1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Қанча кўп бўлса шунча яхши

09:53 / 25.03.2017 3235 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таъолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга эса? беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.

Оиланинг мустаҳкамлиги унинг тинчлиги ва хотиржамлиги, ундаги бахту саодат, хурсандчилик ва шодлиги кўп тарафлама фарзандлар билан чамбарчас боғлиқдир. Зотан оила қуришдан кўзланган асосий мақсадлардан бири ва энг муҳими ҳам инсон ўз наслини давомчиси бўлмиш фарзандларни дунёга келтирмоқликдир. Уларнинг сони кўпайиб, сифати яхшиланиб боргани сари оила мустаҳкамлашиб, мукаммаллашиб бораверади. Гўё, ҳар бир фарзанд дунёга келар экан эр-хотиннинг ўзаро ришталари янада қувватлашиб, чамбарчас боғланиб уларнинг узилиши таборо йўққа чиқиб бораверади. Оқибатда эса, мустаҳкам оила биноси барпо этилади. Фарзандларнинг дунёга келишида ота-оналар учун тўртта манфаъат бор. Улар:

1. Фарзанд кўришлик билан дунёда инсон наслини боқий қолишлигини таъминлаш орқали Аллоҳни муҳаббатига сазовор бўлишлик;

2. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қиёмат кунида ўз умматларининг кўплиги билан фахрланишларига сабаб бўлиш туфайли у зотнинг муҳаббатларига сазавор бўлишлик;

3. Ота-она ўз вафотларидан кейин фарзандларининг дуоларидан умидвор бўлиши;

4. Ота она, балоғот ёшига етмаган фарзандлари вафот этганда уларнинг шафоатларидан умидвор бўлиши.

Қуйида ушбу тўрт манфаъатни батафсил тарзда бирма-бир ўрганиб чиқамиз

Биринчиси энг дақиқи, энг ҳақлиси ва кучлиси, муҳими, ҳамда тафаккур эгалари учун энг манфаъатлисидир. Мазкур маъноларни тушунишимиз осонроқ бўлиши учун қуйдаги қиёсий мисолдан фойдаланамиз. Тасаввур қилинг-а, хўжайин ўз хизматкорини қўлига сифатли уруғни берди ва уни экиб ҳосил олишлиги учун унумдор ерни кўрсатди. Мўл-кўл ҳосил олишлиги учун барча шарт-шароитларни ҳозир қилиб қўйди. Хизматкор эса, ўзидан меҳнатларни ихлос билан ўз вақтида рисоладагидек амалга оширса бўлди. Натижа эса, ёлғиз Аллоҳга ҳавола. Лекин хизматкор хўжайиннинг ишончини суистеъмол қилиб, дангасаликка, ялқовликка юз тутиб, уруғни ерга қадамади. Натижа эса ҳаммага маълум яъни ҳеч қандай ҳосил олинмади ёки уруғни ерга қадади ҳам дейлик, буни ўзи билан иш кўнгилдагидек бўлмайди. Балки уруғни униб чиқиши, уни турли офатлардан касалликлардан омонда бўлиши учун сабабларни амалга ошириш керак. Яхши парвариш қилиш, унга меҳр бериш, вақтида керакли озуқалар билан таъминлаб туриш одатда серҳосиллик гаровидир. Аммо деҳқон бунисига ҳам эътибор бермади, қисқаси берилган имкониятлардан унумли фойдаланмади ва неъматларни қадрига етмади. Айтинг-чи? Хўжайин бундай хизматкорга қандай чора кўради, яъни ўзининг ҳурматига, муҳаббатига сазовор деб биладими ёки, қаҳру-ғазабига дучор қилиб даргоҳидан қувиб соладими?

Агар мазкур ҳолатлар хизматкорнинг айби ва камчилиги билан эмас балки, табиий офатлар туфайли содир этилганида эди хўжайиннинг хизматкорга ҳеч қандай давоси бўлмас эди.

Ҳурматли ўқувчи! Энди мазкур мисолни биз сўз юритаётган мавзуга ўгирадиган бўлсак, қуйидаги кўринишда намоён бўлади.

