1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Расулуллоҳнинг ҳаётларидан лавҳалар (14-қисм)

19:22 / 19.04.2017 4762 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ 

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларини ўрганиш) 

14-қисм 

АЛЛОҲ УЧУН МУҲАББАТ 

(давоми)

«Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У ғолиб, ҳикматли Зотдир» (Анфол сураси, 63-оят).

Аллоҳ сўзингни тасдиқлади, эй Зайд!

Бани Мусталиқ ғазотида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ходимлари билан Хазражнинг халифи (иттифоқдоши) сув устида жанжаллашиб қолишди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ходимлари Хазражнинг халифини урган эди, ундан қон оқди. Халиф қичқира бошлади:

– Ҳой ансорийлар жамоаси!

Ходим ҳам қичқирди:

– Эй муҳожирлар жамоаси!

Ҳар икки тарафдан одамлар тўплана бошлади. Ҳатто қуролларини чиқаришгача боришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар ва уларга қарата:

– Бу қандай жоҳилият даъвоси?! Қўйинглар, ўша бад даъвони! – дедилар.

Хазраж қавмининг вакиллари орасида турган, мунофиқларнинг боши Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг ғазаби келди.

– Агар Мадинага қайтсак, албатта, азиз хорни ундан чиқарур! – деди ўзини азиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳива салламни хор деган маънода.

Ансорийлар орасида Зайд ибн Арқам исмли йигит бор эди. Унинг гапини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берди.

– Эй йигит, эҳтимол, сен унга ғазаб қилаётгандирсан ёки янглиш эшитгандирсан? – сўрадилар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Аллоҳга қасамки, мен ундан ўша сўзни эшитдим! – деди Зайд.

У айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг сўзимга ишонмаганларидан қаттиқ ташвишда қолдим. Амаким: «Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғончи қилишларини хоҳлаган экансан-да!?» деди. «Мен ростдан ҳам эшитганман. Агар бу сўзни отамдан эшитганимда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берган бўлар эдим. Энди мен Аллоҳ таоло расулига сўзларимни тасдиқлагувчи оят туширса, деб умид қиламан», дедим.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларимдан чалғитиш учун одамларни етаклаб жўнаб кетдилар. Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмасдан Мунофиқун сураси нозил бўлди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Арқамнинг қулоғидан ушлаб туриб:

– Эй йигит! Қулоғинг тўғри тушунган экан. Аллоҳ сўзингни тасдиқлади, мунофиқларни рад этди, – дедилар.

СУҲАЙБ ФОЙДА КЎРДИ

Суҳайб Румий ҳижрат қилишни ирода қилди. Бундан хабардор бўлган Қурайш мушриклари унга айтишди:

– Келганингда бечораҳол, қашшоқ эдинг. Бу ерга келиб, бойиб кетдинг. Шунчалик даражага етиб қолдинг. Энди мол-мулкларингни олиб чиқиб кетмоқчимисан? Аллоҳга қасамки, бунақаси кетмайди!

– Хўп! Агар молу мулкимни сизларга ташлаб кетсам, мени холи қўясизларми? – сўради Суҳайб.

– Ҳа, – дейишди.

– Молимни сизларга бердим! – деди у ва мол-мулкини топшириб, ҳижрат қилиб чиқиб кетди.

Бу хабар Сарвари коинотга етиб келганда Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам илтифот айладилар:

– Суҳайб фойда кўрибди! Суҳайб фойда кўрибди!

КИШИ ЯХШИ КЎРГАНИ БИЛАНДИР

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсалар, «Эй Аллоҳ! Менга Ўзингнинг муҳаббатингни, Сенга муҳаббат қўйганларнинг муҳаббатини, мени Сенинг муҳаббатингга яқинлаштирадиганларнинг муҳаббатини ризқ айла! Муҳаббатингни мен учун муздек сувдан ҳам кўра маҳбуброқ эт!» дер эдилар.

Бир аъробий савол берди:

– Эй Аллоҳнинг расули! Қиёмат қачон?

– Сен унга нима тайёрлаб қўйгансан? – сўрадилар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Аллоҳга қасамки, мен унга намоз ҳам, рўза ҳам, бошқа каттароқ амал ҳам тайёрлаганим йўқ. Аммо мен Аллоҳни ва Унинг расулини яхши кўраман! – жавоб берди аъробий.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар ва:

– Киши яхши кўргани биландир! – дедилар.

