1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Саволим жинсини ўзгартирувчилар ҳақида

20:09 / 27.04.2016 3393 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ: Ассалому алайкум, Ҳазрат! Саволим жинсини ўзгартирувчилар ҳақида. Маълумки, инсон жинсининг тайин қилиниши Роббимиз томонидан жорий қилинган жуда юкори аниқликдаги генетик қонунларга кўра содир бўлади. Яъни жинсни белгиловчи хромосомалар (генни ташкил қилувчи таркибий қисмлар) биизниллаҳ бир тартибда терилади ва қиз бўлади, агар уларнинг ораларига эркакликни белгиловчи ген тушса, фарзанд ўғил бўлади. Бу икки шаклда «эркаклик» ёки «аёллик» даражаси наслга боғлиқ бўлсада, ўз жинсига мансублик тўла-тўкис бўлади. Аммо баъзида Аллоҳнинг иродаси билан жинсий хромосомалар ўзаро «аралашиб кетади» ва натижада инсон жинси тўлалигича аниқланмасдан дунёга келади. Бунинг ҳам бир неча вариантлари бор: баъзан бу оғир наслий касаллик шаклида, ақли заифлик билан кечса, бошқа шаклида инсон соғлом, лекин жинсий аъзоларининг ривожланиши мансуб жинсга мос ҳолда эмас, ақлий соғлом, суҳбатлашганда ҳеч қандай касалликка шубҳа туғилмайдиган даражада бўлади. Менинг саволим касалликнинг айнан шу иккинчи шаклига оид. Мен бундай одамларни бир неча бор эшитдим ва кўрдим. Ташқи кўринишда эркаклик ғолиб, аслан эса (фикрлаш, қарши жинсга қизиқиш туйғуси, ҳатти-ҳаракатлар) аёлдир ва аксинча. Афсуски, туғруқхонада шошма-шошарлик билан жинси аниқланиб, метрикада қайд этилиб, исм ҳам қўйиб эълон қилиб бўлганимиздан сўнг улар ижтимоий ҳаётимизга қандай мослашсинлар. Бундай беморларнинг мусулмонларини биламан, улар эркаклар билан масжидга чи-қиб, бир таҳоратхонадан фойдаланадилар. Аммо эркакларга қарши жинсий уйғониш бўлсада, Аллоҳнинг номаҳрамларга қарши кўзни юмиш ояти ижоби ўзларини эркаклардан тортадилар. Тиббий тадқиқотларга кўра Европада гомосексуализм билан шуғулланаётганларнинг бир қисми ҳам шу каби беморлардир.
Савол қуйидагича:
1. Шу каби беморларга оид динимизда қандай ҳукмлар мавжуд?
2. Бу беморлар операъия йўли билан жинсини ўзгартирилиб, ҳаётда ўз жинси тарафига ўтиш имконияти туғдирилса, бунинг ҳукми қандай? (Бу ҳозирги тиббиётнинг ривожланиш даражасида мумкин бўлган нарса).
3. Лутийлик билан шуғулланган бундай беморларнинг жазоланиши лозимми ёки даволаниши?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Саволингизга Робитатул оламил исломий ҳузуридаги Ислом Фиқҳи Академияси қарори ила жавоб беришга ҳаракат қиламиз:
Эркакни аёлга айлантириш ва аксинча қилиш ҳақида
Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин!
Ортларидан набий йўқ зотга салавотлар бўлсин!
Ислом Фиқҳи Академияси Маккаи мукаррамада, Робитанинг биносида, 1409 ҳижрий сана. 13-20 Ражаб (1989 йил 19-26 феврал) кунлари бўлиб ўтган ўн биринчи мажлисида эркакни аёлга айлантириш ва аксинча қилиш ҳақидаги масалани кўриб чиқди.
Муноқаша ва фикр алмашувлардан ке-йин Ислом Фиқҳи Академияси бир овоздан қуйидаги қарорларни қабул қилди:
Биринчи: эркаклик ва аёллик аъзолари тўлиқ бўлган шахсларни бир жинсдан иккинчи жинсга айлантириш мумкин эмас. Бундай ишни қилишга уринишнинг ўзи уқубатга лойиқ жиноятдир. Чунки бу Аллоҳ яратган нарсани ўзгартиришга уринишдир. Аллоҳ таоло Қуръонда шайтоннинг гапини нақл қилиб «уларга амр қилсам, Аллоҳнинг яратганини ўзгартирарлар» деган (Нисо сураси, 119-оят).
Саҳиҳи Муслимда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аллоҳ ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни, Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчиларни лаънатласин», дедилар.
Бу гап Бани Асадлик Қуръон қироат қиладиган Умму Яъқуб исмли аёлга етди. У келиб бу ҳақда сўради. Бас, у:
«Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган кимсани лаънатламас эканман. Ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида бор», деди».
Иккинчи: Бирор шахсда аёллик ва эркаклик аломатлари жамланиб қолса, унинг ғолиб тарафига қаралади.
Кимда эркаклик ғолиб бўлса, уни тиббий йўл ила даволаб эркаклигига етган шубҳани йўқотиш жоиз бўлади.
Кимда аёллик ғолиб бўлса, уни тиббий йўл ила даволаб аёллигига етган шубҳани йўқотиш жоиз бўлади.
Бу даволаш жарроҳлик йўли билан ёки гормонлар билан бўлса ҳам, бари бир. Бу нарса беморликдир. Беморликни эса даволаш лозим. Бу даволаш Аллоҳнинг яратганини ўзгартириш доирасига кирмайди. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум Ҳурматли устозлар. Мени бир қўшним болалар кийими магазинида оддий сотувчи бўлиб ишлайди. Магазинни эгаси товарлар олиб келганда, базан давоми...

2414 09:22 / 11.02.2019
Мен уйланмоқчи бўлган қиз ҳали сатрланмаган, яъни рўмол ўрамайди. Мен унга балоғатга етган ҳар бир муслима учун исломий кийинишнинг фарз эканлигини тушунтириб, бу давоми...

3026 14:58 / 26.04.2016
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва баракатуҳуСавол Ҳозирги кунда баъзи кишилар .Мен эшонман,, деб ўзларини бошқалардан юқори тутишади. Улар ўзларини .оқсуяк,, давоми...

5061 20:58 / 25.04.2016
.Танбеҳул ғофилин, китоби нотўғримиБу савол ҳам бироз ўйланмай берилган савол. Китоб нотўғрими дейиш ниҳоятда катта бир масуълиятни бўйинга олиш билан баробар давоми...

9685 20:35 / 27.04.2016
Аудиолар

120152 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41815 14:35 / 11.08.2021