1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рамазон Қуръон ойи

05:00 / 14.01.2017 5619 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Инсонлар учун ҳидоят маёғи бўлмиш Каломини Рамазон ойида осмондан ерга нозил қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Қалбига нозил бўлган Қуръони Карим оятларини ҳар Рамазон ваҳий фариштаси билан дарс қилиб, умматларига бу ойнинг вазифасини таълим берган Муҳаммад Мустафога салоту саломлар бўлсин!

Рамазон ойини Қуръон ойи сифатида ўтказиб, икки шафоат омилини ўзларида жамлаган саҳобаи киромлар ва уларга эргашган зотларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин!

Рамазон ойи – Қуръон ойидир. Бу ой Ислом уммати учун ҳақиқий байрамдир. Зеро, бу ойда Роббимизнинг Каломи Қуръони Карим нозил бўлган.

1)           Рамазон − Қуръон ойи! Бу ойни ою қуёшни, еру осмонни, бутун коинотни йўқдан бор қилган Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръон ойи қилиб белгилаган. Бу ойни Ўз Каломи нозил бўлиши учун муддат сифатида танлаган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган» (185-оят).

Қуръони Карим Рамазон ойининг муайян кечасида, яъни муборак бир кечада нозил бўлган. Аллоҳ таоло айтади:

«Ҳа. Мим. Очиқ-ойдин Китобга қасам! Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик» (Духон сураси, 1‒2-оятлар).

Қуръони Карим нозил бўлган бу улуғ кеча Рамазонга хос бир тун бўлиб, дунё қечаларининг энг улуғи бўлмиш Қадр кечаси эди:

«Албатта, Биз уни Қадр кечаси нозил қилдик. Қадр кечаси нима эканини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдан яхшидир» (Қадр сураси, 1−3-оятлар).

Аллоҳ таолонинг ҳар бир иши ҳикматга бойдир. Айнан Қуръони Каримни нозил қилиш Ўзининг қазою қадарида бор экан, қайси ойда бўлса ҳам тушириши мумкин эди. Аммо У Зот Ўзининг чексиз илми ва ҳикмати билан Қуръони Каримни айнан Рамазон ойида нозил қилди. Бунда қанчалар ҳикмат борлигини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Ўша ҳикматлардан бири ‒  Аллоҳ таоло аввалги самовий китобларини ҳам шу ойда нозил қилган:

 

عَنْ وَاثِلَةَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أُنْزِلَتْ صُحُفُ إِبْرَاهِيمَ أَوَّلَ لَيْلَةٍ مِنْ شَهْرِ رَمَضَانَ، وَأُنْزِلَتِ التَّوْرَاةُ لِسِتٍّ مَضَيْنَ مِنْ شَهْرِ رَمَضَانَ، وَأُنْزِلَ الْإِنْجِيلُ لِثَلَاثَ عَشْرَةَ خَلَتْ مِنْ شَهْرِ رَمَضَانَ، وَأُنْزِلَ الزَّبُورُ لِثَمَانِي عَشْرَةَ خَلَتْ مِنْ رَمَضَانَ وَأُنْزِلَ الْقُرْآنُ لِأَرْبَعٍ وَعِشْرِينَ مَضَتْ مِنْ رَمَضَانَ.

Восила ибн Асқаъ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий солллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Иброҳим саҳифалари Рамазон ойининг биринчи кечаси нозил қилинган, Таврот Рамазоннинг олтинчи куни нозил қилинган, Инжил Рамазон ойининг ўн учинчи куни нозил қилинган, Забур Рамазон ойидан ўн саккиз кун ўтганда нозил қилинган, Қуръон Рамазон ойидан йигирма тўрт кун ўтканда нозил қилинган».

Имом Аҳмад, Табароний, Байҳақий ва бошқалар ривоят қилган.

Ҳалимий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Йигирма тўрт кун ўтканда деганда йигирма бешинчи кечани ирода қилганлар».

