1445 йил 8 шаввол | 2024 йил 17 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рўзанинг фазилатлари ҳақида

05:00 / 11.01.2017 4141 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Жаннатга киришни хоҳлаган банда Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсани ҳалол, деб билиши, ҳаром қилган нарсани ҳаром, деб билиши ва унга амал қилиши керак. Бу ҳам худди намоз ўқиш ва рўза тутиш каби муҳим.Ҳадисда зикр этилган «бунга ҳеч нарсани зиёда қилмасам ҳам жаннатга кираманми?» деган жумладан намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳалолни ҳалол билиб, ҳаромни ҳаром санаб юрган одам иймон келтирмаса ҳам, бошқа ибодатларни инкор қилса ёки адо қилмаса ҳам жаннатга кираверар экан, деган нотўғри фикр чиқмаслиги керак...

Рўзанинг фазилатлари ҳақида

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен - Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У ик-кисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига мулоқот бўлганда рўзаси ила хурсанд бўлгай», дедилар». Бешовлари ривоят қилганлар.
Бошқа бир ривоятда:
«Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз ба-робаригача. Аллоҳ азза ва жалла, «Магар рўза Мен учун-дир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур», деди» дейил-ган.
Шарҳ: Бу ривоятда ҳадиси қудсий билан ҳадиси шариф аралаш ҳолда келмоқда.
Аллоҳ таоло номидан айтилган сўзлар ҳадиси қудсий ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан айтилгани ҳадиси шарифдир.
Аввало ҳадиси қудсий келмоқда: «Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат Рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман», деди».
Демак, инсоннинг Рўзадан бошқа ҳамма қилган амали ўзи учун бўлади. Фақатгина тутган Рўзаси Аллоҳ учундир. Буни қандоқ тушуниш мумкин? Жавоби қўйидагича: Рўзадан бошқа ҳамма амалларда амал қилгувчи хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам бир оз хўжакўрсинлик, ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови, обрў-эътибор пайдо бўлади.
Мисол учун, намоз ўқиган одам, таҳорат қилганда, намозга жой танлаганда ва ниҳоят намоз ўқиётганда бошқалар кўради. Бу одам намоз учун таҳорат қилмоқда, бу одам намоз учун жой танламоқда, бу одам намоз ўқимоқда, яхши одам экан, деган фикр хаёлларидан ўтади, унга ҳурмат эътибор билан қарайди.
Шунингдек, закот берганда ҳар қанча яширса ҳам ҳеч бўлмаганда закотни олган кишилар билади, ҳаққига дуо қилади.
Ҳажга борганда эса, умуман, шов-шув бўлиб кетади. Қайтганидан сўнг гуруҳ-гуруҳ кишилар зиёратига келади. «Ҳожи ака» ёки «Ҳожи она» деган ном билан чақириладиган бўлиб қолади.
Рўзада эса, бу нарсаларнинг бирортаси йўқ, кечаси ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади. Кундузи эса ҳамма баро-бар юраверади. Ифтор вақти кираётганда ҳам, ҳеч кимсиз ёлғиз ўзи қолганида ҳам рўзадор Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, оғзини очиб юбормайди. Ана шуларнинг ҳаммаси Рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгисидир.
Шунинг учун ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таоло Ўзи билиб беришга ваъда қилмоқда. Бу ҳақиқатни яна ҳам тўлиқ тушуниб олишимизга бошқа бир ривоятдан келтирилган қўшимча ёрдам беради.
«Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз ба-робаригача. Аллоҳ азза ва жалла «Магар рўза Мен учун-дир. Унинг мукофотини Мен берурман. У(одам боласи) шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур», деди».
Демак, рўзадан ўзга амалларнинг савоби қай миқдорда кўпайтириб берилиши белгили. Бир савоб бериладиган амал-нинг савоби ўн мартадан то етти юз мартагача кўпайтирилиши мумкин. Аммо ундан ортиқ бўлмаслиги ҳам мумкин.
Шу билан бирга рўза учун бериладиган савобнинг кўпайиши шунчаларки, уни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди, идрок ҳам қила олмайди. Рўзадорнинг амали бунчалар юқори баҳоланишининг сабаби унинг фақат Аллоҳ таоло учун таоми ва шаҳватини тарк қилиб рўза тутганидандир.
Ушбу ривоятнинг ҳадис қисмида эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзанинг фазилатлари ҳақида ва рўзадор ўзини қандай тутиши лозимлиги ҳақида сўз юритадилар.
1. «Рўза сақловчидир».
Рўзанинг сақловчилиги умумийдир. У рўзадорни турли ёмон ишлардан, гуноҳлардан, касалликлардан, аҳлоқсизликлардан сақлайди, энг муҳими дўзахга тушишдан сақлайди.
2. «Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир - чақир қилмасин».
Фаҳш, уятсиз сўзларни гапириш мусулмон одамга мутлақо тўғри келмайди. Шунингдек, бақир - чақир қилиш ҳам. Мусулмон рўзадор бўлганида эса унинг обрў эътибори яна ҳам ошади. Унинг рўза ила берк оғзидан ҳеч бир беҳуда, номақул сўз чиқмаслиги керак. Айниқса, фаҳш гаплар, сўкиш, ғазаб ила содир бўладиган бақир - чақир умуман, чиқмаслиги керак. Агар рўзадорнинг ихтиёридан ташқари, бошқа биров-лар уни бақир - чақирга мажбур қилса ҳам, ундан сақланиб қолиш йўли бор.
