1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар ҳаёти

Абу Ҳанифа ва у кишининг мазҳаблари

21:51 / 27.04.2017 4122 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмонлар оммасига Имоми Аъзам номи ила машҳур бўлган бу зот ҳақида кўплаб мақолалар ва китоблар ёзилган. Биз эса, у кишининг улуғ ҳаётлари билан қисқача танишиб чиқамиз. Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Кўфа шаҳрида саксонинчи ҳижрий санада таваллуд топтилар. У киши аҳли сунна фиқҳ мазҳаб бошлиқлари ичида энг аввалгиларидир. Ёшликларидан таҳсили илм қилдилар, бир вақтнинг ўзида касб ҳам қилиб, ипак сотар эдилар. Талаби илмни тугатишлари билан дарс ва фатво беришни бошладилар. У кишида илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлбориш каби сифатлар ҳам мужассамлашган эди. У кишининг шаҳсий фазилатлари ҳақида алоҳида китоблар ёзилган. Диний фаолиятида фақат илмнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки, илм билан бирга, тақво ва Аллоҳга доимий боғлиқ бўлиши зарур. Бу нарсалар Имом Абу Ҳанифада олий даражада эди. У кишини кўмишдан аввал ювган ғассол Ҳасан ибн Амора ювишни тамомлаб бўлиб, кафанлаб қўйилган жасадларига қараб: "Аллоҳ сизни раҳмат қилсин, мағфират айласин. Ўттиз йилдан бери рўзасиз юрмадингиз. Қириқ йил ёнбошингиз кўрпа кўрмади. Сиздан кейин келганларни чарчатдингиз. Қориларни шарманда қилдингиз", деган экан.

