1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Абу Ҳанифанинг сифатлари

17:45 / 23.03.2019 4113 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳда илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлбориш каби сифатлар ҳам мужассамлашган эди. У кишининг шахсий фазилатлари ҳақида алоҳида китоблар ёзилган.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ беқиёс илмий фаолиятлари билан бирга тижоратни ҳам олиб борар эдилар.

У кишининг ҳаётларини ўрганган олимлар Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳда тожир сифатида тўрт сифат алоҳида намоён бўлиб турган дейдилар. У зот кўзи тўқлик, ўта омонатлилик, сахийлик ва ўта диндорлик билан ажралиб турганлар.
Кўпчилик Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тожирликда Абу Бакр розияллоҳу анҳуга жуда ҳам ўхшашликларини таъкидлаганлар.
Бир аёл Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга ипак кийим сотмоқчи бўлиб келди. Шунда у киши:
«Бунинг баҳоси қанча?» дедилар.
«Юз», деди.
«Бу юздан кўп туради», дедилар.
Аёл юз юздан қўшиб тўрт юзгача етди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса «Бу ундан кўп туради» дейишда давом этдилар. Охири аёл:
«Мени масхара қиляпсанми?» деди.
«Бир кишини олиб кел, нарх қўйиб берсин», дедилар.
Аёл бир кишини олиб келди. У кийимни беш юзга баҳолади ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўша нархга уни сотиб олдилар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзларидан кўра қарши тарафнинг фойдасини ўйлаганлар. Билмаган харидордан фойдаланишдан кўра унга маслаҳат беришни афзал билганлар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ умавийлар халифалигида 53 йил, аббосийлар халифалигида 18 йил яшадилар. У киши 130 ҳижрий санада умавийлар сиёсатига қарши чиқиб, Маккага қочиб кетиб аббосийлар ҳукмга келгунларича ўша ерда турдилар. Улар ҳукмга келганларида яна Кўфага қайтиб келдилар.
Диний фаолиятда фақат илмнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки илм билан бирга тақво ва Аллоҳга доимий боғлиқлик бўлиши зарур. Бу нарсалар Имом Абу Ҳанифада олий даражада эди. У кишини кўмишдан аввал ювган ғассол Ҳасан ибн Амора ювишни тамомлаб бўлиб, кафанлаб қўйилган жасадларига қараб «Аллоҳ сизни раҳмат қилсин, мағфират айласин. Ўттиз йилдан бери рўзасиз юрмадингиз. Қирқ йил кечаси ёнбошингиз кўрпа кўрмади. Сиздан кейин келганларни чарчатдингиз. Қориларни шарманда қилдингиз», деган экан.
Маълумки, ўша вақтда ҳокимлар домо тақводор ва ўзига ишончи бор уламолардан ҳадиксираб юришарди. Уламоларни нима қилиб бўлса ҳам тузоқларига илинтириш ёки йўқ қилиш пайидан бўлардилар. Шундай ҳолат Имом Абу Ҳанифа ҳаётларида ҳам бўлган, у кишининг халқ ўртасидаги обрўларидан қўрққан Язид ибн Умар ибн Ҳубайра Кўфага қози қилмоқчи бўлди. Абу Ҳанифа бош тортдилар. Шунда у кишини қамаб қўйиб, ҳар куни ўн қамчидан уришга амр бўлди. Аммо азоб ҳам Имом Абу Ҳанифани ўз фикрларидан қайтара олмади.
Халифа Жаъфар ал-Мансур Бағдодни қураётиб, Абу Ҳанифани Кўфадан олдириб келди. Имом Абу Ҳанифа шаҳарни режалаш ва қуришда қатнашдилар. Аммо халифа қозиликни таклиф қилганда, бош тортдилар. Орада яна дўқ-пўписа, тортишишлар бўлди.
Имом Абу Ҳанифа ҳаётини ўрганган тарихчиларнинг айтишларича, у киши халифа Мансурнинг: «Агар қози бўлмасанг, Фурот дарёсига оқизиб юбораман», деган дўқларига: «Дарёда оқишни афзал кўраман. Билиб қўй, мен бу ишни эплай олмайман», деганлар. Шунда халифа имомга, ёлғон айтаяпсан, деган. Имом Абу Ҳанифа дарҳол, сен ёлғончини қози қилишга қандоқ рози бўлаяпсан, деганлар.
Ҳокимият саройи билан Имоми Аъзам ўрталарида келишмовчиликлар кейин ҳам давом этди. У киши ҳокимиятнинг ёллаб олган олимлари хатога йўл қўйсалар аёвсиз фош қилар, шу билан бирга оддий кишилар, бечораларни доимо ҳимоя қилар эдилар. У зот 150 ҳ. санада вафот этдилар.


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу сажда қила туриб, зино, ўғрилик, куфр келтириш ва бошқа гуноҳи кабиралардан паноҳ сўрардилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудек буюк давоми...

2999 09:30 / 24.04.2019
Сохр ибн Рашид раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади .Абдуллоҳ ибн Муборакни тушимда кўриб, .Сиз вафот этмаганмидингиз, дедим. .Ҳа, вафот этганман,, деди. .Роббингиз азза давоми...

1640 07:06 / 19.10.2019
Абу Воил Салама ибн Шақиқдан ривоят қилинади .Асвад ибн Ҳилолнинг олдига кириб, .Қанийди сен ҳам, мен ҳам бу дунёдан ўтиб кетган бўлсак,, дедим. У .Жуда ёмон сўз давоми...

1633 07:12 / 09.09.2019
Ҳақиқатларни билиб, басийрат кўзи билан кўришдан тўсувчи икки сабабни Пайғамбар алайҳиссалом қуйидаги ҳадисда зикр қилганлар..Агар қалбларингиз дунёга машғул давоми...

1957 17:30 / 26.03.2021
Аудиолар

120141 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41805 14:35 / 11.08.2021