

118744 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар