1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Пайғамбарлар қиссаси

ҲУД АЛАЙҲИССАЛОМ

15:53 / 28.04.2017 7878 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримда Ҳуд алайҳиссаломнинг номлари етти марта зикр қилинган. У зотнинг қиссалари Аъроф, Шуаро, Зарият каби сураларда келган. Қуръони Каримнинг бутун бошли бир сураси у зотнинг номлари билан аталиб «Ҳуд сураси» номини олган. Шунингдек, бошқа бир сура у кишининг яшаган ерлари исми ила «Аҳқоф» деб аталган.

ҲУД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ НАСАБЛАРИ

Ушбу пайғамбар алайҳиссаломнинг тўлиқ номлари Ҳуд ибн Абдуллоҳ ибн Рабоҳ ибн ал-Халуд ибн Од. У зотнинг насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг Сом исмли ўғилларига бориб тақалади. Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмлари у кишининг катта боболари Од номи билан аталади.
Од қавми боида араблардан ҳисобланади. Араблар учга бўлинади. Боида, Оида ва Мустаъраба.
Боида араблар энг қадимги араблардандир. Боида сўзининг маъноси ўтиб, тугаб кетган деганидир. Од қавми ҳам ўша араблардандир. Бу қавм ўзининг саркашлиги билан машҳур. Шунинг учун ҳам уларнинг ўз пайғамбарлари Ҳуд алайҳиссалом билан бўлиб ўтган қиссалари Од қавми қиссаси дейилади. Од қавми ҳам иккига бўлинади. Биринчи Од ва иккинчи Од. Ҳуд қавми биринчи Оддирлар.

ҲУД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЯШАГАН ЖОЙЛАРИ

Бу қавм денгиз бўйида, кўчиб юрувчи қумликлар ичидаги Аҳқоф номли жойда, Яман, Уммон ва Ҳазарамвт ўрталиғидаги маконда яшаб ўтганлар. Улар баланд бўйли, кенг ярғинли кишилар бўлиб, ҳайбатли чодирларда яшаганлар. Шунинг учун ҳам Од қавми ўз замонасидаги энг қувватли кишилар деб талқин қилинади.
Улар доимо «Қани биздан ҳам кучли одамлар борми?» деб мақтаниб юришар эди. Уларнинг гавдалари катта бўлса-да, ақллари паст эди. Доимо бут ва санамларга сиғиниб, уларнинг ҳимояси учун урушиб юришарди.

ҲУД АЛАЙҲИССАЛОМНИ ПАЙҒАМБАР ЭТИБ ЮБОРИЛИШЛАРИ

Аллоҳ таоло уларни ҳидоятга бошлаш учун ўзларидан бўлган Ҳуд алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб танлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда «Аъроф» сурасида қуйидагиларни марҳамат қилади:
«Ва Одга ўз биродари Ҳудни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Тақво қилмайсизларми?!» деди. (65 оят)
Аллоҳ таоло Од қавмига ўзларининг орасидан биродарлари бўлган Ҳуд алайҳиссаломни элчи этиб юборганини хабар қилмоқда.
Ҳуд алайҳиссалом ҳам қавмларига, худди Нуҳ алайҳиссалом каби, Аллоҳга ибодат қилиш зарурлигини, Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот йўқлигини тушунтирдилар.
Шунингдек, уларни тақвога, Аллоҳдан қўрқишга чақирдилар. Зеро, уларни Пайғамбар қилиб юборган Зот ягона, уларга кўрсатма берган зот бир. Хўш, Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмлари нима қилди?

ОД ҚАВМИНИНГ ЖАВОБИ

«Унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлар: «Албатта, биз сени эси пастликда кўриб турибмиз ва албатта биз сени ёлғончилардан деб биламиз», дедилар». (66 оят)
Бу жоҳил қавм олдингилардан ҳам ўтиб тушди. Аввалгилари Нуҳга алайҳиссалом «сен залолатдасан», деган эдилар. Булар эса, ўз Пайғамбарларига:
«Албатта, биз сени эси пастликда кўриб турибмиз ва, албатта, биз сени ёлғончилардан деб биламиз», дейишмоқда.
Бу золим қавм Худонинг Пайғамбарига «Сен албатта эси пастсан» ва «сен албатта ёлғончисан», демоқда.
Бу чиркин туҳмат ҳам аввалгисига ўхшаб жамики Пайғамбарларга ва уларнинг изидан юрган бутун мўминларга нисбатан азал-абад давом этиб келаётган энг ёвуз ғаразлардандир.