3. «Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин».
Шу орқали ўзининг сўкишиши ва уришиши мумкин эмаслигини ўзига ҳам, ўзгага ҳам эслатсин. Рўзанинг ҳурматидан сўкишни ёки уришишни тарк қилсин. Бу нақадар юксак одоб! Бу нақадар олий жаноблик!
Дарҳақиқат, Аллоҳга ибодат қилиш учун, Аллоҳнинг фарз қилган рўзасини тутиш учун беркитилган оғиздан фаҳш гаплар, сўкишлар, бақир - чақирлар чиқиши ҳеч тўғри эмас. Бундай оғиздан доимо яхши, гўзал ва фойдали сўзлар чиқиши керак.
4. «Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг назди-да мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир».
Маълумки, овқат егандан сўнг маълум вақт ўтиб таом ҳазм бўлиш жараёнида оғзидан ҳид чиқади. Одатда ўша ҳид мақтовга сазовор ҳид эмас. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорнинг оғзидан чиқадиган, арабчада «халуф» деб номланадиган ўша ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мушку анбарнинг ҳидидан ҳам афзал эканини қасам ила таъкидламоқдалар. Бу рўзанинг фазли қанчалар улуғ эканини кўрсатади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзларини фуқаҳоларимиз яхши ўрганиб, рўзадор киши пе-шиндан кейин мисвок қилмаслиги керак, мабодо у мисвок қилиб оғзини тозаласа, ўша мушку анбардан кўра хушбўй ҳид кетиб қолади, деганлар.
Рўзанинг фазилатлари шу билан тамом бўлиб қолмайди. Яна давом этаверади.
5. «Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай».
1. Қачон ифтор қилса хурсанд бўлгай.
2. Қачон Роббиси ила мулоқотга юзланганда рўзасидан хурсанд бўлгай.
Демак, мазкур икки хурсандлик фақат рўза тутган кишилар учунгина бўлади. Бу ҳам Рўзанинг буюк фазилатларидандир.
Дарҳақиқат, кун бўйи рўза тутиб, вақти келганда ифтор қилган инсон ўта хурсанд бўлади. Аллоҳ амр қилган ибодатни адо этганидан, ҳадсиз-ҳисобсиз савобларга эга бўлганидан охи-ратига замин тайёрлаганидан хурсанд бўлади. Очлик, ташна-ликдан сўнг ҳалол таомга етишганидан хурсанд бўлади. Бундай хурсандлик, албатта, фақат рўза тутган кишигагина насиб этади. Охиратда эса Аллоҳ ила мулоқот бўлганда тутган рўзаси учун жаннатга киритилгандан хурсанд бўлади. Рўза тутмаганлиги учун дўзахга тушиши вожиб бўлганлар қандай ҳам хурсанд бўлсинлар.
Демак, ҳаётимизда ушбу ҳадиси шарифга ҳеч оғишмай амал қилмоқ лозим. Токи Роббимиз бизга фарз қилган рўзани бехато тутайлик. Рўзадор кишининг одоблари ила одобланай-лик. Ана шунда ҳадисда ваъда қилинган мартабаларга сазовор бўлурмиз, иншааллоҳ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон Рамазон келса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Термизийнинг лафзида: «Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шай-тонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланур. Дўзахнинг эшиклари ёпилур. Улардан бирор эшик очилмас. Жаннат-нинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Бир нидо қилгувчи:
«Эй, яхшилик истовчи, келиб қол! Эй, ёмонлик истов-чи, бас қил!» деб нидо қилур. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган(банда)лари бўлур. Ҳар кеча шундоқ бўлур», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган ҳолатлар ҳам рўзанинг фазилатлари қанчалар улуғ эканини кўрсатиб турибди. Келинг, улар билан бир-бир танишиб чиқайлик: «Қачон Рамазон келса:
1. «Жаннат эшиклари очилур».
Термизийнинг ривоятларидаги қўшимчада келганидек, ўша эшиклардан бирортаси ҳам ёпилмас.
Демак, Рамазон ойида рўзадор ҳолида вафот этганлар жан-нати бўлурлар. Шу билан бирга ўша ойда жаннатга кириш учун асқотадиган савоб амаллар кўп қилинур. Жаннатнинг барча эшиклари очилиши Рамазон ойида ер юзига Аллоҳнинг раҳмати кўп нозил бўлишига ҳам ишорадир.
2. «Дўзахнинг эшиклари ёпилур».
У эшиклардан бирортаси очилмас. Шунинг учун ҳам Рамазонда вафот этган осийларни дўзахга киритиш ҳам Рамазон ичи кечга сурилиб туради. Рўза тутган бандалар дўзахга тушишга сабаб бўладиган ишларни қилмайдилар.
3. «Шайтонлар кишанланур».
Улар бирор кишига иғво ҳам қилмайди, озор ҳам бермай-дилар. Бу ишларнинг ҳаммаси Рамазони шарифнинг ҳурматидан бўлади.