Аллоҳ таъоло ўзининг бандасига оила қуриш неъматини раво кўриб бунинг учун керак бўладиган барча шарт-шароитларни яратиб берса, устига-устак соғлом уруғ бериб уни экишлик учун унумдор ер, яъни аҳли аёл бериб (зотан, Аллоҳ таъоло каломи шарифида “Аёлларингиз сизлар учун экинзордир” деган) мўл-кўл ҳосил олиш учун барча сабабларни яратиб берган бўлса-ю, банда бундай шарт-шароитларнинг қадрини билмаса. Бу берилган нарсаларни омонат эканлигини унитиб унга ҳиёнат қилса, албатта Аллоҳ таъолонинг қаҳру-ғазабига учрайди. Бу ҳақида Аллоҳ таъоло ўзининг каломи шарифида қуйидагича огоҳлантиради. “Агар шукр қилсаларингиз (неъматларимни) зиёда қилиб бераман ва агар куфр келтирсаларингиз албатта азобим шиддатлидир”.

Аллоҳ таъоло инсониятни яратар экан, уларни ер юзида покиза никоҳ орқали ўзларидан насл қолдириш йўли билан кўпайишларини ирода қилган. Бу эса илоҳий бир ҳикматдир, қайсики банда ушбу илоҳий ҳикматни амалга ошишига ўз ҳиссасини шаръий йўл билан қўшадиган бўлса, албатта Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлади.

Кимики, бу Илоҳий ҳикматни оёқ ости қиладиган бўлса дунё-ю охиратда хору-зорликка учраши аниқ.

Шариъатимизда қатлнинг барча турлари (мустасно қилинганлардан ташқари) ҳаром қилинган. Бунинг ҳикматларидан бири ҳам инсон зотининг наслини ноҳақ қатллардан сақлаб қолмоқлик ва уларнинг хавфсизлигини таъминламоқликдир. Шунинг учун ҳам бир неча ояти каримада Аллоҳ таъоло қатлни ҳаром эканлигини баён этган. Хоссатан, ёш фарзандларни айниқса қизларни тириклайин кўмишни қоралаб, қуйдаги оятларни нозил қилган:

قوله تعالى: و اذا الموءدة سئلت * بأىّ ذنب قتلت

“Ва вақтики, тириклайин кўмилган қиздан сўралса. У нима гуноҳ учун ўлдирилган?” Таквийр 8-9 оятлар).

Демак қиёмат кунида энг биринчи сўраладиган саволлардан бири кимики қизини тириклайин кўмган бўлса, яъни ўлдирган бўлса ана шу тўғрисида бўлар экан. Бу савол-жавобларни қанчалик даражада шиддатли бўлишини тасаввур қилиб кўраверинг.

Айтишларингиз мумкин ояти каримадаги воқеъалар жоҳилият даврида қолиб кетган, ҳозирда ундай одатлар йўқ. Тўғри, ҳозирда айнан ўша даврдаги одатлар бўлмасада, унданда даҳшатлироқлари бутун ер юзида ҳар куни сон-саноқсиз ҳолда содир этилаяпди. Қизиғи шундаки, мазкур одатлар араб миллатига хос бўлган жоҳилларнинг одати бўлиб, бу жиноят улар учун “фахр” эди. Ҳозирда бўлаётган мазкур жиноятга тегишли бўлган одатлар ҳам замондошларимиз учун “фахр” балки инсониятни ҳаётини яхшилаш, турмуш тарзини фаровонлаштириш йўлида қилинаётган “хайрли иш” лар деб хаспўшланаяпди. Ҳайрон бўлаётгандирсиз, гап айнан нима тўғрисида экан деб. Барча уламоларимиз бир овоздан “шаръий ва ёки тиббий яроқли сабаблар бўлмай туриб ҳомилани олидириб ташлашлик ҳаромдир”, деб фатво берганлар ва бунинг ҳукми ҳам араб жоҳилият давридаги одатнинг ҳукмида эканлигини баён этганлар. Бундан ташқари кўпчилик уламолар фарзанд кўришликнинг олдини олишликни ҳам қоралайдилар. Ва бу иш ҳам дунёда инсон наслини камайиб кетиши учун қилинган ҳаракатдир дейдилар. Хулоса эса бу ишларнинг барчаси ўз эгасини Аллоҳнинг муҳаббатидан маҳрум қилади.

2. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қиёмат кунида ўз умматларининг кўплиги билан фахрланишларига сабаб бўлиш туфайли у зотнинг муҳаббатларига сазавор бўлишлик.

Фарзандларни кўпайтириш дегани уммати Муҳаммадия саллоллоҳу алайҳи васалламни кўпайтириш деганидир. Бу эса ўз-ўзидан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа умматлар олдида фахрланишларига сабаб деганидир. Натижа эса, серфарзанд киши Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларига сазавор бўлишидир. Мукофот бунинг ўзи билан тугамайди, балки суннатга амал қилганлиги учун қиёмат кунидаги Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан баҳраманд бўлади. Қасддан фарзандларни кўпайтирмаган умматлар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида хижолат бўлиб турганларида бизларнинг қаҳрамонларимиз хурсандчиликларидан юзларидан нур таралиб турадилар. Қолаверса, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларида бу ҳақда қуйдагича марҳамат қилинади. 

عن أبي هريرة قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: مَنْ أَطَاَعنِي فَقَدْ أَطَاعَ اللهَ وَمَنْ عَصَانِي فَقَدْ عَصَا اللهَ، وَمَنْ عَصَا أَمِيرِي فَقَدْ عَصَانِي. متفق عليه

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимики менга итоъат этса, бас албатта Аллоҳга итоъат этибди. Ва кимики менга осийлик қилса, бас Аллоҳга осийлик қилибди. Ва кимики менинг амримга итоъат этса, бас менга итоъат этибди. Ва кимики менинг амримга осийлик қилса, бас албатта менга осийлик қилибди” дедилар” (Мутаффақун алайҳ).

Демак, фарзандларни кўпайтириш зоҳиран Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишлик бўлиб кўринсада аслида бунинг зоҳирида тўғридан-тўғри Аллоҳга итоъат этишлик ётади. Аксинча фарзандларни кўпайтирмаслик гўёки бир ҳадиси шарифга эътибор бермасликка ўхшаб кўринса-да аслида, тўғридан-тўғри Аллоҳга итоъат этмаслик бўлади. Бу борада бир қанча ояти карима-ю ва унданда кўпроқ ҳадиси шарифларни далил сифатида келтирмоқлик мумкин, лекин асосий мавзудан четлашиб кетмаслик ва сўзимиз чўзилиб кетиб, малол келмаслиги учун мазкур ҳадиси шарифни ўзи билан кифояланамиз-да асосий мавзуга қайтамиз.

عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ قَالَ : جَاءَ رَجُلٌ إِلَى رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنِّى أَصَبْتُ امْرَأَةً ذَاتَ حَسَبٍ وَمَنْصِبٍ وَمَالٍ إِلاَّ أَنَّهَا لاَ تَلِدُ أَفَأَتَزَوَّجُهَا؟ فَنَهَاهُ ثُمَّ أَتَاهُ الثَّانِيَةَ فَقَالَ لَهُ مِثْلَ ذَلِكَ فَنَهَاهُ ثُمَّ أَتَاهُ الثَّالِثَةَ فَقَالَ لَهُ مِثْلَ ذَلِكَ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم :" تَزَوَّجُوا الْوَدُودَ الْوَلُودَ فَإِنِّى مُكَاثِرٌ بِكُمُ الأُمَمَ". أخرجه أبو داود.

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Бир киши Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Бир чиройли ва ҳасабли аёл топдим. Аммо туғмас экан, унга уйланаверайми?” деди. “Йўқ”, дедилар. Кейин у зотга иккинчи марта келди. Яна қайтардилар. Сўнгра учинчи марта келганида: “Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингиздан кўз-кўз қилувчиман”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).

Ҳадиси шарифга яхшилаб этибор берадиган бўлсак, серфарзанд бўлишлик қанчалик аҳамиятли иш эканлигини билиб оламиз. Агар шундай бўлмаганида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам туғмас аёлга уйланишликка рухсат сўраган кишига икки марта очиқ-ойдин рад жавобини бериб учинчисида “Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингизни кўз-кўз қилувчиман” демаган бўлар эдилар. Этиборлиси учинчи марта сўралганларида аввалги икки мартадагидек оддий рад жавобини бериб қуймасдан балки, уни баёноти, изоҳи билан таъкидлаб қўйдилар. Айтинг-чи, бундан ортиқ яна қандай жавоб ёки кўрсатма бўлиши мумкин! Буни савол берувчи киши жуда ҳам яхши тушуниб етиб ва бошқа мулоҳазаларга ўрин йўқ эканлигини ҳам билди, шунинг учун ҳам қайта сўрамади. Қанийди энди барча умматлар ҳам тўғри тушуниб сўнгра унга амал қилсалар. Шу ўринда аёлларни кўп фарзанд кўрадиган билан кўрмайдиганини қандай қилиб билиш мумкин? - деган савол туғилади. Буни билишлик учун одатда жуфтликка номзоди бор қизни қариндошларини ичидаги аёлларнинг ҳолатини ўрганилади. Агар улар яхши сифатлар ва серфарзандлик билан танилган бўлсалар айни муддао. Аксинча бўлса, улардаги салбий сифатлар номзоди танланаётган қизга ҳам таъсири бўлиши мумкин. Ҳозирги кунимизда буни билишликни кўпгина тиббий услублари ҳам йўқ эмас, қолаверса уйланишдан олдин ҳадиси шарифдаги савол сўраган кишига ўхшаб, аҳли илмлардан, тажрибали ёши улуғлардан маслаҳат олмоқлик энг тўғри йўлдир. Бизнинг ҳалқимизда эса, мазкур услублар жуда яхши йўлга қуйилган (ҳозирги баъзи ёшларимизни тутган йўлларини этиборга олмаганда албатта). Шунинг учун ҳам кексаларимиз, дуогўйларимизни оғзиларидан доимо” серфарзанд, сердавлат бўлинглар” деган дуо тушмайди. Баъзи ҳолатларда эса, фарзанд кўришга бўлган кўр-кўрона иштиёқ кўнгилсизликларга олиб бориб қўяди. Тасаввур қилинг-а, оила қурилганидан кейин бир йилда фарзанд кўрилмаса, ҳаммаёқ остин-устин қилинади, гўёки айибдор қидирилади, гоҳида эса кўр-кўрона хулоса чиқарилади. Хулоса эса, бу борадаги мутахассис бўлган шифокорнинг маслаҳати билан эмас аксинча, мутлақо бунга алоқаси йўқ бўлган жамиятнинг энг паст синфи бўлмиш фолбинлар тарафидан чиқарилади.