НИКОҲДАН ЖАННАТГА

Саъд Сулаймий Исломга кирган ва мусулмончиликни чиройли қилган ҳабаш қул эди. У масжидга кириб, намоз ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирди. Одамлар Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида жамланиб ўтириб, сўзларини эшитар, дин ва дунё ишларидан саволлар беришар эди.

Саъд ҳам ўрнидан туриб савол берди:

– Менинг ҳабашлигим ва хунуклигим жаннатга киришига монеълик қиладими?

– Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, Раббингга тақво қилар, Унинг расулига келган нарсаларга иймон келтирар экансан, ундоқ бўлмагай! – дедилар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Унинг бандаси ва элчиси эканлигига гувоҳлик бердим! Аллоҳ йўлида жанг қилиб, шаҳид бўлишликка гувоҳлик бердим. Менга яна нима бўлади, эй Аллоҳнинг расули?

– Қавмга нима бўлса, сенга ҳам ўша! Қавмнинг зиммасида нима бўлса, сенинг зиммангда ҳам ўша! Сен уларнинг биродарисан.

– Сизнинг ҳузурингизда турганларга ҳам, ҳузурингизда бўлмаганларга ҳам, омматан, совчи бўлиб бордим. Бироқ менинг қора танлигим ва кўринишим хунуклиги учун мени қайтаришди. Ҳолбуки, мен ҳам Бани Салим наслиданман.

– Амр ибн Ваҳбга бор. Эшигини тақиллат. Салом бер. Кириб унга: «Набиййуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қизларингиздан бирини менга унаштирдилар», деб айт! – дедилар Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Саъд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган томонга йўл олди. Эшикни қоқди. Уларга салом бериб:

– Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидан вакилман. У зот қизларингиздан бирини менга унаштирганларини айтдилар, – деди.

Амр уни қўполлик билан қайтариб юборди. Саъд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб бормоқчи бўлди.

Амрнинг қизи парданинг ортидан суҳбатни эшитиб турган эди. Чодрасидан чиқиб, Саъдни чақирди:

– Эй Аллоҳнинг бандаси, қайт! Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг биримизни сенга унаштирган бўлсалар, Аллоҳ ва Унинг расули рози бўлган ишга мен ҳам розиман!

Саъд бир лаҳза тўхтади. Бироқ бу қиз, токи отаси бор экан, ўзига ўзи эгалик қила олмаслигини фаҳмлаб, ортига қайтмасдан йўлида давом этиб кетаверди. Қиз отасига айтди:

– Эй отажон! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига шошилинг! Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

«Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг расули бир ишга ҳукм қилганида ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди» (Аҳзоб сураси, 36-оят). 

Сизни араблар орасида шармисор қилгувчи бирор ваҳий келиб қолмасдан бурун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрига ижобат қилиб қолинг.

Амр кўрдики, бу масалада қизи ундан кўра тўғрироқ фикр юритяпти. Шу заҳотиёқ бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан узр сўраб, амрларини бажо қилмоқ учун йўлга тушди. Аммо Саъд ундан аввалроқ етиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бор гапни айтиб бўлган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амрдан нима учун қизини беришга рози бўлмаганини сўрадилар.

– Мен уни қайтармадим. Лекин у ёлғон сўзлаяптимикин, деб ўйладим. Шунинг учун унинг сўзи тўғрилигига ишонч ҳосил қилгани ҳузурингизга келдим. Яна шуни эълон қилмоқчиманки, биз қизимизни унга бердик! – деди у.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу икки ёшга барака тиладилар ва Саъдга:

– Бор, кириб у билан қўшил, – дедилар.

Бундан Саъд бениҳоят хурсанд бўлиб кетди. Шодонлик ила ўзига ва келинчакка сарпо сотиб олиш учун бозорга кирди. Шу пайтда бир жарчининг нидоси эшитилиб қолди:

– Ҳой отлиқлар! Отланинглар! Жаннатнинг башорати берилади!

Бу Исломни мудофаа қилиш ва Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд этиш учун жангга чақириқ эди. Саъд ҳеч иккиланиб ўтирмай, сарпо олишга тўплаган пулини олиб, от бозорига кирди. Пулига от, қилич ва найза сотиб олди. Сўнг аскарларга қўшилиб, мушрикларга қарши жангга кириб кетди. Жанг майдонида токи шаҳид бўлгунга қадар бир қанча отлиқ ва пиёда аскарларни қатл қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, унинг бошини муборак тиззаларига қўйдилар. Қурол ва отини келинчакка юбордилар. Кейин тайинладилар:

– Бориб уларга Аллоҳ таоло уни қизларингизнинг энг яхшисига уйлантирди, деб айтинг. Мана бу унинг мероси.

