1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Холислик сари

ОСМОН АЗА ТУТГАНДА...

15:44 / 28.04.2017 3782 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз яшаётган хилқат гўё жим тургандек туюлади бизга. Аслида, нимаики Аллоҳ томонидан яратилган экан, демакки, у Парвардгорга ҳамд айтади, чексиз тасбеҳдадир. Ишонасизми, йўқми, Ер ҳам йиғлайди, осмонлар ҳам йиғлайдилар. Бугунги кунимизга диққат билан назар ташласак, шу ҳолатларни осон илғаймиз. Ушбу ибратли воқеани менга бир биродарим айтиб берди, ушбу омонатни бошқаларга етказишни ўзимизга лозим топганимдан, сиз азизларга ҳам илиндик. 

..."Аллоҳ таъоло Қуръони каримнинг Духон сураси 25-26-оятларида қуйидагиларни айтади: "Улар қанчадан-қанча боғларни, чашмалар, экинзорлар ва улуғ-гўзал жойларни қолдириб (ўзлари ғарқ бўлиб) кетдилар! Ва (қанчадан-қанча) ўзлари вақтичоғлик қилган неъматларни бошқа бир қавмга мерос қилиб бердик! Бас, уларга осмон ҳам, ер ҳам (аза тутиб) йиғлагани йўқ ва уларга (тавба-тазарруъ учун) мухлат ҳам берилмади!" (Духон, 25-29) 

Ушбу оят Мусо алайҳисалом ҳақларидаги қиссаларидан бири бўлиб, Аллоҳ уларга золим Фиръавннинг зулмидан нажот бериб, уларни ортларидан қувиб келаётан жойида денгизга ғарқ қилгандан кейин зикр этилмоқда. Шунча мулку-давлат, куч-қуввату зўравонлик бир лаҳзада, ҳар нарсага Қодир Аллоҳнинг амри ила бархам топди. Уларнинг барча нарсалари бошқаларга қолиб кетди. Бир дамда бу оламда улардан ном-нишон қолмади, Фиръавннинг жасадини мустасно қилганда. Энди, Аллоҳ оятнинг давомида марҳамат қилади: "Бас, уларга осмон ҳам, ер ҳам (аза тутиб) йиғлагани йўқ ва уларга (тавба-тазарруъ учун) мухлат ҳам берилмади!". Оятнинг мана шу ери мени кўп уйлантирарди. Нима осмон ва Ер ҳам йиғлайдими? Хўп, кофирга йиғламас экан, нима, мўминга йиғлайдими? Бу саволларнинг келиб чиқиши, табийки, мени мўътабар тафсир китобларидан бехабарлигимдан, пайгамбаримизнинг муборак ҳадисларидан жуда кам билишим сабабидан ўзга нарса эмасди. Яқиндагина, тафсир китобларида ушбу оятга берилган шархлар ила танишиш менга насиб бўлди. Жалолайн тафсирида ушбу оятга шундай қисқа изоҳ берилади: "Бас, уларга осмон ҳам, ер ҳам (аза тутиб) йиғлагани йўқ...", "мўминларга мухолифки, улардан бири вафот топса, унга йиғлаган ердаги намоз ўрни-ю, яхши амаллари кўтарилиб турадиган масъад-чиқиш ўрнини йўқотиб йиғлаган осмон бўлаги каби". Субҳаналлоҳ! Нимадир ойдинлашгандек бўлади.

Шошиб Қуртубий тафсирини варақлайман: "Анас ибни Молик ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: "Кайсики мўмин киши борки, унинг учун осмонда икки эшик бордир. Биридан унинг ризқи нозил бўлиб тушиб турса, иккинчисидан унинг сўзлари ва амаллари кўтарилиб, кириб туради. Мўмин вафот қилар экан, у эшикларни йўқотган само йиғлай бошлайди" дедилар ва қуйидаги оятни ўқидилар: "Бас, уларга осмон ҳам, ер ҳам (аза тутиб) йиғлагани йўқ". Яъни, у халок қилинган кофир биронтаси ер юзида бирон яхши амал қилмадики, токи уни йўқотиб йиғласа ва ундан бирон солиҳ амал кўтарилмадики, осмон унга аза тутиб йиғласа. Мужохид: "Албатта, ер ва осмон мўмин вафотига қирқ кун аза тутиб йиғлайдилар" деганларида, Абу Яхё: "Жуда таажжубку" дедилар. Шунда Мужохид: "Таажжубланяпсизми? Ахир нима учун ер, тириклигида уни рукуъ ва сажда ила обод қилиб турган мўминга қайғуриб йиғламасин! Нима учун осмон йиғламасинки, ахир мўминнинг ҳаётлигидаги тасбеҳу такбирлари билан худди ари ғуввилаши каби ғувиллаб турган бўлса осмон!"Али ва ибн Аббос розияллоҳу анхумолар айтишади: "Мўмин учун ердаги намоз ўрни ва осмондаги амаллари кўтарилиш ўрни азадор бўлиб йиғлашади". Демак, юқоридаги оятга қайтадиган бўлсак, у кофирларга, Фиръавннинг қўшинларига осмондаги амаллар ўринлар-ю, ердаги ибодат ўринлари аза тутиб йиғлашмади. Буларни ўқир экан, киши ўйга толади. Ерга қарайди, аҳволи тобора оғирлашаётган, хансираётган ерни кўради. Кунига минглаб ибодат ўринларидан ажраётган она ер қай аҳволда нола қилаяпти экан хозир?!? Осмонга қараб ҳам ҳотиржам бўла олмайди одам. Кунига минглаб солиҳ амаллар кўтарилиб турган туйнуклари ёпилаётган само қандай фиғон чекаяпти экан, хозир?!! Бир мўминга шунча азадор бўладиган бу еру осмон, олам узра, мўминлар устида кечаётган ҳолатлар, зўравонлиг-у, зулмларга қандай чидаяпти экан?!! Ёрилиб кетмаётганига ҳайронсан...Шу каби фикрлар хаёлингизни банд этганда, Муборак каломдаги бошқа бир оят хотирингизга қуйилиб келади: "(Эй Муҳаммад), сиз ҳаргиз: "Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил", деб ўйламанг! Фақат Аллоҳ уларни(нг жазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли қиёмат) Кунига қолдирмоқда, холос..."

Ушбу оятлар оз бўлса-да кўнгилга тасалли беради. Сал бўлса ҳамки таскин топиб, енгил хўрсиниб кўясиз... 

Ушбу ҳолатларни қалбида ҳис қила олган дўстимизнинг исмларини айтмадим. Аллоҳ рози бўлсин, Унинг ҳаққига дуо қилиб қўйсангиз, кифоя деб билдик.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломнинг аркони билан мусулмоннинг аркони ўртасида фарқ бор. Исломнинг аркони бешта экани ҳаммага маълум. Лекин мусулмоннинг аркони эса уни ҳамиша лозим давоми...

3350 14:56 / 28.04.2017
Салафлар намозни жамоат билан ўқишга нақадар ҳарис эканликларини кўп эшитгансиз. Ана шулардан хулоса чиқарган ҳолда, бугунги кунимизга ҳам мурожаат қилсак. Зеро, давоми...

2492 15:39 / 28.04.2017
Умар Ҳайёмнинг рубойиларини ҳамма ҳар хил талқин қилади. Тасаввуф аҳли у зотнинг буюк инсон бўлганлигини тасдиқловчи фикрларни билдирса, баъзи фосиқ кишилар давоми...

3453 15:38 / 28.04.2017
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтди .Уларга Таврот ва Инжилда Аллоҳ таолонинг currenзигагина ихлос билан ибодат этишлари амр этилган эди, Баййина сураси, 50оят. Аллоҳ давоми...

2363 15:31 / 28.04.2017