Тасаввур қилиб кўрайлик, фарзанд кўрмаслик бир неча йилга чўзилди. Эру хотин сабр қилдилар ва ниҳоят Аллоҳ таоло ўзининг фазлидан бу оилани сийлади, фарзанд доғидан қутилтирди. Оилада қатта хурсандчилик, барча қавму қариндошлар, қўни-қўшнилар муборакбод қилишган, зиёратлар, ақийқа тўйлари уюштирилган ва ҳакозо. Аксига олиб, кетма-кет 2 ёки 3 та қиз фарзанд дунёга келса борми? Куни кечагина тирноққа зор бўлиб, мурожаат қилмаган шифокори, табиби, фолбини қолмаган эр ёки қайнона ношукрликни энг юқори намунасини ҳаммага кўрсатиб қўйяди. Агар шу ҳолат бирорта ўғил фарзанд дунёга келиши билан муолажа қилинмаса тамом, бунинг ҳеч қандай чораси йўқ. Аксар ҳолатларда келин айбдор қилиниб оилани бузилишигача олиб борилади.

Мазкур ҳолатларни иккинчи кўриниши ҳам бундан яхши эмас. Айтайлик Аллоҳ таоло бир оилага ўзининг фазлидан ўғил–қизни аралаштириб берди. Ҳозирги ёш оилаларда бу ҳолат кўпи билан фарзандлар сони тўртта бўлгунича давом этади. Аксар ҳолатларда эса, битта ўғил ва битта қиз билан тўхтатилади. Яқиндагина фарзанд кўришлик унинг учун дунёдаги энг катта бахт ҳисобланган ота-она энди, нима қилиб бўлса ҳам бошқа фарзанд кўрмаслик чораларини, йўлларини ахтаришни бошлайди. Энг ачинарлиси бу истакларини амалга ошириш учун туғилиши яқин қолган ҳомилани олдириб ташлашидир. Бу эса ўз фарзандини ўз қўли билан бўғиб ёки сўйиб ўлдириш кабидир. Ўзларича иккита фарзандларига меҳрибону мушфиқ ота-она аслида охиратда Аллоҳни ҳузурида эса қотилдир! Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг юзларига қандай қарашади! Умматни кўпайтириш вазифаси зиммасида бўла туриб, вазифасини суистеъмол қилиш хиёнат эмасми? Қайси юз билан Ё Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам умматингизман дейишади. 