Маълумки, ҳокимлар доимо тақводор ва ўзига ишонч бор уламолардан ҳадиксираб юришади. Уламоларни нима қилиб бўлса ҳам тузоқларига илинтириш ёки йўқ қилиш пайида бўладилар. Шундай ҳолат Имом Абу Ҳанифа ҳаётларида ҳам бўлган, у кишининг халқ ўртасида обрўларидан қўрққан. Язид ибн Умар ибн Ҳубайра Кўфага қози қилмоқчи бўлди. Абу Ҳанифа бош тортдилар. Шунда у кишини қамаб қўйиб, ҳар куни ўн қамчидан уришга амр бўлди. Аммо, азоб ҳам Имом Абу Ҳанифани ўз фикрларидан қайтара олмади.
Халифа Жаъфар ал Мансур Бағдодни қураётиб Абу Ҳанифани Кўфадан олдириб келди. Имом Абу Ҳанифа шаҳарни режалаш ва қуришда қатнашдилар. Аммо халифа қозиликни таклиф қилганда, бош тортдилар. Орада яна дўқ-пўписа, тортишишларибўлди.Имом Абу Ҳанифа ҳаётини ўрганган тарихчиларнинг фикрича, у киши ҳалифа Мансурнинг: "Агар қози бўлмасанг, Фурот дарёсига оқизиб юбораман", деган дўқларига: "Дарёда оқишни афзал кўраман. Билиб қўй, мен бу ишни эплай олмайман", деганлар. Шунда халифа Имомга, ёлған айтаяпсан деган, Имом Абу ҳанифа дарҳол, сен ёлғончини қози қилишга қандоқ рози бўляпсан, деганлар. Ҳокимият саройи билан Имоми Аъзам ўрталарида келишмовчиликлар кейин ҳам давом этди. У киши ҳокимиятнинг ёллаб олган олимлари хатога йўл қўйсалар аёвсиз фош қилар, шу билан бирга оддий кишилар, бечораларни доимо ҳимоя қилар эдилар. У зот 150 ҳ. санада вафот этдилар.
Бу буюк имомнинг асл исмларини кўпчилик билмайди ҳам. Аммо, ҳамма Имоми Аъзам, яъни улуғ имом, катта имом деб номлайди. Ҳақиқатда ҳам у киши бунга сазовор зотдирлар. Зар қадрини заргар билади деганларидек, у кишининг қадирларини ҳам уламолар, имомлар биладилар. Имоми Аъзам ҳақида бошқа мазҳаб соҳиби Имом Шофеъий: "Одамлар фиқҳда Абу Ҳанифанинг боқимандаларидир", деганлар. Бошқа бир мазҳаб соҳиблари Имом Моликдан одамлар: "Абу Ҳанифани кўрганмисиз?" деб сўрашганда, "Ҳа, агар ушбу устунни тилло демоқчи бўлса, ҳужжат топа оладиган одамлигини кўрдим", деб жавоб берган эканлар.
Машҳур Имом Абдуллоҳ ибн Муборак: "Фиқҳда энг кучли одам Абу Ҳанифадир. Унга ўхшашини кўрмадим", деганлар.
Улкан илм соҳиби бўлмиш Имом Абу Ҳанифа ўз мазҳабларини бино қилишда Қуръони Карим, суннати набавия, ижмо, қиёс, саҳобаларнинг қавлларига суянадилар. Ҳукмлар чиқаришда қиёс ва истеҳсонга бошқалардан кўра кўпроқ мурожаат қилдилар.
Уламолар бу ҳақда у кишининг ўз сўзларини иқтибос қилиб келтирадилар: "Мен аввало ҳукмни Аллоҳнинг китобидан оламан, ундан топмасам Расулуллоҳнинг (с.а.в.)суннатларидан оламан. Агар ҳам Аллоҳнинг китобида, ҳам пайғамбарнинг (с.а.в.) суннатларида топа олмасам, саҳобаларнинг гапидан бошқаникини олмайман. Гап Иброҳим, Шаъбий, Ибн Сирийн ва Ибн Мусаййибларга етганда, ўзим уларга ўхшаб ижтиҳод қиламан", деганлар.
Мевали дарахтга тош отадилар, деганларидек, исломий фиқҳнинг душманлари, унинг энг кўзга кўринган арбоби Имом Абу Ҳанифани нишонга олганлар. У кишини айблаш орқали фиқҳ илмига футур етказишга ҳаракат қилганлар. Баъзи вақтларда, билмасдан, ҳатто тарафдорлар ҳам шунга ўхшаш номақбул гапларни айтиб юрганлар.
Имом Аъзамга қилинган таъналардан каттаси, у кишини ҳадис илмида қалоқ, деб айблашдир. Душманлар, Абу Ҳанифа ўн еттита ҳадис ривоят қилган, ҳолос, дейишади. Бу ботил гап бўлиб, у киши ёлғиз ўзлари ривоят қилган ҳадисларнинг сони икки юз ўн бешта, бошқалар билан шерикликда ривоят қилган ҳадислари эса, жуда ҳам кўп. У кишининг "муснад" номли китобидага намоз бобининг ўзида бир юз саккизта ҳадис келтирган.
