1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Аллоҳнинг севгиси ва розилиги аломатлари

09:16 / 17.04.2017 8467 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг муҳаббати ва розилиги – унга интилувчиларнинг улкан орзусидир. Бунга барча мусулмонлар ҳаракат қилиши лозим. Аллоҳ таоло бандасидан бу дунёда рози бўлганига ва уни яхши кўришига далолат қиладиган энг муҳим аломат – сир, яъни муҳаббатнинг қалбда яширин бўлиши, банда уни сир сақлаши лозимлиги машойихлар томонидан таъкидланган. Лекин, айрим ташқи аломатлар қуйидагилар:

1. ИНСОНЛАР МУҲАББАТИ. 

Аллоҳ муҳаббат қилган бандасини одамлар ҳам, ҳатто фаришталар ҳам яхши кўриб қолади. Бу  бандага Аллоҳ муҳаббат қилганининг зоҳирий белгиларидандир.

Аллоҳ айтади: “Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Роҳман муҳаббат пайдо қилур (Марям сураси, 96-оят). Ушбу оят “Аллоҳ уларни фаришта ва мўминлар севадиган қилиб қўюр” деб ҳам тафсир қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ бир бандага муҳаббат қилса, Жиброилни чақириб: «Мен фалончига муҳаббат қилдим. Сен ҳам унга муҳаббат қил», дейди. Бас, Жиброил унга муҳаббат қилади ва осмонда нидо қилиб: «Аллоҳ фалончига муҳаббат қиладир. Сиз унга муҳаббат қилинг!» дейди. Шунда аҳли осмон унга муҳаббат қилади. Сўнгра унинг (муҳаббати) ер аҳлига туширилади. Аллоҳ бир бандани ёмон кўрса, Жиброилни чақириб: «Мен фалончини ёмон кўрдим. Сен ҳам уни ёмон кўр», дейди. Бас, Жиброил уни ёмон кўради ва осмонда нидо қилиб: «Аллоҳ фалончини ёмон кўрадир. Сиз уни ёмон кўринг!» дейди. Шунда аҳли осмон уни ёмон кўради. Сўнгра уни ёмон кўриш ерга туширилади». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши: “Мени бир амалга далолат қилингки, уни қилганимда Аллоҳ менга муҳаббат қилсин, одамлар ҳам менга муҳаббат қилсин” деди. Унга  айтдилар: “Дунёга зоҳидлик қил (яъни, муҳаббат қўйма), Аллоҳ сенга муҳаббат қилади. Одамлар қўлидаги нарсаларга зоҳидлик қил (яъни, тамъа қилма), одамлар сенга муҳаббат қилади”.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, Иймон ҳаловатини топади; Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига – фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши». Бешовларидан Абу Довуд ривоят қилмаган.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким Аллоҳ учун муҳаббат қилса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса ва Аллоҳ учун ман қилса, батаҳқиқ, иймонни баркамол қилибди». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Амалларнинг энг афзали Аллоҳ учун муҳаббат қилмоқ ва Аллоҳ учун ёмон кўрмоқдир». Абу Довуд ривоят қилган.

2. ҚУРЪОН МУҲАББАТИ.

Аллоҳнинг каломига муҳаббат, тиловатида бардавом бўлиш Аллоҳ муҳаббат қилганининг зоҳирий белгиларидандир. Қуръон мусулмонни ҳаққа эргаштириб, ёмон амаллардан узоқлаштириб тўғри йўлга, Аллоҳнинг муҳаббатига йўллаб қўяди. Аллоҳ таоло Қуръонни эшитиб, унга  амал қилган бандасини яхши кўради.

“Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир” (Анфол сураси, 2-оят).

3. ПАЙҒАМБАР МУҲАББАТИ.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат ва итоат қилиш, суннатларига муҳаббат ва амал қилиш.

Аллоҳ таоло айтади: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир”, деб айт”.(Оли Имрон 31-оят)

4. СИНОВГА РОЗИЛИК МУҲАББАТИ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, мукофотнинг катталиги балонинг катталигига қараб бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қачон бир қавмга муҳаббат қилса, бало ила синаб кўради. Ким рози бўлса, унга ризолик ризолик бўлади. Ким ғазаб қилса, унга ғазаб бўлади». Термизий ривоят қилган.

5. ГЎЗАЛ ХОТИМА.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар Аллоҳ бандасига яхшиликни хоҳласа, ўлимидан олдин уни бир солиҳ амалга муваффақ қилади”.

Гўзал хотима – Аллоҳ бандадан рози бўлганлигини тасдиқлайдиган энг катта белгидир.

Аллоҳ ҳаммамизни муҳаббатига муваффақ қилсин.

Ҳумайро тайёрлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Тақво ҳимояга тайёргарликдир. Вараъ шубҳани даф қилишдир. 2. Тақво сабаби аниқ нарсадир. Вараъ сабаби гумон нарсадир. 3. Тақво инсоннинг ўзи сақланаётган давоми...

935 19:00 / 24.12.2023
Тариқатдаги кишининг кундалик вазифалари аниқ бўлади. Бунда у аввало кундалик фарз ва вожиб амалларга алоҳида эътибор беради. Ўзининг бурчи бўлган бу амалларни давоми...

5158 13:40 / 01.06.2019
Кимки ўзини мўмин деб билса, олимларни ва солиҳларни севиши, уларнинг давра суҳбатларига қатнаши, билиши шарт бўлган масалаларни сўраб ўрганиши, насиҳатларини давоми...

3878 12:30 / 01.11.2018
Аллоҳ таолога, эътиқодга, диний таълимотларга тегишли сўз ва гапларни эътиборсизлик қилиб, бузиб гапириш ҳам катта офатдир. Бунда куфр, ширк ва гуноҳ бўладиган давоми...

2842 16:00 / 24.04.2021