Шу ўринда бир укамизнинг бошларидан кечган бир воқеъани ибрат тариқасида келтириб ўтмоқчиман. Ҳикоямиз қаҳрамони бир йили Аллоҳ таоло насиб этиб умра зиёратига борибдилар. Бир куни масжидул харомда намоз вақтини кутиб ўтириб ёнларидаги бир хабашга кўзлари тушибди. Қарасалар намоз вақтигача бироз фурсат бор. Хабаш биродаридан бирор янгилик эшитиш, ҳол-аҳвол сўраш мақсадида уни суҳбатга тортибдилар. Суҳбат ҳол-аҳвол сўрашдан бошланиб оилавий ҳолатга кўчибди . Ҳаммага маълум бундай пайтларда оилавий савол, нечта фарзандингиз бор деб сўралибди. Бу саволга хабаш 50 та деб жавоб берибди. Бизни қаҳрамонимиз бу жавобдан қандай ҳолатга тушганлигини тасаввур қилиш қийин эмас (ҳозирда сиз ўқиб қандай ҳолга тушган бўлсангиз у ҳам ҳудди шу ҳолга тушган). Унинг ҳолатидан хабаш ажабланибди ва “нима гап тинчликми ёки ишонмаяпсизми? Нима учун ғалати қараяпсиз?” – дебди. Пинагини бузмай ва ўз-ўзидан хабаш ҳам укамиздан фарзандлари нечта эканлигини қизиқиб сўрабди. Иккита деган жавобни эшитганидан кейин, шундай таажубланибди-ки, тасаввур қилиб бўлмайди. Бироздан кейин хабаш ўзига келиб, мана энди нима учун менга ишонқирамасдан ғалати қараганлигингни тушуниб етдим, деб укамизга тушунтиришни бошлабди. Бизда 40 ёки 50 та фарзанд кўриш одатий ҳолат. Қолаверса умматни кўпайишига ўз ҳиссасини қўшиш ҳар бир мусулмоннинг муқаддас бурчидир. Сизларга ҳайронман қандай қилиб қиёмат кунида Расулуллоҳнинг саллоллоҳу алайҳи васаллам юзларига қарайсизлар. “Иккитагина фарзанд билан борасанми, уялмайсанми, қандай қилиб умматингизман дейсан?” деб роса танбеҳ берибди. Ҳикоямиз қаҳрамони айтадилар роса шарманда бўлдим, нима дейишимни билмай қолдим.

Ҳа ҳурматли ўқувчи балки бу танбеҳлар барчамизга тегишлидир. Зотан ота-боболаримизга садоқатли меросхўр бўла олмаяпмиз, тан олишимиз керак. Ота-боболаримизнинг бир неча асрлар оша амал қилиб келаётган мақолларини, яъни “Ўнта бўлса ўрни бошқа, қирқта бўлса қилиғи” бизлар амалдан қолдирдик. У мақоллар гўёки ўша замонларга хос эди. Аслидачи замон ўша-ўша, биз одамлар ўзгардик холос. Фарзандларни кўпайтирмасликка асосан иқтисодий етишмовчиликни сабаб қилиб кўрсатамиз. Тан олайлик биз кўраётган иқтисодий тўкин-сочинликни ота-боболаримиз тушларида ҳам кўришмаган. Аслида уларнинг иймонлари, таваккуллари, мустаҳкамлигидан нафслари ҳам тўқ бўлишган. Бизлардаги иллат, иймон ва таваккул заиф бўлганлиги учун нафсларимиз оч, кўзимиз эса унданда очроқ шу сабабли ҳам ҳеч қачон етарлича “Худога шукр”, демаймизда балки, доимо етишмовчилик тўғрисида шикоят қиламиз. Бизларга аслида маънавий озуқа етишмовчилиги бор, бунда ҳам ўзимиз айбдормиз барча шароитлар бўла туриб улардан унумли фойдаланмаймиз. Баҳона эса тайёр “бола-чақанинг ташвиши”. Ота-боболаримиз 15-20 нафар фарзандларни тарбиялаб ўстирганлар, ҳаммасига меҳр бера олишган кўнгиллари ҳам ҳотиржам бўлган, энг асосийси Аллоҳ таоло неча фарзанд берса ҳам, иккиланмасдан чин дилдан шод бўлиб қабул қилишган. 

3. Ота-онанинг ўз вафотларидан кейин фарзандларининг дуосидан умидвор бўлиши 

Дунё-ю охиратда барча инсонлар учун бирдек керак бўладиган нарсалардан бири албатта, дуодир. Ҳа! Бу буюк неъматга барча баробар муҳтож. Катта-ю кичик, эркагу аёл, ёшуқ ари, соғлому бемор, раҳбару ҳодим, бой-ю камбағал, шоҳу гадо, мусулмону кофир, гуноҳкору бегуноҳ (Пайғамбарлар, ёш-болалар каби) ва ниҳоят тиригу ўлик. 

Ота-оналар фарзанд кўрар эканлар албатта улар туфайли, кўплаб орзу-ҳавасларига эришишликни ният ва мақсад қиладилар. Ана шу ният ва мақсадларидан бири тирикликларида ҳам ўлганларидан кейин ҳам орқаларидан қолаётган фарзандларининг дуоларидан умидворлик ҳиссидир. Бу умидворликка маълум бир маънода барча ота-оналар ҳақлидирлир. Зотан ота-она фарзандининг олдидаги ўз бурчларини адо этмасаларда, бари бир улардан яхшиликни кутадилар. Алалҳусус вафот этганларидан кейин албатта уларнинг дуоларидан ҳар бир лаҳзада умидвор бўлиб турадилар. Чунки, инсон вафот этганидан кейин ҳам унга узлуксиз манфаат бериб турадиган нарсалардан бири айнан, фарзандларнинг дуоси эканлигини Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қилганлар:

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُوْلَ اللهِ - صلى الله عليه وسلم - قَالَ :"إِذَا مَاتَ الإِنسَان انْقَطَعَ عَنْهُ عَمَلُهُ إِلاَّ مِنْ ثَلاَث : صَدَقَةٍ جَارِيَة ، أَوْ علمٌ يُنْتَفَعُ بِهِ ، أَوْ وَلَدٌ صَالِحٌ يَدْعُو لَهُ». رَوَاه البخاري في "الأدب."

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Банда вафот этганда унинг учта амалидан бошқа амаллари кесилади. Садақаи жория, манфаат берадиган илм ва унга дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд”-дедилар” (“Адабул муфрад”да Имом бухорий ривоят қилган). 

Инсон тирик экан савобли ишларни қилишликка имконияти бор лекин, тириклик ҳам чегараланган вақти-соати етганда ҳамма ҳам ўлим шарбатини татиб кўради. Бу! инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Аммо Аллоҳ таолонинг буюк марҳамати туфайли инсон ўлиб ҳеч қандай амал қилишликка имконияти қолмаганда ҳам ҳадиси шарифда айтилганидек учта амал кесилмас экан. Биринчисини амалга ошириш кўпроқ бой-бадавлат инсонларнинг қўлидан келади. Иккинчиси эса, асосан аҳли илмларнинг ишидир. Учинчиси асосан кўпчиликнинг имконияти бор ишдир. Зотан аксар инсонларни Аллоҳ таоло фарзанд неъмати билан сийлайди. Қолаверса фарзандлар деганда фақатгина ўзидан дунёга келган зурриётларгина эмас, балки ушбу занжирнинг ҳалқасидаги давомчиларнинг барчаси мазкур ҳукмга тегишлидир. Ҳадиси шарифда айтилганидек фарзанд солиҳ бўлса, дийндор ва ибодатли бўлиб ўз ота-оналарининг ҳақларига доимо дуода бўлиб турсалар қандай бахт. Энди ўйлаб кўринг-а, фарзандларнинг кўп бўлиши қанчалик неъмат. Бир ёки иккита фарзанднинг ҳар бир намозида “Эй Аллоҳим ота-онамни раҳмат қилгин, уларни гуноҳларини мағфират қилгин!” деб дуо қилишлари қайда-ю, ўн-ўн бешта фарзандларнинг худди шундай дуо қилишлари қайда. Қолаверса, ҳеч қачон дуо ортиқчалик қилмайди, қанча кўп бўлса шунча яхши.

Уламоларимиз: “Солиҳ фарзанд хайрли амаллар қилса, дуо қилмаса ҳам, ўша амалнинг савоби ота-онасига бориб туради” деганлар. Эътибор беринг-а, ҳаттоки дуо қилишлик ҳам шарт эмас экан, балки солиҳ амални, манфаатли ишни амалга оширса бўлди, савоби ўз-ўзидан уларнинг руҳларига етиб бораверар экан. Мазкур маъноларни қуйидаги ҳадиси шариф ҳам қувватлайди. 

عَمَّنْ سَمِعَ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ، يَقُولُ: قَالَ النَّبِىُّ صلى الله عليه وسلم: إِنَّ أَعْمَالَكُمْ تُعْرَضُ عَلَى أَقَارِبِكُمْ وَعَشَائِرِكُمْ مِنَ الأَمْوَاتِ، فَإِنْ كَانَ خَيْرًا اسْتَبْشَرُوا بِهِ، وَإِنْ كَانَ غَيْرَ ذَلِكَ، قَالُوا: اللَّهُمَّ لاَ تُمِتْهُمْ حَتَّى تَهْدِيَهُمْ كَمَا هَدَيْتَنَا. رَوَاهُ أحمد.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Албатта, амалларингиз ўлган яқинларингиз ва қариндошларингизга кўрсатилади. Агар яхши бўлса, улар башорат олурлар. Агар бошқача бўлса: “ Аллоҳим бизни ҳидоят қилганинг каби уларни ҳам ҳидоят қилмай туриб ўлдирмагин”, - дейишади” дедилар” (Аҳмад ривояти).

