1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тошкент 2007

Beqiyos hissa

14:24 / 20.04.2017 4749 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муқаддас Ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, авваламбор, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. Бу эса ўз навбатида маънавият ва маърифат аҳли, олимлар, зиёлиларимиз, оммавий ахборот воситалари вакилларидан, бир сўз билан айтганда, шу Ватанга меҳр қўйган ва ўзини шу юрт фарзанди деб ҳисоблайдиган ҳар бир инсондан фаоллик ва фидоийликни талаб этади.

Президент Ислом КАРИМОВнинг “Туркистон пресс” ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюси

Савол: Муҳтарам Ислом Абдуганиевич, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти – АЙСЕСКО (ISESCO) томонидан 2007 йилда Тошкент шаҳрининг «Ислом маданияти пойтахти» деб эълон қилиниши юртимизда катта қувонч билан кутиб олинди.
Барчамиз яхши тушунамизки, Тошкент шаҳрининг бундай номга сазовор бўлиши оламшумул воқеа бўлиб, ислом оламидаги нуфузли ташкилотнинг бу қарорга келиши бежиз эмас ва унинг ўзига хос сабаб ва асослари бор, албатта. Мана шу ҳақда ўз фикр-мулоҳазаларингизни гапириб берсангиз.

Жавоб: Ҳақиқатан ҳам, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти бўлмиш АЙСЕСКО томонидан Тошкент шаҳрига 2007 йилда «Ислом маданияти пойтахти» деган ном берилиши мамлакатимиз ҳаётидаги улкан маданий-маънавий воқеадир.
Барчамиз учун азиз ва муқаддас бўлган азим пойтахтимизнинг ана шундай юксак обрў-эътиборга эришгани нафақат халқимизга, айни вақтда яқин ва узоқдаги дўстларимизга ҳам ғурур ва ифтихор бағишлайди, деб ишонч билан айтишга асосларимиз бор.
Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти – АЙСЕСКО ҳақида қисқача тўхталадиган бўлсак, аввало, шуни айтиш керакки, у Ислом конференцияси ташкилотининг таркибий тузилмаси ҳисобланиб, 1979 йили мазкур ташкилотнинг Марокаш давлатининг Фес шаҳрида бўлиб ўтган конференциясида унга асос солинган. Ислом конференцияси ташкилоти деганда эса, мусулмон оламининг бирлаштирадиган ва ўз таркибида 57 та мамлакатни жам этган, халқаро миқёсдаги муҳим ва долзарб масалаларни ҳал қилишда таъсир ва аҳамияти тобора ортиб бораётган нуфузли ташкилотни тушунамиз.
Бир сўз билан айтганда, АЙСЕСКО фаолиятининг асосий йўналишини фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларини изчил ривожлантириш, ана шу негизда аъзо давлатлар ўртасида ўзаро мулоқот ва ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш каби муҳим вазифалар ташкил этади.
Шу ўринда мен, авваламбор, Тошкент шаҳрини 2007 йилда «Ислом маданияти пойтахти» деб эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилган ана шу ташкилотнинг кўпни кўрган, ислом оламида катта мавқе ва ҳурматга эга бўлган раҳбарлари ва фаолларига мамлакат Президенти, қолаверса, шу юрт фуқароси, мусулмон фарзанди сифатида халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдиришни ўзим учун ҳам қарз, ҳам фарз деб биламан.