САРКАШ ҚАВМ ИЛА ТОРТИШУВ

Ўз қавмидан бундай қабиҳ туҳматни эшитган Ҳуд алайҳиссалом:
«У: «Эй қавмим, менда эси пастлик йўқ. Лекин мен оламларнинг Роббидан Пайғамбарман.
Сизларга Роббимнинг юборганларини етказаман ва мен сизларга ишончли насиҳатгўйман.
Ўзингиздан бўлган бир кишига сизларни огоҳлантириш учун Роббингиздан эслатма келганидан ажабландингизми?! Сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа қилганини ва хилқатингизда куч-қувватни зиёда қилганини эсланг. Аллоҳнинг неъматларини эсланг. Шоядки, нажот топсангиз», деди. (67-69 оят)
Ҳуд алайҳиссалом жоҳил қавмга босиқлик билан, содда қилиб, ҳақиқатни баён қилишга ўтдилар. Ўзларидан эси пастликни рад этиб, оламларнинг Робби томонидан Пайғамбар этиб, юборилганларини ҳамда Пайғамбарлик мақсадларини сўйладилар.
«Эй қавмим, менда эси пастлик йўқ. Лекин мен оламларнинг Роббидан Пайғамбарман. Сизларга Роббимнинг юборганларини етказаман ва мен сизларга ишончли насиҳатгўйман».
Сўнгра уларни Пайғамбарни ўзларининг орасидан танлагани учун ажабланмасликка чақирдилар.
«Ўзингиздан бўлган бир кишига сизларни огоҳлантириш учун Роббингиздан эслатма келганидан ажабландингизми?!
Кейин эса, Аллоҳ томонидан уларга берилган имтёзларни эслатдилар:
«Сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа қилганини ва хилқатингизда куч-қувватни зиёда қилганини эсланг».
Аллоҳ таоло Нуҳ қавмини оғир гуноҳлари туфайли ер юзидан гумдон қилиб ташлаган эди. Худди шу осий қавмдан сўнг сизларни ер юзида ўзининг халифаси қилиб танлади. Бу–улуғ неъмат. Бунга, албатта, шукр қилиш лозим эди.
«Аллоҳнинг неъматларини эсланг. Шоядки нажот топсангиз».
Фикр қилинг. Аллоҳнинг сизга берган неъматлари жуда кўп. Уларнинг саноғига етиб бўлмайди. Бунинг фаҳмига етиш, тушуниш неъмат берувчи зотга-Аллоҳга шукр қилишга чорловдир. Шукр қилувчи бўлинг, шоядки нажот топсангиз.
Аммо Од қавми ҳам жаҳолатида қаттиқ туриб олди.
«Улар: «Сен бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз ибодат қилган нарсаларни тарк этишимиз учун келдингми?! Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир!» дедилар». (70 оят)
Улар шу инкорлари билан ўзларининг эси паст одамлар эканликларини ошкор қилдилар. Ҳеч қандай ҳужжат-далилсиз ота-боболари қилган амални Аллоҳдан келган амрдан устун қўйдилар.
«Улар: «Сен бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз ибодат қилган нарсаларни тарк этишимиз учун келдингми?!» дедилар.
Уларнинг жаҳолатлари шу даражада эдики, ўша ботил нарсаларни деб ҳар қандай азоб-уқубатга тайёр эканликларини билдирдилар ва агар иймон келтирмасалар, Аллоҳнинг иқобига учрашлари муқаррарлигини таъкидлаб турган Ҳуд алайҳиссаломга:
«Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир, дедилар».
Энди ортиқча гапга ўрин қолмади. Ҳуд алайҳиссалом қатъий қилиб:
«У: «Батаҳқиқ, устингизга Роббингиз томонидан азоб ва ғазаб тушди. Мен билан Аллоҳ ҳеч бир ҳужжат туширмаган, ўзингиз ва ота боболарингиз қўйиб олган номлар ҳақида тортишасизларми?! Бас, интизор бўлиб туринглар! Мен ҳам сизлар билан интизор бўлувчиларданман», деди». (71 оят)
Яъни, танлаган йўлингиз шу бўлса, тамом, ҳеч қандай шубҳа қолмади. Аллоҳ таолодан устингизга азоб ва ғазаб тушди, деб ҳисоблайверинг. Гапингизни қаранг-а?! Мен билан нима ҳақда баҳслашаётганингизни биласизми ўзи?! Сиз, биз ва ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган нарсалар, деганингиз нималигини биласизми?! Улар–сиз ва ота-боболарингиз ўзларига «худо» деб тан олган нарсалар аслида ҳеч вақога арзимайди. Уларнинг илоҳ эканлигини исбот этувчи ҳеч қандай ҳужжат ёки далил йўқ. Қилаётган ишингизни қаранг-а!!! Мен ваъда қилган азоб сизларга, албатта, етади. Лекин унинг қачон келишини ёлғиз Аллоҳ билади. Сиз фақат интизор бўлиб кутиб туринг. Мен ҳам интизор бўлиб кутиб тураман. Зеро, мен ҳам бандаман. Азобни юборгувчи эса, ёлғиз Аллоҳнинг Ўзидир.

АЛЛОҲНИНГ НЕЪМАТЛАРИНИ ЭСЛАТИШ

Ҳуд алайҳиссалом ўз қавмларини йўлга солиш мақсадида турли чоралар кўриб бориш жараёнида уларга Аллоҳ таоло берган неъматларни ҳам эслатдилар. Эй қавмим!
«Ҳар тепаликка бир белги бўладиган бино қуриб, беҳуда ўйин қилаверасизми?
Ва худди мангу туражакдек «маснаълар» тутасиз». (Шуаро сураси 128-129 оятлар)
Ушбу оятдаги «маснаълар» сўзи ҳозирги араб тилида завод-фабрикалар маъносида ишлатилмоқда. Қадимда, албатта, ҳозиргидек иншоатлар бўлмаган. Шунинг учун ҳам қадимги тафсирларимизда бу сўзга баланд қасрлар, сув омборлари, баланд қўрғонлар маъноси берилган.
Асрдош тафсирчиларимиз эса, Од қавми улкан қасрлар қуриш, тоғларни ўйиб ишлаш ва бошқа фахр учун кўтарадиган биноларида фойдаланадиган асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарадиган ишхоналарга эга эди, «маснаълар»дан мурод ўшалар, дерлар. Биринчи оятда қурилишларга доир очиқ-ойдин маъно бор. Шунинг учун ушбу иккинчи тафсир асослироқ бўлиб чиқади.
Од қавми жисмоний жиҳатдан етук, баланд қоматли, жуда бақувват ва соғлом одамлар бўлганлар. Шунингдек, ақлий жиҳатдан ҳам улар ўткир зеҳнли, теран ақлли бўлиб, ҳамма уларга ҳавас қилган. Аммо улар мазкур неъматларни тўғри йўлда ишлатмадилар. Ғурурга кетиб, ҳовлиқдилар ва: «Биздан кучлироқ ким бор?!» деб мақтандилар. Беш кунлик дунё матоҳига берилдилар. Улар ҳашамат, фахр ва бир-бирларидан ўзиш учун бекордан-бекорга улкан қасрлар, турли керакли кераксиз иншоатлар бино қилдилар. Шундай ишларга берилиб кетиб, Аллоҳни унутдилар ва турли ёмонликларга қўл урдилар. Жумладан, моддий куч-қувватлари ила бошқаларга зулм ўтказдилар. Ҳуд алайҳиссалом сўзлари давомида ана шунга ҳам ишорат қилмоқдалар:
«Тутганингизда ўта жабрчи бўлиб тутдингиз». (130)
Яъни, бошқа одамларни ушлаган пайтларингизда уларга нисбатан ўта жабр ўтказдингиз. Зулм қилдингиз.
Бас, Аллоҳдан қўрқинг ва менга итоат қилинг.
Сизга ўзингиз билган нарса ила мадад берган зотдан қўрқинг. (131-132 оятлар)
Аллоҳ сизга нималар ила мадад берганини ўзингиз яхши биласиз, улар олдингизда турибди. Ўша зотдан қўрқинг, Унга тақво қилинг. Агар Аллоҳ сизга нима ила мадад берганини унутган бўлсангиз, эсингизга солай.
«У сизларга чорва ҳайвонлари ва фарзандлар ила мадад берди.
Боғ-роғлар ва булоқлар ила». (133-134 оятлар)
Ушбу ояти каримада Ҳуд алайҳиссалом ўз қавмларига Аллоҳ таоло уларнинг ўзларига алоҳида берган неъматларидан тўрттасини зикр қилмоқдалар.
1 - «чорва ҳайвонлари»
2 - «фарзандлар»
3 - «боғ-роғлар»
4 - «булоқлар»
«Мен, албатта, сизга улуғ куннинг азоби келишидан қўрқаман». (135 оят)
Ҳуд алайҳиссаломнинг тошни ҳам эритиб юборадиган бу сўзларига Од қавми қуйидагича жавоб берди.
