1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Телефондан фойдаланиш одоблари

21:17 / 24.04.2016 3311 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Олдинлари қўл телефонлари бўлмаган. Қиёматга қадар ҳар замон ва ҳар макон муаммоларига ечим берадиган динимизда телефондан фойдаланиш одоблари ҳақида кўрсатмалар борми?

Жавоб: Кейинги 15-20 йил ичида инсоният илмий-техникавий майдонда шу қадар тараққий этиб кетдики, бунинг оқибатида ҳаёт ҳақидаги тушунчалар ўзгармоқда, мисли кўрилмаган қулайликлар юзага келмоқда. Шунингдек янги ижтимоий муаммолар пайдо бўлмоқда ва одамлар ўртасидаги муносабатлар шакли шамойили ўзгармоқда. Хусусан бунда алоқа воситалари, айниқса телефон ва унга боғлиқ технологияларнинг мукаммалашаётгани чуқур из қолдирмоқда. Замон ва макон билан тенг қадам ташлайдиган ислом динимиз ҳам доим бундай ўзгаришларга ўзининг муносабати, ҳукмлари ва одобларини тақдим этган ва этмоқда. Оддий мисол. Ҳанафий фиқҳимиздаги қизни турмушга бериш масаласида валий бош бўлиши масаласига мурожаат қилсак. Никоҳда валий мулоҳаза ва фикри учун керак. Яъни қизни кимга турмушга берса, унинг манфаатлари тўлиқ ҳимояланишини валий мулоҳазасига ҳавола қилинган. Валийнинг эса даражалари бор. Ўғиллик, оталик, акалик ва амакиликка ўхшаш. Агар юқоридаги тартиб бузилиб, ота сафардалигида ака валий бўла оладими, деган савол кўндаланг бўлса, фуқаҳоларимиз жавоб қилиб, агар ота уйидан бутунлай узилган бўлса, ундан кейинги даражадаги ака валийлик қила олади дейишган. Бирлари бу узилишни йилда бир йил карвон борадиган қадар узоқда бўлиш, дейишса, бошқалари шаръий сафар ҳисобланмиш уч кеча кундузлик масофада бўлиш, дея таърифлашган. Бошқа бирлари эса хабарни кутилса, қизга муносиб бўлган куёв қўлдан чиқадиган даражадаги ерда бўлса, отанинг ўрнига ака валий саналади, дейишган. Энди ҳозирги бизнинг тезкор алоқалар замонамизда бу масаланинг ҳукми ҳам замон имкониятларидан келиб чиқиб осонгина ҳал қилинади. Куёв ҳақида маълумот бериб телефон қилинади ва отанинг фикри ва мулоҳазаси олинади. Ундан кейинги даражадаги валийларнинг мулоҳазасига эҳтиёж қолмайди. Бу олдин мавжуд бўлмаган имкониятга ислом шариатининг ҳозирги ҳукми. Худди шунга ўхшаш икки томони кесадиган пичоқ янглиғ, яъни яхшилик учун ҳам, ёмонлик учун ҳам фойдаланиш мумкин бўлган телефоннинг ўзига яраша одоблари, уни ишлатишда амал қилиш керак бўлган тавсиялари бор. Бу одоб ва тавсияларни қўлдан келганича ўрганиб ҳукмингизга ҳавола қиламиз: 

1. Сўзлашувда иқтисод. Сабабсиз кўп гаплашмаслик ва бунга одатланмаслик керак. Айримлар уйқудан турганда ҳам гўдак она кўкрагини излагандек телефонини қидириб қолади. Бу ҳозирги кунда кенг тарқаган касаллик бўлиб, соғликка зарари билан бирга исроф ҳамдир. Ҳаммага маълумки шариатимиз исрофнинг барча кўринишларидан қайтаради. 

2. Суҳбатдошни қийнамаслик. Масалан, телефон қилиб: “Мани танимадингизми?”, демаслик, танимаса маломат қилмаслик лозим. Бундай қилиш ислом ахлоқига зиддир. “Саҳиҳайн”да Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳузурларига бориб чақирдим. “Ким у?”, дедилар. “Мен” – жавоб қилдим. Ул зот (с.а.в.) гўё норози бўлгандек: “Мен, мен!!”, деб чиқиб келдилар”. 

3. Суҳбатдош ҳолатини риоя этиш, унинг узрини тўғри қабул қилиш.Чунки у касал ёки бемалол сўзлашиш имкони йўқ масжид, қабристонда каби ёхуд суҳбатни бузиш ноқулай жойларда бўлиши мумкин. 

4. Масжидга кирганда телефонни ёки овозини ўчириш. Бу намоздадаги хушуъ ва намозхонларнинг ҳаёлини ўғирламаслик учун керакдир. Аммо ўчирилмаган телефон эгасини ҳам айби учун ноқулай аҳволга солмаслик лозим. Имом Бухорий Абу Ҳурайра (р.а.)дан қилган ривоятларида шундай дейилади: “Бир аъробий туриб масжидга бавл қилди. Одамлар уни уришиб беришди. Шунда Пайғамбар (с.а.в.) уларга: “Уни қўйинглар, бавлига бир челак сув қуйворинглар. Сизлар эса осон қилишга юборилгансиз, қийин қилишга юборилмагансиз”, дедилар”. 

5. Телефонга турли мусиқий оҳангларни ўрнатмаслик. Бу хусусан масжид ва мажлисларда фойдадан кўра одамларга кўпроқ ташвиш ва озор келтиради. 

