1445 йил 27 шаввол | 2024 йил 06 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қалб қорайишига сабаб бўлувчи омиллар

19:10 / 05.03.2019 5958 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Банданинг ҳар бир амали унинг қалбига таъсир қилади. Агар яхши амал қилса, банда қалби равшанлашади, дилидаги ғуборлар тарқалади. Банда гуноҳ содир этганда қалби қораяди. Бу нарса унинг табиатида, хулқ-атворида намоён бўлади.

Гуноҳлар таъсирида қорайиб, қотиб қолган қалбга на бир насиҳат ва на яхши сўз таъсир қилади. Бундай қалб ўз соҳибини ғафлат сари судрай бошлайди ва ҳатто бориб-бориб кишини инсонлик мақомидан ҳайвонлик даражасига тушириб қўяди.

Аллоҳ таоло айтади:

“Бас, қалблари Аллоҳнинг зикридан қотиб қолган кимсаларга ҳалокат бўлгай! Улар очиқ залолатдадирлар!”(Зумар, 22).

Оятда Аллоҳнинг зикридан ғофил бўлиш, Қуръон, намоз ва шу каби зикрлардан узоқда бўлиш бандани ҳалокатга бошлаши таъкидланмоқда.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида қалб қорайишига, унинг қаттиқлашишига сабаб бўлувчи омилларни очиқ-ойдин баён қилиб берганлар. Булар:

1. Аллоҳнинг зикридан холи бўлган сўзларни кўп гапириш.

Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳнинг зикридан холи бўлган сўзларни кўпайтирманглар! Зеро Аллоҳнинг зикридан холи бўлган сўз қалбни қотиради. Шубҳасиз, инсонлар ичида Аллоҳ таолодан энг узоқ бўлгани қаттиқ қалб (соҳиби)дир” (Термизий, Байҳақий ва Ибн Мардавайҳ  ривояти).

Ривоят қилинишича, Исо алайҳис-салом ҳаворийларга қарата шундай насиҳат қилган: “Аллоҳнинг зикридан холи бўлган сўзларни кўп гапирманглар. Агар шундай қилсангиз, қалбларингиз қотиб қолади. Қалби қаттиқ бўлган банда Аллоҳдан узоқдир, аммо у буни сезмайди” (Аҳмад “Аз-зуҳд”да ривоят қилган).

Тилдан яхши сўз чиқса, тил Аллоҳни зикр қилса, қалб ором олади, кўнгил жилоланади, дилдаги ғиллу ғашлик тарқалади. Агар тил беҳуда сўзларни гапирса, бу нарса қалбга салбий таъсир кўрсатади. Тил орқали қилинган гуноҳнинг қора доғлари қалб ойнасини хиралаштиради.

2. Овқат еб бўлгач, ҳазм бўлмасидан аввал уйқуга кетиш.

Али розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Овқатни еб бўлгандан сўнг тезда уйқуга ётиш қалбни қотиради”, деганлар”(Ибн Мардавайҳ ривояти).

Оиша розийаллоҳу анҳодан қилинган ривоятда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Таомларингизни Аллоҳни зикр қилиш ва намоз ўқиш билан эритинглар (яъни, ҳазм қилинлар). Зинҳор (таомдан сўнг) ухламанглар! Акс ҳолда қалбларингиз қотиб қолади” (Байҳақий, Табароний, Абу Нуайм, Ибн Мардавайҳ, Ибн Сунний, Уқайлий ва Ибн Адий ривояти).

Таом егандан сўнг уйқуга кетиш кўпгина касалликларга сабаб бўлиши ҳаммамизга маълум. Ушбу ривоятда бу нарса нафақат моддий, балки маънавий касалликларга, хусусан қалб қаттиқлашишига сабаб бўлиши айтилмоқда.

3. Шаҳват ва ўйин-кулгуларга ружуъ қўйиш.

Оиша розийаллоҳу анҳо Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Уч нарса қалбнинг қотишига сабаб бўлади: таомга ҳирс қўйиш, уйқу ва роҳат-фароғатни яхши кўриш” (Ибн Мардавайҳ ва Дайламий ривояти).

  Шунингдек, гуноҳи кабиралар содир этиш, кичик бўлса-да, гуноҳларда бардавом бўлиш, сабабсиз кулиш, номаҳрамлардан кўзни тиймаслик, ҳалол ва ҳаромга беэътибор бўлиш, Қуръони карим тиловатидан узоқ бўлиш, илмга аҳамиятсизлик, китоб мутоаала қилмаслик, хуллас Аллоҳга маъсият бўладиган ҳар қандай амал, ҳатто мубоҳ саналган амалларни давомий суратда, кетини узмай қилавериш ҳам банда қалбининг қаттиқлашиб, шуъурининг ўтмаслашишига, басират кўзининг хиралашишига сабаб бўлади. Шу сабаб юқорида саналган амаллардан узоқ юриб, қалбимиз соғлиғи йўлида ҳаракат қилишимиз лозим.

Одилхон қори Юнусхон ўғли



Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир.Шундай бўлганидан кейин ким ҳам Унинг азобидан қочиб қутула олар эканСураи давоми...

7562 21:10 / 31.03.2019
Абдуссомад ибн Муаққал Ваҳб ибн Мунаббаҳнинг ҳаммажлисларидан бирига .Мен сенга табиблар билмайдиган тиб, фақиҳлар билмайдиган фиқҳ ва ҳалимлар англамаган давоми...

2800 08:00 / 04.01.2020
СаволБиз тарафда бирон киши ўлса, майитни кўмишдан олдин жанозага келган кишиларга 500 сўм, 1000 сўм, 3000 сўмдан пул беришади. Кейин 34 кундан сўнг .етти, деб қишлоққа ош давоми...

4315 11:01 / 27.05.2020
21. Қиёмуллайл ва таҳажжуд фазилати.Қиёмуллайл ndash кечани ибодат билан бедор ўтказишнинг фазилати жуда ҳам кўп. Аммо Рамазон кечаларида ибодат қилишнинг алоҳида давоми...

1280 17:50 / 01.05.2020