Демак, Рамазон ойини Аллоҳ таолонинг Ўзи шарафлаган., Аллоҳ таоло инсониятга Ўз рисолаларини юборишга айнан Рамазон ойини танлаган. Хусусан, ҳанифийлик миллати бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом миллати вакилларига юборган Каломларини фақат Рамазон ойида туширган. Рамазон ойининг улуғлигига ҳамда унинг хусусияти, фазилати нимада эканига шунинг ўзи кифоя.

Шу жумладан, Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Пайғамбарига туширган сўнгги Китоби Қуръони Каримни ҳам Лавҳул-маҳфуздан дунё осмонидаги Байтул-изза – «Иззат уйи»га яхлит ҳолида айнан Рамазон ойида туширган. Кейин унинг илк ваҳийсини Байтул-иззадан ер юзига, Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига ҳам Рамазон ойида нозил қилган.

 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: فُصِلَ الْقُرْآنُ مِنَ الذِّكْرِ فَوُضِعَ فِي بَيْتِ الْعِزَّةِ مِنَ السَّمَاءِ الدُّنْيَا فَجَعَلَ جِبْرِيلُ يَنْزِلُ بِهِ عَلَى النَبِيِّ  يُرَتِّلُهُ تَرْتِيلًا. رَوَاهُ الْحَاكِمُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Қуръон зикрдан ажратилиб, дунё осмонидаги Байтул-иззага қўйилди. Сўнгра Жаброил уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб тушиб, тартил қилиб берадиган бўлди».

Ҳоким ривоят қилган.

 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: أُنْزِلَ الْقُرْآنُ جُمْلَةً وَاحِدَةً إِلَى سَمَاءِ الدُّنْيَا فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ ثُمَّ نُزِّلَ بَعْدَ ذَلِكَ فِي عِشْرِينَ سَنَةً. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الْإِيمَانِ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Қуръон дунё осмонига Қадр кечасида бир йўла нозил қилинди. Сўнгра, ундан кейин йигирма йил мобайнида бўлиб-бўлиб нозил қилинди».

Байҳақий «Шуъабул‑ийман»да ривоят қилган.

Юқорида ўтган Духон ва Қадр суралари оятларида зикр қилинган нозил бўлиш ушбу ривоятда келган биринчи нозил бўлишдир.

Демак, Қуръони Каримнинг ҳар икки нозил бўлиши ҳам Рамазон ойида бўлган. Бу ойни Аллоҳ таолонинг Ўзи Ўз Каломи учун танлаган ва хослаган.

2)    Рамазон – Қуръон ойи! Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойини Қуръон ойи қилиб нишонлар эдилар.

قَالَ عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ عَوْفٍ : إِنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم ذَكَرَ رَمَضَانَ فَقَالَ : إِنَّ رَمَضَانَ شَهْرٌ افْتَرَضَ اللَّهُ صِيَامَهُ ، وَإِنِّي سَنَنْتُ لِلْمُسْلِمِينَ قِيَامَهُ ، فَمَنْ صَامَهُ وَقَامَهُ خَرَجَ مِنَ الذَّنْبِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

Абдурраҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу айтади:

«Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонни зикр қилиб туриб: «Албатта, Рамазон Аллоҳ рўзани фарз қилган ойдир. Мен мусулмонларга унинг қиёми (тунги ибодати)ни суннат қилдим. Ким унинг рўзасини тутса, қиёмини адо қилса, ундан онаси туққан кундек гуноҳдан пок бўлиб чиқади», дедилар».

Ибн Хузайма ривояти.

Маълумки, қиём, яъни тунги намоз асосан қироати узунлиги билан «тик туриш» маъносидаги «қиём» сўзи билан ном олган. Шунга биноан айтиш мумкинки, Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазон ойи қиёмини суннат қилишларида бу ойнинг айнан Қуръон ойи эканига ишора бордир.

Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида бошқа пайтлардагидан кўп ибодат қилар, жумладан, тунги намозларидаги қироатларини ҳам одатдагидан узун қилар эдилар.

 

عَنْ حُذَيْفَةَ قَالَ : أَتَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي لَيْلَةٍ مِنْ رَمَضَانَ ، فَقَامَ يُصَلِّي ، فَلَمَّا كَبَّرَ قَالَ : اللَّهُ أَكْبَرُ ذُو الْمَلَكُوتِ وَالْجَبَرُوتِ ، وَالْكِبْرِيَاءِ وَالْعَظَمَةِ ، ثُمَّ قَرَأَ الْبَقَرَةَ ، ثُمَّ النِّسَاءَ ، ثُمَّ آلَ عِمْرَانَ ، لاَ يَمُرُّ بِآيَةِ تَخْوِيفٍ إِلاَّ وَقَفَ عِنْدَهَا ، ثُمَّ رَكَعَ يَقُولُ : سُبْحَانَ رَبِّيَ الْعَظِيمِ ، مِثْلَ مَا كَانَ قَائِمًا ، ثُمَّ رَفَعَ رَأْسَهُ فَقَالَ : سَمِعَ اللَّهُ لِمَنْ حَمِدَهُ رَبَّنَا لَكَ الْحَمْدُ ، مِثْلَ مَا كَانَ قَائِمًا ، ثُمَّ سَجَدَ يَقُولُ : سُبْحَانَ رَبِّيَ الأَعْلَى ، مِثْلَ مَا كَانَ قَائِمًا ، ثُمَّ رَفَعَ رَأْسَهُ فَقَالَ : رَبِّ اغْفِرْ لِي ، مِثْلَ مَا كَانَ قَائِمًا ، ثُمَّ سَجَدَ يَقُولُ : سُبْحَانَ رَبِّيَ الأَعْلَى ، مِثْلَ مَا كَانَ قَائِمًا ، ثُمَّ رَفَعَ رَأْسَهُ فَقَامَ ، فَمَا صَلَّى إِلاَّ رَكْعَتَيْنِ حَتَّى جَاءَ بِلاَلٌ فَآذَنَهُ بِالصَّلاَةِ.

Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Рамазонда бир кеча Набий солллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим. У зот намоз ўқишга турдилар. Такбир айтганда: «Аллоҳу акбару Зул-малакути вал-жабарути вал-кибрияи вал-ъазома» дедилар. Кейин Бақарани, кейин Нисони, кейин Оли Имронни ўқидилар. Бирор қўрқитув оятидан ўтсалар, унда тўхталар эдилар. Кейин рукуъ қилиб, тик турганлари миқдорича «Субҳана роббиял-ъазим» дедилар. Кейин бошларини кўтариб, «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ. Робана лакал-ҳамд» дедилар. Кейин сажда қилиб, тик турганлари миқдорича «Субҳана роббиял-аъла» дедилар. Кейин бошларини кўтариб, тик турганлари миқдорича «Роббиғфир ли» дедилар. Кейин сажда қилиб, тик турганлари миқдорича сажда қилиб, «Субҳана роббиял-аъла» дедилар.  Кейин бошларини кўтариб, тик турдилар. Икки ракъат ўқиб бўлиб ҳам эдилар, Билол келиб, у зотга намозни билдирди».

Имом Аҳмад ривояти.

Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойини Қуръон ойи қилиб нишонлашда унда қиёмни суннат қилиш билан бирга, бу ойда Қуръони Каримни кўп ўқиш, уни ўрганиш, такрорлашни, дарс қилишни ҳам йўлга қўйган эдилар. Ҳар доимгидек, бу борада ҳам аввало ўзлари амалий ўрнак бўлганлар.

 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ r أَجْوَدَ النَّاسِ، وَكَانَ أَجْوَدُ مَا يَكُونُ فِي رَمَضَانَ حِينَ يَلْقَاهُ جِبْرِيلُ، وَكَانَ يَلْقَاهُ في كُلِّ لَيْلَةٍ مِنْ رَمَضَانَ فَيُدَارِسُهُ الْقُرْآنَ، فَلَرَسُولُ اللهِ r أَجْوَدُ بِالْخَيْرِ مِنَ الرِّيحِ الْمُرْسَلَةِ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда – Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръонни дарс қилишарди. Ҳақиқатда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар».

Имом Бухорий ривояти.

Бу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, Набий алайҳиссалом Рамазон кечаларини Қуръони Карим тиловати билан, уни ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом билан дарс қилиб, такрорлаб ўтказар эканлар.       

 

عَنْ فَاطِمَةَ - عَلَيْهَا السَّلاَمُ - أَسَرَّ إِلَيَّ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم أَنَّ جِبْرِيلَ كَانَ يُعَارِضُنِي بِالْقُرْآنِ كُلَّ سَنَةٍ وَإِنَّهُ عَارَضَنِي الْعَامَ مَرَّتَيْنِ ، وَلاَ أُرَاهُ إِلاَّ حَضَرَ أَجَلِي.

Фотима алайҳассаломдан ривоят қилинади:

«Набий солллаллоҳу алайҳи васаллам менга махфий равишда: «Ҳар йили Жаброил мен билан Қуръонни бир-биримизга ўқиб эшиттирар эдик. Бу йил мен билан икки марта ўқиди. Мен буни ажалим келиб қолганидан бошқа эмас деб биламан», деб айтдилар».

Имом Бухорий ривояти.

Демак, Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар йили ўзларига нозил бўлган сура ва оятларни Жаброил алайҳиссаломдан қайта ўтказиб олар эканлар. Охирги Рамазон, яъни вафотларидан олдинги Рамазон ойида эса икки марта ўқиб ўтказган эканлар. Қуръони Карим оятларини такрорлаш, дарс қилиш мавсуми учун йил ойлари ичидан айнан Рамазон ойи танланган экан.

3)           Рамазон – Қуръон ойи! Саҳобаи киромлар Рамазон ойини Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълим-тарбиялари асосида Қуръон ойи қилиб ўтказганлар.

 

عَنْ زِرٍّ , قَالَ: قَالَ لِي ابْنُ عَبَّاسٍ: أَيُّ الْقِرَاءَتَيْنٍ تَقْرَأُ؟ قُلْتُ: الآخِرَةُ , قَالَ:فَإِنَّ جِبْرِيلَ عَلَيْهِ السَّلامُ , كَانَ يَعْرِضُ الْقُرْآنَ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كُلَّ عَامٍ فِي رَمَضَانَ , قَالَ: فَعَرَضَ عَلَيْهِ الْقُرْآنَ فِي الْعَامِ الَّذِي قُبِضَ فِيهِ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّتَيْنِ, فَشَهِدَ عَبْدُ اللَّهِ مَا نُسِخَ مِنْهُ , وَمَا بُدِّلَ , فَقِرَاءَةُ عَبْدِ اللَّهِ الآخِرَةُ.

Зиррдан ривоят қилинади:

«Ибн Аббос менга: «Икки қироатдан қай бирида ўқийсан?» деди. Мен: «Сўнггисида», дедим. У: «Зотан Жаброил алайиссалом ҳар йили Рамазонда Набий солллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни ўқиб эшиттирар эди. Набий солллаллоҳу алайҳи васаллам қабз қилинган йиллари у зотга Қуръонни икки марта ўқиб эшиттирди. Шунда Абдуллоҳ ундан нима насх қилинган, нима алмаштирилганига гувоҳ бўлган. Бинобарин, Абдуллоҳнинг қироати сўнггидир», деди».

Имом Табароний ривояти.

Кўриниб турибдики, Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Жаброил алайҳиссалом билан бўлган ўқишларига саҳобаи киромлардан хосларини иштирок эттирганлар ва бу билан ҳам уларга Рамазон Қуръон ойи экани борасида яна бир бор амалий таълим берганлар.

Саҳобаи киромлар ҳам ўз навбатида бу ойни Қуръон ойи қилиб ўтказишни оммавий тарзда йўлга қўйган эдилар.

 

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَبْدٍ الْقَارِيِّ أَنَّهُ قَالَ خَرَجْتُ مَعَ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ ، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، لَيْلَةً فِي رَمَضَانَ إِلَى الْمَسْجِدِ فَإِذَا النَّاسُ أَوْزَاعٌ مُتَفَرِّقُونَ يُصَلِّي الرَّجُلُ لِنَفْسِهِ وَيُصَلِّي الرَّجُلُ فَيُصَلِّي بِصَلاَتِهِ الرَّهْطُ فَقَالَ عُمَرُ إِنِّي أَرَى لَوْ جَمَعْتُ هَؤُلاَءِ عَلَى قَارِئٍ وَاحِدٍ لَكَانَ أَمْثَلَ ثُمَّ عَزَمَ فَجَمَعَهُمْ عَلَى أُبَىِّ بْنِ كَعْبٍ ثُمَّ خَرَجْتُ مَعَهُ لَيْلَةً أُخْرَى وَالنَّاسُ يُصَلُّونَ بِصَلاَةِ قَارِئِهِمْ قَالَ عُمَرُ نِعْمَ الْبِدْعَةُ هَذِهِ وَالَّتِي يَنَامُونَ عَنْهَا أَفْضَلُ مِنَ الَّتِي يَقُومُونَ يُرِيدُ آخِرَ اللَّيْلِ ، وَكَانَ النَّاسُ يَقُومُونَ أَوَّلَه.

Абдурраҳмон ибн Абд Қорийдан ривоят қилинади:

«Бир кеча Рамазонда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан бирга масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар тарқоқ, гуруҳ-гуруҳ: кимдир ёлғиз ўзи намоз ўқияпти, кимдир намоз ўқимоқда‑ю, бир гуруҳ одам унинг намозига эргашиб намоз ўқияпти. Шунда Умар: «Менимча, агар буларни битта қорининг ортидан жамласам, ниҳоятда гўзал бўлар эди», деди. Сўнгра азм қилиб, уларни Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг ортига жамлади. Кейин бошқа бир кечада яна у билан чиқдим. Одамлар ўз қориларининг намозига эргашиб намоз ўқишар эди. Умар: «Бу қандай яхши бидъат! Улар ухлайдиган пайт тунги ибодат қиладиган пайтларидан (ибодат учун) афзалдир», деди. У кечанинг охирини назарда тутаётган эди. Одамлар эса унинг аввалида тунги ибодат қилишар эди».

Имом Бухорий ривояти.

Бу ривоятдан маълум бўладики, саҳобаи киромлар Рамазон қечаларини Қуръони Карим тиловати билан, уни намозда қироат қилиш билан ўтказар эканлар.

Мулоҳаза: Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг «Бу қандай яхши бидъат!» деган гапларини уламолар икки хил тушунганлар:

а) Луғавий маънода, яъни «Бу қандай яхши янгилик бўлди» деган мазмунда.

б) Истилоҳий маънода, яъни асли шариатга мувофиқ бўлган, Китобу Суннатдан балқиб чиққан янги амал ‒ «бидъати ҳасана» маъносида.    

 

وعن السائب أيضا : « أنهم كانوا يقومون في رمضان بعشرين ركعة ، ويقرءون بالمئين من القرآن ، وأنهم كانوا يعتمدون على العصي في زمان عمر بن الخطاب رضي الله عنه »

Соибдан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг замонида Рамазонда йигирма ракъат қиём қилишар ва Қуръондан икки юз оят ўқишар эди. Ҳассага суяниб қолишар эди».

Муҳаммад ибн Наср Марвазий «Қияму Ромадон» асарида келтирган.

Демак, саҳобаи киромлар Рамазонда кўп  намоз ўқиганларидан, қироатни узоқ қилганларидан ҳассага таяниб қолишар экан. (Бошқа бир ривоятда "Яқин субҳгача ўқишар эди", дейилган.

Бу борада жуда кўп ривоятлар келган, биз улардан айримларини зикр қилиш билан кифояландик.

4)           Рамазон – Қуръон ойи! Ислом умматининг уламолари, пешволари, буюклари бу ойни Қуръон ойи сифатида ўтказишган.

Имом Зуҳрий Рамазон ойи кирса: «Бу ой Қуръон қироатидир, таом улашишдир», дер эди.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойи ичида ўттизта, бир ривоятда олтмишта хатм қилар эди.

Ибн Ҳакам айтади: «Имом Молик Рамазон кирса, ҳадис ўқиш ва илм аҳли билан мажлис қуришдан қочар эди»,. яъни Қуръонга берилиб кетар эди.

Абдурраззоқ айтади: «Суфён Саврий Рамазон кирса, барча ибодатларни тўхтатиб, Қуръон қироатига киришар эди».

Суфён айтади: «Зубайд Ёмий Рамазон келса, мусҳафларни келтириб, асҳобларини тўплар эди».

Асвад раҳимаҳуллоҳ Рамазондан бошқа пайт Қуръонни олти кечада бир хатм қилар, Рамазонда эса ҳар икки кечада хатм қилар эди.

Қатода раҳимаҳуллоҳ одатда етти кунда бир хатм қилар, Рамазон ойида уч кунда бир, охирги ўн кунлик бўлганда эса, ҳар кеча хатм қилар эди.

Имом Нахаъий ҳам Рамазон ойида ҳар уч кунда, охирги ўн кунликда эса ҳар кеча Қуръонни хатм қилар эди.

Рабиъ ибн Сулаймон айтади: «Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий Рамазон ойида олтмишта хатм қилар, уларнинг бирортаси намоздан ташқарида бўлмас эди», дейди.

Имом Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ Рамазонда ҳар куни шом билан хуфтон орасида Қуръони Каримни хатм қилар эди. Улар хуфтонни кечанинг тўртдан бири ўтгунча кечга суришар эди.

Алий Аздий ҳам Рамазонда ҳар куни шом билан хуфтон орасида Қуръони Каримни хатм қилар эди.

Имом Молик айтади: «Рамазонда Умар ибн Ҳусайннинг ёнида намоз ўқийдиган одам менга хабар қилдики, у киши ҳар кеча Қуръонни янгидан бошлар экан».

Ҳофиз ибн Асокирнинг ўғли отаси ҳақида:  «Ҳар жума хатм қилар эди, Рамазонда эса ҳар куни хатм қилар эди», деган.

Мулоҳаза: Салафи солиҳларнинг Қуръони Каримни уч кундан оз муддатда хатм қилишлари суннатга хилоф дейилмайди, чунки уларга Аллоҳ таоло махсус қувват берган, вақтларига барака ато этган, улар мазкур натижаларга Қуръони Каримни шошмасдан, тушуниб, тафаккур ва хушуъ билан тиловат қилиш билан бирга эришганлар. Шу билан бирга таъкидлаш керакки, улар ўшандай мартабага эришганлари учун шундай кўп ўқишган эмас, балки Қуръони Каримни кўп ўқиб, кўп ибодат қилганларидан Аллоҳ уларга ўшандай мақомоларни ато этган.

5)           Рамазон – Қуръон ойи! Ислом уммати ўзининг илк давридан ҳозирги кунгача бу ойни Қуръон ойи сифатида нишонлаб келади. Ҳозирда мусулмонларнинг қибласи бўлмиш Каъбаи Муаззамадан тортиб энг кичик масжидларгача деярли барча юртларда Қуръон тиловатлари, хатмлари йўлга қўйилган. Жумладан, азиз ватанимиз Ўзбекистонда ҳам 2000 дан ортиқ жомеъ масжид бор бўлиб, аксарида хатми Қуръонлар ўтказилмоқда.

Рамазон ойи Қуръон ойи экан, уни Роббул-оламиннинг Ўзи шундай таъйин қилган экан, инсоният учун энг улуғ намуна бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойни Қуръон ойи қилиб ўтказган эканлар, башарият тарихида ўчмас из қолдирган, ўз даврида инсониятнинг етакчи намояндалари бўлган саҳобаи киромлар ва тобеъинлар бу ойни Қуръон ойи қилиб нишонлаган экан, демак биз ҳам Рамазон ойини чин маънода Қуръон ойи қилиб ўтказишимиз лозимдир. Шундагина биз Аллоҳга ва У Зотнинг Расулига итоат қилган, салафи солиҳларимизга эргашган ҳамда шараф йўлини тутган бўламиз, иншоаллоҳ.

Бу маънода қуйидагиларга эътибор бериш керак бўлади:

1)           Қуръони Каримни кўп ўқиш. Иложи бўлса, кечқурун намозга ўқимоқчи бўлганини кундузи Қуръонга қараб ўқиб олиш яхши бўлади. 

2)           Қуръони Каримдан ёд олиб, унут бўлган оят ёки суралар бўлса, уларни такрорлаб тиклаб олиш.

3)           Қуръони Каримдан ёд олмаган жойларини ёд олиб, ўзлаштириб олиш.

4)           Қуръони Каримдан билганларини мутсаҳамлаб, такрорлаб, жамлаб, пухталаб олиш. Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаброил алайҳиссалом билан дарс қилишлари бунга энг катта намуна бўлади.

5)           Қуръони Карим тиловатига тунда кўпроқ вақт ажратиш. Зотан кечқурун сокинлик бўлади, халақит берувчи омиллар кам бўлади, очлик, ташналик бўлмайди. Муҳими, тунги ибодатнинг савоби кўп бўлади. Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Жаброил алайҳиссалом билан, юқоридаги ривоятда келганидек, тунда ўқишганлар.

6)           Жамоатлардаги хатмларга қатнашиш. Бунда мусулмонларнинг байрамларига, дуоларига шерик бўлиш ҳам бор. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу саҳобаларни бир қорининг ортига жамлаб қўйганлар ва «Агар бу бидъат бўлса, қандай яхши бидъат!» деганлар. Убай ибн Каъб ва Тамим Дорий розияллоҳу анҳумо имом бўлиб, кишиларга бир ой мобайнида таровиҳда Қуръони Каримни хатм қилиб берар эдилар. Саҳобаи киромларнинг ҳаммалари бу ишни маъқуллаганлар ва бутун Ислом уммати бир овоздан қабул қилган.

7)           Жамоат хатмларига қатнайдиган киши кечқурун тинглайдиган сураларини кундузи мусҳафдан бир кўриб олса, яна-да яхши бўлади. Имкони бўлса, уларнинг маъно ва тафсирларини ҳам ўқиб олса, нур устига нур бўлади.

8)           Жамоатдаги таровеҳларга қатнашган одам имкон қадар охиригача туриши керак, шунда у тун бўйи ибодат қилганнинг савобини олади. Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда қиём намозини кечанинг ярмига бориб тугатиб қўйган пайтлари: «Кечамизнинг қолганида ҳам нафл ўқиб берганингизда эди», дейишганда, у зот: «Ким имом қайтгунича у билан ибодатда турса, унга бир кечани ибодатда ўтказганлик савоби ёзилади», деганлар.