Бу қувончли воқеа муносабати билан кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, таниқли сиёсат ва жамоат арбоблари, хорижий мамлакатларнинг элчилари, таниқли олиму уламолардан Ўзбекистон раҳбарияти номига қизғин қутловлар келмоқда. Бу табрикномалар орасида Ислом конференцияси ташкилотининг Бош котиби Акмалиддин Эҳсон ўғли, Бутунжаҳон ислом лигаси Бош котиби, доктор Абдулла бин Абдулмуҳсин ат-Туркий, АЙСЕСКО бош директори, доктор Абдулазиз Осман ат-Тувайжирий, Ислом тараққиёт банки Президенти, доктор Аҳмад Муҳаммад Али, Эрон Ислом Республикасининг собиқ Президенти, Маданиятлар ва цивилизациялараро мулоқот халқаро институти директори Саййид Муҳаммад Хотамий, Мисрдаги «Ал-Азҳар» диний марказининг шайхи ва бош имоми, доктор Муҳаммад Саййид Тантавий, Исломобод халқаро ислом университети ректори, доктор Манзур Аҳмад ва бошқа ўнлаб атоқли шахсларнинг юртимиз ва халқимиз шаънига билдирган самимий сўзларини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Шунингдек, Ҳиндистон, Туркия, Индонезия, Кувайт каби бир қанча мамлакатларнинг кўзга кўринган давлат ва жамоат намояндалари, оммавий ахборот воситалари томонидан ҳам шу муносабат билан ижобий фикрлар билдирилгани эътиборга молик.
Шуни айтиш керакки, биз бу инсонларнинг кўпчилигини яқиндан биламиз ва уларни юксак қадрлаймиз. Уларнинг айримлари билан эса ғойибона танишмиз. Матбуотимизда чоп этилган ана шу қутлов ва фикр-мулоҳазалар билан танишар эканмиз, уларда бизнинг қадимий ва бой тарихимиз, миллий қадриятларимизга нечоғлиқ чуқур ҳурмат ва эҳтиром туйғуси ифода этилганига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Гарчи бу номалар Ўзбекистон раҳбари сифатида менинг номимга юборилган бўлсада, уларда битилган табрик ва тилаклар юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларга, бутун халқимизга қаратилганини, табиийки, ҳаммамиз яхши тушунамиз. Фурсатдан фойдаланиб, бир фикрга урғу беришни истардим: агарки тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак хоки-поклари Ўзбекистон тупроғида ётган улуғ аждодларимиз, не-не мутафаккир зотлар асрлар мобайнида дунёвий ва диний илмлар соҳасида қандай буюк кашфиётлар яратгани, бунинг учун қанча захмат ва машаққатлар чекканини кўрамиз. Бугун биз гувоҳ бўлиб турган юксак эътироф, аввало, ана шундай аждодларимизнинг табаррук номлари ва қолдирган меросига, ўзбек халқининг ислом маданияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссасига берилган муносиб баҳо, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Шахсан менга бундай холис ва ҳаққоний баҳодан, аввало, юртимиз заминида яшаб ўтган мутафаккир боболаримиз, улуғ алломалар ва азиз зотларнинг муборак руҳлари шод бўлаётгандек туюлади ва ўйлайманки, бу фикрга барча юртдошларимиз ҳам қўшилади.
Энди бевосита Тошкентга «Ислом маданияти пойтахти» деб ном беришга асос бўлган омиллар ҳақида тўхталадиган бўлсак, уларнинг тарихий, маданий ва маънавий жиҳатлари хусусида кўп гапириш мумкин. Лекин мен, шу фурсатдан фойдаланиб фақатгина иккита муҳим йўналишга эътиборингизни жалб қилмоқчиман. Биринчидан, «Ислом маданияти пойтахти» деган тушунча ўзида қандай маъно-мазмунни ифода этади? Иккинчидан, бундай юксак эътирофга сазовор бўлиш учун қандай мезон ва тамойиллар асосий сабаб бўлиши мумкин?
Ҳеч шубҳасиз, бу масалада номзод мамлакатнинг умумий тарихи, хусусан, Ислом дини билан боғлиқ тарихи катта роль ўйнайди. Шунингдек, мазкур халқ ҳаётидаги мусулмон динига хос қоида ва арконлар, қадимий анъана ва қадриятлар, ушбу юртнинг асрлар давомида ислом цивилицазияси ва маданиятига қўшган ҳиссаси, бу ерда қандай юксак тафаккур соҳиблари, буюк уламолар яшаб ўтгани ва улар қолдирган илмий-маънавий мерос инобатга олиниши муқаррар. Шу билан бирга, номзод мамлакат томонидан бугунги кунда ана шу ноёб ва мўътабар мероснинг қай тарзда сақлаб, асраб-авайлаб келинаётгани, уни ҳар томонлама ўрганиш, кенг омма, айниқса, ёшлар онгига сингдириш, жаҳон жамоатчилигига тарғиб ва тараннум этиш юзасидан қилинаётган ишларга алоҳида баҳо берилиши табиий. Барчамизга маълумки, юртимизда ана шундай мерос собиқ шўро даврида ҳам мавжуд эди. Жумладан, бебаҳо тарихий қўлёзмалар махсус фондларда сақланиб келинар ва улардан фақат тор доирадаги мутахассислар илмий мақсаддагина фойдалана оларди. Бу меросни синфий ва мафкуравий нуқтаи назардан эмас, асл инсоний моҳиятига мос равишда чуқур ўрганиш, маънавий ҳаётимизнинг узвий бир қисми сифатида талқин ва тарғиб қилишга эса мутлақо йўл қўйилмас эди. Бунга журъат қилган одамларнинг қандай тазйиқ ва хавф-хатарларга учраши муқаррарлигини яқин ўтмишимиз билан таниш бўлган ҳар қайси одам яхши билади.
Бугунги кунда биз ворис бўлган ана шу моддий ва маънавий меросни замон талаблари асосида кенг ва атрофлича ўрганиш ва тадқиқ этиш, ундан халқимизни баҳраманд қилиш масаласига ўзбекистон раҳбарияти ва жамоатчилиги алоҳида аҳамият бериб келаётганини таъкидлаш лозим.
Шу мақсадда диний-маърифий қадриятларимизни ўрганиш, асраш ва ҳимоя қилиш, шу асосда ёш авлодимиз қалби ва онгига эзгу Қояларни сингдириш бўйича олиб бораётган амалий ишларимиз жамоатчиликка яхши маълум.
Биз мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва бошқа қадимий шаҳарларимиздаги Шарқ меъморлик санъатининг дурдоналари бўлмиш тарихий обидаларни сақлаш, уларни қайта тиклаш ва таъмирлаш ишларига катта эътибор қаратмоқдамиз. Баъзи бир йирик обидалар бўйича бундан 15-20 йил олдин бошлаган ишларимиз ҳозиргача давом этмоқда. Таъкидлаш керакки, тарихий ёдгорликларни қайта тиклаш – бу фақат тегишли маблағ ва куч-имконият топишдангина иборат эмас, балки биринчи галда жиддий илмий ёндашувни, нозик дид ва маҳоратни, чуқур билим, тажриба ва юксак салоҳиятни, керак бўлса, маънавий покликни талаб қиладиган мураккаб соҳадир.
Мисол учун, қадимий қўлёзмаларни тўғри ўқиш ва талқин қилиш учун олим ва мутахассисларимиз қанчалик билим, истеъдод ва зеҳн, масъулиятга эга бўлиши зарурлиги ҳақида ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман. Кези келганда айтиш лозимки, айнан муқаддас китоблар, диний қўлёзмаларнинг маъносини нотўғри талқин қилиш оқибатида бугунги кунда дунёда турли хил низо ва қарама-қаршиликлар юзага келаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Ёки айтайлик, кўҳна мадраса ва масжидлар пештоқига араб ёзувида битилган сўзларни ҳар қандай одам ҳам ўқий олмайди. Нега деганда, исломий хаттотлик санъатининг ўзи бир олам бўлиб, унинг қанча-қанча ўзига хос сирлари бор.
Бугунги кунда бизнинг тарихий мерос масаласига катта масъулият билан қараб олиб бораётган ишларимизнинг амалий тасдиғини кўп-кўп мисолларда кўриш мумкин. Масалан, Самарқанд шаҳридаги XI-XV асрлар ёдгорлиги бўлмиш, қадим замонлардан буён бутун мусулмон дунёсининг эътиборини ўзига тортиб келаётган Шоҳи Зинда мажмуасида уч йил аввал бошлаган кенг кўламли ишларимиз бугун ҳам давом этмоқда.