«Улар: «Биз учун ваъз қилсанг ҳам ёки ваъз қилгувчилардан бўлмасанг ҳам, барибир». (136 оят)
Яъни, эй Ҳуд, сен бизга ваъз–насиҳат қиласанми, қилмайсанми бари-бир биз иймонга келмаймиз, сенга эргашмаймиз.
«Бу эскиларнинг одати, холос». (137 оят)
Сенга ўхшаб турли-туман гапларни айтавериш эскиларнинг одати, холос. Уларга ишониб бўлмайди. Шунингдек, сен айтаётганга ўхшаб,
«Биз азоблангувчи эмасмиз», дедилар». (138 оят)
Яъни, бизга қанча гапирсанг ҳам, барибир сен айтган йўлдан юрмаймиз. Қадимдан шундай бўлиб келган. Бу қилмишимиз учун, сен айтаётганингдек, азобланмаймиз ҳам, дедилар.

ТАВБАГА ЧАҚИРИШ

Ҳуд алайҳиссалом уларни тавба қилишга чақириб ҳам кўрдилар. Аммо бу иш ҳам фойда бермади. Бу ҳақда «Ҳуд» сурасида қуйидаги баёнлар келади: Ҳуд:
«Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У устингизга осмондан барака ёмғири юборади ва қувватингизга қувватни зиёда қилади. Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг», деди». (52 оят)
Мўмин-мусулмон инсон доимо истиғфор айтиб-Аллоҳдан гуноҳларини мағфират қилишини сўраб ва қилган гуноҳларидан қайтиб-тавба қилиб туриши зарурлигини ҳамма Пайғамбарлар таъкидлаганлар. Бундан олдин Нуҳ алайҳиссалом ҳам таъкидлаган эдилар. Энди Ҳуд алайҳиссалом ҳам таъкидламоқдалар:
«Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг».
Ҳуд алайҳиссалом Аллоҳ таолога ихлос ила истиғфор айтишнинг ва ихлос ила тавба қилишнинг ҳаёти дунёдаги, тириклик чоғидаёқ етадиган улкан фойдасини ҳам зикр қилмоқдалар:
«Шунда У устингизга осмондан барака ёмғири юборади».
Яъни, истиғфор айтиб, тавба қилсангиз, Аллоҳ сизни қурғоқчилик балосидан халос этади ва юртингизга барака ёмғирини ёғдиради. Ёмғир ҳам турлича бўлади. Баъзилари фойдали. Баъзилари бало-офат. Баъзилари баракотли. Истиғфор айтиб, тавба қилганларга Аллоҳ таоло айнан барака ёмғирини ёғдирар экан.
«ва қувватингизга қувватни зиёда қилади».
Аввал айтиб ўтилганидек, Од қавми куч-қуввати ила ном чиқарган қабила эди. Истиғфор айтиб, тавба қилсалар, қувватларига қувват зиёда бўлиши ваъда қилинмоқда.
Истиғфор ва тавбанинг фойдалари ҳақида бошқа оятларда ҳам гапирилган. Шунингдек, бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалладан ҳам бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Ўшандай ҳадислардан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир ғамдан кушойиш, ҳар бир тангликдан кенглик беради ва ўзи ўйламайдиган томондан ризқлантиради», деганлар.
«Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг», деди».
Иймон келтирмасангиз, жиноят қилган бўласиз, жиноятчи ҳолингизда юз ўгириб кетган бўласиз.

ОД ҚАВМИНИНГ ҚЎПОЛЛИГИ

Ҳуд алайҳиссаломнинг бу даъватларига Од қавми саркашлик қилиб, қўполлик билан салбий жавоб берди:
«Улар: «Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирмадинг. Биз сенинг гапинг учун худоларимизни тарк қилувчи эмасмиз ва биз сенга иймон келтирувчи ҳам эмасмиз.
Биз фақат, сени баъзи худоларимиз ёмонлик ила урибди, деймиз, холос», дедилар. У: «Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ қиламан ва сиз ҳам гувоҳ бўлингки, мен шерик келтираётганингиздан покман.
Ундан ўзга. Бас, ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилаверинглар, менга муҳлат берманглар». (53-55 оятлар)
Ҳуд алайҳиссалом мўъжиза келтирмаганга ўхшайдилар, шунинг учун ҳам Од қавми таъна қилиб:
«Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирмадинг»,
шу туфайли биз сенинг Пайғамбарлигинга ишонмаймиз ва айтган сўзларингни қабул қилмаймиз, демоқда.
«Биз сенинг гапинг учун худоларимизни тарк қилувчи эмасмиз» ва сенинг илоҳинга сиғинувчи эмасмиз.
«ва биз сенга иймон келтирувчи ҳам эмасмиз».
Сенинг ҳақингда, қилаётган ишингга, айтаётган гапингга қараб бир фикрга келдик. У ҳам бўлса:
«Биз фақат, сени баъзи худоларимиз ёмонлик ила урибди, деймиз, холос», дедилар.
Яъни, жинни бўлибсан, деган сўзни бошқачароқ қилиб айтишди. Улардаги руҳий ва маънавий бузуқлик шу даражага бориб етган экан. Ўзларига Пайғамбар бўлиб келган зотни жиннига чиқариб, алаҳсираб ҳар хил гапиряпти, демоқдалар.
Ҳуд алайҳиссаломнинг гапларида ҳеч алаҳсираш аломати, жиннилик белгиси йўқ эди. У кишининг ҳар бир сўзлари пурҳикмат эди. Олий маъноларни, ўша қавмни бахт-саодатга етаклайдиган кўрсатмаларни ичига олган эди.
У қавм бундай гапларни айтиб турганида, Ҳуд алайҳиссаломнинг ҳам қаттиқроқ гапиришдан, уларни ожиз қолдиришга уринишдан ўзга чоралари қолмади:
«Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ қиламан».
Менинг Пайғамбарлигимга Аллоҳнинг Ўзи гувоҳ. Мен Худонинг Ўзига солдим. Агар ёлғончи бўлсам, мени жазолайди. Сиз гуноҳкор бўлсангиз, унда сизни жазолайди. Лекин ҳозир орани очиқ қилиб олайлик, мен сизларга бир ҳақиқатни айтиб қўяй:
«сиз ҳам гувоҳ бўлингки, мен шерик келтираётганингиздан покман. Ундан ўзга».
Яъни, Аллоҳга У зотдан ўзга нарсаларни шерик келтиришингизга менинг дахлим йўқ. Мен ширкка қарши курашиб, сизларни тавҳидга даъват қилиш учун Пайғамбар бўлиб келган эдим. Сизлар менинг даъватимни қабул қилмай, мушриклигингизча қолдингиз. Энди сизлар билан орамиз узилди. Агар мен сизларнинг насабингиздан, ирқингиздан, қабилангиздан бўлсам ҳам, орамизда алоқа қолмади. Чунки асосий алоқа риштаси бўлмиш иймонни сизлар тутмадингиз. Энди биз бошқа-бошқа оламлармиз. Сизлар-кофир мушриклар, мен-мўмин-муваҳҳидман.