Имом Термизийнинг ривоятларида келган «ўзбошимча жинлар» ҳам кишанланиши ҳақидаги қўшимчадан жин бошқа, шайтон бошқа эканлиги тушунилади. Шунингдек, жинларнинг ичида ўзбошимчалари бўлиб, кишиларга озор етказиши мумкинлиги англанади.
Имом Термизийнинг лафзларидан Рамазони шарифнинг қўшимча фазилатлари ҳам тушинилади.
4. «Бир нидо қилгувчи: «Эй, яхшилик истовчи, келиб қол! Эй, ёмонлик истовчи, бас қил!» деб нидо қилур».
Демак, Рамазони шарифда яхшиликка тарғиб ва бериладиган савоб яна ҳам кўпайтирилади. Ёмонлик-дан қайтариш ва унинг олдини олиш яна ҳам кучайтирилади.
5. «Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган бандалари бўлур».
Яъни, аввалдан дўзахга тушишга лойиқ бўлиб қолган бан-далардан баъзилари Рамазони шариф туфайли Аллоҳ томони-дан кечирилиб, дўзахдан озод қилинурлар. Бу ҳам Рамазон ҳурматидан бўлади.
Демак, Рамазони шариф ҳар бир банда учун улкан савоблар топиб қолиш, дўзахдан озод бўлиб олиш учун жуда ҳам қулай фурсат. Бу фурсатдан ҳар бир ўзини билган инсон унумли фойдаланиши керак. Бунинг учун эса у муборак ой-нинг рўзасини ихлос билан тутиб, ҳар бир дақиқасини ғани-мат билиб кўпроқ ибодат ва яхшилик ишлар қилиб қолиши керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тут-са, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар». Бешовлари ва Аҳмад ривоят қилган. У киши «ва қолганлари ҳам»ни зиёда қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Рўзанинг нақадар улкан ибодат эканлиги, унинг қадри нақадар улуғлиги очиқ-ойдин баён қилинмоқда. Шу билан бирга Рўзани иймон, ихлос билан, фақат Аллоҳнинг Ўзидан савоб умид қилган ҳолда тутиш зарурлиги таъкидланмоқда. Банданинг ўтгану қолган гуноҳларининг мағфират қилиниши Аллоҳнинг улуғ марҳаматидир. Бу марҳаматга эса, банда Рамазон рўзасини тутибгина эришиши мумкин.
Албатта, мусулмонлар бу ҳақиқатни яхши тушунган ҳолда Рамазондан унумли фойда олишга ҳаракат қилурлар.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Райён, деб номланур. Қиёмат куни рўзадорлар ундан кирурлар, улардан бошқа бирортаси кирмас.
«Рўзадор қаерда?» деюрлар. Улар ундан кирурлар. Қачон уларнинг охиргиси кирса, у бекитилур. Ундан бошқа ҳеч ким кирмас» дедилар».
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда охиратда Рўза ибодатининг фазли бошқа ибодатлардан кўра қанчалик улуғ бўлиши баён қилинмоқда.
Қиёмат куни рўзадорлар жаннатга киришлари учун алоҳида «Райён» исмли эшик очилади экан. Ўша эшикда «Рўзадорлар қани?!» деб чақириб юриб, улар жаннатга кирити-лади экан. Рўзадорларнинг ҳаммалари кириб бўлганларидан кейин бошқа ҳеч ким киритилмай у эшик бекитиб қўйилар экан. Рўзадорларга алоҳида ҳурмат кўрсатилиб, алоҳида эшик очилиб, алоҳида киритилар экан.
Бу ҳозирги кунда ҳамма киришни хоҳлаган жойларга маълум сабабларга кўра баъзи кишиларга имтиёз бериб алоҳида эшикдан киритилганга ўхшайди.
Қиёмат куни ҳамма жаннатга тезроқ киришга уриниб тур-ган бир пайтда рўзадорларга имтиёз берилиб «Райён» номли махсус эшикдан киритилишлари ҳаммамиз бу дунёда рўзадорлардан бўлиб, ўша эшикдан ҳурмат билан жаннатга кириш бахтига эришиш учун астаҳидил ҳаракат қилмоғимиз кераклигини билдиради. Илоҳим, ҳаммамизни ўшалар жумла-сидан қилсин!

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики: «Умар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фитна ҳақидаги ҳадисларини ким ёддан билади?!» деди.
Ҳузайфа: «Мен у зотнинг: «Кишининг аҳлидаги, молидаги ва қўшнисидаги фитнасини намоз, рўза ва садақа ювиб юбо-ради», деганларини эшитганман», деди.
«Мен бу ҳақда сўраётганим йўқ. Мен денгиз мавжидек мавжланадиган (фитна) ҳақида сўраяпман», деди Умар.
«Унинг қаршисида ёпилган эшик бор», деди у.
«Ул очилурми, синдирилурми?»
«Синдирилур».
«Ундоқ бўлса, қиёмат кунигача ёпилмас экан-да».