Энг муҳими, мамлакатимизнинг барча ҳудуд ва минтақаларида шу эзгу мақсад йўлида ибратли ишлар қилинмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, Самарқанддаги Имом Бухорий ва Имом Мотуридий зиёратгоҳлари, Бухородаги Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд, Минораи Калон ва Масжиди Калон мажмуалари, Фарғонадаги Аҳмад Фарғоний ва Бурҳониддин Марғиноний ёдгорликлари, Сурхондарёдаги Ҳаким Термизий ва Имом Термизий, Хивадаги Ичан қалъа, Шаҳрисабздаги Дорут-тиловат, Қарши шаҳридаги Одина ва Кўкгумбаз обидалари, Кармана шаҳридаги Қосим шайх мақбараси сингари ўнлаб қадамжоларни обод этиш бўйича бажарилган бунёдкорлик ишларини эслаш ўринли, деб ўйлайман.
Шу борада бугун Тошкент шаҳрида жойлашган, Қуръони каримнинг энг қадимий ва мўътабар нусхаларидан бири бўлган машҳур Усмон Қуръони сақланаётган Ҳазрати Имом мажмуасида кенг кўламли қайта тиклаш, қурилиш ва тамирлаш ишларини амалга ошириш фурсати келганини мамнуният билан қайд этмоқчиман.
Эътиборли жиҳати шундаки, бундай савобли ишларда қандайдир иккинчи даражали нарсанинг ўзи йўқ. Чунки такрор айтаман, бу – халқимизнинг тарихий хотираси, миллий ўзлиги ва маънавиятининг юксалиши билан узвий боғлиқ масаладир. Шунинг учун ҳам бу жараёнда обидаларни нафақат қайта тиклаш ва таъмирлаш, айни вақтда уларнинг ён-атрофидаги ўзига хос табиий муҳитни асл ҳолида сақлаб қолиш каби масалани ҳам биз эътибордан четда қолдирмаслигимиз керак.
Шу ўринда бир мисол келтирмоқчиман. Биз 1997 йили Имом Бухорий мажмуасини янгитдан барпо этиш пайтида бу ердаги олти-етти аср умр кўрган чинорлар ва қадимий ҳовузни сақлаб қолиш учун барча зарур чораларни кўрдик. Хатто чинорлар қандайдир касалликка чалинганда, даволаш учун Тошкентдаги Ботаника илмий-тадқиқот институтидан тегишли мутахассислар юборилган эди. Бундай фикрни Шаҳрисабздаги Дорус-саодат ёдгорлик мажмуасида қад ростлаб турган кўҳна чинорлар мисолида ҳам айтиш мумкин.
Албатта, биз она заминимиз бағридаги ҳар бир моддий ва маънавий мерос намунасини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, қайта тиклаш ва таъмирлаш бўйича қилаётган бу ишларимизни кимгадир намойиш қилиш, кўз-кўз этиш учун эмас, аксинча, келажагимизни ўйлаб, онгимиз ва қалбимиз даъвати билан амалга оширмоқдамиз. Токи, эртага бизнинг ўрнимизга келадиган, биз бошлаган олижаноб ишларни муносиб давом эттиришга қодир бўлган ёшларимиз ана шу бебаҳо маънавий бойликдан баҳраманд бўлсин, шу асосда ўзининг кимлиги, қандай буюк зотларнинг авлоди эканини англаб етсин.
Олдимизга қўйган бундай эзгу мақсадларга эришишда, миллий қадриятларимиз ва ўзлигимизга садоқат билан ҳаёт кечиришда муқаддас динимизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Нега деганда, инсонийлик, меҳр-оқибат, ҳалоллик, охиратни ўйлаб яшаш, саховат ва мурувват сингари халқимизга мансуб бўлган фазилатлар айнан шу заминда илдиз отади ва ривожланади.
Ўзингиз ўйланг, агар биз истиқлолимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб тарихий обидаларимизни қайта тиклаш, қадимий ва бой меросимизни ҳар томонлама асраб-авайлаш ва фарзандларимизга безавол етказиш ҳақида қайғурмасак, бунинг учун астойдил ҳаракат қилмасак, бугун маънавий ҳаётимизни озиқлантириш ва юксалтириш ҳақида гапириш мумкин бўлардими?