Кейин тиловат қилдилар:

«Албатта, тақводорлар омонлик жойида. Боғу роғлар ва булоқларда бўлурлар. Улар шойи ипак киюрлар, бир-бирларига юзма-юз ҳолда (ўлтирурлар). Ана шундай! Ва Биз уларни ҳури ийнларга уйлантирдик» (Духон сураси, 51–54-оятлар).

САВОДНИНГ «ҚАСОСИ»

Бадр ғазоти куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобининг сафларини назорат қилиб, қўлларида камон ўқи билан сафни тўғрилаётган эдилар. Бану Адий ибн Нажжорнинг вакили Савод ибн Ғузайя олдинроққа ўтиб кетган экан, қорнига камон ўқи билан туртиб:

– Текис тур, эй Савод! – дедилар.

– Эй Аллоҳнинг расули! Менинг жонимни оғритдингиз! Ҳолбуки, Аллоҳ таоло сизни ҳақлик ва адолат ила юборган. Мен энди сиздан қасос олишим керак, – деди Савод.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг камоли меҳрибонликлари ва улкан хулқ соҳиби эканликларидан дарҳол қоринларини очиб бердилар-да:

– Мана, уриб ол! – дедилар.

Шундан Савод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қоринларини қучиб, ўпиб олди.

– Сени бунга нима мажбур қилди, эй Савод? – сўрадилар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Эй Аллоҳнинг расули! Менинг энг олий аҳдим – сизнинг танангизга танамни теккизиш бўлишини хоҳлаган эдим, – деб жавоб берди у.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига дуои хайр қилдилар.

АБУ БАКРНИНГ САДОҚАТЛАРИГА ЯРАША МАРТАБАЛАРИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилишни ирода этганларида дўстлари Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам бирга Савр ғори томон азм қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бўртиб чиқиб турган қоятошларга чиқишга ва яланг оёқ юришга одатланмаган эдилар. Муборак оёқларига тошлар ботди. Бу ҳолни кўрган ҳазрат Абу Бакр ғорнинг оғзига етгунга қадар елкаларига кўтариб олдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ғорга кирмоқчи бўлганларида шошилиб:

– Кирмай туринг! Аввал мен бир кўрай! – дедилар Абу Бакр.

Кириб ғорни айланиб, ҳамма томонини қўллари билан пайпаслаб текшириб кўрдилар. Бир тешик топиб, у жойга изорларини қирқиб беркитдилар. Яна иккита тешик чиқди. Турли зарарли ҳашаротлар бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақиб озор бермасин, дея у киши иккала тешикка икки оёқларини қададилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақирдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам анча толиққан эдилар. Кирганларидан сўнг Абу Бакрнинг тиззаларига бошларини қўйиб, уйқуга кетдилар.

Ҳазрат Абу Бакр бекорга эҳтиёт чораларини кўрмаган эканлар. Ҳақиқатдан ҳам оёқлари билан тўсиб турган тешикларнинг биридан илон келиб, у кишини чақа бошлади. Илон тешикдан чиқиб кетмаслиги учун ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам безовта бўлмасинлар, деб оёқларини қимирлатмай туравердилар.

Бироқ чидаб бўлмас оғриқдан кўзларига ёш оқиб келди. Сўнг бу кўзёшлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларига оқиб тушиб, уйғониб кетдилар.

– Эй Абу Бакр, сизга нима бўлди? – сўрадилар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Эй Аллоҳнинг расули! Ота-онам сизга фидо бўлсин, бир нарса чақиб олди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илон чаққан жойни оғриқ тамом бўлгунча муолажа қилдилар.

Тонг отиб, кун ёришганда ғордан чиқиб, йўлга тушдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга эътибор бериб қарасалар, йўлга чиқишда кийган изорлари йўқ. Сўраган эдилар, йиртиб ғордаги тешикларга тиққанларини айтдилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини юқори кўтариб дуо қилдилар:

– Эй Аллоҳ! Қиёмат кунида Абу Бакрни менинг мартабамда қилгин!

МЕНИНГ ЎЗИМ ҲАМ, МОЛИМ ҲАМ АЛЛОҲ  ВА РАСУЛИ УЧУН

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафарга чиқсалар, Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо хайрлашгувчиларнинг охиргиси, қайтганларида эса истиқболларига чиққувчиларнинг энг биринчиси бўлар эдилар. У зот алайҳиссаломнинг Фотима розияллоҳу анҳонинг заиф ва маҳзунликлари учун қалблари ачишар, фироқларига тоқат қила олмас эдилар.