9)           Қуръони Каримни кундузги ўқиш бўладими, кечқурунги қиёмда бўладими, тиловатдан кўзланган мақсаддан қочмаган ҳолда қироат қилиш лозим. Тажвид, тартил билан, маъноларига тўхталиб, қўлдан келганча тафаккур ва тадаббур билан ўқиш керак. Акс ҳолда, мақсад ҳосил бўлмайди.

10)      Қуръони Каримни бевосита тушуна олмайдиган кишилар ўз тилларидаги тафсирлардан ҳар куни муайян саҳифа ўқишни вазифа қилиб олсалар, мақсадга мувофиқ иш қилган бўладилар.

Рамазон ойи Қуръон ойи экан, уни том маънода Қуръон ойи қилиб ўтказиш учун Қуръони Каримни ўқиб, эшитишнинг ўзи камлик қилади, балки уни ўқиб, эшитиб, тинглаб, ўрганиб, ўргатиб, маъноларини тафаккур, тадаббур қилиб, ундаги маъноларни вужудга сингдириб, амалда татбиқ қилиш ҳам керак бўлади. Шунда Аллоҳ таолонинг рўзани фарз қилган оятидаги «...шоядки, тақво қилсангиз», «Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган», деган сўзига мувофиқ иш қилган бўламиз. Шунда ахлоқимиз Қуръон бўлишига эришамиз, иншоаллоҳ.

Юқорида айтиб ўтилганидек, Рамазон ойини Қуръон ойи қилиб ўтказишнинг пировард натижаси қандай бўлишини биласизми? Натижа қуйидагича бўлади:

 

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: " الصِّيَامُ وَالْقُرْآنُ يَشْفَعَانِ لِلْعَبْدِ فيَقُولُ الصِّيَامُ: أَيْ رَبِّ، إِنِّي مَنَعْتُهُ الطَّعَامَ وَالشَّهَوَاتِ بِالنَّهَارِ فَشَفِّعْنِي فِيهِ، وَيَقُولُ الْقُرْآنُ: مَنَعْتُهُ النَّوْمَ بِاللَّيْلِ فَشَفِّعْنِي فِيهِ فَيُشَفَّعَانِ "

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рўза ва Қуръон бандага шафоатчилик қилади. Рўза: «Ё Раббим! Мен буни кундузлари емоқ ва шаҳватдан тўсганман, унинг ҳақидаги шафоатимни қабул қил», дейди. Қуръон: «Ё Раббим! Мен уни кечалари уйқудан тўсганман, унинг ҳақидаги шафоатимни қабул қил», дейди. Шунда икковининг ҳам шафоати қабул қилинади».

Аллоҳ таоло барчамизга Қуръони Каримнинг ва Рамазон рўзасининг шафоатни насиб этсин!

Рамазон ойи барчамиз учун чинакам Қуръон ойи бўлсин!

 

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазон ойининг рўзасини тутиш Исломнинг асосий рукнларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло уни ҳар бир мусулмонга фарз қилгандир. Бу улкан ибодатни Аллоҳ таоло иккинчи давоми...

3837 05:00 / 11.01.2017
ЭЪТИКОФАрабча эътикофrdquo сўзи лозим тутиш туриб қолишrdquo маъноларини билдиради. Эътикоф ndash рўзадорнинг Аллоҳ таолога қурбат ҳосил этиш яқинлашиш ва ибодат давоми...

3853 05:00 / 14.01.2017
Рамазон рўзасини тутмаслик жоиз бўлганлар ҳақидаСАВОЛ Сил касалига йўлиққан одамга рўза тутиш машаққатлиги маълум. Шунинг оқибатида ўтган йили у рўза тута давоми...

3575 05:00 / 13.01.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймБу йилги Рамазон ойи Юртимиз мусулмонлари учун ўзгача бир тароватда ўтди. Ватанимиз тинч, осуда. Халқимиз ибодатларни бемалол адо этиб давоми...

4457 05:00 / 14.01.2017