Баъзилар, Абу Ҳанифа қиёсни заиф ҳадисдан устун қўяди, дейишган. Лекин, аслини олганда, ундай эмас. Уламолар бу масалани ҳам ўрганиб чиқишган ва Имом Аъзам заиф ҳадисни қиёсдан устун қўяди, деган хулосага келганлар. Бунга мисоллар ҳам келтирганлар: "Намозда қаҳқаҳа билан кулса таҳорат кетиши заиф бўлса ҳам, Абу Ҳанифа уни қиёсдан устун қўйиб қабул қилганлар".
Имом Абу Ҳанифанинг ўзлари бу ҳақда: "Аллоҳга қасамки, ким бизни қиёсни ҳадисдан устун қўяди деса, ёлғон айтибди ва бизга туҳмат қилибди. Ҳадис бўлгандан кейин қиёсга ҳожат қолар эдими?!" дейдилар.
Имоми Аъзам ўз мазҳабларида доимо мусулмонларга енгиллик бўлишининг тарафдори сифатида ижтиҳод қилганлар.
Кези келганда яна бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчиман. Ҳамма, ҳатто, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мухлислари ҳам, у кишини раъй, яъни фикрий фиқҳнинг асосчиси дейишади ва ҳадисни кўб ишлатган имомларга муқобил қўйишади. Худди бошқа имомлар ҳадисдан ҳукм чиқаришгану, Имоми Аъзам эса ўз фикирларидан чиқарганга ўхшаб қолади. Менимча, бу хато фикр. Бунга Имоми Аъзам шароит ва бошқа омиллар сабаб бўлган бўлса керак. Мисол учун, Имом Молик умуман бошқа шароитда яшаб, ижод қилганлар. У киши Мадинаи Мунавварада - ҳадис илмининг марказида яшаганлар. Шунинг учунми , ҳар бир фиқҳий масала айтганларида, унга қўшиб ҳадисдан унинг далилини ҳам айтганлар. Имом Моликнинг "Муватто" китобларида ҳадис ва фиқҳий боблар бўлиб-бўлиб келтирилган. Имом Аъзам ўзлари ажам бўлганлар, асосан арабмас халқлар билан яшаганлар, эҳтимол, яна бошқа омиллар бўгандирки, у киши фиқҳий ҳукмни айтиб, ўз сўзлари билан ифода қилганлару, ортидан унга далил бўлган ҳадисни зикр қилмаганлар. Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китобларни мутоала қилган ҳар бир киши буни дарҳол тушуниб етади. Аммо, Али Қорининг "Мухтасари виқоя" китобиги ёзган "Ниқоя" номли шарҳини ўқиган одам Ҳанафий мазҳабида айтилган ҳар бир гапнинг оят ва ҳадисдан далили бор эканига ишонч ҳосил қилади.
Ҳозирги кунимизда покистонлик уламолардан Аллома Зафар Аҳмад Усмоний ўзларининг устозлари улуғ олим самоҳатда шайх Ашраф Али Таҳонавийнинг кўрсатмалари ила "Эълоус Сунан" номли йигирма бир жилдли китобни йигирма йил давомида ёзиб тугатдилар. Бу китоб улкан меҳнат самараси ўлароқ, Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий масалалар ҳадислар асосида ечилганини исбот қилибгина қолмай, ҳадисдан фойдаланишда бошқа мазҳаблардан устун эканини ҳам исбот қилди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига тил теккизаётганлар аввало мазкур икки китобни ўқиб, сўнгра гап бошласалар яхши бўлади.
Аллоҳ таоло ўтган уламоларимизни барчасини, жумладан, Имоми Аъзамни раҳмат айласин! Қолганларни тўғри йўлга бошлаб, ўзи адаштирмасин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
80 ёшимдаги илмга бўлган қизиқишим 20 ёшимдагидан кўра кучлироқ эди.Ҳофиз ибн Ражабнинг .Зайлу табақатул ҳанобила, китобидан буюк қори, фақиҳ, усул олими, воиз, давоми...

2078 17:00 / 14.02.2021
Моликий мазҳаб асосчилари, Имом Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас ибн Молик ибн Аби Омир алАсбаҳий 93 ҳ.санада таваллуд топдилар. У кишининг оналари фозила, оқила аёл давоми...

6264 21:53 / 27.04.2017
Ҳофиз, аллома, муқрий, имом Абул Валид Ҳишом ибн Аммор ибн Нусайр Шомнинг етук олимларидан бўлиб, ҳижрий IIIII асрларда яшаб, ижод қилган.Ҳишом ибн Аммор имом Молик, давоми...

4294 09:00 / 10.10.2019
Шайх Абу Ғудда деярли барча мавзуда устози Кавсарий билан ҳамфикр бўлган. Лекин Ибн Таймия борасида бошқача муносабатда бўлгани маълум. Кавсарий Ибн Таймияни давоми...

6769 13:59 / 01.05.2018
Аудиолар

118755 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40714 14:35 / 11.08.2021