Биз Масруқга:
«Ундан сўра-чи, Умар эшик ким эканлигини билар эканми?», дедик. У сўради. Ҳузайфа:
«Ҳа, эртадан олдин кечаси бўлишини билгандек билар эди», деди».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Фитна» сўзи луғатан «синов» ва ўзимиз тушуна-дигандек ёмонлик маъносини ҳам англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда мусулмонлар ичидан фитна чиқиб, урушлар, келишмовчиликлар ва нохушликлар бўлиши ҳақида баъзи ҳадисларни айтган эдилар. Ҳазрати Умар ҳам бу нарсадан хабардор эдилар. Шу билан бирга мазкур фит-на менинг вақтимда чиқмасмикан, унга мен аралашиб қолмасмиканман, деган хаёл билан юрар эдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур фитна ҳақидаги ҳадисларини яхши билган кишилардан сўраб суриштирар эдилар. Кунлардан бир кун мана шу ривоятда зикр қилинган ҳодиса бўлиб ўтди.
«Умар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фитна ҳақидаги ҳадисларини ким ёддан билади?»деди.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг бу саволларига жаво-бан Ҳузайфа розияллоҳу анҳу:
«Мен У зотнинг, «Кишининг аҳлидаги, молидаги ва қўшнисидаги фитнасини намоз, рўза ва садақа ювиб юбо-ради», деганларини эшитганман», деди.
Кўриниб турибдики, Ҳузайфа розияллоҳу анҳу фитнадан, кичик маънодаги фитна, синов ва бир хил нарсаларга чалғиб ибодатда камчиликка йўл қўйиш маъносини тушунганлар. Шунинг учун ҳам молу дунё, аҳли аёл ва қўни-қўшни туфайли содир бўлган гуноҳларни намоз, рўза ва садақа ювиб юбориши ҳақидаги ҳадисни айтдилар. Бу ҳадис шу бобда келтирилиши-дан мақсад ҳам шу. Рўза аҳли аёл, молу дунё ва қўни-қўшни фитнаси туфайли содир бўлган гуноҳларни ювиб ташлайдиган унинг фазилатли учун ҳам, Рўзани ихлос билан тутиш керак.
Ҳадиснинг давомидан кўриниб турибдики, Ҳазрати Умар ўз навбатда катта фитнани, мусулмонлар орасида чиқадиган келишмовчиликлар, уриш жанжаллар ва жанглар фитнаси ҳақида сўраган эдилар.
Шунинг учун ҳам Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг гапларидан кейин:
«Мен бу ҳақида сўраётганим йўқ. Мен денгиз мавжи-дек мавжланадиган (фитна) ҳақида сўраяпман», дедилар.
Мусулмонлар орасида чиқадиган фитнани денгиз мавжидек мавж уришини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васал-лам айтган эдилар. Ҳазрати Умар Ҳузайфа розияллоҳу анҳуга ўша васфни эслатдилар. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу у ҳадисни ҳам яхши билар эдилар. У киши Ҳазрати Умар нима учун у фитна ҳақида сўраётганларини ҳам тушуниб етдилар. Шунинг учун у кишини тинчлантириб;
«Унинг қаршисида ёпилган эшик бор», деди.
Яъни, эй, Умар, ўша денгиз мавжидек мавж урадиган фитнага мен аралашиб қоламанми, деб қўрқмагин, у билан сенинг орангда ёпиқ эшик бор, деганлари эди. Бу эшик ким эканлигини ҳадиснинг давомидаги;
«Умар эшикнинг ким эканлигини билар эканми?» деган жумладан ҳам билиб оламиз. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Умарнинг Ҳузайфа розияллоҳу анҳуга:
«У очилурми, синдирилурми?» деб берган саволларининг маъноси - ўша ёпилган эшик бўлган шахс ўзи вафот этадими ёки бошқалар томонидан ўлдириладими, дегани эди.
Бу саволга Ҳузайфа розияллоҳу анҳу «синдирилур», дедилар. Яъни ўша фитнага эшик бўладиган шахс ўлдирилади, дегани эди.
Ҳазрати Умар тушуниб етдилар ва:
«Ундоқ бўлса, қиёмат кунигача ёпилмас экан-да», де-дилар.
Ҳақиқатда ҳам шундоқ бўлиб чиқди. Ҳазрати Умар давр-ларида ҳеч қандай фитна чиқмади. У кишидан кейин Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар. У зотнинг хилофат-лари охирида фитна чиқди. Фитначилар у кишини ўлдирдилар ва шу туфайли мусулмонлар орасида фитна денгиз мавжидек мавжланди. Қанчадан-қанча буюк саҳобийлар, улуғ мусулмонларнинг қонлари тўкилди. Турли-туман фирқалар, гуруҳлар юзага чиқди. Ўша фитнанинг асари ҳозиргача Исломга, мусулмонларга зарар етказиб келмоқда. Мусулмонлар ўзларининг бир минг беш юз йиллик тарихларида ҳеч қачон ташқи душмандан мағлуб бўлмаганлар. Доимо ўз ичларидан чиққан фитна туфайли мағлуб бўлганлар.
Ушбу ҳадисни Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан эшитиб ўтирган кишилар фитнага эшик бўлиб турган одам кимлигини Ҳазрати Умар билармидилар – йўқми, деган хаёлга бордилар ва машҳур тобеъинлардан Масруқ раҳматуллоҳи алайҳидан бу ҳақда Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан сўрашни таклиф қилдилар. Улар бу ҳақда:
«Биз Масруқга ундан сўра-чи, Умар эшик ким эканини билар эканми?» дедик», дейдилар.
Масруқ Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан бу саволни сўради. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бу саволга жавоб бериб:
«Ҳа, эртадан олдин кечаси бўлишини билгандек билар эди», деди.
Демак, Ҳазрати Умарнинг ўзлари билиб туриб яна сўрашларидан мақсадлари бошқаларни ҳам хабардор қилиш ва бу масалани яна ҳам таъкидлаб олиш экан.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят: «Бир одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Айтингчи, қачонки фарз намозларни ўқисам, Рамазон (рўзаси)ни тутсам, ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб билсам ва бунга ҳеч нарсани зиёда қилмасам ҳам жаннатга кираманми?» деди. У зот: «Ҳа», дедилар.
«Аллоҳга қасамки, ана шунга ҳеч нарсани зиёда қилмайман», деди». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бу маънодаги бошқа ривоятлар ҳам бўлиб, уларда калимаи шаҳодат, закот ва бошқалар ҳам зикр этилгандир. Ал-батта, мазкур фарзлар банданинг жаннатга киришини таъмин-ловчи амаллардир. Энди бу ривоятда зикр қилинган нарсаларни бирма-бир кўриб чиқайлик:
1. «Қачонки фарз намозларни ўқисам».
Демак, фарз намозларини ўз вақтида ўқиб бориш банда-нинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллардан бири-дир.
Фарз намозини ўқимайдиган ёки чала ўқийдиганлар бу фазлга эришишни умид қилмасалар ҳам бўлаверади.
2. «Рамазон (рўзаси)ни тутсам».
Муборак Рамазони шариф ойининг рўзасини ихлос билан тутмоқлик ҳам банданинг жаннатга киришига омил бўладиган ибодатдир.
Ушбу ҳадиси шарифни бу бобда келтиришдан муродимиз шундан. Рўза тутиш қанчалик фазлга эга эканини шундан ҳам билсак бўлади.
3. «Ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб билсам».
Демак, жаннатга киришни хоҳлаган банда Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсани ҳалол, деб билиши, ҳаром қилган нарсани ҳаром, деб билиши ва унга амал қилиши керак. Бу ҳам худди намоз ўқиш ва рўза тутиш каби муҳим.
Ҳадисда зикр этилган «бунга ҳеч нарсани зиёда қилмасам ҳам жаннатга кираманми?» деган жумладан намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳалолни ҳалол билиб, ҳаромни ҳаром санаб юрган одам иймон келтирмаса ҳам, бошқа ибодатларни инкор қилса ёки адо қилмаса ҳам жаннатга кираверар экан, деган нотўғри фикр чиқмаслиги керак.
Бу бобдаги ҳадисларни жамлаб ўрганиб, таққослаб кўриб хулоса чиқарган маъқул. Ислом динида собит бўлган эътиқод ва ибодатларни тўлиқ, адо этган кишигина ҳақиқий мусулмон бўлади ва жаннатдан жой олади. Бу ҳақиқат, Қуръони карим-нинг кўплаб оятларида ва ҳадиси шарифларда очиқ-ойдин баён этилган.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Кетиб бораётганимизда у зотга яқинлашиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, менга, мени жаннатга кирита-диган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг», дедим.
«Батаҳқиқ, буюк нарсани сўрадинг. Зотан у Аллоҳ му-яссар қилган кимса учун жуда ҳам осондир. Аллоҳга ибодат қилурсан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмассан ҳамда намозни қоим қилурсан. Закотни адо қилурсан. Рамазон (рўзаси)ни тутурсан. Байтни ҳаж қилурсан», дедилар. Сўнгра: «Сени яхшилик эшикларига далолат қилиб қўяйми? Рўза сақловчидир. Садақа худди сув оловни ўчиргандек хатоларни ўчиради. Кишининг кечаси ўқиган намози солиҳларнинг шиоридир», дедилар ва «Ёнбошлари ётар жойларидан жафода бўлурлар» оятини тиловат қилдилар. Сўнгра эса:
«Сенга ишнинг боши, умуртқа поғонаси ва ўркачининг чўққиси ҳақида хабар берайми?» дедилар.
«Оре, эй, Аллоҳнинг Расули», дедим.
«Ишнинг боши Исломдир. Унинг умуртқа поғонаси намоздир. Ўркачининг чўққиси эса жиҳоддир», дедилар. Сўнгра эса:
«Сенга ўшаларнинг ҳаммасига молик бўлган нарса-нинг хабарини берайми?» дедилар. Мен:
«Оре, эй, Аллоҳнинг Пайғамбари», дедим.
Шунда у зот тилларини тутдилар ва: «Мана буни тийгин!» дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Пайғамбари, биз гапирган нарсамиз учун, албатта, (иқобга) олинамизми?» дедим.
«Онанг азангни тутсин, эй, Муоз. Одамларни тиллари-нинг маҳсули дўзахга юзтубан (ёки тумшуқлари ила) ту-ширмаса нима туширар эди!» дедилар».
Имом Термизий «Иймон» бобида ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда ҳар бир мўмин билиши ва амал қилиши лозим бўлган улкан ишларга далолат бор.
Бу ишларни бирма - бир кўриб чиқишдан олдин саҳобаи киромларнинг, хусусан, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг солиҳ банда бўлиш учун қанчалар иштиёқманд эканликларини тушуниб етишимиз ва улардан ўрнак олишимиз керак.
Ҳазрати Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу борада қилган илтимосларига назар солинг:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, менга, мени жаннатга кирита-диган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг».
Демак, мақсад нима қилиб бўлса ҳам жаннатга кириш эмас. Мақсад - жаннатга дўзахдан узоқлашган ҳолда, унга яқинлашмай туриб кириш.
Бугунги кишилардан баъзилари эса, фалон ишни қилса жаннатга кирар экан, биз ҳам қилганмиз, деб умрида бирор марта ийд намозига бориб қўйгани ёки шунга ўхшаш бир нарсани айтадилар.
Тўғри, ўша қилинган иш учун маълум муддат жаннат му-кофоти бўлиши мумкин, аммо тарк қилинган ҳар бир фарз ёки вожиб учун, ўқилмаган ҳар бир ракъат намоз, тутилмаган ҳар бир лаҳза рўза, берилмаган ҳар бир тийин закот учун қанчадан - қанча дўзахда ётиш ҳам бор, дейилса эътибор бермайдилар.
Бу ўта масъулиятсизлик, Аллоҳнинг динини писанд қилмасликдир. Аслида мўмин-мусулмон банда жаннатга элтувчи ҳар-бир амални кичик демасдан қилиши, дўзахга элтувчи ҳар бир нарсадан қочиши керак. Чунки жаннатга кириб, дўзахдан узоқлашиб қолиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифда айтганларидек, буюк, лекин Аллоҳ муяссар қилганлар учун осон ишдир.
Ана энди бу ҳадисда зикри келган ўта муҳим ишларни бирма-бир кўриб чиқайлик:
I. Инсонни жаннатга киритиб дўзахдан узоқлаштирадиган ишлар:
1 .«Аллоҳга ибодат қилурсан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмассан».
Демак, эътиқодда ҳам, амалда ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилиб, У зот эътиқод қил, деган нарсаларига эътиқод қилиб, амрларига бўйсиниб, кўрсатмаси ила Ўзига итоат қилган ҳолда яшаб ўтиш лозимдир.
2. «Намозни қоим қилурсан».
Демак, банданинг дўзахни четлаб жаннатга кириши учун зарур ва лозим омиллардан бири намозни қоим қилиб, тўкис ўқишидир. Намоз фарз бўлгандан бошлаб, умр охиригача уни бир ракъат ҳам қолдирмай ўқишга ҳаракат қилиш ва уни адо этишдир. Намоз ўқимаган одам бу бахтга муяссар бўла олмай-ди. Шунингдек, ёлғиз Ийд ёки Жума намозини ўқиб юрганлар ҳам ўзларини намозни қоим қилганлар қаторига қўша олмайдилар.
3. «Закотни адо қилурсан».
Моли нисобга етган мусулмон одам учун закот бермоқ худди иймондек ва намоз ўқишдек фарздур. Закотни инкор қилган одам кофир бўлади, уни эътироф қилиб туриб бермаган одам эса, осий бўлади. Жаҳаннамни четлаб жаннатга киришни хоҳлаган банда бошқа ибодатлар қатори закотни ҳам адо этиши лозиму лобуддир.
4. «Рамазон (рўзаси)ни тутурсан».
Бандани жаҳаннамни четлаб жаннати наъимга кириши учун зарур бўлган омиллардан бири Аллоҳ таоло фарз қилган Рамазон ойи рўзасини иймон ва ихлос ила тутишдир. Бусиз дўзахни четлаш ҳам, жаннатга кириш ҳам мумкин эмас.
5. «Байтни ҳаж қилурсан».
Байтни ҳаж қилиш қодир бўлганларга умрида бир марота-ба фарз эканлиги ҳаммага маълум ва машҳурдир.
Жаннатга кирмоқчи, жаҳаннам азобидан қутулиб қолмоқчи бўлган ҳар бир банда Исломнинг беш рукнига оғишмай амал қилмоғи лозим. Ислом Аллоҳ томонидан юбо-рилган мукаммал ва баркамол диндир. Мусулмон эса ўша му-каммал динга мукаммал амал қиладиган одамдир.
Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг, мени жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг, деган илтимосига калимаи шаҳодатни айтмоғинг, деб жавоб бермадилар.
Лекин шу билан баробар ким намоз ўқиса жаннатга кира-ди, ким рўза тутса жаннатга киради ёки ким закот берса жаннатга киради, ким ҳаж қилса жаннатга киради, деган ҳадислар ҳам бор. Ҳатто баъзи ҳадисларда бир мушукни ўлимдан қутқариб қолган аёлнинг жаннатга кириши ҳақида ҳам таъкид келган. Бу бошқа ишларни, ибодатларни қилиш керак эмас, дегани эмас. Балки ўша зикр қилинаётган ибодатга кишиларни тарғиб қилишдир.
Одатда инсонлар орасидаги оддий муомалаларда ҳам, фа-лон ишни қилсанг мақсадинга етасан, дейилади. Бу бир ўша иш билан мурод ҳосил бўлади, бошқасини қилма, дегани эмас. Балки мазкур ишнинг аҳамиятини таъкидлаш, холос.
Қолаверса, банданинг жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган беш рукн билан ҳам кифояланиб қолмаслик керак. Шунинг учун ҳам, ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга у киши сўрамасалар ҳам бошқа ишларни баён қилиб бермоқдалар.
«Сени яхшилик эшикларига далолат қилиб қўяйми?» демоқдалар.
Демак, мўмин-мусулмон қандай қилиб бўлса ҳам дўзахга тушмаслик, дўзахдан қутулиб қолиш нияти билан эмас, балки ундан кўра юқорироқ даражаларни кўзлаб яшамоғи лозим. Мўмин-мусулмон банда яхшилик эшикларини ахтариб юриши, ундан кириши лозим. Унга раҳм қилиб ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик эшикларини ўзлари кўрсатиб бермоқдалар.
II. Мўмин учун яхшилик эшиклари:
1. «Рўза сақловчидир».
Фарз рўза олдин зикр қилингани учун ушбу иборадаги рўзадан нафл рўза кўзда тутилгани ўз-ўзидан маълум. Демак, мўмин-мусулмон банда ўзи учун яхшилик эшигининг очили-шини истаса, фақат фарз рўза билан кифояланиб қолмай нафл рўза ҳам тутиши керак.
Чунки рўза сақловчидир.
Чунки Рўза рўзадорни турли ёмон ишлардан ва гап-сўзлардан сақловчидир.
Шаҳватга берилишдан сақловчидир.
Ёмон ахлоқлардан сақловчидир.
Турли-туман касалликлардан сақловчидир.
Шундоқ экан Рўза мўмин-мусулмон киши учун яхшилик эшикларидан бўлмай нима бўлсин?
2. «Садақа, худди сув оловни ўчирганидек хатоларни ўчиради».
Закот молиявий фарз ибодат бўлса, садақа молиявий нафл ибодатдир. Демак, мўмин-мусулмон инсон фақат молиявий фарз ибодат билан кифояланиб қолмай молиявий нафл ибодат қилиб ҳам туриши керак.
Хўл-қуруқни куйдириб бораётган оловни сув ўчиргани каби инсоннинг икки дунёсини куйдириб бораётган гуноҳларини садақа ўчиради.
Шунинг учун билиб-билмай қилган гуноҳларим-хатоларим ўчиб турсин, деган инсон бева-бечораларга, фақир-фуқароларга, етим-есирларга садақа қилиб туриши керак. Ана шунда мақсадга эришади. Шундоқ экан, садақа қилиш яхшилик эшикларидан бири бўлмай, нима бўлсин?!
3. «Кишининг кечаси ўқиган намози солиҳларнинг шиоридир».
Фарз намоз бандани дўзахни четлаб жаннатга киришини таъминласа, кечаси ўқиладиган нафл намоз уни солиҳлар дара-жасига кўтаради. Кечаси туриб бедор бўлиб, таҳажжуд намоз-ларини бардавом ўқиб юрмаган киши солиҳлик даъвосини қила олмайди.
Ҳа, тун қаърида ғофиллар ухлаб ётганда бедор бўлиб, ўз Роббиси ила муножотда бўлиб, таҳажжуд намози ўқиб солиҳлар шиорини қоим қилган бандаларгина ўзлари учун яхшилик эшикларидан бирини очган бўлади. Бундоқ бандаларни Аллоҳ таоло ҳам Ўз каломида мадҳ этмиш.
Шунинг учун Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга ўша ояти каримани тиловат қилиб бермишлар:
«Ёнбошлари ётар жойларидан жафода бўлурлар».
Яъни ёнбошлари роҳат жойдан узоқда бўлиб, ётмасдан на-моз ўқиш билан машғул бўлурлар.
Дарҳақиқат, тунда бедор бўлиб, нафл намоз ўқиш кишини улкан фазлга эга қилади ва унга яхшилик эшигини очади.
Шунинг учун ўзига яхшилик эшиги очилишини истаган ҳар бир мўмин-мусулмон кечаси таҳажжуд намози ўқиб ту-ришни одат қилиб олиши керак.
Мўмин-мусулмон инсон ўзининг жаннатга кириши, дўзахдан бутунлай қутулиши ва ўзи учун яхшилик эшикларини очилиши билан кифояланиб қолмаслиги керак.
Шунинг учун ҳам ҳабиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга:
«Сенга ишнинг боши, умуртқа поғонаси ва ўркачининг чўққиси ҳақида хабар берайми?» дедилар».
Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўлган бу таклифга ҳар бир мусулмон Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга қўшилиб:
«Оре, эй, Аллоҳнинг Расули», дейиши турган гап. Иш-нинг боши, умуртқа поғонаси ва ўркачининг чўққиси.
1. «Ишнинг боши Исломдир».
Икки дунё ишининг боши Исломдир.