Мазкур ҳадиси шарифдан маълум бўладики фарзандларинг барча амаллари яхшиси-ю ёмони уларнинг яқинлари ва қариндошларига кўрсатилар экан, фарзандлари ҳам ўз вақтида ўйлаб ишларини қилишлари керак. Ҳеч ким кўргани йўқ, ҳеч ким билгани йўқ деб ҳоҳлаганини қилаверишлик мутлоқо нодонликдир. Аввало Аллоҳ таоло барчасини кўриб билиб туради, қолаверса ҳадиси шарифда айтилганидек яқинлари ва қариндошларига кўрсатилар экан, буни ҳеч қачон унитмаслик керак. Ҳадиси шарифда, “Агар бошқача бўлса” деган жумлани ўқиб ўринли бир савол туғилади. Яхши амаллардан-ку савоб бориб турар экан, борди-ю фарзандлар ёмон амалларни қилсачи? Ота- онага азоби борадими ёки йўқми? Бу саволга қуйдаги ояти каримада билан жавоб берамиз.

 “Албатта, ҳеч бир гуноҳкор бошқанинг гуноҳини кўтармас” (Фотир 18 оят).

Бу ҳам Аллоҳ таолонинг катта марҳамати, ҳоҳласа ота-оналар ўтиб кетганларидан кейин фарзандларининг яхши амалларидан қандай манфаатдор бўлсалар, уларнинг ёмон амаллари туфайли худди шундай жавобгар қилиши мумкин эди. Аммо бундай қилмади, балки яхшиликларга шерик қилди холос. Буни қадрига етишимиз керак. 

Фарзандлар томонидан ота-оналарининг ҳақларига айтадиган истиғфорларида ҳам катта манфаат бор, буни қуйдаги ҳадиси шарифдан билиб олсак бўлади. 

عن أبى هريرة رضي الله عنه قال: تُرْفَعُ لِلْمَيِتِ بَعْدَ مَوْتِهِ دَرَجَتُهُ ، فَيَقُولُ : أَيْ رَبِّ ، أَيُّ شَيْءٍ هَذَا ؟ فَيُقَالُ : وَلَدُكَ اسْتَغْفَرَ لَكَ. رَوَاه البخاري في "الأدب 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Майитнинг ўлгандан кейин даражаси кўтарилади. Бас,у: “Эй Роббим, бу нима?”- дейди. “ Боланг сенга истиғфор айтди”, - дейилади” (“Адабул муфрад”да Имом бухорий ривоят қилган).

Ота-оналарнинг руҳларини шод қилишликда фарзандларининг молиявий ибодатлари ҳам ўз самарасини беради, қуйидаги ҳадиси шарифда мазкур маъно ўз ифодасини топган  

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади

“Бир одам: “Ё Расулуллоҳ! Онам вафот этди. Васият қилмади. Унинг номидан садақа қилсам бўладими? ”- деди. 

“Ҳа,”- дедилар”. 

Умид қиламизки ҳар бир ота-она аввало фарзандларни кўпайтиришдан қўрқмасинлар зотан Аллоҳ таоло Раззоқдир, қолаверса улардан икки дунёда ҳам манфаатдор бўлишлари, дуо-ю истиғфорлари балки бутун яхшиликларидан баҳраманд бўлишлари учун бу дунёда озгина заҳмат чекиб яхшилаб тарбияласалар бўлди.

4. Балоғатга етмай вафот этган фарзанд ўз ота-онасига шафоатчи бўлади.

Юқоридаги уч ҳолатда фарзандларнинг тириклик ҳолатдаги фазилатлари, барокалари ва фойдалари тўғрисида сўз юритилди. Қуйида эса, ота-оналар ўз жигарбандланидан эрта айрилиб катта мусибатга учрагандаги ҳолатнинг ҳикмати тўғрисида сўз юритилади.

Одатда инсон учун энг катта мусибатлардан бири ўз қўли билан фарзандини тупроққа қўймоқлигидир. Зотан, ҳар бир ота-она доимо дуоларида “Фарзандларим мендан кейин қолиб чироғимни ёқиб турсин” деб сўрайдилар. Лекин, бу ҳаётда ким кимдан олдин кетишини ёки унинг кетида қолишини ҳеч ким билмайди. Аммо ҳеч ким ўз фарзандини тупроққа қўйишни ўйлаб кўрмайди. Ҳаттоки, бу ҳақда ўйлашга қўрқади. Бу дунё имтиҳон ва синовлар дунёси. Энг оғир синовлардан бири эса, ота-онани жигарбандидан айрилишидир. Бу синовга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам дучор бўлганлар ва бу борада ҳам доимгидек гўзал намуна кўрсатганлар. Халқимизда “бошидан ўтган табиб” деган ибора бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дардни ҳам ўз бошларидан ўтказганлар. Шунинг учун ҳам фарзандларидан айрилган ота-оналарга қарата бир неча ҳадиси шарифларида уларни тинчлантирганлар ва уларга улкан башоратлар ҳақида хабар берганлар.

عن زهير بن علقمة قال صلى الله عليه وسلم من مات له اثنان من الولد فقد احتظر بحظار من النار.

Зуҳайр ибн Аби Алвама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимни икки фарзанди вафот этса, дўзахдан тўсиқ билан қўрғонланади” дедилар” (Табароний ривояти).

Эътибор беринг фарзандлар ҳаёт бўлсалар ота-оналарини бу дунёнинг машаққатларидан, азобу уқубатлардан ҳимоя қиладилар. Агар эрта вафот этиб кетсаларчи? Бу ҳолат ҳам беҳикмат эмас экан. Бизга мусибат бўлиб кўринган мазкур синов ҳам ота-онанинг фойдасига, фолаверса вақтинчалик эмас балки, улар учун абадий азобу уқубатдан қўрғон бўлиб турар эканлар. Мазкур маъноларни қувватлаб келувчи бошқа ривоятлар жуда кўп.

عن أنس بن مالك، عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: " من مات له ثلاثة لم يبلغوا الحنث، أدخله الله وإياهم؛ بفضل رحمته، الجنة".

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимни уч нафар фарзанди балоғатга етмай туриб вафот этса, Аллоҳ уни ва уларни Ўз фазли раҳмати ила жаннатга киргазади” дедилар”.

عن عليٍّ رضي الله عنه عن النَّبيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال :إن الطفل يجر أبويه إلى الجنة.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Албатта ёш бола ота-онаси жаннатга олиб киради” (Ибн Можа ривояти).

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "يُقَالُ لَهُمُ ادْخُلُوا الْجَنَّةَ فَيَقُولُونَ حَتَّى يَدْخُلَ آبَاؤُنَا فَيُقَالُ ادْخُلُوا الْجَنَّةَ أَنْتُمْ وَآبَاؤُكُمْ."

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Уларга жаннатга киринглар дейилади. Бас улар: “Ота-оналаримиз кирмагунларича” дейдилар. “Жаннатга ота-оналарингиз бирга киринглар” (Насоий ривояти).

Мазкур ҳадиси шарифларнинг барчаси мусибатга учраган ота-оналарга мусибатлари кетидан келадиган чексиз ҳикматларни ўргатади. Уларнинг қалбларига мусибат туфайли етган жароҳатларни таскин ва башорат қоришмасидан тайёрланган малҳам билан муолажа қилади. Зотан, ҳақиқий мўмин-мусулмон ота-онага бундан ортиқ малҳамни ўзи йўқ.

Барча ота-оналар ўз фарзандларининг фазилатларидан, барокаларидан икки дунёда ҳам фойдаланмоқликларини Аллоҳ таоло насиб этсин! Амин.


Бегматов Исҳоқжон, 

Тўхтабой жомеъ  

масжиди имом хатиби



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло инсонларни ҳаётий дунёда тўлатўкис ҳаёт кечиришлари ва шунинг сабабидан охиратини ҳам обод қилишлари учун барча шартшароитларни мукаммал давоми...

3280 14:42 / 22.04.2017
Ривоятлардан бирида таъкидланишича, қадимда қудратли бир ҳукмдор ўзга мамлакатларни биринкетин забт эта бошлабди. Аммо унинг бир одати бор экан, яъни босиб давоми...

2472 18:48 / 22.04.2017
Банданинг амаллари Аллоҳ даргоҳида ҳусни мақбул бўлиши учун амалда қуйидаги беш нарса бўлиши шарт. УларБиринчиси ndash имон ва ислом.Кишининг қилаётган амали қабул давоми...

3661 14:59 / 22.04.2017
Тинчликнинг энг катта неъматлардан экани ҳаммамизга маълум. Унинг қадрига етмоқ, уни асраб авайламоқ бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Бу барча пайғамбарларнинг давоми...

2846 15:13 / 22.04.2017