«Бас, ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилаверинглар, менга муҳлат берманглар».
Бу ҳам Аллоҳга иймони комил инсоннинг ишонч ила айтган гапларидир.
Ўзлари ёлғиз бўла туриб, қаршиларидаги душманга-қуввати, шиддати билан донг таратган бутун бошли бир халққа бу гапларни айтиш осон эмас.
Аммо Ҳуд алайҳиссалом ҳақ йўлда эканликларини бутун вужудлари билан англаб етган Пайғамбар эдилар. Аллоҳнинг хоҳишисиз у кишига ҳеч ким ҳеч нарса қила олмаслигини яхши билардилар.
Ҳуд алайҳиссалом яна сўзларида давом этдилар:
«Албатта, мен Роббим ва Роббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккал қилдим. Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир. Албатта, Роббим тўғри йўлдадир». (56 оят)
Шунинг учун ҳам:
«Албатта, мен Роббим ва Роббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккал қилдим».
Фақат Унгагина суяндим. Ундан ўзга таваккал қиладиган зот йўқ.
«Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир».
Ана шунинг учун ҳам мен сиздан эмас, ўша қудратли, ғолиб ва қаҳрли Аллоҳдан қўрқаман ва Унгагина суянаман.
«Албатта, Роббим тўғри йўлдадир».
Мен Роббимнинг йўлига юрганман ва Унинг ёрдами ила мақсадга етишимда шубҳа йўқдир. Сиздан заррача қўрқмаслигимнинг боиси ҳам шунда.
«Агар юз ўгириб кетсангиз, батаҳқиқ, мен сизларга нима ила юборилган бўлсам, уни сизларга етказдим. Роббим ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтиради ва сиз Унга ҳеч бир зарар етказа олмассиз. Албатта, Роббим ҳар бир нарсани муҳофаза қилгувчи зотдир», деди». (58 оят)
Яъни, агар сиз мендан юз ўгириб кетмоқчи бўлсангиз, бемалол кетаверинг, менинг қўрқадиган ёки мулоҳаза қиладиган жойим йўқ.
«...батаҳқиқ, мен сизларга нима ила юборилган бўлсам, уни сизларга етказдим».
Аллоҳ таоло менга Пайғамбари сифатида нимани топширган бўлса, ўшани бажардим. Вазифамни шараф ила адо этдим. Энди У зотнинг Ўзи сиз билан ҳисоб-китоб қилиб олади. Агар хоҳласа:
«Роббим ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтиради».
Сиз куфрингиз, бебошлигингиз ила азобга ҳақли бўлдингиз. Шунинг учун У сизни хоҳлаган вақтида ҳалок қилиб, йўқотиб ташлаб, ўрнингизга ўзига иймон келтирадиган, тақво қиладиган бир қавмни келтириши ҳеч гап эмас. Агар шундай қилса:
«...сиз Унга ҳеч бир зарар етказа олмассиз».
Қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. Чунки сиз ожиз бир бандасиз.
«Роббим ҳар бир нарсани муҳофаза қилувчи зотдир», деди.
Сиз Ундан қочиб қутула олмайсиз. Биз мўминларни ва динни Аллоҳнинг Ўзи ҳимоя қилиб олади.
Энди мунозара иши тугаб, белгиланган вақт келди.