Бошсиз тана ҳеч нарсага арзимаганидек, Исломсиз бўлган ҳамма ишлар ҳам ҳеч нарсага арзимайди.
Шунинг учун ҳар бир иш Исломга мувофиқ, Исломий ра-вишда бўлиши шарт. Ўшандагина ишнинг боши бўлади. Тана-нинг бошқа аъзолари ҳам яхши ҳаракат қилади.
2. «Унинг умуртқа поғонаси намоздир».
Ҳеч бир жонзот умуртқа поғонасисиз тиклана олмайди, ҳаракатга келмайди. Агар умуртқа поғонаси бир оз шикастланса ҳам оғир аҳволга тушиб қолади. Намоз ишнинг умуртқа поғонаси эканлиги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан таъкидлангандан кейин, қолганини билиб олсаверса бўлади.
Намознинг аҳамиятини яхшилаб тушунтирувчи ушбу ўхшатиш мўмин-мусулмонман деган инсонни зеҳнида яхшилаб ўрнашган бўлиши керак.
3. «Ўркачининг чўққиси эса жиҳоддир».
Демак, мусулмон инсон орзу қилиши мумкин бўлган энг олий мартаба Аллоҳ йўлида ўзидаги бутун имкониятларга қўшиб жонини ҳам фидо қилишга уринишдир. Ҳар бир мўмин-мусулмон шахс ана ўша чўққига чиқишни ўзининг олий мақсади қилиб қўймоғи лозим.
Мазкур ишларни амалга ошириш билан бирга битта нарсага ўта эҳтиёт бўлиш керак. Ўша нарса уларнинг ҳаммасига молик, у билан мазкур ишлар ҳам ҳабата бўлиб кетиш хавфи бор. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сенга ўшаларнинг ҳаммасига молик бўлган нарса-нинг хабарини берайми?» дедилар.
Ва Муоз ибни Жабал розияллоҳу анҳунинг тасдиқларидан кейин:
«У зот тилларини тутдилар ва: «Мана буни тийгин!» дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Пайғамбари, биз гапирган нарсамиз учун, албатта, (иқобга) олинамизми?» деди Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу. Бунга жавобан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Онанг азангни тутсин, эй, Муоз. Одамларни тиллари-нинг маҳсули дўзахга юзтубан (ёки тумшуқлари ила) ту-ширмаса нима туширар эди!» дедилар».
Ушбу «Онанг азангни тутсин» деб таржима қилган жум-ламиз араб тилида қарғиш маъносида эмас, танбеҳ учун ишла-тиладиган одатий жумладир.
Бунга ўхшаш жумлалар бошқа ҳалқларда ҳам мавжуд. Ми-сол учун бизда «ҳаҳ, энанг ўлсин!» деб қўйилади.
«Дўзахга юзтубан (ёки тумшуқлари ила)» дегани эса, ровийнинг шарҳидир.
Тўғри, банданинг тили бошига бало бўлиши мумкин. Ҳар не келса бошинга тилингдандир, деб бежиз айтилмаган. Тилини тиймаган одам ҳар хил куфр, ширк, гуноҳ сўзларни гапириб, иймондан чиқиши ҳеч гап эмас.
Шунингдек, тилига эрк берган одам ўқиган намози, тут-ган рўзаси, берган закоти ва қилган ҳажини ҳабата қилиб юбориши жуда ҳам осон.
Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон тилига ўта эҳтиёт бўлмоғи лозим. Доимо фақат иймон-Ислом, одоб-ахлоқ доира-сидаги сўзларни гапирмоғи лозим. Куфр, ширк, гуноҳ, ёлғон, ғийбат, бўҳтон гапларни зинҳор тилига олмаслиги зарур.
Ҳақиқий мўмин-мусулмон бўлишни, олий мақомларга эришишни хоҳласак ушбу ҳадиси шарифни яхшилаб ўрганиб, унга амал қилишга астойдил тиришмоғимиз лозим.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят: «Мен: «Эй, Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг», дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Рўзани лозим тут, унинг ўхшаши йўқдир», дедилар».
Насаий ва Ҳоким ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Демак, ким Аллоҳ томонидан бериладиган кўпдан-кўп манфаатларга эришмоқчи бўлса, кўп рўза тутмоғи керак. Бу ҳақиқатни ҳар-бир мусулмон яхши тушуниб, амал қилмоғи лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мана яқиндагина муборак Рамазон ойи кириб келаяпти, деб гапириб ва ёзган эдик. Бугун эса, Рамазон ойи ўзининг авж олган вақтида деб айтмоқдамиз ва ёзмоқдамиз. Бу давоми...

4368 17:17 / 26.05.2018
Ният сўз луғатда қасд қилиш, шариатда эса бирор ишни қилишда Аллоҳ таолога ибодат қилишни ва Унга яқин бўлишини қасд қилишдир. Рўза дуруст бўлиши учун дилда ният давоми...

1499 12:10 / 16.04.2021
1. Рўза тутган кишининг тақводорлиги зиёдалашади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда рўзани олдинги умматларга фарз қилганидек, ушбу уммати Муҳаммадийяга ҳам фарз давоми...

2739 05:00 / 14.01.2017
1232. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини давоми...

3298 21:37 / 24.05.2018