1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Набавий насиҳатлардан намуналар

22:11 / 25.04.2017 6136 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари бошқа пайғамбарларники каби ваъз-насиҳатдан иборатдир. Шундай бўлса ҳам, айнан «насиҳат» сўзи тилга олинган ҳадиси шарифлардан намуна келтиришга ижозат бергайсиз.

Ҳармала ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«У сафар қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бир муддат турди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни таниб қолдилар.

«Ўз юртимга қайтганимда ўзимга ўзим:

«Аллоҳга қасамки, яна Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтаман, токи илмим зиёда бўлсин», дедим. Пиёда юриб, у зотнинг ҳузурларига бордим. Бориб, қаршиларида тик турдим ва:

«Менга нима қилишни буюрасиз?» дедим.

«Эй Ҳармала! Яхшилик қил, ёмонликдан четда бўл!» дедилар.

Мен қайтдим. Юкларимнинг олдига бордим. Сўнг яна қайтиб, у зотнинг ҳузурларига бориб, олдиларига яқинроқ туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, нима қилишимни амр қиласиз?» дедим.

«Эй Ҳармала! Яхшилик қил, ёмонликдан четда бўл. Қулоғинг эшитганда ёқимли бўлган нарсага назар сол. Одамлар орқангдан сен ҳақингда нима дейишларини ёқтирсанг, ўша ишни қил.

Ўзингга ёқмайдиган нарсаларга ҳам назар сол. Одамлар орқангдан сен ҳақингда нима дейишларини ёқтирмасанг, ўша ишни қилма», дедилар.

Қайтганимда ўйлаб кўрсам, мана шу икки насиҳат ҳеч нарсани қолдирмай ўз ичига олган экан».

Бухорий ривоят қилган.

Демак, бу дунёда яхшилик қилиб яшаш, ёмонликдан четда бўлиш жуда муҳим ишдир. Ҳармала розияллоҳу анҳу қандай яшаш кераклигини сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъруф ишни қилишни, мункар ишдан четда бўлишни насиҳат қилдилар.

Буни жуда яхши англаб олишимиз керак.

Маъруф – шариат буюрган, мақтаган нарсалардир. Бунга қўлимиздан келганича ихлос билан амал қилишимиз лозим.

Мункар – шариат қайтарган, огоҳлантирган, оқибатидан қўрқитган нарсалардир. Бундай ишлардан сақланишимиз, четда бўлишимиз керак.

Қай бир банда бу дунёда маъруф ишни қилиб, мункардан четланиб юрса, яъни яхшиликни қилиб, ёмонликдан четланиб юрса, иншааллоҳ, муродига етади.

Аллоҳ таоло барчамизни маъруф ишни қилиб, мункардан четланадиган бандаларидан қилсин.

 

Сулайм ибн Жобир ибн ал-Ҳужаймийдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим. Ул зот чопонга ўраниб, тиззаларини қучоқлаб ўтирган эканлар. Унинг этаклари у зотнинг қадамлари устига тушиб турибди.

«Эй Аллоҳнинг Расули, менга бир насиҳат қилинг», дедим.

«Аллоҳга тақво қилишни лозим тут. Яхшиликдан ҳеч нарсани кичик санама. Ҳатто челагингдан бировнинг идишига сув қуйиб бериш бўлса ҳам ёки биродарингга очиқ чеҳра билан гапириш бўлса ҳам.

Изорингни судраб юришдан сақлан. Зеро, бу мутакаббирликдир ва уни Аллоҳ хуш кўрмас.

Бир киши сенинг айбингни билиб олиб, юзингга солса, сен унинг айбини билсанг ҳам, юзига солмагин. Қўйиб бер, балоси ўзига, ажри сенга. Ҳеч нарсани сўкмагин», дедилар.

Бас, шундан кейин ҳайвонни ҳам, инсонни ҳам сўкмадим».

Бухорий ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ровийга жуда муҳим, гўзал насиҳат қилган эканлар. Бу насиҳатлардан яхшиликнинг катта-кичиги бўлмаслиги, кийим билан кибрланмаслик, ёмонликка сабр қилиб, ажр олиш, ҳеч бир нарсани сўкмаслик лозимлиги каби муҳим билимларни англаб оламиз.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сафар қилмоқчиман, менга насиҳат қилинг», деди.

«Аллоҳга тақво қилишни, ҳар баландликда такбир айтишни ўзингга лозим тут», дедилар.

Ҳалиги одам ортига қайтганидан кейин яна: «Аллоҳим! Унга ерни яқин қилгин ва сафарни унга осон қилгин», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

 

Ҳумайд ибн Абдурраҳмондан, у Набий алайҳиссаломнинг саҳобаларининг биридан ривоят қилади:

«Бир киши: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг», деди. 

«Fазаб қилма», дедилар. 

«Расулуллоҳ алайҳиссалом шу гапни айтганларида ўйлаб кўрсам, ғазаб ҳамма ёмонликни ўзида жамлаган экан».

Аҳмад ривоят қилган.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

(Дин насиҳатдир китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Менга мендан олдин ҳеч кимга берилмаган беш нарса берилди менга бир ойлик масофадаги давоми...

5080 15:05 / 01.04.2020
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал давоми...

2876 19:00 / 01.06.2022
. . Оишадан .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунубликда қандай қилар эдилар, ухлашдан олдин ғусл қилар эдиларми ёки ғусл қилишдан давоми...

1236 18:00 / 06.09.2023
. . 214. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта давоми...

1938 19:00 / 08.03.2023