ОД ҚАВМИГА АЗОБ КЕЛДИ

«Амримиз келган пайтда Ҳудга ва у билан бирга иймон келтирганларга Ўз раҳматимиз ила нажот бердик ва уларни қаттиқ азобдан қутқардик». (59 оят)
Ваъда қилинган азобни юбориб Од қавмини ҳалок қилишга амримиз келганида, Пайғамбаримиз Ҳуд алайҳиссаломни ва у билан бирга иймон келтирган мўминларни истисно тариқасида бу азобдан қутқариб қолдик. Қутқарганда ҳам, қаттиқ азобдан қутқардик.
Аммо кофирларни ўша азоб қаттиқ тутди. У қандоқ бўлганини «Аҳқоф» сурасидаги қуйидаги ояти карималар баён қилади.
«У(азоб)ни водийлари томон кўндаланг бўлиб юрганини кўришганда, бу кўндаланг бўлувчи бизга ёмғир ёғдирур, дейишди. Йўқ! Бу ўзингиз орзиқиб сўраган нарса, аламли азоби бор бўрондир».
Ривоятларда келишича, Од қавми қаттиқ иссиққа дучор бўлган, ёмғир ёғмай, қурғоқчилик ва иссиқ таъсиридан ҳаво тандирга айланган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган узун ҳадисда жумладан шундай дейилади:
«...Од қавми қурғоқчиликка учраганида Қийн исмли одамни вакил қилиб юборишибди. У Муовия ибн Бакирнинг олдига борибди ва ҳузурида бир ой меҳмон бўлибди. Ароқ ичиб, Жарадатани исмли икки жориядан қўшиқлар эшитибди. Бир ой ўтгандан сўнг Муҳра тоғига чиқиб, дуо қилиб:
«Эй бор худоё! Ўзинг биласан, мен бир касални даволагани келганим йўқ ёки бир асирни озод қилганим ҳам йўқ. Эй бор худоё! Од қавмини Ўзинг сероб қиладиган нарса ила сероб қилгин», дебди.
Шунда унинг тепасидан бир қанча қора булутлар ўта бошлабди ва улардан: «Танлаб ол», деган овоз чиқибди. У бир қора булутга ишора қилибди. Шунда: «Ол ўшани», деган нидо келибди.
«У(азоб)ни водийлари томон кўндаланг бўлиб юрганини кўришганда, бу кўндаланг бўлувчи бизга ёмғир ёғдирур, дейишди».
Оятдаги, водийлари томон, яъни, Од қабиласининг водийлари томон кўндаланг бўлган нарса ўша азоб булутдир. Албатта, бу ҳолни кўрган қавм, энди қурғоқчиликдан қутуламиз экан, деб хурсанд бўлдилар ва
«бу кўндаланг бўлувчи бизга ёмғир ёғдирур, дейишди».
Лекин илоҳий раддия бошқа хабарни келтирди:
«Йўқ!»
Сиз айтгандек эмас, ўзингиз Ҳуд Пайғамбарга, агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир, деб шошилиб, орзиқиб сўраган эдингиз.
«Бу ўзингиз орзиқиб сўраган нарса, аламли азоби бор бўрондир».
Бу, сиз айтаётгандек, ёмғир ёғдирадиган булут эмас. Бу, ўзингиз орзиқиб сўраган нарсангиз, азобдир. Бу азоб, аламли азобни ўз ичига олган бўрондир, дейилди.
Ушбу бўроннинг васфи ва оқибати келаси оятда баён қилинади:
«У Роббисининг амри ила ҳар бир нарсани вайрон қилур. Бас, масканларидан бошқа нарса кўринмай қолди. Жиноятчи қавмларни шундоқ жазолармиз».
Од қавмига юборилган шамол алоҳида азоб шамоли эди. У Аллоҳнинг амри ила нимага тегса, вайрон (ҳалок) қилиши керак эди.
Шу билан бирга, Пайғамбаримиздан қилинган ривоятда айтилишича, шундай бўлгани билан, бу бўрон бор-йўғи бир узукнинг тешигидай жойдан чиққан, холос.
Дарҳақиқат, шамол Од қавмини ҳалок қилди, у ўтган жойлардан масканлардан (уйлардан) бошқа ҳеч нарса қолмади. Қавмнинг ҳаммаси ҳалок бўлди. Ҳар доим Аллоҳ таоло жиноятчи қавмларни шундай жазолайди. Аммо инсонлар бироз шошадилар, холос.
Ушбу воқеа мисолида Аллоҳ Макка мушрикларига хитоб қилиб, Од қавмининг хатосини такрорламасликка ундайди:
«Ва, дарҳақиқат, Биз уларга сизга бермаган имконларни берган эдик. Ҳамда қулоқ, кўз ва қалблар ато этдик. Бас, на қулоқлари, на кўзлари ва на қалблари уларга ҳеч бир фойда бермади. Чунки улар Аллоҳнинг оятларини инкор қилган эдилар. Бас, уларни ўзлари масхара қилган нарса (азоб) ўраб олди».
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Макка мушрикларига хитоб қилиб, уларни ўзларидан аввал ўтган Од қавмига таққослаб кўришга ундамоқда. Од қавми ҳам ўтган замонда ўз Пайғамбарлари Ҳуд алайҳиссаломга Худди Макка мушриклари Муҳаммад алайҳиссаломга куфр келтираётганларига ўхшаб куфр келтирган эдилар. Аммо ораларида фарқ ҳам бор эди.
«Ва, дарҳақиқат, Биз уларга сизга бермаган имконларни берган эдик».
Яъни, Аллоҳ таоло Од қавмига Макка мушрикларига бермаган имконларни берган эди. Ҳа, шунча имконларга эга бўлсалар ҳам куфрлари сабабли ҳалок бўлдилар. Имконлари уларни Аллоҳнинг азобидан сақлаб қола олмади. Энди, улардан кўра имкони оз бўлган Макка мушриклари ўзлари билиб олаверсинлар.
«Ҳамда қулоқ, кўз ва қалблар ато этдик».
Ўша Од қавмига берган имкониятларимиздан ташқари, эшитиб ибрат олсин, деб қулоқ, кўриб ибрат олсин, деб кўз, ақл юритиб ибрат олсин, деб қалблар бердик. Лекин, афсуски,
«Бас, на қулоқлари, на кўзлари ва на қалблари уларга ҳеч бир фойда бермади. Чунки улар Аллоҳнинг оятларини инкор қилган эдилар».
Ҳа, қайси бир инсон Аллоҳнинг оятларини инкор қилар экан, унга на қулоқлари, на кўзлари ва на қалблари ҳеч бир фойда бермайди. Од қавми ҳам худди шундоқ бўлди. Оқибатда:
«Бас, уларни ўзлари масхара қилган нарса (азоб) ўраб олди».
Аллоҳ таоло Од қавмини ана шундоқ тарзда ҳалок қилгандан сўнг Ҳуд алайҳиссалом Ҳазарамавтда ўз ҳаётларини давом этдирдилар. У зот вафот этганларида Ҳазарамавтнинг Тирийм номли шаҳарига яқин жойга дафн этилдилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида масжид хом ғиштдан бино қилинган эди. Унинг шифти хурмо давоми...

6457 11:01 / 07.11.2020
Питсбург университети томонидан олиб борилган тадқиқотда маълум бўлишича, болага 13 ёшгача бақириш ва унга танбеҳ бериш боладаги ҳиссий мувозанатни бузади, давоми...

1777 12:53 / 28 февраль
Австралияда қадоқланадиган ушбу маҳсулот этикеткасига .Оқиб турган дарё бўйида бўлсанг ҳам, сувни исроф қилма,, деб ёзиб қўйилган. Унинг остига .Муҳаммад давоми...

2122 11:34 / 24.01.2022
Қуръон Каримда Мусо алайҳиссалом 132 марта зикр қилинган. У зотнинг номлари Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анъом, Аъроф, Юнус, Ҳуд, Иброҳим, Исро, Каҳф, Марям, Тоҳо, давоми...

78490 15:57 / 28.04.2017
Аудиолар

118743 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40704 14:35 / 11.08.2021