Шу нуқтаи назардан қараганда, муқаддас Ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, авваламбор, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. Бу эса ўз навбатида маънавият ва маърифат аҳли, олимлар, зиёлиларимиз, оммавий ахборот воситалари вакилларидан, бир сўз билан айтганда, шу Ватанга меҳр қўйган ва ўзини шу юрт фарзанди деб ҳисоблайдиган ҳар бир инсондан фаоллик ва фидоийликни талаб этади.
Бугунги кунда Ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайрихоҳ ва тарафдорлари кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг асосий сабаби – биринчи галда муқаддас динимизнинг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзотни доимо яхшилик ва эзгуликка чорлаши, ҳаёт синовларида ўзини оқлаган қадрият ва анъаналарни аждодлардан авлодларга етказишдаги буюк ўрни ва аҳамияти билан боғлиқ. Айни пайтда бу ҳолат динимизнинг умумбашарий маданият ва цивилицазия, илму фан ривожига қўшган буюк ҳиссаси билан ҳам изоҳланади.
Ўз-ўзидан равшанки, Тошкент шаҳрига «Ислом маданияти пойтахти» деган юксак ном берилиши бизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди. Айниқса, неча юз йиллар мобайнида юртимиз ҳудудида яратилган буюк маданий ва маънавий мероснинг туб моҳиятини, унинг кўпчиликка маълум бўлмаган қирраларини нафақат мусулмон олами, балки бутун жаҳон аҳлига кенг тарғиб қилиш, шу тариқа Ислом дини тинчлик, маърифат, юксак ахлоқ-одоб ифодачиси эканини яна бир бор намоён этиш борасида ҳали кўп иш қилишимиз зарурлигини биз яхши англаймиз.
Бу вазифаларни амалга ошириш учун эса, аввало, ўз имкониятларимизни яна бир бор холисона баҳолаб, яқин келажак ва истиқболдаги энг муҳим устивор йўналишларни белгилаб олишимиз даркор. Шу мақсадда тегишли амалий дастур ишлаб чиқилгани, унда юртимиздаги мусулмон меъморчилиги обидаларини қайта тиклаш ва таъмирлаш ишларини изчил давом эттириш, ислом маданиятини кенг тарғиб қилиш юзасидан аниқ тадбирлар режалаштирилгани, жумладан, пойтахтимизда «Ислом ва бағрикенглик» мавзусида нуфузли халқаро илмий конференция ўтказиш кўзда тутилаётгани, айниқса, эътиборлидир.
Ўйлайманки, биз, халқимиз, жамоатчилигимизнинг куч-ғайрат ва саъй-ҳаракатларини бирлаштирган ва сафарбар этган ҳолда, мамлакатимизга нисбатан билдирилган «Ислом маданияти пойтахти» деган юксак эътибор ва ишончни амалий ишлар билан оқлашга эришамиз, албатта.
Ана шундай эзгу интилишлармизни амалга ошириш йўлида юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, азиз Ватанимизнинг шон-шуҳратини янада зиёда қилишини Аллоҳдан сўраб қоламиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Араблар Мовароуннаҳрrdquo деб атаган ушбу заминдан IXX асрларга келиб йирик усул алфиқҳ олимлари етишиб чиқдилар. Хусусан Шош қадимги Тошкент дан етишиб чиққан олим давоми...

5457 14:28 / 20.04.2017
www.islom.uz сайти маъмурияти пойтахтимиз Тошкентнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро ислом ташкилоти ISESCO томонидан 2007 йилда Ислом маданияти давоми...

4953 14:34 / 20.04.2017
Қуръони Каримнинг хорижий тилларга қилинган таржималари тўғрисида қисқача маълумотТаржима қилинган тилнинг номиЖилдлар сониТаржимонлар сони1Осомий тили Ҳинд. давоми...

5023 14:30 / 20.04.2017
Каримберди ТўрамуродовБисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим.Сиз бирndashбирингизни ҳидоятга чорлайверинг. Ҳар бир бандам мен истаган куни ҳидоятга давоми...

8172 14:32 / 20.04.2017
Аудиолар

118798 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40747 14:35 / 11.08.2021