6. Илм мажлислари ва мўътабар инсонлар ҳузурида телефонни умуман ишлатмаслик. Шундай қилиш мажлис ҳайбатини сақлашга, таълим фойдаси мукаммал бўлишига ва обрўли инсонлар ҳурматини жойига қўйишга хизмат этади. Агар сўзлашувга қаттиқ зарурат бўлса, узр сўраб мажлисдан чиқиш сўзлашиш керак. 

7. Сўзлашувни суҳбатдошга билдирмай ёзмаслик ёки бошқалар олдида телефоннинг овоз кучайтиргичини ёқиб қўймаслик. Бундай қилиш оқил кишига хос иш эмас, хусусан суҳбат хос ва махфий бўлса. Чунки бу ҳам омонатга хиёнат ёки чақимчиликдан бир навдир. 

8. Телефонни умумий жойларга ташлаб қўймаслик. Акси бўлса телефонида ўзи хоҳламаган сўзлашувлар амалга оширилишига ёки биров кўриши мумкин бўлмаган мактубларнинг ўқилишига, айниқса суратлар тарқаб кетишига сабаб бўлади. Бунинг орқасидан эса бугунги кунимизда ўткир муаммо бўлиб турган ноҳуш ҳолатлар юзага келади. 

9. Телефонда тасвирга олишда эҳтиёт бўлиш. Оммавий муносабатларда, тўй-зиёфатларда ўзига аҳамиятсиз сурат ва видеоларни тасвирга тушириш обрў тўкилиши, оилалалар бузилиши ва бошқа кўпгина ҳунук ҳолатлар ва фитналарга боис бўлади. 

10. Бошқаларнинг телефонини текширмаслик, мактубларини ўқимаслик, суратларига назар солмаслик. Бундай қилиш бировнинг айбини очиш, хиёнат ва ёмон гумон каби оғир гуноҳларга сабаб бўлади. Шу сабаб телефон соҳиби ҳам ўзини ноқулай аҳволга соладиган маълумот, мактуб ва суратларни телефонидан ўчириб ташлаши лозим. Чунки телефони йўқолиб қолса, унутса ёки бировнинг қўлига тушиб қолса қийин вазиятга тушиб қолади. 

11. Одамлар орасида телефонининг мусиқа ва қўнғироқларни ёқиб ўйнайвермаслик. Хусусан аҳли илм ва фазл олдида бу одобдан эмас. 

12. Ўзини кўз-кўз қилмаслик. Масалан телефонда сўзлашаётганда атрофдагиларга ўзини ақлли ёки ўта муҳим инсон қилиб кўрсатмаслик керак. Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар: “Унга берилмаган нарса билан ўзини тўйган қилиб кўрсатган киши, ёлғон икки кийимни кийиб олгандекдир”. Яъни ўзи улардан бўлмасада зуҳд аҳли, олим ёки бойникидек кийимлар кийиб олган кишидекдир. Имом Бухорий ривоятлари. 

13. Телефондан турли фитна ва ҳийлалар учун фойдаланмаслик. Чунки телефон инсонга кўп қулайликлар келтириш билан бирга ёмон ниятли кишиларга бировларни лақиллатиш, обрўсини тўкиш ва қабиҳ ниятларини амалга ошириш йўлларини осонлаштириб қўйди. Киши доим мард бўлиши керак, ҳақиқий саодат бундай фитналар орқали эмас, балки ростлик ва очиқ муносабатлар билан қўлга киритилишини англаши керак. 

14. Рақамни аниқ терганига ишонч ҳосил қилиш. Бундай қилинмаса ҳохланмаган кишига мактуб жўнатиб, ноқулай аҳволга тушиб қолиниши, танимаган одамга кутмаган мавзусида гапириб тушунмовчилик юзага келиши, оқибатда бир бирига озор бериб қўйилиши мумкин. Бировга озор бериш эса динимизда доим қораланган. 

15. Сўзлашув ва ёзишувлар ўзига маҳрам кишилар билан бўлиши ва номаҳрамлар билан эса фақат зарурат юзасидангина мулоқот қилиниши керак. Бунга амал қилмаслик ёмон гумонларга, ноҳуш ҳолатларга, ҳатто фожеаларга ва Аллоҳ ҳузурида эса гуноҳкорликка сабаб бўлишини унутмаслик керак. “Гўзал хулқларни мукаммал қилишга юборилдим”, дейдилар севимли пайғамбаримиз. Ул зотга муносиб уммат бўлиш истагидаги ҳар биримизга бундай одобларга амал қилиш, ҳар бир ҳаракату сукунатимизда ислом таълимотларига мувофиқ яшаш лозим. Зеро Пайғамбар (с.а.в.): “Мўминларнинг иймони комиллари хулқи чиройли бўлганларидир”, деганлар.

Валлоҳу аълам.



Мубашшир Аҳмад тайёрлади


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволАйрим китобларни китоб дўконлардан тополмаяпман. Шу китобнинг ПДФ формати телефонимда бор. Шу китобни ўзим сотиш учун эмас компютердан чиқарсам муаллиф давоми...

3050 01:27 / 19.04.2017
Савол Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх ҳазратлари ва шу сайт администраторлари Сизлардан Аллоҳ рози бўлсин ва сизларни Ўз паноҳида асрасин ҳар доим. Устоз давоми...

7287 17:22 / 17.06.2017
СаволАср намозининг вақти мазҳабларга қараб ўзгарадими Мен телефонимга .намоз вақтлари, дастурини ўрнатган эдим. У ерда ҳанафий ва шофий мазҳаблари бор экан. давоми...

5166 09:05 / 05.10.2017
Ассалому алайкум Мен бу саволимга жавоб олишдан анчадан бери қўрқиб юрардим лекин бермасам бўлмайди. Ота онам отинг ўчгур совет пайти турмуш қуришганда улар давоми...

2136 13:06 / 11.07.2019