Турмушга чиқарганларидан сўнг бир қанча кун ўтгач, олдиларига бориб айтдилар:

– Мен сени ўзимга яқинроққа кўчиртириб кетмоқчиман.

– Ҳориса ибн Нўъмонни гаплашиб кўринг-чи, уйини алмаштирармикин? – дедилар Фотима розияллоҳу анҳо.

– Ҳориса ибн Нўъмон бизга жойини бўшатиб берган. Шунинг учун ундан сўрагани ҳаё қиламан, – дедилар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Бу сўз Ҳорисага етиб борди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

– Эй Аллоҳнинг расули! Эшитишимча, Фотимани ўзингизга яқинроқ жойга кўчиртирмоқчи экансиз. Мана менинг уйим – у Бани Нажжор уйларининг ичида сизга энг яқинроғи. Менинг ўзим ҳам, молим ҳам Аллоҳ ва Унинг расули учун! Эй Аллоҳнинг расули! Аллоҳга қасамки, мендан сиз олган молим сиз қолдирган молимдан кўра мен учун маҳбуброқдир! – деди.

– Сен тўғри сўзладинг, Аллоҳ сенинг молингга барака берсин! – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Фотиманинг уйини Ҳорисанинг уйига кўчиртириб келдилар.

САЪДНИНГ ОНАСИ

Уҳуд жангидан сўнг Саъд ибн Муъознинг онаси шошилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Саъд у зот алайҳиссалом минган отнинг тизгинини тутиб турган эди.

– Эй Аллоҳнинг расули! Бу – менинг онам! – деди.

– Марҳабо, хуш келибди! – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Саъднинг онаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин келиб, тикилиб қаради ва:

– Сизни соғ-омон кўрганимдан барча мусибатларим ёзилиб кетди! – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онахонга Саъднинг ўғли Амр учун таъзия билдирдилар ва:

– Эй Саъднинг онаси! Сизга хушхабар бўлсин ва уларнинг аҳлига ҳам хушхабар бўлсин! У қатл бўлганлар жаннатда ҳамроҳ бўлдилар, улар ўн икки нафар эдилар, ўз аҳлларини шафоат қилдилар, – дедилар.

– Биз Аллоҳнинг расулидан рози бўлдик! Шу сўзлардан сўнг уларга ким ҳам йиғласин!? – деди Умму Саъд розияллоҳу анҳо.

ЙИҒЛАМАНГ, АБУ БАКР

Абу Саъид Худрийдан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларига сабаб бўлган хасталикларида мажолсиз ҳолда чиқдилар ва минбарга кўтарилиб, шундай дедилар:

– Бандага дунё ва унинг зийнати таклиф қилинган эди, у охиратни ихтиёр этди.

Бу сўзларнинг моҳиятини ҳазрат Абу Бакрдан бошқа ҳеч ким фаҳмламади.

– Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг расули! Нафақат ота-онамиз, балки ота-боболаримиз, фарзандларимиз, ўзимиз ва молларимизни сизга фидо қилайлик! – деб йиғлаб юбордилар у киши.

– Йиғламанг, эй Абу Бакр! Шубҳасизки, мен учун инсонларнинг энг садоқатлиси – Абу Бакр! Агар инсонлардан халил – дўст тутсам, Абу Бакрни танлаган бўлар эдим. Лекин у менинг исломий биродаримдир. Масжид(га қараган) эшиклардан бирортаси ҳам қолмай, беркитиб ташлансин, фақат Абу Бакрнинг эшиги қолсин, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу яна йиғладилар ва:

– Менинг ўзим ҳам, молим ҳам сизники, эй Аллоҳнинг расули! – дедилар.


Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг 

«Қабасотун  мин ҳаётир Расул» китобидан 

Асака туман бош имом-хатиби 

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ азза ва жалла ўзининг тоатига бўлган буйруқни Расули саййидимиз соллаллоҳ алайҳи васалламга бўлган итоатга боғлади. Кейин уни такрор ва такарор таъкидлаб, давоми...

4097 16:50 / 12.02.2018
797. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. У зот таҳорат ушатаётган эдилар, саломга давоми...

1331 00:00 / 04.12.2022
Аллоҳнинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтирмайдиган кишиларга илмий ва моддийМУРОЖААТ Шунинг учун биз қулоғи оғир бўлган барча давоми...

3454 19:01 / 28.04.2017
482. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Мадинанинг икки ҳарраси орасини ҳарам қилдим. Унинг давоми...

1948 13:30 / 26.02.2021
Аудиолар

118742 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар